loader

059. Ҳашр сураси

 (Мадинада нозил бўлган, 24 оятдан иборат.)
Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. Осмонлар ва ердаги барча нарсалар Аллоҳни поклаб ёд этди. У Зот Азиз ва Ҳакимдир.
Тасбеҳнинг маъноси ҳамда унинг кўринишлари баёни юқорида ўтди (Ҳадид сураси 1-оятининг таъвилида.).
У Зот Азиз ва Ҳакимдир. «Азиз» - ғолиб ва қаҳр қилувчи зот. Бир нақлда шундай дейилган: «У Азиздир, чунки Ўзи яратган ҳар бир нарсада хорлик ва муҳтожлик аломатини яратиб қўйган».
«Ҳаким» исмининг икки маъноси бор: ишни пухта қилиш ҳамда ҳикмат. Пухта қилиш дегани шуки, Аллоҳ таоло нарсалар турфа хил ва бир-бирига зид бўлишига қарамай, уларни пухта қилиб яратгани учун улар У Зотни ягона деб шоҳидлик беради. У Ҳакимдир, чунки У Зот нарсаларни ўз ўрнига қўйган ва улар учун муносиб ўрин яратган.
Нарсалар ва иш-ҳаракатлар ҳосил бўладиган негизлар учтадир: киёнот, табиатлар ва ақллар.
Киёнотлар нутфа каби нарсалар бўлиб, улар ўзининг моддалари билан туташадиган бўлса, ундан инсон пайдо бўлишга яроқли бўлади. Шунингдек, бунга сув каби нарсалар ҳам мисол бўлиб, у билан ҳар бир нарса тирик ва салоҳиятли бўлади.
Табиатлар эса инсонларнинг ичида яратилиб, улар туфайли яхшиликлар ва манфаатлар сари мойил бўладилар, ёмонликлар ва зарарлардан сақланадилар.
Ақллар эса унинг ёрдами билан инсонлар ўз ишларининг оқибатларини идрок қилишлари учундир.
Сўнгра Аллоҳ таоло инсонларга мана шу нарсалардан ҳосил бўладиган жиҳатларни ҳам ўргатди. У Ҳаким Зот бўлиб, биз баён қилиб ўтган негизларни яратди ва бандаларга улар туфайли ҳосил бўладиган сабабларни ҳам таълим берди. Валлоҳу аълам!

2. У Зот аҳли китобдан бўлган кофирларни ўз диёрларидан биринчи ҳашрга чиқарди. Уларни чиқади деб ўйламаган эдингиз. Ўзлари ҳам қўрғонимиз бизни Аллоҳ (азоби)дан сақлаб қолади, деб ўйлашарди. Аллоҳ улар ўйламаган тарафдан олди ва уларни қалбига қўрқинч солди. Уйларини ўз қўллари билан ва мўминларнинг қўллари билан буза бошладилар. Ибрат олинг, эй ақл эгалари!
«У зот аҳли китобдан бўлган кофирларни ўз диёрларидан биринчи ҳашр учун чиқарди». Ҳасан Басрий: «Улар (аҳли китоблар) Бану Қурайза қабиласидир»(Қуртубий ривояти.), деган. Бошқа муфассирлар эса уларни Бану Назир қабиласи деганлар ва бу гап ҳақиқатга яқинроқдир.
Оятдаги «чиқариш» ишининг Аллоҳга нисбат берилиши икки хил тушунилади. Биринчиси, Аллоҳ уларни чиқиб кетишга мажбур қилгани учун чикариш иши У Зотга нисбат берилди. Бунга Аллоҳ таолонинг:
«Қачонки, уни кофирлар (ватанидан) чиқариб юборган-ларида...»,(«Агар сизлар унга (Муҳаммадга) ёрдам қилмасангиз, Аллоҳ (Ўзи) унга ёрдам қилган. Қачонки, уни кофирлар икки кишининг бири сифатида (ватанидан чиқариб юборганларида...» (Тавба сураси, 40-оят).) деган сўзи мисолдир.
Иккинчиси, уларнинг ўз диёрларидан чиқишларини Аллох таоло яратгани учун «яратиш» ҳукми билан чиқаришни Узига нисбат берган. Феълни Аллоҳ таолога нисбат беришдаги қоида шуки, уни ҳақиқий маънода ҳам, сабабчи қилиш маъносида ҳам У Зотга нисбат бериш жоиздир. Аммо халойиқларга келсак, сабабчи бўлиш эътиборидангина феъл уларга нисбат берилади. қодир бўлиш эътиборидан эмас. Валлоҳу аълам!
«Биринчи ҳашрга...». Муфассирлар бу борада турли таъвиллар айтганлар. Айримлар «биринчи ҳашр» уларни Шомга чиқариб юбориш, иккинчи ҳашр эса, қиёматдаги тўплашдир. деганлар. Яна айримлари «биринчи ҳашр» - аҳли китобларни тўплаб, Араб ерларидан чиқариб юбориш, иккинчи ҳашр эса уларни Умар розияллоҳу анҳунинг Шомга чиқариб юборган вақтидагисидир, деганлар.
«Уларни чиқади деб ўйламаган эдингиз». Яъни: Эй мўминлар, сизлар уларнинг ўз диёрларидан чиқиб кетишлари у ёқда турсин, улардан ғолиб келишингизни ҳам ўйламаган эдингиз. Бироқ бу Аллоҳнинг сизларга қилган марҳамати ва берган неъматидир.
«Узлари ҳам қўрғонимиз бизни Аллоҳ (азоби)дан сақлаб қолади, деб ўйлашарди»(Бу оят таъвилидаги чигаллик шундаки, «Кофирлар қандай қилиб ўзларининг қалъаларини Аллоҳ (азоби)дан тўсувчи деб ўйлаганлар?» - деб сўралиши мумкин (Шарҳ ат-Таъвилот).). Бирор киши бу ўйни хаёлига келтириши эҳтимоли йўқ. Бизнинг фикримизча, бундаги маъно икки хил бўлиши мумкин, яна ҳам Аллоҳ билувчироқ: Биринчиси, улар ўйлаганларки, Аллоҳ таоло уларга куч-қувват ва қалъалар бергани учун, Унинг ҳукми уларни ўз диёрларидан чиқиб кетишларига олиб борадиган даражага етмайди. Чунки улар аҳли китоб бўлишган. Улар: «Биз Аллоҳнинг ўғиллари ва ҳабибларимиз» (Моида сураси, 18-оят) деб, ўзларини бошқалардан кўра, Аллоҳга ҳақлироқ деб билишган. Оятдаги «Аллоҳдан» деган ибора «Аллоҳнинг ёрдами ва амри билан», деган маънода бўлади. Бунга мисол ушбу оятдир:
«Унинг олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб этувчилар бўлиб, улар Аллоҳнинг амри билан уни муҳофаза қилиб турурлар» (Раъд сураси, 11-оят). Юқоридаги оят ҳам худди шу асосда бўлади.
Иккинчиси, улар қалъалари ва куч-қувватлари Аллоҳнинг дўстлари улардан ғолиб келишларига ёки Аллоҳнинг дини улар орасида пайдо бўлишига монелик қилади, деб ўйлаганлар. Валлоҳу аълам!
«Аллоҳ улар ўйламаган тарафдан олди». Яъни Аллоҳ уларнинг дилларига мўмин ҳам, кофир ҳам ҳисобга олмаган томондан қўрқинч солиб қўйди. Чунки мусулмонлар ўзлари оз, душманлари кўп сонли бўлишларига қарамай, уларни енгиб, улардан ғолиб келишларини ўйламаган эдилар. Шунингдек, кофирлар ҳам ўзлари куч-қувватли, қалъалари мустаҳкам бўлишига қарамай, енгилиб, мағлуб бўлишларини ўйламаган эдилар. Токи Аллоҳ таоло мўминларга кофирларнинг дилларига қўрқинч солиб қўйиш орқали неъмат берди. Бу - Аллоҳ таоло томонидан мўминларга қилинган улкан марҳаматдир. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таоло айтади:
«Шунда Аллоҳ(нинг ҳукми) уларнинг бинолари пойдево-рига келди» (Наҳл сураси, 26-оят).
«Ва Раббингиз (ҳукми) ва фаришталар саф-саф бўлиб келганида...» (Фажр сураси, 22-оят).
«Аллоҳ таоло(нинг амри) уларга соябон булутлар остида келганида...» (Бақара сураси, 210-оят) ва ҳоказолар каби муташобиҳ (Бир неча маъноларни англатиш эҳтимоли бўлган, асл маъносини фақатгив» Аллоҳ таоло биладиган сўзлар, оятлар.) сўзлар билан келган оятларни учта маънодан бирига-кўра талқин қилинади.
Биринчиси ҳақида шундай деймиз: «Мазкур оятлардаги у ва сўзларидан мурод Аллоҳ таоло феълининг нишоналари келишидир. Шунда Аллоҳ таолога ушбу ишларни изофа қилиш жоиз бўлади. Масалан, «Намоз - Аллоҳнинг амридир», деб айтилади. Ваҳоланки, намоз Аллоҳ амрининг айнан ўзи эмаслигини, аммо Унинг амри нишонаси эканини биламиз. Шунингдек, «ёмғир Аллоҳ таолонинг раҳмати», яъни раҳматининг нишонасидир, дейилади. Худди шу сингари кофирларга Аллоҳ таолонинг ҳукми, тадбири ва феълининг нишонаси бўлмиш азоб тушган пайтда ҳам, ушбу феълнинг ҳақиқатини ҳам Аллоҳга нисбат бериш жоиздир». Валлоҳу аълам!
Иккинчи талқинга кўра шундай деймиз: Ана шу феъллар гапнинг давоми билан боғланган ҳолда келса, ундан ўша гапнинг давоми ирода қилиниши жоиздир. Бу феълни мажозий маънода, одамларнинг амалларини айнан ўзлари қилмоқчи бўлган пайтларидаги одатларига кўра, У Зотга нисбат бериб гапирилади, холос. Унинг изоҳи ва баёни шуки, Аллоҳ таоло бундай деган:
«Бас, Аллоҳ уларнинг биноларини пойдеворидан йиқитди. Шифт уларнинг устига қулаб тушди» (Наҳл сураси, 26-оят). Бундан мақсад гапнинг давомида келаётган маъно, яъни шифтнинг улар устига қулашидир.
«Аллоҳ улар ўйламаган тарафдан олди ва уларнинг қалбига қўрқинч солди» ояти ҳам худди шундайдир. Демак, бундан мақсад қилинган маъно уларнинг дилларига қўрқинч солишдир. Шунингдек, қуйидаги оятларда ҳам:
«Ва Раббингиз (ҳукми) ва фаришталар саф-саф бўлиб келганида...» (Фажр сураси, 22-оят),
«Сўнг, У(нинг тадбири) осмонга истиво қилди» (Бақара сураси, 29-оят), яъни Ернинг манфаатлари самонинг манфаатлари билан туташганлиги эътиборидан Унинг тадбири (еру осмонни) эгаллади. Шу ва шунга ўхшаш оятлар худди биз айтгандек тушунилади. Валлоҳу аълам!
Учинчисига кўра айтамиз: Бу каби сўзлар - маъноси муштарак бўлган исмлардир. Шу тариқа келган лафзларни махлуқотларга ўхшатмаслик эътибори билан Аллоҳ таолога нисбат бериш жоиздир. Ахир кўрмайсизми, «тун келди», «кун кетди» ва ҳоказо деб айтилади. Бунда эса уларнинг намоён бўлиши ва шу каби бошқа маънолар назарда тутилган бўлади.
«Уйларини ўз қўллари билан ва мўминларнинг қўллари билан буза бошладилар». Бу оят шунга далолат қиладики. мусулмонлар учун аҳли ҳарб (мўминлар билан уруш ҳолатида бўлиб турганлар)нинг мол-мулкларига, модомики, у ерда асирга олиш бўлмагунча, эгалик қилиш ҳуқуқи вужудга келмайди. Чунки Аллоҳ таоло хабар бериб, мўминлар кофирларнинг уйларини бузаётганларини айтмокда ва ғалаба мусулмонлар томонида бўлишига қарамай, мулкни (уйларини) кофирларга нисбат бериб зикр қилмоқда. Бинобарин, бу оятда биз айтган нарсага далолат бордир. Валлоҳу аълам!
«Ибрат олинг, эй ақл эгалари!». Бу оятда икки таъвил-нинг эҳтимоли бор. Биринчиси, уни мусулмонларга буриб. «Ибрат олинглар, эй мусулмон ақл эгалари! Чунки сизлар эътибор қилсангиз, Аллоҳ таоло кофирларни ўз диёрларидан чиқариб юбориш билан сизларга неъмат берганини англайсиз. Чунки бу ишга сизларнинг қудратингиз етмас эди», деб маъно беришдан иборат.
(Иккинчиси,) оятнинг маъноси қуйидагича бўлиши хам мумкин: «Ибрат олинг, эй аҳли китоб ақл эгалари! Чунки бу нарса сизларга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши иттифоқингиз фойда бермаслигини билдиради ва шунга далолат қилади. Зеро, бу нарса Маккага чиқиб, мушриклар билан иттифоқ қилганларга ҳам фойда бермади». Валлоҳу аълам!

3. Агар Аллоҳ уларга кўчишни ёзмаганида ҳам, бу дунёда уларни азоблар эди. Уларга охиратда дўзах азоби бордир.
Яъни агар Аллоҳ Лавҳул-маҳфузда уларга сургун қилинишни ёзмаганида, албатта, уларни мана шу дунёда қатл қилиниш билан азоблаган бўлар эди.
«Уларга охиратда дўзах азоби бордир». Аллоҳ таоло буни куфрда вафот этишларини билган қавмлар ҳақида айтган. Улардан бирортаси мусулмон бўлиб вафот этгани ривоят ҳам қилинмаган. Демак, бу оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу нарсадан ўз-ўзларича эмас, балки ваҳий орқали хабардор бўлганларига далолат бор. Валлоҳу аълам!

