loader
Foto

Тил миллатнинг ўзаги

Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши ҳамда тилимиз ушбу мақомни олмасидан бурунги ва олганидан кейинги ҳолати тўғрисида гапиришдан олдин ўша даврдаги ўзим учун шарафли бир воқеани эсламоқчиман.

 Советнинг охирги паллаларида, ошкоралик йилларида юртимизда бир неча яхши қонун қабул қилинган. Давлат билан халқ бир-бирига яқинлашиб, бирининг овозига иккинчиси қулоқ солиб, халқ ўртага қўйган масалаларни давлат ҳал эта бошлаган эди.

Масалан, Орол денгизини сақлаб қолиш, табиатни асраш, ўзбек тилига “Давлат тили” мақомини бериш... каби масалаларни халқ ўртага қўйган эди. Ҳали совет даврида, мустамлака  таъсиридан чиқиб кетмаган бир пайтимизда!

Тўғри, бунақа миллий ҳаракатлар битта бизнинг мамлакатда юз бермаган, совет қўл остида ўн бешта республика бўлса, шулар ичида биздан эртароқ ва кучлироқ уйғонган Болтиқбўйи давлатлари бошлаб берган эди. “Улуғ оға” тили зуғуми остида яшаган миллий тилларининг қаддини тиклаш ва қадрини юксалтириш бўйича Болтиқбўйи, Қофқоз ва ниҳоят Ўрта Осиё халқлари ҳам миллий уйғондилар.

Тил борасида ҳар бир халқ ўрис-совет камситишларидан безиб,  узоқ йиллар давом этган хўрликлардан руҳан чўкиб юрганининг аламларини шу қисқа қайта қуриш замонида кўчага тўкиб солди... ва бирин-кетин республикаларда тил қонунлари қабул қилина бошлади.

Мақтанишга ўхшаб кетса ҳам, тарихий бор гап бўлгани учун айтай: Тил қонунининг муқобил нусхасини яратиш бўйича “Бирлик” халқ ҳаракати билан Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ҳамкорликда тузган беш кишилик кичкинагина ишчи гуруҳда камина ҳам бор эдим. Бу муқобил нусханинг асосий қисми машҳур миллиятчи қўшиқчи Дадахон Ҳасан уйида қоғозга туширилган. Гуруҳда буюк шоиримиз Рауф Парфи, Дадахон Ҳасан, тилшунос олим Бахтиёр Исабек, “Фитна санъати”нинг муаллифи Мирза Кенжа ва камина эдик.

Дадахон Ҳасан мезбон сифатида чой-пой қилиб бериб турди. Буюк шоиримиз Рауф Парфи: “Ҳамма фикрларингга қўшиламан, ёзаверинглар!” деб оқ йўл тилаб ўтирди. Матнни асосан уч киши ишладик. Қалам, одатдагидек, Мирза Кенжа қўлида эди!..

Ўша кунгача бир неча давлатнинг тил ҳақидаги қонунини ўрганиб чиққаним бу ишда жуда асқотди.

Тилимиз қайғусига озми-кўпми ҳиссам қўшилганидан ҳалигача шараф туяман.

Яъни, давлат ўз йўли билан, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ва “Бирлик” халқ ҳаракати ўз йўли билан “Давлат тили ҳақида”ги қонунни ишлашни бошлади. Кейин мана шу иккала нусха асосида ягона бир нусха қабул қилиниши келишилган эди.

Ўшанда мен атай солиштириб чиққанман: охирги таҳрирда давлат биз тайёрлаган нусхадан мўлжалдан анча кам фойдаланган. Бизники давлат назарида кескин туюлганидек, расмий тайёрланган нусха бизнинг назаримизда анча бўш эди. Лекин у замонларда умумий ижтимоий руҳнинг ўзи анча демократик бўлгани учун, тасдиқланган нусхаси ҳам, масалан, ҳозирги замон гази билан ўлчанса, ҳарҳолда чидаса бўладиган даражадаги қонунлардан биттаси эди.

Яъни, биз орзу қилган жуда кўп моддалар давлат қабул қилган нусхага кирмай қолганига қарамай, бундай олганда, айниқса, бугунги кўз билан қаралса, у илк қонун кейинги тузатилган нусхасидан анча миллий ва халқчил эди.

Энг муҳими – совет даврида сиқув остида бўлган тилимиз эркка эришди, ҳуқуқ қозонди, ҳурриятга чиқди ва... қонун қабул қилинган кун “Тил байрами” ўлароқ қутланадиган бўлди (кейинги замонларда бу “байрам” ҳам расмиятчилик учун ўтказилаётгани бошқа масала). Ахир, ўзбек тили ҳам бир мустақил тил сифатида яшашга ҳақли, дейишнинг ўзи илгари ўта миллатчилик деб баҳоланарди. Шу боис тилимиз ҳақида хос қонун (илк талқиндагиси)нинг вужудга келиши ижобий ҳодиса бўлганини тан олишимиз керак.

Булар бугун ширин хотиралардир.

Сўнгра қаршимизда асосий масала – қонунни амалга киритиш, қўллаш, ҳаётга татбиқ этиш масаласи турди (ҳамон турибди).  Бугунги натижага қараб баҳо берсак, бу борада йилдан-йилга орқага кетса кетиляпти, асло олға силжиш йўқ! Силжиётгандек кўринса ҳам, бир қадам олға, икки қадам орқага!

Бугун тил деярли эгасиз, эрта етим қолган қўзидай дийдираб турибди: радио-телевидение тили борган сари бузилиб бўлди; оммавий ахборот воситалари ким нимани қандай ёзса, ёзиб ётибди; кўча абгор: одамлар ўзбекча гапиряптими ё ўрисчага ўзбекча сўзлар қўшиб гапиряптими – билиб бўлмай қолди!

Юз эллик йиллик ўрис асорати даврида, ҳатто очиқдан-очиқ тилимизни ўрислаштириш сиёсати юритилган совет даврида анча-мунча сақлана олган тил кейинги йигирма йил ичида кескин бузилишга учради.

Тағин ҳам адабиёт бор, тағин ҳам ёзувчи-шоирлар бор ‒ ўзбекчада тозароқ ёзиб туришибди (Кундалик муомалада ҳатто адабиётчи ҳам тилини эҳтиёт қилмаяпти, аралаш тилда гапиради).

Тил қонуни қабул қилинган илк йиллари ўзбек тили ҳаётнинг ҳамма соҳаларига фаол кира бошлади. Атамашунослик қўмитаси ташкил  бўлди. Ёзувчилар уюшмасида ҳар куни қизғин муҳокамалар кечарди. Фанлар Академиясида катта ишлар қилинди.

Ёзувчи-шоирлар шахсий ташаббус билан асарларида, ўрис-совет босқини даврида унутилган ва ё унуттирилган сўзларни топиб-ишлатиб, янги-янги ифодаларни муомалага киритди. Хуллас, тилнинг қадрини ва қаддини тиклаш бўйича оммавий бир ҳаракат юзага келди.

Юзага келди-ю... афсус, бу ташаббус, бу ғайрат йил ўтган сайин сўниб, тил уйғониши тўлқини тобора орқага кайтди. Мана, ҳозир ўша илк қонун қабул қилинганига 21 йил бўлган бўлса, кундалик ҳаётда бу қонунга риоя фақат орқага кетяпти. Бу ҳол нималарда кўринади?  

Тил мавҳум бир нарса эмас. Ўз ҳолича бор бўлмайди. Тил асосан одамларнинг оғзида ва ёзувларда яшайди, оғиз ва ёзувларда ҳаётини давом эттиради. Агар миллат турли сабаблар билан айрим сўзларини унутаётган бўлса, аста-секин тилидан тушиб қолаверса, ўрнини “замонавий”ми, “маданий”ми ниқоблари остида бегона сўзлар эгаллайверса, бу тил олдинига қашшоқлашиб боради, кейин, тарихда кузатилганидек, ўлишга қараб кетади.

Тилларнинг ўлиш ҳодисаси бор нарса. Айрим тилларнинг номини биламиз, айрим сўзлари атама ўлароқ ё бошқа бирон кўринишда ўзга миллатлар тилида сақланиб қолган, лекин ҳозир у тилда гапирувчилар йўқ. Бир пайтлар у тилда гапирган халқ (мас., лотин, айрим сибир ва шимолий-жанубий Амрика маҳаллий халқлари) йўқолиб, бошқа миллатларга сингиб-ейилиб кетган.

