Рўза – фақат ейиш, ичиш ва жимоъдан тийилишгина эмас. Рўзадор одам рўза ибодатининг моҳиятига, унинг замирига яширинган битмас-туганмас ҳикматларга зид келувчи ҳар қандай сўз ёки амалдан узоқ бўлиш лозимдир. Акс ҳолда, Аллоҳ асрасин, бундай рўзанинг натижаси фақатгина очлик, ташналик ва ўзини қийнашдан иборат бўлиб қолади.
Набий алайҳиссалом шундай деганлар: «Рўза – пардадир. Бирортангиз рўза тутсангиз, фаҳш сўзламасин, фожирлик қилмасин. Биров уни ҳақоратласа ёки у билан уришмоқчи бўлса, «Мен рўзадорман» десин».
Рўзанинг аҳамияти ва фойдалари ҳақида ақл эгалари учун етарли даражада кўп ва хўб ёзилган. Биз эса сайтимизнинг мақсад-вазифаларидан келиб чиққан ҳолда рўзанинг тиббий жиҳатлари ҳақида сўз юритмоқчимиз. Кўпчилик рўзанинг инсон организмига кўрсатадиган муолажа (даво) таъсири борлигини хаёлига ҳам келтирмай, унинг устига, кўпинча рўзани организмни қийнаш ва уни хорлаш деб ҳисоблайди. Бироқ бу борада олиб борилаётган илмий тадқиқотлар натижасида рўзанинг организм учун мутлақо шифо экани ҳақида ҳайратомуз маълумотлар олинмоқда. СССР Соғлиқни сақлаш вазирлиги 1952 йилдаёқ очликни даволаш усули сифатида маъқуллаган эди, бироқ бу нарса кенг овоза қилинмаган.
Совет даврининг олимлари, профессор Николаев ва Ниловлар 1967 йилда шундай ёзишган эди: «Шаҳарларда экологиянинг ёмонлашуви туфайли, саломат бўлиш, шлаклар ва ортиқча ёғлардан тозаланиш учун инсон бир йилда камида уч, кўпи билан тўрт ҳафта давомида оч бўлиши керак».
Очлик организм учун кучли зарба бўлиб, бунда организмнинг ҳимоя кучларида улкан импульс юз беради.
Бизнинг организмимиз шундай яратилганки, ташқаридан озиқ модда келмай қолса, унинг барча кучлари организмдан шлаклар, касал тўқималар ва зарарли микробларни чиқариб ташлаб, уни тозалашга сарфлана бошлайди. Эҳтимол, Исломнинг илк давридан бошлаб мусулмонларга фарз қилинган рўзанинг ҳикмати ҳам ана шундадир. Илм-фан эса очликнинг организм учун фойдали экани ҳақида ўн тўққизинчи асрга келибгина гапира бошлади.
Набий алайҳиссалом эса бундан 1400 йил муқаддам «Рўза тутинг, саломат бўласиз» деб марҳамат қилган эдилар.
Бугунги кунда бирор бир касалликнинг давосини ё даволовчи очлик, ё парҳез, ёки у ёки бу маҳсулотларнинг истеъмоли чекланганлигисиз тасаввур қилиш қийин.
Изланувчилар рўзанинг организмни тозалашнинг ва ҳатто ўсмаларни бошланғич босқичида бартараф қила оладиган ажойиб кучини экспериментал исбот қилишди
Хусусан, Бертлоу шундай ёзади: “Шубҳасиз, рўза организмни микроблардан тозалашда таъсирли аҳамиятга эга”
Олимлар очларни кузатишар экан соғлиғининг тушунтириб бўлмас яхшиланаётганини ва ҳар хил касалликлардан тузалаётганини пайқашган. Улар томонидан Рамазон ойида овқатдан тийилиш қонда холестерин миқдорини камайтириши исботланган, қайсики бу ўз навбатида “XX-асрнинг қотили” деб ном олган юрак ишемик касаллиги хавфини пасайтиради. Ва бу олимлар шундай фикрга келган ягона ҳолат эмас. Бутун дунё бўйлаб ҳар хил изланувчилар томонидан бир биридан алоҳида ҳолда инсон организми учун рўзанинг фойдаси ҳақида сўзловчи ажойиб ҳулосалар қилинган.
