loader

054. Қамар сураси

(Маккада нозил бўлган, 55 оятдан иборат.)
Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. Соат (қиёмат) яқинлашди ва Ой бўлинди.
Баъзилар ушбу оятни: «Қиёмат яқинлашди ва Ой нинг бўлиниши ҳам», деб тафсир қилганлар. Бир қараш га кўра, сўзларнинг ўрнини алмаштириб, бундай дейил ган: «Соат (қиёмат) яқинлашди, Агар бир оят-мўъжизани кўрсалар, юз ўгирарлар. Гарчи у Ойнинг бўлиниши бўлса ҳам» (Қамар сураси, 2-оят).
Ушбу икки таъвилга кўра, ҳали Ойнинг бўлиниши содир бўлмаган. Лекин Ойнинг бўлиниши келажакда, қиёмат юз беришида бўлади. Бу Абу Бакр Асомнинг фикридир. У Аллоҳ таолонинг «ва Ой бўлинди» ояти борасида шундай деган: «Ой қиёмат юз беришида бўлинади. Чунки у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонида юз берганида, асло (бу воқеа) Ер юзидаги одамларга махфий бўлмас эди. Борди-ю, бу уларга маълум бўлганида, у ҳақидаги хабар мутавотир бўлар эди. Чунки у ғайритабиий ишдир. Инсон табиати эса, ғаройиб нарсаларни ёйишга одатлангандир».
Лекин аҳли таъвилнинг барчаси Ойнинг бўлинганини ва бу ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизаларидан бири эканини таъкидлаганлар. Жумладан, Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан қилинган ривоятда: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Минода эдик. Шунда, Ой бўлиниб, унинг бир қисми тоғ ортига ғойиб бўлди. Шу пайт, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гувоҳ бўлинглар! Гувоҳ бўлинглар!» дедилар», деган. Шунингдек, ундан бошқа Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Анас ибн Молик, Ҳузайфа, Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳум каби бир жамоа саҳобийлардан ҳам Ойнинг бўлинишини кўрганликлари ривоят қилинган.
Абу Бакр Асомнинг «Содир бўлганида, махфий қолмай, ҳаммага маълум бўлар эди» деган сўзига: «(Ойнинг бўлиниши) маълум бўлган. Чунки бу ҳақда бир неча саҳобий розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинган ва у хосу ом орасида мутавотир бўлиб, халқ орасида кенг ёйилганидан, ҳатто бу ҳадисни эшитмаган киши жуда кам қолган», деб жавоб берилади. Қолаверса, баъзан Китобнинг зоҳири мутлақ бўлиб, Китоб сукут сақлаган ўринларда тилни тийиб, лафзнинг ҳақиқатига амал қилиш вожиб бўлади.
Баъзилар бундай деганлар: «Ойни бўлиниш ҳодисасини турли минтақадаги адашганлар ўзига нисбат бериб олмаслиги, яъни ойни мен бўлдим деган даъвода рисолатни иддао қилмаслиги учун Аллоҳ таоло уни булут билан тўсиб қўйган ёки ўзининг лутфи инояти билан уларни уни кўришдан чалғитиб қўйган бўлиши мумкин. Шунингдек, Аллоҳ таоло мўъжизани фақат ўша жойда ҳозир бўлганларгагина намоён қилиб, бошқа минтақадагилардан яширган бўлиши мумкин. Уни кўришда иштирок этган кофирлар ҳодисани яширган, уни кўрган саҳобийлар эса, нақл қилганлар. Валлоҳу аьлам!
Аллоҳ таоло Узининг «Соат (қиёмат) яқинлашди» оятида гўё шундай демокда: «Сизлар жазоланадиган қиёмат» ёки «Сизлар тириладиган қиёмат» ёки «Сизлар ҳисоб-китоб қилинадиган қиёмат яқинлашди».
Агар кимдир: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен ва ҳиёмат бу иккиси кабидалигида юборилганман» деб, кўрсаткич ва ўрта бармоқларига ишора қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар, ҳали қиёмат қоим бўлмади» деса, унга қуйидагича жавоб берилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муродлари, ўзлари билан пайғамбарлик тугади, энди унинг ҳукмлари, шариати қиёмат кунигача давом этади. Аллоҳ шариатининг боқийлиги худди Узининг боқийлиги кабидир», дейишдир. Бу билан Расулуллоҳ гўё шундай демоқчи бўлган бўлишлари мумкин: «Шариатим билан қиёмат бу иккиси кабидир». У ҳадис яна қуйидаги маънони англатиши ҳам мумкин: «Нубувват ва рисолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўз ниҳоясига етгач, у зотнинг пайғамбар этиб юборилишлари қиёматдан аломат ва белги бўлди». Бу эса, Аллоҳ таолонинг худди қуйидаги ояти кабидир:
«Албатта, (Ийсо) қиёмат учун аломатдир. Бас, сизлар у (қиёмат) ҳақида сира шубҳа қилмангиз» (Зухруф сураси, 61-оят).
Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар этиб юборилишларини қиёматнинг аломати ва белгиси деб билган киши таъвилига кўрадир. Валлоҳу аълам!

2. Агар бир оят-мўъжизани кўрсалар, юз ўгирарлар, бу ўткинчи сеҳр, дерлар.
Аллоҳ таоло Ўзининг «Агар бир оят-мўъжизани кўрсалар, юз ўгирарлар» оятида Макка мушрикларининг қайсарлиги ва инжиқлигини зикр қилган. Улар бирор мўъжизани кўрсалар, ундан юз ўгиришиб, қабул қилмасдилар. Бу оятни икки хил маънода тушуниш мумкин. Биринчиси, улар ўзлари сўраган бирор мўъжизани кўрсалар, юз ўгирадилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларга сўраган мўъжизаларини кўрсатмади. Зеро, сўроқ ва талабдан кейин келган ҳар қандай мўъжиза қабул қилинмаса, Аллоҳ таолонинг суннатига кўра, улар ҳалок қилинишлари керак бўлади. Аллоҳ таолонинг йўли шундай бўлгач, бу умматнинг жазосини қиёматгача кечиктиришга ваъда бериб, уларга тезда азоб юборишдан воз кечди ва таклиф қилинган ўша оят-мўъжизаларни уларга кўрсатмади. Валлоҳу аълам!
Ва яна мазкур оят «Ҳиссий мўъжизани кўрсалар, юз ўгиришади» деган маънони англатиши ҳам мумкин. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аксарият мўъжизалари ақлий ва самъий (нақлий) бўлган. Аллоҳ таоло уларнинг аҳмоқлиги ва қайсарлиги ҳақида хабар бериб: «Улар ҳиссий мўъжизани кўрсалар, юз ўгиришади», демоқда. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган:
«Агар Биз уларга фаришталарни туширсак ҳам, уларга ўликлар гапирса ҳам ва уларнинг олдига ҳамма нарсани очиқ-ойдин тўпласак ҳам... имон келтирмаслар. Лекин кўплари жоҳилдирлар» (Анъом сураси, 111-оят).
«Борди-ю, уларга осмондан бир дарвоза очиб қўйсаг-у, ундан (осмонга) кўтарила бошласалар ҳам: «Шаксиз, бизларнинг кўзларимиз боғланиб қолди, балки бизлар сеҳрланиб қолган қавмдирмиз», - деган бўлур эдилар» (Ҳижр сураси, 14-15-оятлар).
Аллоҳ азза ва жалланинг    [сиҳрун мустамиррун] оятининг маъноси борасида ихтилоф қилинган. Жумладан, баъзилар: [сиҳрун мустамиррун] ибораси «Пайғамбарлар алайҳимуссалом ҳам шу каби сеҳрни доимо келтирганлар» маъносини англатади», деганлар. Айримлар эса: [мустамиррун] сўзи [ал-миррату] «қувват» сўзидан олинган бўлиб, «кучли» маъносини англатади. Аслида, зф [ал-мирроту] сўзи «пухта йигириш» маъносидадир», деганлар.
Яна баъзилар эса: [мустамиррун] сўзи «Кетувчи кетади, йўқ бўлади ва қолмайди» деган маънони англатади», деганлар.

3. Ва ёлғонга чиқардилар ҳамда ҳавойи нафсларига эргашдилар. Ҳолбуки, ҳар бир иш ўз ўрнини топувчидир.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Ва ёлғонга чиқардилар ҳамда ҳавойи нафсларига эргашдилар» ояти «Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва у зот келтирган рисолатнинг далиллари (мўъжизалар)ни ёлғонга чиқаришди», маъносида бўлиши мумкин. Шунингдек, оят: «Тавҳидни ёлғонга чиқардилар ҳамда ҳавойи нафсларига эргашдилар» маънони англатиши ҳам мумкин. Аллоҳ таоло: «Улар зикр қилинган нарсаларни далил ва ҳужжатга таяниб эмас, ҳавойи нафсларига эргашиб ёлғонга чиқаришди», деб хабар бермоқда.
Аллоҳ азза ва жалланинг «...ҳар бир иш ўз ўрнини топувчидир» ояти «ҳар бир иш ўз аҳлига қарор топувчидир. Агар у яхши бўлса, яхшидир. Борди-ю, ёмон бўлса, ёмондир», деган маънодадир. Ва яна у оят: «Ҳар бир иш собит, ўз аҳлига қарор топувчидир», деган маънони англатиши ҳам мумкин. Баъзилар бу оят: «Ҳар бир ишнинг ҳақиқати бор. Ундан дунёга тегишлиси тезда намоён бўлади ва охиратга тегишлиси тезда билинади», деган маънодадир, дейдилар.

4. Ва, дарҳақиқат, уларга панд-насиҳатли ҳабарлардан келган эди.

