loader
Foto

Сохта дин

Ушбу филмда уларнинг «сир»и маъносини етказадиган бир нечта қаҳрамонлар бор ва улардан бири улар айтган ҳамма нарса муқаддас матнларда ёзилган эканлигини айтади, аммо биронта иқтибос келтирмайди.

Аксарият ҳолларда мен улар эълон қилган ва бирор муносабат билдирган нарсалардан иқтибос келтираман.



I



«Ҳаммамиз битта қонун бўйича яшаймиз». Йўқ, албатта, ҳаттоки инсоний жамиятнинг умумий қонунларини оладиган бўлсак ҳам, инсонлар турли мамлакатларда турли қонунлар бўйича яшашади. Австрияда, агар одатдагидан бир оз кўпроқ вақт давомида аёлга қарайдиган бўлсангиз, жинсий шилқимлик учун жалб қилинишингиз мумкин, лекин шу мамлакатнинг ўзида эркаклар ва аёллар биргаликда буғхонада (яланғоч ҳолда) ўтирадиган ҳаммомлар мавжуд, Саудия Арабистонида бошқа қонунлар, АҚШда учинчи турдаги қонунлар амал қилади. Фуқаролар бажариши шарт бўлган давлат қонунлари бор, шунингдек, қалб даъвати билан бажариладиган, ички диний қонунлар мавжуд, масалан, рўза тутиш. Дунёвий давлатни сиз қандай даъватга амал қилишингиз ёки «ҳалол» дўконлар қизиқтирмайди, бу билан унинг ҳеч қандай иши йўқ. Сиз Аллоҳга, Қиёмат кунига, фаришталарга ишонасиз ва Унинг олдида жавоб берасиз, буларнинг барчаси мавжудлигини ким исботлай олади? Ҳеч ким! Фақат мавжуд бўлмаган нарсаларга ишониш мумкин. «Инсон ўз онги билан тушуниши мумкин бўлган ҳамма нарсага эриша олади» (Клемент Стоун). Инсон онги йўқ нарсани тушуниши мумкинми?

Бутун филм давомида асосий сатр бўлиб «тортиш» ҳақида фикр ўтади. Ва у муваффақиятга эришишнинг асосий воситаси ҳисобланади. Агар муваффақиятга эришишни истасангиз, бу ҳақида ўйланг, бу маконни, «тортиш қонуни»ни тортинг, агар бирон нарсага эришишни истасангиз, бу истакни «тортинг», ўн йилдан кейин уй, яхши машинага эга бўлини мақсад қилиб қўйинг. Уларнинг координата тизимида иккита туйғу бор: ижобий ва салбий, агар сиз ўзингизни яхши ҳис қилсангиз, демак, тўғри йўналишдасиз, ёмон ҳис қилсангиз, унда сиз хато қилаётган бўласиз. Ижобий фикр салбий фикрдан 100 марта яхшироқдир. Фикрларингизни танлаб олишни бошланг. Сиз – ўз ҳаётингизда учун Микеланжелосиз! Энди сизга ажойиб сирни айтиб берамиз. Сиз ҳамма нарсани автоматик равишда жалб қиласиз. «Онгингизни ўзгартириб, сиз ўз Коинотингизни ўзгартирасиз» (Уинстон Черчилл).



II



Ижобий ҳис-туйғуларга эга бўлиш учун ўзингиз ёқтирган яхши мусиқани қўйинг ёки болангизни ўйланг, макон эса жавоб беради ва сиз бу туйғуни жалб қиласиз ва биз ажойиб натижага эришамиз. Шогирдларингизга муҳаббат ҳисси сизда улкан муҳаббат ҳиссини пайдо қилдиради. Бу сирни қўллашни бошлаганингиздан кейин ҳаёт ажойиб бўлади. Оловуддиннинг сеҳрли чироғи ҳақида ҳикоя қиладилар-ки, у ерда жин ҳар доим: «Буюринг, амрингизга мунтазирман!» дейди ва учта тилакни бажаришга тайёр бўлади. Бу ҳолатда коинот Яратгувчи ролида иштирок этади, улар ҳар қандай тарзда ҳам «Худо» сўзини ишлатишдан қочишади.

