loader

089. Фажр сураси

 

 

 

Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 30.
Тартиб рақами: 89.
Сура маъноси: тонг.

Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм

1. Тонгга қасам...
Аллоҳ таоло ушбу оятда тонг билан қасам ичмоқда. Сабаби тонг отиши билан зулмат чекиниб, кун ёришади. Бу нарса ҳам Аллоҳ таолонинг чексиз қудратига далолатдир.
Мужоҳид ушбу оят ҳақида: “У ҳар кунги тонг эмас, балки қурбонлик кунининг тонггидир”, деган  (Ибн Абу Ҳотим  ривояти).

2. Ва ўн кечага қасам...
Бу ерда Аллоҳ таоло Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлиги билан қасам ичмоқда. Мана шу кунларда қилинадиган амаллар Аллоҳ наздида энг севимли амаллар саналади.
Ибн Умар розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ривоят қилади: “Аллоҳ учун (Зулҳижжа ойининг) ўн кунида қилинадиган амал бошқа кунларда қилинадиган амаллардан афзалроқ ва севимлироқдир. Бас, (ўша кунларда) таҳлил, такбир ва ҳамдларни кўпайтиринглар!” (Аҳмад ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

3. Жуфт ва тоққа қасам...
Оятда яратилган жамики махлуқотлар орасидаги жуфт ва тоқ нарсалар кўзда тутилмоқда . Зеро, бирон мавжудот йўқки, у жуфт қилиб яратилмаган бўлса. Фақат Аллоҳ Ягонадир. Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу мазкур оят ҳақида: “Аллоҳ тоқдир, сизлар жуфтсизлар”, деган (Ибн Жарир ривояти).

4. Ўтиб бораётган кечага қасамки, (албатта гуноҳкорлар азобга дучор бўладилар!)
Тун кириши ва тонг отиши ҳам ажойиб мўъжиза. Аллоҳ тунни махлуқотларига раҳмат қилиб яратган. Агар умрбод кун бўлганида жонзотлар тирикчиликдан хориб, ҳаётлари оғирлашган бўларди.
Икрима бу оят ҳақида: “Бу жума тунларидир”, деган (Ибн Жарир ва Ибн Абу Ҳотим ривояти).

5. Мана шуларда ақл эгаси учун (етарли) қасам бордир!
Ақл-фаросатини ишлатган одам юқорида Аллоҳ қасам ичган нарсаларнинг улуғлигини, уларнинг яратилишидаги мукаммаллик Аллоҳнинг чексиз қудратидан далолат эканини билиб олади.
                       
6-7-8. (Эй Муҳаммад,) Парвардигорингиз Од (қабиласи)ни, (ўзга) юртларда ўхшаши яратилмаган, (мустаҳкам) устун(ли қаср)лар эга бўлган Ирам (шаҳри)ни қандай (ҳалок) қилганини кўрмадингизми?
Аллоҳ тарафидан ҳисобсиз неъматлар билан сийланган Од қабиласи куч-қувватлари билан ғурурга кетиб, ўзгаларни менсимас, оёқлари ердан узилган эди. Улар пайғамбарлари Ҳуд алайҳис саломни ҳам ёлғончига чиқаришди. Бу қабиланинг Ирам номли шаҳри шу даражада гўзал эдики, яқин орада унга тенг келадигани топилмасди.
Аллоҳ таоло ушбу оятларда Од қабиласи бойлик, фаровонлик, гўзал ва муҳташам шаҳар, ажойиб биноларга эга бўлсалар ҳам, имонлари бўлмагани боис азобга гирифтор қилинганларини эслатиб, Макка мушрикларини огоҳлантирмоқда.
                           
9. Водийда харсанг тошларни йўниб олган Самуд (қабиласининг қандай ҳалокатга дучор қилингани)ничи?
Самуд Солиҳ алайҳис салом қавми бўлиб, у ҳам қурилишда донг таратганди. Жумладан, улар Шомдан Мадинага кетиш йўлидаги Қуро водийсида тошларни йўниб, бинолар қуришган эди. Ана ўша қавм ҳам қанчалик дунё ишларида моҳир ва илғор бўлмасин, имонсизлиги сабаб азобга дучор бўлди.
            