4. Бу нарса улар Аллоҳга ва Унинг Расулига душманлик қилганлари сабабидандир. Кимки Аллоҳга душманлик қилса, албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ Зотдир.
«Бу нарса улар Аллоҳга ва Унинг Расулига душманлик қилганлари сабабидандир». Бу оятни уч хил талқин қилиш мумкин. Биринчиси: «Бу нарса, яъни охиратдаги ўша азоб улар Аллоҳ ва Унинг Расулига душманлик қилганлари учундир». Иккинчиси, «Уларнинг устидан ғолиб бўлишингиз улар Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига душманлик қилишларини У Зот билгани учундир». Учинчиси, «Аллоҳ таолонинг уларни ўз диёрларидан сургун қилиши улар Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига душманлик қилганлари сабаблидир».
[ал-мушааққоту], [ал-муъодоту], [ал-муҳаадда-ту] ва [ал-мудооддату] сўзларининг барчаси бир - душманчилик қилиш маъносидадир.
«Кимки Аллоҳга душманлик қилса, албатта, Аллоҳ - азоби қаттиқ Зотдир». Бу оят такдим ва таъхир услубида(Такдим ва таъхир: араб тили грамматикасига кўра, жумлаларда келган сўзнж ўз рутбасидан ўзгартиришдир. Масалан, фоил (аниқлик нисбатидаги сифатдош мафъул (мажҳул нисбатдаги сифатдош)дан, мубтадо (эга) эса хабар (кесим)дан олдин келиши лозим. Агар гап ана шу тартибнинг аксича бўлса, унда тақдим ва таъхир бор, дейилади.) келган бўлиши эҳтимоли бор. Шунга кўра: «Албатта, Аллоҳ ва Унинг Расулига душманлик қилган кишилар учун Аллоҳ азоби қаттик Зотдир», деб айтилади.
Ёки бу ерда тақдирий сўз бўлиши ҳам мумкин. Аллоҳ таоло гўё: «Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига қарши турган кишилар учун Менинг азобим қаттикдир», демокда.

5. Сизнинг хурмони кесишингиз ёки аслида тик қолдирганингиз фақат, Аллоҳнинг изни билан ва фосиқларни хорлаши учун бўлди.
Яҳудийлар мусулмонларга нидо қилиб, «Сизлар Аллоҳ бузғунчиликни яхши кўрмайди, деб даъво қиласиз. Узингиз хурмоларни кесиб ташлаш билан бузғунчилик қиласизлар-ку»,(Табарий ривояти.) деган ривоят маъноси тўғри эмас. Чунки Аллоҳ таоло бундан олдинги оятда «Уйларини ўз қўллари билан ва мўминларнинг қўллари билан буза бошладилар», (шу суранинг 2-ояти) деган Шундай бўлгач, ўз уйларини бузишга рози бўлган кофирлар қандай қилиб дарахтларнинг кесилишига рози бўлмасинлар?! Маълумки, уйлар бузиб юборилгандан кейин улардан манфаат кутилмайди, аммо хурмолар кесилганидан кейин ҳам улардан кўплаб манфаат умид қилиниши мумкин.
Лекин бу хабар тўғри бўлган тақдирда ҳам, бизнингча, унинг таъвили шуки, мусулмонлар уларни қатл қилиш билан қўркитган бўлишлари, бу гапдан сўнг кофирлар уларга: «Агар бизни ўлдирадиган бўлсангиз, бу хурмолар сизнинг мулкингизга айланиб қолади. Шундай экан, қандай қилиб ўз мулкингизни бузяпсиз?», деган бўлишлари мумкин.
Сўнгра Аллоҳ таолонинг хурмоларни кесиб юборишга рухсат беришида бир неча таъвиллар бор. Биринчиси, бунда шунинг баёни борки, мусулмонларнинг яҳудийлар билан жанг қилишлари уларнинг мол-мулкига рағбат қилганлари учун эмас, балки уларнинг Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига таслим бўлишлари, Унинг динига итоат қилишлари учун бўлган.
Иккинчиси, ўша мулкларнинг ҳаромлиги ўз эгаларининг қони ҳаромлиги туфайлидир. Қачонки, эгаларини қатл қилиб, ҳалок қилишга рухсат берилар экан, уларнинг мулклари ҳақида нима деб ўйлайсиз?
Учинчиси шуки, Аллоҳ таоло уларга сургун қилинишни битган. Маълумки, улар уйлари ва дарахтлари ўз ўрнида қолгандаги ҳолатдан кўра, уйлари бузилиб, дарахтлари кесиб ташланган ҳолда чиқиб кетишга розироқ бўладилар. Сабаби ўзи яшаб турган жойидан чиқариб юборилганларнинг умиди узилганидир. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларнинг устиларига ёзиб қўйган ўша сургунни тўлиқ охирига етказиш учун хурмоларни кесиб юборишга ҳам рухсат берган. Валлоҳу аълам’
Тўртинчиси, у кимсалар яҳудийларнинг етакчилари бўлишган. Тавротни ўзгартириш ва (сўзларини) алмаштириш дунё ва унинг кенг бўлиши истагида айнан шулар амалга оширган. Аллоҳ таоло уларнинг Тавротни ўзгартиришларига сабаб бўлган жиҳатдан уларни жазолаш ва хорлаш учун хурмоларни кесиб ташлашга рухсат берган. Валлоҳу аълам!
«Аллоҳнинг изни билан». Агар оятдаги «изн»дан Аллоҳ таолонинг илми ирода қилинган бўлса, унинг маъноси, Аллоҳ таоло мўминларнинг бу ишларидан хабардор бўлиб, борди-ю, бу ишда бузғунчилик бор бўлганида, албатта, уларни бу ишдан қайтарган бўлар эди. Агар ундан мурод амр (буйруқ) бўлса, демак, Аллоҳ таоло уларга (хурмоларни) кесиб ташлашни ҳам, (ўз таналарида) қолдиришни ҳам амр этган. Агар ундан мурод хоҳиш бўлса, Аллоҳ таоло ҳар иккала ишни ҳам хоҳлаган бўлиб чиқади. Валлоҳу аълам!
(Мазкур оятда келган) [ал-лийнату] - хурмо навларидан биридир. Арабларда [қуутун] - «озиқ-овқат, емак, ризқ-рўз» ва ва [қийтатун] - «жон сақлаб қолиш даражасидаги ризқ», деган лафзлар бор.
«Фосиқларни хорлаш учун». Яъни фосиқлар учун мағлубият ва ғазаб бўлиши учун. Валлоҳу аълам!

6. Аллоҳ Ўз Расулига улардан ўлжа қилиб берган нарсага сизлар от ёки туя чоптириб бормадингиз. Лекин Аллох Ўз расулларини хоҳлаган кимсанинг устидан ғолиб қилади. Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир.
«Аллоҳ Ўз Расулига улардан ўлжа қилиб берган нарсага сизлар от ёки туя чоптириб бормадингиз». Бу оятнинг маъноси кейинги оятдан сўнг келишига мос эди. Бунинг иккита сабаби бор. Биринчиси, бу оят (аввали)да «вов» ҳарфи зикр қилинган. Бу ҳарф фақатгина қасамда сўзбоши бўлиб келади. Иккинчиси, «Аллоҳ Ўз Расулига улардан ўлжа қилиб берган нарса...» жумласи киноядир. Киноянинг у билан боғланадиган ва унга қайтадиган изоҳловчиси бўлиши лозим. Шунинг учун биз бу оят ўзидан кейинги оятдан сўнг келиши мувофиқ эди, дедик. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу худди бундай ўқиган. Агар шундай бўлса, уни Аллоҳ таоло санаб ўтган тоифаларга бериш вожиб бўлган микдор - бу хумус, яъни ўлжанинг бешдан бир қисмидир. Аллоҳ таоло бу ўринда ҳар бир ўлжадан улуш фарз қилиб, «Аллоҳ Ўз Расулига улардан ўлжа қилиб берган нарса...», деган сўзи билан шуни ёритиб бермоқдаки, ана шу хумуснинг бешдан тўрт қисми Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга берилади, бошқаларга эмас. Чунки улар ўлжа қилиб берилган нарсалар устига от ва туяларни миниб борганлари йўқ. Аллоҳ таоло бу билан мўминлар хумуснинг бешдан тўрт қисмига ҳақли бўлишлари учун уларнинг (ўлжа қилиб олинган нарсалар устига) от ва туяларни миниб боришлари сабаб бўлишига ишора қилган. Валлоҳу аълам!
Агар бу оят ҳозир ўқиб юрилган ҳолатида бўлиб, тақдим ва таъхир услубида келмаган бўлса, у ҳолда «Аллоҳ Ўз Расулига улардан ўлжа қилиб берган нарса...» ояти «Улар уйларини ўз қўллари ва мўминларнинг қўллари билан бузар эдилар» оятининг давоми бўлади. Агар шу маънода бўлса, оятнинг «вов» ҳарфи ва киноя лафзи билан ўқилиши тўғри бўлади.
(Имом Мотуридий розияллоҳу анҳу бундай дедилар:) Албатта, мунофиқлар ва тақлид асосида имон келтирган имони заиф мўминлар шу жойга келганда бундай ҳаёлга борадилар: «Муҳаммад алайҳиссалом қандай қилиб бу ўлжани ўзларининг қариндошларига ва ўз ҳузурларига ҳижрат қилиб келган муҳожирларга хослаб қўйганлар? Қандай қилиб бунда ўзларини устун қўйганлар?»
Бунга жавоб шуки, агар мана шу ўлжа бўлмаганида, бу тоифа инсонлар таъминоти мусулмонлар оммасининг бўйнига юкланган бўлар эди. Маълумки, мусулмонлар умумий мулкдан сарфлашда ҳар бир шахснинг хусусий мулкидан чиқариб сарфлашга қараганда кўпроқ рози бўладилар. Биздаги бир қатор масалалар мана шу иборага кўра жорий қилинган. Шулардан бири Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у киши ўлдирилган киши учун олинадиган музд (товон)ни девонхона зиммасига юклаган. Чунки у (моддий) кўмак ўрнига ўтган. Маълумки, бундай кўмак барча мусулмонлар зиммасидадир. Бинобарин, мана шу ҳақнинг умумий мулк ҳисобидан адо қилиниши шахсий мулклари ҳисобидан адо қилинишидан кўра осонроқдир.
Аллоҳ таолонинг:
«Агар жуфтларингиздан бирортаси кофирлар томонига ўтиб кетса ва сизлар жанг қилиб, ўлжа олсангизлар, хотинлари кетган кишиларга улар сарфлаган маҳр миқдорини беринглар» (Мумтаҳана сураси, 11-оят) ояти ҳам шунга ўхшашдир.
Маълумки, ўша хотинни дорул-ҳарбга эрининг мулкидан бирор нарсани ўзи билан олиб кетишига монелик қилиш мусулмонлар оммасига вожиб бўлган. Шунинг учун Аллоҳ таоло (ўлжадаги) ўша ҳакдан вожиб бўлган бир қисмини ўша омманинг зиммасига лозим қилиб қўйган. Худди шунга ўхшаб, мусулмонлар бирор ўлжани қўлга киритсалар, унинг ичида мусулмоннинг мушриклар томонидан эгаллаб олинган мол-мулки бор бўлса, модомики ўша мулк тақсимланмасдан, оммага тегишли ҳолида турган экан, унинг мулки ҳеч қандай бадалсиз, ўзига қайтариб берилади. Агар ўлжани ўзаро тақсимлаб олган ва ҳар ким ўзига тегишли мулкини ажратиб олган бўлса, фақатгина бадал эвазига қайтариб берилади. Юқоридаги масалада ҳам худди шундай йўл тутилади. Валлоҳу аълам!
(Фақиҳ раҳимаҳуллоҳ дедилар:) Урф ва шариат нуқтаи назаридан вожиб бўлган нарса - бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таъминотлари у зотнинг умматлари зиммасига юкланмоғидир. Урф нуқтаи назаридан деганимиз шуки, бошка одам учун ишлаган кишининг таъминоти иш эгасининг зиммасига юкланади. Шариат нуқтаи назаридан ҳам худди шундай. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларининг дунё ва охират ишлари учун ҳаракат қилар эдилар. Агар иш биз айтиб ўтгандек бўлса, Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам учун тайин қилинадиган энг муносиб нарса - бу омманинг моли, яъни ўлжадир. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни фақат ўзларига олиб қолганларида, иш шундай бўлар эди. Аммо у зот ўлжани ўзларига олиб қолиш ўрнига, муҳтожлар ва камбағалларга тақсим қилган эканлар қандай қилиб у зотнинг таъминотлари мусулмонлар зиммасига юкланмаслиги мумкин?
Бунинг яна бир сабаби шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мендан аввал бирор кишига ҳалол қилинмаган ўлжа менга ҳалол қилинди», «Икки ойлик масофада (душман қалбига) кучли кўрқинч солиб қўйиш билан голиб қилиндим»(Табароний, Байҳақий ривояти.), деганлар. Агар бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хос бўлса, юқоридаги сўзларига кўра, бу ишлари жоиз бўлар эди. Аммо Аллоҳ таоло ўлжани, агар у бўлмаганида таъминотлари мусулмонлар зиммасига юклатиладиган кишиларга тақсим қилишлари учун у зот алайҳиссаломга берди. Токи бу нарса у зотнинг ўз умматларига қилган яхшилиги бўлсин. Токи ўз умматларидан бирортасининг яхшилиги ҳам, савобли амали ҳам у зот алай-ҳиссаломда қолмасин. Валлоҳу аълам!
Яна бир сабаби шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дунё ва дунё матоларидан бирор нарсани ишлаб топишлари учун изн берилган эмаски, ундан хайр-эҳсон қилсалар. Шунинг учун Аллоҳ таоло ўлжани Пайғамбар алайҳиссаломга хослаб қўйди, токи у орқали яхшилик ва савобларни қўлга киритсинлар. Валлоҳу аълам!
Пайғамбар алайҳиссаломнинг «Икки ойлик масофада (душман қалбига) кучли қўрқинч солиб қўйиш билан голиб қилиндим», деган сўзларида шунга ишора борки, Аллоҳ Узининг пайғамбарига ўлжа қилиб берган ва ато этган нарсалар айнан у зотникидир: уни қандай хоҳласалар, шундай тасарруф қиладилар ва ўзлари истаган кишиларга тарқатадилар.
Асҳобларимиз наздида, мусулмонлар бошлиғига аҳли ҳарб (мусулмонлар билан уруш ҳолатида бўлган ғайридин) бирор нарса берса, унинг қавми ҳам ўша нарсада шерик қилинади. Чунки бошлиққа берилган совға, унинг қавми учундир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган совғалар эса (ҳадисда айтиб ўтилганидек) қўрқитиб қўйиш билан ғолиб қилинганликлари туфайлидир. Шундай экан, унга фақат ўзлари хосланишлари ҳам жоиздир. Валлоҳу аълам!