Бунақанги натижадан Оллоҳ қўрисин.

Бошқа тиллар зуғуми остидаги кучсиз, кичик тиллар бошида шундай хавф ҳамиша туради. Шу боис хавф остидаги тилнинг яшаб қолиш учун қаршилик ҳаракати айниқса кучлироқ бўлиши керак. Озгина парвосизлик, тилни ўз ҳолига ташлаб қўйиш натижаси аянчли бўлиши тайин.

Оллоҳга шукр, узоқ-яқин давлатларда ҳам яшаётган тилдошларимизни қўшсак, нуфуси қирқ милён нари-берисидаги катта миллатмиз. Балки бундан кўпдирмиз ҳам. Бу тилда ёзилиб, ўтмишдан қолган ва ҳамон севиб ўқилаётган жуда улкан маданий-тарихий-адабий мерос эгаларимиз биз. Маънавий пойдеворимиз жуда чуқур ва кучли. Тилимиз йўқолиб кетмайди, иншаоллоҳ, аммо бузилиб кетаётгани кўнгилларда хавотир уйғотади.

Биз ўзбекистонликмиз, мамлакатимизнинг оти “Ўзбекистон”, миллатимизнинг оти “ўзбек”, тилимизнинг оти “ўзбек тили”. Шу тил бор экан, “ўзбек халқи”, “ўзбек адабиёти”, “ўзбек маданияти”, “ўзбек урф-одатлари” ҳақида гап бўлиши мумкин. Демак, тил масаласи шунчаки гап орасида айтиб кетавериладиган ёки йилда бир марта “Тил байрами”дагина эсланадиган кичик, майда масала эмас, давлат аҳамиятига эга улкан масаладир.

Тилнинг икки қирраси бор: назарий ва амалий. Бошқача айтганда, тилшунослик илми ва тилнинг кундалик ҳаётда ишлатилиши.

Биз атай назарий қиррани – илмни олдга ўтказдик. Аслида, ҳодиса сифатида тилнинг ўзи тил илмидан олдинда туради, чунки ҳар қандай илм-назария бор нарса асосида туғилади. Бу ерда олдга илмни чиқарганимиз боиси – бугун глобаллашув замонида илм (назария) қаттиқ турмаса, тилни ўз ҳолига ташлаб қўйса, эртага бу тил бузилиб, таниб бўлмас ҳолга келса, тил илмидан нима фойда?! Оллоҳ кўрсатмасин, тил йўқолса, назария кимга керак?!

Шуларни ҳисобга олиб илмни тўрига ўтказяпмиз. То асосий омманинг тилдан фойдаланиш аҳволи ўта ночор ҳолга тушиб қолган айниқса бугунги шароитимизда тилшунослик илми майдонга отилиб кирсин, қалтис вазиятга тез аралашсин, турли воситаларни қўллаб, тилимизнинг бойлигини, гўзаллигини, қобилиятини сақлаб қолишга бел боғласин. Акс ҳолда биздан  болаларимизга бой ва гўзал тил эмас, ўта қашшоқ, бузуқ, қанақадир қорма-қоришиқ, бўтқа бир тил қолади.

Бугун ўзбек тилимиз чуқур илмга, тўғри назарияга, ва ниҳоят, давлат ҳимоясига жуда-жуда муҳтож!

Мустамлакага учраган тагли-тугли, маданий халқлар ўзлигини асраб қолиш учун дин, тил ва урф-одатлар атрофида олдингидан ҳам қаттиқроқ уюшган бўлади. Жумладан, тилини ётнинг ёмон таъсиридан тоза сақлаб қолишга қаттиқ интилади. Ўз-ўзидан фитрий ҳимоя воситалари ишга тушиб кетади. Босқинчи тилнинг зуғумидан сақлайдиган кучли қобилият уйғонади, едирилиб-емирилиб кетмасликнинг чора-тадбирлари ишлаб чиқилади.

Совет давлати имконидаги бор воситани ишга солиб, миллий маданиятимизни “эскилик сарқити” деб эълон этиб, барча соҳада ўрислаштириш сиёсатини юритган бўлса-да, хавф даражасига тенг даражада уйғонган фитрий ҳимоя қобилияти ишга тушиб, миллат тилини ва урф-одатини ҳарҳолда сақлаб қолишга эришди. Тилнинг товуш қисмида ва луғатда анча ютқизиқлар бўлди, аммо, умуман олиб қараганда, ўзига хослигини ва бойлигини асраб қолишга жон-жаҳди билан тиришди. Натижада тилни халқимиз аждарҳо тилларга ем қилмасдан бу замонларгача олиб ўта олди.

Айниқса, миллат тақдирига куюнчак адибларимиз, шоиру ёзувчиларимиз, муҳаррирларимиз ижобий маънодаги қайсарлик билан тилимизнинг ранго–рангликларини, бойликларини кўрсатиб ёзаверишди.  Мафкураси қандай бўлишидан қатъи назар, тилни асраб қолиш ҳаракатида адабиётчилар орасида қандайдир бир фикрдошлик, уюшқоқлик бор эди. Асарларида турфа ўзбекона-туркона сўз ва ибораларни қўллаб, иложи борича чеккадан сўз киритмай, кирганини ҳам жуда кам ишлатиб, тилимизни муқаррар ҳалокатдан асраб қолишга эришишди.

Бугун нима бўляпти?

Бугун “мустақил”миз, дунё билан тўғридан-тўғри алоқаларга киришдик, мамлакат дарвозалари дунёга очилди. Айни чоқда, ачинарли томони – тилимизнинг дарвозаси ҳам катта очиб юборилди.

Ҳолатга боқсангиз, миллатда ўз тилига эътибор борган сайин пасайиб кетаётганини кўрасиз. Айниқса, кўчада, кундалик турмушда, бозорда, мактабларда, университетларда, оилада, маҳкамада, девонда...



Кўчада

Тил назариясида бундай бир ҳақиқат бор: кучли тиллар қаршисида кучсиз тилларнинг айниқса от, сифат туркумидаги сўзлари ҳимоясиздир. Яъни, кучсиз тилнинг от ё сифат сўзлари биринчи галда ўзгаришга юз тутади. Ўрнини дарров кучли тилнинг от ва сифатларига бўшатиб берақолади.

Бугун ўзбек тилида айни ҳол жуда тезлашган равишда кўриняпти. Бу тезлик ва палапартишлик одамни қаттиқ хавотирга солади.

От билан сифат бир четда қолиб, бегона сўзлардан ҳатто феълларимиз ҳам осонгина енгиляпти! Бундан ўн йиллар бурун жамоат уловида бир хотин ёш боласига: “Юбкамдан держатса (держаться) қилгин!” деб “меҳрибончилик” кўрсатаётганини эшитиб, тўғриси, тушкунликларга тушиб кетганман. Оддийгина қилиб: “Этагимдан ушла!” демади.

Деса, ёш боласи тушунмасмиди? Тушунмаса, уни ўз тилини тушунмайдиган қилиб қўйган ким?!

Ҳолбуки, бугун кўчада бунақа “тил”да сўзлаш кундалик ҳол бўлиб кетган.

Катталар бугун боласига: “Шапкангни ол”, деяпти, “Телпагингни ёки қалпоғингни ол”, демаяпти. Бола эса, бошидаги нарса тумоқми, дўппими, қалпоқми ё телпакми эканини билмай ўсяпти. Тўртта ўзбекча сўзни ўрисча битта “шапка” сўзи енгди! Бошқача айтганда, ўзбек тили биттагина ёт сўз “ғалабаси” билан нақ тўрт баробарга камбағаллашди.

