loader

055. Ар-Раҳмон сураси

(Мадинада нозил бўлган, 78 оятдан иборат.)
Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Ар-Раҳмон (меҳрибон Зот).

2. Қуръонни таълим берди.
[ар-Раҳмон] исмининг этимологияси [ар-роҳмат] - «раҳм, шафқат, марҳамат» бўлиб, [фаълон] вазни (қолипи)да эканини араблар яхши билганлар ва тушуниб етганлар. Лекин махлуқотлардан ҳеч бири [ар-роҳмат] - «раҳм, шафқат, марҳамат» борасида [раҳмон] деб номла-нишга ҳақли бўладиган даражага етмайди. Шунинг учун Аллох таоло Узини [Раҳмон] - «Бағоят меҳрибон» деб номлаш билан хослади. Гарчи [ар-Роҳим] исмининг этимологияси [ар-роҳмат] сўзидан олинган бўлсада, Ундан бошқани ҳам [ра-ҳим] - «меҳрибон, раҳмли» деб номлаш жоиз. Валлоҳу аълам!
«Қуръонни таълим берди». (Бу оятда) «Ар-Раҳмон Қуръонни таълим берди», дейилди-ю, уни кимга таълим берилгани зикр қилинмади. Ундан мурод Аллоҳ таоло Қуръонни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга таълим берган бўлиши мумкин. Бу таълим бериш уч хил тушунилади. Биринчиси, Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссаломга буюрган ва у зот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга таълим берган. Чунончи, У Зот:
«Унга (тиловатни) мустаҳкам қувватга эга бўлмиш зот (Жаброил) таълим берди. (У) ҳусн ва иқтидорга эга (фаришта)дир. Бас, у (самода ўз суратига кириб) турди» (Нажм сураси, 5-6-оятлар) деган. Лекин Жаброил алайҳиссалом Қуръонни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳнинг амрига мувофиқ таълим бергани учун (оятда) Ҳақ таолога боғлаб зикр қилинган.
Иккинчиси, Аллоҳ таоло (Қуръонни) таълим беришни Узига боғлаб зикр қилган, чунки уни Пайғамбар алайҳиссаломнинг қалбларида ёддан чиқармайдиган даражада мустаҳкам ўрнатиб қўйган зот Аллоҳдир. Аллоҳ таоло шундай деган:
«(Эй Муҳаммад!) Биз сизга (Жаброил воситасида Қуръонни) қироат қилдирурмиз. Бас, сиз (уни) эсдан чиқармассиз» (Аъло сураси, 6-оят).
Бошқа оятда шундай деган:
«(Эй Муҳаммад! Қуръонни) тезроқ (ёдлаб) олиш учун тилингизни у билан (кўп) ҳаракатлантираверманг. Зеро, уни (сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингиздаги) кироати ҳам Бизнинг зиммамиздадир» (Қиёмат сураси, .6-17-оятлар).
Яна бошқа оятда бундай дейилган:
«...мана шундай (оз-оздан нозил қилдик) ва уни тартили билан (равон) ўқиб бердик» (Фурқон сураси, 32-оят).
Учинчиси, гарчи Қуръонни (Пайғамбар алайҳиссаломга) Жаброил алайҳиссалом таълим берган бўлса-да, Аллоҳ таоло уни Узига боғлаб зикр қилган. Чунки таълим беришни Жаброил алайҳиссаломда яратган ҳам - У Зотнинг Узидир.

3. (У) инсонни яратди.

4. Унга баённи (нутқни) таълим берди.
Баъзи муфассирлар: «(У) инсонни яратди» ояти (даги инсон)дан мурод Одам алайҳиссалом, «Унга баённи таълим берди» оятидаги баёндан мурод
«(Аллоҳ) Одамга барча (яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли) исмларни ўргатди» (Бақара сураси, 31-оят) оятида зикр қилинган номлардир. Чунки у исмларни билишнинг ягона йўли талқин қилиш (ўргатиш)дир. Улар фикр-мулоҳаза юритиш орқали билиб олинадиган ва англаб етиладиган нарсаларга ўхшамайди», деганлар.
«(У) инсонни яратди» оятида «(У) ҳар бир инсонни яратди»: «Унга баённи таълим берди» оятида «Унга инсонларни имтиҳон қиладиган амрлар ва тақиқларнинг баёнини таълим берди, токи У Зот инсонни ўз ҳолига ташлаб қўйиш учун яратмаган экани маълум бўлсин», деган маъно ирода килинган бўлиши мумкин.
Шунингдек, ушбу оят Аллоҳ таоло барча инсонларга улар билмаган нарсаларни таълим берди, токи ўзлари кўриб юрган таъм, ранг ва лаззат орқали ўзларига махфий бўлган айни нарсаларнинг таъми, ранги ва лаззатини ўзлари кўрган нарсаларни далил қилган ҳолда билиб олсинлар, деган маънода бўлиши ҳам мумкин.
«Унга баённи таълим берди» ояти(даги баён)дан мурод кўз билан кўриб-кузатиб, гувоҳи бўлиб турган нарсалардан Аллох таолони танишга далил сифатида фойдаланиш бўлиши ҳам мумкин. Яъни инсонни муҳтож ва ожиз, эҳтиёжлар ва воқеа-ҳодисалар билан қамраб олинган ҳолда кўргач, уни ана шундай қилиб яратган Холиқ (яратувчи), Олим (илм эгаси) ва Қодир (қудратли) зот борлигини англаб етадилар.
(Оятда) зикр қилинган «баённи таълим берди» жумласи Қуръонни баён қилишни таълим берди, деган маънода бўлиши мумкин. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга оид бўлиб, Аллоҳ таоло у зотга Қуръонни таълим берган ва баённи. яъни одамларга керак бўладиган ҳар бир нарсани, улар учун нима фойдали-ю, нима зарарли эканини баён қилиб беришлари учун Қуръонни баён қилишни таълим берган.
«Ар-Раҳмон (ўта меҳрибон Зот) Қуръонни таълим берди» оятини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга буриб, («Ар-Раҳмон Муҳаммад алайҳиссаломга Қуръонни таълим берди». деб) ва «(У) инсонни яратди. Унга баённи таълим берди» оятини Одам алайҳиссаломга нисбат бериб, («У Одамни яратди. Унга баённи таълим берди», деб) таъвил қилиш ҳам мумкин.
Баъзи муфассирлар «(У) инсонни яратди» оятига «(У) Одамни яратди», «Унга баённи таълим берди» оятига «Унга дунё ва охират баёнини ўргатди», деб маъно берганлар. «(У) инсонни яратди» ояти «Қуръонни таълим берган ҳар бир исонни яратди» ва «Унга баённи», яъни «Қуръондаги ҳукмлар, шариат қонунларининг баёнидан иборат баъзи бир нарсаларни ўргатди», деган маънода бўлиши ҳам мумкин.
Қутабий оятга: «Унга баённи, яъни гапиришни ўргатди», деб маъно берган. Валлоҳу аълам!

5. Қуёш ҳам, Ой ҳам (аниқ) ҳисоб билан (сайр қилур).
Муфассирлар бу оят хусусида икки хил фикрни илгари сурганлар. Биринчиси, Қуёш ва Ой ёрдамида вақтлар ва замонларнинг адади ҳисоб қилинади, у иккиси орқали ўша нарсаларнинг хисоби билиб олинади.
Иккинчиси, Қуёш ва Ой воситасида иккаласи чиқадиган ва ботиб ғойиб бўладиган манзиллари, қишин-ёзин ундан ўтиб кетмай сайр қиладиган йўллари ҳисоб қилиб борилади. Абу Авсажа: «(Бу оятда келган) [ҳусбаанин] лафзи [ал-хисабу] сўзининг кўплигидир», деган. Қутабий: [биҳус-баанин], яъни (иккисининг) ҳисоб ва манзиллари борки, улардан ўтиб кетмайдилар», деган. Мазкур оятда қўшимча яна бир чаъно борки, Аллоҳ таоло Қуёш ва Ой воситасида нарсаларнинг асл ҳақиқати билинадиган қилиб қўйган. Чунки иккисида яратиб қўйилган нур ва зиё орқали халойиқларга (уларнинг кўзларидан) тўсилган нарсалар намоён бўлади. Шундай экан, лайғамбарликни ва баъзи инсонларнинг баъзилардан афзалли-гини инкор этувчиларга: «Қачонки улардан бошқаларида мавжуд бўлмаган ортиқча зиё ва равшанлик билан хосланган нарсаларни кўрган экансиз, баъзи инсонлар баён, илм ва рисолат гуфайли (бошқалардан) афзал бўлишини нима учун инкор этасиз?!» дейилади. Валлоҳу аълам!

6. Полиз экинлари (ёки юлдузлар) ва дарахтлар ҳам (Аллоҳга) сажда қилур (бўйсунур).
Оятда келган [ан-нажм] калимаси икки хил талқин қилинади. Биринчиси, юлдузлар. Агар юлдузлар ирода қилинган бўлса, демак, Аллоҳ таоло гўё: «Осмоннинг зийнати бўлган юлдузлар ва ернинг зийнати бўлган дарахтлар Унга сажда қилади», дегандек бўлади. Ерда ўсадиган ва танаси бўлмаган ҳар қандай наботот [ан-нажм] бўлиши эҳтимоли бор. Дарахт танаси бор нарсадир. Аллоҳ таоло гўё: «Ердан чиқиб, намоён бўладиган, тепага кўтарилиб, юксаладиган ва кўтарилмайдиган ҳар бир нарса Унга сажда қилади», демоқда.
Сўнгра, у иккиси (ўт-ўлан ва дарахт)нинг Аллоҳ таолога сажда қилиши бир неча хил талқин қилинади. Шулардан бири, яратилиш жиҳатидан сажда қилиш. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсанинг хилқатида Унга сажда қилишга далолат қиладиган ва Уни ягона деб шоҳидлик берадиган маънони яратиб қўйгандир.
Иккинчиси, бу жонсиз нарсаларнинг сажда қилиши - мажбурлик ва бўйсунганлик юзасидан Унга итоат қилишидир. Чунончи, Аллоҳ таоло бундай деган:
«...унга ва Ерга: «(Фармонимга) ихтиёрий ёки мажбурий ҳолда келингиз!» - деган эди, улар: «Ўз ихтиёримиз билан келдик», дедилар»(«Сўнгра тутун ҳолатда бўлган осмонни (яратишни) қасд этиб, унга ва Ерга: «(Фармонимга) ихтиёрий ёки мажбурий ҳолда келингиз!» - деган эди, улар: «Ўз ихтиёримиз билан келдик», дедилар» (Фуссилат сураси, 11-оят).).
Учинчиси, ҳақиқатан сажда қилиш. Аллоҳ таоло бу нарсаларнинг ботинида У Зотга сажда қиладиган бир сифатни яратиб қўядики, Ўзидан бошқа ҳеч ким уни билмайди. Бунинг далили Аллоҳ таолонинг ушбу сўзидир:
«Мавжуд бўлган барча нарса ҳамд билан Унга тасбеҳ айтур. Лекин сизлар уларнинг тасбеҳларини англамайсиз» (Исро сураси, 44-оят).
Баъзи муфассирлар: «У иккиси (ўт-ўлан ва дарахт)нинг сояси қуйидаги оятда келганидек, сажда қилишга ўхшатилган», деганлар:
«...соялари Аллоҳга бўйин суниб, сажда қилган ҳолларида ўнгу сўлларига узайиб-қисқариб турганини...»(«Ахир улар Аллоҳ яратган барча нарсаларнинг соялари Аллоҳга бўйин суниб, сажда қилган ҳолларида ўнгу сўлларига узайиб-қисқариб турганини кўрмаганмилар?!» (Наҳл сураси, 48-оят).).
Жонсиз нарсаларнинг сажда қилиши ва итоат этиши зикр килинган мазкур оят ва унга ўхшашларни тиловат қилганлик сабабидан (тиловат) саждаси лозим бўлмайди. Чунки улар жонсиз нарсалар бўлиб, сажда қилишга лаёқатли эмас. Уларнинг саждалари мажбурий тарзда амалга ошади. Ҳар бир яратилмиш шу маънода саждага далолат қилади. Тиловат саждаси унга лаёкатли кишиларнинг сажда қилганликлари зикр қилинган оятлар ўқилиши билангина лозим бўлади, холос. Валлоҳу аълам!