7. Аллоҳ Ўз Расулига шаҳарлар аҳлидан ўлжа қилиб берган нарса Аллоҳга, Унинг Расулига, қариндошларга, етимларга, мискинларга ва мусофирларгадир. Сизлардан бойларингиз орасида айланадиган нарса бўлиб қолмаслиги учун. Пайғамбар сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар. Аллохдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ азоби шиддатли Зотдир.
«Аллоҳ Ўз Расулига шаҳарлар аҳлидан ўлжа қилиб берган нарса...», яъни «Аллоҳ таоло кофирларнинг мол-мулкларидан Ўз Пайғамбарига қайтарган нарсалар...» ёки «Аллоҳ таоло кофирларнинг мол-мулкларидан Ўз пайғамбарига ато этган нарсалар...».
«Шаҳарлар аҳлидан...». Ушбу шаҳарлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга (фатҳ орқали) ато қилинган шаҳарлар бўлиши ёки бу оятда шаҳарларнинг фатҳ қилиниши ҳақида у зотга хушхабар бўлиши ҳам мумкин.
«Қариндошларга...». Бу оятнинг зоҳирий маъносига кўра. унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қариндошлари ирода қилинган, дейиш мумкин. Аммо:
«Билингки, ўлжа қилиб олган нарсаларингизнинг бешдан бири Аллоҳга, Расулга, қариндошларга тегишлидир (Анфол сураси, 41-), оятида эса Пайғамбар алайҳиссаломнинг қариндошлари таъвил билан дохил бўладилар. Негаки, бу оятда қариндошлик зикр этилганида мурожаат қилинаётган кишиларнинг қариндошлари ирода қилингани тушунилади, холос. Маълумки, (ўлжанинг) тақсимоти бўйича қилинаётган бу мурожаат айнан ўлжани қўлга киритган кишиларга қаратилган.
Лекин «Аллоҳ Уз Расулига... ўлжа қилиб берган нарса...», ояти(даги қариндошлар)дан эса фақатгина Пайғамбар алайҳис-саломнинг қариндошлари тушунилади.
Қариндошларнинг улушлари масаласи ҳақида тўхталадиган бўлсак, мазҳабдош олимларимиз бу хусусда икки йўлни тутишган. Айримлари бундай дейдилар: «Бу ҳақ, аслида икки жиҳатдан қариндошлар орасидан муҳтожларига тегишлидир. Биринчиси, Аллоҳ таоло «...етимлар, мискинлар ва мусофирлар», деган. Улардан мурод (мазкур тоифаларнинг) муҳтожларидир. Демак, қариндошлар масаласи ҳам худди шундай бўлган».
Уларнинг айримлари эса шундай деганлар: «Хумус (ўлжанинг бешдан бир қисми) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли бўлиб, у орқали ўзларининг қариндошлари билан силаи раҳмда бўлганлар. У зот алайҳиссалом вафот этгач, ўша ҳақ икки жиҳатдан тўхтаб қолган. Биринчиси, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биз, пайгамбарлар жамоаси, мерос қолдирмаймиз. Биздан қолган нарсалар садақадир»(Аҳмад ибн Ҳанбал, Бухорий ривояти.) деганлар. Иккинчиси, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қариндошлари ўша ҳаққа у зот туфайли ҳақли бўлганлар, холос. У зот вафот этгач, эгалари вафот этган ҳақлар тўхтаб қолганидек, у ҳам тўхтаган».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам учун бўлган нарсаларнинг мерос бўлиб қолишини тўхтатишда икки ёқлама фойда бор. Биринчиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёнинг лаззату шаҳватлари учун ўзларини ишга солмаганлар. Доимо Аллоҳ таолонинг хизматида қоим бўлганлар. Шундай бўлгач, у зот алайҳиссаломнинг қўлларидаги нарса бир инсонга тегишли қулнинг қўлидаги мол ўрнида бўлиши мумкин. Гўёки қулнинг қўлидаги мулк зоҳиран уники бўлса ҳам, аслида унинг хожасига тегишлидир. Валлоҳу аълам!
Агар: «Ахир барча мол-мулклар Аллоҳ таолоники эмасми?» - дейилса, шундай жавоб берилади: «Ҳа, шундай, аммо баъзида уни Аллоҳга нисбат бериш ўша ҳолатнинг ўзига хос бўлади. Худди оятда «Аллоҳнинг туяси»(Аъроф сураси, 73-оят; Ҳуд сураси, 63-оят; Шамс сураси, 13-оят.), «Аллоҳнинг уйи»(Бақара сураси, 125-оят; Ҳаж сураси, 26-оят.), деб ай-тилганидек».
Яна бир бошқа томони шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли нарса қиёмат кунига қадар у зотнинг ўзлари учун ушлаб турилади. Ахир назар солсангиз, Пайғамбар алайҳиссаломнинг аёллари ҳам ўзлари учун тўсиб қўйилган бўлиб, у зотдан кейин ҳеч кимга ҳалол бўлмаганлар. Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нубувватлари у зотдан кейин бошқа инсонга ўтмаган. У зотнинг мулклари вақф қилинган бўлиши ҳам мумкин. Маълумки, вақф бўлган нарсанинг йўли уни садақа қилишдир. Валлоҳу аълам!
«Сизлардан бойларингиз орасида айланадиган нарса бўлиб қолмаслиги учун». Бунинг икки маъноси бор. Биринчиси, агар Аллоҳ таоло (ўлжалар тарқатиладиган) бу ўринларни баён қилиб бермаганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли бўлган ўша хумус у зотдан кейинги халифалар қўлига ўтган бўлар ва бойлар уни қўлма-қўл қилган бўлар эди.
Иқкинчи маъноси шуки, агар ўлжа бойлар ва камбағаллар ўртасида тарқатилганида, у бойларнинг қўлларига тушган вақтда улар яна ҳам кўпроқ бойир эдилар. Аммо у камбағалларнинг қўлларига тушиши билан уни ўзларининг эҳтиёжларига сарфлаб юборардилар. Шунинг учун ҳам ўлжа камбағаллар ўртасида тақсимланадиган бўлди. Валлоҳу аълам!
Айрим муфассирлар: [ад-дувлату] - одамлар орасида қўлма-қўл бўлиб, алмашиниб юрадиган нарсанинг номидир [ад-давлату] эса унинг бирлик шаклидир», дейдилар.
«Пайғамбар сизга нимани берса, ўшани олинглар...». Яъни Аллоҳнинг Пайғамбари шу ўлжадан сизларга берган нарсани олингиз ва у зот ҳақларида ёмон гумонга бормангиз!
«Нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар». Бу оятда тақиқ ва шаръий ҳукмни ифодалайдиган қайтариқ эмас, балки норозиликдан қайтарувчи маъно бордир. Бинобарин, оятнинг маъноси: «У сизларга ана шу ўлжадан нимани бермаган бўлса, бас, сизлар ундан тийилингиз!» дегани бўлади.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қироатига кўра, ушбу оятни буйруқ маъносига ҳам, бериш маъносига ҳам буриш мумкин. Яъни у зот дунёдан сизларга нимани берса, уни олингиз ва у сизларга дунёдан нимани қайтарган бўлса, ундан қайтингиз».
(Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ бундай дедилар:) Кўпчилик фақиҳлар [ал-ийто] лафзининг зоҳири буни ифода этмаса-да, лекин амр маъносида ҳам келишига шу оятни далил қилиб келтирганларини кўрамиз. Чунки [ал-ийто] лафзи - «ато қилиш», «мулк қилиб бериш» маъносидадир. Бунга мисол «Ва закотни берингиз», оятидир. Аммо юқоридаги оятни далил сифатида ушлаб олишнинг сабаби шуки, Аллоҳ таоло бизга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яхшиликларини олишни амр этган экан, у зотнинг буйруқларига итоат қилиб, тобе бўлишимиз лозимлиги янада тўғрироқ ва муносиброкдир. Гарчи у зотдан бошкаларнинг яхшилигини олишда ихтиёрли бўлсак-да. Валлоҳу аълам!
«Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ азоби шиддатли Зотдир». Бу оят ҳам юқорида зикр қилинган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш маъносини таъкидлайди. Валлоҳу аълам!

8. Фақир муҳожирларгаки, улар ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан ҳайдаб чиқарилган эдилар, (улар) Аллоҳдан фазл ва Унинг розилигини умид қилурлар. Аллоҳга ва Унинг Расулига ёрдам берурлар. Ана ўшалар содиқлардир.
Ушбу оят ҳамда ундан кейин келаётган икки оятнинг зоҳирий маъноси ҳам улар учун маълум бир ҳақ лозимлигини ифодалайди. Чунки «фалончи учун», дейилса, унинг ортидан «фалон-фалон нарсалар бор», дейилиши лозим. Агар шундай бўлса, улар учун маълум бир ҳак бўлиши керак. Шунингдек, Аллоҳ таоло ҳам бу тоифалар учун фарз килиб қўйган ўша ҳақнинг хабарини Ўзининг бандаларидан сир тутиши мумкин эмас. Шундай экан, бизнингча, бунинг йўли таъвил орқали бўлади. Валлоҳу аълам!
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «У (ўлжалар) кимлар учун?» деб сўралганида, у зот: «Фақир муҳожирларга...», деб жавоб берган бўлишлари мумкин. Эҳтимол, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари Раббисидан «У (ўлжалар) кимлар учун?» деб сўраган бўлишлари ва Аллоҳ таоло: «Фақир муҳожирларга...», деб хабар берган бўлиши ҳам мумкин.
Сўнгра, ўша ҳақ фатҳ қилинган шаҳар аҳолиси зиммасидаги хирождан тайин қилинган бўлиши ҳам мумкин. Бу ҳақда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, у киши Ҳазрат Али ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумога Куфа атрофидаги шаҳар ва қишлоқларни фатҳ қилганида: «Мен сизлардан бир масала ҳақида маслаҳат сўрар эдим, лекин қуйидаги оятни ўқигач, Аллоҳ таоло мени сизларнинг маслахатингиздан беҳожат қилиб қўйди», деб «Фақир муҳожирларга...» оятини ўқиб берган. Сўнг у киши: «Бу нарса фақат ушбу инсонларга тегишли эмас», деб ундан кейинги ушбу оятни ўкиган: «У (муҳожир)лардан аввал бу жойни ва имонни эгаллаганларга ҳам» (9-оят). Сўнг яна у киши: «Бу нарса факат ушбу инсонларга тегишли эмас», деб ундан кейинги ушбу оятни ҳам ўқийдилар: «Улардан кейин келганлар...» (10-оят).
Ривоят қилинишича, Билол розияллоҳу анҳу Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга: «Сиз (ўлжани) бизнинг ўртамизда худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбарни аскарлар ўртасида тақсим ҳилганларидек тақсим ҳилинг», деганида, у: «Эй Аллоҳ! Узинг менга Билол ва унинг аҳлидан кифоя қил!» - деган. Сўнг Билолга: «Агар уни сизларнинг ўртангизда таҳсимлайдиган бўлсам, исломдаги бошқа бир жамоани бу нарсадан маҳрум қилган бўламан. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло: «Улардан кейин келганлар...», деган сўзи билан улар ҳам ушбу мўминларга шерик эканини хабар қилган», дейди. Демак, Умар розияллоҳу анҳу юқоридаги оятларни ўқиган пайтларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга айтиб берган хабарни ёдга олган ва Аллоҳ таоло ушбу мўминлар учун фарз қилиб қўйган ҳақ ана шу эканини билган бўлиши мумкин. Ёки эҳтимол, Аллоҳ таоло ўзининг лутфи билан унга, Али ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумога уни илҳом қилгандир. Чунки икковлари Умар розияллоҳу анҳуга шундай маслаҳат берганлари ривоят ҳам қилинган.
Агар Билол розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбарни қандай сабаб учун уларнинг ўрталарига тақсимлаб берганларини англаб етганида, Куфа атрофидаги шаҳар ва қишлоқлар масаласини бунга солиштирмаган бўлар эди.
Бизнинг фикримизча, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хайбарни уларнинг ўрталарида тақсимлаб берганларига сабаб - яна ҳам Аллоҳ билувчироқ - Ҳудайбия куни мусулмонлар Байтуллоҳдан тўсилганларида, Аллоҳ таоло уларга етган хафаликдан эваз тариқасида яқинда бўладиган ғалабанинг хабарини берган. Аммо Куфанинг атрофидаги шаҳар ва қишлоқларга келсак, ана шу сабаблардан ҳеч бири мавжуд эмас. Шундай экан, уни Хайбарга қиёслаш мумкин эмасдир. Валлоҳу аълам!
Сўнгра Аллоҳ таолонинг «Фақир муҳожирларга...» деган сўзидан мурод, эҳтимол, ўзларининг тирикчилик воситалари бўлмиш мол-мулк ва диёрдан узилиб қолган муҳожирлардир. Яъни юқорида васф қилинган ана шу ҳақ уларникидир.
«Улар ўз диёрларидан ҳайдаб чиқарилган эдилар...». Кофирлар аслида мусулмонларни диёрларидан ҳайдаб чиқарган эмаслар, бироқ уларни танг аҳволга солиб қўйганлари учун у ердан чиқиб кетдилар. Улар мўминларнинг чиқиб кетишларига сабаб бўлгани учун «ҳайдаб чиқариш» амали уларга нисбат берилди. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи кабидир:
«Бас, шайтон иккисини турган жойларидан чиқарди» (Бақара сураси, 36-оят).
Аслида, лаънати Иблис Одам ва Ҳаввони жаннатдан чиқаришга бош-қош бўлган эмасди, бироқ у икковларини ўша ишни қилишга (дарахтдан ейишга) олиб борадиган сабабга қизиқтирди. Натижада икковлари ўша жойда барқарор қолмадилар. Шунинг учун ҳам бу иш Иблисга нисбат берилди. Дарҳақиқат, биз бундай амаллар бандаларга нисбат бериладиган бўлса, ўша амалларнинг ҳақиқати эмас, улардан содир бўладиган сабаблар мақсад қилинган бўлади, деб айтиб ўтган эдик. Аллоҳ таолога нисбат берилган амаллар ҳар иккала ишни - ҳақиқатни ҳам, сабабни ҳам ўз ичига қамраб олади. Бунинг сабаби шуки, банда ўзидан бошқаси бир амални қилиб турган пайтда, уни ўша амални қилишга қодир этиши мумкин эмас. Аммо сабабчи бўлиши мумкин. Лекин оламлар Парвардигори эса банда бир амални қилиб турган вақтда унга ўша ишни бажариши учун куч беришга Қодирдир. Шунинг учун биз Аллоҳ таолога нисбат берилган ўринларда амалларнинг ҳақиқати ирода қилиниши жоиздир, дедик. У зот тавфиқ берувчидир!
«Ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан (ҳайдаб чиқарил-ган)». Бу ибора фақир муҳожирларнинг Маккада уйлари ва мол-мулклари бўлганлигига далолат қилади. Сўнгра шунга қарамай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳидан кейин уларга уйларидан бирор нарсани қайтариб берганликлари, ўша муҳожирларга мол-мулкларидан бир озини бўлса-да, уларга ундириб берганликлари ривоят қилинмаган. Бундан аҳли ҳарблар мусулмонларнинг мол-мулкларини эгаллаб олсалар, уларнинг мулкига айланиши маълум бўлади. Валлоҳу аълам!
«Аллохдан фазл ва Унинг розилигини умид қилурлар». Яъни улар (камбағал муҳожирлар) ўз динлари учун ҳижрат қилдилар, тирикчилик воситалари узилиб қолганида, Аллоҳ таоло томонидан ризқ берилишидан умидвор бўлиб, ўзларининг тирикчилик воситалари бўлмиш мол-мулкларидан узилдилар. Шунингдек, улар ҳижрат қилиш билан Аллоҳ таолонинг розилигини истайдилар.
«Аллоҳга ва Унинг Расулига ёрдам берурлар». Ушбу оят бу ҳақ (яъни ўлжалар) мусулмонларнинг мужоҳидларига тегишли эканига далолат қилади.
«Аллоҳга ...ёрдам берадилар» оятини икки хил талқин қилиш мумкин. Биринчиси, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёрдам берадилар, маъносида. Бу ерда Аллоҳ лафзи худди боғловчи сифатида зиёда бўлади. Иккинчиси, улар Аллоҳнинг динига ёрдам берадилар ва Унинг Пайғамбари алай-ҳиссаломга итоат этадилар, маъносида.
«Ана ўшалар содиқлардир». Яъни улар ўз динлари учун ҳижрат қилиш ҳамда Аллоҳ таолога яқин қиладиган амалларга саъй-ҳаракат қилиш билан қалбларидаги имоннинг садоқатини намоён этган зотлардир.