Тилшунос олимлар тил тозалиги учун жон куйдирмайди, давлат тилни қаровсиз, буткул ўз ҳолига ташлаб қўйган, натижада одамларнинг тили, худди эгасиз қолган пода каби, ёввойи оламга ёйилиб, боши оққан томонга ўтлаб кетган:

 “шиппак” аллақачон “тапичка”га, “ҳайинчалак” (ёки “ҳалинчалак”) “качеля”га айланган, ёшлар сўз бойлигида энди “шиппак”, “ҳайинчалак” йўқ;

бугун бир қурувчи уста бемалол, худди ўз энасининг тилидек, сувоқни “штукатурка”, шайинни “уровень”, часпакни “плинтус”, шипни “потолок”... деб ётибди, яъни, қурилиш атамаларининг деярли ҳаммаси ўрисча;

спорт шарҳловчиси ҳакамни “рефери”, биринчилик учун ўйинларни “чемпионат”, “мундиял”, кейинги босқич ўйинларни “плей-офф” дейишга тўла ўтиб олди. Ўнбирметрлик жаримани “пенальти”, ўйиндан ташқари ҳолатни “оффсайт”, “майдондан ташқари”ни “аут”, биринчиликдаги қолоқни “аутсайдер”, “ўйин бошланди”ни, “ўйинга старт берилди” ёки “ўйин старт олди”... демоқда; бу сўз ва ибораларнинг ўзбекча муқобилларини излаб ҳам кўрмаяпти, эсига келса, қўллагиси ҳам йўқ (ўзбекча сўзлар билан ўрисча ифодада гапиришлар-ку оддий ҳол бўлиб қолди);

қассоб сон гўштини “ляшка”, данданани “пирзола”, куракни “лопата”, биқинни “корейка” в.ҳ. дея бошлади, гўё қассобчилик бизда илгаридан бўлмаган, атамаси ила ўрисчадан яқиндагина кириб келгандай;

косиб терини “кожа” деса, сотувчи иштонни “шорт”, калтасини “шортик” дейди;

боғлар “парк”, этиклар “сапог”, кўприк “мость”, омбор “хранилища”, қошиқ “ложка”, ота “пахан”, она “махан”... бўлиб кетганига анча бўлди;

бугун ҳеч ким “бурилиш” (“муюлиш”) демайди, “поворот” дейди; бекатни “остановка”, довонни “перевал”, паккани “пятак” (“питак”)... дейди;

шаҳарда йўл йўқотган киши дуч келган кимсадан “Хирургическийга” ёки “Паркентскийга қандай боради?” деб сўрайди.

Йўл билган киши ҳам: “Ҳов мостдан кейин ўнгга поворот келади, ўшеттан 17-маршруткага ўтирсангиз, прямо Паркентскийга оборади”, деб жавоб қилади.

Бунақа қоришиқ тил кўча учун оддий ҳол бўлиб қолган.

Айтувчи билан эшитувчининг тили бир хил, бир-бирининг гапини осон тушунади. Бордию адашиб кетиб сиз йўлиқиб қолсангиз ва миллатпарварлигингиз тутиб кетиб: “Ҳов кўприкдан кейин ўнгга муюлиш келади, ўша ердан 17-йўналишли аравага ўтирсангиз, тўппа-тўғри Паркет бозорига элтади”, десангиз, эшитувчи бир довдираб олади. Ярим гапингизни тушунмайди, ҳатто қайтадан сўраши мумкин.

Нимага шунақа бўлиб қолди?

Чунки туғилганида чақалоғини она “нинни”, “жижи” ёки “жужуқ” деб суймаган, “ля-ля” деб суйган. “Ля-ля”лар катта бўлганидан кейин биз бугун эшитиб турган бўтқа тилда гапиради-да!

Афсус, аҳволимиз шу.

Тилимиз ҳовлисига бирдан бегона “секурити” деган олифта сўз кириб келди. Рухсат сўрамасдан. Девор ошиб. Қоровулларнинг махсус кийими орқасига “секурити” деб ёзиб қўйиладиган бўлди. Лотинча имлода бундан ҳам “замонавий”, “чиройли”, “оврупача” бўлиб кўринади: SECURITY!

“Қоровул” қаёққа кетди? Қаридими? Мункиллаб қолдими? Кўзимизга хунук кўриндими? “Қоровул” сўзининг гуноҳи нима? Нимаси хунук? Қари бўлса ҳам, у ўзимизнинг сўз-ку!

Аслида, ҳеч ҳам хунук эмас. Ўзбекона-туркона “қоровул” ниҳоятда чиройли сўз. Шундай чиройли сўз турганида кимлар ва нимага “қоровул”ни сиқиб чиқарди, ўрнига “секурити”ни сингдиряпти?

Шу маънони берадиган ўз сўзимиз бўлмаса экан, бегонаси тилимизга чорасизликдан олиб кирилса! Сўзимиз бор ва биз бу касбни ўрни билан “қоровул”, ўрни билан “қўриқчи” ё “қўрима” деймиз!

Худди шунингдек, “йиғилиш раиси” бир юмалаб “модератор”га, “спикер”га айланди! Яқин-яқинларгача йиғилиш орасида ўзбекона “бир пиёла чой” ташкил этиларди, энди “бир пиёла чой” қолоқлик бўлиб кўриндими, “кофе брейк” бўлиб қолди! Тараққий қилган миллатларга қолоқ бўлиб кўринмайлик-да!

Ҳар соҳада Ғарбга тақлид!

Тилни ғарблаштириш – ғариблаштиришдир!



 Илмда

Кўча кўча-да, кўчанинг оғзини бошқариб бўлмайди, десак, туппа-тузук зиёлилар ҳам тилига парвосиз.

Бугун адабиётшунос олим “илми”ни рангли кўрсатиш учунми (аслида, илмсизлигини ниқоблаш учун) икки гапнинг бирида, масалан, “эстетик-эмоционал пафос” каби бирнималарни ёзиб энсаларни қотиради.

Тилшунос “олим”нинг илмий иши ё мақоласини эса умуман ўқиб бўлмайди: ҳар сатрида бир “лингвистик анализ”, ҳар бетида ўнлаб “нокатегориал”, “функция”, “морфема”, “аффикс”, “суффикс”, “префикс”...

Мана бу ”илмий” жумлаларни ўқиб кўринг:

“Бугунги кунда предикативликни предикатнинг субъект билан муносабати сифатида эмас, балки предикатдан англашилган мазмуннинг объектив воқеликка муносабати сифатида тушуниш...”;

“Субъект эга орқали, предикат эса кесим орқали ифодаланади. Субъект-предикат структурани ифода этган эга билан кесим гапнинг структур асоси...” ;

“Ҳозирги ўзбек тилида айрим лингвистик бирликлар борки, улар полуфункционал хусусиятга эга. Полуфункционаллик тилнинг барча сатҳига хос универсал ҳодиса. Лингвистик бирликларнинг полуфункционаллиги қатор тилшунослар томонидан олға сурилган бирламчи ва иккиламчи функция тушунчаси билан узвий боғлиқ” .

Бу хил “илм”дан нимани тушуниб бўлади?

Ҳеч нимани!

“Тилшунос олим” асли тил тозалиги ва бойлиги учун қайғурадиган одамми ё тилни бузиш йўлларини ўргатадиган бузғунчими?

Қаттиқ тегиб кетса ҳам айтамиз: ўзбек тилини энг кўп тилшунос “олим”лар бузяпти! Синчиклаб ўрганилса, ўзбек тилида энг нўноқ ёзадиганлар айрим адабиётшуносу ўзини “тилшунос олим” ҳисоблаб кеккайиб юрадиган “олимча”лар бўлиб чиқади!

Бор ҳолатга қараб яна ҳам очиқроқ айтсак, бугунги ўзбек тилшунослигининг тили ўзбекча эмас! Нафақат тили, фикрлаш тарзи ҳам, назарияси ҳам, усули ва услуби ҳам, ёндашиш йўриқлари ҳам ўзбекча эмас! Ўзбек тилшунослари ўзбек тилини етти ёт бегона қолипларга солиб ўрганишнинг натижаси бу!

То миллий тилшунослик илми яратилмас экан, ҳолимиз аянчли бўлиб қолаверади. Ўзбек тилшунослиги Ғарб ва ўрис тилшунослиги мустамлакаси остидан чиқа олмаяпти, бу қуллиги (боғлиқлиги) кундан-кунга, йилдан-йилга кучайиб бормоқда!