5. (Бу Қуръон) етук ҳикматдир. Бас, огоҳланти-рувчилар фойда бермас.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Ва, дарҳақиқат, уларга панд-насиҳатли ҳабарлардан келган эди» ояти «Уларга етук ҳикмат, яъни Қуръон келди» деган маънони англатиши мумкин. Аллоҳ таолонинг «Ва, дарҳақиқат, уларга панд-насиҳатли хабарлардан келган эди» ояти «хабарлар ичида улуғ ҳикмат бор» деган маънода бўлиши ҳам мумкин. Билингки, бу сурада зикри келган Од, Самуд, Лут ва Нуҳ қавмлари ҳамда Мусо (алайҳиссалом) ҳақидаги панд-насиҳатли хабарларда улкан ҳикматлар бордир. Дарҳақиқат, мушрикларга буларнинг хабари келди. Натижада, мушриклар улар гирифтор бўлган азоб, ҳалокатни ва нима сабабдан бу нарсалар уларга тушганини билишди. Яъни улар (олдинги умматлар) пайғамбарлар алайҳимуссаломни ёлғончига чиқарганлари учун (азобга) гирифтор бўлганларини билишди. Ўтган қавмларнинг қилмишлари каби ишлардан ўзларини сақлаб, улар гирифтор бўлган нарсаларга мубтало бўлмасликлари учун мушрикларга бу нарсалар билдирилишига сабаб бўлди. Мана шунда улкан ҳикмат бордир. [ал-балиғоту] сўзи бир ишни маромига етказиб бажаришга нисбатан ишлатилади. Масалан, араблар илмни камолига етказган кишига нисбатан [фулонун болиғун фи-л-ил-ми] дейилади.
Қутабий мазкур оятдаги [муздажарун] сўзи «панд-насиҳат», Абу Авсажа эса, [муздажарун] сўзига «қайтарувчи, ман қилувчи» маъносини англатади деганлар.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Бас, огоҳлантирувчилар фойда бермас» ояти «Уларга панд-насиҳатли, огоҳлантиришли хабарлар етиб келди, лекин бу уларни (юрган йўлидан) қайтармади ва уларга фойда ҳам бермади. Шундай экан, уларга огоҳлантирувчилардан қандай фойда?! Уларга огоҳлантирувчилар нима наф берсин?! Яъни асло фойда бермайди», деган маънодадир. Валлоҳу аълам!
Мазкур оятдаги [ан-нузуру] сўзи икки хил маънони ифодалаши мумкин. Биринчиси, [ан-нузур] сўзи пайғамбарлар алайҳимуссалом маъносида бўлиб, у [назир] сўзининг кўплигидир. Иккинчиси, [ан-нузур] деб «огоҳлантириш хабари»га айтилади. Яъни пайғамбарларлар улар билан огоҳлантирадилар. Аллоҳ таоло оятда: «Уларга на Расулнинг сўзи ва на пайғамбарларни ёлғончига чиқарганлари ҳамда эргашмаганлари учун азобланган кофирларнинг қиссалари таъсир қилди» демоқда. Валлоҳу аълам!

6. (Эй Муҳаммад!) Энди сиз улардан юз ўгиринг! Чақирувчи (Исрофил) нотаниш нарсага (ҳисоб-китобга) чақирадиган кунда (қиёматда).
Аллоҳ азза ва жалланинг да [фатавалла аънҳум] сўзи бир неча маъноларни ифодалаши мумкин: Биринчиси, «Энди сиз улардан юз ўгиринг!» ояти «Улардан юз ўгиринг ва етказган зарарига жавоб қайтарманг», маъносидадир. Иккинчиси, «Энди Сиз улардан юз ўгиринг!» ояти «Уларга қарши жанг ва уруш қилманг», маъносидадир. Таъвил аҳлининг фикрга кўра, иккинчи таъвил насх бўлади, биринчи таъвил эса насхни эҳтимол қилмайди. Учинчиси, «Энди сиз улардан юз ўгиринг!» ояти «Улар билан машғул бўлиб ўтирманг, чунки улар имон келтирмайдилар», маъносида бўлиши мумкин. Бу Аллоҳ таоло имон келтирмаслигини билган қавм борасидаги сўзидир. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни уларнинг имон келтириши борасидаги истакларидан қайтарди.
Аллоҳ таолонинг «Чақирувчи нотаниш нарсага чақирадиган кунда» ояти «мункар, даҳшатли ва қўрқинчли нарсага чақирадиган кунда», деб тафсир қилинади. Ва яна у оят: «Дунёда инкор қилиб, охиратда иқрор бўлган қиёматга чақирадиган кунда», деган маънони англатиши ҳам мумкин.

7. (Улар) кўзлари (қўрқувдан) қуйига боққан ҳолларида, гўё тўзиган чигирткалар каби қабрларидан чиқиб келурлар.
Аллоҳ таолонинг [хушшаъан абсоруҳум] оятидаги [хушшаъан] сўзи [хошиъан] тарзида ҳам ўқилган. Бу Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган. Буни Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг [хошиаътан абсоруҳум] деб қироат қилиши тасдиқлайди. Аллоҳ таоло уларни дунёдаги кибрланишлари ўрнига охиратда хорлик билан, дунёда қиёматни инкор қилишлари ўрнига охиратда иқрор ва тасдиқ қилиш билан, дунёда чақириқни рад этишлари ўрнига охиратда ижобат қилиш билан васфлаб, шундай деган:
«Чақирувчига қараб бўйинларини чўзиб, шошилиб борурлар» (Қамар сураси, 8-оят).
Аллоҳ таолонинг «...гўё тўзиган чигирткалар каби қабрларидан чиқиб келурлар» ояти икки хил маънони ифодалаши мумкин: Биринчиси, Аллоҳ таоло улардаги саросима сабабли уларни чигирткага ўхшатиб: «Худди чигиртка қаердан келиб, қаёққа бораётганини англамагани каби, улар ҳам қаердан келиб, қаёққа бораётганларини билмайдилар», демоқда. Бу маъно Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига ўхшайди:
«(Охир замонда) одамларни «маст» ҳолда кўрасиз, ҳолбуки, улар маст эмаслар» (Ҳаж сураси, 2-оят).
Иккинчиси, Аллоҳ таоло уларнинг адади кўплиги, барчаси бир мартада тирилтирилгани боис (жуда катта) издиҳом бўлганлари учун уларни чигирткаларга ўхшатди. Валлоҳу аълам!

8. Чақирувчига қараб бўйинларини чўзиб, шошилиб борурлар. Кофирлар: Бу қийин кун-ку, дерлар.
Аллоҳ таолонинг мазкур оятидаги [муҳтиъина] сўзини барча таъвил аҳли «шошилиб борурлар» деб тафсир қилганлар. Қатода уни «қасд қилиб борурлар» деган, Мужоҳид эса, [ал-иҳтоъу-с-сайлону] «тез оқиш» маъносида, деган. У форс тилида [пойи рафтан] «юриш» маъносида бўлади.
Баъзилар [муҳтиъина] сўзини «бошларини баланд кўтарган ҳолда кузатиб турувчилар» маъносида, деганлар. Бу Калбийнинг сўзидир. Абу Авсажа эса, унга: «Бўйинларини чўзган ҳолда илдамловчилар» деб маъно берган. Айтилишича, [ал-иҳтоъу] сўзи «чақирувчига узоқ қараб туриш» маъносини англатади.
Аллоҳ таолонинг «Кофирлар: Бу қийин кун-ку, дерлар» ояти қуйидаги оятнинг маъносидадир:
«Ана ўша кун қийин кундир. Кофирларга осон бўлмаган (кундир)» (Муддассир сураси, 9-10-оятлар).

9. Булардан олдин Нуҳ қавми ҳам ёлғончи қилган эди. Бас, бандамизни ёлғончига чиқардилар ва, мажнун, дедилар. Ҳамда унга тўсиқлар қўйдилар.
Аллоҳ таолонинг «Булардан олдин Нуҳ қавми ҳам ёлғончи қилган эди» ояти «Сизнинг қавмингиздан олдин ҳам Нуҳ алай-ҳиссаломнинг қавми уни ёлғончига чиқариб, унга азият берган эди. У ёлғончига чиқаришларига, турли азиятларга сабр қилиб, то Аллоҳнинг ҳузуридан уларнинг ҳалокатини сўраб дуо қилишга изн келмагунича, улар ҳаққига дуои бад қилмади. Сиз ҳам қавмингизнинг турли азиятларига ва сизни ёлғончига чиқаришларига сабр қилинг», деган маънони англатади. Валлоҳу аълам! Бу маъно Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида тўлиқ акс этган:
«Бас, (эй Муҳаммад!) Сиз ҳам матонатли пайғамбарлар сабр қилганларидек, сабр қилинг» (Аҳқоф сураси, 35-оят).
Мазкур хабарнинг Қуръони каримда такрорланиб, ундаги ҳукмларнинг такрорланмаслигининг қандай ҳикмати бор? дейилса, шундай жавоб берилади: «Дарҳақиқат, ушбу хабарлар ва қиссалар Макка ахди ва уларга ўхшаган кофирларга рисолатни, тавҳидни ва қайта тирилтиришнинг исботини асослаш учун келган. Чунки улар мазкур нарсаларни рад этган қайсар ва кибрли кимсалар эди. Шунингдек, улар орасида тўғри йўлни излаётганлари ҳам бор эди. Биз зикр қилган ва уларга ўхшаган кишилар билан ҳужжатлашишнинг сабаби улар ҳужжатни бир сафар қабул қилмасалар, иккинчи сафар қабул қиладилар, бир гал қалбларига таъсир қилмаса, иккинчи марта таъсир қилади, деган ўйда бир-икки марта такрорланади. Одатда тўғри йўл талабидаги инсонлар насиҳатларни қабул қилишлари учун панд-насиҳат такрор-такрор қилинади. Чунки ҳолат ўзгариши билан шахс ҳам ўзгаради». Биз юқорида панд-насиҳатларнинг такрорланиши, ҳукмлар эса такрорланмаслик ҳикматини баён килганмиз. Валлоҳу аълам!
«Нуҳ алайҳиссалом қавмининг ҳалокатини сўраб, Аллоҳ таолога дуо қилган-ку?» деб савол сўралса, унга шундай жавоб берилади: «Нуҳ (алайҳиссалом) ўз қавмининг имонидан ноумид бўлганлари учун уларни дуои бад қилганлар. Бу ҳақда оятда шундай дейилган:
«Қавмингдан (ҳозиргача) имон келтирганларидан бошқа ҳеч ким энди имон келтирмас» (Ҳуд сураси, 36-оят). Аммо Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қавмининг ҳаммасининг имонидан ноумид қилмади, балки муайян шахсларнинггина имонга келишидан ноумид қилди, холос. Бу қисмнинг имонга келмаслигини Аллоҳ таоло билган эди. Расулуллоҳнинг қолган умматлари бундан мустасно, шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уларнинг ҳаққига дуои бад қилишга изн бермади. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Бас, бандамизни ёлғончига чиқардилар» ояти «Нуҳ даъво қилган рисолатни ёлғонга чиқардилар» ёки «Нуҳнинг тавҳидга, Ягона Қаҳҳор зотга шукр қилишга чақириғини ёлғонга чиқардилар», маъносида бўлиши мумкин.
Аллоҳ таолонинг «ва, (уни) мажнун, дедилар» ояти «Улар ўзларига эргашганларга қарата: «У мажнундир», дедилар» маъносидадир. Аллоҳ тоалонинг «Ҳамда унга (Нуҳ алайҳис-саломга) тўсиқлар қўйдилар» ояти улар ўз қавмига: «Унга эргашманглар. Зеро, у мажнундир, деб, унга эргашишдан қавмни қайтардилар. Бу уларнинг Нуҳга эргашишдан қавмни тўсиб қолишлари бўлди. Натижада, Нуҳ алайҳиссалом қавмдан, қавм эса Нуҳ алайҳиссаломдан тўсилиб қолди, маъносидадир.
Баъзилар мазкур оятни: «Улар Нуҳ алайҳиссаломнинг пайғамбарлигига келган мўъжизаларни кўрсатишдан уни тўсиб қўйдилар», маъносида деганлар. Валлоҳу аълам!