9. У (муҳожир)лардан аввал бу жойни ва имонни эгаллаганларга ҳам. Улар ўзларига ҳижрат қилиб келганларни севадилар ва у (муҳожир)ларга берилган нарсаларга қалбларида ҳожат топмаслар. Ва агар ўзларида эҳтиёж бўлса ҳам, (уларни) ўзларидан устун қўядилар. Ким нафсининг бахиллигидан (Аллоҳ томонидан) сақланса, ана ўшалар нажот топувчидирлар.
«У (муҳожир)лардан аввал бу жойни ва имонни эгаллаганларга ҳам». Яъни ҳам ўзларини, ҳам муҳожирларни сиғдирадиган кенг диёр қилиб олган зотларга, яъни ансорларга. Шунингдек, улар мана бу зотлар ҳижрат қилиб келишларидан илгари имон келтирганлар, токи ушбу муҳожирлар уларнинг адоватларидан хотиржам бўлсинлар ва уларнинг ёмонликларидан хавфсирамасинлар.
«Улардан аввал...» дегани «ҳижратдан илгари» маъносида.
«Улар ўзларига ҳижрат қилиб келганларни севадилар».
Яъни Аллоҳ таоло уларга шундай муҳаббат солиб қўйдики, муҳожирларга ўз диёрларидан жой, мол-мулкларидан нафақа бердилар.
«У (муҳожир)ларга берилган нарсаларга қалбларида ҳожат топмаслар». Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбарни муҳожирлар ўртасида тақсимлаб, ансорларга улуш ажратмаган вақтда, улар (ансорлар) ўз дилларида у зот алайҳиссалом томонидан муҳожирларга берилган нарсага эҳтиёж сезмаганлар. Яъни Аллоҳ таоло уларнинг қалбларини шу даражада бой қилиб қўйганки, бирор эҳтиёж ва камбағаллик ҳақида умуман ўйламаганлар.
Мазкур оятда келган «ҳожат» лафзи гина, адоват ва ҳасад маъносида бўлиши эҳтимоли бор. Яъни Аллоҳ таоло уларнинг дилларини поклаб қўйгани учун дилларида ҳеч қандай гина-адоват, норозилик ҳис қилмаганлар.
«Ва агар ўзларида эҳтиёж бўлса ҳам, (уларни) ўзларидан устун қўядилар». Яъни улар ўз мулкларида ҳам уларни устун қўйиб, уларга сарфлаган молларига ачинмайдилар. Ҳатто, эҳтиёжлари бўлса ҳам, уларни ўзларидан устун қўядилар.
«Ким нафсининг бахиллигидан (Аллоҳ томонидан) сақланса, ана ўшалар нажот топувчидирлар». Аллоҳ таоло инсонни табиатан яхшилик ва манфаатларни яхши кўрадиган, уларни излайдиган, шунингдек, ёмонлик ва зарарларни ёмон кўриб, улардан қочадиган қилиб яратди. Сўнгра, уларни ўзлари яхши кўрадиган нарсадан инфоқ-эҳсон қилиш, нафсни ўзлари истамайдиган ишларга мажбурлаш билан имтиҳон қилди, токи дўзах ўтидан нажот топсинлар ва ўзларига тегишли мукофотга эришсинлар.
Нафс икки йўл билан бахилликдан сақланади. Биринчиси, Аллоҳ таоло бандасига неъмат ато қилади. Бу билан унга махфий бўлган келажакдаги мукофот худди унинг кўз ўнгида тургандек бўлади. Натижада ўзи яхши кўрган нарсадан хайр-эҳсон қилиши енгил кечади ва бу иш унинг табиатидек бўлиб қолади.
Иккинчиси, Аллоҳ таоло бандасига тавфиқ беради, уни гуноҳлардан сақлайди, унга Узининг буйруқлари ва тақиқларини улуғ санашни илҳом қилади. Токи банда ўз нафсини енгади, гарчи табиати бунинг аксига интилса ҳам, уни Аллоҳ таолонинг амрига итоат қилиб, У қайтарган ишлардан қайтишга мажбурлайди.
Уни бу оятда бахилликдан сақлашни Аллоҳ таоло Узига нисбат бериб зикр қилиши, Унинг хазинасида бандасига бермаган нарсалар ҳам борлигига далолат қилади. Зеро, Аллоҳ таоло Узини «бандани бахилликдан сақлаш»и билан васфлади. Агар шундай бўлмаганида, банданинг нафсини бахилликдан сақлашга ваъда беришида ҳеч қандай маъно бўлмас эди. Валлоҳу аълам!
«Ана ўшалар нажот топувчидирлар». Яъни доимий неъмат ичра боқий қолувчилардир. Чинакам нажот топиш бу неъматлар ичра боқий қолмокдир.

10. Улардан кейин келганлар: «Эй Раббимиз, бизни ва биздан аввал имон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, қалбимизга имон келтирганларга нафрат солмагин, эй Раббимиз, албатта, сен шафқатли ва меҳрибонсан», дерлар.
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари орасида ўзидан олдин яшаб ўтганларни лаънатлайдиган кишилар бўлишини билгани учун уларни ўтган мўминлар учун истиғфор айтишга буюрди.
Бу оятда рофизийлар, хаворижлар ва мўътазилийларнинг қарашлари нотўғрилигига далолат бор. Чунки рофизийлар: «Одамлар халифаликка Абу Бакр Сиддиқни тайинлаганларида кофир бўлишган», деган. Хаворижлар: «Али розияллоҳу анҳу Муовия ва унинг шерикларига қарши уруш қилиш билан кофир бўлган», деган бўлса, мўътазилийлар: «Уруш пайтида ҳақдан четга чиққан киши имондан чиқади», деганлар. Агар улар ўзларини кофир қилиб қўядиган ёки имондан чиқарадиган хатоларни қилган бўлсалар, уларнинг ҳақларига истиғфор айтишнинг ҳеч қандай маъноси бўлмас эди. Чунки Аллоҳ таоло мушриклар учун истиғфор айтишдан қайтарган. Бинобарин, бу оятда мўминлар учун истиғфор айтишга изн берган экан, бу билан қилган хатолари уларни имондан чиқармагани аён бўлади. Шунингдек, Аллоҳ таоло бу оятда улар ўртасидаги биродарликни ўз кучида қолдирган. Ҳолбуки, илгари яшаб ўтганлар билан кейингилар ўртасида диндош биродарлик фақатгина охиратда бўлишини биламиз. Агар улар мўмин бўлмаганларида, биродарликни қолдиришнинг маъноси бўлмас эди. Валлоҳу аълам!
Чунки Аллоҳ таоло (мўминлар) «қалбимизда имон келтирганларга нафрат солмагин!» - деди. Агар ўша хатолар уларни имондан чиқарган бўлганида, мазкур дуонинг ҳеч қандай маъноси бўлмас эди. Зеро, мўминларнинг қалбларида кофирларга нисбатан адоват ва ғазаб бўлиши лозим. Аллоҳ таоло бу оятда мўминлар ана шу дуо билан қалбларидан гина ва ҳасадни кетказишга даъват қилган экан, улар мўмин бўлганлари ўз исботини топди. Валлоҳу аълам!
Сўнгра илгари яшаб ўтган мўминлар учун истиғфор айтишни буюришда уларнинг ҳам айрим гуноҳлари бўлганлигига, агар Аллоҳнинг фазли ва мағфирати бўлмаганида, гарчи ўзлари фаолият юритаётган соҳада мужтаҳид бўлсалар ҳам, ўша гуноҳлари сабабли азобга сазовор бўлишларига ишора бор. Бундан мақсад ҳар бир мужтаҳид ўз ижтиҳодида ҳақни топувчи бўлмаслигини билдириб қўйишдир.
«Қалбимизда имон келтирганларга нафрат солмагин». Бу оятда улардан илгари яшаб ўтган мўминлар ирода қилинган бўлиши мумкин. Эҳтимол, мўминларнинг барчалари ҳақида айтилгандир.
«Эй Раббимиз, албатта, сен шафқатли ва меҳрибонсан». Аллоҳ таолонинг раҳмати (меҳрибонлиги) - бу Унинг ўз бандаларига қиладиган инъоми ва яхшилигидир. Ахир сиз қуйидаги оятга боқмайсизми:
«Эй Раббимиз, бизни ҳидоят йўлига солганингдан кейин дилларимизни оғдирма ва бизга ҳузурингдан раҳмат ато эт! Албатта, Сен Ваҳҳобдирсан» (Оли Имрон сураси, 8-оят). Зеро, Аллоҳ таоло бу оятда Ўзининг раҳмати Унинг бандаларга ҳадяси ва яхшилиги эканини хабар қилган. Валлоҳу аълам!
Банда ҳали ҳаётлик чоғида истиғфор сўрашининг икки маъноси бор. Биринчиси, мағфиратни тақозо қиладиган сабабни излаш. Иккинчиси, айнан мағфиратнинг ўзини сўраш. Вафот этганлар ҳаққига фақат мағфиратнинг ўзи сўралади. Аллоҳ таоло улар вафот этганларидан сўнг ҳақларига истиғфор айтишга даъват қилгач, вафот этганидан кейин айтиладиган истиғфор эса, айтиб ўтганимиздек, мағфиратнинг ўзи тушунилар экан, демак, гуноҳлари уларни имондан чиқармагани ўз исботини топади. Чунки Аллоҳ таоло гуноҳи кабира қилган мўминларни мағфират қилиш ҳалол эмас, деб ҳукм қилганида, улар учун истиғфор айтишга буюришнинг ҳеч қандай ҳикмати бўлмас эди. Валлоҳу аълам!
Жаъфар ибн Ҳарб(Жаъфар ибн Ҳарб - исми Абулфазл Ашажж Жаъфар ибн Ҳарб Ҳамдоний Бағдодий (ваф. 239/850) мўътазилийларнинг имомларидан бири. Калом илмини Басрада Абу Ҳузайл Аллофдан ўрганган. Бир неча асарлар ёзган. Зирикли. Ал-аълом, 2-жилд, 123-бет.) шундай деган: «Аллоҳ таолонинг «Қалбимизда имон келтирганларга нафрат солмагин» оятида У Зот мўминларнинг қалбларида гина (ёки адоват) пайдо этишига далолат қиладиган маъно мавжуд эмас. Чунки агар «Фалон ишни қилма!» - дейиладиган бўлса, агар истаса, у ўша ишни қилиши тушунилмайди. Аммо бунга шундай жавоб бериладики, Аллоҳ таоло бошқа бир оятда (қалбларда) адоват пайдо қилишига далолат қиладиган гапларни айтган. Ахир сиз:
«Уларнинг ўрталарида қиёмат кунигача адоват ва нафрат қўзғатдик» (Моида сураси, 14-оят) оятига қарамайсизми? Кимдир: «Унинг таъвили Аллоҳ таоло улар билан адоватнинг ўртасини ўз ҳолига қўйган, уни (адоватни) пайдо қилган эмас», дейдиган бўлса, биз шундай деймиз: «Бандаларнинг феълисиз Аллоҳ таоло уларнинг қалбларида адоватни пайдо қилиши амри маҳолдир. Шундай экан, бу нарсаларни банда қилмоқчи бўлган вақтда Аллоҳ таоло яратиши ўз исботини топди». Валлоҳу аълам!

11. Нифоқ қилганларнинг аҳли китобдан бўлмиш куфр келтирган ўз биродарларига шундай деётганларини кўрмайсизми: «Агар сизлар (Мадинадан) қувиб чиқарилсангиз, биз ҳам сизлар билан чиқамиз, сизлар борангизда ҳеч қачон ҳеч кимга итоат қилмасмиз ва мабодо сизларга қарши уруш қилинса, албатта сизларга ёрдам берурмиз». Аллоҳ гувоҳлик берурки, улар, албатта, ёлғончидирлар.
«Нифоқ қилганларнинг аҳли китобдан бўлмиш куфр келтирган ўз биродарларига шундай деётганларини кўрмайсизми». Ушбу оят Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мунофиқларга қарши пайғамбарлик ҳужжатини уларнинг ўз ичларига солиб қўйганига далолат қилади. Чунки улар махфий равишда бу гапларни аҳли китобларга айтганлар. Чунки улар бундай гапларни мўминлар олдида очиқчасига айтишлари, кофирлар ҳам буни мўминлардан бирортасига хабар қилишлари эҳтимоли йўқ эди. Аллоҳ таоло мунофиқ кимсалар айтган гапларни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар берган экан, у зот буни фақатгина ваҳий орқали билиб олганлари исботини топгандир. Бу - Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғайридинларга қарши пайғамбарлик нишоналаридир. Валлоҳу аълам!
«Агар сизлар (Мадинадан) қувиб чикарилсангиз, биз ҳам сизлар билан чиқамиз...». Бу жумла икки хил талкин қилиниши мумкин. Биринчиси, улар бу гапни жангдаги тобелари кўпайсин деган мақсадда айтган бўлишлари мумкин. Иккинчиси, улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам буларнинг аҳволларидан бохабар бўлсалар, «У ўзига эргашганларни кувиб чикармоқда», деган гаплар бўлишидан қўрқиб, уларни Мадинадан чиқармайди, деган хаёлда гапирганлар. У зот алайҳиссалом уларни қувиб чиқармасалар, аҳли китобларни ҳам қувиб чиқармайдилар ва жанг қилмайдилар.
«Сизлар борангизда ҳеч қачон ҳеч кимга итоат қилмасмиз». Яъни сизлар(га қарши ҳаракат)да ҳеч қачон ҳеч кимга ёрдам бермаймиз.
«Мабодо сизларга қарши уруш қилинса, албатта сизларга ёрдам берурмиз». Улар аҳли китобларга ёрдам бериш тўғрисидаги бу ваъдани қуйидаги оятда айтилган «қалъали қишлоқлар» ичида берган бўлишлари мумкин:
«Улар ҳаммаси сизлар билан фақат қалъали қишлоқларда жанг қила олурлар» (Ҳашр сураси, 14-оят).
Сўнг, Аллоҳ таоло хабар бердики, улар ёрдам берсалар ҳам, аҳли китоблар мағлуб бўладиган бўлсалар, орқаларига бурилиб қочадилар, ана шундан кейин хеч қачон уларга ёрдам бермайдилар.
«Аллоҳ гувоҳлик берурки, улар, албатта, ёлғончидирлар». Биров (эътироз билдириб): «Аллоҳ таоло қандай қилиб улар ёлғончидирлар, деб шоҳидлик беради, ҳолбуки ёлғон фақат хабарларга дахлдордир. Улар айтган сўз эса улар томонидан берилаётган ваъдадан бошқа нарса эмас. Шундай экан, бу ўринда «албатта, улар ваъдага хилоф қилувчидирлар», дейилиши керак эди», дейиши мумкин.
Бунга ўхшаш оятларни хаворижлар гуноҳ қилган мўминни кофирга чиқаришда далил-ҳужжат қилиб келтирадилар. Улар: «Аллоҳ таолога имон келтирган киши Унга осийлик қилмасликни эътиқод қилган бўлади. Агар Унга осийлик қилса, шу исёни сабабли унинг эътиқодидаги ёлғон юзага чиқиб қолади ва шу сабабли кофир бўлади», дейдилар.
Бу гапга бизнинг жавобимиз шуки, мунофиқларнинг аҳли китобларга айтган бу гаплари уларни дўст тутишлари ҳақидаги хабардир. Шунинг учун Аллоҳ таоло дўст тутиш ҳақидаги гапларида улар ёлғончи эканлигини хабар берган. Валлоҳу аълам!