Тилшунос ва адабиётшуносларимизнинг “илмий” мақола ва китобларини эринмай варақлаб чиқинг – бу даъвомизга истаганча далил-исбот топилади. Тилни энг севувчи ва тил қоровули бўлиши лозим бўлганлар ўзи биринчилардан бўлиб тилни бузиб турса, машҳур мақолдаги ҳол каби, додимизни кимга айтамиз?!

Мисолларни атай “Ўзбек тили ва адабиёти” жўрнолидан олдим, шунчалик. Агар техникага ё тиббиётга тегишли ёки аниқ фанларга оид адабиётни титкилаганимизда қай ҳолга дуч келардик – тасаввур қилиб олаверинглар!

Ихтиёрсиз, қўл ёқага боради. Ё тавба, худди бегона сўзларда қанақадир бошқача маъно, бошқача гўзаллик бордай ёпишамиз уларга!

Ҳеч қанақа қўшимча маъно ё сир ё чирой йўқ бу сўзларда! Фақат, миллатимиз ажнабий (айниқса Оврупа) миллатлари қаршисида ўзини кичик кўраётганидек, тилимиз ҳам ажнабий (айниқса Оврупа) тиллари қаршисида ўзини жуда кичик кўряпти, жодуланиб қолган гўё. Ўз тилимизга ишончсизлик туйғуси шундан туғилган.

Демак, умумий аҳволимиз яхши эмас. Тилнинг ўзини ўзи сақлаш қобилияти тобора пасайиб кетяпти. Бу қобилият кучли бўлганида эди, миллат тилини бошқалардан қизғанарди, четдан кирадиган сўзларга энг биринчи галда ўзи тўсиқ қўярди, тили тақдирини асло ўз ҳолига ташламас эди.

Биз унча-мунча эмас, дунёдаги миллатдошларимизни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, нуфуси қирқ милён атрофидаги катта халқмиз ва ўзбек тили шу катта халқнинг тили. Тилимизга қайғурсак, тозалигини, қадрини ва юксалишини ўйласак, миллий шаънимизни, ғуруримизни ўйлаган бўламиз. Тил, адабиёт қоровулсиз ё эгасиз қолса, миллий маданият ва маънавиятимиз ўзакдан чирий бошлаши ҳеч гап эмас, Оллоҳ асрасин.

Яъни, тилимиз палапартиш ва сурбетларча бостириб кириб келаётган ёт сўзлар ҳисобига айниб-қашшоқлашиб кетаверса, болаларимизга биздан қанақа тил қолади ва улар ўзларини қайси тил эгаси деб билишади?



Ичкарида

Биз “ичкари” деганда энг қуйи бошқарув идорасидан тортиб то Девонгача бўлган расмий доираларни назарда тутяпмиз.

Тил тўғрисидаги илк қонунда ҳамма соҳа тўласича ўзбекчага ўтиши, ҳатто ўристилли халқлар ҳам (айниқса бошлиқлар) саккиз йил ичида ўзбекчани ўрганиб олиши лозимлиги белгилаб қўйилган эди. Улар ўзбекчани ўрганишлари тугул, ўзимизникилар ўрисчага қайтиб кетишди. Давлат ҳужжатлари, қонунлар, кўрсатмалар, кодекслар... лардан тортиб мамлакатдаги ишхоналараро шартномаю хатларгача ҳамон ўрис тилида ёзилмоқда, тузилмоқда.

Муҳим ҳужжатлар ҳаммаси олдин ўрис тилида яратилади, кейин ўзбекчага таржима қилинади. Худди совет давридагидек. Ўзбекча нусхасининг тагига ё тепасига “Агар тушунилишда қарама-қаршилик ё иккиланиш юзага келса, ўрисчаси устувор” деб қайд этиб қўйилади!

Ҳатто Асосий Қонунимиз – Конститутсия биринчи бетига илк 1992 йил 8 декабир нусхасидан то энг охирги 2011 йил 18 апрел нусхасигача ҳаммасининг тепасига оқ қоғозга қора ҳарфлар билан “Ҳужжатнинг рус тилидаги матнига қаранг” деб қўйилган.

Бу нима дегани?

Ўзбек тилининг қадри, қиймати, обрўйи, қобилияти ўрис тилидан паст дейилмоқчи. Демак, Ўзбекистонда ҳамон ўрис тили асосий тил экан!

Шундан кейин ҳам ўзбек тилини мустақил тил деб, “Давлат тили” деб бўладими?!

Балиқ – бошидан... Тилга Бош бунақа муносабатда бўлиб турганидан кейин кўчанинг нимасидан хафа бўламиз?!

Ўзбекистонда “бош” томонларда тилга эътибор сусайиб кетганини илғаган “кўча” тилига эрк бериб юборди – оғзига келганини қайтармай, деганини деб ётибди. Миллий ғурур, тилга куюнчаклик қолмади ҳисоб.

Бир гавжум кўчага киринг-да, эринмасдан нариги бошигача боринг. Икки чеккасидаги ёзувларни диққат билан ўқиб чиқинг. Тилга куюнчак одам бўлсангиз, юрагингизни ғижимлаб қоласиз: ажаб, Ўзбекистондаманми ёки биронта Оврупа мамлакатига бориб қолдимми деб ўйлашингиз тайин. Чунки деярли ҳаммаси инглизча ва ё ўрисча сўзлар!

Тошкентнинг янги шаҳар қисмини-ку қўяверинг, ҳатто эски шаҳар қисмида ҳам 70 – 80 фоиз пештоқ ёзуви ўзбекча эмас. “Нега?! – деб юборасиз виждонингиз бўлса. – Ўзбек тилимизнинг кучи йўқми?! Тил тўғрисидаги қонун қани, нимага у ишламаяпти?! Қонун ҳимоячилари нимага бу ҳолга парво қилишмаяпти?! Тилшунослар қаёққа қараяпти?! Давлат-чи?!.”

Тилни одамлар бузса, давлатми айбли, дейдиганлар ҳам чиқиб қолади.

Нимага айбли бўлмасин: бири дўконнинг, бири фирманинг, бошқа бири яна қанақадир муассасанинг оти бўлган у ёзувларни рўйхатдан ким ўтказди?

Албатта, давлат! Давлат рўйхатидан ўтаётганида, уларга гувоҳнома берилаётганида ўзбек тилимиз “Давлат тили” мақомида эканини ҳисобга олган ҳолда расмийлаштирилиши керак эди. Парвосиз бўлиндими, демак, қонун ишламаяпти – қоғозда қолиб кетган ва бир йилда бир марта байрам ўтказишда эсланяпти, холос!

Қолаверса, теле-радиоларда жумладан тилнинг жиддий муаммолари ҳақида гапирилмайди-гапиртирилмайди, чинакам илмий мунозаралар йўқ ҳисоби, илм-маърифат орқага суриб ташланган, олдинда фақат ўйин-кулги, шилта клиплар жавлон уряпти. Халққа спортчи билан ўйинчининг ҳаёти ибрат қилиб кўрсатиляпти, ёшлар фақат спортгаю ашулачиликка тарғиб этиб ётилибди.

Бу ҳоллар кимдан сўралади? Албатта, мафкурани тўла тизгинида ушлаб турган давлатдан!

Исм-фамилиялар ўрис-совет замонида қандай ёзилган бўлса, шундайича сақлаб қолинди. Илк паспорт алмаштириш чоғи ҳам, яқинда биопаспорт жорий этилганида ҳам фамилиялардаги “...ов”, “...ев”ларни ўчириб ташлаб, тоза ўзбекчага қайтиш ҳақида лом-мим дейилмади.

Ўзбекчалаштириш тугул, ўрис-совет замонида ўзбекча ифодани бузиб, ўрисча талаффузга мослаб ёзилган исм-фамилиялар ҳам ўзгартирилмади, имло хатолари тузатилмади . “Иброҳим” “Ибрагим” бўлиб кетганича ётибди, “Хўжаев”ни ўрислар “Ходжаев” деб, “Орипов”ни “Арипов”, “Йўлдош”ни “Юлдаш”, “Ҳожимуҳаммад”ни “Ходжимухамед” деб ёзар эди, “мустақил” Ўзбекистон ҳам бу хатони, хато не, ҳақоратни шундайича қабул қилди!

Ачинарлиси, исмлари бузуқ ёзилган кимсаларнинг ўзлари ҳам тўғрилаб ёзишга интилмайди. “Аслида бундай бўлади”, деб тўғрилаб қўйсангиз, “Паспортимда шунақа ёзилган”, деб яна хатолаб олади...



