loader
Foto

Айюб алайҳиссалом – сабр-тоқат ва бардош намунаси

Қуръони каримда аниқ айтиб қўйилганки, бола-чақа ва мол-мулк – бу ҳаётнинг зийнати  ва биз уларга нисбатан муҳаббат билан синаламиз: «Мол-мулк, бола-чақа ҳаёти дунё зийнатидир. Боқий қолгувчи солиҳ амаллар Роббинг ҳузурида савоб ва умид жиҳатидан яхшироқдир»  (Каҳф сураси, 46).

Пайғамбарлар тарихидан Худо қандай қилиб турли халқларни соғлиқ ва бойликдан маҳрум қилиш, қашшоқлик орқали қандай синаганини кўришимиз мумкин.

Аллоҳ таоло маълум қиладики, сабр-тоқат ва тавба қилиш – абадий ҳаётнинг калити, шу сабабли синовларни қабул қилиш ва улар учун Худога миннатдор бўлиш – ҳақиқатда мустаҳкам эътиқоднинг белгисидир.

Лекин шунга қарамай, инсоният Аллоҳнинг хабарларини қабул қилиш учун курашда бўлиб, кўплаб халқлар унда мағлуб бўлган. Пайғамбар Айюб алайҳиссалом тарихи бизга, бир киши мисолида, ушбу кураш ҳақида ҳикоя қилиб беради.

Қуръони карим Айюб қандай қилиб даъват қилгани ҳақида, халқи унинг огоҳлантириши ва панд-насиҳатларини қандай қабул қилгани ҳақида ҳеч нарса демайди. Худди шу тарзда,  у Айюб алайҳиссаломнинг халқи тақдири ҳақида ҳам ҳеч нарса демайди. Бироқ Қуръони карим Айюб алайҳиссаломнинг сабр-тоқати ҳақида ҳикоя қилади. Аллоҳ Айюб алайҳиссаломни мақтайди:

«Биз уни сабрли топдик. У қандай ҳам яхши банда. Албатта, у ўта қайтгувчидир» (Сод сураси, 44).

«Айюбнинг сабри» ҳақида насронийлар кўп хотирлайди. Шуниси қизиқки, мусулмонлар ҳам унинг бу жиҳати ҳақида гапирадилар, чексиз бало ва офатлар олдида сабр-тоқатли бўлишга интиладилар.

Х асрда машҳур ислом уламоси Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ Айюб алайҳиссалом ҳақида ўз даврида сақланиб қолган барча кам сонли маълумотларни тўплади. Шундай қилиб, қуйида келтирилган Аюб алайҳиссалом тарихи Қуръони каримга, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳақида саҳиҳ ҳадислар ва Ибн Касирнинг «Пайғамбарлар тарихи»га асосланади.

Муаммолар ва синовлар

Айюб алайҳиссалом Нуҳнинг авлоди бўлган: «Ва Биз унга Исҳоқни ва Яъқубни бердик. Барчаларини ҳидоят қилдик. Бундан олдин Нуҳни ҳам ҳидоят қилган эдик. Ва унинг зурриётидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо, Ҳорунни (ҳам ҳидоят қилдик). Чиройли амал қилувчиларни ана шундай мукофотлаймиз» (Анъом сураси, 84).

У Аллоҳни севарди, унга ибодат киларди, сабр-тоқатли, тартибли ва олижаноб бўлган.

Иблис фаришталарнинг Айюб алайҳиссалом ўз авлоди орасида энг яхши эркак эканлиги ҳақида гаплашаётганларини эшитиб қолади. Унинг қоп-қора қалбини ҳасадгўйлик ва қаттиқ ғазаб эгаллади. У Аюбни яхшиликдан узоқлаштиришга, уни Худога ишонмасликка ва бузуқликка етаклашга қарор қилди. Иблис Аюб алайҳиссаломни ибодатлардан чалғитишга уриниб кўрди, лекин у қатъиятли бўлиб, фикрини бир ерга тўплаган ҳолда бор вужуди билан ибодат қилишда давом этди.

Бундан иблиснинг янада қаттиқ жаҳли чиқди, у Аллоҳга шикоят қилиб, Айюб алайҳиссалом Аллоҳ таоло унга бойлик ва мол-мулк бергани сабаблигина унга зўр бериб ибодат қилишини айтди. Шунда Аллоҳ таоло  иблисга ва унинг гумашталари Айюб алайҳиссаломнинг мол-мулкини йўқ қилишига имкон берди, лекин Айюб динини тарк этмади ва Аллоҳ таоло ўз хоҳиши билан мол-мулк бериш ёки олиб қўйишга қодир эканлигини тан олди.

Иблиснинг режалари амалга ошмади ва у яна-да қаттиқ ғазабланди. У яна Аллоҳга мурожаат қилиб, ҳар қандай кулфат рўй берганда Айюб алайҳиссаломнинг оиласи унга таянч бўлишини айтди. Иблис ва унинг гумашталари Айюбнинг уйини вайрон қилдилар, бу ерда унинг болалари ҳам ҳалок бўлди.

Айюб алайҳиссалом яна Аллоҳдан таскин топди ва бу синовни ҳам ҳеч қандай шикоятсиз қабул қилди. Шунда иблис бир қария қиёфасига кириб олиб, Айюб алайҳиссаломнинг олдига келди. Қария Айюб алайҳиссаломга раҳми келгандай бўлиб, унинг иймони ва ибодатлари мукофотсиз қолганлигини айтди, лекин Айюб алайҳиссалом Худо "баъзан бериб туради, баъзан тортиб олади", деб жавоб берди ва нима бўлганда ҳам Яратувчидан рози бўлди.

