loader
Foto

Швейцариялик Икрима. Абу Жаҳл фарзандлари Исломни қабул қилишмоқда

Европа ва Швейцария карахт аҳволга тушди. Мамлакатни "Ислом юриши"дан ҳимояловчиларнинг энг содиқларидан бири, минораларга ва бошқа "босқин" тимсолларига қарши ашаддий курашчи ҳисобланган Даниель Стрейч бироз вақт муқаддам Аллоҳ динига эргашганлигини расман очиқ эълон қилди. Худди шундай карахтликка Арабистон ҳам дучор бўлган: Ўшанда мушрик жангчиларнинг энг ашаддийларидан бири, мусулмонларнинг энг муросасиз душманларидан бири Икрима иймонга келган эди.

Кичик мамлакатнинг саросимаси

Швейцария ҳалқ партияси аъзоси ва машҳур ашаддий ўнг сиёсатчи Даниель Стрейч Швейцарияда минораларни таъқиқлаш кампаниясини бошлаган ташаббускорларнинг биринчиси эди. Унинг Исломга келиши катта шов-шувни (айниқса масжид ва миноралар қуришни таъқиқлаш тарафдорлари орасида) келтириб чиқарди, деб таъкидлашмоқда Европа оммавий ахборот воситалари.

Хаттоки жиддийлиги ва эҳтиёткорлиги билан танилган РИА "Новости"дек манба ҳам баланд пардадаги жумлаларга хасислик қилаётгани йўқ. "Даниель Стрейчнинг янги динга киргани хақидаги хабар Швейцария аҳолисини карахт аҳволга солди", - деб ёзади агентлик. Ушбу янгилик айниқса унинг партиядаги сафдошлари орасида кўп шов-шувга сабаб бўлди.

Маълумки, исломга қарши ташвиқот ҳаракатлари мамлакатда мусулмонларга нисбатан ишончсизлик ва шубҳа уруғини сочди, натижада эса минораларга қарши референдум ўтказилишига олиб келди. Аммо эндиликда бу ҳаракатнинг асосий ташаббускорларидан бири ўзи Аллоҳнинг динига эътиқод қила бошлади. Аксилислом фаолият уни ушбу динга шунчалик яқин олиб келдики, Муқаддас Қуръон билан танишиб чиққач, у Исломни қабул қилишини эълон қилди.

Ўзининг Исломга кирганлигини Даниель Стрейч партиядошларидан икки йилдан зиёдроқ сир тутган. Унинг айтишича, "очилиш"га ва ўзининг янги дини хақида эълон қилишга уни ўзининг партияси томонидан олиб борилаётган Исломни қораловчи оммавий ахборот жараёни (кампанияси) мажбур қилган. "Бунга чидаб тура олмадим", - деб айтди Стрейч.

Партиянинг муҳим аъзоси ҳисобланган Стрейч доимо ўзининг художўйлиги, Инжилни ўқиши ва черковга қатнаши билан ажралиб турарди. "Ислом бутун ҳаётим давомида ўзимга бериб юрган саволларимнинг барчасига жавоб берди. Бу жавобларни мен бошқа ҳеч қаердан топа олмаган эдим", - дейди швейцариялиялик сиёсатчи. Икки ҳафта олдин Срейч ўз партияси сафини тарк этди ва ҳозирда Консерватив фуқаролар демократик партиясини тузишда иштирок этмоқда.

"Қонун қабул қилишдаги бу ташаббусим (минораларни таъқиқлаш ҳақидаги) барибир менинг кўнглимда чуқур из қолдиради. Мен ўзимга яна савол бераман - нега мен, 30 йил давомида сиёсат билан шуғулланган одам, ушбу сиёсий қонун учун жон куйдирдим, аксинча, айни вақтда Швейцария кўплаб масжидларга муҳтож-ку? Мусулмонларнинг дуч келган жойларда ибодат қилиши яхши эмас", - дейди Стрейч.

Бугунги кунда ўзининг Исломга бўлган олдинги муносабатидан уялмоқда ва ўз гуноҳини ювиш учун Швейцарияда Европадаги энг чиройли масжид қуришни ҳоҳламоқда. Ва яна, минораларни таъқиқлаш юридик мақомга эга бўлган бўлса ҳам, у диний толерантлик ва тинч ҳамкорликни ташвиқот қилувчи ҳаракат тузиш ҳақида йламоқда.

Арабистон офати

Худди шундай воқеа бир ярим минг йиллир аввал Арабистонда, Аллоҳнинг элчиси (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзининг тавҳидга бўлган даъватини эълон қилган даврда ҳам содир бўлган эди. Сўз юритиладиган инсон қурайшийлар ичида энг олижаноб, бадавлат ва обрўлиларидан бири бўлиб, унинг исми Икрима эди.