Бозорда

Нашриёт соҳасида ишлаганим учун бу соҳа “тили”дан бир-икки мисол келтирай.

Битта хусусий босмахона очилса, қаранг, бугун нима деб аталяпти: “Полиграф принт”, “Офсет принт”, “Юрида принт” ва ҳоказо...

Нега энди “полиграф” ва нега “принт” бўлиши керак? “Принт” бор-йўғи “босма” дегани. Нега ўзимизнинг тилда, масалан, “Тошбосма” ёки “Нилуфар босмахонаси” деёлмаймиз? Ажнабийчаси чиройли-ю, ўзбекча отлар шу қадар хунук кўриниб қолдими?!

 “Мустақиллик”дан кейин дўконлар бирданига “маркет”, “супермаркет” бўлиб кетди. Нега энди “маркет”? Нимага “супермаркет”? “Супер” дегани қайсидир тилда “катта” дегани, у тилнинг қоши қорами, менинг шўрлик тилимнинг айби нима, нимага мен “катта дўкон” деёлмайман?! Таржима қилгандай “катта дўкон” дейишим ҳам шарт эмас, биронта ўзбекона от қўя олмайманми?!

Идишга солинган бир сув “Гидролайф”, бошқаси “Бонақва” эмиш. Бу нима дегани экан, деб луғат титкиласангиз, бири “Ҳаёт суви”, иккинчиси “Булоқ суви” бўлиб чиқади. Неча замонлардан бери элга миннатсиз тоза сув тақдим этиб келган булоқларни эгаллаб, сувини турфа идишларга қамаб пуллаётган “ишбилармон”лар тилни ўйлайдими? Уларга пул бўлса! Улар ҳеч қачон маҳсулотига “Булоқ суви” ё “Ҳаёт суви” деб от қўймайди!

Қўлбос ёрлиқларини қаранг: ҳаммаси совет давридагидай – ўша-ўша “Московская”, ўша-ўша “Докторская”, ўша-ўша “Дорожная”ю ўша-ўша “Салями”... Айниқса, шу “Салями”си одамни сескантиради. Бу хил қўлбоснинг асл ватани Италия бўлиб, эшитишимизча, таркибига эшак гўшти қўшиб тайёрланади ва у ёқларда жуда машҳур. Эшак гўшти италиёнларга балки ҳалолдир, унга урғу бераётганимиз йўқ ҳозир, балки айни эшак гўшти қўшиб тайёрланадиган қўлбоснинг оти “Салями” бўлгани ҳолда биз бу отни жирканмасдан қабул қилганимизга йиғлайди юрак. Ўзбекистонда биронта қўлбос сехи, агар ўзи ит ё чўчқа этини еб катта бўлмаган бўлса, эшак гўштини қўшмайди, бунга шубҳамиз йўқ, лекин ўзбекона-мусулмонча қизғанч туйғу қолмаганми миллатимизда, деб ўкинаркан одам.

Тўғри, масаланинг бошқа томони ҳам бор: миллатпарварлиги тутиб ё адашиб кетиб маҳсулотига ўзбекча от қўйиб юборса... Ғарбга ва ғарбча маданиятга сиғиниш кечаётган бугунги аҳволда бозори синиши ҳам мумкин. Чунки одамлар олмай қўяди. Оти ўзбекча бўлса, уни сотиб олмайдиган ҳолга тушди бу миллат. Ажнабийча отли заҳарни ҳам ютади, аммо оти ўзбекча бўлса, писанд қилмайди. Демак, тилимиз “мода”дан қоляпти. Ёт тиллар жозибали кўриняпти. Бу дегани, ёт тиллар босими остида ўзбек тили аста-секин муомаладан чиқяпти, деганидир.

Энг афсусланарлиси – тоза ўзбекча сўзларимизни бугун тилимиздан биронта бегона миллат мажбуран сиқиб чиқармаяпти, тилимиз илдизига ўзимиз болта уряпмиз.



Ёзувда

Нарса ва ҳодисаларга қийналмай от қўя оладиган, ҳар қандай фикрни, туйғуни ифодалашга қурби етадиган тилларгина мустақил ва кучли саналади. Бу борада ўзбек тилининг аҳволи қандай?

Тилимиз ҳали ҳам ўрис тили босими остида мажбур қолмоқда, инглиз тили босими остига ихтиёрий кирмоқда. Мамлакатлар номи, миллатлар оти ҳамон ўрисчадан ўтиб қолган товушда ва шаклда ёзилади.

Тилимизда “ь” (юмшатиш белгиси) йўқ, аммо ўрис тилида бор бўлгани учун айнан олганмиз ва қўллаймиз. Халқимиз қаттиқ “л” билан “палто” (керак бўлса, “палта”) дейди, ёзувда эса, “л”ни ўрисчалаб, “пальто” ёзамиз.

Лотин имлосида бу хато қисман ўнгланди, аммо жуғрофий номлар ҳалигача ўрисчалигича қолмоқда: “Нью-Йорк”, “Шри-Ланка”, “Корея”, “Вьетнам” ва ҳоказо.

Ўрислар ўзининг мустақил тили ҳусусиятидан чиқиб келиб, жой номини ўша ерда яшовчилар қандай аташидан қатъи назар, ўз талаффуз ва ёзув қоидаларига мослаб олган. “Нью-Йорк”даги “Н”дан кейин “ь” ҳарфини орттирганлари етмай, ўртага “-“ белгисини ҳам қўшиб ёзган.

Ўзбек тилида эса, назариясига қулоқ солсангиз, бунақа ёзиш тил табиатига терс ҳисобланади:

биринчидан, бизнинг тилимизда ҳам бири тўмтоқ, бири юмшоқ товушлар бордир, лекин ёзувда тўмтоқлаш ё юмшатиш белгилари йўқ;

иккинчидан, ҳеч қандай сўз ёки бўғин икки ва ундан кўп ундош товуш билан бошланмайди ҳам, тугамайди ҳам – олдидан ёки ўртага биронта унли товуш орттирилади. Мас, “стакан” эмас, “истакан” ёки “истикон”; “Стамбул” эмас, “Истанбул”; “стол” эмас, “устал” каби;

учинчидан, орага чизиқча қўйилмайди. “Шри-Ланка”даги чизиқча ҳам фақат ўрис тилида бор. Ўрислар кўп сўзни иккига бўлиб, ўртасига чизиқча қўйиб олади. “Олмаота”ни “Алма-Ата”, “Юнусобод”ни “Юнус-Абад”, “Оқтепа”ни “Ак-тепе” ёки “Актюбинск” деб олганидек.

Ўзимизни тилимиз хусусиятидан келиб чиқсак, “Шри-Ланка”, “Куала-Лумпур” каби жой номлари ўзбекчада бемалол “Ширланка”, “Кувалалумпур” деб қабул қилинса бўлаверарди.

Аммо, афсус, тилимизнинг ҳозирги қарам ҳолатига омма аллақачон кўникди ва кўзига ўзбекона ифода ҳатто бегонадай кўриниши ҳам мумкин. Ўрислар “Қўқон”ни ўзларининг тилига мослаб “Коканд”, “Фарғона”ни “Фергана”, “Оҳангарон”ни “Ангрен” деб олса, ҳеч ким ҳайрон бўлмайди, аммо биттамиз тил мустақиллигига интилиб “Масков”, “Эрқут” (Иркутск), “Ўмба” (Омск), “Тўмба” (Томск), “Ширланка” ва “Кувалалумпур” дея бошласак, бошқамиз дарров тихирлик қиламиз.

Ҳолбуки, ўзбек тили ҳам агар тўла мустақил бўлишни ва асл илдизига қайтишни истаса, тилимиз ўзигагина хос айтилиш ва ёзилиш қонун-қоидасини тиклаши керак. Ўрислаштириш сиёсати туфайли бу қоидалар бузилди, издан чиқди. Энди тилимиз мақомини қайтадан кўтариш учун четдан сўз қабул қилиш ва чет сўзларни ўзбекча талаффуз этиш йўл-йўриқларини илмий асосда ишлаб чиқишимиз лозим.