10. Қозиқлар эгаси бўлган Фиръавннинг (қандай ҳалок қилинганиничи, кўрдингизми)?
Ҳозиргача бутун дунёни лол қолдириб келаётган эҳромларни қурдирган Фиръавн ҳам Аллоҳга имон келтирмаганди. Унинг хос кишилари, минглаб жанчи ва хизматкорлари бор эди. Аммо уларнинг биттаси ҳам Фиръавндан Аллоҳнинг азобини қайтариб қололмади.
                    
11. Улар юртларда туғёнга кетдилар.
Юқорида зикри келган Од, Самуд қабиласи ва фиръавнлар ҳукмрон эканларидан фойдаланиб, мансабларини суъистеъмол қилдилар, одамлар ҳаққига тажовуз қилиб, кибр ва исён қилдилар, зулм-ситам етказдилар.
        
12. Ва у ерда бузғунчиликни кўпайтириб юбордилар.
Улар маъсият қилиш, бандаларни ноҳақ эзғилаш ва уларга зулм қилиш билан мамалакатларида кўп бузғунчиликлар содир этдилар.

13. Бас, Парвардигорингиз уларнинг устига турли-туман азоб-уқубатларни ёғдирди.
Ҳукмрон синфларга бечора оддий халқнинг кучи етмаса, оддий халқнинг улуғ Парвардигори бўлмиш Аллоҳнинг уларга кучи етади. Ҳа, Аллоҳ адолатли Зотдир. Одамларни ноҳақ хўрлаб, гуноҳлар ботқоғига ботиб кетган Од, Самуд ва фиръавнлар Аллоҳ томонидан қаттиқ азобга дучор қилиндилар.
ﮏ      ﮒ
14. Албатта Парвардигорингиз (ҳамма нарсани) кузатиб турувчидир!
Аллоҳ ҳамма нарсани кўриб туради, ҳамма нарсани билиб туради ва уларни ҳисобга олиб қўяди. Жумладан, золимларни ҳам, мазлумларни ҳам кўради. Оқибатда яхши амалларга савоб, ёмонларига муносиб жазо беради.

15. Қачон инсонни Парвардигори имтиҳон қилиб, уни мукаррам қилса ва (кўп миқдорда) неъмат берса, у: “Парвардигорим мени азиз қилди”, дейди.
Аллоҳ бандасини имтиҳон қилиш учун кенг ризқ, куч-қувват, мансаб, чирой берса, у имтиҳон қилинаётганини билмасдан, бу менга муносиб кўрилганим, Аллоҳга севимли бўлганим учун берилди, деб ўринсиз хурсанд бўлади ва кибр сари қадам қўяди. Бундай банда шукр қилмайди, бу ишларнинг ҳаммаси синов эканини ўйлаб ҳам кўрмайди. Одамлар яхши билиб олсинларки, Аллоҳ бандасига яхши кўргани учун бермайди молу дунёни.

16. Аммо қачонки уни имтиҳон қилиб, ризқини тор қилиб қўйса, тезда: “Парвардигорим мени хор қилди”, дейди.
Агар унинг ризқи торайса, ишлари орқага кетса ёки мансаб курсисидан тушса, Аллоҳ мени ёмон кўриб қолибди, У мени хор қилмоқда, деган гумонга боради.
Булар қайта тирилишга имони йўқ ёки имони кучсиз банданинг гапидир. Зеро, бундай банда фикрича, фақат мана шу дунё бор, холос. Бахс-саодат ҳам, унинг наздида, бойликка эга бўлиш ва фаровон ҳаёт кечириш билан ўлчанади. Мўмин банда бўлса, бой бўладими ёки камбағалми, фарқи йўқ, Аллоҳга ҳар қандоқ ҳолатда ибодат қилади, бошига тушган кўргуликларга чидайди ва тақдирдан нолимайди. Бойликка эга бўлса, шукр қилади. Камбағаллик билан имтиҳон қилинса, сабр қилади.

17. Йўқ! Балки сизлар етимни (иззат-)икром қилмайсизлар.
Йўқ! Бу икки ҳолатда инсон томонидан айтилган гаплар нотўғридир. Унинг бахти бойлик, бахтсизлиги камбағаллик эмас. Балки ҳақиқий саодат Аллоҳга имон келтириб, У Зотга ибодат қилишдир.
Эй бандаларим, сизлар Мен берган ризқимни ўз ўрнига сарфламаяпсиз, бойликка эга бўла туриб, етим-есир ва ночор кишиларга таом улашмаяпсиз. Агар шундай қилганингизда, бу Аллоҳ учун мақбул иш бўларди.
      