10.    Шунда у Парвардигорига: «Мен мағлубдирман, ёрдам қилгин!» - деб дуо қилди.
Яъни оят «аҳмоқлик, кибр ва турли азиятларга мағлуб бўлдим» деган маънони англатади. Чунки Нуҳ алайҳиссаломни ҳужжат билан мағлуб қилиш мумкин эмас. Бандангга бундай қавм устидан ғалаба қилишга ёрдам бергин.

11.    Осмон эшикларини шаррос сув билан очиб юбордик.

12.    Ва ердан отилтириб, булоқлар чиқардик. Бас, сув тақдир қилинган иш учун бирлашди.
Аллоҳ таолонинг «Осмон эшикларини... очиб юбордик», яъни юқоридан. Чунки сенинг тепангда бўлган нарса осмондир. Бу сув ривоятларда келган осмон билан ер ўртасида [ал-баҳр ал-макфуф] - «тўсилган денгиз»дан бўлиши мумкин(Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан нақл қилинган ривоятда осмон билан ер ўртасида «тўсилган денгиз» борлиги айтилган (Суютий ўзининг «Дуррул мансур» асарида зикр қилган). Лекин бу заиф ривоят бўлгани учун Имом Мотуридий уни мажҳул сийғада баён қилган.).
Аллоҳ таолонинг «Ва ердан отилтириб, булоқлар чиқардик» ояти «Ердан сувни чиқардик» маъносидадир. Яъни Аллоҳ таоло шундай демокда: «Юқоридан сувни тушириб, қуйидан сувни чиқардик». Шунингдек, Аллоҳ таолонинг «Осмон эшикларини... очиб юбордик» ояти «Ҳақиқатда осмонни очиб, ундан сув тушириш» маъносида бўлиши мумкин. Зеро, Аллоҳ таоло сувни қаердан ва қандай чиқаришни хоҳласа, шундай қилишга қодир Зотдир. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг [бимаин мунҳамирин] - «шаррос сув билан» ояти «қуйилувчи сув» деган маънони англатади. Абу Убайда [мунҳамирин] - «шаррос» деган сўзни «шиддат билан қуйилувчи кўп сув» деб тафсир қилган. Бир киши жуда кўп ва тез гапирадиган бўлса, унга араб тилида [ҳамаро-р-рожлу] дейилади. Абу Авсажа: «Араблар «кўп ёмғир ёғди» деган маънода [инҳамарат ас-самоу] ибо-расини ишлатганлар», дейди.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Бас, сув тақдир қилинган иш учун бирлашди» ояти икки сувга ҳам тегишлидир, яъни осмондан туширилган сув ҳам, ердан чиқарилган сув ҳам Аллоҳ таоло белгилаган ўлчов ва тадбирга кўра оққан. У асло ўлчовсиз тахминий бўлмаган. У Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти маъносидадир:
«Тақдирга биноан келдинг, эй Мусо!» (Тоҳо сураси, 40-оят).
Яъни, эй Мусо ҳеч қандай ўлчовсиз эмас, балки Аллоҳ таолонинг тақдири ва тадбирига кўра келдинг. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қироатида [фалтақо ал-мааъани ъалаа амрин қод қудиро] - «икки сув тақдир қилинган иш учун бирлашди», деб тиловат қилинган.
Баъзилар Аллоҳ таолонинг «тақдир қилинган иш учун» оятини «Борди-ю, кофир бўлсалар, уларга сувга ғарқ бўлиш битилган эди», деб тафсир қилганлар. Айримлар эса «тақдир қилинган иш учун» оятини «Сув тенг бўлди, яъни ярми ернинг булоқларидан ва яна ярми осмон сувидан бўлди», деб шарҳлаган. Лекин оятнинг асл маъноси биз айтгандекдир. Валлоҳу аълам!

13. Ва у (Нуҳ)ни тахталари ва михлари бор нарса устига кўтардик.
Ҳафса розияллоҳу анҳонинг қироатида [ва ҳамалнааҳу ва зуррийятаҳу ъалаа заати алвааҳин ва дусур] - «Ва у (Нуҳ)ни, зурриётини тахталари ва михлари бор нарса устига кўтардик» тарзида тиловат қилинган. Аллоҳ таоло бу оятда [заати алвааҳин] - «тахталари... бор» иборасини, бошқа оятда [ас-сафина] - «кема» сўзини зикр қилган. Бу сўз қуйидаги оятда ўз аксини топган:
«Биз уларнинг зурриётларини (Нуҳ пайғамбар ясаган) тўла кемада кўтарганимиз (ва тўфондан қутқарганимиз) улар учун (қудратимиздан яна бир) аломатдир» (Ёсин сураси, 41-оят).
Мазкур оятдаги [заати алвааҳин] - «тахталари... бор» ибораси «кема» тафсир қилинган. Борди-ю, кема сўзи бошқа оятда зикр қилинмаганда, [заати алвааҳин] - «тахталари... бор» сўзининг маъноси тушунилмай қолар эди. Чунки мазкур сўз дарахтлар ва бошқа нарсаларнинг маъносини англатади. Лекин [ас-сафина] - «кема»нинг маъноси биз юқорида баён қилган нарсадир. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг [ва дусурин] сўзининг маъноси борасида ихтилоф қилинган. Таъвил аҳли [ад-дусур] сўзини кема ясашда қўлланиладиган «михлар» деб изоҳлаган. Баъзилар [ад-дусур] сўзини «кеманинг қовурғалари» деб айтган. Бир ривоятда [ад-дусур] сўзи «кеманинг маркази» маъносида тафсир қилинган.
Ҳасан (Басрий): [ад-дусуру] сўзи «кема» деган маънони англатади. Чунки кема ўзининг кўкси билан сувни ёради», деган. Абу Муоз эса: [ад-дусуру] сўзининг бирлиги » [дисорун] «мих»дир. [ал-жуъжий] сўзининг кўплиги [ал-жажиъу] «кўкслар»дир», деган.
Аллоҳ таолонинг [ва ҳамалнааҳу] - «кўтардик» ояти тафсирига келсак, ушбу ясалган нарсанинг «кема» деб аталиши бандаларнинг феъли Аллоҳ таолонинг махлуқи эканига далилдир. Чунки бандалар кемага чиқишди, сўнг Аллоҳ таоло (уларнинг феъли ҳақида) «кўтардик», деб хабар берди. Бошқа томондан, бир уюм ёғоч кема деб аталмайди. Бандалар унинг устида ижод қилиб, (маълум нарса) ясаганларидан кейин, у (кема деб) махсус ном билан аталади. Бу ҳол эса бандаларнинг феълида Аллоҳ таолонинг таъсири борлигига далолат қилади.
Тавфиқ Аллоҳдандир!

14. У (кема) инкор қилинган шахс (Нуҳ)га мукофот бўлиб, Бизнинг иноятимиз ила сузадир.
Аллоҳ таолонинг «Бизнинг иноятимиз ила сузадир» ояти «Бизнинг тақдиримиз ва ҳимоямиз билан (сузади)» деган маънони англатади. Аллоҳ таолонинг «У (кема) инкор қилинган шахс (Нуҳ)га мукофот» ояти «Нуҳ алайҳиссалом ва унга эргашганларни кема кўтариши ва уларнинг сувга ғарқ бўлишдан қутулишлари Нуҳнинг қавми инкор қилган нарсанинг мукофотидир», деган маънодадир. Таъвил аҳлининг барчаси эса, мазкур оятни шундай тафсир қилганлар: «Нуҳнинг қавми кофир бўлиб, имон келтирмаган онда, пайғамбар учун мукофотдир».
Мужоҳид эса, мазкур оятни шундай тафсир қилган: «Сувга ғарқ бўлиш уларнинг жазосидир. Чунки улар Аллоҳ таолога кофир бўлдилар».
Абу Муоз: «Оятдаги [куфиро] сўзи [кафаро] шаклида «каф» ҳарфи фатҳали ўқилган», деган. У ҳолда қироатнинг таъвили шундай бўлади: «Нуҳ алайҳиссаломнинг қавмидан ким ҳалок қилинган бўлса, бу уларнинг Аллоҳ таолони ёки Нуҳ алайҳиссаломни инкор этганлари учун берилган жазодир».

15. Ва у (ҳодиса)ни белги қилиб қолдирдик. Қани, ибрат олувчи борми?
Аллоҳ таолонинг «Ва у (ҳодиса)ни белги қилиб қолдирдик» ояти икки хил маънони англатади: Биринчиси, Нуҳ алайҳиссалом кемасининг айнан ўзини узоқ муддат (қандай бўлса, шундайлигича) қолдирдик. Ҳатто у қавмнинг охиргилари ва улардан кейингилар учун мўъжизага айланди. Қатода ҳам айни шу таъвилни илгари суриб, шундай деган: «Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг кемасини Араб яриморолидаги Боқирдо қишлоғида қолдирган. Ҳатто бу уммат (яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уммати)нинг аввалгилари уни кўрганлар. Ҳолбуки, ундан кейин ясалган қанчадан-қанча кемалар кулга айланиб кетган эди!»
Иккинчиси, «белги қилиб қолдирдик», яъни ўша кеманинг қолдиқларини ва унинг хабарини улардан кейингиларга белги сифатида қолдирдик. Чунки унинг хабари кейинги даврда яшаган одамлар хотирасида қолди. Ҳатто улар нажот топган киши нима сабабдан нажот топганини ва ҳалок бўлган киши нима сабабдан ҳалок бўлганини билдилар. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг «Қани, ибрат олувчи борми?» ояти борасида Асвад шундай деган: «Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан    [фа ҳал мин муддакирин]ми ёки [музза-кирин]ми?» деб сўрадим. Шунда, у: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга [муддакирин], яъни [дал] ҳарфи билан ўқитганлар», деди.
Абу Убайда: «Оятдаги [муддакирин] сўзининг негизи [музтакирун] бўлган. Чунки у [ал-ифтиъалу] бобидаги [муфтаъилун] вазнидадир. [та] ҳарфи билан [зал] ҳарфи бир сўзда ёнма-ён келса, аввалги [зал] ҳарфи [та] ҳарфига иккилантирилиб, [дал] ҳарфига ўзгаради. Бу худди қуйидаги сўзга ўхшайди: [иддахара] сўзининг негизи [изтахара] бўлиб, айтганимиздек унинг асли [аз-захру] сўзидан келиб чиққандир». Валлоҳу аълам!
Мазкур оятдаги [муддакир] - «ибрат олувчи» сўзи «панд-насиҳат олувчи» маъносида бўлиб, оят: «Анавиларга нозил бўлган нарсадан ўзига насиҳат олиб, уларнинг қилмиши каби ишга қўл уришдан тийиладиган киши борми?» деган маънони англатади.
Қатода эса мазкур оятни: «Яхшиликни изловчи борми, унга мадад берилса», деб тафсир қилган.