Бу масалада тилшунослик илми ўз сўзини айтмаяпти, тил тақдирини омма ихтиёрига тўла ташлаб қўйган. Ташлаб қўйилгани оқибатида бугун кўча ва бозор асли ўзбекча “Туркия”ни ҳам ўрислардан олиб “Турция”, “Сурия”ни “Сирия” дея бошлади. Миллат ўлароқ карисни оғзаки айтишда “карис” деймиз, ёзувда “корейс” деб ўрисча ёзамиз ва ҳамон қарамлигимизни билдириб қўямиз.

Яъни, ўзбек тили ҳануз тўла мустақилликни қайта қўлга кирита олмаяпти.

Бу айтилганлар асосан назарий масалалардир. Амалий томонига келсак, бугун тилни ифлослантиришда оммавий ахборот воситалари ҳам анча-мунча ҳисса қўшаётганини кўрамиз.

Бугун ОАВ тилга заруратсиз киритилган, элимизга ёт “глобализация” (ҳеч бўлмаса “глобаллашув” бўлиши керак эди!), “модернизация” (янгилаш, замонавийлаштириш), “инвестиция” (сармоя ёки пул киритиш, сармоя ётқизиш), инновация” (янгиликни киритиш), “инновацион лойиҳалар” (янги лойиҳалар), “концепция” (ғоя, йўл в.б.), “стенд” (деворий кўргазма), “фермер” (деҳқон), “инфратузилма” (ажнабий “инфраструктура”нинг чала таржимаси, аслида, “турли тузилмалар” деса бўлади), “биеннале” (икки йилда бир ўтказиладиган кўргазма, ижодий кўрик), “эвакуация” (кўчирмоқ), “иқтисодимиз локомотивлари” (илғорлари), “аукцион савдо” (кимошди савдоси), “регламент” (иш тартиби, кун тартиби...), “акция” (пай, ҳисса, улуш; тадбир)... каби юзлаб, минглаб сўз ва бирикмаларга тўлиб кетди.

Бу бегона сўзлар “Халқ сўзи” газетининг иккита сонидан кўзга илинганлари, холос.

Бунақа бузуқлик айниқса тил тозалиги учун қайғуриши фарз бўлган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”дай газет саҳифаларида ҳам учраса, одамга алам қиларкан: 2011 йил 28 ўктабир 44-сонида: “Биеннале давом этмоқда” деб сарлавҳа қўйилибди!

 Бугун “биеннале”, эртага “триеннале” (уч йилда бир бўладиган кўрик-кўргазма), индинга яна бошқа сўз кириб келаверадими тилга?

Ҳафсала қилса, ҳар ким бошқа газет-жўрнолларни ҳам кўздан бир кечирсин.

Яна битта босқинчи сўз “эвакуация”дир. Илгарилари у ер-бу ерда қулоққа чалиниб турарди, яқинлардан бери тилимизга муқим ўрнашди. Теле, радио тинимсиз айтиб, матбуот ёзиб ётибди. Уруш ёки табиий офат етган ерлардан кўчирилган аҳоли ҳақида хабар бераркан, “кўчирилди” демай, “эвакуация қилинди” дейиляпти. Бу сўз ҳам халқ онгига сингиб бўлди.

Бир гал телевидениеда нуфузли лавозимда ишлайдиган зиёли, адабиётчи танишимга: “Бу қанақа гап, тилнинг дарвозаси қолмади-ку, «Аҳоли тинч жойларга кўчирилди», дейилса, халқимиз тушунмай қоладими?!” десам, ўйлаб ҳам ўтирмай: “Биласизми, «эвакуация» сўзида уюшқоқлик, ташкиллаштириш маънолари бор, «кўчирилди» сўзида бу нарса йўқ”, деди.

Нега йўқ бўларкан, бор! Бор бўлганида ҳам, «эвакуация»дан чиройли, бой ва кенг маъноларни беради! «Кўчмоқ» феълидан ясалган «кўчирилди» сўзида уюшқоқлик, уюшиб қилинган ҳаракат маъносини кўрмаслик бориб турган жоҳилликдир!

“Одамлар тирақайлаб қочиб кетди”, дейилмаяпти, “Кўчирилди”, дейиляпти, ахир! Бу сўзда кўчишни кимлардир ташкиллаштираётгани ҳам сезилиб турибди!

Айб сўзимизда эмас, ўзимиздадир. Етти ёт бегона сўзларга айрича “маъно”лар юклаб, ўша йўқ “маъно”ларнинг қулига айланиб қолган, аммо ўзимизнинг сўзларда у маъноларни кўрмаётган бизларда айб!

Бу ҳолни тилга эътиборсизлик десак жуда юмшоқ айтган бўламиз, ўзбек тилига очиқдан-очиқ ишончсизлик, тушкунлик бу!

Тушкунлик жудаям хавфли ҳолат. Юртнинг ишонган бир “зиёли”си ўзбек тили қобилиятига ишонмаса, кўчадаги қурувчидан ё бозорчидан нимани кутамиз?!

Аксинча, миллатнинг ойдин кишилари, айниқса ёзувчи-шоирлар, матбуот биринчи галда тилнинг боғбонлари, керак бўлса, қоровуллари бўлиши лозим эмасми?!

Бугун Алишер Навоий ҳазратлари туйқус тирилиб келсалар, бир замонлар туркий тилнинг ифода ва маъно имкониятларини кўрсатиб, миллатни тушкунликдан асраб қолган у зот бугун ўз тилига ишончсиз бўлиб қолган “зиёли” неваралари ҳолини кўрсалар, фарёд чекиб юбормасми эдилар?!

Хўп, тилимиздаги бузилишларга ким жавоб беради?

Бир ёндан қарасангиз, ҳамма айбли. Чунки одамлар тилини асрамаяпти... одамлар ўйлаб ўтирмасдан бегона сўзларни муомалага киритиб юборяпти... одамлар ўзини, ўзлигини қадрламаяпти... одамлар...

Бошқа ёндан қарасангиз, ҳеч ким жавоб бермайди, чунки дунёда тоза тил бўлмагани ва улар доим ўзгариб тургани каби, ўзбек тилини ҳам эски ҳолида ушлаб туриб бўлмайди: айрим сўзлар истеъмолдан чиқади, ўрнига янги сўзлар киради ‒ тарихда шундай бўлган, бундан кейин ҳам шундай бўлади, бунга дод-вой солган билан фойда йўқ...

Иккала фикрда ҳам жон бор, аммо алоҳида-алоҳида олганда иккаласи ҳам тош босмайдиган баҳоналардир. Айниқса иккинчи баҳона ўз айбини тан олмасликдан, қўлимиздан нима келарди дегандек таслимиятчилик кайфиятидан туғилган. Юзаки қараса тўғри, моҳиятда хато фикрдир.

Бу ҳақда кўп далил келтирса бўлади, лекин баҳсимиз услуби илмий-назарий эмас, кўпроқ ижтимоий-руҳий бўлгани учун сўзимизни шу ерда кесамиз. Биз айтмоқчи бўлаётганимиз: айни мана шунақа баҳоналарнинг олдини олиш учун ўртага давлат кириши, тўғрироғи, ўртада ҳамиша давлат туриши керак. Айниқса, бир тил зуғуми остидан пати юлинган ҳолда чиқиб бошқа кучли тиллар қаршисида дийдираб пайдо бўлиб қолган бизнинг тилимизга ўхшаган тиллар давлатнинг ҳимоясига жуда муҳтож.

Жамиятдаги ҳар бир ҳодисани одатда давлат бошқариб-кузатиб турганидек, тилни ҳам ташқи таъсир қаршисида ёлғиз ташлаб қўйиб бўлмайди. Ўзини таниган, тилини ардоқлаган давлатлар бу масалада қаттиқ туради. Тил қонунлари бекорга қабул қилинмайди-ку, ахир! Қонун ҳимоячиси давлат бўлганидан кейин, демак, унинг ишлаши ё ишламаслигига тўғридан-тўғри давлат жавоб бериши керак. Чунки давлат тилининг аҳволи давлатдан сўралмай, кимдан сўралсин?! Тил қонуни республикада тўлақонли ишламаётгани ва ўзбек тилимиз йигирма йил ичида бу даражада бузилиб кетгани давлатнинг ўз вазифасини оқилона бажара олмаганини кўрсатади.