Сиз хоҳлаган нарсангизни сўрашингиз керак. Коинот сиз хоҳлаган нарсани эшитмайди, у сизнинг фикр ва образларингизга жавоб қайтаради. Нимани истасангиз – шуни ёзинг, чизинг. Инсон ҳар доим ниманидир хоҳлайди, чунки у тўсатдан бирор нарса юз беришидан қўрқади. Суғурта компаниялари асосан шунда, инсон қўрқувида ишлайди. Улар ўзларининг машҳур, аллақачон афсонага айланиб кетган, бир киши ўз ҳаётини суғурта қилдиргани ва эртаси куни автоҳалокатда ҳалок бўлгани ҳақидаги воқеани ҳикоя қилишни бошлайдилар. Суғурта унинг оиласини кутилмаган харажатлардан қутқаради. Уларнинг координаталар тизимига кўра, бу суғурта билан одам беихтиёр ўлимни жалб қилгани ажойиб мисол.

Кейин эса яқин 20 йил ичида амалга ошириш истагида бўлган орзулар ҳақида ёзинг.

Шу ерда бир бойвачча бахт излаб, бунга 35 йил сарфлагани ҳақидаги воқеани айтиб беришни лозим топдик. Унинг омади бор экан, ҳали тирик ва лабини қимирлатмасдан гапиряпти. У Ибицада тўрт йил яшаган, барча диний амалиётларни ўтаган, буддистлар монастирларида яшаб, ҳамма нарсани синаб кўрган ва шундай хулосага келган: «Ер юзида бахт йўқ». Бу тўғри ҳам! Чунки у, худди виждон каби, эзгулик каби ва ҳоказо каби кодлаштирилмаган. Бир киши учун эрта тонгда бир қадаҳ Абсолют арағи ва унинг ортидан бодринг тузланган сув ичишнинг ўзи энг катта бахт, бошқа бир, масалан, совуқ урган ва цингадан тишлари тўкилиб тушган одам учун Шимолий қутбга етиб боришнинг ўзи бахт. Бир киши учун бахт бўлган нарса бошқа киши учун аҳмоқлик бўлган миллионлаб мисолларни келтириш мумкин. Жамаҳирия раҳбари Қаддафийнинг ўз халқи учун қилган ишларини мисол қилиб келтиришдан тўхтамайман:



— бепул таълим ва тиббиёт;

— ҳар бир оила аъзоси учун давлат томонидан тўланадиган 1000 $;

— ҳар бир туғилган чақалоққа 7000 $;

— янги турмуш қурган келин-куёвга квартира харид қилиш учун бериладиган 64 000 $;

— шахсий бизнес очиш учун 20 000 $ моддий ёрдам;

— йирик солиқлар ва йиғимлар тақиқланганлиги;

— квартира тўлови йўқ, электр энергияси текин;

— чет элда маълумот олиш ва стажировка давлат ҳисобидан;

— бензин нархи сувдан арзон.



Ва ҳоказо ва ҳоказо.



Нима билан тугаганини ҳаммамиз жуда яхши биламиз. У ғарб тамаддунига интеграцияни истади. Жаҳон тизими харизматикларни нафақат киритмайди, балки уларни йўқ қилиб юборади ҳам. Лекин асосийси, унга Аллоҳнинг ваҳийлари камлик қилди, у ўз фуқаролари учун хулқ-атвор меъёрлари белгилаб қўйилган «Яшил китоб» чиқарди.



