loader
Foto

Енгиллик тарафи устун олинади

Ушбу оятда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мақталган сифатларидан баъзилари зикр қилинмоқда, жумладан: «…уларни маъруфга буюриб, мункардан қайтарадиган…» пайғамбар эканликлари.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам нимага буюрган бўлсалар, ўша нарса бандаларнинг икки дунёси учун ҳам яхшилик бўлади. Барча учун умумий бўлган бу қоидани ҳеч унутмаслик керак. Баъзи вақтларда инсонга буюрилган нарсадан келиб чиқадиган яхшилик сезилмаслиги мумкин. Аммо бу ўша буюрилган нарсада яхшилик йўқлигидан эмас, балки кўзланган яхшиликни инсон англаб етмаганидандир. Тажрибанинг кўрсатишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган ишларнинг натижаси ўша ишни бажарувчи шахснинг набираси ёки ундан кейинги авлодида зоҳир бўлиши мумкин экан. Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам нимадан қайтарган бўлсалар, ўша нарса албатта ёмон бўлади. Бу ҳам барча учун умумий қоидадир.

Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яна бир сифатлари: «…уларга покиза нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни ҳаром қиладиган…» пайғамбар эканликларидир.

Бу ҳам барча учун умумий қоида. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам нимани ҳалол қилган бўлсалар, ўша нарса покдир. Пок нарса эса, шубҳасиз, фойдалидир. Пайғамбаримиз ниманики ҳаром қилган бўлсалар, демак, улар Ислом шариати ҳаром қилган нарсалар бўлиб, ҳаммаси нопокдир. Нопок нарса зарарлидир. Унинг зарари дарҳол кўриниши ёхуд бир оз фурсатдан кейин намоён бўлиши мумкин. Шунингдек, бир неча авлоддан кейин ҳам зоҳир этиши эҳтимол. Шунинг учун турли андишаларга бормай, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаром қилган нарсалардан доимо хазар қилиш, улардан узоқда бўлиш шарт.

Ушбу оятда Бану Исроилнинг етмиш вакили орқали ҳаммага эълон қилинаётган Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларидан яна бири кишиларнинг

«…устиларидаги юкни енгиллатиб, кишанларни ечадиган…» пайғамбар эканликларидир.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлиб келгунларича, турли тузум ва ҳукмлар халқлар елкасида оғир юк бўлиб, қўл-оёқларига кишан боғлаб турар эди. Бу ҳол ҳаттоки ушбу сўзлар бевосита қаратилган, илоҳий китоб, пайғамбар ва шариат соҳиби бўлган Бану Исроил устида ҳам бор эди. Мисол учун, Бану Исроилдан кимнинг кийимига нажосат тегса, унинг ўрни кесиб ташланмагунча, кийими пок ҳисобланмас эди. Улар урушда ўлжага тушган нарсаларни куйдириб юборишлари керак эди. Бану Исроилдан гуноҳ қилган одамларнинг эшикларига айбдор киши қандай йўл тутса, гуноҳи афв бўлиши ёзилиб қоларди. Чунончи, гуноҳкорнинг кўзини ўйиб олиш ёзилса, ўз кўзини ўйиб олар эди. Бошқаларда бундан ҳам баттар ҳукмлар мавжуд эди. Ушбу ояти каримада зикр қилинган башорат ҳақиқатга айланиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлиб келдилар ва инсоният елкасидаги мазкур оғир юкларни олиб ташлаб, қўл-оёғидаги кишанларни парчаладилар.

У зотнинг ибодатда оғир тарафни олишга қаршиликларига мисол келтирайлик.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг олдиларига кирсалар, ҳузурларида бир аёл бор экан. У зот:

«Бу аёл ким?» деб сўрадилар.

«Фалона», дея унинг намози ҳақида гапира кетдилар.