Тил тозалигини сақлаш, келажак наслларга кучли, мустақил, яшовчан, ўтмишдан узилмаган, келажакка ҳам довдирамай дадил боқа оладиган тилни қолдириш кўпроқ бу масалада давлат ўзини қандай тутишига боғлиқ бўлади.

Хулоса

Кишида биронта касалликка чидам қобилияти камайса ё йўқолса, танаси ўша касалликка чалинувчан бўлиб, унга қарши курашолмай қолади.

Тил ҳам худди шундай: ўзини сақлаш қобилиятини йўқотса, чеккадан бостириб кирган ҳар қандай “ахлат”ни қабул қилиб олаверади. Тилга муносабатда тушкун кайфият шунинг учун ҳам хавфлидир, бундай ҳолатдан қанча тез қутулсак, шунча яхши.

Оллоҳга шукр, тилимизнинг ўзини сақлаш қобилияти, анча кучсизланиб қолган демаса, ҳали-ҳозир буткул йўқ бўлиб кетмаган. Бир оз унутилган, ишга солинмаяпти, лекин бор. Бу қобилиятни қўзғаб, тил сандиқларимизни титкилашга ва ота-боболаримиздан қолган туркона сўзларимизни излаб топишга озгина хафсала керак, холос.

Ўзимиз ялқовмиз.

Сўзлаётганимизда ё ёзаётганимизда, айтмоқчи бўлган фикрларимизни ўзимизнинг тилимизда ҳам жаранглатиб ифодаласа бўладими-йўқми деб ўйлаб кўришга-да эринамиз ва тилимизнинг ичкари (маҳрам) ҳовлисига, суриштирмай-нетмай, ичкарининг эҳтиёт чорасини кўрмай, четдан ёт (номаҳрам) сўзларни осонгина киритиб юбораверамиз.

Хўш, нима қилса тил тоза сақланади, обрўйи ҳам кўтарилади?

Бу масалада “биринчидан”, “иккинчидан”... “тўртинчидан”... “ўнинчидан”... деб анча чора-тадбирни айтса бўлади.

Энг муҳими – тил миллий давлатчилик асосларидан бири эканми, биринчи галда давлат тилни доимий ҳимоясига олиши керак.

Замон ўзгарди, янги шарт-шароит юзага чиқди, энди Тил тўғрисидаги олдинги қонун ҳам эскирди. Янги замон, янгича шароитлар тил соҳасида ҳам деярли ҳар куни янги-янги масалаларни ўртага қўйяпти. Йигирма йиллик тажрибалардан чиқиб келиб, бугун тил ҳақидаги қонунни тубдан янгилашимиз, янада такомиллаштиришимиз лозим. Бу қонунда, жумладан, жой номларини, атамаларни, четдан кираётган сўзларни ёзувда қандай ифодалаш йўл-йўриқлари, унутилиб кетаётган сўзларни асраб қолишнинг чоралари, чеккадан сўз қабул қилиш тартиблари майда-чуйда нуқталаригача ҳисобга олиниши, мустаҳкам чегаралар қўйилиши керак.

Бунинг устига, кейинги йилларда ҳаёт имло қоидаларига ҳам жиддий ўзгартишлар киритишни тақозо этяпти. Ҳозирги лотин алифбоси асосида яратилган имлода анча-мунча камчилик борлиги билинди.

Давлат худди шу жараённи назоратига олиб, бошқариб туриши керак. Бу иш ниҳоятда долзарблигидан ҳозирги паллада тил билан шуғулланадиган махсус вазирлик ташкил қилса ҳам арзийди ҳатто. Бугун илм, фан, маданият, техника жуда тез юксаляпти. Бу жараён ичида янги-янги сўзлар ҳам бостириб кириб келяпти тилимизга. Биргина кампутир ё қўл тилпонини олинг. Ҳали буларнинг “тили” ўзбекчалаштирилмади!

Таклиф қилаётганимиз вазирлик қошида моддий-техник янгиликларга тегишли махсус ўзбекча луғат тузадиган, бу иш билан ҳар куни шуғулланадиган ишчи гуруҳлар бўлиши керак.

Биз бу борада аллақачон кечикиб бўлдик: тилпон ва кампутир амалларини бошқарадиган тил яна-тағин ўрисча бўлиб қолди. Халқимиз оғзидаги “СМС ёз”; “Лайк бос”; “Сохранить қил”; “Фалончининг профили”; “Отправитьни бос”, “шаре”, “тег”, “Поделиться қилдим”  (ва ҳоказо) каби юзлаб ифодаларга бугун қулоқларимиз ўрганди. Тилпон ва кампутир тили ўз вақтида ва қулай ҳолда ўзбекчалаштирилмагани натижасида одамлар тилига топшириқларнинг ўрисча-инглизча шакли ўрнашиб бўлди!

Бу масалани оддий одамлар ўйламайди. Бошиданоқ давлат ўйлаши керак эди. Чунки бу иш давлатнинг бўйнида. Тилни ўйласа, пулни аямасди. Афсус, давлатимиз муаммони арзимас санади ва бу соҳада тилимизни бой бериб, тараққиётга қурбон қиляпти.

Ҳали ҳам кеч эмас. Такрор айтаман: вазирликми ё бошқа бир номдами махсус тузилма ташкил этиб, ишни тил билағонларига топшириш лозим.

Бошқариш нимага керак?

Тил ҳодисаларини бошқариб бўлмайди дейдиганлар, дўст бўлса, хато қилади, душман бўлса, тилимизни бузиш учун атай шундай дейди. Тил ҳам бошқарилади ва бошқарувга муҳтождир.

Масалан, четдан келаётган товарлар юртга роса текшириб киритилади. Бунинг учун махсус божхоналар бор. Қонунга қаралади, шу товар мамлакатга кирса бўладими ёки тақиқланганми – ўрганилади. Тақиқланган бўлса, чегаранинг ўзидаёқ ушлаб қолинади, киритилмайди. Устига устак, қонунда тақиқланган товарни киритмоқчи бўлганларга қарши жазо чоралари қўлланади: моли мусодара қилинади, эгасига жарима солинади... ва ҳоказо.

Нега тилимизнинг божхонаси бўлмаслиги керак? Тил қонунига тегишли моддаларни битайлик-да, чеккадан киришга уринаётган ҳар бир сўзни тил божхонасидан ўтказдирайлик. Буни фақат давлат қила олади. Кираётгани ҳам марҳамат қилиб божини тўлаб қўйсин, ўзининг мақомини билсин, мезбон тилни ҳурмат қилсин, ана ундан кейин кирсин. Қолганлари чегараданоқ ватанига қайтиб кетаверсин.

 Бу тажриба бошқа давлатларда бор. Тил қонунини ишлаётганимизда (“Қайта қуриш” паллалари) “Правда” газетида ўқиган эдим: Фарансанинг тил қонунига кўра, оммавий ахборот воситаларида бўладими, илмий, бадиий асарларда ёки атамаларда бўладими, четдан кирадиган сўзларга беш фоиз  (5%)лик чегара қатъий қилиб қўйилган. Шундан ортиб кетса, муаллиф ва ношир жарима тўлайди. Муҳими – ҳар бир фаранг энг олдин жаримагача бормасликка, ўз тилини асрашга ҳаракат қилади, ҳурмат қилишга ўрганади.

Айрим олимларимизда, четдан сўз қўшилса тилимиз бойийди-ку, кирса нима қипти, деган хато тушунча бор. Бир тилда бор сўз устига кираётган ёт сўз ҳеч қачон тилни бойитмайди, аксинча, суриб чиқариши билан босқинчилик қилган бўлади ва мезбон тилни қашшоқлаштиради. Худди бугун “кўчирмоқ”ни “эвакуация”, “қоровул”ни “секурити” сўзлари сиқиб чиқараётгани сингари.

Фикримизни битта “аввал” сўзи мисолида очиқлашга ҳаракат қиламиз. Шу битта сўзни ўринли-ўринсиз қўллайверишимиз натижасида тилимиз неча мартага камбағаллашиб кетганини ўзингиз кўринг:

1. “Биринчи” маъносида. Нимагадир “Биринчи келди” демаймиз, “Аввал келди” деймиз.