16. Бас, Менинг азобим ва огоҳлантиришим қандоқ бўлди?!
Аллоҳ таолонинг мазкур ояти икки хил маънони ифодалайди: Биринчиси, расулларим уларга ваъда қилган, лекин улар ёлғонга чиқаришган азоб рост, ҳақ эмасмикан? Оятдаги [ва нузур] сўзидан «расулларим» деган маъно ирода қилинган. Иккинчиси, азобимни қаттиқ ҳолда топишмадими? [ва нузурий] сўзи «огоҳлантирилмиш» маъносида бўлиб, улар азобдан огоҳлантирилган эдилар. Бу таъвилга кўра, [ва нузур] сўзи «огоҳлантириш» маъносидадир. Худди Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида
[ваъдун] сўзи [мавъудун] маъносида келгани каби:
«Бу қилиниши лозим ваъда эди» (Исро сураси, 5-оят). Аслида, Аллоҳ таолонинг ваъдаси «адо этилган» бўлмайди. Чунки у азалий сифатдир.

17. Дарҳақиқат, Биз Қуръонни зикр учун осон қилдик. Бас, зикр қилувчи борми?!
Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу оятини бир неча маънода тушуниш мумкин: Биринчиси, «Биз Қуръонни зикр учун осон қилдик» ояти «ёдлаш учун осон» деган маънодадир. Яъни Қуроъни каримни каттаю кичик, мўмину кофир, қўйингки, уни ёдлашга киришган ҳар қандай инсон ёдлай оладиган қилиб қўйдик.
Иккинчиси, «Дарҳақиқат, Биз Қуръонни зикр учун осон қилдик» ояти «Аллоҳ таолонинг неъматларидан, зиммаларидаги ҳақлардан унутганларини ҳамда (расулларни) тасдиқловчилар ва ёлғончига чиқарувчиларнинг хабарларини эслатиш учун (осон) қилдик», деган маънони англатади.
Учинчиси, мазкур оят айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилган бўлиши ҳам мумкин. Яъни биз Қуръони каримни Пайғамбарга чин қалбдан барчасини ёдлаши учун осон қилдик. У Қуръони каримдан бирор оятни эсламоқчи бўлса, ҳар вақтда, истаган соатда эслай олади. Бу маъно Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида ҳам акс этган:
«(Эй Муҳаммад! Қуръонни) тезроқ (ёдлаб) олиш учун тилингизни у билан (кўп) ҳаракатлантираверманг. Зеро, уни (сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингиздаги) қироати ҳам Бизнинг зиммамиздадир» (Қиёмат сураси, 16-17-оятлар).
Бошқа бир оятда шундай дейилган:
«Уни Руҳул амин (Жаброил) олиб келиб, огоҳлантирувчи (пайғамбар)лардан бўлишингиз учун қалбингизга туширди» (Шуъаро сураси, 193-194-оятлар).
Яна бошқа бир ўринда шундай дейилади:
«(Эй Муҳаммад!) Биз Сизга (Жаброил воситасида Қуръонни) қироат қилдирурмиз. Бас, сиз (уни) эсдан чиқармассиз. Илло, Аллоҳ (унуттиришни) хоҳлаган оятлар бундан мустаснодир» (Аъло сураси, 6-7-оятлар). Демак, Аллоҳ таоло Расулуллоҳни Қуръони каримни унутишдан омонда қилиб, у зотни енгиллаштириш (Қуръони каримни осон ёд олиш) билан сийлади.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Бас, зикр қилувчи борми?» ояти биринчи таъвилга кўра, «Қуръони каримни ёдлаш учун енгил килиб қўйилган бўлса-да, Аллоҳ таоло уни фақат ёдлаш учун нозил қилмади. Балки унинг оятларидан панд-насиҳат ва ибрат олиш учун нозил қилди». Яъни бирор панд-насиҳат оладиган бор бўлса, Қуръони каримдан насиҳат олсин! Иккинчи таъвилга кўра, Аллоҳ таолонинг «Бас, зикр қилувчи борми?» ояти буйруқни ифодалайди, яъни «Қуръондаги хабарлардан панд-насиҳат, эслатма олинглар!», деганидир. Валлоҳу аълам!

18. Од (Ҳудни) ёлғончига чиқарди. Бас, Менинг азобим ва огоҳлантиришим қандоқ бўлди?!
Аллоҳ таоло ушбу оятда олдин ўтган қавмларнинг хабарлари, (пайғамбарларни) ёлғончига чиқарганлари, қайсарликлари ва расулларга ёмон муомалада бўлганлари сабабли уларга нозил бўлган нарсаларни зикр қилди. Ушбу оят юқорида ўтган «Ва, дарҳақиқат, уларга панд-насиҳатли хабарлардан келган эди» оятига мазмунан боғлиқдир.

19. Биз давомли машъум кунда улар устига сорсор шамолини юбордик.
Оятдаги [сорсорон] сўзи бир ривоятда «совуқ шамолни», бошқа ривоятда «қаттиқ шамолни» деб тафсир қилинган. Аллоҳ таолонинг «Биз давомли машъум кунда» ояти «азоб уларнинг устига давомли бўлди», деган маънодадир. Бу маъно Аллоҳ азза ва жалланинг қуйидаги оятида ҳам акс этган:
«Аллоҳ у (шамол)ни уларнинг устига пайдар-пай етти кеча ва саккиз кундуз ҳукмрон қилиб қўйди» (Ҳаққо сураси, 7-оят).
Бир ривоятда [мустамиррин] сўзи «шамол ёши кичикка ҳам, ёши каттага ҳам таъсир қилди ва улардан ҳеч бирини тирик қолдирмади», маъносидадир, дейилган.

20. У одамларни, худди хурмо дарахтини томири билан қўпоргандек, (ердан) узиб-учириб ташларди.
Баъзилар оятни шундай тафсир қилганлар: «Инсонлар шамол қаттиқ эса бошлагач, ўзаро: «Уйга, уйга!» деб бақириб, уйларига кирдилар ва шамол ҳам уларнинг ортидан (уйга) кириб, уларни уйларидан чиқариб, ҳовлиларининг саҳнига улоқтириб ташлади. Шамолнинг шундай эсиши араб тилида [ан-назъу] дейилади».
Баъзилар мазкур оятни қуйидагича тафсир қилган: «Шамол уларнинг бўғимларини суғуриб, худди хурмо дарахти томири билан қўпорилганидек улоқтириб ташлар эди. Чунки улар махлуқотларнинг энг узуни эдилар. Ривоят қилинишича, улардан ҳар бирининг узунлиги 60 зиро бўлган. Аслида, хурмонинг бўйи мазкур узунликка етмаса-да, лекин бўғимлари ажратилганидан кейин (хурмога) тенглашиб қолади. Бу ўринда бўғим-ларидан ажратилганидан кейинги ҳолати томири билан қўпорилган хурмога ўхшатилаётган бўлиши мумкин. Оятдаги [ал-инқиъору] сўзи «суғуриб олиш» маъносидадир.
Абу Авсажа оятдаги [мунқаъир] сўзи «узилиб тушган» маъносида, деган. Баъзилар: «Аллоҳ таоло уларнинг таналари улкан бўлгани учун хурмо томирларига ўхшатди», деганлар. Баъзилар эса: «Улар узун бўйли бўлганлари учун Аллоҳ таоло уларни хурмо томирига ўхшатди», деганлар. Лекин бу ўхшатиш юқорида зикр қилганимиздек, бўғимлари суғурилганидан кейинги ҳолат ҳақидадир.
Ҳафса розияллоҳу анҳонинг қироатида ушбу оят [танзиъу ан-наса ъалаа аъқобиҳим] - «инсонлари таг-томири билан учириб ташлайди», деб қироат қилинган.

21. Бас, Менинг азобим ва огоҳлантиришларим қандай экан?!

22. Дарҳақиқат, Биз Қуръонни зикр учун осон қилдик. Бас, зикр қилувчи борми?!
«Бас, Менинг азобим ва огоҳлантиришларим қандай экан» ояти юқорида айтганимиздек, икки хил маънони эҳтимол қилади. Шунингдек, ушбу: «Дарҳақиқат, Биз Қуръонни зикр учун осон қилдик. Бас, зикр қилувчи борми?!» ояти ҳам.

23. Самуд огоҳлантирувчиларни ёлғонга чиқарди.
Бу оят ҳам юқорида зикр қилганимиздек икки хил маънони англатиши мумкин: Биринчиси, [ан-нузуру] сўзи «Аллоҳ таолога имон келтиришга даъват қилган пайғамбарлар» деган маънодадир. Иккинчиси, мазкур оятдаги [каззабат] сўзи «Юз бериши ҳақида пайғамбарлар хабар берган огоҳлантиришни улар ёлғонга чиқардилар», деган маънони англатади. Валлоҳу аълам!

24. Бас, айтдилар: «Бизлар ўзимизнинг орамиздаги бир одамга эргашамизми?! У ҳолда бизлар ҳақиқатан ҳам адашувда ва охиратда жинниликда бўлурмиз-ку!»
Кофирларнинг катталари ва бошлиқлари ўзларига эргашганларни доимо шундай деб алдашган: «Бизлар ўзимизнинг орамиздаги бир одамга эргашамизми?!». Ва яна улар бундай ҳам деганлар:
«Бу ҳам худди сизларга ўхшаган одам. У ҳам сизлар ейдиган нарсадан ейди...». Қасамки, агар сизлар ўзингизга ўхшаган одамга итоат қилсангиз...» (Муъминун сураси, 33-34-оятлар). Улар доимо шунга ўхшаш гап-сўзларни айтиб юришар эди.
Уларнинг айтган сўзлари бир-бирига зиддир. Чунки улар ўзларига эргашганларни ўзлари каби башарга эргашишдан қайтариб, уларни ота-боболарига эргашишга ва уларнинг йўлини тутишга чақирмоқдалар. Ҳолбуки, ота-боболари ҳам башардир. Қолаверса, ота-боболарида (ўзларига эргаштириш тўғрисида) ҳеч қандай ҳужжат, далил йўқдир. Шунга кўра, уларнинг сўзида зиддият ва қарама-қаршилик бордир. Пайғамбарларга эса, ҳужжатлар ва мўъжизалар берилган. Тавфиқ Аллоҳдандир!
Аллоҳ азза ва жалланинг «У ҳолда бизлар ҳақиқатан ҳам адашувда ва охиратда жинниликда бўлурмиз-ку» оятидаги [ас-суъур] сўзини айримлар «мажнунлик» деб тафсир қилганлар. Яъни «Борди-ю, биз ўзимиздан бўлган башарга эргашсак, гумроҳ ва мажнун бўламиз-ку!». [ас-суъур] сўзи араблар алангали оловга нисбатан ишлатадиган қуйидаги жумладан олинган: [суъироти-н-нару]. Яна, ўйноқи, шаталоқ отадиган туяга ҳам [нақотун масъуротун] дейилади. Бир ривоятда [ад-долаалу] ва [ас-суъуру] сўзлари бир маъноли сўзлардир, дейилган. Яна, ушбу оят «У ҳолда бизлар дунёда гумроҳлик ичида ва охиратда эса олов қаърида бўлур-миз», деган маънони ҳам англатиши мумкин. Валлоҳу аьлам!

