(Мадинада нозил бўлган, 23 оятдан иборат.)
Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).
1. Эй имон келтирганлар, Менинг душманим ва сизларнинг душманингизни дўст тутмангизлар! Сизлар уларга дўстлик юборурсизлар, ҳолбуки, улар сизларга келган Ҳақни инкор этгандирлар. Улар Раббингиз бўлмиш Аллоҳга имон келтирганларингиз сабабли Расулуллоҳ ва сизларни (ўз диёрларингиздан) ҳайдаб чиқармокдалар. Агар сизлар Менинг йўлимда жиҳод қилиш учун ва Менинг розилигимни истаб чиққан бўлсангизлар (уларни дўст тутмангизлар)! Сизлар уларга пинҳона дўстлик қилмоқдасизлар. Ҳолбуки, Мен сизлар яширган ва ошкор қилган нарсани яхши билувчидирман. Сизлардан кимки шу (иш)ни қилса, бас, аниқки, у тўғри йўлдан озибди.
Аллоҳ таолонинг «Эй имон келтирганлар, Менинг душманим ва сизларнинг душманингизни дўст тутмангизлар! Сизлар уларга дўстлик юборурсизлар» ояти ва унга ўхшаш бошқа оятлар, жумладан, «Эй имон келтирганлар! Ўзингизни... сақланг» (Таҳрим сураси, 6-оят) ва «Эй имон келтирганлар!» жумласи билан бошланадиган барча оятлар «имон» сўзининг ўз таърифи борлигига очиқ далилдир. Ҳашавийлар, мўътазилийлар ва аҳли ҳадислар айтганидек, тоатларнинг барчаси имон эмасдир. Сабаби, ҳар бир инсон бу оятлардан хитоб унга қаратилганини ва ундаги ҳукмлар ўзига лозим эканини англайди. Демак, бундан «имон» сўзи ўз таърифига эга эканлиги собит бўлади. У қалб билан тасдиқ қилишдир. Имондан бошқа амаллар унинг ҳукмлари ҳисобланади. Валлоҳу аълам!
Шунингдек, Аллоҳ таолонинг «Эй инсонлар, Раббингизга ибодат қилингиз» (Баҳара сураси, 21-оят) ва шу каби («Эй инсонлар» жумласи билан бошланадиган) оятларида келган «инсон» сўзи биз кўриб турган жусса эканига далолат қилади. Наззом(Тўлиқ исми Иброҳим ибн Ясор ибн Ҳониъ Басрий, Абу Исҳоқ Наззом мўътазилий. 231/845 йилда вафот этган (Зирикли. Аълом асари. 1/43 б.).) айтганидек, инсон ўзидаги бошқа бир латиф жисм эмас. Ношиъ(Тўлиқ исми Ношиъ Акбар Абул Аббос Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Анборий. Мўътазилийларнинг катта мутакаллимларидан бўлган.) айтганидек, инсон ўзидаги мураккаб бўлмаган жавҳар ҳам эмас. Чунки бирор инсон ўз ичида мураккаб жавҳар ёки бошка латиф жисм борлигини билмайди. Бирок барча инсонлар ушбу оятлар билан ўзларига хитоб қилинаётганини биладилар. Демак. инсон - биз кўриб турган жасад ҳисобланади. Валлоҳу аълам!
Ва яна унда, оятлардан англашиладиган умумий ёки хос ҳукмлар хитобнинг зоҳиридан деб тушунилмайди, балки унинг ҳикмати тақозосига қараб бўлишига далолат бордир. Агар ҳикмат оятнинг умумий эканини тақозо қилса, оятни умумий маънога йўйдилар. Аксинча бўлса, яъни ҳикмат оятнинг хос эканини тақозо қилса, ўша маънони жорий қилдилар.
Биз айтган маънога: «Эй имон келтирганлар, Менинг душманим ва сизларнинг душманингиз (мушриклар)ни дўст тутмангизлар!» ояти далолат қилади. У зоҳиран умумий маънони ифодалайди. Лекин унинг давомидаги «Сизлар уларга дўстлик юборурсизлар» оятидан, барча мўминлар эмас, уларга дўстлик таклиф қилаётган мўминлар тушунилади. Демак, матннинг умумий мазмунидан мазкур оятнинг хос маънода экани келиб чикади. Лекин ҳикмат ушбу оят умумий маънода бўлишини тақозо килади. Чунки кимдир бир кишига: «Менинг ва сизларнинг (мушрик душманларимизни дўст тутма!» деб айтса, унинг ҳикмати душманлиги маълум бўлган кишини дўст тутмасликни тақозо қилади.
Шунингдек, Аллоҳ таолонинг «Ҳолбуки, улар сизларга келган Ҳақни инкор этгандирлар. Улар Расулуллоҳ ва сизларни (ўз диёрларингиздан) ҳайдаб чиқармоқдалар» ояти ҳам зохиран умумий маънода келтирилган. Лекин Расулуллоҳни юртида-чиқариб юборганлар барча кофирлар эмас, балки фақат маккалик мушриклар бўлган. Демак, бундан оятнинг зоҳирига қарас. умумий ҳукмни жорий қилиш тўғри эмаслиги, балки ҳикмат ва далил тақозосига кўра иш кўриш лозимлиги келиб чиқади.
Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти ҳам шундай тушунилади:
Эй имон келтирганлар, қачонки, жума кунидаги намозга (азон) чақирилса, дарҳол Аллоҳнинг зикри сари ҳаракатга тушингизлар! (Жума сураси, 9-оят).
Жума куни (Аллоҳнинг зикри сари) «ҳаракатланиш»ни фарз этилиши оятда у кунни «жума куни» деб хослаб келтиргани сабабли эмас, балки жума кунида иккита зикрга(Мусанниф бу ерда иккита зикрдан Жума намози ва унинг хутбасини назарда тутган бўлишлари мумкин.) нидо қилингани учундир. Бошқа кунларда эса битта зикрга нидо қилинади. (Жума куни ҳаракатланиш фарзлигига яна шу сабаб бўлиши ҳам мумкинки,) намозга оз вақт қолганини эслатувчи нидо (азон) жума кунида (муҳимлигига кўра) биринчи чақириқ бўлса, бошқа кунларда иккинчи чақириқдир.
Демак, жума кунида Аллоҳнинг зикри сари «ҳаракат қилиш» фарзлигига мазкур икки нарса сабаб бўлса, лафзнинг зоҳирига қараб хосланмаслиги собит бўлади. Валлоҳу аълам!
Яна ушбу оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатларига далил мавжуддир. Сабаби, Аллоҳ таолонинг «Сизлар уларга пинҳона дўстлик қилмоқдасизлар» ояти, ўша инсон ўз сирини бошқаларга ошкор қилмаганига далолат қилади. Лекин Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръон орқали унинг хабарини берди. Демак, Набий алайҳиссалом уни ваҳий орқали билганлар. Валлоҳу аълам!
Бу оят ким ҳақида нозил бўлгани борасида ихтилоф бор. Ҳасан (Басрий) мунофиқлар ҳақида нозил бўлган дейди. Бошқа аксар муфассирлар уни Ҳотиб ибн Абу Балтаъа ҳақида нозил бўлган дейдилар. Ушбу охиргиси икки таъвилдан энг тўғриси ва ҳақиқатга яқинидир. Чунки Аллоҳ таоло: «Эй имон келтирганлар, Менинг душманим ва сизларнинг душманингиз (мушриклар)ни дўст тутмангизлар!» деб, оятда мусулмонларнинг душмани кофирлар экани ҳақида хабар берди. Агар оят мунофиқлар ҳақида бўлганида, кофирлар мунофиқларга душман эмас, дўст бўлар эди. Демак, оятдаги «имон кетирганлар»дан мурод мўминлар экани собит бўлди. Валлоҳу аълам!
Шунингдек, ушбу оятда ўша киши томонидан қилинган гуноҳ уни исломдан чиқармаслигига далил бор. Чунки оятда «Менинг душманим ва сизларнинг душманингиз (мушриклар)ни дўст тутмангизлар!» дейилди. Агар ушбу гуноҳ уни кофир қилиб, имондан чиқарганида, кофир шахс унга душман эмас. балки дўст бўлар эди. Зеро, бошқа бир оятда бундай дейилган:
«Албатта, золимлар бир-бирларига дўстдирлар» (Жосия сураси, 19-оят). Шунинг учун Аллоҳ таоло «Эй имон келтирганлар» деб, унинг мўминлигини билдирди.
У (Ҳотиб)нинг қилган иши кабира гуноҳ эканига далил шуки. у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кофирларга карши жангга тайёргарлик кўрганларини кофирларга етказади. Унинг ушбу хабари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга карши жанг қилиш ва урушга тайёргарлик кўриш учун буйруқ бершг ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга карши урушга буюрган шахс кабира гуноҳ қилгани борасида ҳеч кандай шак йўқ. Шундай бўлса-да, Аллоҳ таоло уни мўминлар каторига киритди ва: «Эй имон келтирганлар, Менинг душманим ва сизларнинг душманингиз (мушриклар)ни дўст тутмангизлар!» деди. Биз зикр қилган далиллардан маълум бўладики. кабира гуноҳ диндан чиқармайди ва мўминдан «имон» исмини кетказмайди. Тавфиқ Аллохдандир!
Аллоҳ таоло бизнинг ва Узининг душманини дўст тутишдан бизларни қайтаришида, душман билан дўст тутиниш ҳикматли иш эмаслигига далолат бордир.
Мўътазилийлар: «Аллоҳ таоло барча бандаларининг имон келтиришини ирода қилди», деганлар. (Уларга эътироз:) Аллох таоло барча бандаларни имон келтиришини ирода қилса, уларни дўст тутишни ҳам ирода қилган бўлади. Ҳолбуки, Аллох кофирлар У Зотга нисбатан душманлик йўлига ўтганларини билади! Мўътазилийлар, Аллоҳ таолони ҳакимликдан чиқаришиб, гўёки ишларнинг оқибатидан бехабар, тентаклик каби номақбул васфлар билан сифатлашмокда. Мўътазилийлар мазкур сўзларида фожир, фосиқдирлар ва ҳатто куфрга кетиб қолиш хавфлари ҳам бордир. Аллоҳнинг Ўзи мададкордир!
Аллоҳ таолонинг «Сизлар уларга дўстлик юборурсизлар» сўзи «хат ёзиш орқали» деган маънони англатади. Аллоҳ таолонинг «Ҳолбуки, улар сизларга келган ҳақ (дин ва Қуръон) ни инкор этгандирлар. Улар Раббингиз бўлмиш Аллоҳга имон келтирганларингиз сабабли Расулуллоҳ ва сизларни (ўз диёрларингиздан) ҳайдаб чиқармоқдалар. Агар сизлар Менинг йўлимда жиҳод қилиш учун ва Менинг розилигимни истаб чиққан бўлсангизлар (уларни дўст тутмангизлар)!» ояти Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб келган киши ҳақида нозил қилинган бўлиши мумкин. Бу эса икки таъвилнинг тўғрироғи ҳисобланади. Чунки Ҳотиб (ибн Абу Балтаъа) Маккадан Мадинага ҳижрат қилган ва у ҳақда оят нозил бўлган эди.