2. “Биринчидан” маъносида. Арабчада “аввалан... саниан... саласан...” деб саналади, бизда “биринчидан... иккинчидан... учинчидан...” дейилади. Лекин биз кўпинча, “биринчидан”нинг ўрнига “аввало”ни ишлатамиз.

3. “Илк” маъносида. Нимагадир “илк фикр”, “илк палла”, “илк кунлар” (ва ҳоказо) эмас, “аввалги фикр”, “аввалги вақт”, “аввалги кунлар” дейишга одатланганмиз.

4. “Олдин” маъносида. “Мен сендан олдин келдим” эмас, “Мен сендан аввал келдим” деймиз. “Олдин сен ўзингни таништир” десак ўзбекчароқ бўларди, лекин биз негадир “Аввал...” деб бошлаймиз гапни.

5. “Бурун” маъносида. “Элдан бурун туриб олиб...” деган ифода кўпинча “Элдан аввал туриб олиб...” тарзида сўзланяпти.

6. “Эски” маъносида. “Эски ишлар” яхши эмасми? Нимага уни “Аввалги ишлар” дейишимиз керак?

7. “Ўтган” маъносида. “Ўтган гапларни кавлама” дейишимиз мумкин бўлган ерда “Аввалги гапларни кавлама” дейиш ҳам тилни камбағаллаштиришга киради.

8. “Бош” (Бир ишнинг боши) маъносида. “Йиғилиш бошидан...” деб бошласа бўладиган жумлани “Йиғилиш аввалидан...” деб тузамиз.

9. “Бош” (Вақтнинг боши) маъносида. “Бошидан бери...” ўрнига “Аввалдан бери...” қўлланади.

10. “Бир” (Саноқ боши) маъносида. “Бир бошдан сана!” ‒ “Аввал бошдан сана!”

11. “Бир” (Тартиб боши) маъносида. “Қани, бир бошдан гапириб бер-чи” дейиш мумкин ва зарур бўлгани ҳолда тилимиз “Қани, аввал бошдан гапириб бер-чи” деб жумла тузишга келишиб қолди.

12. ...

Йўлакай эсимга келганлари шу бўлди, кимдир бу мисолни яна давом эттириши мумкин.

“Аввал” сўзи аллақачон ўзбекчалашиб кетган, гап уни тилимиздан сиқиб чиқариш ҳақида кетаётгани йўқ. Аксинча, бўлак бирон сўз унинг ўрнини боса олмай қолганидагина ишлатиш керак демоқчимиз. Тепада санаганимиз ўн битта сўз матнда ё нутқда келганида ҳар бирининг иккинчисига ўхшамаган ранги-туси бор. Мана шунақа ранг-туслар билан тил бой ҳисобланади. Энди ўн битта сўз ўрнига битта сўзни қўллашга ўтиб кетсак, тил битта шу маънонинг ўзида ўн бир мартага камбағаллашган бўлади. Ўн бировини ўрни-ўрни билан фаол ишлатган тақдиримизда ҳам бордию бир ўринда “аввал” сўзисиз ишимиз битмай қолсаю уни қўлласак, шундагина четдан қўшилган сўзни “тилни бойитяпти” деса бўлади.

Мустамлака шароитида тилга тегишли қонун-қоидалар моҳиятида қарам тилимизни иложи борича ўрислаштириш сиёсати ётарди. Унга кўра, масалан, ўрис тилидан ва ўрис тили орқали Оврупа тилларидан кирган сўзлар тилни бойитади деб ўқитишарди ва, бошқа бир қоидага кўра, четдан кирган сўзларни эгаси қандай талаффуз этса, ўзбек тилида ҳам айнан ўшандай айтилиши талаб этиларди.

Ҳалигача шу мустамлакачи, қалбаки ва хавфли “илм” таъсиридан қутулиб кета олмаяпмиз.

Аслида эса:

биринчидан, тиллар ички имконият (шевалар, қардош ва қариндош тил)лар ҳисобига бойийди, чеккадан сўзлар чорасизликдан киради ва кирганлари ҳаммасиям тилни бойитавермайди;

иккинчидан, агар четдан бирон-бир сўзни киритишга мажбур бўлиб қолинса, мезбон тил у сўзни ўзининг талаффуз қоидасига мослаб, яъни, ўзлаштириб, “ўзбекчалаштириб” қабул қилади. Масалан, бир пайтлар ўрисча “подряд”, “арестанть” сўзлари “пудрат”, “аристон” деб, ажнабийча “велосипед” сўзи “валасапит” деб, арабча “муслимун” сўзи “мусулмон” деб (ва ҳ.к.) қабул қилингани каби. Шундай ҳолдагина бойиш ҳақида гапирса бўлади.

Оммавий ахборот воситаларида тилни асраш, ҳолатини яхшилаш бўйича тинимсиз тарғибот-ташвиқот ишлари юритилиб, ҳар хил тил ўйинлари ташкил этиб, тил қайғусини халқ ҳаракатига айлантириб юборса бўлади. Шунда, Оллоҳ хоҳласа, беш-олти йил ичида тилимиз анча-мунча тозаланиб, миллийлашиб, қаддини тиклаб, мустақиллашиб оларди.

Тилни асраш бўйича халқ ҳаракатини ташкил қилса бўлишига яқин кечмишдан бир мисол:

Ўтган аср саксонинчи йиллари “Ёшлик” журнали таҳририятида ишлаб юрган кезларим махсус “Тил сандиғи” деган рукн очдим. Тилимиздан ва ёзувимиздан тобора тушиб қолаётган, кундалик муомаладан аста-секин чиқиб кетаётган (совет даврида “архаик” – “эскирган” деган тамға билан атай сиқиб чиқарилаётган), лекин халқ тилида шевалар кўринишида яшаб турган нодир сўзларни тўплашни орзу қилган эдим.

Халқ қўллади, хатлар ёғилиб кетди, танлаб, жўрнолнинг ҳар сонида эълон қилиб бордим – тил ҳаракати юзага келди. Теша тегмаган юзлаб сўз топдик. Афсус, иш жойим ўзгариб, ниятимни охиригача амалга ошира олмай қолдим, лекин совет даврида тилимизнинг бойлиги ва бойиш манбаларини кўрсатиб қўйганимиз бугунги газ билан ўлчаганда ҳам катта ижобий ҳодиса бўлди.

Ҳарҳолда, халқимиз тилида ҳамма нарсага мустақил от қўя билиш, ҳамма ҳодисани ўзбекона ифодалай олиш қобилияти борлиги очиқ билинди ва билдирилди.

Тил халқнинг оғзида яшашини, одамлар бир сўзни айтмай қўйса, тил олдинига камбағаллашиши, бора-бора ўлишини сўзимизнинг бошида айтдик.

Чиндан ҳам, бирон нарса ё ҳодисага мустақил от қўя олмаган тил ожиз ва нотавондир. Оллоҳга шукр, ўзбек тилимиз ҳозир ҳам жуда унақа ожиз, нотавон бўлиб қолгани йўқ. Унга илгариги қудрати, қобилияти эслатилса, бир силкиниб, ўзини ўнглаб олишига ишончим комил.

Бундан ўн йилча бурун қишлоқларимизда жуда майда, оқиш бир ҳашорат пайдо бўлиб қолди. Бир жияним гап орасида уни “кепакчивин” дегандай бўлди. Олдин кепакчивинни кўрмаган ҳам, эшитмаган ҳам эдим. Айтишича, бу ҳашорат ғўзаларга боғлиқ бир сабаб билан кейинги замонларда чиққан. Ўзи кепак заррасидай кичкина, кўзга элас-элас кўринади, товуши ҳам йўқ, лекин чақиши чивинникидан баттар. Шу ҳашоратга ҳамқишлоқларим “кепакчивин” деб от қўйишибди. Ўксик кўнглимга бир малҳамдай туюлди. Хайрият, тилимизда нарса ва ҳодисаларга от қўйиш қобилияти тўласича сўниб кетмабди!

Демак, ҳали умид бор. Иншаоллоҳ, ўзбек тили эски лаёқатини тиклайди, ўлмайди. Юракларимизни яйратиб, ақлларимизни шошириб, то қиёматгача яшайди.

2010 йил