«Бас! Сизлар тоқатингиз етадиган нарсани лозим тутинглар. Аллоҳга қасамки, сиз малол олмагунингизча, Аллоҳга малол келмайди. Диннинг Аллоҳга маҳбуби – соҳиби унда бардавом бўлганидир», дедилар».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Оиша онамиз бир аёл билан гаплашиб ўтирганларида, олдиларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келибдилар. Шунда ҳалиги аёл ўрнидан туриб, чиқиб кета бошлабди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бу аёл ким?» деб сўрадилар». Оиша онамиз: «Фалона», дея унинг намози ҳақида гапира кетдилар».

Бошқа ривоятлардан маълум бўлишича, у аёлнинг исми Хавла бинти Тувайт бўлган. Оиша онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саволларига: «Бу Хавла бинти Тувайт, Мадина аҳли ичидаги энг ибодатли аёл, кечаси билан ухламай намоз ўқиб чиқади», деб жавоб берганлар. Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бас! Сизлар тоқатингиз етадиган нарсани лозим тутинглар. Аллоҳга қасамки, сиз малол олмагунингизча, Аллоҳга малол келмайди. Диннинг Аллоҳга маҳбуби – соҳиби унда бардавом бўлганидир», дедилар».

Кўриниб турибдики, Хавла бинти Тувайт ал-Асадийя розияллоҳу анҳонинг кечаси билан намоз ўқиб чиқиши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан маъқулланмаяпти.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни: «Бас!» деб инкор қиляптилар. Сўнгра эса Исломнинг бу борадаги таълимотларини баён қилмоқдалар: «Сизлар тоқатингиз етадиган нарсани лозим тутинглар».

Яъни қўшимча ибодат қиладиган бўлсангиз, тоқатингиз етадиганини танланг, имконингизга қаранг. Мисол учун, мусулмон инсон ўзига фарзу вожиб бўлган намозлардан ташқари нафл намоз ўқиб, қўшимча ибодат қилмоқчи бўлса, ўз тоқатини ҳисобга олсин. Хавла бинти Тувайтга ўхшаб туни билан мутлақо ухламасдан намоз ўқиб чиқиб, ўзини қийнамасин.

«Аллоҳга қасамки, сиз малол олмагунингизча, Аллоҳга малол келмайди».

Яъни «Сиз ўзингизни қийнаб, ортиқча уриниб, ибодатни малол олиб қилсангиз, Аллоҳга ҳам малол келади. Агар тоқатингиз етадиган нарсаларга қанча кўп уринсангиз, Аллоҳ ҳам малол кўрмай, ажру савобни бераверади. Лекин тоқатингиздан ташқари ишга уриниб, малол олиб қилсангиз, ўзингизга яхши бўлмайди», демоқдалар.

«Диннинг Аллоҳга маҳбуби – соҳиби унда бардавом бўлганидир».

Яъни диндаги амалнинг Аллоҳга энг ёққани эгаси унда доимий бўлганидир. Бирдан кўп қилиниб, кейин тўхтаб қолган амалдан фойда йўқдир. Аммо оз бўлса ҳам, доимий бўлиб тургани фойдалидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Рaсулуллoҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзани узлуксиз тутишдaн қaйтaрдилaр. Шундa мусулмонлардан бир киши у зoтгa: «Ўзингиз узлуксиз рўза тутасиз-ку, эй Аллоҳнинг Расули!» дeди. У зот: «Қaй бирингиз мeндeксиз? Албатта, мeн кечани Рoббим едириб-ичирган ҳолимда ўтказаман», дeдилaр. Улaр узлуксиз рўза тутишдан тўхташга кўнмагaч, у зот уларга бир кун, кетидан янa бир кун узлуксиз рўза туттирдилaр. Кейин ҳилолни кўриб қолишди. Шунда у зот улaрга тўхташга кўнмаган чоғларида таъзир бергандек, «Aгaр (ҳилол) кeчиккaнидa, сизларга aлбaттa янa зиёдa қилaр эдим», дeдилaр».