25. Бизларнинг орамиздан ўшанга эслатма (ваҳий) ташланибдими?! Йўқ, у каззоб ва кибрлидир».
Бу сўз маккаликлар томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарата айтилган бўлиши мумкин. Бу Аллоҳ таолонинг Макка мушриклари номидан зикр этилган ушбу ояти кабидир:
«Бизларнинг орамизда (зодагонлар туриб) ўша (Муҳаммад) га зикр (Қуръон) нозил қилинибдими?!», дедилар». (Сод сураси, 8-оят). Бу таъвилга кўра «зикр» сўзидан Қуръони карим ирода қилингандир.
Ва яна, бу Самуд қавми томонидан Солиҳ алайҳиссаломга қарата айтилган бўлиши ҳам мумкин. Бу қисса Солиҳ алайҳис-салом қиссасидир. Бу тўғри таъвилдир.
Кофирлар пайғамбарлар алайҳимуссаломнинг бошқаларга нисбатан фазлини доимо рад этганлар. Зеро, набийлар рисолат ва зикр нозил қилиниши сабабли бошқалардан устун эдилар. Сўнгра, бу кофирлар бойлик ёки насаб ёки риосат ва гапи ўтиши жиҳатидан ўзларини пайғамбарлардан устун деб билишган. Ҳолбуки, бу нарсалар уларнинг олдиндан қилиб қўйган тадбири ва меҳнатининг самараси эмас эди. Худди шунингдек, пайғамбарларнинг тадбири ҳам уларнинг меҳнати самараси сифатида берилмаган. Шундай экан Аллоҳ таолонинг фазлу инояти билан бўлган пайғамбарларнинг бошқалардан рисолат ва нубувват ила устунликларини кофирлар инкор қилмасликлари лозим. Чунки Аллоҳ таоло Уз фазлини хоҳлаган бандасига ато қилади. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг [бал ҳува каззаабун аширун] оятидаги [аширун] сўзини Мужоҳид [ашарун] шаклида [шин] ҳарфининг фатҳаси билан ўқиган. Бошқалар эса, [аширун] тарзида, [шин] ҳарфининг касраси билан ўқиганлар. Баъзилар [ал-ашару] сўзи, яъни [шин] ҳарфи фатҳаси билан ўқилса, «гуноҳда фаол» деган маънони англатади, деганлар. Буни Абу Авсажа айтган.
Бир қарашга кўра, [ал-аширу] ва [ал-ашару] сўзлари «кибрланиш» маъносини ифодалайди. Бу худди [ҳазирун] ва [ҳазарун] сўзларига ўхшайди. [ал-аширу] сўзи «кеккайиш» ва «кибрланиш» маъноларини англатади.

26. Улар эртага (охиратда) ким каззоб ва кибрли эканини билиб олурлар.
Аллоҳ азза ва жалланинг [саяъламуна] сўзи [йа] ҳарфи билан ҳам, [та] ҳарфи билан ҳам тиловат қилинган. Ким ушбу сўзни [саяъламуна] шаклида [йа] ҳарфи билан тиловат қилган бўлса, ўзига кейинги оятдаги [фитнатан лаҳум] - «уларни синаш учун» иборасини ҳужжат қилади ва [фитнатан лакум] деб ўқимайди. Ким [сатаъламуна] шаклида [та] ҳарфи билан ўқиган бўлса, хитобни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан кофирларга қаратган бўлади. Яъни «Сизлар эртага, ўзларингизга азоб тушганида, мен ёлғончиманми ёки сизлар ёлғончимисизлар, билиб оласизлар» маъносини ифодалайди. Бу талқинда ушбу оят Расулуллоҳ томонларидан мушрикларга ваъид бўлади.

27. Биз уларни синаш учун туяни юборувчимиз. Уларни кузатиб тур ва сабр қил!
Аллоҳ азза ва жалланинг мазкур ояти «Аллоҳ таоло уларни туя билан синайди ва имтиҳон қилади. Аллоҳ таоло уларга туяни бекорга, ўринсиз бермади», деган маънони ифодалайди. Бу Аллоҳ азза ва жалланинг қуйидаги оятига ўхшайди:
«Шоядки қайтсалар, деб уларни яхшиликлар ва ёмонликлар ила синадик» (Аъроф сураси, 168-оят).
Шунингдек, бошқа бир оятда шундай дейилган:
«Биз сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам синаб, имтиҳон қилурмиз» (Анбиё сураси, 35-оят).
Аллоҳ азза ва жалланинг «Уларни кузатиб тур ва сабр қил!» ояти «Солиҳ, улардан юз берадиган туяни ёлғонга чиқариш, уни сўйиб юбориш каби ишларни кузатиб туринг», деган маънодадир. Шунингдек, Аллоҳ азза ва жалланинг «Уларни кузатиб тур» ояти маккаликлар борасида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилган хитоб бўлиши мўмкин. Бу худди Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига ўхшайди:
«Бас, (эй Муҳаммад!) Сиз осмон аниқ тутунни келтирадиган кунни кутинг!» (Духон сураси, 10-оят)
Аллоҳ азза ва жалланинг мазкур оятдаги «...ва сабр қил» деган сўзи «Уларнинг азиятларига сабр қилинг ва уларга тенглашманг» ёки «рисолатни етказишда сабр қилинг», маъносида бўлиши мумкин.

28. Сувнинг улар билан (туя) ўртасида тақсимлаб қўйилгани ва ҳар бир ичишга (навбат билан) ҳозир бўлиш (лозимлиги) ҳақида уларга хабар бергин!
Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло шундай деган:
У: «Мана бу туя. Унга (бир кун) сув ичиш ва сизга маълум бир кун сув ичиш» (Шуъаро сураси, 155-оят). Унда фойда ва далиллар бор. Жумладан, туянинг жуссаси бошқа оддий туяларга нисбатан жуда катта бўлган. Ҳатто ушбу туянинг бир ўзи бошқа туялар ва уларнинг эгаларига етарли ҳажмдаги сувга эҳтиёж сезган ва сув у ҳамда қолган туялар ўртасида тақсимланган.
(Иккинчиси,) бу оятдан сувни тақсимлашнинг зиёни йўқлиги келиб чиқади. Чунки оятда Аллоҳ таоло сувни тақсимлашни зикр қилган. Бошқа оятда эса шундай деган:
«...сизга маълум бир кун сув ичиш» (Шуъаро сураси, 155-оят). Бу оятда (сув ичишнинг) кунларга тақсимланиши баён қилинмоқда.
Аллоҳ азза ва жалланинг «ва ҳар бир ичишга (навбат билан) ҳозир бўлиш (лозимлиги) ҳақида уларга хабар бергин!» ояти «сув ичиш кимнинг навбати бўлса, ўша сув ичишга келади, бошқалар эса, ҳозир бўлмайди», деган маънодадир.
(Учинчиси,) Бу туя Солиҳнинг рисолати белгиси ва мўъжизаси бўлса-да, у рисолат белгиси бўлмаган бошқа туялар каби ем-хашак ер ва сув ичар эди. У бошқа одатий туяларга нисбатан жуда катта, кўп ем ейдиган ва кўп сув ичадиган бўлса-да (Солиҳ алайҳиссаломнинг пайғамбарлиги белгиси эди).
Сув туя билан Солиҳнинг қавми орасида тақсим қилинди. Лекин ем-хашак у билан қавм орасида тақсим қилинмади. Чунки уларнинг барчаси, яъни одамлар билан ҳайвонлар сув ичишда бир-бирига шерикдир, яъни барчаси сув ичишга муҳтождир. Шунинг учун ем-хашакда туя билан бошқа ҳайвонлар шерик қилинди, лекин ўт-ўланлар жуда кўп бўлгани учун уни тақсимлашга ҳожат қолмади. Таъкидлаш лозимки, бошқа қудуқлардан сув ичишдан кўра ўша жойнинг сувини ичиш шарафли бўлган. Шу боис ҳам сувни тақсим қилганлар. Валлоҳу аълам!
(Тўртинчиси,) сувни жузларга бўлиб тақсимлаш муаммо бўлса, уни кунлар билан тақсим қилинади, яъни у туяга маълум бир кунда, бошқаларга эса, маълум бир кунда сув ичишга рухсат берилади.
(Бешинчиси,) сув булоқ бўлса-да, ундан ичишни кунларга тақсимлаш мумкинлигидан унда бир манфаат борга ўхшайди.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Сувнинг улар билан (туя) ўртасида тақсимлаб қўйилгани... ҳақида уларга хабар бергин!» оятидаги хитоб Солиҳ алайҳиссаломга қаратилган бўлиши мумкин. Яъни Аллоҳ таоло унга: «Сув қавм билан туя орасида тақсимланган», деб қавмига хабар беришини амр этди. Бу хитоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилган бўлиши ҳам мумкин. Яъни Аллоҳ таоло у зотга: «Сув улар билан туя ўртасида тақсим қилинган эди», деб мўминларга хабар беришни амр этди. Валлоҳу аълам!

29. Бас, улар ўз шерикларини чақирдилар. У (туяни) тутди ва сўйиб юборди.
Аллоҳ азза ва жалла ушбу оятда «сўйиш» феълини бирликда зикр этади. Бироқ у қуйидаги оятда кўплик шаклида келган:
«(Шундай деб) туяни сўйиб юбордилар ва Парвардигорларининг амридан бош тортдилар» (Аъроф сураси, 77-оят).
Бошқа бир оятда шундай дейилган:
«Бас, улар (итоатсизлик қилиб туяни) сўйдилар-да, надомат қилувчиларга айландилар» (Шуъаро сураси, 157-оят)».
Бу оятларнинг зоҳири бирлик ва кўпликда бир-бирига қарама-қаршидек кўринади. Яна у оятларда бошқа қарама-қаршилик ҳам бор. Чунки бошқа бир оятда шундай дейилган:
«Улар Парвардигорларининг амридан бош тортишиб: «Эй Солиҳ! Агар пайғамбарлардан бўлсанг, бизга ваъда қилган нарсанг (азоб)ни келтир!» дедилар» (Аъроф сураси, 77-оят). Айни шу мавзудаги бошқа оятда бундай дейилган:
«Улар надомат қилувчиларга айландилар» (Шуъаро сураси, 157-оят). Бу оятдаги [ан-надаамату] - «пушаймон бўлиш» юқорида келган оятдаги [ал-ъутувву] - «бош тортиш» сўзига қарама-қаршидир. Аммо биз вақт ва ҳолатлар турли бўлганида ихтилоф ҳам, қарама-қаршилик ҳам бўлмайди, деб айтамиз. Чунончи, Аллоҳ таолонинг «Улар Парвардигорларининг амридан бош тортдилар» ояти азоб уларга нозил бўлишидан олдинги ҳолатга тегишлидир. Аллоҳ таолонинг «Улар надомат қилувчиларга айландилар» ояти эса, азоб уларга тушганидан кейинги ҳолатга боғликдир. Билингки, қарама-қаршилик бир вақтда, бир ҳолатга тегишли бўлса, у юзага чиқади. Шунингдек, туяни сўйишни ҳақиқатда бир киши амалга оширган. Лекин бошқа оятда «сўйиш» феъли кўпликда зикр этилишига сабаб, бир кишининг сўйишига бошқалар ёрдамлашгани эътиборидандир. Ёки бир киши туяга пичоқ урган, сўнг қолганлар биргалашиб, уни сўйишган. Демак, мазкур оятлар орасида ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқдир.
Баъзилар оятдаги [фа таъаато] сўзини «олди» деб тафсир қилганлар. [фа аъқоро] сўзини эса, «болдирига зарба берди» маъносида шарҳлаганлар. Бир ривоятда, [ал-аъқру] сўзи «жароҳат етказиш» маъносида ҳам, «ўлдириш» маъносида ҳам бўлади, дейилган.