Иблис жим бўлиб қолди, лекин у яна-да кучли ғазабланди. У Аллоҳ таолонинг олдига қайтиб, Айюб алайҳиссалом соғлом ва кучли эканини, шунинг учун у бойлик орттириши ва бошқа болалар туғдириши мумкинлигини айтди. Иблис Айюб алайҳиссаломнинг соғлиғини йўқ қилиш учун рухсат сўраганди. Бунга у рухсат олди, лекин аввал Айюб алайҳиссаломнинг қалбига, юрагига ва ақлига таъсир этиши шарт қилинди.

Шундай қилиб, Аллоҳ таолонинг иродаси билан Шайтон ва унинг гумашталари Айюб алайҳиссаломнинг танасини ҳолдан тойдиришга киришдилар. Кўп ўтмай, ундан фақат териси ва суяклари қолиб, қаттиқ оғриқларга дуч келди. У касалликка чалинди, шунда одамлар ундан юз ўгириб, қариндош-уруғлари ва дўстлари ундан қоча бошладилар. Фақатгина хотини у билан бирга эди, сариқ чақаси ҳам бўлмаса-да, унга ғамхўрлик қилди ва жуда меҳрибон бўлди, уйга бир бурда нон топиб келиш учун хизматкорлик қилишга мажбур бўлди.

Аммо бу кулфатларга қарамай, Айюб алайҳиссалом Худога содиқ қолди. У доимо Худони эслаб, ҳеч қачон шикоят қилмади ва умидсизликка тушмади. У катта  бахтсизликлар учун ҳам Худога шукрона айтарди.

Шайтон мағлуб бўлди, энди у Айюб алайҳиссалом учун бошқа васваса топа олмай қолди ва унинг хотини орқали ҳаракат қилишга қарор қилди. У эркак киши қиёфасига кириб, ўтмишдаги кунларини, ёрқин ва осойишта ҳаёт кечирганини эслатди. Айюб алайҳиссаломнинг рафиқаси йиғлаб юборди ва Айюб алайҳиссаломга қараб шундай деди: «Худойингдан сўра, бизга бераётган азобларини тўхтатсин».

Айюб алайҳиссалом маюсланиб, хотинига Худо уларга бойлик, фарзандлар ва соғлик билан барака бериб, ўн йиллар давом этган бахтли ҳаёт кечирганликларини эслатди ва азоблар нисбатан яқинда бошланганини айтди. У Худодан азоб-уқубатларини тўхтатишни сўрашга уялишини айтди, хотинини соғлиғи қайтиб келса, унга юз марта калтак уришини айтди. Аммо Айюб алайҳиссаломнинг меҳрибон хотини тасалли топмади, у тескари ўгирилиб кетди. Айюб ўзини ожиз ва ночор топиб, Худога мурожаат қилди, лекин шикоят қилиш учун эмас, балки Унга раҳм қилишни сўраб дуо қилди:

«Ва Айюбнинг ўз Роббига нидо қилиб: «Албатта, мени зарар тутди. Сенинг Ўзинг раҳмлиларнинг раҳмлигисан!» деганини эсла. Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик. Унга етган зарарни кетказдик. Унга аҳлини, улар билан бирга яна шунчани ҳам бердик. Буни Ўз раҳматимиз ила ва, обидларга эслатма бўлсин, деб қилдик» (Анбиё сураси, 83-84).

Аллоҳ унга бир лаҳзада соғлиғини қайтаради.

Хотини севикли эридан айрилиққа чидай олмади, шунинг учун у қайтиб келди ва уни соғайиб кетганидан ҳайрон бўлди. У Худога миннатдорчилик билдирди, лекин Айюб алайҳиссалом сўзларини эшитгач, ҳайрон қолди: хотинини уришга қасам ичганди, лекин уни хафа қилмоқчи эмасди, чунки у уни севарди. Худо садоқатли ва сабрли бандасини тинчлантиришни хоҳлади ва унга шундай маслаҳат берди:

«Қўлингга бир дастани ол-да, у билан ур. Қасамингни бузма» (Сод сураси, 44).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадислардан биламизки, Аллоҳ Айюб алайҳиссаломга мол-мулкни ҳам қайтариб берган. Айтишларича, Айюб алайҳиссалом бир марта ҳаммомга кирганида, Худо унга олтиндан қилинган чигиртка ёғдиради. Худо сабр-тоқати учун Айюб алайҳиссаломни сахийлик билан мукофотлади: соғлиги тикланди, оиласи қайтиб келди, улар кўпайишди ва у яна бойиб кетди.

Айюб алайҳиссалом тарихи Аллоҳга ибодат қиладиган ҳар бир киши учун ўзига хос эслатма бўлиб хизмат қилади: агар кимса Аллоҳнинг иродасига тўлиқ бўйсунадиган бўлса, албатта сабр-тоқатли бўлиши лозим. Намозларни вақтида адо этиш, рўза тутиш, ҳаётдаги қийинчиликларни енгиб ўтиш учун сабр-тоқатга эга бўлиш керак.

Бу дунёдаги ҳаёт – фақат синов ва бу синовдан ўтиш ва Жаннатга лойиқ бўлиш учун, Айюб алайҳиссалом каби сабр-тоқатли бўлишимиз керак.

Абу Муслим таржимаси