Шунингдек, оят мусулмонлар Маккага юриш қилмоқчи бўлганларида нозил бўлган бўлиши мумкин. Бу эҳтимоллардан қайси бири тўғри эканини Аллоҳ билади.
Аллоҳ таолонинг «Сизлар уларга пинҳона дўстлик қилмоқдасизлар. Ҳолбуки, Мен сизлар яширган ва ошкор қилган нарсани яхши билувчидирман» ояти «Аллоҳ Макка аҳлига хуфёна ёзган мактубингизни билади», деган маънони англатади. Аллоҳ таолонинг «Сизлардан кимки шу (иш)ни қилса» ояти «душманлари билан дўст тутинса», деган маънони англатади.
Аллоҳ таолонинг «Бас, аниқки, у тўғри йўлдан озибди» ояти «эътиқод қилган бўлса, эътиқодида йўлдан озибди. Эътиқод қилмаган бўлса, феълда йўлдан озибди», деган маънони англатади.
Аллоҳ таолонинг «Сизлар уларга пинҳона дўстлик қилмоқдасизлар. Ҳолбуки, Мен сизлар яширган ва ошкор қилган нарсани яхши билувчидирман» ояти «У Зот ошкор ва махфий нарсаларни доим кўриб туради», деган маънони ифодалайди. Шунингдек, оятда Аллоҳ таоло ички ва ташқи дунёларини бир хил қилишлари учун инсонларни огоҳлантирмокда. Яна, худди Макка аҳлига ёзилган мактубни билдиргани каби. уларнинг махфий ишларини ҳам Узининг Расулига билдириб қўйиши мумкинлиги билан таҳдид қилмоқда.
Ушбу оят улар (саҳобалар)ни гуноҳга қўл уришдан қўркитиш ва қайтариш борасида энг катта воситадир. Сабаби, Аллох таоло саҳобаи киромларнинг қилаётган ошкора ва махфий гуноҳларидан Расулини хабардор қилиб қўйди. Саҳобаи киромлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг худди ошкора амалларини билганидек, Аллоҳнинг хабардор қилиши орқали махфий ишларидан ҳам хабардор бўлишларини билсалар, бу уларни ошкора ва махфий гуноҳлардан тийилишга ва Расулуллоҳ нимага чорласалар, уни қабул қилишга ундар эди.
Валлоҳу аълам!
2. Агар улар (мушриклар) сизлардан устун келсалар, сиз-га душман бўлурлар ва сизларга қўл ва тилларини ёмонлик билан чўзурлар ва сизларнинг кофир бўлишларингиз-ни истарлар.
Аллоҳ таолонинг «Агар улар (мушриклар) сизлардан ус-тун келсалар, сизга душман бўлурлар ва сизларга қўл ва тилларини ёмонлик билан чўзурлар» оятининг маъноси ва таъвили, бизнингча, бундай бўлади: «Баъзи саҳобийларнинг бойликларини ва фарзандларини динсизлардан муҳофаза килиш умидида, улар билан дўст тутинишга интилишларини кўргач, Аллоҳ таоло: «Улар сизларнинг устингиздан ғалаба қозонсалар, сизларни ўлдирадилар ва тиллари билан сизларга азият етказадилар», деди. Аллоҳ таоло: «Шунда ҳам улар кофирларнинг ҳимоясига қандай рағбат қилишади,» деб хабар бермоқда. Гўёки, У зот: «Қандай қилиб сизлар улар билан пинҳона дўст тутинмокдасизлар. Ахир, улар сизларнинг устингиздан ғалаба қозонсалар, сизларга душманчилик қиладилар ва сизларни ўлдирадилар-ку!» демоқда. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Сизларнинг кофир бўлишларингизни истарлар» ояти «Улар сизларнинг кофир бўлишингизни хоҳлайди-лар. Динсиз бўлишингизни исташлари билан бир қаторда, борди-ю, имкон топсалар, албатта, сизларни ўлдирадилар», деган маънони англатади. Шундай экан, қандай қилиб уларнинг фарзандларингиз ва молларингизни муҳофаза этишларини умид қиласизлар?
3. Қариндошларингиз ва фарзандларингиз сизга ҳеч манфаат бера олмаслар. Қиёмат куни У Зот ораларингизни бўлур. Аллоҳ нима қилаётганингизни кўриб тургувчидир.
Ушбу оятнинг икки маъноси бор. Биринчиси, сизлар қандай қилиб, фарзандларингиз ва қариндошларингиз ҳурматидан кофирларни дўст тутяпсизлар? Ахир, улар қиёмат куни сизларга кўмак бермайди-ку? Иккинчиси, қариндошларингиз қиёмат кунида сизларга сира манфаат беролмайди ва шафоат ҳам қилолмайдилар.
Аллоҳ таолонинг «ораларингизни бўлур» ояти ҳам икки хил маънони ифодалайди. Биринчиси, Аллоҳ сизларнинг ва қариндошларингиз орасини ажратади. Зеро, Аллоҳ таоло бу ҳақда бундай деган:
«Ўша Кунда киши ўз биродаридан қочур. Онаси ва отасидан ҳам» (Абаса сураси, 34-35-оятлар)
Иккинчиси, амалларингиз турлича бўлгани учун сизларнинг ва қариндошларингизнинг ораси ажратилади. Шундай экан, ҳар бир шахс амалига муносиб жойга тушади.
4. Сизлар учун Иброҳим ва у билан бирга бўлган киши-ларда гўзал намуна бордир. Улар ўз қавмларига: «Бизлар сизлардан ва сизлар Аллоҳни қўйиб, ибодат қилаётган нарсаларингиздан безормиз. Бизлар сизларни инкор этдик. Токи, сизлар ягона Аллоҳга имон келтирмагунларингизча, сизлар билан бизнинг ўртамизда мангу адоват ва нафрат пайдо бўлди», - дедилар. Фақат Иброҳимнинг ўз отасига: «Албатта, мен сен учун мағфират сўрайман, (лекин) сенга Аллоҳ томонидан бўладиган бирор нарсани (азобни) қайтаришга молик эмасман», - деган сўзи бундан мустаснодир. «Эй Раббимиз, фақат Сенга таваккул қилдик, фақат Сенгга қайтдик ва қайтишимиз ҳам фақат Сенинг ҳузуринггадир».
Аллоҳ таолонинг «Сизлар учун Иброҳим ва у билан бирга бўлган кишиларда гўзал намуна бордир. Улар ўз қавмларига: «Бизлар сизлардан ва сизлар Аллоҳни қўйиб, ибодат қилаётган нарсаларингиздан безормиз» ояти хусусида. Аслида. ўтган умматларнинг хабарлари ушбу уммат учун ибратдир. Утган умматларнинг мўминлари ҳақида келтирилган маълумотлар ушбу уммат мўминларига эслатмадир. Уларнинг динсизларга нисбатан қилган муомалалари ва уларга қарши туришлари бу уммат учун таълимдир. Утган умматларнинг динсизлари ҳакидаги маълумотлар ушбу уммат динсизлари учун қўрқитишдир. Шу орқали бу уммат динсизлари ўтган уммат динсизларининг қилмишлари каби ишларга қўл урмайдилар. Акс ҳолда, улар ҳам ўтган уммат бошига келган жазога гирифтор бўладилар.
Утган умматларнинг расуллари ҳақида зикр этилган маълумотлар Расулимиз ва Саййидимиз (Муҳаммад) соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларига келган айрим мусибатларда тасалли бериш учундир.
Яна бир қоида шуки, хитоб баъзан мухотабга тўғридан-тўғри, баъзида эса у бошқасига эргашишга буюриш билан бўлади. Бу ҳолатда эргашишга буюрилган шахс қилаётган ишини фақат илоҳий амр билан қилаётган бўлиши керак.
Аллоҳ таоло ушбу уммат мўминларини Иброҳим алайҳис-саломга ва у зот билан бирга бўлган мўминларга эргашишга буюрди. Аллоҳ таоло улар (Иброҳим алайҳиссаломга эргашган мўминлар)нинг кофирлар билан қандай муомала қилганлари ва улар билан дўст тутинмаганлари ҳақида уммат мўминларига хабар берди. Гўё Аллоҳ таоло бундай деди: «Кофирлар, модомики куфрда эканлар, худди Иброҳим алайҳиссалом ва у зот билан бирга бўлганлар қилгани каби сизлар ҳам улар билан дўст тутинманглар ва уларга пинҳона дўстик қўлини чўзманглар. Зеро, у (Иброҳим алайҳиссалом билан бирга бўлган)лар ўз қавмларига: «Бизлар сизлардан... безормиз» деб, уларни тарк қилдилар ва дўст тутинмадилар. Шундай экан, сизлар ҳам худди улар қилгани каби иш тутинглар».
«Фақат Иброҳимнинг ўз отасига: «Албатта, мен (Аллоҳдан) сен учун мағфират сўрайман», - деган сўзи бундан мустаснодир» ояти орқали Аллоҳ таоло гўёки: «Сизлар уларга барча нарсада эргашинглар. Илло, Иброҳим алайҳиссаломнинг ўз отасига: «Албатта, мен (Аллохдан) сен учун мағфират сўрайман», - деган сўзида унга эргашманглар», деди. Яъни Иброҳим алайҳиссалом мушрик отасига истиғфор айтгани каби, сизлар ҳам мушрикларга истиғфор айтманглар. Чунки сизлар Иброҳим алайҳиссаломнинг нима сабабдан отасига мағфират сўраганини билмайсизлар.
Иброҳим алайҳиссаломнинг нима сабабдан оталарига истиғфор сўраганлари борасида турли фикрлар айтилган. Абу Бакр Асом бундай деган: «Иброҳим алайҳиссалом оталарига мағфират сўрашга ваъда берганлар ва ушбу ваъданинг устидан чикишни лозим деб билганлар. Шунинг учун истиғфор айтганлар».
Ҳасан (Басрий) эса: «У зот отасининг мушрик ҳолати учун эмас, балки тавбадаги пайти учун мағфират сўраган. Чунки Иброҳим алайҳиссалом мушрикка мағфират сўраш ҳалол эмаслигини билмаган бўлишлари тасаввурга сиғмайди. Ким уни ҳалол деб билса, у мўмин ҳисобланмайди. Демак, у зот отасининг исломдалик ҳолати учун мағфират сўраганлар», деган.