Бошқа бир ривоятда: «Сизлар улаб тутишдан эҳтиёт бўлинглар», деб икки марта айтдилар. «Сиз ўзингиз улаб тутасиз-ку?» дейилди. У зот: «Мен Роббим ҳузурида тунайман. У мени едирур ва ичирур. Амалдан ўзингиз тоқат қиладиганингизни зиммангизга олинглар», дедилар». Тўртовлари ривоят қилганлар.

Ислом шариатида инсоннинг имконидан ташқари, унинг ортиқча қийналишига сабаб бўладиган таклифлар йўқ. Шу билан бирга, инсоннинг ўзини ўзи қийнашига, турли ортиқча ишларни ўйлаб чиқариб, муаммо келиб чиқишига сабаб бўладиган амалларни қилишига ҳам рухсат берилмайди. Ушбу ҳадиси шарифда ана шу ишнинг рўза тутиш борасидаги мисолини кўриб турибмиз.

Кўпроқ ибодат қилишни хоҳлаган баъзи бир кишилар учун тонг отгандан қуёш ботгунича рўза тутиш жуда осон кўриниши, бир неча кун улаб рўза тутса, худди ажойиб бир ибодат қилгандек, кўнгли таскин топиши мумкин. Рўза фарз қилинганидан кейин маълум бир муддат ўтиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар ичидаги ана шу руҳни мулоҳаза қилган бўлсалар керак, улаб рўза тутишдан қайтардилар. Аммо рўзани улаб тутиш ишқибозлари ҳам бўш келмадилар. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам улаб тутишларини у зотга эслатдилар ва бу билан «Улаб тутишда бирор сир бор бўлганлиги учун ўзингиз ҳам бу ишни қилсангиз керак, деб ўйлаган эдик», демоқчи бўлдилар.

Шунда Пайғамбар алайҳиссалом бу иш фақат ўз зоти олийларига хос эканлигини баён этдилар. Кечаси таом ва шароб тановул қилмасалар ҳам, Аллоҳнинг Ўзи у зотни таомлантириб, шароб билан сероб қилиб туришини айтдилар.

Афтидан, рўзани улаб тутиш ишқибозлари бу билан ҳам қониқмаган бўлсалар керак, яна улаб тутиш истаги борлигини билдирдилар. Ана шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга амалий дарс бермоқчи бўлиб, улар билан бирга улаб рўза тутишни бошладилар. Аммо икки кундан кейин Рамазон ойи тамом бўлиб, шаввол ойи ҳилоли кўриниб қолди ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар ой кўриниб қолмаганда, улаб рўза тутишни давом эттираверар эдим ҳамда унинг оқибати нима бўлишини сизга кўрсатиб қўяр эдим», дедилар.

Албатта, бунинг оқибати яхши бўлмас эди. Бу ишни қилган одам қийналиб қолиши ва ибодатлари ҳам кўнгилдагидек бўлмаслиги шубҳасиз эди.

Ҳадиси шарифнинг охиридаги иборалардан нафақат рўзадор, балки барча ишларда ҳам инсон ўзига ўзи қийин қилиб, тоқатидан ташқари амал қилишга уринмаслиги кераклиги уқтирилмоқда.

Ҳамма нарса ҳам меъёрида бўлгани маъқул. Меъёрни эса Аллоҳнинг шариати белгилайди. Шундай экан, Ислом шариатида кўрсатилган нарсани тўлиқ бажаришга ҳаракат қилиш керак. Шариат эса меъёрдан кам ҳам, ортиқ ҳам бўлмаслигини тақозо этади. Энг тўғри иш, энг тўғри ибодат шариатимизда кўрсатиб, белгилаб қўйилганини зинҳор унутмаслигимиз лозим.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозни ўқиб бўлиб, сўнгра ўз қавмига бориб, уларга намозга ўтар эди. Бир марта уларга имомликка ўтиб, Бақара сурасини ўқиди. Бир одам намоздан чиқиб, ўзи енгил намоз ўқиб, чиқиб кетди. Бу гап Муъозга етган эди, «У мунофиқ экан», деди. Бу гап ҳалиги одамга етди. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули, биз қўл меҳнати билан шуғулланадиган қавммиз. Сувчи туяларимиз билан экин суғорамиз. Кеча Муъоз бизга намозга ўтди. Бақарани қироат қилди. Шунинг учун мен намоздан чиқдим. Муъоз мени мунофиқ дебди», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта: «Эй Муъоз, сен фитначимисан?! «Ваш-шамси ваз-зуҳаҳаа» ва «Саббиҳисма Роббика аълаа»ни ўқи», дедилар». Бухорий ривоят қилган.