III



«Коинот» худди автострадага ўхшаб кетади, сиз бу йўлдан учиб ўтасиз ва хоҳишлар чақирасиз, агар сизга BMW X 10 машинаси керак бўлса – пайдо бўлади, агар сизга бирон киши керак бўлса, кутилмаганда пайдо бўлади. Агар сизга китоб керак бўлса, айнан қандай китоб керак? Аллоҳнинг ваҳийси бор, агар сен диндор бўлсанг ва тақдирга ишонсанг, бу автострадада бошқа бир йигит пайдо бўлиши мумкин, худди нариги томонда қизил чироқ унинг учун яшил чироқ бўлган бошқа бир йигит борлиги сабабли светофорнинг яшил чироғига ҳадеб тўхтайверган йигит ҳақида латифадаги каби. Йигитлар ҳақида гап кетдими, муваффақиятлар ва ғард қадриятларига сиғинадиган шахс орзу қилиши мумкин бўлган ҳар қандай нарсалар тимсоли бўлган Шумахерни ёдга олиш ўринли. Унинг ҳамма нарсаси бор эди: пули ҳам, шуҳрати ҳам, оиласи ҳам, болалари ҳам. Ўйлайманки, у асло ногирон бўлиб қолиш истагини жалб қилмаган, лекин мана олти йилдирки, тўшакка михланиб ётибди. Бир маромдаги, хотиржам, кўп йиллар олдинга режалаштириб қўйилган ҳаёт кечираётганди. У хайрия жамғармалари ташкил қилди, очликдан қийналаётган Африка аҳолиси, камбағал, онкологик касаллар ва ҳ.к. учун маблағ тўплаш мақсадида кўплаб футбол учрашувларида шахсан иштирок этди. Декабрнинг қуёшли кунларидан бирида у француз Алп тоғларида тоғ чанғисида учиб юрганида қор остидаги машъум тошни кўрмай қолди ва фожиа юз берди. Унинг ҳимоя қалпоғи зарбадан учиб, парчаланиб кетди. Биз унинг тезроқ соғайиб кетишини тилаймиз. 10, 20, 50 йил учун режалар тузиш керакми? Ахир биз ҳеч нарсани билмаймиз, буни фақат У - Яратувчи билади!



IV



Яна бир иқтибос: «Бизнинг ҳаётимиз фикрларимиз натижаси ҳисобланади». Ажойиб! Агар сен Худога ишонсанг! Унинг ваҳийларига, Қиёмат кунига, фаришталарга ишонсанг, муҳтожларга ёрдам берсанг, рухсат этилган ва тақиқланганни фарқлай олсанг, пулга сажда қилмасанг, бутун дунё сен ҳақингда гпиришни бошлайдиган даражада пул топишни мақсад қилиб қўймасанг. Ахир, XVIII асрнинг бошларида, машиналар пайдо бўлиши ва қўшимча қиймат олиш билан бошланган Ғарб олдида мусулмон тамаддунининг «мағлубияти» сабаби нимада? Бунинг сабаби Англиядаги саноат инқилоби ва Ислом томонидан қатъиян тақиқланган судхўрлик капитали билан боғлиқ. Яна бир муҳим жиҳат: мусулмонлар аҳоли жон бошига қанча керак бўлса, шунча ЯИМ ишлаб чиқарганлар. Машина ёрдамида ишлаб чиқаришнинг пайдо бўлиши ва ишлаб чиқариш воситалари эгалари томонидан қўшимча фойда олиш учун ёлланма ишчи кучидан фойдаланиш мувозанатни кескин ўзгартириб юборди (бу ҳақида К. Маркс  «Капитал» асарида анча муфассал фикр юритган).

Буларнинг барчаси пировардида иқтисодиётда ғарб тамаддуни етакчилик қилишига олиб келди, янада каттароқ фойда олиш илинжидаги пойгада улкан миқдордаги маблағлар пайдо бўлганда эса бозорларни эгаллаб олиш, ҳудудларни кенгайтиришга интилиш бошланади. Хавфсизликни таъминлаш учун эса яхши қуролланган армия керак. Бу ва бошқа сабаблар тўплами Усмонийлар салтанати таназзулига ва мусулмонлар тамаддуни субъектлилигини йўқотишга олиб келди.