Тарихчиларнинг ёзишича, агар отасининг таъсири бўлмаганда, мантиқан Саъд ибн Абу Ваққос, Мусъаб ибн Умайр ва Маккадаги бошқа энг обрўли уруғлар вакиллари (Аллоҳ улардан рози бўлсин!) билан бирга ҳақли тарзда Исломни қабул этиши керак эди. Унинг отаси эса Макканинг буюк баҳодири, мушрикларнинг олий йўлбошчиси, ҳамда энг ваҳшиёна ва ақл бовар қилмас қийноқлар устаси эди; ушбу қийноқлар орқали Аллоҳ мўминларнинг иймонини имтиҳон қилган, ва Улар бу имтиҳондан шараф билан ўтганлар. Унинг макр-хийлалари орқали Аллоҳ мусулмонларнинг эътиқодини ҳақиқийлигини синаб кўрган ва улар ўзларининг сабр-тоқатларини намоён этганлар.

Икриманинг отасининг исми Абу Жаҳл эканлинигини айтиш ўзи кифоядир. Бу "жоҳилликлар отаси" деган лақабни унга Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи вассаллам) берган бўлиб, унинг ҳақиқий исми Амр ибн Хишомдир. Отасининг раҳбарлик мавқеси натижасида Икрима ибн Абу Жаҳл пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) га қарши туришга мажбур эди. Аллоҳ Росулининг (солаллоҳу алайҳи васаллам) ашаддий душмани ўлароқ, у саҳобийларга катта зарар етказар ва мусулмонларни даҳшатли қийноқларга дучор этар эди; бу билан отасининг қувончига сабаб бўлар эди.

Бадр ғазотида отасининг ўлимидан сўнг Иқриманинг Ислом билан муносабатлари орасида янги бурилиш юз берди. Агар аввалда у отасининг таъсири билан Исломга душманлик қилган бўлса, эндиликда у қасос йўлига отланди. Оталари Бадрда ўлдирилган бир гуруҳ одамлар билан бирга Икрима мушриклар қалбида мусулмонлар ва Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) га нисбатан нафрат алангасини ёқа бошлади.

У Уҳуд жангига қадар қурайшийлар қалбидаги қасос чўғини усталик билан алангалатди. У ерда ўзларининг ўнг қанотида қурайшийлар Холид ибн Валид қўмондонлигидаги отлиқларни жойлаштиришди. Чап қанотда отлиқларга Иқрима ибн Абу Жаҳл қўмондонлик қилди. Бу даврда улар иккаласи ҳам мушриклар ичида энг моҳир чавандозлар ҳисобланишарди, ва бу ҳолат кўп жиҳатдан жанг натижасини қурайшийлар фойдасига ҳал бўлишини таъминлади.

"Хандақ жангги"да мушриклар Мадинани узоқ вақт қамал қилиб турдилар; бу ҳол қамал жуда ҳам жонига теккан Икриманинг сабри тугагунича давом этди. Ҳандақнинг энг тор жойини танлаб, у ўз отлиқларини ҳужумга бошлади. Иқриманинг бу ўйланмай босган қадами жангни бироз кескинлаштиришга сабаб бўлди, лекин бу жангда Амр ибн Вудд ал-Амири қурбон бўлди. Иқриманинг ўзи эса қочишга улгурди.

Мушриклар таянчи

Макка фатҳи куни қурайшийлар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам ) ва унинг асҳобларига каршилик кўрсатишга кучлари етмаслигини билиб, Маккани мусулмонларга жангсиз топширишга қарор қилишди. Яна бунга Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг саркардаларга фақат ҳужумга жавоб бериш учун жанг қилиш ҳақида берган буйруғи ҳам сабаб бўлди. Бироқ Икрима ибн Ибн Абу Жаҳл мусулмонларнинг энг ашаддий душмани қатори бир гуруҳ одамлари билан қурайшларнинг якдил қарорига қарши чиқди. Улар мусулмонларнинг катта қўшини билан жангга киришди, лекин бу жангда аввалроқ иймонга келган Холид ибн Валид уларни мағлуб этди.

Икриманинг баъзи тарафдорлари ўлдирилди, баъзилари қочишди. Иқрима ҳам қочганлар орасида эди. Шундан кейин у яккаланиб қолди. Мусулмонларга таслим бўлган Макка аҳолиси ундан юз ўгирди. Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) аввал ўзига қарши курашган қурайшийларни авф этди.

Аммо бу авф исмлари номма-ном аталган бир гуруҳ одамларга дахл қилмас эди. Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уларни, ҳатто Каъба ичида яширинган бўлишса ҳам қатл қилишга буюрди. Бу рўхатда Икрима ибн Абу Жаҳл ҳам бор эди. Шунинг учун у Маккани яширинча тарк этди ва бошпана топиш умидида Яманга йўл олди.

Бу инсон Ислом учун бутунлай йўқотилганга ўхшарди. Бироқ, Аллоҳнинг раҳмати боис Икриманинг хотини Умм Ҳаким Ислом эътиқодини кабул қилиб, Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дан эри учун авф сўраб олди ва уни Маккага қайтариш учун Яманга йўл олди.

Иқрима Маккага яқинлашиб қолганда Росуллоллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобийларига шундай деган эди: "Ҳузуримизга мўмин муҳожир Икрима келади. Унинг отасини сўкманглар. Ўликни хақоратлаш тирикка зарар етказади, аммо ўликка етмайди". Тез орада Иқрима аёли билан Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) турган ерга етиб келишди. Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) катта қувонч билан, хатто устки кийимини ҳам кииймасдан унга пешвоз чикди.