12. Албатта, агар у (яҳудий)лар (ўз диёрларидан) чиқарилсалар, улар бирга чиқмаслар. Ва, албатта, агар у (яҳудий) ларга қарши уруш қилинса, (мунофиқлар) уларга ёрдам бермаслар. Бордию ёрдам берганларида ҳам, ортларига қараб қочарлар ва улар ёрдамсиз қоларлар.
Ушбу оятда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар эканликлари ҳақида ҳар икки тоифа (мунофиқлар ва яҳудийлар)га ҳужжат бор. Негаки, бу ғойибнинг хабаридир, биров ўргатмаса, ундан бохабар бўлишнинг имкони йўқ. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор кимсанинг ҳузурига бормаганларки, у кишига хабар берган бўлса. Зеро, у зот алай-ҳиссалом ҳеч бир инсондан таълим олмаганлар. Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келажакда содир бўладиган ва инсонлардан ғойибда бўлган нарсалар ҳақида хабар берган эканлар, у зот бу гапларни пайғамбарлик ва ваҳий орқали айтганлар, холос. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таоло бу оятлар орқали одатда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга яхшилик қилиш керак бўлган кимсалар томонидан у зот қандай муомалаларга рўбарў келганларини мўминларга эслатаётган бўлиши мумкин. Негаки, араблар насаб ёки қабила жиҳатидан ўзларига яқин бўлган кишиларга, гарчи улар золим бўлсалар ҳам, кўмак ва мадад беришга одатланган эдилар. Аллоҳ таоло уларнинг ораларидаги Қурайш қабиласидан бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни уларга пайғамбар қилиб юборгач, улар у зотга шу қадар адоват қилдиларки, ҳатто ўлдиришга ҳам қасд қилдилар.
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар қилиб юборганида, у зотни яҳудийлар, насронийлар учун, китобларида у зотнинг васфлари баён қилинган барча аҳли китобларга қарши очиқ-ойдин ҳужжат қилиб қўйди. Улар эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ёмон қилмишлар ва очиқ душманлик билан қарши олдилар. Бу ишларнинг барчаси - яна ҳам Аллоҳ билувчирокдир - шундай бир ҳужжат ва аломатки, Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарликлари бирор кимсанинг ёрдами билан пайдо бўлиб колган эмас, балки Аллоҳнинг нусрати, марҳамати ва қувватлаши билан пайдо бўлган. Аллоҳ ёрдам сўраладиган Зотдир!

13. Албатта, уларнинг қалбларига Аллоҳдан кўра сизлар кўпроқ қўрқинчли туюласизлар. Сабаби, улар англамайдиган қавмдирлар.
Эҳтимол, мунофиқларнинг дилларида мўминлар ҳақиқатан ҳам қўрқинчлироқдир. Эҳтимол, бу гап мажозий маънода айтилгандир. Унинг мажозий маъносининг кўриниши қуйидаги оятда айтилганидай бўлади:
«Улар ўзлари, албатта, сиздан эканликларига Аллоҳ номи ила қасам ичарлар. Ҳолбуки, улар сиздан эмас. Лекин улар қўрқадиган қавмдирлар» (Тавба сураси, 56-оят). Аллоҳ таоло оятда мунофиқлар қасам ичиш билан мусулмонлардан узр сўрашларини хабар берди. Демак, уларнинг бу муомалалари мажозий маънода мусулмонлардан қўрқадиган кишиларнинг муомаласи каби бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло бу нарсани «уларнинг дилларидаги қўрқинч», деб атаган. Бу қуйидаги оятга ўхшайди:
«У мол жамлади ва уни санади. 3. У, албатта, уни абадий қолдирур, деб ҳисоблар.». (Ҳумаза сураси, 2-3-оятлар). Яъни у молини худди моли уни абадий қолдиради, деб ўйлайдиган кишилар йиғгандек жамлади. Юқоридаги оят ҳам шундай бўлади.
Эҳтимол (дилларидаги қўрқув) ҳақиқий маънодадир. Бунинг бир неча таъвиллари бор:
Биринчиси, мунофиқлар ҳар бир гуруҳга ўзларини дўст қилиб кўрсатганлар. Улар Аллоҳ таоло, шубҳасиз, бу икки гуруҳдан бирининг дўстидир, агар иккисидан бири нажот топса, бизлар ҳам нажот топамиз, деб ўйлаганлар. Бу таъвилга кўра, улар айнан мўминлардан эмас, балки барча халойиқлардан қўрқиб яшаганлар. Аммо Аллоҳдан қўрқмаганлар. Чунки улар биз айтиб ўтган жиҳатга кўра У Зотдан хотиржам бўлганлар.
Эҳтимол, улар факатгина мўминлардан қўрққанлар. Негаки, мунофиқлар икки тоифанинг бири бўлган: улар аслида даҳрий (динсиз) бўлиб, (мусулмонман деб) мунофиқлик қилганлар ёки аҳли китоб бўлиб, мунофиқлик қилганлар. Агар улар даҳрий бўлсалар, Аллоҳ таолодан қўрқмаганлар. Чунки улар Яратувчи борлигини эътироф этмаганлар. Агар аҳли китоб бўлсалар, бу ҳолатда ҳам улар Аллоҳнинг азобидан хотиржам бўлганлар. Чунки улар ўзларини қуйидаги оятда келганидек сифатлар эдилар:
«Биз Аллоҳнинг ўғиллари ва ҳабибларимиз» (Моида сураси, 18-оят)(«Яҳудийлар ва насронийлар: «Биз Аллоҳнинг ўғиллари ва ҳабибларимиз», -дейдилар (Моида сураси, 18-оят).).
Мана шу икки жиҳатдан уларнинг Аллоҳ таолодан қўрқмаганлари собит бўлса, демак, улар мўминлардан қўрққани собит бўлади. Валлоҳу аълам!
«Албатта, сизлар уларнинг қалбларида Аллоҳдан кўра кўпроқ қўрқинчлироқсизлар» оятининг тафсири оятнинг давомида келадиган «Сабаби, улар англамайдиган қавмдирлар» жумласи бўлиши ҳам мумкин. Бунда икки маъно эҳтимол қилинади. Биринчиси, улар дунёдаги мусибатлар ва неъматлар охират азоблари ва роҳатини эслатиш учунлигини англамайдилар. Улар бу дунёни ўз-ўзича пайдо бўлган, деб билар эдилар. Агар бу уларнинг ўй-хаёллари ва фикрлари бўлса, улар Аллоҳ таолодан кўрқмайдилар.
Иккинчиси, улар ваъда нима-ю, таҳдид нималигини англаб етмайдиган бир қавм эдилар. Аксинча, улар ўзлари учун манфаат умид қиладиган ва зараридан эҳтиёт бўладиган кишилардан қўрқар, аммо Аллоҳ таолодан қўрқмас эдилар.
Кимдир эътироз билдириб, «бирор мусулмон йўқки, Аллоҳ таолодан кўра одамлардан кўпроқ қўрқмаса, дейиши мумкин. Чунки ҳаётда банда ўзи ва Аллоҳ ўртасида кўплаб гуноҳлардан тийилмаса-да, лекин одамлар кўриб қолишларидан қўрқиб, хато қилишдан ўзларини тийганларини кўрасиз.
Бунга жавоб икки кўринишда бўлади. Биринчиси, инсондан қўрқиш баробарида ундан умид қилиш бўлмайди. Аллоҳ таолодан қўрқиш баробарида эса Унинг раҳмати, фазли ва яхшилиги умид қилинади. Шунинг учун Унинг раҳмати ва фазлининг умиди мўминга кучлилик қилиб, гуноҳга қўл уради.
Иккинчиси, киши ўзи қилаётган гуноҳида шериклари бўлса, улардан қўрқмайди. У солиҳлик аломати ва Аллоҳ таолонинг динини қувватловчи белгилари бўлган одамлардангина қўрқади. Шундай бўлса, киши аслида халойиқдан эмас, балки Аллоҳ таолодан қўрқиши исботини топади. Валлоҳу аълам!

14. Уларнинг ҳаммаси сизларга қарши урушмайдилар, магар қўрғон билан ўралган қишлоқларда ёки деворлар ортида. Уларнинг кучлари ўз ораларида шиддатлидир. Уларни бир деб ўйлайсан, ҳолбуки, қалблари тарқоқдир. Бу, албатта, уларнинг ақл юритмайдиган қавм эканликларидандир.
Бу оятдаги «ҳаммаси» сўзи «мунофиқ ва аҳли китобларнинг ҳаммаси бир бўлиб, сизлар билан жанг қила олмаслар. Улар аҳли китобларга берган ёрдам ва жанг қилиш ҳақидаги ваъдалари устидан чиқмаслар», деган маънодадир.
«Магар қўрғон билан ўралган қишлоқларда» ояти жанг қилишдан истисно бўлиши ҳам, аҳли китобга берган ваъдаларидан истисно бўлиши ҳам мумкин. Агар у жанг қилишдан истисно бўлса, икки хил талқин қилинади. Биринчиси, улар фақатгина қишлоқлар ёки қалъалар ичига беркиниб ёки деворлар ортида туриб, мусулмонларга билдирмай, жанг қиладилар. Валлоҳу аълам!
Агар истисно аҳли китобга берган ваъдаларига тааллуқли бўлса, у ҳам икки хил талқин қилинади. Биринчиси, улар жангда аҳли китобларга ёрдам бериш ҳақидаги ваъдаларига вафо қилмайдилар, бироқ қалъали қишлоқларга қараб қочадилар. Ахир кўрмайсизми, Аллоҳ таоло уларнинг мусулмонлар томонида турганлари ҳақида шундай хабар берган:
«Ва агар у фирқалар келиб қолсалар, кўчманчи бадавийлар орасида бўлиб, сизлардан хабар сўраб туришни истайдилар» (Аҳзоб сураси, 20-оят). Аллоҳ таоло бу оятда хабар қилмоқдаки, улар жанг бўлгунигача аҳли китобларга қилганлари каби мусулмонларга ҳам ўзларини дўст қилиб кўрсатган. Жанг бўлгач эса, уларнинг хабарларини эшитиб турадиган жойдан бошпана топиб олганлар. Улар аҳли китоблар билан ҳам худди шундай йўл тутган бўлишлари мумкин.
Иккинчиси, улар жанг қилмайдилар, аммо қалъали қишлоқларга кириб олиб, қуйидаги оятда хабар қилинганидек, зафар ва ғалаба кимники бўлишини пойлаб ўтирадилар:
«Улар сизларни кузатиб турарлар. Сизларга Аллоҳ томонидан фатҳ бўлса: «Сизлар билан бирга эмасмидик?!» дерлар. Агар кофирларга насиба бўлса: «Сизларга устун келиб, мўминлардан ҳимоя қилмадикми?» дерлар» (Нисо сураси, 141-оят).
Аллоҳ таоло бу оятда улар натижани пойлаб ўтиришлари ҳақида хабар бермоқда. Уларнинг қалъали қишлоқлардан бошпана топишлари мана шу таъвил асосида бўлиши мумкин. Валлоҳу аълам!
«Уларнинг кучлари ўз ораларида шиддатлидир» оятини икки хил талқин қилиш мумкин. Биринчиси, «уларнинг кучлари, яъни қувватлари душманни очиқ-ойдин кўрганларигача ўз ораларида кучлидир». Ёки айтамизки, «жанг уларнинг ўз ўрталарида бўлса, кучлидир. Чунки уларнинг ичида (душманларини) қўрқитиб қўйиш билан икром қилинган киши йўқдир. Аммо аҳли китоблар билан Муҳаммад алайҳиссалом ва унинг саҳобалари ўртасида жанг бўлса, мусулмонлар ичида (душманларини) қўрқитиб қўйиш билан икром қилинган зот (Пайғамбар алайҳиссалом) борликлари учун улар кучсизланиб қоладилар. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Икки ойлик масофада (душман калбига) кучли қўрқинч солиб қўйиш билан голиб қилиндим»(Яъни «Аллоҳ менга икки ойлик масофада узокда турган душманим қалбига қўрқинч солиб қўйиш билан нусрат берди» (Табароний, Байҳақий ривояти).) деганлари ривоят қилинган. Бинобарин, шу миқдордаги масофада кучли қўрқинч билан икром қилинган зот бир қишлоқ аҳлига ҳам шундай қилинмаган бўлиши мумкин эмас. Агар биз айтгандек бўлса, бу оят биз баён қилгандек таъвил қилиниши ўз исботини топади. Валлоҳу аълам!
«Уларни бир деб ўйлайсан, ҳолбуки, қалблари тарқокдир». Чунки мунофиқларнинг мақсади ўзларининг саломатликлари, жонларининг ҳузуридир. Аҳли китобларники эса ўз ақидаларини ҳимоя қилиш, уни тўкис барпо қилиш йўлида саъй-ҳаракат олиб боришдир. Қачонки, уларнинг мақсадлари ва интилишлари турлича бўлса, диллари ҳам хилма-хил бўлиб қолади. Бу қуйидаги оятнинг маъносидир:
«Улар оралиқда сарсондирлар: на у ёқлик эмаслар ва на бу ёқлик» (Нисо сураси, 143-оят). Яъни уларнинг мақсадлари ва диллари бир йўлда собит эмасдир.
«Бу, албатта, уларнинг ақл юритмайдиган қавм эканликларидандир». Бу оятни уч хил тушуниш мумкин. Биринчиси, улар ваъда ва таҳдид ҳақида ақл юритмайдилар. Иккинчиси, улар ўзларининг ақл юритган нарсаларидан фойдаланмайдилар. Учинчиси, улар оқибат кимники бўлиши ҳақида ақл юритмайдилар. Юқорида баён қилганимиздек, уларнинг зафар ва ғалаба кимники бўлишини пойлаб ўтириш одатлари бўлган. Жангнинг натижаси уларга ноаниқ бўлса, у ҳақда ақл юритмасалар, ичларида ҳам, ташларида ҳам икки тоифадан бирортасини дўст тутиб олмаганлар. Валлоҳу аълам!