V



Давом эттирамиз: «Бу ҳаётда нима учун миннатдор эканингизни қоғозга ёзинг. Сиз ўзингизда бор бўлган ҳар бир нарса учун миннатдор бўлишингиз лозим». Яна саратон касалига чалинган шахс ҳақида воқеани ҳикоя қилишади ва «учта миннатдорлик тоши» жўнатишни сўрашади. Бир неча юзлаб тошлар тўпланади ва беморнинг ҳолати яхшиланади. Доимий «визуаллаштириш» талаб қилинади. Визуал мотор репетицияси. Сиз визуаллаштирганда – моддийлаштирасиз. Онг тасаввур қилинадиган нарсани кўрмайди. Агар сиз Коинотга ишонсангиз, у сиз кутмаган нарсаларни ҳам қилади».

Бу сафар мен Apple асосчиси Cтивен Джобсни ёдга оламан, у бутун ҳаёти давомида севимли иши билан шуғулланган, энг илғор ахборот технологиялари унинг қўлида бўлганлиги ҳақида эса индамай қўя қоламиз. Ихтиёрида бўлган юзлаб миллиард доллар унинг ўлими олдида кучсиз бўлиб чикди. Ўлим бу – Аллоҳ Таолонинг исботидир. У биз уни асло кутмаётган пайт келади. Бизнинг вақтимиз қачон тугашини Яратувчи белгилаб беради. Эътиқоднинг маъноси шундаки, бизнинг онгимиз уни англаб ета олмайди. Худо - трансценденталдир. Биз шунчаки Унга, тақдирига ишонамиз. Йўқ бўлиб кетган тамаддунлар ва улар шу пайтгача фойдаланган технологиялар, агар америкаликларга ишонадиган бўлсак, ойни ҳам бўйсундирган биз инсонларга қарам эмас. Худонинг мавжудлигига ишонмай қўйганидан сўнг, бу тамаддунлардан ҳатто асар ҳам қолмаган.



VI



Мана энди ушбу асарнинг сўнгги панд-насиҳатлари: «Биз Коинотни яратувчилармиз! Дунё - фаровонлик ва ижобийлик оқимидир». Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, инсоният тарихининг сўнгги 5000 йили давомида атиги 30-40 кун ҳеч қандай уруш бўлмаган. Бутун тамаддун тарихи қонга асосланган бўлиб, бу ҳомо сапиенс табиатининг моҳиятидир. Инсон пайдо бўлишининг илоҳий тарихи шу билан боғлиқки, у лойдан бино қилинган ва унга рух берилган. Ҳаёт давомида мазкур руҳ билан инсоннинг «лой» моҳияти ўртасида шафқатсиз кураш боради.

Банклар мобил телефонларга қўнғироқ қилиб, кредит таклиф қиладилар. Буни ҳаром деб ҳисоблайдиганлар учун ҳам тузоқлар ўйлаб топилган: 50-90 кун муддатга бўлиб-бўлиб қайтариш шарти билан фоизсиз пул берилади, пулни қайтариб беришга улгурмасдан хонавайрон қиладиган фоизлар эълон қилинади. Айниқса, учинчи гуруҳ (вайшьи) вакиллари, пул ишлаб топиш билан бевосита боғлиқ бўлган савдогарлар ва ҳунармандларга бу парадигмадан чиқиб кетиш қийин бўлади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари учун, уларнинг сўзларига кўра, энг оғир синов бу – пул ва ҳукумат билан синалишдир. Биз бу дунёда фақат синовда бўламиз ва ер юзида жаннат яратишга уринишлар ҳар доим фожиа билан якун топган.

***

Достоевскийнинг қаҳрамонларидан бири айтганидек: "Агар Худо бўлмаса, демак, ҳамма нарса рухсат этилган". Инсон ақл билан иш кўришига умид қилиш, ҳеч муболағасиз, енгилтакликдир. Бу Ларс фон Триернинг "Жек қурган уй" филмининг қаҳрамони омадсиз меъмор сифатида ўз Коинотини жасадлардан эмас, балки қурилиш материалларидан қуришни бошлашини кутиш билан бир хил демакдир.

Алий ХАСАНОВ

Абу Муслим таржимаси