Бизнинг наздимизда «истиғфор» сўзи «мағфират сўраш» маъносини англатади. Аллоҳ таолонинг мағфирати икки хил бўлади: биринчиси, раҳматли, фазлли ва карамли мағфират. Иккинчиси, Аллоҳ таолонинг бир кишини бажарса, мағфират этиладиган бирор сабабга йўллаб қўйишидир. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти далил бўлади:
«Раббингиз (Аллоҳ)дан мағфират сўрангизлар, албатта. У ўта кечиримли зотдир» (Нуу сураси, 10-оят). Яъни бажарсангиз, гуноҳларингиз мағфират этиладиган сабабни Унинг Узидан сўранглар. Истиғфорнинг бундай маъноси бўлса, Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таолодан шундай мағфиратни оталарига сўраган бўлишлари мумкин. Яъни Иброҳим алайҳиссалом оталарини бажарса, кечириб юборадиган ишга муваффак қилишини Аллоҳ таолодан сўраган бўлишлари мумкин. Бундай деб айтиш тўғридир. Лекин Иброҳим алайҳиссаломга отасини Аллоҳ таоло бу ишга муваффақ қилмаслиги аён бўлгач, ундан нари кетганлар. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Сенга Аллоҳ томонидан бўладиган бирор нарсани қайтаришга молик эмасман» сўзи «Мен сиздан Аллох таолонинг бирор азобини қайтаришга қодир эмасман» ёки «Аллоҳ таолонинг Узи ҳидоят қилмаса, мен сизни ҳидоят қила олмайман», деган маъноларни англатади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган:
«(Эй Муҳаммад,) Сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмайсиз, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур» (сураси, 56-оят). Гўё Иброҳим алайҳиссалом: «Қўлимдан, сизни ҳидоятга йўллашини Аллоҳ таолодан сўраб дуо қилишдан бошқа ҳеч нарса келмайди ва Унинг азобидан бирор нарсани қайтаришга ҳам қодир эмасман» деганлар.
Аллоҳ таолонинг: «Эй Раббимиз, фақат Сенга таваккул қилдик, фақат Сенга қайтдик», деган оятидаги жумлаларини мўминлар кофирларни тарк қилиб, уларга адоватни изҳор қилаётганларида айтган бўлишлари мумкин. Яъни оятнинг маъноси: «Эй Раббимиз! Биз оз сонли, душманлар эса кўп сонли бўлганларида, улар устидан ғалаба қозонишда Сенга суянамиз. Борар жойимиз ва бошпанамиз фақат Сенгадир. Борди-ю, вафот этсак ҳам фақат ўзингга қайтамиз».
5. Эй Раббимиз, бизни кофир бўлган кимсаларга фитна қилиб қўймагин. Бизни мағфират этгин, эй, Раббимиз. Албатта, Сен Азиз ва Ҳакимсан.
Муфассирлар Аллоҳ таолонинг «Эй Раббимиз, бизни кофир бўлган кимсаларга фитна қилиб қўймагин», ояти таъвили уч маънода бўлишини айтганлар: Биринчиси: «Душманларимизни бизнинг устимизга бошлиқ қилмагин. Акс ҳолда, улар ўзларини ҳақ деб, бизни ботил йўлда деб ўйлаб қоладилар». (Иккинчиси) ёки «Уларни қўйиб, устимизга азоб туширмагин. Акс ҳолда, улар ўзларини ҳақ, бизни ботил йўлда деб ўйлаб қоладилар». (Учинчиси) «Бизга дунёни тор қилиб, уларга кенг қилиб қўймагин. Акс ҳолда, улар ўзларини ҳақ, бизни ноҳақ йўлда деб ўйлайдилар». Оятнинг маъноси иккинчи таъвилга кўра бўлса, оятдан «фосиқлар ўзини ҳақ деб ўйлаб қолмасликлари учун ушбу умматнинг одил шахслари Аллоҳ таолодан офият сўрашлари вожиб бўлади», деган маъно келиб чиқади.
Лекин бунга жавоб шуки, ушбу умматнинг фосиқлари қилиб турган гуноҳ амаллари тақиқланганини биладилар. Кофирлар эса, ўзлари эътиқод қилган куфрни ҳақ деб ўйлайдилар. Борди-ю. кофирлар мўминлар устидан ҳукмрон қилинсалар, ҳақ деб ўйлаган нарсалари «ҳақ эканда» деган гумонга борадилар. Аммо уммат орасидаги фосиклар, фосиқлик қайтарилган иш эканини билсалар ҳам, мазкур гумонга бормайдилар. Валлоҳу аълам!
Шунингдек, Аллоҳ таолонинг «Бизни кофир бўлган кимсаларга фитна килиб қўймагин» ояти «Кофирларнинг азобланишига бизларни сабаб қилиб қўймагин» деган маънода бўлиши мумкин. Зеро, Аллоҳ таоло бу ҳакда шундай деган:
«Эй Раббимиз! Бизларга пайғамбарларинг воситаси ила ваъда қилган нарсаларингни ато эт» (Оли Имрон сураси. 194-оят). Бу оятнинг таъвили шундай: «Пайғамбарларинг воситаси ила бизларга ваъда қилган нарсаларингни жалб қиладиган сабабларни бизларга бергин». Юқоридаги оятни ҳам худди шундай тушуниш керак. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Бизни мағфират этгин, эй Раббимиз» ояти «Душманларимиз устимиздан ғалаба қозонишига сабаб бўладиган гуноҳларимизни мағфират этгин», деган маънони англатади.
Аллоҳ таолонинг «Албатта, Сен Азиз ва Ҳакимсан» оятидаги «Азиз» сўзи «душмандан ўч олувчи» маъносини билдиради.
6. Дарҳақиқат, сизлар учун - Аллоҳ ва охират Кунидан умидвор бўлган кишилар учун - уларда гўзал намуна бордир. Кимки юз ўгириб кетса, албатта, Аллоҳ (ҳар нарсадан) беҳожат ва Ҳамиддир.
Яъни сизлар учун Иброҳим (алайҳиссалом) ва у зотга эргашган кишиларда гўзал намуна бўлиб, агар унга эргашиб, итоат қилсангиз, албатта, яхшиликка эришасиз.
Аллоҳ таолонинг «Аллоҳ ва охират Кунидан умидвор бўлган кишилар учун» ояти икки маънони англатиши мумкин. Биринчиси, «Аллоҳ таолонинг савобини умид қилганлар учун». Иккинчиси, «қайта тирилтиришни ҳақ деб имон келтирганлар учун». Сабаби, Аллоҳ таоло Қуръони каримда «қайта тирилиш»ни турли сифатлар билан зикр этган. Бир ўринда уни Узига нисбат бериб, бундай деган:
«Ким Раббисига йўлиқишни умид қилса...» (Каҳф сураси, 110-оят). Бу оятдан тушунилган маъно қайта тирилишдир. Бошқа ўринда қайта тирилишни бошқа сифат билан васфлаган.
Агар оятдан «савоб» маъноси ирода қилинса, унда Аллоҳнинг раҳматидан умидвор шахс унинг сабабларини адо этиш орқали умид қилиши, қўрқувчи эса манъ қилинган амаллардан узоқлашиш ва қайтарилган, наҳий қилинган ишлардан тийилиш билан қўрқиши кераклиги ҳақида хабар берилмокда.
Ким хавф ва умиднинг ўзига суяниб, сабабларини ижро қил-маса, у Аллоҳ таолога нисбатан орзу қилувчи бўлади. Биз айтган гапнинг далили қуйидаги оятдир:
«Имон келтирган, ҳижрат қилган ва Аллоҳ (тоати) йўлида жидду жаҳд қилган кишилар - айнан ўшалар Аллоҳнинг раҳматидан умид қилурлар» (Бақара сураси, 218-оят). Ушбу оятга назар солсангиз, Аллоҳ таоло «умид» маъносини «Аллох йўлида ва тоатларга амал қилишда жидду жахд қилиш», деб изоҳлаган. Валлоҳу аълам!
Агар оятнинг таъвили қайта тирилиш маъносида бўлса ҳам. худди шундай тушунилади. Чунки инсон қайтарилган нарсадан қочса ва буюрилган нарсани талаб қилса, у Аллоҳ таолонинг савоби ва раҳматига олиб борадиган ишларни ўзига дўст тутаётган ва дўст тутиши оқибатида Аллоҳнинг азоби ҳамда қахрига олиб борадиган ишларни ўзига душман тутаётган бўлади. Бу ишларни фақат қайта тирилишга имон келтирган инсонларгина қила олади. Чунки қайта тирилишга имон келтирмаган киши дунё манфаатини кимдан умид қилса, у билан дўстлашади. Шунингдек, кимдан зиён етиш хавфи бўлса, бу дунёда ўзини ундан олиб қочади. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Кимки юз ўгириб кетса» ояти, яъни Аллоҳ таолонинг «Уларга эргашинг», деган буйруғига итоат қилишдан ким юз ўгирса, «Албатта, Аллоҳ (ҳар нарсадан) беҳожат ва Ҳамиддир», яъни махлуқотларнинг тоатидан беҳожатдир. Аллоҳ таоло бандаларининг тоатига муҳтожлигидан ёки бирор манфаат сабабли уларни бирор нарсага буюрмаган. Зеро, У Зот буларнинг барчасидан беҳожатдир. Балки Аллоҳ таоло бандаларнинг бунга муҳтожлигини ва қилган тоатларининг манфаати уларнинг ўзига қайтишини билиб, уларга амр этгандир.
Аллоҳ таолонинг «Ҳамид» сўзининг икки маъноси бор. «Мақтовчи» ва «мақталган» маъноларидир. Агар ундан «макталган» маъноси кўзланса, ҳа, албатта, Аллоҳ таоло махлукотларга берган неъмати сабаб уларнинг мақтовига ҳақлидир (деган маънода бўлади). Агар ундан «мақтовчи» маъноси назарда тутилса, оят «Аллоҳ таоло махлуқотларни мақтайди ва уларга фазл қилади», деган маънода бўлади. Яъни бандаларнинг кичик амалларини кўплаб савоблар билан қаршилайди. Ёки «килган яхши амаллари сабабли уларни мақтайди», деган маънода бўлади. Демак, Аллоҳ таоло иккита маънога кўра «Ҳамид» деб васф этилади.
7. Эҳтимол, Аллоҳ сизлар билан сизлар душман тутиб юрган кимсалар ўртасида - (уларни Исломга киритиб) дўстлик пайдо қилиб қўяр. Аллоҳ қодирдир. Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир.
Ушбу оятда, мўмин имонда экан уни Аллоҳ таоло мўмин деб билишига ва динсиз то куфрда экан, уни динсиз деб билишига улкан далил бордир. Баъзи жоҳилларнинг: «Қачонлардир имонга келиши такдирига битилган динсиз одам, куфрда эканлигида ҳам Аллоҳ таоло наздида мўмин ҳисобланади», деган сўзи тўғри эмас. Бундай дейиш Аллоҳ таолонинг ушбу оятида баён қилган амрига зиддир. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таоло «Эй имон келтирганлар, Менинг душманим ва сизларнинг душманингиз (мушриклар)ни дўст тутмангизлар!» деган. Мўътазилалар ушбу оятларга қарши чиқиб, қайсарлик билан ўз сўзларида туриб олдилар. Уларнинг эътиқодларидан бири, ким уларнинг йўлига карши чиқса, у уларнинг душманидир. Лекин улар шубҳа қилмай уни дўст тутадилар ва у билан бир сафда турадилар. Аллоҳ таоло эса бу ишдан қайтармоқда. Бу уларнинг икки ихтилофларидан биридир.