15. Бу худди улардан аввалги, яқинда ўз қилмишларининг оқибатини татиб кўрганларга ўхшашдир. Ва уларга аламли азоблар бордир.
Бу оятда яна бир «ўхшаш» сўзи иштирок этган ибора тушириб қолдирилган бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло гўё бундай деган: «Мана бу кофирлар/шнг мисоли худди улардан аввалгилар - яқинда ўтганларга ўхшашдир...». Шунингдек, қуйидаги оятда ҳам шунга ўхшаш иш бўлган:
«Кофир бўлган кимсалар ўхшаши худди овоздан ва ҳайқи-риқдан ўзга нарсани эшитмайдиган нарсаларга бақираётган кабидир» (Бақара сураси, 171-оят). Яъни «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва кофир кимсаларнинг мисоли...» маъносида. Бу оятда ҳам бошқа бир «мисол» (сўзи) такдирда бўлади.
Ўхшатиш ва унинг кўриниши уч хил бўлади. Биринчиси, «Ўзларига юборилган пайғамбарга ёмон муомала қилган манави кофир кимсалар у зотдан олдинги пайғамбарларга озор берган кофирлар кабидирлар. Улар яқинда ўз қилмишларининг жазосини тотадилар», деб айтилади.
Иккинчиси, «Пайғамбарни Мадинадан чиқариб юборишни қасд қилган мадиналик кофирлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Маккадан чиқариб юборган пайтдаги макка мушриклари кабидир. Токи, улар асирга олиниш ва қатл қилиниш кабилар билан ўз килмишларининг жазосини тотадилар», деб айтилади. Мадиналик кофирлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни у ердан чикариб юборишга қасд қилганларига далил қуйидаги оятдир:
«Улар сизни бу ерда безовта қилиб, ундан сизни чиқариб юборишларига оз қолди...» (Исро сураси, 76-оят).
Бу (Ҳашр сураси, 15-) оят қайсидир қишлоқ ёки қабилага хос бўлиши эҳтимоли ҳам бор. Бунинг маъноси шуки: «Бани Қурайза ўзларидан илгари ўтганларга, яъни Бани Назирга ўхшайди. Улар яқинда ўз ишларининг жазосини тотиб кўрадилар». Валлоҳу аълам!
«Ва уларга аламли азоблар бордир». Бу уларнинг куфрда вафот этишлари ҳақидаги хабардир. Унда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларига далолат бор. Зеро, у зот бу ўринда ғайбдан хабар берганлар.

16. Бу худди шайтонга ўхшашдир. У инсонга, «кофир бўл», деган. У (инсон) куфр келтиргач, у: «Мен сендан холиман, мен оламлар Раббиси - Аллохдан қўрқаман», деди.
Мунофиқлар ҳам худди шайтонга ўхшаб ўзларини дўст тутадиган ва уларга ёрдам берадиган қилиб кўрсатадилар. Қачон уруш бўлса, улардан юз ўгириб, тонадилар.
«Мен сендан холиман». Эҳтимол, бу гапни шайтон охиратда айтар. Зеро, у (охиратда) шундай дейди:
«Мен сизларга ёрдам бера олмайман, сизлар ҳам менга ёрдам берувчи эмассиз. Сизлар илгари мени (Аллоҳга) шерик қилганингизни инкор қилурман» (Иброҳим сураси, 22-оят).
Эҳтимол, бу гапни шайтон шу дунёда айтар. Зеро, қуйидаги оятда бундай дейилган:
«Ўшанда шайтон уларга амалларини зийнатлаб кўрсатди ва: «Бу кунда одамлардан сизга ғолиб кела оладиган ҳеч ким йўқ. Мен сизнинг ҳомийингизман», деди. Икки жамоа бир-бирини кўрганида эса, (шайтон) орқасига қайтди ва: «Албатта, мен сиз кўрмаётган нарсани кўрмоқдаман...» деди» (Анфол сураси, 48-оят).

17. Бас, иккисининг оқибатлари - икковлари ҳам дўзахда бўлурлар, у ерда абадий қолурлар. Ва бу золимларнинг жазосидир.
Бу оятнинг маъноси аёндир.

18. Эй имон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар! Ҳар ким эрталик учун нима тақдим қилганига назар солсин. Ва Аллоҳга тақво қилинглар. Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир.
Қоида шуки, қул билан унинг хожаси ўртасидаги ҳолат зикр қилинганида, баёнда такдирий жумла бўлиши лозим. Мисол учун, Аллоҳ таоло шундай деган:
«Албатта, Аллоҳ тақволи бўлганлар билан биргадир» (Наҳл сураси, 128-оят). Яъни, албатта, Аллоҳ нусрат ва ёрдам беришда улар билан биргадир. Шунингдек, қуйидаги оятда ҳам:
«(Аллоҳ) эзгу иш қилувчилар билан биргадир!» (Анкабут сураси, 69-оят). Яъни Аллоҳ таоло тавфиқ беришда ва дўст тутишда улар билан биргадир.
«Аллоҳга тақво қилинглар» ояти ҳам худди шу кабидир. Чунки бандалар Аллоҳ таоло билан бирга бўлмагунларича Ундан тақво қилишлари мумкин эмас, чунки оятнинг зоҳири шуни тақозо этмоқда. Худди қуйидаги оятга ўхшаб:
«Содиқ кишилар билан бирга бўлингиз!» (Тавба сураси, 119-оят). Яъни тўғри сўзликда содиқлар билан бирга бўлингиз!
Қачонки, оятда тақдирий ибора бўлиши ўз исботини топар экан, унинг маъноси қуйидагилардан бири бўлади: «Аллоҳ таолонинг ҳаққини зое қилишдан тақво қилингиз!» ёки «Аллоҳ таолонинг чегарасига тажовуз қилиш ва уни зое қилишдан тақво қилингиз!» ёки «Аллоҳ таолонинг ғазабига қолишдан такво қилингиз!» ёки «Аллоҳ таолога қарши боришдан тақво қилингиз!» ёки «Сизларни Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор қиладиган сабаблардан тақво қилингиз!».
Ушбу оятда келган «тақво» сўзидан мурод Аллоҳнинг амрлари(га амал қилиш) ва тақиқлари (дан қайтиш) бўлиши мумкин. Зеро, биз тақво сўзининг ўзи ишлатилганда ундан амрлар ва тақиқлар назарда тутилиши, агар амрнинг баробарида зикр қилинса, ундан мақсад Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалар ва қайтарган ишлардан қайтиш назарда тутилиши мумкин, деб баён қилган эдик. Валлоҳу аълам!
«Ҳар ким эрталик учун нима тақдим қилганига назар солсин». Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ким мана шу оятда буюрилганларга амал қилса, охират жавобгарликларидан саломат бўлади. Чунки у бир ишни килаётган вақтда уни эртанги кун (қиёмат) учун тақдим қилаётганини калбидан ҳис қилса, аслида У Зотдан ҳаё қилиши ва ўша вақтда хафа бўлиши сабаб бўладиган амалларга қўл уришдан ўзини тияди. Валлоҳу аълам!
Бу оят ҳар бир жон эгасининг ўтган ҳаёти давомида эртанги кун (қиёмат) учун тақдим қилган нарсага назар солиши маъносида бўлиши ҳам мумкин. Негаки, инсон (охиратни) ўйлаб, эртанги кун (қиёмат) учун такдим қилган нарсаларига назар солса, бу иш уни икки нарсадан бирига чақиради: ёки гуноҳларига тавба қилишга ёки яхши амаллари учун шукр қилишга. Буларнинг барчаси янада кўпроқ яхшиликдир. Аслида, киши бу нарсадан ғафлатда бўлмаслиги лозим. Валлоҳу аълам!
Ёки бу оят инсон эртанги кун (қиёмат) учун келажакда тақдим қилмоқчи бўлган нарсасига назар солсин, агар оқибати ҳалокат бўлса, ундан тийилсин, агар оқибати нажот топиш бўлса, ўша ишга киришсин, деган маънодадир. Валлоҳу аълам!
«Аллоҳга тақво қилинглар! Ҳар ким эрталик учун нима тақдим қилганига назар солсин» оятидан ҳар бир жон эгаси эртанги кун (қиёмат) учун тақдим қилган нарсасига назар солмасликдан сақлансин, деган маъно ирода қилинган бўлиши ҳам мумкин. Валлоҳу аълам!
«Аллоҳга тақво қилинглар!». Бир оятда бу ибора икки марта зикр қилиниши икки хил талқин этилади. Биринчисида «Аллоҳнинг амрлари ва тақиқлари борасида Унга қарши чиқишдан сақланингиз!», кейингисида «Аллоҳнинг ғазаби ва жазолашидан сақланингиз!» деган маъно ирода қилинган бўлиши мумкин.
Иккинчисида, бу оят одатга кўра, ваъид (тахдид)ни таъкидлаш учун такрор келтирилди. Мисол учун, қуйидаги оятларда такрор келганидек:
«Сизларга ваъда қилинаётган нарса қандай ҳам узоқ, қандай ҳам узоқ» (Муъминун сураси, 36-оят).
«Ҳолингга вой бўлсин сенинг, вой бўлсин! Яна ҳолингга вой бўлсин сенинг, вой бўлсин! (Қиёмат сураси, 34-35-оятлар). Валлоҳу аълам!
«Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир». Бу оят замирида бир ишни бажариш вақтида муроқаба қилиш (Аллоҳ кўриб, билиб турганини хаёлга келтириш)га ва сергак бўлишга тарғиб этиш бор. Зеро, кимки бир амални қилиш вактида Аллоҳ таоло у қилаётган гуноҳларни кўриб турганини билса, ўша ишлардан чекланиб, ўзини тияди.
Муфассирлар «Эй имон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар! Ҳар ким эрталик учун нима тақдим қилганига назар солсин. Ва Аллоҳга тақво қилинглар. Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир» оятида тўрт жиҳатдан таҳдид бор, дейдилар. Биринчиси, «Аллоҳга тақво қилинглар!» деган амрида; иккинчиси, «Ҳар ким эрталик учун нима тақдим қилганига назар солсин», буйруғида; учинчиси, «Аллоҳга тақво қилинглар!» такрор келган амрида ва тўртинчиси, «Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир», деган огоҳлантиришида.
Сўнгра, бу тахдид оятда «Эй имон келтирганлар!» - дея мўминларга хитоб қилинганидан кейин келмоқда. Демак, у ғайридинларга қараганда кўпроқ мўминларга тегишли тахдиддир. Бироқ мўминлар ғайридинлар учун ҳозирлаб қўйилган нарсадан кўрқитилмоқда, токи мўминлар кофир кимсалар учун ҳозирлаб кўйилган нарсага гирифтор этадиган амални қилиб қўймасинлар. Бу ҳам худди:
«Кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан сақланингиз!» (Оли Имрон сураси, 131-) оятига ўхшайди.
Сўнгра Аллоҳ таоло бу оятда охиратни «эртанги кун» деб атагани унинг тез келиши сабабидандир. Дунёни кеча деб атагани эса унинг тез фоний бўлишини таъкидлашдир. Қуйидаги оятда ҳам шу айтилган:
«Биз уни худди кеча яшнаб турмагандек қуритиб қўямиз» (Юнус сураси, 24-оят). Бинобарин, Аллоҳ таоло бу оят билан мўминларга эслатма ва ўгит бермоқда, токи ҳар ким бир амални қилмоқчи бўлса, уни нима учун қилаётгани ҳақида фикр юритсин: охират учунми ёки дунё учун? Ҳар ким ўзи ҳақида ўйлаб кўрсин: беҳудага яратилганми ёки Аллоҳ таоло айтганидек, буюк бир иш (қилган амалининг жазоси ёки мукофотини олиш) учунми?

