Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 8.
Тартиб рақами: 95.
Сура маъноси: анжир.
Абдуллоҳ ибн Зайд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шом намозида Тийн сурасини тиловат қилганлар (Табароний, Ибн Абу Шайба ва Абд ибн Ҳумайд ривояти).
Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм
1. Анжир ва зайтунга қасам...
Аллоҳ таоло бу оятда анжир ва зайтун билан қасам ичиб, уларнинг манфаати кўплигига ишора қилмоқда. Ҳақиқатан, анжир инсон танасига фойдаси катта. Уни таом ўрнида ҳам истеъмол қилиш мумкин. Зайтун меваси ва ундан олинадиган ёғнинг фойдаси жуда кўп.
Лекин, муфассир уламолар оятдаги анжир ва зайтун орқали улар кўп ўсадиган юрт – Байтул Мақдис назарда тутилаётганини айтиб ўтишган. Бу юрт пайғамбарлар, жумладан, Исо алайҳис салом диёри, ваҳий нозил бўлган муқаддас макондир.
2. Тури Сийнийнга қасам...
“Сийнийн” ҳабашча сўз бўлиб, “чиройли”, “муборак” каби маъноларни англатади.
Тури Сийнийн Сийнода жойлашган тоғ бўлиб, унда Аллоҳ таоло Мусо алайҳис салом билан сўзлашган ва унга Фиръавн олдига бориб, тўғри йўлга даъват қилишга буюрган.
3. Ва мана шу осуда шаҳарга қасамки...
Оятдаги “осуда шаҳар”дан мурод Маккаи мукаррамадир. Макка шаҳри тинчлик диёридир. Унга кирган одам ҳар қандай хавфдан холи бўлади. Ҳатто вабо касали ҳам бу маконга таҳдид сола олмайди. Унда уришиш, сўкишиш, ҳайвон ва ўсимликларга зарар етказиш мумкин эмас. Қолаверса, бу юртда пайғамбарлар саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилиб вояга етдилар. Бу ҳам Макканинг шарафинин янада юқори кўтаради.
Аллоҳ таоло юқоридаги уч оятда ваҳий нозил бўла бошлаган, улул-азм пайғамбарлар учун макон бўлган уч улуғ диёр билан қасам ичиб, уларнинг шаъни улуғ эканини билдирмоқда.
4. Албатта Биз инсонни энг гўзал шаклда яратганмиз!
Аллоҳ таоло яратган махлуқотлар сони беҳисоб. Лекин улар ичида инсон энг мукаммали ва энг чиройлисидир. Аввало, у тик қомат қилинди, аъзоларининг барчаси бир-бирига мутаносиб. Инсонга ақл берилди. У яхшини ёмондан, оқни қорадан ажрата билиш хусусияти эга. Инсонга сўзлаш, ақл юритиш, фикрлаш, илм олиш ва шу каби кўплаб имкониятлар берилган.
5. Сўнг уни “асфаласофилин”га қайтардик.
Аммо қанчалар чиройли ва хушсурат бўлмасин, агар банда ғафлатга ботса, ақлини ишлатмай, шаҳватлар ва дунё лаззатларига берилса, Парвардигорини унутса, у энг паст даражага – ҳайвон даражасига тушиб кетади. Чунки у инсонга хос бўлган ақл юритиш ва тўғри йўлдан кетишни билмади, фақат қорин ва моддий эҳтиёжларини қондириш пайида бўлди.
6. Фақат имон келтирган ва солиҳ амаллар қилганларгина (бундан мустаснодирлар). Бас, улар учун чексиз мукофот бордир.
Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтирган, дунёда солиҳ амаллар қилган мўминлар асфаласофилинга тушишдан сақланадилар. Аллоҳ улар қилган амаллари сабаб охиратда чексиз ажр-мукофот ва савоблар ато этади.
Ушбу икки оятнинг (5-6 оятлар) иккинчи таъвилига кўра, Аллоҳга имон келтириб, солиҳ амаллар қилган мўмин бандалар қариган чоғларида ёки касал бўлганларида, агар ибодатга қодир бўлмасалар, уларга ёшлик ёки соғлик пайтларида қилган амалларининг савоби берилар экан. Тафсир илмида энг забардаст уламолардан бўлган Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳу оятни шундай тафсир қилган.
7. Бас, ҳисобни ёлғон дейишга сени нима ундаяпти?
Эй инсон, сен Аллоҳ бандаларини энг чиройли суратда яратганини билганингдан кейин ҳам нима сабабдан Аллоҳ қиёмат куни махлуқотларини қайта тирилтиришини, уларни ҳисоб қилишини инкор қилмоқдасан?!
8. Ахир, Аллоҳ ҳукм қилувчиларнинг энг Одили эмасми?!
Ҳа, Аллоҳ энг адолатли ҳикм қилувчидир. Бандаларига заррача зиён келтирмайди. Кофирларнинг насл-насаби “тоза”, обрўъ-эътибори баланд ва молу дунёси кўп бўлса ҳам, аммо куфр йўлини танлаганлари боис жаҳаннамга тушадилар. Мўминлар, гарчи давлатлари бўлмаса-да, обрўъларига путур этган, дунёда ҳақорат қилиниб ўтган бўлсалар-да, иззат-икром қилинган ҳолда жаннатга кирадиган. Охиратдаги бу ҳукм энг ҳақ ва энг одил ҳукмдир!