7. Осмонни баланд қилиб қўйди ва мезонни (меъёр ва адолатни) жорий қилди,
«Осмонни баланд қилиб қўйди» ояти икки хил тушунилади. Биринчиси, ҳақиқатан осмон баланд қилиб қўйилгани назарда тутилган. Яъни У Зот осмонни унинг тагидан ҳеч бир устунларсиз ва тепасига осиб қўймаган ҳолда, баланд қилиб яратди. Осмон аввал пастда бўлиб, Аллоҳ таоло уни ҳозиргидек баланд қилиб, уни қулаб тушишдан ушлаб турган эмас, кўтарилган ҳолда яратилган. Бу оятдан мақсад У Зотнинг қудрати халойиқларнинг куч-қудратидан фарқ қилишини баён қилишдир.
Иккинчиси, «уни баланд қилиб қўйди», яъни одамлар зарурат вақтида Унга қўллари ва кўзларини кўтаришлари учун унинг қадрини ва уларнинг қалбидаги мавқеини баланд қилиб қўйди. Чунки У Зот осмонда уларнинг ризқларини ва ундан нозил бўладиган баракаларни яратиб қўйган. Валлоҳу аълам!
Ва мезонни жорий қилди. Бу оятда одамлар нарсаларнинг вазнини ўлчайдиган, у билан ҳақлар тўла-тўкис қилиб бериладиган ва тўла-тўкис қилиб олинадиган ҳақиқий тарози назарда тутилган бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло инсонларни тарози билан имтиҳон қилди, токи улар ўзларига буюрилган ишларда камчиликка йўл қўйиш ва тақиқланган ишларга тажовуз қилишнинг жирканч иш эканлигини яхши билсинлар. Улар - ҳукмлар, шариат қонунлари, тавҳидга доир буйруқлар, илоҳликка ҳақли бўлмаган зотни илоҳ деб билмаслик ва унга ибодат қилмасликка доир тақиқлар бўлиши эҳтимоли бор. Бундан мақсад ана шу буйруқлар ва тақиқларда нуқсонга йўл қўймаслик (лозимлиги)ни яхши билиб олишларидир. Валлоҳу аълам!
Оятдаги мезондан мурод инсонлар тўлиқ адо этишлари, унда нуқсонга йўл қўйиш ва чегараларига тажовуз қилишдан ўзларини тийишлари учун бандалар билан уларнинг зиммаларига юкланган шариат қонунлари ўртасида жорий қилинган ҳукмлар бўлиши ҳам мумкин.
Мезондан мурод адолатдир, деган таъвил ҳам бор ва бу биз айтган гапдан фарқли эмас. Валлоҳу аълам!
Зикр қилинишича, мезонлар учтадир. Биринчиси - ақл бўлиб, унинг ёрдамида нарсаларнинг яхшилиги ва ёмонлиги, хунуклиги ва гўзаллиги билиб олинади. Иккинчиси, ҳақлар тўла-тўкис қилиб берилиши ва тўла-тўкис қилиб олиниши учун инсонлар ўртасида жорий қилинган мезон. Учинчиси - амалларнинг му-кофоти ёки жазоси тўлиқ берилиши учун охиратда жорий қилинадиган мезон. Валлоҳу аьлам!

8. Токи, меъёрдан тажовуз қилмагайсиз.

9. (Эй инсонлар! Муомалада) вазнда адолат ўрнатингиз ва тарозида зиёнкорлик қилмангиз!
Аллоҳ таолонинг «Токи, меъёрдан тажовуз қилмагайсиз... ва тарозида зиёнкорлик қилмагайсиз» ояти «...уриб қолмагайсиз» деган маънони англатади.
Аллоҳ таоло «(Эй инсонлар! Муомалада) вазнда адолат ўрнатингиз», оятида Аллоҳ таоло ўлчовни тўкис қилишга амр этмоқда. Бу бир ишга буюриш, унинг зиддидан қайтариш ҳамдир. Аллоҳ таоло бу ерда ўлчов ва тарозининг аҳамиятини таъкидлаш мақсадида ҳар иккисини очиқ-ойдин зикр қилди. Улчовни тўкис қилдириш бу уни комил қилишга буюриш ва камайти-ришдан қайтаришдир. Бу оят биз зикр қилган учала талқинни ҳам қабул қилади.
Қатодадан ривоят қилинади: «Ибн Аббос розияллоҳу анҳу (Мадина бозорларида кезиб): «Эй араб бўлмаган мусулмонлар жамоаси! Дарҳақиқат, сизларга икки иш топширилганки, сиздан аввалги инсонлар улар сабабидан ҳалок бўлишган. У ўлчов ва тарозидир», деб айтар эди»(Ибн Абу Ҳотим, Суютий ривояти.).
Мужоҳид «(Эй инсонлар! Муомалада) вазнда адолат ўрнатингиз» оятига «Тарозининг тилини тўғри қилинг»(Суютий ривояти.), деб маъно берган. Ибн Умар розияллоҳу анҳумога: «Мадиналиклар ўлчовни комил қилмайдилар», дейилди. Шунда у: Аллоҳ таоло:
«(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой!» (Мутаффифун сураси, 1-оят) деб айтган бўлса, (ўлчовни комил қилишлари учун) уларга нима монелик қилмоқда?» - деди.

10. (У) Ерни одамлар учун (текислаб) қўйди.
Баъзи муфассирлар: [ал-анаам] - «жони бор ҳамма нарса», деганлар. Яна баъзилари: «У барча халойиқлардир», деган. Аммо бизнингча, бу оятдаги [ал-анаам] инсонлар бўлса керак. Чунки Аллоҳ таоло Ерни инсонлар учун яратиб, (текислаб) қўйганини хабар қилган. Бу Қуръони каримнинг бир неча ўринларида зикр қилинган:
«У сизлар учун Ердаги (барча) нарсани яратди» (Бацара сураси, 29-оят).
«У Ўз томонидан сизларга осмонлардаги ва Ердаги барча нарсаларни бўйин сундирди» (Жосия сураси, 13-оят).

11. Унда (турли) мева ва ғунчаларга эга хурмо дарахтлари бор.
Аллоҳ таоло (бу оятда) Ерда инсонлар учун яратиб қўйган турли хил мевалар, уларнинг ризқлари ва озиқалари қилиб қўйган дон-дунлардан иборат неъматларини уларга эслатмоқда.
[затул акмаами], ояти пўстлоғи ва қобиғи бор (мевалар), демакдир.

12. Яна (унда) сомонли донлар ва райҳон (ва бошқа гуллар) бор.
(Ушбу оятда келган) [ар-райҳон] лафзи раф билан (бош келишикда) ҳам, касра билан (қаратқич келишигида) ҳам ўқилган. Уни қаратқич келишигида ўқиганларнинг фикрича, [ар-райҳон] - бу инсонлар ризқланадиган донлар ва мевалар, [ал-ъасфу] эса япроқлардир. Бинобарин, оятнинг маъноси «Япроқли ва ризқ бўладиган донлар бор», бўлади. [ар-райҳон] лафзини бош келишикда ўқиганлар фикрича, у [ал-ҳабб] - «донлар» лафзига атф (боғланган) ўлароқ, мубтадо (эга) бўлиб келган.
Уламолар [ар-райҳон] ва [ал-ъасфу] нималиги хусусида ҳар хил фикрларни айтганлар. Айримлари: [ал-ъасфу] - «буғдой, арпа ва бошқа экинларнинг барги», деган. «У анжирдир», деганлар ҳам бор. «У янги униб чиққан экиндир», [ал-ъасфу] - «экиннинг ўзидир», деган қарашлар ҳам илгари сурилган. Лекин Аллоҳ таоло (бу ерда) [ал-ъасфу] сўзини [ал-ҳабб] - «донлар»га боғлаб зикр қилган, чунки ундан донлар пайдо бўлади ва униб чиқади.
Аммо [ар-райҳон] лафзига тўхталадиган бўлсак, баъзи муфассирлар: «У кўм-кўк резавор экинлардир», деганлар. «У ҳидланадиган нарсадир», «У инсонлар ризқланадиган донлар ва мевалардир», деган гаплар ҳам айтилган. Чунончи, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг [ар-райҳон] - «донлардир», дегани ривоят қилинган. Қутабий эса [ар-райҳон] - «ризқ»дир, «Аллоҳнинг ризқини талаб қил», деган маънода [утлуб ройҳаналлоҳи], деб айтилади», дейди. Валлоҳу аълам!

13. Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Бу жинлар ва инсонларга қилинган хитобдир. Бу оятда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг инсонларга ҳам, жинларга ҳам пайғамбар қилиб юборилганларига далолат бор. Ахир кўрмайсизми, Аллоҳ таоло бошқа бир оятда (яъни шу суранинг 33-оятида):
«Эй жинлар ва инсонлар жамоаси!» - деб хитоб қилган.
Тафсирларда айтилишича, Аллоҳ таоло бу оятда инсонлар ва жинларга умумий қилиб эмас, балки инсонлар ва жинларга алоҳида хитоб қилган. Чунончи, У Зот:
«(Яҳудийлар ва насронийлар): «Яҳудий ёки насроний бўлинг, шунда ҳидоят топасиз», дейдилар» (Бақара сураси, 135-оят), деган. Бу гапни иккала гуруҳ бир бўлиб олиб: «Яҳудий бўлинг, шунда ҳидоят топасиз», демаган, аммо яҳудийлар: «Яҳудий бўлинг, шунда ҳидоят топасиз», деган бўлса, насронийлар: «Насроний бўлинг, шунда ҳидоят топасиз», деган. Демак, «Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!» - ояти ҳам худди шу тарзда келган.
Сўнгра, бу оятни икки хил тушуниш мумкин. Биринчиси, «Сизлар учун ерни текислаб қўйилгани, шунингдек мевалар, хурмо, донлар ва шу кабилардан иборат (зикр қилинган) қайси неъматларни Аллоҳ таолодан эмас, деб инкор этасиз?! Агар уларни Аллоҳ таолодан деб билсангиз, қандай қилиб Ундан бошқага шукр қиласиз?!» - деган маънода.
Иккинчиси, «Қайси неъматлар сабабли сиз тавҳидни, пайғамбарларни ёки Аллоҳга ибодат қилишни инкор этасиз?!». Яъни қайси бир немат туфайли инкор этасиз?!
Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади:
«Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари олдига чиқиб келдилар вауларга ар-Раҳмон сурасини бошидан охиригача ўқиб бердилар. Аммоулар жим эшитиб туравердилар. Шунда у зот айтдилар: «Дарҳаҳиҳат, менуни жин кечаси жинларга ўқиб берганимда, улар сизга қараганда чиройлироқ жавоб қайтардилар. Ҳар қачонуларга «Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлгон дея олурсиз?!» оятини ўқиб берганимда, улар: «Биз Раббимизнинг ҳеч бир неъматини инкор этмаймиз. Сенга ҳамдлар бўлсин!» - дер эдилар»»(Термизий, Суютий ривояти.)
Аллоҳ таоло «(У) ерни одамлар учун (текислаб) қўйди. Унда (турли) мевалар...» оятларида Узининг неъматларини, қудратини, тасарруфини, илми ва ягоналигини зикр қилмоқда. Неъматларига келсак, У ерни одамлар учун текислаб қўйди. Унда одамлар яхши кўрган ва уларнинг эҳтиёжларини қондирадиган турли-туман донлару меваларни, чорва ҳайвонлари ейдиган ҳар хил ўсимликларни ундириб қўйди. Унинг қудрати ва ҳукмронлигининг баёнига келсак, У ана шу мевалар ва донларни уларнинг гулкосалари ичида вужудга келтирди. Бундан мақсад бирор нарсани қобиқлар ва пўстлоқлар орасида пайдо қилишдан одамларнинг ожизлигини кўрсатишдир. Унинг яратиши ва ижоди таъсирлардан, тўсиқлар бўлганида амалга ошмасдан бирор нарсага боғлиқ эмаслигини, Унинг қудрати, яратиши махлуқотларнинг яратиши ва қудратига таққосланмаслигини одамларга билдиришдир. Бачадонларда болалар, тухумларда полапонлар ва шу кабиларни қоронғуликлар ичида яратиши замирида Унга ҳеч бир нарса махфий эмаслигини таъкидлаш ётади. Сўнгра У Зот бу мевалар ва донларни пардалар ортида, гулкосаларда на совуқ ва на иссиққа чидай оладиган вақтда ҳосил қилиб, уларни нимжон ҳолатларида ўша ерда асради. Ривожланиб, етилиб бўлгач, пўстлоғидан чиқарди. Бу жараёнда Унинг махлуқотларига лутфу марҳамати ва буюк неъмати кўзга ташланади.
Бу оятда икки жиҳатдан қайта тирилтиришга исбот-далил бор. Биринчиси, бу нарсаларни яратишга қодир бўлган Зот барча махлуқотни яна қайтаришга ҳам қодир. Иккинчиси, У Зот одамларга зикр қилинган нарсаларни пайдо қилди, сўнгра улардан бу неъматларга шукр қилганлар ва уни инкор қилганлар бўлди. Ҳар икки тоифа бу дунёда баробар яшадилар. Энди ҳикмат тақозосига кўра, улар ажрим қилинишлари, иккисининг ораси ажратиладиган бошқа дунё (охират) бўлиши лозим. Бундан имтиҳон лозимлиги ҳам келиб чиқади. Чунки улар учун бу неъматларни яратиб, кейин берган неъматларининг шукрини адо этишни талаб қилмай, ўз ҳолларига ташлаб қўйиши эҳтимолдан йироқ. Бундан ташқари, улардан ким шукр қилган-у, ким ношукрлик қилганини билдирувчи бўлмаса, бу иш номаълум бўлиб қолади. Чунки шукр ва унинг қандай бўлишини фақат ақлнинг ўзи билангина билиб бўлмайди. Одамлар бу ҳақда Аллоҳнинг ҳукмини хабар берадиган пайғамбарга муҳтож бўладилар. Демак, бунда пайғамбарликнинг (вожиблигига) исбот ҳам бор.
Бу дон-дунлар ва барча меваларни машриқу мағрибдан бир вақтда, бир хил шаклда айнан бир пайтда, тафовутсиз чиқариши У Зотнинг илми ва тадбири зотий ва азалий эканига далилдир. Чунки Уни бир нарса (билан машғул бўлиш) бошқа нарсадан тўсмайди. Шунингдек, бирор кишининг таъсирисиз осмон ва ернинг ўзаро бир-бирига боғлиқлиги (ёмғир сабабли ўсимлик оламининг чиқиши) кабилар Унинг яккаю ягоналигига далилдир. Агар булар бир неча илоҳнинг маҳсули бўлганида, ихтилоф пайтида икки киши ўртасида бир-бирига нисбатан қарама-қаршилик юзага келади, деган қоидага биноан борлиқ бир йўсинда ҳаракатланмаган бўлар эди. Тавфиқ Аллохдандир!