Германияда: Очликнинг таъсирини ўрганишар экан, олимлар шундай ҳулосага келишди, ҳар қандай таом ёки сув тўлиқ маън қилинган, енгил ишларни бажарган ҳолда, 10 соатдан 15 соатгача, камида уч ҳафта ёки кўпи билан тўрт ҳафта давомидаги очлик энг мукаммалдир.
АҚШда: Рўзанинг қондаги қанд миқдорига ва ошқозон ширасининг кислоталигига ҳеч қандай препаратларсиз уларнинг миқдорини меъёрда ушлаган ҳолда яхши таъсир кўрсатиши экспериментал исбот қилинган
Англияда: Пол Брегнинг даволовчи очлик усули кенг қўлланилади.
Хитойда: Олимлар бир йилда бир ойлик очлик – бу ҳаёт ва ёшликнинг асоси дея ҳисоблашади.
Украинада: Одесса тиббиёт институти олимлари изланишлари кўрсатишича очлик организмдаги заҳарларни ҳар қандай препаратдан яхшироқ тозалайди. Масалан, рўза пайтида аммиакнинг чиқарилиши 100 баробар ошади.
Россияда: ДГМА тиббиёт фанлари доктори, М. Магомедов инсоннинг йиллик биоритмлари алмашиниши айнан рамазон ойига тўғри келишини исботлаган. Яъни бу пайтда организмнинг келаси йил учун биоритмик қайтатўғирланиши кечади. Бу пайтда организмнинг хазм трактининг барча секрециялари пасайган ва шунга кўра куннинг ёруғ пайтида, хазм секретларининг энг кам фаоллиги даврида овқат тановвулини организм қийинчилик билан (оғир) кўтаради. Айнан шунинг учун ҳам рамазон ойида рўза тутмайдиганларда ошқозон-ичак тракти касалликлари зўраяди.
Очлик вақтида организмда нима юз беради ўзи? Бизнинг организмимизга таом, сув билан бирга ташқаридан токсинлар ва микроблар ҳам тушади ва ёғ, оқсил ва углеводлар билан биргаликда қатланади. Рамазон ойида, таом қабули бўлмагани учун организм ана ўша қатланган ёғ, углевод, оқсилларни ишлата бошлайди ва бунинг натижасида организмдаги барча зарарли ва фойдали моддаларни қайта ишлаб микроблар, ҳар хил ўсмаларни парчалаб ташлайди, негаки унга озиқ керак. Шундай қилиб, биз билан сизнинг организмимизга зарарли бўлган ортиқча нарсалардан ўзига хос тозаланиш рўй беради. Шунинг учун замонавий клиникаларда ҳам медикаментоз даво билан бирга даволовчи очликни қўллашади.
Бунинг ҳаммаси унинг танага фойдали эканлигини билдиради. Агар асаб-психик соғлиқ ҳақида гапирадиган бўлсак, унга кўрсатадиган фойдалари ҳам кам эмас. Бу борада энг муҳими – инсонда ирода ва худодан қўрқишни тарбиялашдир. Бир ой давомида энг кучли инстинктни бўғар экан , инсон ўзида кучли иродани тарбиялайди, ва унинг онги шаҳватларидан устун келади, у шаҳватлар қулидан унинг эгасига айланиш йўлида қадам ташлайди. Фақат Аллоҳ кўриб турганлиги учун таомдан воз кечар экан инсон ўзида Тангрининг кузатувини англаган ҳолда кейин ҳам барча гуноҳлардан эҳтиёткор бўлади.
Бироқ шуни айтиб ўтиш керакки, очлик учун энг яхши вақт бу Парвардигор белгилаб қўйган ойдир, ва бунга олимлар ва очлик билан даволашни ўрганадиганлар қўшилишади. Рамазон ойида рўзанинг устунлиги яна шундаки уни очлик қарши кўрсатилган касаллиги бўлмаган барча тутиши мумкин. Даволовчи очлик эса тўғридан тўғри қарши кўрсатмалар бўлмаганда албатта шифокор назорати остида кечади, қайсики бу баъзида ноқулай ва молиявий томондан чиқимли.