19. Аллоҳни унутганларга ўхшаган бўлманглар. У зот уларга ўз шахсларини унуттирди. Ана ўшалар фосиқдирлар.
Айрим муфассирлар оятдаги «Аллоҳни унутганлар» жумласини Аллоҳ учун амал қилишни унутганлар, деб тафсир қилган. Унутиш - бу тарк қилишдир. Яъни улар Аллоҳ таоло учун бажарилиши вожиб бўлган амални тарк қилганлар.
«У Зот уларга ўз шахсларини унуттирди». Яъни улар унутиб қўйганлари сабабли Аллоҳ таоло уларни хорлаб қўйди.
Бизнинг наздимизда, бу оятнинг маъноси, ҳар бир инсон бирон-бир амални қилса, ўша амали орқали ўзига манфаат бўлишини умид қилади. Чунки воқеликда ҳам манфаат учун амал қилмайдиган киши фойдасиз ишлар билан машғул бўлувчи ҳисобланади. Бинобарин, ушбу кофирлар Аллоҳ таолонинг амрига бўйсунмаган, Унга итоат этмаган ва Унинг розилиги учун амал қилишни тарк этган эканлар, бу билан улар ўзларининг фойдалари учун амал қилишни тарк этувчига айланиб қоладилар. Аслида, Аллоҳнинг розилиги учун қилинган амал ўзларининг фойдалари учундир. Шунга кўра, Аллоҳ таоло гўё, улар ўзларини унутганлари сабабли унутилган кимсаларга айландилар, демоқда.
«У Зот уларга ўз шахсларини унуттирди», яъни уларда унутиш ва тарк қилиш феълини яратди. Унутиш ихтиёрини уларга, унуттиришни эса Узига боғлаб зикр қилди ва бу иш Узининг феъли эканини аниқ ифодалади. Яъни бу аввал улардан унутиш феъли содир бўлган, кейин Аллоҳ таоло уларни унуттирган дегани эмас, балки улар ўша феъл - унутишни ихтиёр қилган пайтларида Аллоҳ таоло уларда ўша феълни яратган, деганидир. Бу инсонларнинг: «Аллоҳ таоло ҳидоят қилгани учун ҳидоят топди», «ҳидоят топгани учун Аллоҳ уни ҳидоятга бошлаб қўйди», деган гапларига ўхшайди. Зеро, бу ишларнинг барчаси бир пайтда бўлади. Хорлаш ва унутиш борасида ҳам худди шундай. Яъни банда унутиш феълини ихтиёр қилгач, Аллоҳ таоло унда ўша феълни яратади. Бу иш банда ҳидоят ёки куфрни ихтиёр этган пайтда Аллоҳ таоло унда ўша нарсани яратганига ўхшайди. Бу ишлар олдин-кетин содир бўлади, деб тушуниш жоиз эмас.
«У Зот уларга ўз шахсларини унуттирди» ояти худди «Аллоҳни унутганлар» оятига ўхшашдир. Чунки оятдаги «ўзларини» ибораси «Аллоҳни унутиб қўйганлар» ояти замиридадир. Чунки Аллоҳ учун амал қилиш - бу инсонларнинг ўзлари учун амал қилишидир. Узлари учун амал қилиш деганда, Аллоҳнинг розилигини истаб бажарилган амал тушунилади. Биз шунинг учун ҳам бу икки иборанинг ҳар бирида иккинчисида мавжуд бўлган маъно ҳам бор, деб айтдик.
Бу оятнинг яна бир маъноси бор: улар Аллоҳга итоат қилишни тарк этгач, бу ишлари учун У Зот уларни тарк қилиш билан жазолади. Уларни яхшиликлар ва тоат-ибодатларга муваффақ қилмади. Бу эса азобларнинг энг қаттиғидир.
Оятнинг маъноси бундай бўлиши ҳам мумкин: Аллоҳ таоло уларни қилган амалларининг жазоси сифатида охиратда доимий азоб ичида тарк қилади. Бинобарин, дунёда қилган амаллари ва Аллоҳ таолога имон келтиришни тарк килганлари учун бу азоб уларга жазодир. Бу икки таъвил ҳам юқорида айтиб ўтилганидек, қилган амалларида ёрдамсиз қолдиришга бориб тақалади. Валлоҳу аълам!
«Ана ўшалар фосиқдирлар». Фосиқлик бу Аллоҳ таолонинг амридан чиқишдир.

20. Дўзах эгалари ва жаннат эгалари тенг бўлмаслар. Жаннат эгалари, ўшалар ютуққа эришувчилардир.
Яъни нажот топувчи зотлардир. Нажот топиш эҳтиёжни қўлга киритишдир. «Дўзах эгалари ва жаннат эгалари тенг бўлмаслар» ояти икки хил маънони эҳтимол қилади. Биринчиси, улар дунёда баробар бўлмайдилар. (Иккинчси,) ёки охиратда ҳам баробар бўлмаслар. Агар биринчисига кўра бўлса, оятнинг маъноси «Дунёда жаннат аҳли билан дўзах аҳлининг амали ақлан баробар бўлмайди». Чунки дўзах аҳли ақллар қабиҳ санайдиган амалларни қиладилар. Жаннат аҳли эса ақллар гўзал ҳисоблайдиган ва жаннатга чақирадиган амалларни қиладилар. Жаннат аҳлининг амали далил-ҳужжатлар билан намоён бўлади, аммо дўзах аҳлининг амали учун ҳеч қандай далил мавжуд эмас. Далил-ҳужжатлар билан амалга оширилган ишлар ақлларда далилсиз бажарилган ишларга қараганда гўзалроқдир. Бандани савобга ҳақли этадиган ҳар қандай амал ақлан гўзал ҳисобланади. Бандани азобга гирифтор этадиган ҳар қандай амал ақлларда қабиҳ саналгандир. Демак, жаннат аҳли билан дўзах аҳли баробар эмас.
Аммо иккинчи маъно (охиратда баробар бўлмасликлари)га кўра, дўзах аҳлининг жазоси билан жаннат аҳлининг мукофоти баробар бўлмайди. Чунки жаннатда доимий неъматлар, дўзахда эса қийинчилик ва доимий азоб бор. Демак, жаннат аҳли билан дўзах аҳли баробар эмас. Аллоҳ таоло бу нарсаларни инсонлар ғафлатдан қайтиб, Унинг розилиги учун амал қилсинлар, яхши ишлари билан охиратда савоб (мукофот)га сазовор бўлсинлар, деб уларга эслатиб қўймоқда.

21. Агар ушбу Қуъонни тоғга туширганимизда эди, унинг Аллохдан қўрққанидан титраб-қақшаб ва парчаланиб кетганини кўрар эдингиз. Ушбу мисолларни одамларга келтирурмиз, шоядки улар фикр юритсалар.
Уламолар бу оятнинг таъвили юзасидан турлича фикрларни билдирганлар. Баъзилари: «Бу оят аслида танбеҳ ва эслатиб кўйиш маъносида бўлишига қарамай, мажозий маънода келган».
деганлар. Бу борада шундай фикрни илгари суришган: Араблар бирор ишни қарши оладиган ва уни қийинлик ва буюклик билан сифатламоқчи бўлсалар, ўзлари васфи улуғ деб билган нарсаларни мисол тарзида келтирганлар. Бу билан ўша нарсанинг айнан ўзини назарда тутмаганлар. Уларнинг қийинчилик пайтида «Еру осмон ораси менга зулмат бўлиб кетди», «Кенг дунё менга торлик қилиб кетди», деган сўзлари бунинг мисолидир. Шунингдек, Аллоҳ таоло Лут алайҳиссаломнинг ишини:
«Улар туфайли юраги сиқилди» (Ҳуд сураси, 77-оят)(«Элчиларимиз Лутнинг ҳузурига келганларида улар сабабли (ҳолати) ёмонлашди ва улар туфайли юраги сиқилди ҳамда «Бу - оғир кун!» - деди» (Ҳуд сураси, 77-оят).), деб сифатлаган.
Араблар бундай гапларни ҳақиқий маънода эмас, балки кўзланган мақсад билан ифодалашни истаган пайтларида, мажозий маънода ишлатадилар. Чунки дунё ўша инсон учун аввал қандай бўлса, шундайлигича ўзгармай турибди. Шунингдек, Осмон ва Ер унга зулмат бўлгани ҳам йўқ. Аммо улар бу каби гапларни бошларига тушган ишнинг оғирлигини билдиришда ўхшатиш услуби билан гапирадилар. Аллоҳ таолонинг: «Агар ушбу Қуъонни тоғга туширганимизда эди, унинг Аллоҳдан қўрққанидан титраб-қақшаб ва парчаланиб кетганини кўрар эдингиз», ояти ҳам худди шу услубда келган.
Аллоҳ таоло ўхшатиш услубида: «Бу ҳужжатлар шу даражада салобатли ва кучлики, агар у тоғ узра нозил қилингани-да, албатта, тоғ Аллоҳ таолога бўйсунган ва Унинг қўрқувидан ёрилиб кетган бўлар эди», деган. Бироқ манави кимсаларнинг қалблари тоғдан ҳам қаттиқрокдир, негаки улар (Аллоҳ таолога) бўйсунмадилар ва қўрқмадилар. Бунинг мисоли ушбу оятдир:
«(Улар) тош кабидир, балки ундан ҳам қаттиқроқдир» (Бақара сураси, 74-оят)(«Сўнгра шундан (мўъжизаларни кўргандан) кейин ҳам дилларингиз котди. Бас, улар (баъзи диллар) тош кабидир, балки ундан ҳам қаттиқроқдир. Зеро. шундай тош ҳам борки, ундан анҳорлар отилиб чиқади, яна шундайи ҳам борки. ёрилиб ундан сув чиқади ва яна шундайи ҳам борки, Аллоҳдан қўрқиб (жойидан) қулайди. Аллоҳ сизларнинг қилаётган ишларингиздан ғофил эмасдир» (Бақара сураси, 74-оят).). Чунки тошда ҳам ундан сув чиқиши каби бошқа манфаатлар бўлиши мумкин. Аммо манави кофир кимсаларнинг дилларида эса ҳеч қандай манфаат йўқ, балки улар (тошдан) қаттиқ бўлиб, (Аллоҳдан) қўрқмайди ҳам, қўрқувдан ёрилмайди ҳам. Шунга кўра, Аллоҳ таолонинг:
«Ун(инг оғирлиги)дан осмонлар ёрилиб кетаёзур» (Марям сураси, 90-оят) ояти таъвилини ҳам ҳақиқий маънога эмас, балки мажозга йўйганлар.
Айримлар «Агар ушбу Қуръонни тоғга туширганимизда эди...» оятини ҳақиқий маънода, яъни тоғнинг ёрилиши ва унинг қўрқиши содир бўлади, деганлар. Шунингдек, «Ун(инг оғирлиги)дан осмонлар ёрилиб кетаёзур» (Марям сураси, 90-оят) ҳам худди шундай таъвил қилинади.
Демак, юқоридаги оятнинг маъноси қуйидагичадир: агар бу Қуръон ҳамда инсонларга вожиб (фарз) бўлиб келган унинг ичидаги ҳукмлар ва омонатлар тоғ узра нозил бўлганида ҳамда у ҳам ўз ихтиёри билан шартлари топилгани учун уни қабул қилишга молик бўлганида, албатта, Аллоҳ таолодан қўрқиб, ёрилиб кетган бўлар ва ўзига лозим бўлган ҳукмларни адо эта олмасликдан қўрқиб, уни қабул қилмаган бўлар эди. Зеро, куйидаги оятда шундай дейилади:
«Албатта, Биз бу омонатни осмонларга, Ерга ва тоғларга таклиф этдик...» (Аҳзоб сураси, 72-оят)(«Биз (бу) омонатни (чин бандалик омонатини) осмонларга, Ерга ва тоғларга таклиф этдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат, у (ўзига) зулм қилувчи нодондир» (Аҳзоб сураси, 72-оят).).
Шундай экан, оят маъноси, «Агар Биз мана шу Қуръон ичидаги бу омонатларни тоғ узра нозил қилганимизда эди, албатта, у (тоғ)ни қўрққан ва ёрилиб кетган ҳолида кўрган бўлур эдингиз», бўлиши мумкин. Зеро, омонатлар баъзан кишига уларнинг ҳаммасини адо эта олмайдиган нарсаларни юклайди. Чунки омонатлар адо этиш мумкинлигидан ташқари, адади кўп бўлган нарсалардандир. Мана шу таъвилга кўра, тоғ қанчалик маҳобатли ва мустаҳкам бўлишига қарамай, агар Қуръон тоғга нозил қилинадиган бўлса, албатта, ёрилиб кетар эди. Демак, бу оят халойиқларга танбеҳ ва эслатмадир.
Баъзи муфассирлар бундай деган: «Албатта, ушбу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ва барча пайғамбарларга берган неъматини эслатмоқда. Агар пайғамбарларга Аллоҳнинг фазли ва яхшилиги бўлмаганида эди, бу Китобни ўз зиммасига олишга ва ўзларига юкланган пайғамбарликдан иборат У Зот фарз қилиб қўйган ишни адо этишга ҳеч бир пайғамбарнинг қурби етмаган бўлар эди. Бироқ У Зот ушбу ишни уларга осон қилиб, яхшилик қилгани учун улар бу ишларнинг барчасини адо этдилар». Зеро, куйидаги оятда шундай дейилган:
«Албатта, Биз сизга оғир Сўзни туширамиз» (Муззаммил сураси, 5-оят). Аллоҳ таоло бошқа бир ўринда бундай деган:
«Ҳақиқатан, Биз Қуръонни зикр учун осон қилиб қўйдик. Бас, эслатма олувчи борми?!» (Қамар сураси, 17-оят). Демак, Аллоҳ таоло бандаларга Қуръоннинг ичидагиларга амал қилиш оғирлигини енгил қилиб қўйган. Уламолар айтадиларки, юқоридаги оят шу маънода бўлади: «Агар ушбу Қуръонни тоғга туширганимизда эди, унинг ичидаги ҳукмлар оғир бўлгани боис тоғ Аллоҳдан қўрққанидан титраб-қақшаб ва парчаланиб кетганини кўрар эдингиз. Бироқ Аллоҳ таоло сизга яхшилик қилди, Ўзининг зикрини сизга осон қилиб қўйди, сизни Қуръондаги ҳукмларни ўз эгаларига етказишга муваффақ қилди».
Баъзи муфассирлар айтишича, Аллоҳ таоло Мусо алайҳис-саломга Тавротни нозил қилишни истаганида, фаришталарга уни кўтаришни амр этган. У қизил забаржад лавҳ ичида бўлган. Улар эса Тавротни кўтара олмаганлар. Сўнг ундаги ҳар битта ҳарфни кўтаришни амр қилганида, уларнинг бунга ҳам қурбилари етмаган. Шунда Аллоҳ таоло Тавротни Мусо алайҳиссаломга енгил қилиб берган ва у зот ўша енгилини кўтарган». Худди шунга ўхшаш гаплар Исо ва Довуд алайҳимуссалом ҳақида ҳам зикр қилинган. Сўнгра бу (Китоблар) пайғамбарлар алай-ҳимуссаломга енгил қилиб берилган. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга гўё бундай демоқда: «Агар Биз бу Қуръонни тоғ узра нозил қилганимизда эди, албатта, унинг фалон-фалон бўлганини кўрар эдингиз. Лекин у сиздан олдин ўтган пайғамбарларга енгил қилиб қўйилганидек, сизга ҳам енгил қилиб қўйилди». Бу гапларни Калбий айтган.
Аммо агар бу хабар рост бўлса, ўша оғирлик - лавҳлар ичидаги ёзувнинг ўзида бўлмаган, балки унинг ичида келган омонатлар ва бошқа (ҳукм)ларни адо этиш лозимлиги учун уларга оғир бўлган. Чунки Аллоҳ таоло, агар бу Қуръон тоғга нозил қилинганида, сиз уни Аллоҳнинг қўрқувидан ўзини хор тутган ва ёрилиб кетган ҳолида кўрган бўлар эдингиз, деб хабар берган. Бошқа бир ўринда «Биз бу омонатни ...таклиф этдик» (Аҳзоб сураси, 72-оят) деган. Сўнгра ўша лавҳларни Ер кўтарган ва Мусо алайҳиссаломга ҳам уларни кўтариш имкони берилган. Шунингдек, Қуръони карим, Таврот, Забур кабилар ҳақиқатан ҳам кўтарилиши ва оз сонли лавҳларда ёзилиши мумкин бўлган нарсалардир. Демак, оятда айтилган нарсадан мурод ҳарфлар эмаслиги, балки ундаги амр, тақиқ, омонатни адо этиш, Аллоҳдан чинакамига қўрқиш маъносида бўлгани ўз исботини топади. Биз айтиб ўтган ушбу сўзлар тафсир аҳлининг бу оят нозил бўлиши ҳақидаги таъвилларидир.
Аммо ўзимга келсак, бу оят таъвилининг ҳақиқати ҳақида менда ҳеч қандай илм йўқдир. Борди-ю, оятда эслатма ва танбеҳ бериш мавжуд бўлмаганида ҳам, биз бундай дер эдик: У тафсир қилинмайдиган, (маъноси) яширилган муташобиҳ оятлардан биридир. Лекин бу оят эслатиш ва ўқишимиз осон бўлган оятлар шукрини адо этишни талаб қилиш маъносида келгани учун уни таъвил қилишга эҳтиёж сездик.
«Ушбу мисолларни одамларга келтирурмиз, шоядки улар фикр юритсалар». Бу оятнинг маъноси маълумдир.