Иккинчиси, Аллоҳ таоло оятда биз билан улар ўртасида дўстлик пайдо этишни ваъда қилди. Мўътазилийларнинг эътиқодига кўра, Аллоҳ таоло бандаларнинг феълини яратишга қодир эмас. Уларнинг сўзига кўра, Аллоҳ таоло қодир бўлмаган нарсасига ваъда берган бўлиб қолади. Бу Аллоҳ таолонинг энг ожиз махлуқотига ҳам муносиб эмас-ку, қандай қилиб Аллоҳ таолонинг шаънига тўғри келсин? Демак, мўътазилийлар бу оятлар таъвилида қайсарлик қилдилар. Валлоҳу аълам!
Учинчи хилофлари: Аллоҳ таоло қуйидаги оятга биноан Ўзини «қодир» деб васфлади: «Аллоҳ қодирдир». Мўътазилийлар: «Аллоҳ таоло махлуқотларнинг феълларидан бирортаси(ни яратишга ҳам) қодир эмас», дейишади. Бундан ортиқ яна қандай очиқ-ойдин хилоф бўлиши мумкин? Тавфиқ Аллохдандир!
8. Динларингиз тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз диёрларингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишларингиздан ва уларга адолатли бўлишларингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатлиларни севар.
9. Аллоҳ сизларни фақат динларингиз тўғрисида сизлар билан урушган ва сизларни ўз диёрларингиздан (ҳайдаб) чиқарган ҳамда сизларни ҳайдаб чиқаришда бир-бирларига ёрдамлашган кимсалар билан дўстлашишингиздан қайтарур. Кимки улар билан дўстлашса, бас, ана ўшалар золим кимсаларнинг ўзгинасидир.
Аллоҳ таолонинг «Динларингиз тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз диёрларингиздан (ҳайдаб) чикармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиздан ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас» оятидаги наҳий (қайтариш) сўзи адолатли бўлишга тегишли эмас. Чунки Аллоҳ таоло дўст ёки душманга нисбатан адолатли бўлишдан қайтармайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган:
«Бирор қавмни ёқтирмаслик сизларни адолатсизлик қилишга ундамасин! Адолатли бўлингиз!» (Моида сураси. 8-оятп). Аллоҳ таоло ушбу оятда душманлик сабаб адолатсизлик қилиш ҳалол эмаслигини айтмоқда. Шундай экан, мазкур оятдаги наҳий, яъни «қайтариш» феъли «уларга нисбатан яхшилик қилиш»га тегишлидир.
Мазкур оятда қайтарилмаган масалалар зоҳирда қайтарилаётган нарсанинг зиддидир. Зеро, У Зот (қайтарилмаган иш-лар борасида) бундай деди: «Динларингиз тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз диёрларингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиздан ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас». Аллоҳ таоло қайтарилган ишлар борасида эса: «Аллоҳ сизларни фақат динларингиз тўғрисида сизлар билан урушган ва сизларни ўз диёрларингиздан (ҳайдаб) чиқарган ҳамда сизларни ҳайдаб чиқаришда бир-бирларига ёрдамлашган кимсалар билан дўстлашишингиздан қайтарур», деди.
Маълумки, баъзан дўстлашиш рухсат этилмаган инсонга ҳам яхшилик қилиш мумкин бўлади. Бу ҳакда Аллоҳ таоло бундай деган:
«Уларга дунёда яхши муомалада бўлгин» (Лук,мон сураси, 15-оят)(Оятнинг тўлиқ таржимаси: «Агар улар (яъни ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсалар-да,) дунёда яхши муомалада бўлгин ва ўзинг Менга тавба қилган кишиларнинг йўлига эргашгин! Сўнгра (яъни қиёмат кунида) қайтиш Менинг ҳузуримгадир. Бас, сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берурман».)
Бошқа оятда эса, кофирларни дўст тутишдан кайтарган: «Менинг душманим ва сизларнинг душманингиз (мушриклар)ни дўст тутмангизлар!» (Мумтаҳана сураси, 1-оят). Лекин бир шахсда кимгадир яхшилик қилиш ва (у билан) дўстлашмаслик жамланиши мумкин экан, дўстлашишдан қайтарилган кишига ҳам яхшилик қилишга амр этилиши ҳам мумкин бўлади. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Динларингиз тўғрисида сизлар билан урушмаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишларингиздан... қайтармас» ояти «Сизларни бундан қайтармайди, балки буюради» деган маънони англатиши мумкин. Ёки оят «сизларга рухсат этилади» деган маънода бўлиши ҳам мумкин. Зеро, Аллоҳ таолонинг «Уларнинг тижоратлари фойда бермади» (Бақара сураси, 16-оят) ояти «зиён келтирди», деган маънони ифодалайди. Аслида, баъзан тижоратда фойда бўлмаса-да, ундан зарар кўрмаслик мумкин бўлганидек, Аллоҳ таолонинг «Динларингиз тўғрисида сизлар билан урушмаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиздан... қайтармас» ояти ҳам «балки сизларни уларга яхшилик қилишга буюради», маъносида бўлиши мумкин. Шунингдек, у «балки сизлар учун уларга яхшилик қилишга рухсат этилади», деган маънода бўлиши ҳам мумкин. Валлоҳу аълам!
Дўстлашишдан қайтарилиб, яхшилик қилишга буюрилган кишининг кимлиги борасида ихтилоф қилинган. Баъзилар уни: «Улар яширинча имон келтириб, уни ошкора қилишда мушриклардан қўрқадиган Маккадаги заиф мўминлардир. Улар ўзларини ҳимоя қилишга имкон қилишлари учун Аллоҳ таоло Мадинадаги мўминларни уларга мактуб юбориш орқали яхшилик қилишга буюрмоқда. Чунки маккалик мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларга қарши урушга чиққанини билсалар, ушбу заиф мўминларга хавф юзага келиши мумкин эди. Маккалик мусулмонлар мушриклар томонидан юзага келадиган хавфга ҳозирлик кўришлари ва тайёр туришлари учун Аллоҳ таоло мадиналик мусулмонларга мактуб ёзиб, уларга яхшилик қилишга буюрди», деб изоҳлаганлар. Валлоҳу аълам!
Баъзилар эса бундай деганлар: «Бу оят Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам билан ўрталарида келишув ва шартнома бўлган қабилалар ҳақида нозил бўлган. Аллоҳ таоло мўминларга келишилган муддатгача ваъдаларига вафо қилиб, уларга яхшилик килишга амр этмокда. Шунингдек, мусулмонлар билан урушган ва ваъдасини бузганлар билан дўстлашишдан қайтармоқда».
Бошқалар эса: «Оят мушрикларнинг аёллари ва ёш болалари ҳақида нозил бўлган. Аллоҳ таоло мўминларни ушбу тоифага қарши урушмаслик орқали уларга яхшилик қилишга амр этмоқда. Мўминларга қарши урушган мушрик эркакларни дўст тутмаслик, балки улар билан урушишга буюрмоқда», деганлар.
«Кимки улар билан дўстлашса», яъни ким уларни эътиқодда дўст тутса, «Ана ўшалар золим кимсаларнинг ўзгинасидир», яъни эътиқодда золимдирлар. Ёки оят бундай тушунилади: «Ким улар билан феълларда дўст тутинса, ана ўшалар амаллар сабабли золимдирлар». Буни юқорида зикр этилган «Бас, аниқки, у тўғри йўлдан озибди» (Мумта.ҳана сураси, 1-оят) ояти таъвилида айтиб ўтганмиз.
10. Эй мўминлар, қачонки, сизларга мўминалар ҳижрат қилиб келсалар, сизлар уларни имтиҳон қилиб кўринглар! Аллоҳ уларнинг имонларини яхши билувчидир. Агар уларнинг мўмина эканликларини билсангизлар, у ҳолда уларни кофирларга қайтарманглар! Булар (улар) учун ҳалол эмас ва улар булар учун ҳалол эмасдир, уларга сарфлаган маҳрларини (эрларига) беринглар! Қачонки, уларга маҳрларини берсангизлар, уларни никоҳларингизга олишда сизларга гуноҳ йўқдир. Сизлар кофираларнинг никоҳ битимларини ушлаб турманглар! Ўзларингиз сарфлаган маҳрни талаб қилинглар ва улар ҳам сарфлаган маҳрларини талаб қилсинлар! Бу Аллоҳнинг ҳукмидир. У сизларнинг ўртангизда ҳукм қилур. Аллоҳ барча нарсаларни билувчи ва ҳикматли зотдир.
Бизнинг наздимизда, Аллоҳ таолонинг «Эй мўминлар, қачонки, сизларга мўминалар ҳижрат қилиб келсалар», ояти «аёллар сизларга мўминалармиз, деб келсалар, уларни им-тиҳон қилиб кўринглар», деган маънони ифодалайди. Чунки улар ҳақиқий имонли бўлганларида, уларга қарата «уларни имтиҳон қилиб кўринглар», деб буюрилган оят маъносиз бўлиб қолар эди. Аллоҳ уларни имтиҳон қилишга буюрганидан маълумки, «сизларга мўминалар ҳижрат қилиб келсалар» ояти биз айтган маънода тушунилади. Бунинг мисоли қуйидаги оятдир:
Ким Аллоҳга имон келтирганидан кейин кофир бўлса (ҳолига вой!) Лекин кимнинг қалби имон билан хотиржам ҳолда мажбур қилинса, у мустаснодир (Наҳл сураси, 106-оят). Оят «Кимнинг қалби имон билан хотиржам бўлиб, куфр калимасини айтса» деган маънони англатади. Шунингдек, биринчи мисолдаги оятнинг маъноси юқорида ўтган оятдагидек бўлиши ҳам мумкин. Валлоҳу аълам!
Баъзи муфассирлар аёлларнинг имтиҳон қилиниши масаласини баён этиб, бундай деганлар: «Улар ўз диёрларидан эрларини ёмон кўрганлари сабаб ёки ўз Ерларидан бошқа Ерни хоҳлаб чиқмаганлари, балки Исломни қабул этиш сабабли бу ишни ирода қилганлари ҳақида Аллоҳга қасам ичадилар». Бу нотўғри таъвилдир. Сабаби шуки, аёл киши мусулмон бўлса. кофир эрини ёмон кўриши унинг диндаги ҳақи ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:
«Токи, сизлар ягона Аллоҳга имон келтирмагунингизча, сизлар билан бизнинг ўртамизда мангу адоват ва нафрат пайдо бўлди (дедилар)» (Мумтаҳана сураси, 4-оят).
Шариат ва дин улар қилаётган ишга буюраётган бўлса, аёлларни имтиҳон қилиш қандай қилиб муфассирлар айтганидек бўлиши мумкин? Шунинг учун баъзи муфассирларнинг аёлларни имтиҳон қилиш борасидаги таъвилларини тўғри эмас, деймиз.
Аёлларни имтиҳон қилишнинг икки хил таъвили бўлиши мумкин: Биринчиси, улардан имон нима эканлиги ҳақида сўралади? Агар улар имоннинг ҳақиқатини айтиб берсалар, уларнинг мўмина эканлиги маълум бўлади. Иккинчиси, уларга қуйидаги оятда айтилганидек, мўминаларнинг имонлари устидаги вазифалар кўрсатилади:
«(Улар) ўғирлик қилмасликларига, зино қилмасликларига, ўз болаларини ўлдирмасликларига... (байъат қилсалар...)» (Мумтауана сураси, 12-оят). Аёллар буларнинг барчасини қабул қилсалар, бу уларнинг имтиҳонлари ҳисобланади. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Аллоҳ уларнинг имонларини яхши билувчидир» ояти «Мўмина аёлларнинг имтиҳони борасида мўминларга юклатилган буйруқ аёлларнинг имонлари борасидаги зоҳирий маълумотларни билиш ҳақидадир. Бунинг ҳақиқатини эса, оламлар Раббиси билувчидир», деган маънога далолат қилади.