Икриманинг шаҳодати

Икриманинг юзи қувончдан ёришиб кетди ва у деди: "Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Росули (соллаллоҳу алайҳи васаллам), Аллоҳга қарши сарфлаганимга караганда кўп марта ортиғини Аллоҳ йўлида сарфлайман. Ва агар ҳанузгача Аллоҳга қарши курашган бўлсам, энди Аллоҳ йўлида кўп марта ортиқ жанг қиламан".

Шу кундан бошлаб Ислом сафларига жанг майдонида жасур жангчи, Аллоҳнинг содиқ бандаси, Каломуллоҳнинг тиришқоқлик ва чанқоқлик қигувчи инсон қ шилди. Юзига Қуръон саҳифаларини босар экан, у: "Менинг Роббимнинг китоби. Парвардигоримнинг сўзлари.." - дея хитоб қилар эди. Ва Аллоҳдан қўрқиб йиғлар эди.

Икрима Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам )га берган ваъдасини тўлиқ бажарарди. Мусулмон бўлгандан сўнг у Аллоҳ йўлидаги барча жангларда иштирок этди. Ҳар бир юришда у олдинги сафларда бўларди. Ярмуқ жанггида Иқрима худди ташналикдан қийналган инсон сувга ташлангани каби жангга ташланган эди.

Жангларнинг бирида мусулмонлар қийин аҳволга тушиб колган вақтда, Икрима отдан тушиб, қиличини яланғочлаганча ўзини византияликлар тўдасига урди. Буни кўрган Холид ибн Валид унга қараб: "Бундай қилма, Икрима! Сенинг ўлиминг мусулмонлар учун катта йўқотиш бўлади" - деб юрди.

Икрима унга шундай жавоб берди: "Мени ўз ҳолимга қўй, Холид. Сен анчадан буён Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам )нинг асҳобисан. Мен ва менинг отам эса пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам )нинг ашаддий душманлари эдик. Ўзимнинг ўтмишимни оқлашимга имкон бер..". Сўнг у яна деди: " Кўп жангларда мен Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам )га қарши курашганман. Мен бугун Византияликлардан кочишим керакми?! Бу ҳеч қачон рўй бермайди!".

Сўнг Икрима мусулмонларга хитоб қилди: "Ким ўлимга тик боришга қасамёд қилади?". Тўрт юзта мусулмонлар билан Иқриманинг амакиси ал-Хорис ибн Хишом ва Дирор ибн ал-Азварлар ҳам шахид бўлишга қасамёд қилдилар. Улар Холиднинг қўмондонлик қароргоҳи учун беаёв жангга кирдилар ва уни қаҳрамонларча мухофаза эта олдилар.

Ярмуқ жангги мусулмонларнинг ёрқин ва ишончли ғалабаси билан тугагач, жанг майдонида хақиқий иймон учун жанг қилган уч инсон ярадор бўлиб ётарди: Ал-Хорис ибн Хишом, Айёш ибн Абу Робиа ва Икрима ибн Абу Жаҳл.

Икрима сув сўради, лекин сувни олиб келишганда у ал-Хорисага ишора қилиб: "Унга беринглар!" деди. Ал-Хорис эса: "Айёшга беринглар!" - деб хитоб қилди. Айёшга сувни олиб келишганда эса, уни шахид бўлганини кўришди. Кейин олдинги иккаласини олдига келишганда, улар ҳам биродарлари изидан вафот этган эдилар.

Абу Жаҳл фарзандлари

Икриманинг ҳаёти ҳам, Абу Жаҳлнинг фарзандидан қолишмайдиган даражада жаҳолат ва ғофилликка хизмат килган Даниель Стрейчнинг ҳаёти ҳам соғлом фикрловчи инсонлар учун ибрат бўлиб ҳисобланади. Ўз халқининг бу икки фарзанди ҳам аввалда кофирлик ботқоғига ботга бўлиб, ўзларининг бор кучларини Аллоҳнинг динига қарши курашга сарфлашган.

Бироқ Аллоҳ аввалда бу инсонларни мусулмонлар иймонини имтиҳон қилиш воситаси сифатида танлаб, кейинчалик уларнинг қалбини ҳақиқат нури учун очиб қўйган. Иккала фарзанд ҳам жаҳолатга хизматкорлик қилиб, ўз ғофиллигини англаб етгач, қолган ҳаётини Ислом учун фидо қилишга қарор қилишади. Бу билан улар бошқа жаҳолатдагиларни саросимага солиб, мўминлар қалбига қувонч бахш этадилар.

Аллоҳ уларнинг Ҳақ йўлидаги шаҳодати ва амалларини қабул килган бўлсин, ва яна ҳам кўпроқ жаҳолат фарзандлари қалбини Иймон нури очсин!

Саид Абдусамадов, ансар.ру

Абу Муслим таржимаси (2010 йил)