loader
Foto

Сохта хабар тарқатувчи бўлманг!

Ҳозирги кунда одамлар ўз ҳаётини ижтимоий тармоқлардаги мулоқот – шарҳлар занжири, статусни мунтазам янгилаш, хабарлар, янгиликлар лентаси, сиёсатга оид гап-сўзлар, рейтинглар ва “лайк”ларсиз тасаввур қилиши қийин.

Шубҳасиз, ижтимоий ахборот воситаларининг ривожланиши кўп афзалликлар берди, аммо ушбу тармоқлар нотўғри маълумот ва сохта хабар тарқатишда муҳим роль ўйнаб қолганини ҳам инкор этиб бўлмайди. Сохта янгиликлар бугун жаҳон тармоғининг ҳақиқий вабосига айланди!

Уйдирма хабарлар кўпинча муболағали, диққатни тортадиган, шов-шувли, драматик мазмундаги сарлавҳа билан ажралиб туради. Бир қарашда, сохта янгиликлар жуда ишончли ва ишонарли кўринади, аммо матн мазмуни асосан ёлғондан иборат бўлади. Юзлаб бундай сайтларнинг айримларида  кўнгилочар мақсадда тўқима асарлар чоп этилса, бошқалари кимнингдир манфаати учун сохта маълумот тарқатади.

Бундай ахборотни оммага чиқариш турли мақсадларда: бирор шахсни обрўсизлантириш, (рақобатчи) компания ёки бренд имиджи-нуфузига путур етказиш, шуҳрат қозониш ёки ҳокимиятни қўлга киритиш, текин даромад – джек-потга эга бўлиш, одамларни йўлдан уриш, сиёсий очко тўплаб, тарафдорлар сонини кўпайтириш ва ҳ.к. мақсадларда амалга оширилади.

Афсуски, тўқима можаролар кўп ҳолларда ишонарли кўриниб, оммавий ҳақорат, маълум шахсни камситиш, таъқиб қилиш, шаънини поймол этишга хизмат қилади. Атайин уюштирилган уйдирмаларнинг асосий вазифаси  имкон қадар кўпроқ одамларнинг эътиборини жалб қилишдир.

Аксарият ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг асосий муаммоси шунда-ки, улар далилларни текшириб ўтирмасдан, ёппасига тарқатиш билан шуғулланадилар.

Тадқиқотларга кўра, сохта янгиликлар чин маълумотдан кўра тез ва ғайрат билан тарқатилади. Хабар ҳақиқатдан қанчалик йироқ бўлса, шунчалик кўпроқ иштиёқ билан ўзгаларга етказилади.

Сарлавҳанинг ўзинигина ўқиб, "share" тугмачасини босадиган вазиятларимиз ҳам кўп бўлади. Матн мазмуни – контент ҳақида ўйлаш, маълумотнинг тўғри ёки хато эканини англаш билан ўзимизни уринтирмаймиз. Facebook ва WhatsApp  фойдаланувчиларининг деярли 80%и бировдан кўчириб тарқатаётган маълумотини тўлиқ ўқимайди.

Аслида, ёлғон хабар яратиш, уни оммага етказиш – миш-миш ва ғийбат тарқатиш билан баробар. Оқибати ундан-да жиддий ва аянчли бўлиши мумкин. Ғийбатнинг зарари тор доира, қариндошлар, таниш-билиш билан чекланган, ижтимоий тармоқдаги бўҳтон эса хабар битта «клик» билан юзлаб, минглаб одамларга тарқалди деган гап!

Интернет, ижтимоий тармоқлар барча янгиликлар: ҳақиқат ва уйдирмани тарқатишнинг энг осон йўли бўлиб қолди. Кўплаб ахборот сайтларида такрорланадиган ёлғон маълумот асл ҳақиқатдан деярли фарқ қилмаяпти.

Уйдирмани ҳақиқатдан ажратиб олишнинг қийинлиги, охир-оқибат, барча демократик тузумларни шубҳа остига қўяди. Чунки бу умуман оммавий ахборот воситаларига бўлган ишончни сусайтиради. Токи баъзи сайтлар сохта янгиликларни тарқатиш билан банд экан, журналистика ва оммавий ахборот воситалари жамият олдида обрўсини йўқотаверади.

Интернет фойдаланувчиси маълумот тарқатишда зинҳор ҳушёрликни йўқотмаслиги керак. Хабарни текширишнинг энг ишончли воситаси соғлом фикрдир. Бунинг учун ҳар ким ақли, тафаккурини ишлатиши керак.

Шунингдек, маълумот ҳаққоний эканини аниқлашингизга қуйидагилар ёрдам беради:

1.    Манбани ўрганиш: хабарни эълон қилган сайт ўзи ишончли эканига амин бўлинг.

2.    Тармоқдаги ресурс манзилини (URL-манзил) текшириш: домен номини ҳар ким сотиб олиши мумкин ва бу ҳақиқий веб-сайтга ўхшаш сайт бўлиши мумкин.

3.    Матн сифати, услуби: ёлғон маълумотлардан иборат материаллар доим ҳам профессионал медиаресурслар талабларига мувофиқ ёзилмайди ва таҳрир қилинмайди.

4.    Оммалашишни кузатиш: муҳим маълумотлар деярли бир пайтда кўплаб сайтларда эълон қилинади. Бир хил хабарни нашр этадиган ресурслар қанчалик кўп бўлса, унинг ишончлилик эҳтимоли шунчалик юқори бўлади.

5.    Саналарни текшириш: тўқима матнларда даврийлик, далиллар кетма-кетлигини кузатиш қийин ёки воқеалар узвийлиги бузилган бўлади.

Ёлғон хабар тарқатиш, унинг орқасидан кимгадир зарар етказишда иштирок этмаган одам кейинчалик виждон азобига ҳам қолмайди. Бунинг учун онгли равишда ҳаракат қилсак бўлгани. Ўқиган ҳамма манбаларимизни танқидий таҳлил этмоғимиз ва фақатгина ишончли, ишонарли, бошқаларга фойдаси тегадиган маълумотларни ёйишимиз керак.

Замондошим, диндошим! Сохта янгиликлар тарқатувчиси бўлманг! Бугунги кунда дунё муаммоларини ҳал этишда сизнинг қўшадиган энг катта ҳиссангиз шу бўлар, балки.

Манба: Muslim Village

Абу Муслим таржимаси