30. Бас, Менинг азобим ва огоҳлантиришим қандоқ бўлди?!
Таъвил аҳли ушбу оятни: «Огоҳлантирилган нарсанинг ҳак эканлигини билмадиларми?» деб тафсир қилганлар. Баъзилар эса унга: «Азобимни, пайғамбарларимни ҳақ деб билмадиларми? Ҳолбуки, биз уни зикр қилган эдик» деб маъно берганлар.

31. Албатта, Биз уларга бир овоз юбордик. Ва улар қўра қурувчи (йиққан) қуруқ шох-шаббаларга ўхшаб қолдилар?!
Аллоҳ азза ва жалланинг «Албатта, Биз уларга бир овоз юбордик» ояти «Биз уларнинг устига азобни бир қичқириқ миқдорида юбордик», деган маънони англатиши мумкин. Аллоҳ таоло мазкур оятда, уларга азобнинг тушиши ва юз беришининг тезлиги ҳақида хабар бермоқда.
Оят қуйидаги маънони англатиши ҳам мумкин: «Уларга қичқириқни юборди ва у уларни ҳалок қилди. Натижада, улар Аллоҳ таоло зикр қилганидек, қўра қурувчи (йиққан) қуруқ шох-шаббаларга айланиб қолишди».
Айтилишича, оятдаги [ал-ҳашиму] сўзи «чириган суяклар» маъносини англатса, бир қарашга кўра, «деворнинг нураган қисмига ўхшаб қолдилар», маъносидадир. [ал-ҳашим] сўзининг асл маъноси «синиш» бўлиб, оят «улар бир жойга тўпланган, синган нарсага ўхшаб қолишди» деганидир. Оятдаги [ал-муҳтазир] сўзи [зо] ҳарфининг «касра»си ва «фатҳа»си билан ҳам ўқилган. Унинг фатҳали ўқилиши Ҳасан (Басрий)дан ривоят қилинган. Абу Убайд, [ал-муҳтазир] сўзи [зо] ҳарфининг касраси билан ўқилса, «инсон» маъносида бўлади, деган.
Абу Авсажа оятдаги [ал-ҳашим] сўзи «чириган дарахт» маъносида, [ал-муҳтазар] сўзи эса, «шох-шаббадалардан бошпана сифатида ўраб қўйилган жой» маъносида, деган. Қутабий оятдаги [ал-ҳашим] сўзи «қуруқ, синадиган ўт-ўлан», [зо] ҳарфининг касраси билан [ал-муҳтазир] сўзи «қўй қўрасининг эгаси», [зо] ҳарфининг фатҳаси билан [ал-муҳтазар] сўзи (шох-шаббадан ясалган) девор, яъни «қўра» маъноларини англатади, деган.

32.    Биз Қуръонни зикр (эслатма) учун осон қилиб қўйдик. Бас, эслатма олувчи борми?
Ушбу оят «Биз Аллоҳ таолонинг неъматларини унутганларни ёд олдириш, эътиборидан тушириб қолдирганларини эслатиш учун Қуръони каримни осон қилдик». Ёки «Биз улар эътиборсизлик билан қараган ва унутган ҳужжат ҳамда далилларни эслатиш учун Қуръони каримни осон қилдик» ёки «Биз (одамлар) унутган хабарларни ва қайсарлик билан пайғамбарлар алайҳимуссаломни ёлғончига чиқарувчилар ҳақида нозил бўлган нарсаларни эслатиш учун Қуръони каримни осон қилиб қўйдик», деган маъноларда бўлиши мумкин.
Аллоҳ таолонинг [Фа Ҳал мин муддакир] ояти маъносининг юқорида зикри келди.

33.    Лут қавми (у келтирган) огоҳлантиришларни инкор этди.
Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу ояти - «Лут қавми пайғамбарлар алайҳимуссаломни инкор этди» ёки «Лут қавми у ила огоҳлантириш юзага чиқадиган нарсани инкор этди» каби маъноларда бўлиши мумкин.

34.    Албатта, Биз уларнинг устига (тош) бўрон юбордик. Фақат Лут хонадонига саҳар чоғи нажот бердик.

35. Бу Биз тарафимиздан неъмат бўлди. Ким шукр қилса, худди шундай мукофотлаймиз.
Аллоҳ таолонинг «Бас, Биз у шаҳарни остин-устун қилиб юбордик» (Ҳижр сураси, 74-) оятига биноан ўша қишлоқлар ўзидаги бор нарса билан ағдариб ташланган, деб тафсир қилган кишиларнинг таъвилига кўра, мазкур оят «қишлоқда бўлмаганларга тош бўрон юборди ва у билан уларни ҳалок қилди», деган маънони англатади. Бу оятда яширилган сўзлар бор. Гўё Аллоҳ таоло мазкур оят билан шундай демокда: «Биз қишлоқни ундаги бор нарса билан тескари қилдик ва қишлоқда бўлмаганларга тош бўрони юбордик. Магар, Лут оиласи бундан мустасно». Шундай таъвил қилинса, истисно тўғри бўлади. Мазкур оят (сўзни тушириб қолдиришда) қуйидаги оятга ўхшайди:
«Сизлар учун чорва (хонаки) ҳайвонлар (гўшти) ҳалол қилинди. Сизларга (номлари) ўқилажак (ҳайвонлар) бундан мустасно. Эҳром (ҳаж ибодати)да бўлганларингизда ов қилишни ҳалол деб санамагайсиз» (Моида сураси, 1-оят). Аслида, Аллоҳ таоло бу оятда шундай демоқда: «Сизларга чорва ҳайвонлари ва ов ҳалол қилинди. Магар, сизларга (номлари) ўқилажак (ҳайвонлар) ва эҳромда бўлганларингизда ов қилиш бундан мустасно». Валлоҳу аълам!
«Қишлоқлар тескари қилинган, сўнгра уларнинг устидан тош бўрони юборилган», деб айтган кишиларнинг таъвилга кўра, истисно тўғри бўлади. Шунда, уларнинг ҳалок этилиши икки иш билан амалга ошган бўлади. Лут алайҳиссалом оиласининг икки офатнинг биридан нажот топди, деб истисно қилиниши иккинчи офатдан ҳам нажот топганини англатади. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ азза ва жалланинг «саҳар чоғи нажот бердик. Бу Биз тарафимиздан неъмат бўлди» ояти «саҳар чоғи улардан азобни ман қилдик» маъносини англатади. Шундай тушунсак, оят қуйидаги нарсага далолат бўлади: «Аллоҳ таоло улардан азобни бартараф қилиши билан, уларга нажот берди. Акс ҳолда, уларга саҳар пайтида нажот келмас эди».
Аллоҳ азза ва жалланинг «Ким шукр қилса, худди шундай мукофотлаймиз» ояти икки хил маънони англатади:
Биринчиси, уларнинг ҳалокати Лут ва унинг оиласига Аллоҳ таолонинг неъмати бўлган. Шундай экан, унга шукр қилиш лозим бўлади. Бу эса уларнинг шукрининг мукофотидир. Бу худди Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига ўхшайди:
«У (кема) инкор қилинган шахс (Нуҳ)га мукофот» (Қамар сураси, 14-оят).
Уларнинг ҳалок бўлиши, ғарқ қилиниши Нуҳни инкор қилишларининг жазоси бўлиши мумкин. Бу эса Аллоҳ таолодан Нуҳ алайҳиссаломга неъматдир.
Иккинчиси, Нуҳ ва у билан бирга бўлган кишиларнинг нажот топишлари Аллоҳ таолонинг уларга берган неъматидир. Чунки барчани, яъни куфр келтирганни ҳам, куфр келтирмаганни ҳам ҳалок қилиш Аллоҳ таолонинг ихтиёридадир. Зеро, У Зот чорваларни ҳам, гуноҳи йўқ гўдакларни ҳам ҳалок қилади! Шундай экан, улардан ким омон қолган бўлса, бу Аллоҳнинг фазли ва уларга берган инъомидир. Аслида, (пайғамбарлар замонида содир бўлган) ҳар қандай куфр (пайғамбар ва мўминлар учун) нажотни тақозо қилмаган. Валлоҳу аълам!

36. Бизнинг тутишимиздан уларни (ўз қавмини) огоҳлантирган эди, (аммо) улар огоҳлантиришларга шубҳа билан қарадилар.
Аллоҳ азза ва жалланинг [батшатана] сўзи «қувватимиз билан тутдик», деган маънодадир. Ушбу оятидаги [би-н-ну-зур] сўзи олдин зикр қилганимиздек, икки маънода тушунилади. Биринчиси, «Улар мавжуд огоҳлантиришга шубҳа билан қарадилар», иккинчиси, «Пайғамбарларга ишонмадилар», деган маъноларда. Валлоҳу аълам!

37.    Улар ундан меҳмонларини топширишни сўрадилар. Шунда, Биз уларнинг кўзларини кўр қилиб қўйдик. Менинг азобимни ва огоҳлантиришларимни тотиб кўринглар!
Аллоҳ азза ва жалланинг «Улар ундан меҳмонларини топширишни сўрадилар» ояти «Улар Лут алайҳиссаломдан ўзлари билан меҳмонларини холи қолдиришни талаб қилишди», деган маънодадир. Аллоҳ азза ва жалланинг «Шунда, Биз уларнинг кўзларини кўр қилиб қўйдик» ояти борасида шундай дейилган: «Жаброил алайҳиссалом уларнинг кўзларини икки қаноти билан силади ва улар кўр бўлиб қолишди. Шунда, уларга: «Менинг азобимни ва огоҳлантиришларимни тотиб кўринглар!» дея хитоб қилинган.

38.    Ҳақиқатан, эрта тонгда уларга (Лут қавмига) давомли азоб келди.
Яъни уларга эрта тонгда давомли азоб келди. Оятдаги [ал-азааб ал-мустақирр] деб «тушиб, давом этган ва уларни ҳалок қилган азоб»га айтилади. Аммо «кўзларнинг кўр қилиниш»и давом этмаган.