Ушбу ҳодисада Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ўзидаги намозга бўлган ҳиммат ва ғайратни бошқаларга ҳам юклагани учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шиддатли танқидларига учраганларини кўрмоқдамиз. Ҳаётда бунга ўхшаш ҳолатлар учраб туради. Баъзи кишиларда маълум бир ишга ўта ишқибозлик ва етарли ҳиммат ҳам бўлиши мумкин. Аммо ўша одам мазкур ишга бошқалар ҳам у каби ҳарис бўлишини талаб қилишга ҳақли эмас. Ҳатто ўз аёли ва фарзандларига ҳам мазкур ишга мажбурлашга ҳаққи йўқ.

Аммо иститоъа фиқҳидан бехабар одамлар, жамиятлар ва ташкилотлар бундай ишларда ўзларини ҳам, ўзгаларни ҳам қийнайдилар. Турли тушунмовчиликларга, жанжалларга, одамларнинг мусибатга учрашларига сабаб бўладилар. Зотан, истак ва азму қарор бошқа нарса, ҳаёт ва унинг воқелиги бошқа нарсадир. Бугунги кундаги мусулмонлар бошига тушаётган мусибатларнинг кўпчилиги айни шу сабабга боғлиқдир.

Бугунги техника замонида илм ва турли воситалар тараққий этиб, кенг олам баъзи билимдонларнинг таъбири билан айтганда, кичик бир қишлоққа ўхшаб қолди. Ҳамма бир-бирини кўриб, билиб турибди. Бирорта одам ўзи алоҳида яшаётгани йўқ. Оламдаги нарсалар ҳаётнинг барча соҳаларида бир-бирига аралашиб кетди. Ҳамма ўз фойдасини кўзлайди ва ўзига зарар етмаслигини ўйлайди. Бирор давлат ёки гуруҳ маълум бир ишни амалга оширмоқчи бўлса, бу ишни ўзича қилиш имконига эга эмас. Балки аввал мазкур иш қўни-қўшнига, теварак-атрофга зарар етказмаслиги ҳақида уларга тушунтириш керак бўлиб қолди. Олам, қитъа ёки давлат миқёсидаги катта ишлар у ёқда турсин, маҳалла ва қишлоқ ҳудудидаги ишларни ўша маҳалла ва қишлоқ аҳли билан келишиб қилиш лозим бўлмоқда. Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга ўхшаб хуфтон намозида Бақара сурасини зам қиладиган имом бўлса, бир киши эмас, қавмнинг барчаси жамоатни тарк этиб, намозни алоҳида ўзи қисқагина қилиб ўқиб оладиган бўлди.

Шунинг учун барча мусулмон шахслар, жамиятлар, ташкилотлар воқеликни, ўзларини, ўзгаларни, вазиятни, куч-имкониятни ва бошқа иститоъа фиқҳига оид нарсаларни яхши билишлари ва уларга амал қилишлари лозим бўлиб қолди. Аммо бу ҳолат ҳеч кимни ноумидликка олиб бормаслиги керак. Аксинча, фаол бўлиш, ҳаёт қанчалар мураккаб бўлмасин, ундаги муаммоларни ечишда илғор бўлиш, режалаштириш ва ташкилотчилик ишларини олий даражада олиб бориш ва шу каби зарур чора-тадбирларни ўз вақтида бажаришга ўтиш лозим бўлади. Шу билан бирга, иститоъани фақатгина ижобий маънода тушуниш, уни дангасаликка баҳона қилиб олмаслик керак.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (роҳимаҳуллоҳ),

“Очиқ хат” китобидан