18. Ва бир-бирларингизни мискинга таом беришга ундамайсизлар.
Бир-бирларингизни бечораҳол кишиларга ёрдам қилишга чақирмаяпсизлар, балки бахиллик қилмоқдасизлар.

19. Меросни эса қўшиб еяверасизлар!
Ўз насибангизга қаноат қилмасдан, етим, аёллар ва заиф кишилар меросига кўз олайтирмоқдасизлар, уларни ҳирс ва очкўзлик билан, ҳалол ва ҳаромнинг фарқига бормай, аралаштириб еяпсизлар.

20. Ва бойликни жуда қаттиқ яхши кўрасизлар.
Нотўғри эътиқод ва номаъқул ишларингизга ҳам сабаб шу. Сизлар бойликка жуда ўчсизлар. Фикру хаёлингизда бойлик. Иш шундангина иборат эмас. Ҳали қиёмат бор, ҳисоб бор.

21. Йўқ! Қачонки Ер қаттиқ силкинганда...
Йўқ! Бундоқ қилманглар! Чунки қачон қиёмат бўлиб, Ер қаттиқ қимирланганда...

22. Парвардигорингиз ва фаришталар саф-саф бўлиб келганида...
Ўша куни Аллоҳ бандалар орасида ҳукм қилиш учун келади. У Зотнинг олди ва атрофида покиза фаришталар ҳозир бўлиб турадилар.

23. Ана ўша кунда жаҳаннам келтирилади. Ўша куни инсон эслатма олади. Унинг учун қандай эслатма бўлсин!
Фаришталар жаҳаннамни судраб олиб келадилар ва уни ҳамма кўради. Банда буларни кўриб, дунёда қилган ишларини эслай бошлайди ва гуноҳлари кўз ўнгида намоён бўлади. Бироқ энди содир этган ёмон амалларни эслашдан қандай фойда бор. Бўлар иш бўлди. Энди фақат ҳисоб бериш бор, холос!

24. У: “Эҳ кошки мен ҳаётлик чоғимда (солиҳ амалларни) қилган бўлсам эди!” деб қолади.
Банда қиёмат куни дунёда гуноҳ қилганига минг пушаймон чекади, солиҳ амалларни қилмаганига афсус-надоматлар чекади. Агар солиҳ амаллари бўлса, ҳозир фойдаси теккан бўларди!..

25. Бас, ўша кунда ҳеч ким (Аллоҳнинг) азоби каби азоблай олмайди.
Қиёмат куни осийлар учун Аллоҳнинг азобидан қаттиқроқ азоб бўлмайди. Биронтаси гуноҳкорларни Аллоҳчалик шиддат билан азоблай олмайди.

26. Ва ҳеч ким У Зотнинг боғлаши каби боғлай олмайди.
Ва ўша куни ҳеч ким кофирлар қўл-оёқларини занжир ва кишанлар билан Аллоҳ каби бойлай олмайди.

27-28. Эй хотиржам нафс, рози бўлган ва сендан рози бўлинган ҳолда Парвардигоринг (ҳузури)га қайт.
Бу ерда Аллоҳга ҳақиқий имон келтириб, имонига шубҳа аралашмаган, шаҳватлар гирдоби остида қолмаган, тақдирдан рози бўлиб ҳаёт кечирган, ўлими олдидан жаннатий экани башорат берилган хотиржам нафсга мурожаат қилиниб, унга берилган савоб ва мукофотлардан рози бўлган ҳолида ва Парвардигори ҳам ундан рози бўлган ҳолида У Зотнинг ҳузурига қайтиши амр қилинмоқда.
                  
29-30. Бас, (солиҳ) бандаларим қаторига қўшил ва жаннатимга кир!
Эй сокин нафс, энди сен солиҳ бандаларим билан Мен ҳозирлаб қўйган жаннатга кир ва ундаги кўз кўриб, қулоқ эшитмаган, киши хаёлига келмаган неъматлар билан ҳузурлан!

 

 

 

Орқага Олдинга