39.    Бас, Менинг азобимни ва огоҳлантиришларимни тотиб кўрингиз!

40. Дарҳақиқат, Биз Қуръонни зикр учун осон қилдик. Бас, зикр қилувчи борми?!
Аллоҳ азза ва жалланинг «азобимни ва огоҳлантиришларимни» оятидаги «огоҳлантиришларим» сўзидан «у ила огоҳлантириш амалга ошадиган нарса, яъни бало ва азоб» ирода қилинган.

41.    Дарҳақиқат, Фиръавн аҳлига огоҳлантиришлар келди.
Оятдаги [ан-нузур] сўзи «Фиръавн аҳлига Мусо ва Ҳорун алайҳимуссалом келдилар», деган маънони ифодалаши мумкин. Аллоҳ таоло у иккисини оятда [ан-нузуру] деб кўплик сийғасида зикр қилди. Шунингдек, Лут қавми ҳақидаги [ан-нузур] сўзидан ҳам «Бошларига тушган турли азоблар» ирода қилинган бўлиши мумкин. Шунда, оятдаги [ан-нузур] сўзидан «у ила огоҳлантириш амалга ошадиган нарса, яъни (бало ва) азоб» кўзланган бўлади.

42.    Улар Бизнинг оятларимизнинг барчасини ёлғонга чиқаришди. Бас, Биз уларни ғолиб, қудратли олувчининг олиши билан олдик.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Улар Бизнинг оятларимизнинг барчасини ёлғонга чиқаришди» ояти «Улар Мусо алайҳис-салом келтирган барча оятларни, яъни улуҳийят, ваҳдоният ва пайғамбарлик белгиларини ёлғонга чиқаришди», деган маънони ифодалаши мумкин. Ва яна у оятдан «Аллоҳ таолонинг ваҳдонияти ва улуҳиятига далолат қиладиган махлуқотларнинг барчасини ёлғончига чиқаришди», деган маъно тушунилиши ҳам мумкин. Чунки ўша лаънати (Фиръавн) оламдаги барча нарса Аллоҳ таолонинг илоҳ эканига далолат қилиб турган бўлса ҳам ўзини илоҳ, деб даъво қилди.
Фиръавн ўзини илоҳ деб даъво қилганида, қавми уни тасдиклагач, улар Аллоҳ таолонинг илоҳлигига, ваҳдониятига гувоҳ бўладиган барча мўъжизаларни ёлғонга чиқардилар.
Аллоҳ азза ва жалланинг «Биз уларни ғолиб, қудратли олувчининг олиши билан олдик» ояти «Буюк зот хор нарсани тутди. Ғолиб Зот мағлубни тутди. Қодир Зот ожизни тутди. Уз ҳукмини ўтказувчи Зот бўйсунувчини тутди», деган маъноларни англатади. Валлоҳу аълам!

43.    Сизнинг кофирларингиз аввалгиларингиздан яхшироқми?! Ёки самовий китобларда сизларга оқлов борми?!
«Сизнинг кофирларингиз аввалгиларингиздан яхшироқми» оятида Аллоҳ таоло шундай демокда (валлоҳу аълам!): «Эй Макка аҳли, кофирларингиз сизларга азоб келганида, ўзингиздан азобни аритишда ва уни енгишда олдин ўтганлардан ҳам кучлироқми? Кофирларингиз олдин ўтганлардан қудратли эмас, аксинча, улар (сон жиҳатдан) кўпроқ ва кучлироқ эдилар. Шундай бўлишига қарамай, уларга азоб келганида, уни ўзларидан аритишга ва қутулишга қодир бўлмадилар. Эй Макка аҳли! Сизлар кучсизроқ ва сон жиҳатдан камроқ экансиз, бошингизга азоб келганда, уни ўзларингиздан аритишга кучингиз етмаслиги айни ҳақиқат эмасми?!».
Аллоҳ азза ва жалланинг «Ёки самовий китобларда сизларга оқлов борми?!» ояти «Сизларга азоб тушганида, уни ўзларингиздан аритишга қодир бўлишингиз ҳақида илоҳий китобларда сизларга ҳужжат-оқлов йўқ» ёки «Азоб келса, у сизларга етмаслиги борасида илоҳий китобларда сизларга оқлов йўқ» маъноларида бўлиши мумкин.

44.    ёки, Биз нусратга эришувчи жамоатмиз, дейишадими?!
Балки сизлар: «Биз енгувчи жамоадирмиз» деб айтасизлар, яъни барчангиз мағлуб бўлмайдиганлармисиз?». Ушбу уч оят инкор этиш ва рад қилиш маъносидадир, яъни ўзларидан азобни даф қилишга имконлари ҳам, унинг кўмагида ғолиб бўладиган жамоа ҳам йўқдир. Уларнинг кофирлари азобни аритиш ва енгишга қурби етишида олдингилардан яхшироқ эмас. Валлоҳу аълам!

45.    У жамоа тезда енгилар ва орқаларига қараб қочарлар.

46. Йўқ! Уларга ваъда қилинган вақт, соат (қиёмат)дир. Ва соат (азоби) улканроқ ва аччиқроқдир.
Аллоҳ таолонинг: «У жамоа тезда енгилар ва орқаларига қараб қочарлар» деб айтган оятида иккита далил бор. Биринчиси, Аллоҳ таоло уларнинг енгилиб, орқага қараб қочадиган жамоаси борлиги ҳақида хабар қилди. Дарҳақиқат, зикр қилинган нарса амалда юз берди.
Таъвил аҳли фикрича, Аллоҳ азза ва жалланинг «У жамоа тезда енгилар ва орқаларига қараб қочарлар» ояти Бадр кунининг мушриклар жамоаси ҳақидадир. Аллоҳ таоло оятда уларнинг енгилиб, ортларига қараб қочишларини хабар бермоқда. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берганларидек содир бўлди. Шундай бўлиши, Расулуллоҳнинг хабарни Аллоҳ таолодан ваҳий орқали билганларига далолат қилади.
Иккинчиси, Аллоҳ таоло мазкур оятда: «Дарҳақиқат, қиёмат уларнинг ҳалок қилиниш, бутунлай йўқ бўлиш жойидир. Дунё эса, бундай жой эмас» деб хабар бермокда. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган: «Йўқ! Уларга ваъда қилинган вақт, соат (қиёмат)дир. Ва соат (азоби) улканроқ ва аччиқроқдир». У худди Аллоҳ таоло хабар бергандек юз берди. Мазкур оятда рисолатни асословчи далиллар бордир. Валлоҳу аълам!
Аллоҳ таолонинг [адҳаа ва амарру] ояти «улкан ва шиддатли» маъносидадир.

47. Албатта, жинояткорлар адашувда ва олов-оташдадирлар.
Аллоҳ таолонинг [фи долаалин] - «адашувда» сўзи дунёга, [ва суъурин] - «олов-оташда» сўзи эса охиратга тегишли бўлиши мумкин. [ва суъурин] сўзи «дўзах» деган маънони англатади. Ва яна, [фи долаалин] сўзи «ҳалокатда», [ва суъурин] сўзи «ҳайрат, мажнунлик, тойилиш» маъноларини англатиши мумкин. Бу маъно Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида ҳам акс этган: «У ҳолда бизлар ҳақиқатан ҳам адашувда ва охиратда жинниликда бўлурмиз-ку!».

48. Юзтубан дўзахга судраладиган кунларида: «Жаҳаннам азобини татиб кўринг! » (дейилур).
Аллоҳ таоло гўё уларга шундай демоқда: «Уларга айтинг, шу ҳолатда (умрларига) муҳр босилса, Юзтубан дўзахга судраладиган кунларида, уларга: «Жаҳаннам азобини татиб кўринг!» дейилади. [ас-сақар] дўзахнинг номидир. Шунда, оятда измор(Бир сўзни иккинчи сўзнинг мазмунига киритиб юборишни араб тилида «измор» дейилади.) қоидаси бўлади, яъни уларга: «Дўзах азобини тотинглар», дейилади. Валлоҳу аълам!

49. Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчов билан яратдик.
Аллоҳ таолонинг «Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчов билан яратдик» ояти икки маънони эҳтимол қилади: Биринчиси, оятдаги сўзларнинг ўрнини алмаштириш, яъни: [иннаа холақнааҳу кулла шайъин би қодарин] тарзида. Бунда маъно қуйидагича бўлади: «Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчов билан яратдик». Шундай таъвил қилинса, бу оят қуйидаги оят маъносида бўлади:
«У ҳар бир нарсанинг Яратувчисидир» (Анъом сураси, 102-оят). Бундай талқинда барча нарсанинг холиқи Аллоҳ эканини исботлаш маъноси бордир.
Иккинчиси, оятни зоҳирига кўра тафсир қилиш, яъни «Албатта, Биз яратган нарсаларнинг барчасини ўлчов билан яратдик» тарзида. Бу таъвилга кўра, барча нарсанинг холиқи Аллоҳ эканини исботлаш маъноси йўқ. Лекин мазкур талқинда «Аллоҳ таоло ниманики яратган бўлса, уни ўлчов билан яратди», деган маънонинг исботи бор. Оятнинг мазкур таъвилини мўътазилийлар қабул қилганлар. Биз эса, биринчи, яъни «Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчов билан яратдик» таъвилини илгари сурганмиз. Айни шу маъно Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти маъносига мос келади: «У ҳар бир нарсанинг Яратувчисидир» (Анъом сураси, 102-оят).
Мазкур оят қуйидаги маънони англатиши ҳам мумкин: «Албатта, биз яратган нарсаларнинг барчаси ўлчов ва меъёрга кўрадир. У ўша ўлчовга етиб боради ва ниҳоя топади. Яъни Бизнинг феълимиз махлуқларнинг феълига ўхшамайди. Чунки махлукотлардан бирортаси ўз феълининг ўлчовини ва ҳатто ҳаддини ҳам билмайди. Қолаверса, махлуқотларнинг бирортасининг феъли ўзлари белгилагандек амалга ошмайди. Аллоҳ таолонинг феъли эса, У хабар берганидек, Узи тақдир қилганидек амалга ошади. Демак, бу нарсалар Унинг Холиқ Зот эканига далолат қилади. Валлоҳу аълам!