Бу илм икки хил бўлишини билдиради: амал илми ва шаҳодат илми. Амал илми деб «махлуқотлар зоҳиран билиб, унга кўра амал қиладиган илм»га айтилади. Шаҳодат илми деб «у билан Аллоҳга гувоҳлик бериш мумкин бўлган илм»га айтилади. Ушбу илм Аллоҳ таоло далиллар асосида билдириб қўйиши орқали ҳосил бўлади. Далиллар: Қуръони карим ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган мутавотир ҳадислардир. Амал илми - ижтиҳод имкони бўлган илмдир. Бунга оҳод хабар, қиёс ва бошқалар киради.
Аллоҳ таолонинг «Бас, агар уларнинг мўмина эканликларини билсангизлар, у ҳолда уларни кофирларга кайтарманглар!» ояти хусусида. Хабарда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбия йилида маккалик мушриклар билан сулҳ қилганлар. Унга кўра, Расулуллоҳнинг ҳузурларига маккаликлардан бирортаси келса, уларга қайтарилади, аксинча Маккага у зотнинг саҳобаларидан бирор киши борса, у маккаликларга асир бўлади. Ва бошқа шу каби шартлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақида Ҳудайбияда мактуб ёзганлар. Мактубни ёзиб бўлганларидан сўнг. Субайъа (бинти Ҳорис Асламия) муслима бўлиб Мадинага келади. Унинг эри Расулуллоҳ ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллох. менга хотинимни қайтариб беринг! Чунки сиз бизга буни шарт қилгансиз. Бу (келишув) ҳали қуримаган лойдир», дейди. Сўнг Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди:
«Эй мўминлар, қачонки, сизларга мўминалар ҳижрат килиб келсалар, сизлар уларни имтиҳон қилиб кўринглар! Аллоҳ уларнинг имонларини яхши билувчидир. Бас, агар уларнинг мўмина эканликларини билсангизлар, у ҳолда уларни кофирларга қайтарманглар!». Яъни уларни динсиз эрларига қайтарманглар. «Булар (улар) учун ҳалол эмас ва улар булар учун ҳалол эмасдир». Динсизларга мўмина аёлнинг никохи. мўмина аёлга динсизнинг никоҳи ҳалол эмас. «Уларга сарфлаган маҳрларини (эрларига) беринглар!» Яъни динсизлар билан мусулмонлар ўртасидаги келишувга кўра, уларнинг динсиз эрларига улар сарфлаган маҳрни беринглар. Унга кўра, маккалик аёллар мўмина бўлиб Мадинага келсалар, уларни динсизларга қайтарманглар ва эрларига улар сарфлаган маҳрларни беринглар. Шунингдек, муслима аёллар орасидан муртад (диндан чиккан) ҳолда Маккага кетишса, мушриклар уларни Мадинага юбормайдилар ва эрларига улар сарф қилган маҳрни қайтарадилар.
Маълумки, маҳр ва нафақаларни қайтаришга маҳрни олган одамдан бошқаси жавобгар бўлади. Лекин бунга унинг ўз жинси (жамоаси)дан бўлганлар масъул бўлади. Юқорида бунга ўхшаш мисолларни айтиб ўтдик. Шунинг учун ҳам асҳобларимиз айтадилар, ҳарб диёридагилар мусулмон тижоратчилардан ҳақ ундиргани боис, ислом диёридагилар ҳам уларнинг тижоратчиларидан жазо сифатида ҳақ оладилар. Ушбу ҳақ унинг жинси (жамоаси)дан бўлганлардан ундирилади, гарчи у (тижоратчи) ўз диёрида мусулмонлардан ҳақ олмаган бўлса ҳам.
Шунга кўра айтамизки, гоҳида қийинчиликлар яхшига ҳам, ёмонга ҳам бирдек бўлиши мумкин. Шунингдек, одамзодга тушаётган балолар, унинг гуноҳларига ва ёмон амалларига жазо бўлмаслиги мумкин. Чунки Аллоҳ таоло ушбу дунёда бандасини ҳеч қандай сабабсиз ҳам имтиҳон қилиши мумкин. Аммо охиратда бирор киши бошқанинг гуноҳи сабаб жазоланмайди, балки ҳар бир киши ўз амалига кўра жазо ёки мукофот олади, яхши бўлса мукофоти ҳам яхши бўлади, ёмон бўлса жазоси ҳам оғир бўлади. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Қачонки, уларга маҳрларини берсангизлар, уларни никоҳларингизга олишда сизларга гуноҳ йўқдир» ояти хусусида. Аллоҳ таоло: «Қачонки, уларга маҳрларини берсангизлар, сиз мусулмонлар учун уларга уйланишингизда ҳеч қандай гуноҳ йўқ», демоқда.
Аллоҳ таолонинг «Сизлар кофираларнинг никоҳ битимларини ушлаб турманглар!» ояти хусусида. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Зайнаб турмуш ўртоғидан олдин мусулмон бўлди. Сўнг турмуш ўртоғи мусулмон бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга «Сизлар кофираларнинг никоҳ битимларини ушлаб турманглар!» ояти нозил бўлишидан олдин қизларини биринчи никоҳ билан ўз эрига қайтарганлар (яъни, никоҳ ўқимаганлар). Ушбу оят нозил бўлгач, эр исломни қабул қилиб, ислом диёрига чиқса, у билан хотини ўртасидаги никоҳ ақди узиладиган бўлди. Шунингдек, аёл киши ислом диёрига чиқиб, эр у ерда қолса ҳам худди шундай ҳукм бўлди.
Баъзилар «Сизлар кофираларнинг никоҳ битимларини ушлаб турманглар!» оятидаги [биъисомил кавафир] жумласини «никоҳ битимларини» деб тафсир қилганлар. Яъни кимнинг Маккада динсиз хотини бўлса, унга эътибор қилмасин. Чунки у аёл энди унинг хотини эмас, ораларидаги никоҳ ақди узилиб бўлган.
Баъзилар эса: «Аллоҳ таоло Ўзининг «Сизлар кофираларнинг никоҳ битимларини ушлаб турманглар!» ояти орқали ҳижрат қилиб келган муслима аёлга ҳарбий эри ва унинг никоҳи сабабли у аёлга никохданишдан тийилиш, бош тортиш ва юз ўгиришдан қайтарди. Зеро, «исмат» қайтаришдир. [кава-фир] сўзи эркакларни ҳам ўз ичига олиши мумкин, дейди. Ушбу ўринда унинг зоҳирий маъноси эркакларга тегишлидир. Чунки бу оят ҳижрат қилган аёллар ҳақида келмоқда. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Ўзларингиз сарфлаган маҳрни талаб қилинглар ва улар ҳам сарфлаган маҳрларини талаб қилсинлар!» оятида: «Агар мусулмоннинг аёли Макка кофирларига бориб қўшилса, маккаликлардан унинг маҳрини ундириб, эрига беринглар. Шунингдек, Макка аҳлидан сизлар томон бир аёл ҳижрат қилиб чиқса, мушрик эрига унинг маҳрини қайтаринглар». Бу нарса Макка аҳли ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрталарида шундай келишув борлигидандир.
Аллоҳ таоло «Бу Аллоҳнинг ҳукмидир. У сизларнинг ўртангизда ҳукм қилур» оятида: «Бу - бир-бирларига маҳрни қайтариш борасида мусулмонлар ва маккалик кофирлар ўртасидаги Аллоҳнинг ҳукмидир», демоқда. Аллоҳ таолонинг «Аллоҳ барча нарсаларни билувчи ва ҳикматли зотдир» ояти «У зот мусулмонлар ва келишув бўлган шахслар орасидаги биз зикр қилган ҳукмни билувчи, ҳикматли зотдир».
11. Агар жуфтларингиздан бирортаси кофирлар томонига ўтиб кетса ва сизлар жанг қилиб, ўлжа олсангизлар, хотинлари кетган кишиларга улар сарфлаган маҳр миқдорини беринглар ва сизлар имон келтирган Аллоҳдан қўрқинглар!
«Агар жуфтларингиздан бирортаси кофирлар томонига ўтиб кетса ва сизлар жанг қилиб, ўлжа олсангизлар», яъни бирор мўмина аёл сизлар билан улар орасида келишув бўлмаган маккалик ҳарбий динсизларга келиб қўшилса ва у аёлнинг эри сизлар билан бўлса ҳамда ўлжа олсангизлар, яъни қўлга киритган ўлжани тақсимлашдан аввал хотинлари кетган кишиларга улар сарфлаган маҳр миқдорини беринглар. Буни фарз қилган Аллоҳ таолога тақво қилинглар. Сизлар унга имон келтиргансизлар, яъни Уни тасдиқ қилгансизлар, шундай экан, энди уни нуқсонлик қилманглар. Валлоҳу аълам!
Шунингдек, Масруқ раҳматуллоҳи алайҳ ва Зуҳрийдан ривоят қилинади: «Аллоҳнинг ҳикматларидан бири, муслима аёл кофирларга бориб қўшилса, мусулмонлар улардан аёлнинг маҳрини сўрайдилар. Шунингдек, кофирларнинг аёллари муслима бўлиб, бизга қўшилса, улар мусулмонлардан унинг маҳрини сўрайдилар. Мусулмонлар Аллоҳ таолонинг ушбу ҳукмини қабул қилдилар, мушриклар эса буни тан олишдан бош тортдилар. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди: «Агар жуфтларингиздан бирортаси кофирлар томонига ўтиб кетса ва сизлар жанг қилиб, ўлжа олсангизлар, хотинлари кетган кишиларга улар сарфлаган миқдорни беринглар».
Аллоҳ таоло ушбу оятда, эрли муслима аёл кофирларга бориб қўшилса, унинг эрига маҳрни қайтаришни буюрмоқда. Улар буни мушриклар томонидан мусулмонларга келиб қўшилган аёлнинг маҳри учун тайёрлаб қўйилган маҳрдан берадилар.
Борди-ю, қўлларида ҳарб аҳлига бериладиган маҳр бўлмаса, қўлга киритилган ўлжадан уни тўлайдилар.
Аслида бу оят «агар эрингизга берган бирор нарсангиз кофирларга ўтиб кетса, сўнг сизлар душман устидан ғалаба козониб, ўлжага эришсангиз, ушбу ўлжадан хотинлари мушриклар томон кетиб қолган кишиларга берган маҳри миқдорича беринглар», маъносида бўлади. Гўёки Аллоҳ таоло: «Хотинларингиз мушриклар томонга кетиб қолса, мушриклардан берган маҳрингизни сўранглар. Маҳрни сўраганингизда, улар сизларга ҳеч нима бермасалар ва берган ҳақингиз изсиз йўқолса, сўнг сизлар улар билан уришиб, ўлжа олсангизлар, аёлларига берган маҳрлари қўлдан кетганларга (ҳисса) беринглар» демокда.