22. У Аллоҳ - Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган зотдир. У гайбни ҳам, ошкорни ҳам билувчи зотдир. У мехрибон ва раҳмлидир.
Айрим муфассирлар бу оятда келган [ҳува] калимасини Аллоҳ таолонинг энг буюк исмларидан бири, дейдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларидан ривоят қилинишича, у зот: [Я Ҳува! Я ман лаа ҳува иллаа Ҳува!] - «Эй, Аллоҳ! Эй, Ундан ўзга илоҳ бўлмаган Аллоҳ!», деб дуо қилар эдилар. Бу гапнинг маъноси, ҳар бир нарса Унинг зоти туфайли вужудга келган, деганидир.
«У ғайбни ҳам, ошкорни ҳам билувчи Зотдир» оятига уч хил маъно берилган. Биринчиси, У халойиқлардан яширин бўлган нарсаларни ҳам, улар шоҳиди бўлиб турган нарсаларни ҳам билувчидир. Иккинчиси, У Зот шу пайтгача бўлган нарсаларни ҳам, кейин бўладиган нарсаларни ҳам билувчидир. Учинчиси, У Зот бўлган нарсани ва у вужудга келса, қандай бўлишини ҳам билувчидир.
«У меҳрибон ва раҳмлидир». Бу иккиси «раҳмат» сўзи ўзагидан (раҳм, шафқат, марҳамат)дан олинган исмлардир.
Бу оятда тўрт нарсанинг баёни бор. Биринчиси, тавҳид бўлиб, у: «У Аллоҳ - Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган Зотдир» жумласида баён этилган. Чунки «Илоҳ» - маъбуднинг исми. Шубҳасиз, Ундан ўзга ҳар қандай маъбуд ботилдир. Иккинчиси, инсон барча ҳолатларида ҳам Аллоҳ таоло уни кўриб-билиб турганини ёдда тутиши лозимлиги ҳақида огоҳлантирилган. Бу маъно оятдаги «У ғайбни ҳам, ошкорни ҳам билувчи Зотдир» жумласида келган. Учинчиси, Аллоҳнинг раҳматига тарғиб қилиш, дунё ва охиратда бандаларга бериладиган неъматларнинг барчаси Аллоҳ таолодан экани хабар қилинган. Зеро, оятдаги «У меҳрибон ва раҳмлидир» жумласида меҳрибонлик зикр қилинган. Тўртинчиси шуки, зикр қилиб ўтганларимиз қуйидаги оятда ҳам баён этилган:

23. У Аллоҳ - Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган Зотдир. У Зот ал-Малик, ал-Қуддус, ас-Салом, ал-Муъмин, ал-Муҳаймин, ал-Азиз, ал-Жаббар, ал-Мутакаббирдир. Аллоҳ улар ширк келтираётган нарсалардан покдир.
«Ал-Малик» исми «мулк» сўзидан олинган бўлиб, ҳар бир нарса Унинг мулкидир, Ундан ўзга ҳеч кимнинг ҳаққоний мулки йўқдир, маъносида бўлади.
«Ал-Қуддус» ҳақида икки хил фикр мавжуд. Айрим му-фассирлар: «Қуддус» сўзи «муборак» дегани, барака ҳар қандай яхшиликнинг номидир. Яъни барча яхшиликлар У Зотдандир. Лекин Аллоҳ таолога нисбатан: «Эй муборак Зот!» - дейиш жоиз эмас, гарчи бу ҳар қандай яхшилик Ундан келади, деган маънога олиб борса ҳам. Чунки Унинг исмлари ичида бу исм нақл қилингани маълум эмас. Аллоҳ таолони Унинг Ўзи номламаган исмлар билан номлашдан сукут сақламоқ лозим. Шунинг учун Аллоҳ таолони «Муборак» деган исм билан номлаш жоиз эмас, деймиз. Аллоҳ тавфиқ берувчи Зотдир!
Иккинчи фикр шуки, «ал-Қуддус» У пок Зотдир дегани, яъни Аллоҳ таоло динсизлар ва кофирларнинг У Зот тўғрисида «Унинг боласи бор, Унинг шериги бор», деб айтган гапларидан покдир.
«Ас-Салам» исмининг маъноси борасида ҳам бир неча фиклар мавжуд. Айрим муфассирлар: «Аллоҳтаоло айб-нуқсонлардан саломат бўлгани учун Узини шундай номлаган. Махлуқотлар эса айб-нуқсон етишидан саломат эмаслар», деган. Бошқа муфассирлар: «Мўминлар Унинг азобидан саломат бўлганликлари боис Узини шундай номлаган», деганлар. Аммо биринчи маъно ҳақиқатга яқинроқдир.
«Ал-Муъмин» исмининг маъноси борасида ҳам турли нақллар мавжуд. Баъзилар: «Бу исм «омонлик» сўзидан олинган. Яъни У мўминларни азобдан хотиржам қилади. Бошқа бирор кишининг Унинг азобидан хотиржам қилиш имкони йўк», деганлар. Айримлар эса: «Унинг асли тасдиқлаш маъносидаги «имон» сўзидан олинган. Буни икки хил тушуниш мумкин. Биринчиси, мўминларга жаннатни ваъда қилиб, берган сўзини тасдиқловчи Зотдир. Иккинчиси, У мўминларнинг тасдиқлаб айтган гапларини тасдикловчи Зотдир. Бас, Аллоҳ таоло улар айтган сўзларни тасдиклайди», деганлар.
Баъзи инсонларнинг айтишича, Аллоҳ таоло Узини «Қуръон ўзидан илгари нозил бўлган китобларни «тасдиқловчи» китоб», деб хабар берган сифати билан номлаган.
«Ал-Муҳаймин» исми тўғрисида ҳам турли қарашлар мавжуд. Баъзилар: «Ал-Муҳаймин» ишончли, омонатдор маъносида, деган бўлса, бошқалар эса: «Ал-Муҳаймин» «султон, ҳукмрон» маъносида, яна бир гуруҳ олимлар: «кузатиб турувчи Зот» маъносида, деганлар. Биринчи гапни айтганларнинг фикрича, бу исмнинг асли «ал-муътаман» сўзидан, у эса «омонат» сўзидан олинган. Бу гапни Қутабий айтади. Яъни «У Зот ўзи айтаётган барча гаплар ва қилаётган барча ишларда асло зулм қилмаслигида ишончлидир» маъносида.
Ким уни «султон, ҳукмрон» маъносида, деса унинг асли «ҳукмрон бўлди», «султон бўлди» деган маънодадир, дейдилар. Қутабийдан «ал-мусаллиту» исмининг маъноси ҳақида сўралганда «У худди «Қоҳир» исмига ўхшашдир. Чунки Аллоҳ таоло бандаларнинг барчасини мағлуб қилган ва улар У Зотнинг мулкидирлар», деган.
«Қузатиб турувчи» маъносида деб изоҳ берганлар наздида у икки хил талқин қилинади. Биринчиси, У Зот бандалар ва уларнинг амалларини ҳеч нарса Ундан махфий қолмаслиги нуқтаи назаридан кузатиб турувчи Зотдир. Иккинчиси, У Узининг Пайғамбарига нозил қилган нарсаси рост ва тўғри эканига шоҳидлик берувчидир. Зеро, куйидаги оятда шундай дейилган:
«Сизга ўзидан олдинги Китобни тасдиқ этувчи ва уни мувофиқлаштирувчи, (яъни кузатиб турувчи) сифатида Китоб (Қуръон)ни ҳақиқатан нозил қилдик» (Моида сураси, 48-оят).
«Ал-Азиз», яъни У Зотдан бошқа барча азизлар Унинг олдида хор ва муҳтождир.
«Ал-Жаббар» исмига икки хил маъно берилган. Биринчиси, Аллоҳ таоло ўзини «Жаббор» деб атагани, У Зот ҳар бир синик нарсани тузатадиган зот эканидандир. Баъзилар: «Аллоҳ таоло буюклик ва олий қудрат соҳиби бўлгани учун ўзини «Жаббор» деб атаган. Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким бу исм билан номланиши жоиз эмас. У Зот ўхшаши ва тенги бўлишдан буюк ва олийдир», деганлар.
«Ал-Мутакаббир» исми «улуғлик» ва «буюклик» (сўзлари) маъносидан ҳосил бўлган. Бу исм Аллохдан ўзгасига лойик эмас. Чунки халойиқлар яратилиш жиҳатидан бир-бирларига тенгдир. Шунинг учун бировнинг бошқа бировдан афзаллик жойи йўқ. Халойиқларнинг барчалари бир-бирларига тенг эканлар, ҳеч ким ўзидан бошқа бировга димоғдорлик қилиши жоиз эмас. Демак, бу борадаги ҳуқуқ фақат Аллоҳ таолога хос бўлиб қолди. Бошқаларга такаббурлик қилиш ўзини юқори олишдир. Аслида «Мутакаббир» ягона бўлиш, яъни ўзининг ўхшашини кўрмасликдир.
Аллоҳ таоло ўзини «Мутакаббир» деб атаган. Зеро, У Зот мустақил равишда Мутакаббирдир, буюклиги Ўзидан бошқалар билан боғлик эмас. Шу боис халойиқлардан бирортаси такаббурлик қилишга ҳақли эмас, бу фақат Аллоҳ таологагина хосдир, деймиз. Чунки ҳеч ким Аллоҳ таолога ўхшаш ёки зид ёки тенг эмас. Аммо халойиқларга келсак, улардан ҳар бирининг ўз ўхшаши бордир.
«Аллоҳ улар ширк келтираётган нарсалардан покдир». Бу оятда Аллоҳ таолони динсизларнинг У Зот тўғрисида айтган гапларидан поклаш бордир. Бинобарин, бу шундай исмки, Аллоҳ таоло бу билан Ўзини номлаган, фаришталар, пайғамбарлар ва мўминларга уни кўп такрорлашни буюрган. «Субҳоналлоҳ» ибораси, кофирлар айтганидек бўлишидан Аллоҳ сақласин!» деган маънони англатади.
Аллоҳ таоло ўзини «Жаббор» деб атаган, чунки У барча мавжудотларни ўз ўрнига солиб, Ўзи истаганидек қилиб қўяди. Бу маъно қуйидаги оятда ўз аксини топган:
«У сизларни бачадонларда Ўзи хоҳлагандек шакл берган Зотдир» (Оли Имрон сураси, 6-оят). Бинобарин, У мавжудотларни Ўзи хохдаган шаклда яратади, бошқалар хоҳлаган шаклда эмас.
У киши (Имом Мотуридий) шундай деди: Албатта, Аллоҳ таоло тўрт маънода олийдир:
- Биринчиси, зулм ва адолатсизлик қилиш ҳамда Зотига нолойиқ барча сифатлардан олийлиги;
- Иккинчиси, барча мавжудотлар устидан ғолиб келиши ва уларни Ўзи истаганидек тасарруф қилиш билан олийлиги. Яъни ҳеч ким Уни мағлуб эта олмайди, аксинча У халойиқлардан ғолиб келади;
- Учинчиси, муҳтожлик, офат ва У Зотдан бошқалар қутула олмайдиган ҳар қандай камчиликдан олийлиги;
- Тўртинчиси, золимлар У Зот ҳақида «Унинг боласи, зидди, ўхшаши, тенги бор», деб айтган гаплардан, шунингдек, махлуқотларга етадиган барча офатлардан олийлиги. Аллоҳ таоло ёрдам сўралувчи Зотдир!

24. У Аллоҳ - ал-Холиқ, ал-Бориъ, ал-Мусаввирдир. Барча гўзал исмлар Уникидир. Осмонлар ва ердаги барча нарсалар Унга тасбеҳ айтади. Ва У Азиз ва Ҳакимдир.
«У Аллоҳ - ал-Холиқ, ал-Бориъ, ал-Мусаввирдир». «Ал-Холиқ» ва «ал-Бориъ» исмларининг маъноси бирдир. Арабларда [бароа] сўзи «яратди» маъносида ишлатилади. [ал-барийя] ҳам бу яратилмишлар дегани. Айтишларича, яратиқларнинг «барийя» деб аталишига сабаб уларнинг тупроқдан яратилганлигидир. Чунки [ал-баро] тупроқдан демакдир.
«Ал-Мусоввир» бу ҳар бир нарсага унинг ўз суратини берадиган ва қандай бўлса, шундайлигича суратлайдиган Зотдир. «Тасвир» аслида чегараларни баён қилиш дегани. Зеро, инсонларнинг: «Мен фалон киши олдида ишни тасвирлаб бердим», деган сўзи «Мен ушбу ишни чегаралаб бердим», маъносини ифодалайди.
«Барча гўзал исмлар Уникидир». Яъни Унинг олий сифатлари бордир. Чунки «сифат»нинг икки маъноси бор. Биринчиси - сифат, иккинчиси ўхшатишдир. Агар сифат маъносида бўлса, унинг ҳақиқати (ўзи) тушунилади. Агар ўхшатиш маъносида бўлса, унинг ҳақиқати тушунилмайди.
Аллоҳ таолонинг «Барча гўзал исмлар Уникидир» ояти «Барча олий сифатлар Уникидир», деган маънодадир. Бу исмлар билан Ундан бошқа ҳеч ким номланмас. Чунки Ундан ўзгасига на «Рабб», на «Раҳмон» ва на «Молик» деб айтилади. Аммо уларни бирор нарсага қўшиб айтиш бундан мустаснодир.
Аллоҳ таолодан бошқаси учун улар очиқчасига, ҳеч қандай қайдларсиз ишлатилмайди.
Бу оятнинг яна бир талқини бўлиши мумкин. Яъни Унинг исмларида Унга ўхшаш йўқдир ёки ўша исмларда ҳеч ким Унга шериклик қилмас, балки улар Аллоҳ таолога хосдир. Аллоҳ таоло ёрдам сўралувчи Зотдир!

 

Орқага Олдинга