50. Бизнинг фармонимиз бир сўздан ўзга эмас. Кўз юмгунча бўлур.
Махлуқотлар орасида буйруқ икки кўринишга эгадир: Биринчиси, бир ишни амалга оширишга қаратилган буйруқ (Масалан, осмонни йўкдан яратишга буйруқ). Иккинчиси, топшириқни бошқасига буюриш (Масалан, намоз ўқишга буйруқ). Аллоҳ азза ва жалланинг «Бизнинг фармонимиз бир сўздан ўзга эмас» ояти «Феълнинг буйруғи бўлиб, у Аллоҳ таолога ўта енгилдир, яъни уни бажариш Аллоҳга осондир. Бундан Уни ҳеч нарса ожиз қолдиролмайди ва машғул ҳам қилиб қўймади», деган маъно чиқади. Бу талқинга кўра, амр ҳам, яратиш ҳам Аллоҳнинг зиммасидадир.
Оятдаги [ал-вааҳиду] сўзи билан саноқ сон бошланса-да, у саноқ соннинг исми эмас. Балки, у «ягона» ва «ёлғиз» сўзларининг исмидир. Бу худди «фалончи ўз замонасининг ягонаси» дейилишига ўхшайди. Улар мазкур жумладаги [ал-вааҳиду] сўзига саноқ сон эътиборидан қарамаганлар. Зеро, унга саноқ сон сифатида қаралса, унинг ададлари ва ўхшашлари бор экани келиб чиқади. Балки, оятдан «ўз феъли ва ишида ягона, Унинг ўхшаши йўқ» деган маъно ирода қилинади. Шунинг учун ҳам, яъни Аллоҳ таоло улуҳияти ва Раблигида ягона бўлгани учун ҳам Уни [ал-вааҳиду] деб номланди.
Аллоҳнинг амри [ал-вааҳиду] - «бир» деб номланишига келсак, Унинг феъли бошқаларнинг феълига ўхшамаслиги ва назири ҳам йўқлиги учундир. Аллоҳ таолога ҳар қандай ишни амалга ошириш жуда енгил бўлиб, уни амалга оширишда вақтга, бирор ускунага ва бошқа нарсаларга эҳтиёж сезмайди.
Шу маънода, Аллоҳ таоло: «Кўз юмгунча бўлур» деган, яъни бир ишни амалга ошириш Аллоҳ таолога ўта енгил ва осондир. Бу худди бирор кишига кўзни очиш билан юмиш қийинчилик қилмаслигига ўхшайди. Бу биринчи таъвилдир. Иккинчи таъвилга кўра, «Уни ҳеч нарса машғул қилиб қўймайди», деган маънодадир. Зеро, инсонларнинг баъзи ишлари бошқа ишларидан банд қилиб қўяди (Аллоҳ таолони эса, ҳеч қандай нарса машғул қилмайди).
Таъвил аҳли: «Ушбу оят «қиёмат» маъносини англатади», дейишади. Шунда мазкур оят қуйидаги оятга ўхшайди:
«Қиёмат иши (қойим бўлиши) кўзни очиб-юмишдек ёки ундан ҳам яқинроқдир» (Наҳл сураси, 77-оят).
Шу маънода бўлиши ҳам мумкин. Аллоҳ таоло қиёмат иши ҳақида хабар бериб айтмокдаки, охират иши дунё ишига ўхшамайди, яъни дунё ишининг бири иккинчисига боғлиқ бўлади, бири иккинчисига эргаштирилади, бир ҳолдан иккинчи ҳолатга ўзгаради. Лекин охират иши ҳеч нарсага боғлиқ бўлмайди, балки у бир мартада яратилади.

51. Биз сизларга ўхшаш гуруҳларни ҳалок қилдик. Бас, эслатма олувчи борми?
Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу оятидаги [ашйаъакум] сўзи икки хил маънодадир. Биринчиси, сизларнинг биродарларингиз, диндошларингизни пайғамбар алайҳимуссаломни ёлғончига чиқарганлари сабабли ҳалок қилдик. Эй Макка аҳли! Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ёлғончига чиқарганингиз сабабли ҳалок бўлиб кетмасликларингиз учун бундан панд-насиҳат олинглар!
Иккинчиси, «Биз сизларга ўхшаган гуруҳларни ҳалок қилдик ва буни сизлар билдингиз. Энди, бу ишлардан панд-насиҳат, ибрат, сабоқ оладиган борми?» Оят «Биз сизларнинг ҳаммаслакларингизни ҳалок қилдик» маъносида бўлиши ҳам мумкин. Ҳаким Зот махлуқотларни шунчаки йўқ бўлиб кетишлари, ҳалок бўлишлари учун яратмайди. Маълум бўлсинки, У сизларни оқибат (охири ҳисоб-китоб қилиниши) учун яратди. Мазкур оятда қайта тирилтиришни исботлаш бордир. Афсуски, буни кофирларнинг фаҳмлари ва ақллари идрок қилмайди. Валлоҳу аълам!

52. Улар қилган ҳар бир нарса битикларда (номаи аъмолларда)дир.
Бу оят ҳам икки хил маънони эҳтимол қилади: Биринчиси, ёлғончига чиқариш ва қайсарликдан иборат уларнинг барча ишлари олдинги китобларда битилгандир. Яъни уларнинг қилмишлари ва ишлари борасидаги илм битилгандир. Бу оят қуйидаги қарашдаги, яъни: «Аллоҳ таоло бандалардан содир бўладиган ишларни, ҳатто у юз бермагунича билмайди. Борди-ю, билганида уларга пайғамбарлар алайҳимуссаломни юбориши, бирор нарсага амр этиши ва қайтариши мумкин эмасди. Ахир, У уларни ўз пайғамбарларини ёлғончига чиқаришларини ва амрига қарши боришларини билиб туриб, уларни яратиши мантиқсизликдир» дейдиган кимсаларга раддиядир. Аллоҳ таоло уларга жавоб бериб: «У олдин бўлган ва келажакда бўладиган нарсаларнинг барчасини билувчи Зотдир», деди. Биз юқорида Аллоҳ таоло Ўз расулларини ўша қавмлар инкор қилишлари ва уларга қарши боришларини билса ҳам, уларни жўнатгани ҳақида баён қилганмиз. Бунинг сабаби шуки, фойда ҳам, зарар ҳам Аллоҳ таолога эмас, ўша қавмнинг ўзигадир. Валлоҳу аълам!
Иккинчиси, «Улар қилган ҳар бир нарса битиклардадир» ояти «Фаришталар ёзиб қўйадиган ва қиёматда ўқишлари амр этиладиган китоблардадир», деган маънодадир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган:
(Унга айтилур): «Китобингни ўқи! Бугун ўз шахсинг ўзингга қарши етарли ҳисобчидир» (Исро сураси, 14-оят).

53. Ҳар бир кичик ва катта (иш Лавҳул-маҳфузда) битилгандир.
Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу ояти ҳам икки хил маънода тушунилади: Оятдаги [мустаторун] сўзи «улардан олдинги китобларда» ёки «ёзган фаришталарнинг қўлида» деган маъноларни англатади. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти далил бўлади:
«У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир» (Қоф сураси, 18-оят).

54. Албатта, тақводорлар (жаннатдаги) боғларда ва дарёлар узрадирлар.
Бу оят тақводорлар ҳақида бўлиб, у кофирлар борасида айтилган нарсаларга зид равишда зикр қилинмоқда. Зеро, кофирлар борасида бундай дейилган:
«Албатта, жиноятчилар гумроҳлик ва хатоликдадирлар. Улар юз тубан ҳолларида дўзах сари судраладиган кунда...» (Қамар сураси, 47-48-оятлар).
«Албатта, жиноятчилар (кофирлар) жаҳаннам азобида мангу қолувчидирлар» (Зухруф сураси, 74-оят).
Оятдаги [ва наҳар] сўзининг таъвили борасида ихтилоф қилинган. Айтилишича, [ан-наҳаар] сўзидан олинган бўлиб, «зиё, нур, сурур» деган маъноларни англатади. Бу Асомнинг сўзидир. Фарро эса, [ан-наҳар] сўзи «кенглик» маъносида, деган. Масалан, [анҳарту ат-тоъната] «уни кенгайтирдим» маъносини англатади. Таъвил аҳли эса уни «анҳор» маъносида деган.

55. (Улар) қудратли подшоҳ (Аллоҳ)нинг ҳузуридаги садоқат мақомида бўлурлар.
Аллоҳ азза ва жалланинг [фи мақъади сидқин] ояти «чин ваъда қилинган жой» маъносидадир. Аслида бу роҳат, хурсандчиликдан киноядир. Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти маъносидадир:
«Эзгу ишларни қилган зотлар учун Фирдавс боғлари манзил бўлур» (Каҳф сураси, 107-оят).
Аллоҳ таоло бу оятда жаннат аҳли унда роҳатланишлари, яшашлари ва дам олишлари ҳамда ундан кўчишни хоҳламасликлари ҳакида хабар берган. Бу ҳам кофирлар ҳақидаги қуйидаги оятлар муқобилида баён қилинган:
«Улар юз тубан ҳолларида дўзах сари судраладиган кунда» (Қамар сураси, 48-оят). Яъни улар дўзах сари судраладилар. Ва яна бошқа оятда шундай дейилади:
«Яқинда Мен уни (дўзахдаги) баланд довонга дучор қилажакман» (Муддассир сураси, 17-оят).
Бошқа бир оятда шундай дейилади:
«Парвардигоро, бизларни (жаҳаннамдан дунёга) чиқаргин! (Муъминун сураси, 107-оят).
Жаҳаннам аҳли ундан чиқишни сўрайди. Лекин Аллоҳ таоло жаҳаннам аҳли азобда, аламда ва балода абадий бўлишлари, ҳатто улар бир жойда қўним топмасликлари ҳақида хабар берган.
Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти ҳам юқоридаги оятлар муқобилидадир:
«Имон келтирганларга Парвардигорлари ҳузурида «ваъда қилинган сидқ» бордир» (Юнус сураси, 2-оят). Яъни Парвардигорлари ҳузурида «ваъда қилинган чин жой» бордир. Яъни уларнинг оёқлари ўша жойда қарор топади, яъни ўша жойда қўним топадилар.
Аллоҳ азза ва жалланинг «(Улар) қудратли подшоҳ (Аллоҳ) нинг ҳузуридаги...» сўзи тафсирига келсак, банда бирор яхши иш ёки фазл узра бўлса, ўша ишнинг нисбати Аллоҳ таолога берилади. Масалан, «Аллоҳ таолонинг йўлида», «Аллоҳнинг элчилари» ва бошқалар. Худди шунингдек, фазилатли, баракотли жойлар нисбати ҳам Аллоҳ таолога берилиб, зикр қилинади. Жумладан, «Аллоҳнинг уйи», «Аллоҳнинг масжидлари» каби. Чунки мазкур жойлар Аллоҳга қурбат ҳосил қилинадиган, табаррук жойлардир.
Аллоҳ таолонинг «(Улар) қудратли подшоҳ (Аллоҳ)нинг ҳузуридаги садоқат мақомида бўлурлар» ояти ҳам айни шу маънодадир. Аллоҳ таоло уларнинг баракотли, фазилатли жойда бўлишлари нисбатини Узига берди. Лекин Аллоҳ таоло макон ва жой билан васф этилмайди. Балки Аллоҳ таоло барча маконларни тутиб турувчи ва уларни бутунлай яратувчи Зотдир. Валлоҳу аълам!

Орқага