Валлоҳу аълам!
(Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейди:) Билингки, ушбу оят бир неча ҳукмларни ўз ичига олади. Биринчиси, зоҳиран ҳосил бўлган илмга амал қилиш ва унга асосан ижтиҳод қилиш мумкинлиги. Зеро, Аллоҳ таоло: «Сизлар уларни имтиҳон қилиб кўринглар! Аллоҳ уларнинг имонларини яхши билувчидир. Бас, агар» ижтиҳод ва имтиҳон орқали «уларнинг мўмина эканликларини билсангизлар, у ҳолда уларни кофирларга қайтарманглар!» деди. Бу зоҳиран ҳосил бўлган илмга асосланган ҳукмдир. Демак бунга амал қилиш мумкин бўлади.
Иккинчиси, эр-хотиндан бири ислом ёки ҳарб диёридан бирида мусулмон бўлса, исломнинг ўзи билан уларнинг орасига ажрим тушадими ёки унга бирор бошқа шарт қўшиладими?
Бишр Марисий ҳеч қандай қўшимча шартсиз унинг ўзи билан эр-хотин ўртасига ажрим тушади, дейди.
(Имом) Шофеъий: «Аёл никоҳдан кейин эри билан яқинлик қилган бўлса, у уч ҳайз ўтирмагунича уларнинг орасига ажрим тушмайди. Борди-ю, никоҳдан кейин ҳали яқинлик қилинмаган бўлса, ўша заҳоти иккиси ўртасига ажрим тушади» деган.
Бизнинг асҳобларимиз (ҳанафийлар) айтадики, агар уларнинг иккиси ҳам ҳарб диёрида бўлиб, уларнинг бири мусулмон бўлса, аёл уч ҳайз ўтирмагунича уларнинг ораси ажратилмайди. Агар уларнинг иккиси ҳам ислом диёрида зиммий бўлсалар, сўнг уларнинг бири мусулмон бўлса, султон иккинчи томонга исломни таклиф қилмагунича оралари ажратилмайди. Бордию, унга исломни таклиф қилинса, у рози бўлмаса, оралари ажратилади.
Бишр (Марисий) «Сизларга мўминалар ҳижрат қилиб келсалар...» қисмидан «уларни кофирларга қайтарманглар! Булар (улар) учун ҳалол эмас ва улар булар учун ҳалол эмасдир» оятининг зоҳирий маъносини далил қилиб келтирган. (Унинг фикрига кўра) Аллоҳ таоло ушбу оятда уларнинг бир-бирига ҳалол бўлмаслигини айтган. Бошқа шартни айтмаган ва унга бошқа нарсани илова ҳам қилмаган.
Бизнинг асҳобларимиз (Аллоҳ уларни раҳматига олсин) далил келтириб, шундай деганлар: «Ажрим исломни қабул қилишнинг ўзи билан бўлмайди. Зеро Аллоҳ таоло: «Сизларга мўминалар ҳижрат қилиб келсалар, сизлар уларни имтиҳон қилиб кўринглар!» деди. Агар имоннинг ўзи билан эр-хотин ўртасига ажрим тушганида, имтиҳон қилишнинг маъноси қолмас эди. Аллоҳ таоло оятда эр-хотин ўртасидаги ҳаромлик, фақат имтиҳон орқали бўлишини айтгач, демак, ажрим ҳам имон келтиришнинг ўзи билан бўлмаслиги очиқланди. Бунга қуйидаги оят мисол бўлиши мумкин:
«Зинокор эркак фақат зинокор аёлга ёки мушрикага уйланур. Зинокор аёлга фақат зинокор эркак ёки мушрик уйланур. Ва бу (яъни, зино) мўминларга ҳаром қилинди» (Нур сураси, 3-оят).
Аллоҳ таоло бу оятдан кейин шундай деди:
«Ўз хотинларига (бузуқ деб) туҳмат қиладиганлар...» (Нур сураси, 6-оят).
Агар зино эр-хотин ўртасини ҳаром қилганида, эр ўз хотинига «туҳмат қилувчи» бўлмас эди. Балки эр ўз хотинига: «Сен зино қилдинг» деса, гўёки «Сен билан бизнинг орамизда никоҳ йўқ» дегандек бўлар эди. Аллоҳ таолонинг «Ўз хотинларига туҳмат қиладиганлар» ояти билан хотинга туҳмат қилиш маъноси маълум бўлгач, зино хотинни эрига ҳаром қилмаслиги аён бўлади.
Худди шу каби, имоннинг ўзи хотинларни эрларга ҳаром қилганида, оятдаги «имтиҳон қилиш» сўзида ҳеч қандай маъно қолмас эди. Ҳижрат қилган аёлларнинг имонлари намоён бўлиб турса ҳам, уларни имтиҳон қилишга амр бўлгач, имон келтиришнинг ўзи эр-хотин ўртасига ҳаромликни солмаслиги, балки унга бошқа шарт ҳам қўшилишини тақозо қилади. Бундан оятга зоҳиран амал қилиш мумкин эмаслиги маълум бўлади. Чунки, оят мутлақлигича қолмайди. Валлоҳу аълам!
Иккинчи далил, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари исломни қабул қилганлар, уларнинг ортидан аёлла-ри мусулмон бўлганлар. Лекин уларнинг бирортасидан никоҳ-ни янгилаб олганлиги ҳақида маълумот келмаган. Эр-хотиндан бири исломни қабул қилиши билан эр-хотин ўртасига ажрим тушганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари албатта никоҳларни янгилаб олган бўлар эдилар.
Кимдир: «Саҳобалар эр-хотин биргаликда мусулмон бўлган бўлишлари мумкин» деб эътироз билдирса, биз унга шундай жавоб берамиз: «Бу ҳолат одатдан ташқари иш бўлиб, кўпинча бундай ҳолат юз бермайди. Чунки эр-хотин бирга сўзма-сўз исломни қабул қиламиз десалар, бу уларга қийинчилик туғдиради. Шундай бўлган тақдирда ҳам, саҳобаларнинг баъзилари хотинидан олдинроқ исломни қабул қилганлар, лекин никоҳни янгилагани ҳақида ривоят қилинмаган. Демак, ажрим исломни қабул қилишнинг ўзи билангина тушмайди (балки бошқа шартлар қўшилади). Валлоҳу аълам!»
Учинчи далил, дорул ислом ва дорул ҳарб ҳамда шунга ўхшаш нарсалар таъсирида ажрим ҳукмининг сабаби ўзгариши саҳоба розияллоҳу анҳулардан ривоят қилинган. Жумладан, Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, эр-хотин дорул ҳарбда бўлсалар, (уларнинг бири исломни қабул қилса) аёл уч ҳайз ўтирмагунча ораларига ажрим тушмайди.
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳудан, бу ҳолатда уларнинг иккиси ҳам, модомики ҳижратда бўлсалар, никоҳлари бузилмаслиги ривоят қилинган. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилиниши-ча, эр-хотиннинг иккиси ҳам дорул ҳарбда бўлишса ва улардан бири исломни қабул қилса, султон иккинчи томонга исломни таклиф қилмагунча, уларнинг никоҳи ўз ҳолича қолади. Саҳобалардан исломни қабул қилишнинг ўзи билан эр-хотин орасига ажрим тушмаслиги, балки бошқа шартлар ҳам қўшилишли-ги ҳақида ривоятлар қилинди. Бошқа саҳобалардан эса бунга эътироз билдирилмаган. Бу эса уларнинг ижмоси ҳисобланади. Шунинг учун бизнинг (ҳанафий) асҳобларимиз саҳобаларнинг сўзини олганлар. Валлоҳу аьлам!
Тўртинчиси, эр-хотиндан бири дорул исломга ҳижрат қилса, икккинчиси дорул ҳарбда қолса, бизнинг наздимизда иккисининг орасига ажрим тушади. Шофеъийлар наздида, эр-хотиндан бири дорул исломда, иккинчиси дорул ҳарбда бўлишлари билан иккиси орасида ажрим тушмайди. У киши айтадики, мусулмон омонлик билан (дорул ҳарбга) кирса, аёлининг никоҳи бузилмайди. Шунингдек, ҳарбий (мусулмон) диёрига омонлик билан кирса, у билан аёли ўртасига ажрим тушмайди. Агар эр-хотин ҳарб диёрида мусулмон бўлсалар, сўнг уларнинг бири ислом диёрига чиқса ораларига ажрим тушмайди. Демак, у кишининг наздида, ажрим бўлиши учун диёрлар ўзгаришининг эътибори йўқлиги маълум бўлди.
Лекин бизнинг наздимизда, юқорида айтиб ўтилган диёрлар ўзгаришининг сурати шуки, эр-хотиннинг бири мусулмон ёки зиммий ҳолатда дорул исломда бўлиб, иккинчиси кофир ҳолатда дорул ҳарбда бўлишидир. Лекин иккиси ҳам мусулмон бўлиб, бири ҳарб, иккинчиси ислом диёрида бўлса, улар (ҳукман) битта диёрда ҳисобланади.
Ушбу оятда биз айтган ҳукмларга бир неча далиллар мавжуд:
Биринчиси, Аллоҳтаоло: «Агар уларнинг мўмина эканликларини билсангизлар, у ҳолда уларни кофирларга қайтарманглар!» деди. Агар диёрлар ўзгариши билан улар орасида эр-хотинлик қолганида, унинг эри ўз хотинига ҳақли бўлар эди ва аёлни динсиз эрига боришидан қайтаришда маъно қолмас эди.
Шунингдек, Аллоҳ таоло оятда: «Булар улар учун ҳалол эмас ва улар булар учун ҳалол эмасдир», деди. Бу билан ҳижрат қилиб келган аёллар ва (уларнинг мушрик) эрлари ўртасида ҳаромликни собит қилди. Ҳалол бўлмаган ўринда никоҳнинг қолиши мумкин эмас. Оятнинг маъноси баҳра олиш ҳаромлигини ифодалаши ҳам мумкин. Лекин никоҳдан асосий мақсад аёлдан фойдаланиш бўлар экан, демак, фойдаланишни ҳаром қилиш билан никоҳ ҳам ҳаром бўлади.
Бундан ташқари, Аллоҳ таолонинг «уларга сарфлаган маҳрларини (эрларига) беринглар!» сўзи ҳам далил бўлади. Унда маҳрни эрига қайтаришга амр қилинмоқда. Агар эр-хотинлик риштаси у иккиси орасида қолганида, эр маҳрни қайтариб олишга ҳақли бўлмасди. Чунки эр аёлнинг аъзоси ва унинг бадали (маҳр)га ҳақли бўлиши жоиз эмас.
Шунингдек, Аллоҳ таолонинг: «Қачонки, уларга маҳрларини берсангизлар, уларни никоҳингизга олишда сизларга гуноҳ йўқдир» сўзи ҳам (далил бўлади). Аввалги никоҳ ораларида қолганида эди, мусулмон киши ислом диёрида у аёлга уйланиши жоиз бўлмас эди.
