loader

114. Нос сураси

Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 6.
Тартиб рақами: 114.
Сура маъноси: одамлар.
Фалақ ва Нос суралари фазилати:
Жобир ибн Абдуллоҳ  розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Эй Жобир, ўқинг”, дедилар. Мен: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, нимани ўқийман?” деб сўрадим. Шунда у зот: “Қул аъузу бироббил-фалақ” ва “қул аъузу бироббин-наас”(ни ўқинг) дедилар. Мен ушбу икки сурани ўқидим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлса: “Уларни ўқинг, зеро, бу иккиси каби бирон сурани ўқимассиз (яъни, Аллоҳнинг паноҳини сўрашда бирон сура бу иккисига тенг кела олмайди)”, деб марҳамат қилдилар” (Насоий ва Ибн Ҳиббон ривояти).
Уқба ибн Омир розийаллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга ҳар бир намоздан сўнг муаввизатайнни ўқишни буюрдилар” (Абу Довуд, Термизий, Насоий ва Аҳмад ривояти).

Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм
                
1. (Эй Муҳаммад,) айтинг: “Мен одамлар Парвардигоридан...
Эй Муҳаммад: “Мен одамларни йўқдан бор қилиб, уларни тарбият қилувчи, ризқлантирувчи Аллоҳдан паноҳ сўрайман!” деб айтинг.
       
2. Одамлар Подшоҳидан...
Барча ҳукмронлик ва салтанат Аллоҳга тегишлидир. У Зот инсонларнинг Подшоҳидир, қандай хоҳласа, шундай қилади, бандаларига нисбатан хоҳлаган ҳукмини жорий қилади.
       
3. Одамлар Илоҳидан...
Аллоҳ одамларнинг Ёлғиз Илоҳидир. Улар фақат У Зотга ибодат қилишлари ва ёрдам сўрашлари лозим.

4-6. Жин ва одамлардан бўлган, одамлар қалбларига васваса қилувчи, яшириниб юрувчи васвасачи (шайтон)нинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман”.
Ушбу оятларда шайтонга хос бўлган баъзи сифатлар зикр қилинмоқда. Жумладан, у инсонлар қалбига васваса қилади, уларни тўғри йўлдан адаштиради, одамлар кўзига кўринмайди, Аллоҳ зикр қилинганда узоқлашади, ғафлатда қолинса, бандага яна яқинлашади.
Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Албатта шайтон бурнини Одам боласи қалбига қўйиб туради. Агар банда Аллоҳни зикр қилса, беркинади. Агар унутса, шайтон унинг қалбини ютиб юборади. Мана шу “беркиниб васваса қилувчи”дир” (Абу Яъло, Ибн Абу Дунё, Байҳақий “Шуаъбул иймон”да ривоят қилган. Ривоят санади заиф).
Охирги дуомиз шуки, оламлар Парвардигори Аллоҳ таолога Ўзи рози бўлгунга қадар ҳамду санолар айтамиз, У Зотнинг Ҳабиби ва Расули Муҳаммадга беҳисоб салавот ва саломлар йўллаймиз!

 

 

 

Орқага