14. У инсонни (Одамни) сопол янглиғ обдан қуритилган лойдан яратди.
Аллоҳ таоло инсонни яратишда турли хил ҳолатларни зикр килди. Бир гал шундай деди:
«Уни тупроқдан яратди» (Оли Имрон сураси, 59-оят). Тупроққа сув тегмаган бўлади. Бошқа гал:
«Уни лойдан яратдинг» (Аъроф сураси, 12-оят), деган.
Лой сув тегиб, хамирга ўхшаб қолган аралашма. Бошқа ўринда:
«Ёпишқоқ лойдан...» (Соффат сураси, 11-оят), деган. [ал-лазиб] - қўлга илашадиган ва ёпишадиган, тоза ва ҳеч нима аралашмаган нарсадир. Бир оятда «Ўзгартирилган қора балчиқдан...» (Ҳижр сураси, 26-оят), деган. Узоқ туриб, қорайиб кетган, ўзгарган лой назарда тутилган. Бу оятда эса, «Сопол янглиғ обдан қуритилган лойдан...», деган. Зиил [ас-солсол] қимирлатганда овоз чиқадиган ҳолатда бў-либ, темирнинг жаранглашидан олинган. Эҳтимол [сол-сол] - «ҳидланган» маъносида бўлиши ҳам мумкин, чунки қудук ёмон ҳид чиқарса, [солла ал-биъру], дейилади. [ал-фаххор] - «қуриса, синадиган лой». Абу Авсажа: [ал-фаххор] - «пиширилган лойдир», дейди.
Зикр қилинган ҳолатларнинг барчаси инсонда бўлиши мумкин. У дастлаб тупроқ, кейин лойга айланган, сўнгра ёпишқоқ лой бўлган. Чунки у лойнинг энг сифатли ва энг тозаси эди. Кейин узоқ туриб қолгани сабабли бадбўй, қора балчиққа айланди. Сертупроқ бўлиб, сифатли бўлгани учун овоз чиқадиган сопол шаклига келди. Сополга ўхшатишнинг иккита сабаби бўлиши мумкин. Биринчиси, синиши ва қуруқлиги эътиборидан, (иккинчиси,) сопол сингари ичи бўш бўлгани учун. Узоқ муддат туриш, сертупроқлик сопол лойининг сифатларидир. Валлоҳу аълам!

15. Жинларни (ва Иблисни ҳам) оловнинг тутунсиз алангасидан яратди.
Айтилишича, аьм [ал-жаанну] - «жинлар отаси» дегани. [ал-жаанну] лафзи бирлик шаклда, [ал-жинну] лафзи эса кўпликда. Абу Авсажа [ал-жаанну] сўзини «жин» деб изоҳлаган. Аллоҳ таолонинг «оловнинг тутунсиз алангасидан» ояти борасида баъзилар: [ал-мариж] - «оловнинг тутунсиз, тоза алангаси», деган. Қачон олов алангаланса, [маражат ан-нар] дейилади. Бу фикрга кўра, [ал-мариж] - «ўтиндан ажралиб, алангаланиб, юқорига кўтарилган олов»дир. Абу Авсажа бу ўринда [ал-мариж] сўзига «аланга» маъносини берган. Бу маъно беқарор ҳолатда тебраниб турган нарса ҳақида [марожа аш-шайъу] деб айтадиган сўзидан олинган. Баъзиларнинг фикрича, Аллоҳ таолонинг [марожа ал-баҳройни] сўзидаги [марожа] - «аралаштирди», улар (икки денгиз)нинг орасини жамлади, маъносида. Бу қарашга кўра, жинлар ўтиндан ажрамаган, тутундан холи бўлмаган оловдан яратилгани келиб чиқади. Абу Убайда [мин марижин мин нар] оятини «олов аралашмасидан», дёб тафсир қилган. Айримлар, [маража ал-баҳройни] оятидаги [марожа] сўзини «улар (икки денгиз)ни бир-бирига эркин қўйиб юборди», деб тафсир қилган. Бу фикрга кўра, ўтиндан ажралган олов тушунилади. Буни билишга бизнинг заруратимиз йўқ. Бироқ Одам Атони тупрокдан, жинларни оловдан яратишдаги яширин ҳикмат ва унинг фойдасини билишга эҳтиёжимиз бор. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таоло Узининг буюк қудрати ҳақида хабар бериб, инсонни тупроқдан яратиб, дунёдаги жамики инсонларни бир жондан тарқатишга қодир бўлган Зот ҳеч нарсадан ожиз эмаслигини баён қилади. Шунингдек, жинни оловдан яратиб, ундан бутун дунёни тутиб кетадиган даражада насллар чиқарган Зотни ҳеч нарса ожиз қолдира олмаслиги ҳақида сўз юритди. Агар бутун инсоният ва жинларнинг барча донишмандлари йиғилсалар ҳам, Аллоҳ таолонинг инсонни яратиш моҳиятини, ундан бунча халойиқни қандай чиқарганини англаб ета олмайдилар. Буни зикр этишда икки хил ҳикмат бор. Биринчиси, қайта тирилтиришга қудратини кўрсатиш. Иккинчиси, ҳолатларни ўзгартириш, бир кўринишдан бошқа кўринишга кўчириш, ундан (Одамдан) эса сон-саноқсиз зурриёт пайдо қилиш беҳуда ва беҳикмат бўлиши мумкин эмаслигини исботлаш. Агар қайта тирилтириш бўлмаса, бу махлуқотларни яратиш беҳуда ва бемаъно бўлар эди. Куч-қувват Аллохдандир!

16. Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Бирор оятнинг Аллоҳники эмаслигини инкор қилмас экансиз, нега Унинг қайта тирилтириш ва бошқа нарсаларга қодирлигини инкор этасизлар?!

17. (Аллоҳ) икки машриқнинг (яъни кун ва ой чиқадиган томонларнинг) ҳам, икки мағрибнинг (кун ва ой ботадиган томонларнинг) ҳам Парвардигоридир.

18. Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Аллоҳ таоло бошқа бир оятда:
«Машриқлар ва мағриблар Раббиси билан қасам ичаманки...» (Маориж, сураси, 40-оят), деган. Бу ҳақда юқорида айтиб ўтдик.
«Аллоҳ икки машриқнинг ҳам, икки мағрибнинг Раббиси», «Машриқлар ва мағриблар Раббиси билан қасам ичаманки...» оятларида ой ва қуёшнинг чиқиш ва ботиш чегараларини зикр қилди. Улар чиққанда ҳам амри илоҳий билан чиқади, ботганда ҳам амри илоҳий билан ботади. Агарда бу иш амри илоҳий билан эмас, уларнинг ўз ихтиёрлари билан юз берганида ҳамма вақт ва ҳамма тарафда чиқиб-ботаверган бўлишар, бир жойга етиб боришгач, қайтишмас, ҳеч замон узаймас ва қисқармас эди. Буларнинг барчаси инсоният учун яратилган ва бўйсундирилган. Аллоҳ таоло гўё: «Наҳотки яратилган жонсиз жисмлар сизлардан кўра Аллоҳга итоаткорроқ бўлсалар?! Улар белгиланган чегарадан чиқмайди, Яратганнинг амрига сўзсиз бўйсунади. Сизлар эса Унинг буйруқ ва қайтариқларига бош эгмай, чегаралардан чиқасизлар», деяпти. Валлоҳу аълам!
Бу оят бир нарсани хослаб зикр қилиш ундан бошқасини инкор этмаслигига далилдир. Эътибор беринг-а, икки машриқ ва икки мағриб Раббиси деб хослаши У Зот иккисидан бошқа нарсаларнинг Раббиси эмаслигини ёки фақат машриқлар ва мағрибларнинг Раббиси бўлиб, улардан бошқа нарсаларнинг Раббиси эмас, деган маънони англатмайди. Валлоҳу аълам!

19. У икки (хил) денгизни бир-бири билан ёнма-ён турадиган ҳолда чиқариб қўйди.
Аллоҳ таолонинг    [марожа ал-баҳройни] сўзи, айтилишича, «жамлади ва аралаштирди», деган маънони англатади. Айримларнинг фикрига кўра, икки денгиздан мурод бири чучук, бошқаси шўр денгиздир. Баъзилар [ялтақияни] - «бир-бири билан учрашади», деган маънода, дейди.

20. (Аммо) у иккисининг ўртасида бир тўсиқ бўлиб, улар (ўша тўсиқдан) ошиб ўтмаслар.

21. Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Иккисининг ўртасида тўсиқ (ғов), ажратувчи тўғаноқ бор.
[лаа ябғияни] - «аралашмайди», «бир-бирига қўшилмайди», «улардан ҳеч бирининг мазаси ўзгармайди» маъноларида экани айтилган. Аллоҳ таоло уларнинг аралашиб кетишига йўл қўймаслигида Узининг лутфу марҳамати борлигини хабар берган. Мана шунга қодир бўлган Зот ҳеч нарсадан ожиз бўлмайди. Чунки сув табиатан оқувчан ва бир-бирига қўшилиб, аралашиб кетади.
Икки денгиз нималиги ҳақида турли фикрлар айтилган. Баъзилар: «Бири Рум денгизи(Араблар қадимда Урта Ер денгизини «Рум денгизи» деб атаганлар.), иккинчиси Ҳинд денгизи (океани)», деганлар. «Иккисининг ўртасида бир тўсиқ» иборасидан мақсад эса, улар орасида яшайдиган аҳоли, назарда тутилган бўлиб [лаа ябғияни] - «аралашмайди», маъносидадир. Бу (Абу Бакр) Асомнинг қарашидир. Бошқа муфассирлар: «Бири Рум денгизи, бошқаси Форс денгизи (кўрфази). Иккиси орасидаги тўсиқ Арабистон ярим оролидир», деганлар. Айримларнинг қарашига кўра, улардан бири осмондаги денгиз, бошқаси эса ердаги денгиз. Бу Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига ўхшайди:
«Осмон эшикларини шаррос сув билан очиб юбордик. Ва ердан булоқлар чиқардик. Бас, сувлар тақдир қилинган иш учун бирлашдилар» (Қамар сураси, 11-12-оятлар). «Иккисининг ўртасида бир тўсиқ»дан мурод эса ер ва ер аҳолиси. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг лутфу марҳаматидир.

22. У иккисидан луълуъ ва маржон чиқар.

23. Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Айримлар: «Иккисидан, яъни чучук ва шўр денгизларнинг ҳар иккисидан луълуъ ва маржон чиқади», деганлар. Оятнинг зоҳиридан шу маъно тушунилади. Бошқаларнинг фикрига кўра: «Луълуъ ва маржон чиқиши гарчи иккисига ҳам нисбат берилган бўлса-да, чучукдан эмас, айнан шўр денгиздан чиқади. Араб тилида шундай ҳолатлар учрайди. Масалан, Аллоҳ таоло:
«Эй жин ва инс жамоалари, сизларга ўзингиздан бўлган пайғамбарлар келиб...» (Анъом сураси, 130-оят), деган. Маълумки, жинлардан пайғамбарлар келмаган. Қуръонда бунга ўхшаш оятлар кўп.
[яхружу] сўзи «я» ҳарфи фатҳа, «ро» ҳарфи эса дамма билан, шунингдек «я» ҳарфи дамма, «ро» ҳарфи эса фатҳа билан ҳам ўқилган. Биринчи важҳга кўра, феъл ўтимсиз, иккинчи важҳга кўра ўтимли бўлади. Бу худди Аллоҳ таолонинг:
«...ундан тақадиган тақинчоқлар чиқариб олишингиз...» (Наҳл сураси, 14) деган оятига ўхшайди. Бу оятда [ях-ружу минҳу ҳилятан] демаган.
Луълуъ ва маржон ҳақида турли фикрлар бор. Айримлар: «Луълуъ катта, маржон эса унинг кичкинаси», деган бўлсалар, бошқалар бунинг аксини айтишган. Кўпчилик биринчи фикрни кўллаб-қувватлаган. Ибн Аббос, Ҳасан Басрий, Қатода ва Заҳҳокдан шу фикр нақл қилинган. Авсажа: «Маржон бу - луълуънинг кичкинаси бўлиб, бирлиги «маржона», деган. Баъзилар: «Маржон гавҳарлар қоришмаси бўлиб, [маражту] - «аралаштирдим» сўзидан келиб чиққан», дейишади. Яна бир қарашга кўра, маржон денгиздан чиқадиган ўзига хос бир гавҳардир. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Осмондан ёмғир ёғса, садафлар очилади ва ундан луълуъ пайдо бўлади»(Ибн Абу Дунё, Ибн Жарир, Ибн Мунзир ривоят қилганлар.).
Айтилишича, Аллоҳ таоло «У иккисидан луълуъ ва маржон чиқар», деган. Луълуъ чучук эмас, фақат шўр денгиздан чиқади. Чучук ва шўр бир-бири билан учрашганида, чучук шўрни уруғлантиради. Бу худди болани аёл туғса-да, у эркак ва аёлдан пайдо бўлади, деганларига ўхшайди.

24. Денгизларда тоғдек бўлиб сузиб юрувчилар ҳам Уникидир.
Иброҳим (роҳимаҳуллоҳ)дан [ал-муншаъат] сўзидаги [шин] ҳарфининг касрали ўқилиши нақл қилинган. Баъзи одамлар [ал-муншаъат] сўзини «очиқ-ойдин сузиб юрувчи кемалар» деб изоҳлаган. Ҳасан Басрий, Абу Убайдадан - [ал-муншаъат] сўзидаги [шин] ҳарфини фатҳа билан ўқигани нақл қилинган. Чунки унинг тафсири «денгизда елкани кўтарилган ва ҳозирда елканли бўлиб турган» деганидир. Баъзилар:    - [ал-муншаъат] сўзини «баланд», маъносида деганлар. Елкани баланд кўтарилмаган кема [муншаъат] бўлмайди. Айримлар    [ал-жаварил муншаъат] иборасини «яратилган кемалар», деб тафсир қилганлар. Аллоҳ таолонинг «Денгизларда тоғдек» деган сўзи «қуруқликда тоғлар қандай бўлса, денгизда ҳам шундай» деган маънодадир. Уни: «Тоғлар», деганлар ҳам бор.
Зикр қилинган ушбу оятларда бир қатор ҳикматлар ва Аллоҳ таоло қудратининг исботи бор. Биринчиси, денгизларни бўйсундириб, у ерда нафис гавҳарлар яратишга қодир бўлган, ундаги нарсаларни чиқаришни, кемалар ясашни, олис юртлардаги ўзлари учун керакли бўлган нарсаларни қўлга киритиш учун уларни денгизларда суздириш илмини одамзотга ўргатган Зот қайта тирилтириш ва бошқа нарсаларга ҳам шак-шубҳасиз қодирдир. Иккинчиси, денгизларда қимматбаҳо ашёлар борлигини, кемалар ясаб, уларни денгизларда суздириш, денгизлар ортида олис юртлар ва у ерларда нималар борлигини фақатгина пайғамбарлар берган хабар билангина билиш мумкин. Аллоҳ таоло гўёки шундай демоқда: «Наҳотки дунёвий манфаатларингизга боғлиқ ишларда пайғамбарларни тасдиқлайсизлар-у, улар дин ва охиратга доир келтирган хушхабар ва огоҳлантиришларни рад этасизлар?!» Ёки У Зот мана бундай демоқда: «Нима учун Аллоҳ таоло сизларга берган бу неъматларнинг бирортасининг ҳам Аллохдан эканини инкор этмайсиз-да, қандай қилиб пайғамбарлар келтирган ваҳийни инкор этасизлар?
Аллоҳ таолонинг «Денгизларда тоғдек бўлиб сузиб юрувчилар ҳам Уникидир» деган сўзида мўътазилийларнинг Аллоҳ таоло бандаларнинг феълларини яратмайди деган қарашларини рад этишга далил бор. Чунки У Зот «Денгизларда тоғдек бўлиб сузиб юрувчилар ҳам Уникидир», дея кемалар Ўзиники эканини айтди. Ҳолбуки, уларни одамлар ўз феъллари (касблари) билан ясаганлар. Агарда уларнинг феълларини Аллоҳ яратмаганида кемалар Ўзиники эмас, бандаларники дер эди.

25. Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Иккингиз (инсонлар ва жинлар) Раббингизнинг ҳар бир неъмати Ундан эканини ёлғон дея олмас экансиз, ўзларингизнинг дунёвий манфаатларингизга тегишли хабар-маълумотларни рад этмас экансиз, қандай қилиб мўъжизалар, далил-ҳужжатлар келтириб, исботланганидан кейин ҳам пайғамбарларнинг хабарларини инкор қиласизлар?

26. (Ер) юзидаги барча жонзот фонийдир.

27. Улуғлик ва икром эгаси Раббингизнинг Ўзигина боқийдир.

28. Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Аллоҳ таолонинг мазкур оятини турли хил таъвил қилиш мумкин. Биринчиси, ердаги ҳамманинг мулки заволга учрайди, фақатгина Раббингизнинг мулки доимий ва боқий қолади. Иккинчиси, ердаги барчанинг ҳукмронлиги ёки куч-қуввати ва қудрати ўткинчидир, фақатгина Раббингизнинг ҳукмронлиги, қудрати ва рубубияти боқий қолади. Бундан Аллоҳ таолонинг мулки, ҳукмронлиги яратилган нарсларники каби эмас, балки зотий экани билинади. Уларнинг фоний бўлиши ва заволга юз тутиши Унинг мулкида нуқсон ёки заифлик ҳосил қилмайди. Ердаги подшоҳларнинг салтанати ва ҳукмронлиги эса бунинг аксидир.
Оятда Аллоҳдан бошқа бут-санамлар, подшоҳлар ва бошлиқларга сиғиниб, устун қўядиган имонсизларга, уларга сиғинишдан наф йўқлиги, улардан умид узиш кераклигини уқтириш маъноси назарда тутилган бўлиши ҳам мумкин. Гўё Аллоҳ таоло уларга: «Аллоҳдан ўзгага ибодат қилинган ҳар бир нарса, Аллоҳ ризоси учун бўлмаган ҳар қандай хизмат ва амал йўқликка маҳкумдир. Буларнинг барчаси фонийдир, ўткинчидир. Фақат Аллоҳ ризоси учун қилинган амал боқий қолади», демоқда. Валлоҳу аълам!
Ботинийлар айтадилар: «(Ер) юзидаги барча жонзот фонийдир», яъни жасад йўқолади. Руҳоний нафс абадий қолади».
Уларнинг даъво қилишларича, бу жасадлар маҳв бўлган маҳал Аллоҳ таоло уларнинг солиҳ амалларидан боқий қоладиган руҳий нафс яратар экан ва у боқий қолар эмиш.
[важҳу Раббика] иборасидан Аллоҳнинг розилигини истаб қилинган ҳар бир амал ва бошқа нарсалар назарда тутилиши ва [важҳ] - «юз» сўзи розиликка нисбат берилиши мумкин.
Аллоҳ таолонинг «Улуғлик ва икром эгаси» деган сўзидан икки важҳ тушунилади. Биринчиси, халойиқ Аллоҳнинг ҳаққини, амрини юқорига тутиб, улуғлашлари керак. Иккинчиси, Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасини улуғлайди. Яъни дунёда улуғ бўлганни улуғлаш, охиратда иззат-икром қилинадиганни иззат-икром қилиш Аллоҳдандир.

29. Ундан еру осмондаги жонзотлар сўрарлар. У ҳар куни ишдадир.

30. Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Бу оятда Аллоҳ таоло бутун осмон аҳли, ҳамма умидлари сўниб, яратилмишдан нажот кутишдан фойда йўқлигини аниқ билганларида, ер аҳли Унга илтижо қилишини хабар бермоқда. Барча ҳолатларда, бутун халойиққа паноҳ берувчи ёлғиз Узи эканини, ризқ ва нажотни Ундангина сўрашлари лозимлигини эслатмоқда. Бу оят Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари билан маънодошдир:
«Сизни қуруқлигу денгизнинг зулматларидан қутқарадиган ким? ... деб айтинг» (Анъом сураси, 63-оят).
«Сизни улардан ва барча ғамлардан Аллоҳ қутқарар»,... деб айтинг» (Анъом сураси, 64-оят).
«Қачонки инсонни зарар тутса, Раббига тавба қилган ҳолида дуо қиладир» (Зумар сураси, 8-оят).
«Сўнгра, қачонки сизга ёмонлик етса, Унгагина ёлборурсиз» (Наҳл сураси, 53-оят).
Ушбу «Ундан еру осмондаги жонзотлар сўрарлар. У ҳар куни ишдадир» ояти «(Ер) юзидаги барча жонзот фонийдир. Улуғлик ва икром эгаси Раббингнинг Ўзигина боқийдир» ояти билан боғлиқ бўлиб, уни изоҳлаб келаётган бўлиши ҳам мумкин. Аллоҳ таоло, валлоҳу аълам, шундай демоқда: «Унинг фаолияти, иши абадий, доимий ва боқийдир. Халойиқнинг йўколиши Унинг иши, амалига нуқсон етказмайди, мулки ва салтанатида заифлик ҳосил қилмайди. Балки У улар йўқ бўлган вақтда ҳам худди бор пайтларидаги каби иш-амалдадир.
Баъзи таъвил аҳлларининг: «Яҳудийлар: «Аллоҳ таоло шанба куни дам олади. Ҳеч қандай иш бажармайди, ҳукм қилмай-ди, буйруқ бермайди, бирор фаолият билан шуғулланмайди», деганларида «У ҳар куни ишдадир» ояти нозил бўлган», деган гаплари зикр қилинади. Яъни У Зот ҳамиша пайдо қилиш, йўқ қилиш, жон ато этиш ва жон олиш каби ишларни (мунтазам) амалга оширади.
Аслида Аллоҳ таоло бир сифат билан сифатланса, унга азалийлик албатта қўшилади. Масалан, Аллоҳ таоло азалий Олим-билувчи, азалий Қодир, азалий Раззоқ-ризқ улашувчи бўлиб, булар Унинг зотий сифатларидир. Қачон яратилмишга боғлиқ бир иш ва ҳаракат тарзи билан зикр қилинса, ўшанда вақт зикри билан васфланади. Бунда вақт Аллоҳ таолога эмас, яратилмишга тегишли бўлади. Масалан: «Аллоҳ таоло сенинг анави ерда ёки айни пайтда ўтирганингни билиб турибди», дейилади. Яъни У банданинг ҳозир ўтиришини ёки ҳозир ёки айнан шу вақтда келишини билади. Қачон Уни ўтган замон билан сифатласанг, У бўлган нарсани билади дейсан, келаси замон учун У бўладиган нарсани фалон вақтда бўлишини билади, дейсан. Ҳозирги замон учун эса ҳозирда қандай бўлса, шундай билади, дейсан ва ҳоказо. Одамларнинг «Яратилган нарсалар қандай қилиб азалда бўлади? деган гумонларини кетказиш учун маъно ана шундай тарзда ифода этилади. Аллоҳ таолонинг «У ҳар куни ишдадир», деган сўзи ҳам худди шу йўсинда тушунилади. Оятда яратилмиш азалий деган гумонга борилмаслиги учун кун ва вақтни зикр қилди. Валлоҳу аълам!

31. Албатта, сизлар учун вақт топармиз, эй инсу жинлар!

32. Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Оятдаги [санафруғу] сўзи [нун] ҳарфи билан ҳам, [я] ҳарфи билан ҳам ўқилган. Икки ҳолатда ҳам [ро] ҳарфи даммали бўлади. Абу Убайд: «Аллоҳ таолонинг [ясъалуҳу ман фис-с-самааваати ва-л-арз] - «Ундан еру осмондаги жонзотлар сўрарлар» оятидаги [ясъалуҳу] лафзи учинчи шахсда ўқилган. Бу ҳам худди шу каби [саяфруғу] тарзида, учинчи шахс шаклида ўқилади», деган.
Зажжож айтади: Аллоҳ таолонинг «Албатта, сизлар учун вақт топармиз», деган сўзининг маъноси ишдан фориғ бўлиш эмас. Балки бу бир одам бошқа одамга дЛ [саафруғу лака каза] деса, «сенга фалон нарсани қиламан» деганга ўхшаш маънони билдиради. Айримлар айтади: «Бу араблар сўзлашувида огоҳлантириш маъносини англатади. Биров [саафруғу лака], [инний фариғун] деса, бу гапдан таҳдид тушунилади».
Абу Бакр Кайсоний айтади: «Фароғ сўзи фақат ишдан фориғлик маъносида эмас, балки бошқа маънода ҳам келади. Масалан, ваъдани амалга ошириш, таҳдид ва огоҳлантириш маъноларини ҳам билдиради. Гўё Аллоҳ таоло: «Эй инсонлар ва жинлар! Сизларни огоҳлантирган нарсамни албатта амалга ошираман», демоқда.
Бизнинг наздимизда «фароғ» бу бир ишнинг охирига етиши ва тугашидир. Нимадир билан машғул бўлишдан фориғ бўлиш эмас. Киши ҳеч нарса билан машғул бўлмаса, фалончи ишдан фориғ бўлди, дейилади. Қачонки қурилишни тугатса ва у охирига етса, уйнинг биносини қуришдан фориғ бўлди, дейилади. Аҳамият берсангиз, ўша иш ва ўша ҳовли билан банд бўлишдан фориғ бўлса, бошқаси билан машғул бўлади. Кўриниб турибдики, унинг маъноси бир нарса билан банд бўлишдан фориғ бўлиш эмас. Агар бу сўз машғулликдан фориғ бўлиш маъносида бўлганида, бошқа қандайдир иш билан машғул бўлгани ҳолда бу сифат билан сифатланмас эди. Маълум бўлдики, унинг маъноси тугаш, охирига етишдир. Лекин халойиқ бунда бир-бирларидан қандайдир нарса билан машғул бўлишдан фориғликни тушунишади. Чунки улар бир иш қилсалар, фақат ўша билан машғул бўладилар, бундан бошқа иложи йўқ. Уларнинг ишларидан мана шу тушунилади. Аммо Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони эса бир иш бошқа ишдан, бир нарса бошқа нарсадан чалғитмайди, банд қилмайди. Аллоҳ таолонинг машғулликдан фориғли-гини фориғлик деб тушунмаслик лозим. Хатодан сақлаш ва
Тавфиқ Аллохдандир!

33. Эй жин ва инс жамоалари, агар сиз осмонлару ер чегараларидан чиқиб кетишга қодир бўлсаларингиз, чиқаверинглар. Фақат Султон ила чиқа олурсиз, холос.

[34]. Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Бу оятнинг икки таъвили бор. Биринчиси, У Зот гўё шундай демокда: «Агар сизларга осмонлар ва ер чегараларидан, унинг томонларидан чиқиб кетиш имконияти берилса-ю, шу ишнинг уддасидан чиқсангизлар, аниқки, пайғамбарларни ёлғончига чиқарганларнинг ибратли ҳолатларни ва шу сабабли уларнинг бошига тушган азоб-уқубатларни ўша ерда ҳам топасизлар ва кўзларингиз билан кўрасизлар».
Сўнгра, Аллоҳ таоло «Фақат Султон ила чиқа олурсиз, холос», деди. Агар сизларга осмонлару ер чегараларидан чиқиб кетиш имкони берилиб, бунинг уддасидан чиққан тақдирингизда ҳам, пайғамбарларни ёлғончига чиқарганларни Аллоҳ нима сабабдан ҳалок қилганига етарли ҳужжатларни очиқ-ойдин топасизлар. Бу оят Аллоҳ таолонинг:
«Ер юзида сайр қилингиз, сўнгра (Пайғамбарларни) ёлғончи қилувчиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солингиз», деб айтинг» (Анъом сураси, 11-оят), деған оятига ўхшашдир.
Бу оятда У Зот уларга ерда сайр-саёҳат қилиш ва ҳалок қилинганлардан қолган ёдгорликларга қараб, улар нега ҳалок қилингани, уларни ким ҳалок қилгани, нажот топганлар нима сабабдан нажот топгани ҳақида тафаккур юритишга амр қилди. Валлоҳу аълам!
Иккинчиси, мазкур оят ожиз қолдиришга далолат қилади. Яъни сизлар осмонлару ер чегараларидан ошиб ўта олмайсизлар. Мабодо, сизларга улардан ўтиб, чиқиб кетиш имони берилса, ўша ерда ҳам Менинг ҳукмронлигим, ҳужжатим, мулкимнинг гувоҳи бўласизлар. Яъни қаерда бўлсангиз ҳам, менинг салтанатим, мулкимдан ташқарига чиқа олмайсизлар. Ҳар қаерга борманг, салтанатим, мулким ичида сайр қилаётган бўласизлар. Ҳеч қачон ўлим ва ҳалокатдан қочиб қутула олмайсиз. Қуйидаги оят ҳам ана шу мазмунда:
«...қодир бўлсанг, ер остидан йўл қилиб ёки осмонга нарвон қўйиб, уларга оят-мўъжиза келтир», (Анъом сураси, 35-оят).
Заҳҳок айтади: «Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қироатида «Эй инс ва жин жамоалари, ҳақиқатан сизларга ажалларингиз (белгиланган муддат) келди. Иккиси (осмонлару ер) чегараларидан чиқиб кетинглар. Фақат Султон билан чиқасизлар, холос», деб ўқилган». Яъни сизларни ўлимдан ҳеч ким сақлаб қола омайди. Албатта ўласизлар. Осмонлару ер чегараларидан қайси чегарага борсангиз, албатта, у ерда Аллоҳнинг қудратини кўрасизлар, фаришталарига дуч келасизлар. Улимдан қочиб-қутулишингизнинг, ундан паноҳ берадиган жой топишингизнинг асло иложи йўқ. Агар осмонлар ва ер чегараларидан чиқсангиз ҳам, менинг салтанатимдан чиқа олмайсиз. Қаерда бўлишингиздан қатъи назар, барибир сизларни ўлим билан тутаман. Бу оят маъно-мазмун жиҳатдан қуйидаги оятга ўхшайди:
«Қаерда бўлсангиз ҳам, ҳаттоки мустаҳкам қалъаларда бўлсангиз ҳам, ўлим сизни топади» (Нисо сураси, 78-оят).
Баъзи муфассирлар шундай деган: «Аллоҳ таоло қайта тирилтириш чоғида фаришталарни юборади. Улар дунёни ҳар тарафдан ўраб оладилар. Ҳеч қайси томонидан на бир шайтон, на бир инсон, на бир жин чиқа олади. Мабодо, чиқсалар ҳам, Аллоҳнинг салтанатидан ташқарига чиқа олмайдилар».
Баъзилар: [иллаа би султон] - «ҳужжат» маъносида деган. Қатода бу сўзни «мулк» деб, тафсир қилган. Баъзилар «Аллоҳнинг қудрати», деган.
Аллоҳ таоло улар (инсонлар ва жинлар)ни огоҳлантириб, айтади:

35. Устингиздан ўт-чўғ ва тутун юборилур. Бас, қутула олмассиз.

36. Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
[шуваазун] сўзи [шин] ҳарфини дамма ва касра қилиб ўқилган. Ҳасан Басрийдан касра билан ўқилгани нақл қилинган. Мужоҳиддан ҳам худди шундай нақл бор. [нуҳаасун] сўзи [син] ҳарфини замма ва касра қилиб ўқилган. Ким уни замма қилиб ўқиса, [шуваазун] сўзига атф қилган, касра билан ўқиганлар эса [мин наарин] сўзига атф қилган. [шуваазун] ва [нуҳаасун] сўзларининг таъвили ҳақида турли фикрлар айтилган. Ибн Аббосдан келтирилган ривоятда [нуҳаасун] - «тутун», дейилган. Баъзилар: [шуваазун] - «оловнинг тутунсиз алангаси», [нуҳаасун] - тутун», деган. Калбий: [шуваазун] - «оловнинг алангаси», [нуҳаасун] - «эритилган мис» бўлиб, улар ана шу билан азобланадилар», деган. Айрим муфассирлар: [шуваазун] - «тутунли олов», [нуҳаасун] эса «мис». Мис эритилиб, уларнинг бошлари устидан қуйилади», деганлар. Заҳҳок: [шуваазун] - «алангадан чиқадиган тафт» бўлиб, ўтиннинг тутуни эмас. [нуҳаасун] эса «мис», деган. Ким [нуҳаасун] сўзини жар (қаратқич келишиги)да ўқиган бўлса, оят маъноси «олов ва тутундан иборат аланга юборила-ди», бўлади. Ким уни раф (бош келишик)да ўқиса ва ундан мисни назарда тутса, у ҳолда: «Уларга оловдан иборат бир аланга ва (оловда эритилган) мис юборилади» маъносида бўлади.
Айримларнинг айтишича, икки қироатда [нуҳаасун] сўзи тутун маъносида ҳам, мис маъносида ҳам бўлиши мумкин.
Аллоҳ таолонинг «Бас, қутула олмассиз» сўзи баъзи муфассирлар айтишича, «Узингизни ҳимоя қила олмайсизлар», деган маънодадир. Эҳтимол, «иккингиз (инсонлар ва жинлар)га дунёда бўлгани каби ёрдамчи бўлмайди», маъносида бўлиши ҳам мумкин.
Шу ўринда «Аллоҳ таоло (сура) бошидаги оятларда неъматлар, ато этган инъомларни зикр қилиб, ортидан «Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!» деди. Бу ерга келиб неъматлар зикри тўхтади. Эндиги оятларда огоҳлантиришлар, жазолар зикри келди. Хўп, бу ерда улар билан «Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!» ояти келишидан нима фойда?» дейилиши мумкин. Бунга жавобан баъзилар: «Мукофот ваъда қилиш замирида қизиқтириш, жазони зикр қилиш асосида қайтариш ётади. Натижада мукофотга қизиқиб (эзгу амаллар қилинади), жазодан қўрқиб (ёмонликлардан) қайтилади. Бунда ҳам буюк неъмат намоён бўлади. Чунки мукофот ва жазо ваъдаси орқали синов-имтиҳон юзага чиқади ҳамда синов сабабли неъмат ҳосил бўлади. Шунинг учун огоҳлантириш ва жазони эслатиб, кейин: «Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!» деб сўралмоқда.

37. Осмон ёрилиб, қирмизи мойга айланган вақтда.

38. Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Оятда Қиёмат куни даҳшатидан бу оламнинг ҳолати ўзгариши ҳақида гап кетмоқда. Бу ҳам худди осмон ва ернинг алмаштирилиши зикр этилган қуйидаги оятга ўхшайди. Аллоҳ таоло айтади:
«Ер бошқа ерга ва осмонлар ҳам бошқа осмонларга алмаштириладиган кун...» (Иброҳим сураси, 48-оят).
Аллоҳ таоло бошқа бир оятда бундай марҳамат қилади:
«Ўша кунда осмонни худди мактуб ёзилган дафтарни ёпгандек ёпамиз» (Анбиё сураси, 104-оят). Бу мазмунда бошқа оятлар ҳам бор. Тоғларнинг ўзгартирилиши ҳақидаги оятлар ҳам шунга ўхшайди. Аллоҳ таоло айтади:
«Бас, улар тарқалган чанг-тўзонга айланганда» (Воқеа сураси, 6-оят).
Бошқа оятда:
«...тоғлар оқувчи қумтепаларга айланадир» (Муззаммил сураси, 14-оят) деган. Яна бир оятда:
«Ва тоғлар титилган жунга ўхшаб қолар» (Қориъа сураси, 5-оят), дейилади ва ҳоказо.
Аллоҳ таолонинг «...қирмизи мойга айланган вақтда...» ояти-ни айрим муфассирлар тафсир қилиб: «У Зот осмоннинг ранг-баранг ўзгаришини атиргул рангига ўхшатди. Атиргул барги баҳорда бир рангда бўлса, кейинчалик вақт ўтиши билан унинг ранги ўзгаради ва бошқа тусга киради. Кейин яна бошқача кўринишга ўтади. Осмон ва унинг ранги ўзгариши ҳам ана шунга ўхшайди», деганлар.
Бошқалар қуйидагича тафсир қилганлар: «Аллоҳ таоло осмонни юмшоқлиги, майинлиги учун ёғга ўхшатган. Бу ҳакда бошқа оятда:
«У Кунда осмон ёғнинг қуйқасидек бўлиб қолур» (Маориж сураси, 8-оят), дейилган. [ал-муҳл] сўзи «ёғнинг қуйқаси». Лекин осмон майинлиги эътиборидан эмас, ранг-баранг тусга киргани жиҳатидан ёғнинг қуйқасига ўхшатилган. Бу таъвилга кўра, осмонда қандайдир ёрилиш бўлиши ҳам тушунилади. Валлоҳу аълам!
Баъзилар: «Осмон қизаради ва мойдек эрийди», деб тафсир қилган. Айтишларича, дунё осмони темирдан бўлиб, Қиёмат қоим бўлганида унинг мовий ранги қизил рангга айланади. Оловда қизитилган вақтда жаҳаннам ҳарорати худди қизиган темирдек бўлади.
Баъзилар: [ад-диҳаан] сўзи [дуҳн] сўзининг кўплик шакли бўлиб, қизил қобиқни [ад-диҳаан] дейишади», деганлар. Валлоҳу аълам!

39. Бас, у кунда инс ҳам, жин ҳам гуноҳидан сўралмас.

40. Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Бу оят турлича таъвил қилинган. Баъзи муфассирлар айтади: «Бирор инсон ёки жиндан бошқанинг гуноҳи ҳақида сўралмайди. Фақат ўзининг гуноҳи ҳақида сўралади. Масалан, бировни адаштирган одамдан адашганнинг адашуви ҳақида эмас, нимага адаштиргани сабаби, адашгандан эса нима учун адашгани тўғрисида сўралади. Худди Аллоҳ таолонинг:
«Эй Раббимиз, бизни адаштирган жин ва инсдан бўлган шахсларни бизга кўрсатгин, уларни оёқларимиз остига олайлик...» (Фуссилат, 29-оят) деган сўзи каби.
Баъзи муфассирлар: «Ҳеч ким бир-биридан сўралмайди. Яъни жиндан инсоннинг гуноҳи ҳақида, инсондан жиннинг гуноҳи ҳақида сўралмайди», деган. Айримлар бундай деганлар: «Улардан билиш ва хабардор бўлиш маъносида «Нима учун қилдингиз?», деб сўралмайди. Бироқ ишнинг ўзи ҳақида эмас, «Нимага асосланиб қилдингиз?» дея, улардан қилган ишларининг ҳужжати талаб қилинади. Чунки ҳар бир йўналиш ва дин эгаси бирор иш қилса, ўз фойдасига бўладиган қандайдир ҳужжатга суянади». Бошқа муфассирлар: «Улар гуноҳларидан эмас, юзларидаги қоралик, қоп-қора бўлиб, кўзлари хунук, кўм-кўклиги ва шу каби юзларидаги бахтсизликдан дарак берувчи белгилар ҳақида сўраладилар. Китоб (Қуръон)да зикр қилинишича, бундай ҳолатлар Аллоҳ таолонинг ушбу сўзида баён қилинганидек имонсизларда бўлади:
«У кунда ғубор босган чеҳралар бор» (Абаса сураси, 40-оят). Бошқа оятда Аллоҳ таоло айтади:
«...юзлари қора бўлганларга...» (Оли Имрон сураси, 106-оят).
Аллоҳ таолонинг ўшбу сўзида мўминларнинг белгилари зикр қилинган:
«У кунда чиройли юзлар бор. Раббисига назар солувчилар» (Қиёмат сураси, 22-23-оятлар). Яна бир оятда Аллоҳ таоло айтади:
«Юзлари оқ бўлганлар эса...» (Оли Имрон сураси, 107-оят).
Баъзилар айтади: «Фаришталар гуноҳкорларни сўраб ўтирмайдилар. Чунки улар оятда айтилганидек, аломатларидан маълум:
«Жиноятчилар сиймоларидан билиниб турур» (Раҳмон сураси, 41-оят).
Аллоҳ таоло Китобида гуноҳкор-жиноятчиларнинг юзлар қора бўлишини айтгани каби уларнинг охиратда билиниб турадиган бошқа аломатларини ҳам зикр қилган. Аллоҳ таоло айтади:
«Ўша кунда қалблар хавфга тўлар. Уларнинг кўзлари қўрқинчга тўлар» (Нозиъот сураси, 8-9-оятлар).
Яна бир оятда Аллоҳ таоло бундай дейди:
«Юзларни бузиб, орқаларига бурмасимиздан олдин...» (Нисо сураси, 47-оят).
У (имонсизлар)нинг юзлари (қиёматда) баъзи ҳолларда қўр-қувга тушган, сўнгра ғубор босган, сўнгра қорайган, кейин бу-зиб тескарисига айлантирилган бўлиши мумкин. Айтилган бу ҳолатлардан Аллоҳдан паноҳ сўраймиз.

41. Жиноятчилар сиймоларидан билиниб турур. Ва уларнинг пешона сочлари ва оёқларидан тутилур.

42. Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Айтилишича, уларнинг қовурғалари, беллари синдирилиб, оёқлари ва бошларини бир қилиб, дўзахга улоқтирилади. Баъзилар: «Уларнинг қўллари бўйинларига боғланади, кейин пешоналари ва оёқларини бир-бирига теккизиб боғлаб, сўнг дўзахга итариб юборилади», деганлар.

43.    Жиноятчилар ёлғонга чиқараётган жаҳаннам шу бўлур. Юқорида айтилган ҳолатга тушган пайтларида уларга: «Дунёда сизлар ёлғон деб ўйлаган жаҳаннам мана», дейилади.

44.    Улар жаҳаннам билан ўта қайноқ сув ўртасида айланур.
Улар Жаҳаннам билан қайноқ сув орасида айланаверадилар. «Жаҳаннам» сўзи улар ейдиган дўзах оловига, қайноқ сув эса улар ичадиган ҳарорати ўта юқори сувга нисбат берилган бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло гўё шундай демоқда - Валлоҳу аълам: «Улар ейдиган ва ичадиган нарсалари орасида айланиб юраверадилар. Еганларидан тўйишмайди, ичганларидан чанқоқлари босилмайди. Балки еган сари очликлари, ичган сари ташналиклари ортади. [ал-ҳамийм] - «уларни жазолаш учун яратилган ичимлик», У [аанин] - «ҳарорати ўта иссиқ сув».

45.    Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Жазо зикр қилинганидан кейин «Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!» оятининг келтирилиши ҳақида баъзи муфассирлар: «Бу сўз уларга охиратда айтилади. Яъни Раббингизнинг дунёдаги қайси неъматларини инкор этасиз?», деганлар. Бу худди Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига ўхшайди:
«Ва куфр келтирганлар жаҳаннамга гуруҳ-гуруҳ қилиб ҳайдалди. Токи унга етиб келган чоғларида унинг эшиклари очилди ва унинг қўриқчилари уларга: «Сизларга ўзингиздан бўлган пайғамбарлар келиб, Раббингиз оятларини тиловат қилиб бермадиларми? Сизларни ушбу кунингизга дучор бўлишингиздан огоҳлантирмадиларми?!» дедилар. Улар: «Ҳа! Лекин азоб сўзи кофирлар устига ҳақ бўлгандир», дедилар». (Зумар сураси, 71-оят)

46. Раббиси ҳузурида туришдан қўрққанлар учун икки жаннат бор.

47. Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Раббиси ҳузурида туришдан қўрқишни зикр қилди-ю, лекин нимадан қўрқишни баён қилмади. Қўрқса, тарк қиладими ёки йўқ? Буни ҳам айтмади. Раббиси ҳузурида туришдан қўрқиш қуйидаги оятда зикр қилинган қўрқув бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло айтади:
«Ва, аммо ким Раббисининг мақомидан қўрққан ва ўз нафсини ҳаволаниб кетишидан қайтарган бўлса...» (Нозиъот сураси, 40-оят).
Бу оятдан икки маъно назарда тутилиши мумкин. Биринчиси, нафсни хоҳлаган нарсасидан қайтаради, иккинчиси эса, нафсни қайтарилган нарсани хоҳлашидан қайтаради, маъносидадир. Юқорида зикр қилинган Раббиси ҳузурида туришдан қўрқиш маъноси ушбу (Нозиъот сураси, 40-) оятда баён қилинган бўлиши мумкин. Яъни Раббиси ҳузурида туришдан қўрқиб, маъсиятни қасд қилишни тарк этади ёки нафси хоҳлаган нарсадан тийилади.
Нима учун учта, тўртта эмас, айнан иккита жаннат зикр этилганидан қандай ҳикмат кўзланганини билмаймиз. Таъвил аҳллари: «Икки жаннатни зикр қилди. Чунки жаннатлар тўртта: Адн, Фирдавс, Маъво ҳамда Наъим. Наъим ва Адн жаннатлари муқарраблар (Аллоҳга яқин бандалар), шаҳидлар ва сиддиқлар учун бўлса, бошқа иккиси ўнг томон эгалари бўлган, мақомлари улардан қуйироқ мўминларгадир», деганлар.
«Икки жаннат» ибораси бундан бошқа икки хил тарзда тушунилиши ҳам мумкин. Биринчиси, ўнгга қараса ҳам, чапга қараса ҳам, кўзи бошқаникига эмас, фақат ўзининг жаннатига тушади. Шунингдек, юқоридан қараса ҳам, пастдан қараса ҳам, кўзи бировнинг эмас, фақат ўзи эга бўлган мулкка тушади. Бу оятдан мақсад жаннатлар адади ҳақида аниқ хабар бериш эмас, балки қаерга қарамасин, ўзи эга бўлган мулк ва жаннатни кўриши ҳақида хабардир.
Иккинчиси, унинг икки жаннати бўлади. Бири гуноҳларни тарк қилгани, иккинчиси эзгу амаллар қилгани учун мукофот бўлади.
Аллоҳ таолонинг «Раббиси ҳузурида туришдан қўрққанлар учун иққи жаннат бор», ояти ҳақида Қутабий Фарродан қуйидагиларни нақл қилади: «Араблар шеъриятда сатр охири ва бошида қофияни маслаш мақсадида бирлик шаклдаги исмни иккиликда фойдаланади. Шунга биноан [жаннатаани] - «икки жаннат» сўзи оятлар охири бир-бирига мос равишда бўлиши учун зикр қилинган бўлиши мумкин. Мақсад эса битта жаннатдир. Лекин Қутабий унинг бу гапига эътироз билдириб:
«Бундай деб гап тугаганида айтилади, гап тугамаган бўлса, бундай дейилмайди», деган. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таоло қайта тирилтиришни банданинг Раббиси ҳузурида туриши деб номлади. Буни ҳар хил - Унинг ҳузурига қайтиш, қайтадиган жой, намоён бўлиш деб ҳам номлаган. Бу икки сабабга кўрадир. Биринчиси, қайта тирилтириш бу дунёнинг ниҳояси бўлгани сабаблидир. Иккинчиси ўша Кунда ҳар бир кишига иш фақат Аллоҳники экани, дунё ва охиратда бошқарув фақат Унга тегишли бўлиши аён қилинади. Аллоҳ таолонинг
«Бугун мулк кимникидир?! Яккаю ёлғиз, ўта қаҳрли Аллоҳникидир!» (Ғофир сураси, 16-оятп) сўзида айтилганидек, Ундан ўзгада бошқарув йўқлиги аниқ бўлгани учун шундай деб номланган.
Баъзи таъвил аҳлларининг қарашларига кўра, «икки жаннат» яхшиликда пешқадамлар ва шаҳидларга бўлса,
«У икковидан пастроқда яна икки жаннат бор» (Рахмон сураси, 62-) ояти эса ўнг томон эгалари учун мукофотдир. Сўнгра Аллоҳ таоло ҳар икки гуруҳ учун нима ҳозирлаганини тавсифлади. Пешқадамлар, сиддиқлар ва шаҳидлар учун қуйидагилар муҳайё қилинганини айтди:

48. Улар шох-новдалидирлар.

49. Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!

50. Икковларида оқувчи икки булоқ бордир.

51. Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Кўпчилик таъвил ахдлари бу оятни «шох-новдали» деб тафсир қилган. Бунда кўп ҳикмат йўқ. Лекин уни [ал-фунун] -турли-туман сўзидан олинган дейиш мумкин. Шунда «Уларда турли хил, турли навдаги (неъматлар) бор, деган маъно чиқади. Муқотил раҳматуллоҳи алайҳ: «Аллоҳ таоло ўнг томон эгалари учун яратган икки жаннатни ям-яшил қилди», деган.
[ал-мудҳамму] - «ям-яшиллигидан қорамтир тусга кирган», маъносида. Бу эса сифатда аввалгисидан пастроқ. Чунки иккисини битта сифат билан сифатлади. Нариги икки жаннатни турли-туманлик сифати билан васф қилди. У «Икковларида оқувчи икки булоқ бордир» (Раҳмон сураси, 50-оят). Ўнг томон эгалари учун яратилган боғлар ҳақида «Икковларида отилиб турувчи икки булоқ бор» (Раҳмон сураси, 66-оят), деган.
[ан-наадиҳ] - «оқиши билинмайдиган булоқ»дир. Анави булоқларни эса Аллоҳ таоло оқади деб сифатлади. Отилиш оқишдан кучсизроқ саналади. Қутабий айтади: «...отилиб ту-рувчи икки булоқ» сувлари отилиб турадиган булоқлардир. Сепиш отилишдан кучсизроқ ҳисобланади».
Пешқадамларнинг икки жаннати борасида Аллоҳ таоло шундай деган:
«Икковларида барча мевадан жуфт навлар бор». Пешқадамларнинг жаннатларида ҳар бир нарсанинг икки тури ёки ранги бор. Ўнг томон эгаларининг жаннатлари ҳақида Аллоҳ таоло:
«Икковларида мевалар, хурмо ва анорлар бор», деган ва саноқли нарсаларни зикр қилган. Пешқадамлар учун эса неъматларни жуда кўп қилиб: «Икковларида барча мевадан жуфт навлар бор», деди. Бундан мақсад пешқадамлар ўнг томон эгаларидан устунлигини кўрсатишдир.
Икки жаннатнинг ҳар бири ҳақида алоҳида ҳикмат зикр қилинган бўлиши ҳам мумкин. Аллоҳ таолонинг «Улар шох-новдалидирлар» (Раҳмон сураси, 48-) ояти биз юқорида айтганимиздек, иккисида ҳар турлар ва ҳар-хил навлар бор, маъносидадир. У Зотнинг «Икковларида оқувчи икки булоқ бордир», деган сўзидан мақсад эса бири ваъда қилинган маълум булоқ бўлса, иккинчиси, уларга ваъда қилинмаган ва улар билмайдиган булоқдир.

52. Икковларида барча мевадан жуфт навлар бор.

53. Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
«Икковларида барча мевадан жуфт навлар бор» сўзи мазасида ўзгармаган ҳолда икки турли ва икки хил рангдаги мевалар бўлиб, улар асло айнимайди. Чунки дунё меваларнинг айнигандан кейин рангида ўзгариш бўлади. Аллоҳ таоло бу ерда уларнинг рангидаги ўзгариш айнигани учун эмаслигини хабар бермоқда. Валлоҳу аълам!
Баъзи муфассирлар айтади: «Аллоҳ таоло мевалардан жуфт навни зикр қилди. Чунки инсонларнинг қалбларига икки жуфтдан бири келади ва кўнгиллари ўшани тусайди. Иккинчиси эса, Аллоҳ таолонинг бандаларига лутфу марҳамати, фазлу карами бўлиб, унга уларнинг хаёлларига келмаган, ҳеч қачон кўзлари тушмаган, орзулари ҳам етиб бормаган бўлади. Бу фақат У Зотнинг икроми ва марҳаматидандир.
Айрим муфассирлар: «Бу оятлардан мақсад жаннат аҳлига нималар муҳайё қилинганини баён қилиш эмас, балки пешқадамлар-нинг ўнг томон эгаларидан устунлигини кўрсатиш. Яъни пешқадамлар анави (ўнг томон эгалари)ларга нисбатан икки баравар кўп неъматлар билан сийланади», дейишади. Валлоҳу аълам!

54. Ипак астарли тўшакларга ёнбошлаган ҳолларида (ўтирурлар). У икки жаннат меваси яқиндир.

55. Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Фарро айтади: «Либоснинг ички ва ташқи томони бир матодан бўлиши мумкин. Лекин кийимнинг танага яқин томони астар, бошқа томони уст тараф дейилади. Худди осмоннинг фаришталарга яқин томони уларга нисбатан ички, бизга нисбатан устки тараф, биз томон уларга нисбатан ташқи, бизга нисбатан ички тараф бўлганидек. Бир нарсанинг инсонга яқин томони
[битоонатун], яқин бўлмагани эса [зиҳооратун] дейилади. Осмоннинг биз кўриб турган томони осмоннинг ташқи тарафи, бошқа томони эса унинг ички тарафи, дейилади. Валлоҳу аълам!
Қутабий: «Йўқ, У Зот тўшакларнинг астари ипакдан эканини айтиб, унинг ташқи тарафи ҳақида ҳеч нарса демади. Одамлар орасида шундай урф бор: уларнинг тўшакларининг уст тарафи ички тарафига қараганда қимматроқ бўлади. Шунга кўра, астарни зикр қилиб, ипакдан деб сифатлашда ташқи тарафи астарига қараганда қимматбаҳороқ ва ноёброқ эканига далолат қилади», дейди.
Бу ўринда Фарронинг айтгани тўғри. Қутабийнинг дунёда одамлар тўшакларнинг астаридан кўра ташқи тарафи чиройлироқ бўлишига аҳамият беришади, деган фикрига келсак, бу уларнинг мулклари қимматбаҳолик ва ноёбликда ичию ташқи тарафлари бир хил бўлишининг имкони йўқлиги сабабидандир. Аммо Аллоҳ таолонинг хазиналари туганмасдир. У Зот хоҳлаган нарсасини хоҳлагандек қилади. Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Сизларга (тўшакларнинг) астарлари ҳақида хабар берилди. Агар астарлари шундай бўлса, ташқи тарафи қандай бўлиши ҳақида бир тасаввур қилинг-а?»
[истаброқ] қандай ипаклиги хусусида турли қарашлар бор. Баъзилар: «(Арабларнинг) бир қавми дағал ва қалин ипакни [истаброқ]», дейишади», айримлар эса: «Юпқа ва майин ипак», деганлар. Валлоҳу аълам! Биз унинг нима, қанақа эканини тафсир қилмаймиз. Бироқ биламизки, у Раббилари улар (жаннат аҳли)га ваъда қилган ва уларнинг ўзлари қизиқадиган нарсадир. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «У икки жаннат меваси яқиндир» сўзи яхшиликларга шошилган пешқадамлар ҳақида бўлиши мумкин. Улар қилган тоат-ибодатларини қийматга лойиқ деб ҳисобламаганлари учун ваъда қилинган мукофотлари охиратга қолдирилган. Зиммаларидаги Аллоҳ учун қилинадиган вожиб амалларда, Унинг буйруқ ва қайтариқларида камчиликка йўл қўйиш хавфи ғолиб бўлган кишилардир. Аллоҳ таоло: «У икки жаннат меваси яқиндир», деди. Яъни У Зот сизларга ваъда қилган икки жаннат яқиндир. Таъвил аҳллари айтади: «Жаннатларнинг дарахтлари уларга яқиндир. Шу даражада яқинки, одам хоҳлагандек олиши мумкин бўлади». Бу ерда Аллоҳ таоло гарчи жаннатнинг дарахтлари узоқ бўлса-да, лекин мевалари яқиндир, демоқда. Валлоҳу аълам!
Абу Авсажа айтади: [ал-жана] - «ҳомила»дир. Дарахат чангланиб, мева тугса [ажнати-ш-шажарату] дейишади.

56. Уларда кўзлари тийилган, аввал инс ҳам, жин ҳам тегмаган (ҳур)лар бор.