Яна бир далил шуки, Аллоҳтаоло: «Сизлар кофираларнинг никоҳ битимларини ушлаб турманглар!» деди. «Бу аёлларнинг динсиз эрлари билан никоҳлари бор», деб ўйлаб, уларга уйланмаслигимиздан Аллоҳ бизларни қайтарди». Демак, диёрларнинг ўзгариши билан уларнинг ораларига ажрим тушади.
Биз айтиб ўтган нарсага яна бир ақлий далил бор. Уламолар аёл киши асир олинса, унинг эри билан никоҳига ажрим тушади ва покланганидан сўнг асирга олувчи уни никоҳига олиши ҳалол бўлади, деб ижмо қилганлар.
Аёл исломни қабул қилиши билан эри билан ўзи ўртасига ажрим тушишига келсак, жумҳур фақиҳлар шунга иттифоқ қилганларки, аёл эри билан қўшилган бўлса, исломни қабул қилишнинг ўзи билан ажрим тушмайди. Балки унга бошқа шарт қўшилиши ёки асирга олувчининг мулкига айланиши билан бўлади. Аслида, мулкига кириш никоҳга монелик қилмайди. Эътибор қилсангиз, чўри аёлга янгидан ақд қилиш мумкин ҳисобланади. Шунинг учун ҳам чўри сотиб юборилса ва сотиб олувчининг мулкига кирса ҳам, аввалги никоҳига ажрим тушмайди. Шунингдек, киши вафот этса ва никоҳига олган чўрисини мерос қилиб қолдирса, чўри меросхўрларга мулк бўлади, лекин никоҳ бекор бўлмайди. Ушбу икки ҳолатда ҳам ажрим тушмас экан, демак диёрларнинг ўзгариши сабаби қолди, холос. Демак, асирга тушган аёлда ажримнинг сабаби диёрнинг ўзгаришидир. Диёрнинг ўзгариши эса ҳижрат қилган аёлда топилади. Валлоҳу аълам!
Улар Икриманинг Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан нақл қилган: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари Зайнабни Абул Ос ибн Рабиъга бир неча йилдан сўнг биринчи никоҳ билан қайтарганлар», деган ривоятини далил қилиб, Зайнаб Мадинага ҳижрат қилганида, унинг эри Маккада мушрик бўлиб қолган. (Бир неча йил ўтиб Пайғамбаримизнинг куёви исломни қабул қилганидан сўнг) Пайғамбаримиз уни биринчи никоҳ билан қайтарганлар. Демак, диёрларнинг ўзгариши билан ажрим тушмайди», десалар, биз жавобан айтамизки, ушбу ривоятни ҳужжат қилиш бир неча сабабларга кўра тўғри эмас:
Биринчидан, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қизларини олти йилдан сўнг қайтарганлар. Фақиҳлар ўртасида уч ҳайз ўтганидан сўнг аввалги никоҳ билан кайтариб бўлмаслиги борасида ихтилоф йўқ. Шунингдек, одатда уч ҳайз олти йил чўзилмаслиги ҳам маълум. Демак, бу ривоят ҳужжат қилишга ярамайди.
Иккинчидан, Икрима розияллоҳу анҳу эридан аввал исломни қабул қилган яҳудий аёл ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳу-нинг: «У аёл ўзига хўжайиндир», деган сўзларини ривоят қилган. У кишининг мазҳабига кўра, аёл исломни қабул қилиши билан ажрим тушади. Ровийнинг ўзи ривоят қилган нарсанинг зиддига амал қилиши, нақл қилган ривояти мансухлигига далилдир. Чунки Ибн Аббоснинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хилоф қилиши тасаввур қилинмайди.
Учинчидан, Амр ибн Шуайб отасидан, у бобосидан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари Зайнабни Абул Осга иккинчи никоҳ билан қайтарганлар». Ушбу ва юқоридаги ривоят ўртасида зиддият ҳосил бўлгани учун ҳадисни ҳужжат қилиш бекор бўлди.
Биз келтирган ривоятнинг қувватли экани шундаки, Икрима розияллоҳу анҳу келтирган ривоятда Расулуллоҳнинг қизлари Зайнаб Абул Ос мусулмон бўлганидан сўнг унинг хотини бўлгани айтилмокда. Лекин иккинчи никоҳ ҳақида маълумот йўқ. Амр ибн Шуайбнинг ривоятида эса Абул Ос исломни қабул қилгандан сўнг иккинчи никоҳ билан хотинликка қайта олгани айтилмокда. Бу ривоят олдингисидан устунроқ бўлади. Чунки биринчи ривоят зоҳирий ҳолатдан хабар берса, иккинчи ривоят эса, ровий билган янги маъно ҳақида хабар беради.
Бунга бошқа мисол шуки, биз Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маймунага эҳромли ҳолда никоҳландилар», деган ҳадисини Язид ибн Асамнинг «У зот Маймунага эҳромсиз ҳолда уйланганлар» деган ҳадисидан устун қўйдик (таржиҳ қилдик). Чунки Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ҳадислари янги ҳолат ҳақида хабар берса, иккинчи ривоят зоҳирий ҳолат ҳақида хабар беради. Шунда, аввалги ривоят иккинчисига нисбатан устун бўлади. Биз кўраётган мавзуда ҳам худди шундайдир.
Бундан бошқа яна бир мисол: Барира озод қилинганида, унинг эри ҳурлиги тўғрисидаги ҳадис эрининг қуллиги ҳақидаги ҳадисдан устундир. Чунки у янги ҳолатни ифодаламокда, иккинчиси эса зоҳирий ҳолат ҳақида хабар бермокда. Биринчи ҳадис устунроқ бўлади. Юқоридаги ривоятлар ҳам худди шу кабидир.
Тўртинчидан, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздида, ҳижрат қилган аёл идда ўтирмайди, имомайн (Абу Юсуф ва Муҳаммад) наздларида эса идда ўтиради. Ушбу оят Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ (ижтиҳоди)га бир қанча томондан далил бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло «Агар уларнинг мўмина эканликларини билсангизлар, у ҳолда уларни кофирларга қайтарманглар!» деди. Оятда биринчи эрига қайтариб юборишдан қайтарилмоқда. Агар унга идда ўтириш лозим бўлганида, эри идда учун уйига қайтариши лозим бўлар эди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган:
«Уларга (талоқ иддасини сақлаётган хотинларингизга) ўзларингиз маскан тутган жойдан жой беринглар» (Талоц сураси, 6-оятў Бу ҳолатда эрлар қандай қилиб, идда сақлаётган хотинларига ўз уйларидан жой беришга буюрилиши мумкин? Ахир, Аллоҳ таоло улар ҳақида: «у ҳолда, уларни кофирларга қайтарманглар!» дегач, уларнинг идда ўтирмасликлари маълум бўлди. Шунингдек, Аллоҳ таоло: «Уларни никоҳларингизга олишда сизларга гуноҳ йўқдир», деди. Аллоҳ таоло оятда иддани айтмай, уларнинг никоҳига мутлоқ рухсат берди. Яна Аллоҳ таоло: «Сизлар кофираларнинг никоҳ битимларини ушлаб турманглар!» деди. Агар аёлга идда ўтириш вожиб бўлганида, никоҳ битими боқий қолган бўлар эди. Зеро, Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:
«Сизлар учун уларнинг зиммасида санайдиган иддаси йўқдир» (Аузоб сураси, 49-оят). Аллоҳ таоло эрнинг ҳақи учун иддани қандай қилганига қаранг! Борди-ю, эрнинг аёлда ҳаки бўлганида, албатта, у эрнинг никоҳида бўлар эди.
Аллоҳ таолонинг «Сизлар кофираларнинг никоҳ битимларини ушлаб турманглар!» сўзи никоҳ битими бузилишини тақозо қилади. Эр-хотин ўртасида никоҳни қолдириш иддани вожиб қилгач ва Аллоҳ таоло бундан қайтаргач, никоҳни аёлдан буткул кесиб, идда ундан соқит қилинади. Валлоҳу аълам!
Шунингдек, уламолар аёл асирга тушса, эр-хотин ўртасидаги никоҳ битими бузилиб, аёлдан идда соқит бўлишига ижмо қилганлар. Мулк иддани соқит қиладиган сабаб эмас, лекин у иддани бузишга сабабдир. (Ҳарб диёридан) ҳижрат қилиш ва асирга олиниш билан идда соқит бўлса ва асирлик иддани тақозо қилмаса, демак, диёрларнинг ўзгариши ҳам иддани соқит қилишга далил бўлади. Валлоҳу аълам!
Бешинчидан, бу оятда Қуръондаги баъзи ҳукмлар инсонлар амал қилмагани сабабли насх қилиниши мумкинлигига далил бор. Зеро, Аллоҳ таолонинг: «Уларга сарфлаган маҳрларини (эрларига) беринглар!» ва «Узларингиз сарфлаган маҳрни талаб қилинглар ва улар ҳам сарфлаган маҳрларини талаб қилсинлар!» оятларига амал қилиш ҳеч қандай оят ва ҳадисга асосланмай, тарк этилмокда. Инсонлар мазкур оят ҳукмига амал қилишни тарк этишга ижмо қилганлари сабабли ҳукм тарк этилмоқда. Шу ва унга ўхшаш, яъни муаллафатил қулуб масалалари урф ҳукмидадир. Бундай оятлар ҳукмининг мавжудлиги қандайдир хос маънога кўра бўлиб, кейинчалик у маъно йўқолган.
Аммо маъносини ақл идрок қилмайдиган ҳукмларда Китобга амал қилиш вожиб бўлади. Бундай ҳукмларга амал қилиш инсонлар тарк қилганлиги сабабли тарк қилинмайди. Инсонлар уни қилмасликка ижмо қилишлари жоиз эмас ва бундай ҳукмларда қилинган ижмо тўғри бўлмайди.
Баъзи асҳобларимиз айтадиларки, мазкур оятнинг ҳукми Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти ҳамда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадиси билан насх қилинган:
«Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангизлар! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бундан мустасно» (Нисо сураси, 29-оягп).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон кишининг моли, фацат у рози бўлиб берсагина, уалол бўлади» дедилар (Имом Аумад ривоятй). Валлоҳу аълам!
Олтинчидан, Аллоҳ таолонинг «Ўзларингиз сарфлаган маҳрни талаб қилинглар ва улар ҳам сарфлаган маҳрларини талаб қилсинлар!» оятида биз мусулмонлар билан ғайридинларнинг моллари ҳукмда тенг қилинганига далолат бор. Шунингдек, дорул ҳарбдан ўлжа сифатида олинган молу давлатга эга бўлишимизга ижмо қилинган. Шунингдек, мушриклар ҳам бизларнинг молу давлатмизни ўлжа сифатида олсалар, унга эгалик қилишлари вожиб бўлади.