57. Бас, Раббингизнинг қайси неъ-матларини ёлғон дея олурсиз?!
Уларнинг кўзлари фақат эрлари билан чекланган бўлиб, бошкаларга нигоҳлари тушмаган ва хоҳлашмайди ҳам. Бошқа оятда Аллоҳ таоло:
«Чодирларни лозим тутган ҳурлар бор» {Раҳмон сураси, 72-оят), деган. Чунки дин аҳли рашк аҳли бўлади. Улар аёллари бошқларга қарашларини, бировлар уларнинг аёлларига қарашларини хоҳлашмайди. Иккита оятда улар эрларидан бошқларга назар солмасликлари, уларга эрларидан ўзгаларнинг назари тушмаслигининг хабари берилиб, кўзлари тийилган ва чодирларни лозим тутган деб сифатланди.
[лам ятмисҳунна] сўзидаги [мим] ҳарфи дамма ва касра ҳолатда ўқилган. Фарро айтади: [лам ятмисҳунна] - «иффат пардасини йиртмоқ» маъносида. [ат-томс] - «бокира билан қўшилиш» маъносини билдиради. Таъвил аҳли: «Улардан олдин на инсон ва на жин уларга яқинлик қилган», деган. Абу Авсажа: «Болаларни парвариш қилишда бўлганидек, уларни парвариш қилишда на инсон зотининг қўли ва на жин теккан. Жин болаларга тегса, уларни бузиб, ахлоқсизликка бошлаганидек ҳолат уларда рўй бермаган, дейди. Чунки Аллоҳ таоло айтади:
«Албатта, Биз у (ҳур)ларни дафъатан, хос қилиб, яратдик. Бас, уларни бокиралар қилдик. Тенгдош маҳбубалар қилдик. Ўнг тараф эгалари учун. Улар аввалгилардан кўпгина жамоатлардир» (Воқеа сураси, 35-39-оятлар).

58. У (ҳур)лар худди ёқут ва маржонга ўхшарлар.

59. Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Таъвил аҳли: «Аллоҳ таоло уларни мусаффолиги учун ёқутга, оқлиги учун маржонга ўхшатди», дейдилар. Оятнинг тафсири улар айтганидек. Валлоҳу аълам!

60. Эҳсоннинг мукофоти, фақат эҳсондир.

61. Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Дунёда қилинган яхшиликнинг мукофоти охиратда фақат яхшиликдир. Яъни дунёда яхши амал қилишнинг мукофоти охиратда яхшилик билан сийлашдан иборатдир, яъни жаннатдир.
Лекин бу маънодан кўра бошқаси ҳақиқатга яқинроққа ўхшайди. Яъни Аллоҳ таоло уларга дунёда ато этган неъматларнинг мукофоти фақат У Зотга шукр қилиш ва яхши амаллар билан уларни қарши олишдир. Бу шукр қилиш эзгу амал қилишдан иборатдир. Чунки ҳеч ким дунёда қилган яхшилиги туфайли охиратда Аллоҳ таолонинг ҳузурида Ундан мукофот талаб қила олмайди. Мукофот ҳақли бўлиш жиҳатидан эмас. Фақатгина Аллоҳнинг фазлу карами билан бўлади .
Оятнинг таъвили: «Дунёда яхшилик қилишнинг мукофоти, факат охиратда (бериладиган) яхшиликдир», бўлиши ҳам мумкин.
Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад (раҳматуллоҳи алайҳимо) бу оятни инсонларда бўлгани каби, жинларда ҳам савоб бўлишига далил қилганлар. Чунки суранинг бошидан охиригача инсонлар ва жинларга хитоб қилинган. Аллоҳ таолонинг «Эй жин ва инс жамоалари...» (ар-Раҳмон сураси, 33-оят) сўзи, «...аввал инс ҳам, жин ҳам тегмаган (ҳур)лар бор» (ар-Раҳмон сураси, 56-оят) оятлари бунга мисол бўлади. Шунга кўра, уларнинг ҳар иккиси жазо ҳамда мукофотда шерик бўладилар.
Бироқ Имом Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ): «Жинларга мукофот йўқ. Зикр қилинган неъматлар инсонлар учун бўлиб, улардан жинларнинг насибаси йўқ. Бунга мевалар, сузувчи кемаларни мисол келтириш мумкин. Шунга асосан, зикр қилинган ажр-мукофотлар инсонлар учун мукофот ҳақи ўлароқ, жинлар учун кўриш ҳақи сифатида берилади. Бу ҳақда бошқа ўринларда ҳам айтиб ўтдик.

62. У икковидан пастроқда яна икки жаннат бор.

63. Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Агар бундан мақсад юқорида айтилган икки жаннат бўлса, улар пешқадамлар ва сиддиқларгадир. Баъзи таъвил аҳлларининг сўзларига кўра, бу ерда зикр қилинган икки жаннат ўнг томон эгаларигадир. Аллоҳ таолонинг «У икковидан пастроқда» сўзи пешқадамлар афзал бўлганлари учун ўнг томон эгалари фазилат, қадр, обрў-эътиборда улардан қуйироқ, маъносида бўлиши мумкин.
Агар икки жаннатнинг барчаси улардан ҳар икки гуруҳга тегишли бўлса-да, Аллоҳ таолонинг «У икковидан пастроқда» сўзи фазилат ва қадр-қимматда эмас, ўрин-жой маъносида бўлиши ҳам жоиз. Аллоҳ таоло гўёки шундай демокда: «Қайси тарафдан қарасалар кўзлари ўзларининг жаннатларига тушади. Тепадан, пастдан, ўнг-чап томондан қарашнинг фарқи йўқ. Яъни улар жаннатларнинг ўртасида жойлашган бўладилар. Аллоҳ таолонинг ушбу сўзидаги каби:
«...ундан кўчишни истамаслар» (Каҳф сураси, 108-оят), жойларини ўзгартиришга муҳтож бўлмайдилар.

64. Икковлари ям-яшилдир.

65. Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Бу оят маъноси ҳақида юқорида сўз юритиб, ям-яшиллигидан қорамтир тусга кирган, маъносида дедик. Аллоҳ таоло ушбу икки жаннатни олдинги икки жаннатга қараганда камроқ сифатлар билан зикр этади. Олдинги - юқоридагиси хусусида биринчи таъвилга кўра, «Улар шох-новдалидирлар» (Раҳмон сураси, 48-оят), деди.

66. Икковларида отилиб турувчи икки булоқ бор.

67. Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Шунингдек, «Икковларида отилиб турувчи икки булоқ бор» (Раҳмон сураси, 66-оят) ояти, айтиб ўтганимиздек, оқувчидан пастроқ туради. Фарродан накд қилинишича: «Оқувчи икки булоқ отилиб турувчи икки булоқдан афзалдир». Аллох таолонинг «...отилиб турувчи икки булоқ» сўзидаги икки булоқ жаннат аҳлига хайр-барака улашиб туради. Баъзилар: «У иккиси сув ва турли-туман мевалар сочиб туради», деган.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Сув қуши дунё аҳли уйларига сув сепганидек, бу икки чашма ҳам мушк-анбар сепади».

68. Икковларида мевалар, хурмо ва анорлар бор.

69. Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Баъзи одамлар мева емайман деб қасам ичиб, анор еб қўйган кишининг қасами бузилмайди дея, ушбу оятни Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг фойдаларига ҳужжат қилганлар. Улар бу оятни анор ва хурмо мева эмаслигига ҳужжат қилганлар. Чунки Аллоҳ таоло хурмо ва анорни меваларга атф қилган, (қоида бўйича) бир нарса ўзига эмас бошқасига атф қилинади. Гапнинг зоҳирига кўра маъно шундайдир. Лекин у иккиси мевалар турига мансуб бўлишига қарамасдан, Аллоҳ таоло хослаб зикр қилганига далил бор бўлса, у ҳолда, бу улуғлашни ва бошқа маъноларни ифодалайди. Бунга Аллоҳ таолонинг ушбу сўзини мисол қилиш мумкин:
«Ким Аллоҳга, унинг фаришталарига, пайғамбарларига, Жиброилга ва Микоилга душман бўлса...» (Бақара сураси, 98-оят).

70. Уларда яхши, гўзаллар бор.

71. Бас, Раббингизнинг кайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Айтилишича: «Хилқати хушбичим, чеҳралари гўзал», маъносидадир. Арабларда [имроатун хойротун] - «яхши аёл» (бирлик шаклда) сифат билан сифатланган,    [нисватун хойроотун]
- «яхши аёллар» (кўплик шаклдаги) сифат билан, [хойроотун] сўзида [я] ҳарфи ташдидли ва ташдидсиз ҳолатда ўқилади. Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Ҳар бир мўминга бир яхши аёл, ҳар бир яхши аёлнинг бир чодири бўлади».

72. Чодирларни лозим тутган ҳурлар бор.

73. Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Айтилишича: «Улар чодирларда сақланадилар. Улар чодирларидан ташқарига чиқмайдилар». Аслида биз юқорида айтиб ўтганимиздек, улар чодирларда бўладилар. Жуфтларидан бошқа ҳеч ким уларни кўрмайди. Улар ҳам жуфтларидан бошқаларга кўз ташламайдилар ва улардан бошқаларни истамайдилар ҳам. Валлоҳу аълам!

74. Аввал уларга инс ҳам, жин ҳам тегмаган.

75. Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!

76. Яшил болишларга ва гўзал гиламларда ёнбошлаган ҳоллари бор.

77. Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Кўпчиликнинг қироатига кўра, [ҳисаан] сўзи «алиф»сиз ўқилган. Осим Жаҳдарийдан [рофаариф] ва [абаақирийй] деб ҳам ўқилгани нақл қилинган. Айтилишича:
[рофрофун] - «мажлис». Баъзилар уни: «Мажлислар», деганлар. Баъзилар эса: «Яшил боғлар», деганлар. Бошқалар: «Чодирлар», деган. Айримлар эса: «Энг зўр гиламлар ва тўшакларнинг...», деган. [абқориййун] сўзига келсак, баъзилар уни: «Гиламлар», деган. У форс тилида «нух», дейилади.
Абу Убайда:    [абқориййун] - «қалин гиламлардир», деган. Баъзиларнинг фикрича: «Ҳар қандай гиламлардан энг олий навлисини [абқориййун] дейилади». Қутабий ва Абу Авсажа айтадилар: [абқориййун] Қуръондан бошқа жойдаги шаҳар номи бўлиб, ўша ерда тикилган кийимлар унга нисбат берилади».

78. Улуғлик ва икром эгаси бўлмиш Раббинг исми муборак бўлди.
Абу Бакр Асом: «Раббинг исми ундан бошқаси ҳақли бўлишдан пок бўлди», деган оятдаги [Зул-жалал] нинг маъноси - У Зот инсонлар улуғлашларига лойиқдир. Унинг исми билан ўзгаларни номламасликларига ҳақлидир.
[Вал-икром] эса У лойиқ бўлмаган фарзанд, шерик ва бошқаларни Унга нисбат беришдан улуғдир, дегани.
Агар кимдир: «“Бас, Раббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!” оятини такрор келтиришдан нима фойда?» деб савол берса, шундай жавоб берилади: Сизлар осмонлар ва ердаги қайси неъматларни ёлғон дея оласизлар?! Ахир улар Аллоҳнинг ягоналигига, яратувчилигига гувоҳлик бериб, пайғамбарлар ва улар келтирган нарсалар Аллохдан эканига ёрқин далолат қилиб турибди-ку. Осмонлару ердаги бойликлар, озиқ-овқат ва ичимликлар, айтиб ўтганимиздек, барчаси У Зотники. Бу худди бир одамнинг бошқани маломат қилиб, айблаб: «Оч эмасмидинг? Таом бердим-ку. Ёки буни тан олмайсанми?! Чанқоқ эмасмидинг? Сув бердим-ку, буни инкор этасанми?!» деганига ўхшайди. Мазкур оятнинг такрор ва такрор келтирилишидан мақсад инсонларга берилган неъматларнинг ҳар бирини зикр қилиб, уни эслатишдир.
Такрорлашнинг бундан бошқа ҳикмати ҳам бўлиши мумкин. У ҳам бўлса, ваъз-насиҳат, эслатма маъносида. Чунки ваъз-насиҳат ва эслатмалар қалбларга яхши таъсир қилиб, ўрнашиши ва тезроқ қабул қилиниши учун қайта-қайта такрорлашни талаб этади. Валлоҳу аълам!

Орқага Олдинга