Аёллар имон келтириб, биз томонга ҳижрат қилишса, эрларига ҳаром бўлишларининг ўзида ҳукмлар турлича эканига далолат бордир. Шунга кўра, ҳар иккисининг дорул ҳарб ёки дорул исломда қолдирган мулки ўша диёрдагиларнинг ўлжасига айланади. Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Маккадан Мадинага ҳижрат қилганларида ортда қолдирган мол-мулкларини Макка фатҳидан кейин қидирганликлари ҳақида бирор ривоят нақл қилинмаган. Маълум бўладики, у бойликлар ёки кимгадир мерос бўлиб қолган бўлиши керак ёки маккаликларга ўлжа бўлиб ўтган бўлиши ҳам мумкин. Мусулмон ва кофир ўртасида мерос олиш ёки бериш мумкин эмас. Демак, мерос қолдириш мумкин бўлмагани боис, ўз-ўзидан иккинчи йўл, яъни мулк ўлжа сифатида маккаликларга қолгани аён бўлади. Валлоҳу аълам!
Еттинчидан, Аллоҳ таолонинг «Бу Аллоҳнинг ҳукмиднр. У сизларнинг ўртангизда ҳукм қилур» ояти душманлар ўртасида ҳам адолат қилиш вожиблигига далилдир. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари ҳам далил бўлади:
«Бир қавмни ёмон кўришингиз уларга тажовуз қилишингизга ундамасин! Адолат қилинг!» (Моида сураси, 8-оят).
«Сизларни Масжидул Ҳаромдан тўсгани учун бир қавмни ёмон кўришингиз уларга тажовуз қилишингизга ундамасин!» (Моида сураси, 2-оят).
Аллоҳ таоло бу ўринда «Узларингиз сарфлаган маҳрни талаб қилинглар ва улар ҳам сарфлаган маҳрларини талаб қилсинлар!» деб, биз билан уларнинг бойликларини тенг кўрди. Бу эса айни адолатдир. Гўёки Аллоҳ таоло бундай деди: «Бу сизлар ва душманларингиз ўртасида адолат қилишингиз борасидаги буйруқ ва ҳукмдир. Аллоҳ сизлар билан душманларингиз ўртасида ҳукм қилади. Душманчилик сизларни уларга нисбатан адолатсизликка ундамаётганини душманлар билсалар, бу ҳолат уларни ўзаро дўстлик ва муҳаббатга ундайди. Шунингдек, улар сизларнинг хоҳишларингизни бир четга суриб, адолат ва тенглик томон юрганингизни ҳамда бу ҳолат ўзингиздан эмас, балки Аллоҳ таолодан эканини билсалар, бу уларни исломга тарғиб ва ташвиқ қилади». Гўёки Аллоҳ таоло бундай демоқда: «Аллоҳ таолонинг адолат қилишга буйруғи, адолатни душманларни исломга тарғиб қилишга, дўстликка ундашига сабаб қилиши - У Зотнинг ҳукмидир. Аллоҳ сизларнинг ўртангизда ҳукм қилади».
«Аллоҳ барча нарсаларни билувчи ва ҳикматли зотдир», яъни буюрилган адолат ва тенгликни «билувчи», тадбирида хатога йўл қўймайдиган «ҳикматли»дир. Демак, оят кофирлар ўртасида адолат вожиблигига далил бўлади. Тавфиқ Аллохдандир!
Саккизинчидан, оятда аёллар диндан қайтиб, муртад бўлсалар, ўлдирилмасликларига далолат бор. Шунинг учун ҳам оятда: «Агар уларнинг мўмина эканликларини билсангизлар, у ҳолда уларни кофирларга қайтарманглар!» дейилди. Демак, мусулмонлар уларни мўмина деб билмасалар, ораларидаги сулҳга кўра, уларни кофирларга қайтариб юборадилар. Маълумки, аёллар имон келтирганликларини маълум қилганларидан сўнг, кофирларга қайтарилсалар, улар муртад ҳисобланган бўладилар. Борди-ю, муртад аёлнинг ҳукми ўлдирилиш бўлганида, мусулмонларга уларнинг муртадлиги маълум бўлганида, кофирларга қайтармай, ўзлари қатл қилган бўлар эдилар. Аёлларнинг муртад эканликларини мусулмонлар била туриб, уларни ортга қайтариб юборишлари Исломда муртад аёл ўлдирилмаслигига далил бўлади. Валлоҳу аълам!
12. Эй Пайғамбар, агар мўминалар сизнинг олдингизга келиб, Сизга ўзларининг Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмасликларига, ўғирлик қилмасликларига, зино қилмасликларига, ўз болаларини ўлдирмасликларига, қўллари ва оёқлари орасида тўқиб оладиган бўҳтонни келтирмасликларига ҳамда бирор яхши ишда Сизга итоатсизлик қилмасликларига байъат қилсалар, Сиз уларнинг байъатларини қабул қилинг ва улар учун Аллоҳдан мағфират сўранг! Албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир.
Аллоҳ таолонинг «Эй Пайғамбар, агар мўминалар сизнинг олдингизга келиб... байъат қилсалар» ояти тафсирига келсак, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам замонасида байъат ва ҳижрат қилиш вожиб бўлган. У иккисининг маъноси бугун ҳам вожибдир. Сабаби шуки, ҳижрат Маккадан Мадинага қилинган. Саҳобалардан бирор киши исломни қабул қилиб, кофирлар орасида яшаса, улар туфайли динига путур етишидан хавф қилар эди. Шунингдек, исломни қабул қилган киши шариат илмлари ва ҳукмларини билишга муҳтож бўлади. Бугун Маккадан Мадинага ҳижрат қилиш ҳукми бекор бўлди. Дорул ҳарбдан бирортаси исломни қабул қилиб, кофирлар сабабли динига путур етишидан қўркса, динини ҳимоя қилиш ва шариат илмини ўрганиш учун у ердан дорул исломга ҳижрат қилиши керак бўлади.
«Байъат»нинг аёлларга нисбатан маъноси ғайридинларни исломга тарғиб қилишдир. Эркакларга нисбатан эса, динсизларни исломни қабул этишга ундашдир. Сабаби, аёллар байъатда гўзал хулқ ва яхши амалларга буюриладилар. Ислом дини яхши амалларга буюришини ғайридинлар билсалар, бу уларни исломга чорлайди. Эркакларнинг байъати Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғалабасига ёрдам бериш ва бирга жанг қилиш маъносида бўлган. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмасликларига... байъат қилсалар» сўзи эътиқодда ҳам, муомала масалаларида ҳам ширк келтирмасликка қаратилган. Аллоҳ таолонинг «ўғирлик қилмасликлари» сўзи «ҳар қандай мулкка хиёнат қилиш ва барча ибодатларда камчиликка йўл қўйишдан қайтариш» маъносини ўз ичига олади. Шунинг учун ҳам намоз ўғрисини «ўғриларнинг ўғриси» дейилади.
Аллоҳ таолонинг «зино қилмасликлари» ояти ҳақиқий зино маъносини англатиши мумкин. Шунингдек, у ҳақиқий зино ва унга олиб борувчи нарсалар бўлиши ҳам мумкин. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки кўл ҳам зино қилади, икки кўз ҳам зино қилади, икки оёқ ҳам зино крлади, жинсий аъзо эса, уни тасдицлайди ёки ёлгонга чиқаради» деганлар.
Аллоҳ таолонинг «қўллари ва оёқлари орасида тўқиб оладиган бўҳтонни келтирмасликлари» деган сўзи «чақимчилик қилишдан қайтариш» маъносида бўлиши мумкин. Чақимчилик - икки аёлдан бири дугонаси ҳақида чақимчилик қилади, натижада ўртадаги ришта узилишига сабаб бўлади.
Ёки оят «фарзанди зинодан бўлганини билатуриб, аёллар уни эрига нисбатини беришларидан қайтариш» маъносида бўлиши мумкин. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан шу маъно ривоят қилинган.
Аллоҳ таолонинг «бирор яхши ишда Сизга итоатсизлик қилмасликлари...» сўзидаги «маъруф» (яхши иш) сўзи «ал-амру бил маъруф»даги «ал-амр» сўзига нисбат берилган бўлиши мумкин. Чунки у наҳий мункар орасидаги нарсадир. Аллоҳ таоло «бирор яхши ишда Сизга итоатсизлик қилмасликлари...» ояти орқали аёлларни қайтариқлардан тийилишга ва Расулуллоҳнинг кўрсатмаларига итоат этишга буюрмоқда. Бу ҳакда Аллоҳ таоло шундай деган:
«(Улар) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар» (Тавба сураси, 71-оят).
Аллоҳ таолонинг «Сиз уларнинг байъатларини қабул қилинг» оятида ҳижрат қилган аёлларга айтилганидек, «уларни имтиҳон қилинг», деб айтмади. Бизнингча, унинг икки сабаби бор:
Биринчиси, Аллоҳ таоло бу ерда имтиҳон қилиш йўлини: «Аллоҳга бирор нарсани шерик килмасликларига, ўғрилик қилмасликларига, зино қилмасликларига...» деб баён этди, натижада «имтиҳон» сўзига ҳожат қолмади.
Иккинчиси, ҳижрат қилган аёллар дорул ҳарбдан келган, шаръий ҳукмни билмайдиган ва имтиҳонга ҳожатманд эдилар. Лекин байъат қилган аёллар дорул исломда, шаръий ҳукмларни билганлари учун бу ўринда «имтиҳон» сўзи зикр қилинмади.
Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «улар учун Аллохдан мағфират сўранг!» ояти (мўминни) гуноҳи кабира имондан чиқармаслигига далил бўлади. Чунки у аёллар мазкур чегараларни бузганликлари боис оятда: «уларга мағфират сўранг» дейилмоқда. Агар улар бу билан имондан чиққанларида Аллоҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни (улар учун) «истиғфор сўраш»га буюрмаган бўлар эди. Истиғфор - мағфират сўраш. Кечириб бўлмас гуноҳ содир этганлар борасида Аллоҳ таолодан мағфиратини сўраш жоиз эмас. Демак, қайд қилганимиздек, гуноҳи кабира кишини имондан чиқармайди. Валлоҳу аълам!
13. Эй имон келтирганлар, Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавм билан дўстлашмангизлар! Кофирлар қабр эгалари(нинг қайта тирилишлари)дан ноумид бўлганларидек, улар ҳам охиратдан ноумид бўлгандирлар.
Аллоҳ таолонинг «Эй имон келтирганлар, Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавм билан дўстлашманглар!»(Бу оят яҳудийлар ҳақида бўлиши мумкин. Чунки Аллоҳ таоло уларга ғазаб қилган.) ояти хусусида. Аллоҳ таоло ушбу оятда гўё, Унинг ғазабига учраганларга ғазаб қилишимизга, душман тутганларга душман бўлишимизга ва дўст тутганларни дўст тутишимизга амр қилмокда.
Аллоҳ таолонинг «Улар худди ғайридинлар қабр эгаларидан ноумид бўлганларидек, улар ҳам охиратдан ноумид бўлгандирлар» оятининг икки таъвили бор. Биринчиси, яҳудийлар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Тавротдаги сифатларини ўзгартирдилар. «Худди ғайридинлар қабр эгаларидан ноумид бўлганларидек», Аллоҳ таоло ҳам яҳудийларни охиратдаги мукофотдан ноумид қилгани Тавротда бор эди.
(Иккинчиси,) ушбу оят «қабрдаги ғайридинлар Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлишганидек, улар ҳам Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлдилар», деган маънони англатиши мумкин. Валлоҳу аълам!