Аллоҳ таоло айтади: «Эй иймон келтирганлар! Сабр қилинг. Сабр ила ғолиб келинг» (Оли Имрон сураси, 200-оят).
«Маълум миқдор хавф, очлик ва мол, жон ва меваларни нуқсони билан сизларни синаймиз. Сабр қилувчига хушхабар беринг» (Бақара сураси, 155-оят).
«Сабр қилувчиларга беҳисоб ажрлар берилади» (Зумар сураси, 10-оят).
«Кимки сабр қилса ва кечирса, ана шу ниҳоятда қимматли ишлардандир» (Шуро сураси, 43-оят).
«Сабр ва намоз билан ёрдам талаб қилинглар. Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир» (Бацара сураси, 153-оят).
«Биз сизларни синаймиз, токи сизлардан мужоҳидларни ва сабр қилувчиларни билгунимизча» (Муҳаммад сураси, 31-оят).
Сабрга буюриш ва унинг фазлини баён қилиш борасидаги оятлар жуда ҳам кўп.
Шарҳ. Аллома Ибн Жавзий раҳматуллоҳи алайҳ «Эй иймон келтирганлар! Сабр қилинг. Сабр ила ғолиб келинг» ояти борасида қуйидагиларни айтадилар: «Бу оят намоздан кейин иккинчи намозни кутиш борасида нозил бўлган».
(исбируу) сўзи » (собрун) сўзидан олинган. Бунинг луғавий маъноси «кутиб туриш», «ушлаб туриш» дегани бўлади.
Истилоҳий маъноси «Қуръон ва суннатда нафсга хилоф экани баён қилинган нарсалардан нафсни тийиш».
Уламолар сабрни 3 га бўлишган:
1. Тоатга сабр қилиш.
Аллоҳ таоло ва У Зотнинг Расули қайси бир ишга ҳукм қилган бўлса, у нафсга машаққатли бўлса ҳам унда бардавом бўлишдир.
2. Маъсиятларга сабр қилиш.
Аллоҳ ва У Зотнинг Расули қайтарган нарсалар нафсга қанчалар ёқимли ва лаззатли бўлмасин ундан тийилишдир.
3. Мусибатларга сабр қилиш.
Ҳар қандай мусибат етганда ҳам жазавага тушмаслик.
Аллома Қатода раҳматуллоҳи алайҳ: «Сабр деганда Аллоҳ таолонинг тоатига сабр қилиш тушунилади», деганлар.
Аллома Калбий раҳматуллоҳи алайҳ: «Сабр деганда, бало ва мусибатга сабр қилиш тушунилади», деганлар.
(собируу) сўзи ҳам (собрун) сўзидан олинган. Бунинг маъноси, «Душманнинг қаршисида собит қадам туринглар», дегани бўлади.
Демак, (исбируу) умумий сабр қилишни ифодалайди. (собируу) эса хос (яъни уруш майдонида) сабр қилиш бўлади.
Кейинги оятда Аллоҳ таоло: «Маълум миқдор хавф, очлик ва мол, жон ва меваларни нуқсони билан сизларни синаймиз. Сабр қилувчига хушхабар беринг», деб марҳамат қилган (Бақара сураси,155-оят).
Бу ояти каримадаги мақсад Аллоҳ таоло оятда зикр қилинган нарсалар билан уммати Муҳаммадияни имтиҳон қилишдир. Аллоҳ таоло Ўз бандаларини шу мусибатларга сабр қиладими ёки йўқми, деб синаб кўради.
Демак, бандага ана шундай мусибатлар етган вақтида сабр қилиши лозим бўлади.
Оятда «шайин» сўзи номаълум сийғада келтирилди. Бу эса Аллоҳ таоло бандаларни синайдиган нарсалари кўп эканлигига далолат қилади.
Оятдаги «мин» сўзи баён қилиш учун келтирилди. Бу эса оятда зикр қилинган нарсалар ўша синовлардан айримлари эканига далолат қилади, ва бошқа синовлар ҳам бор, дегани бўлади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Оятдаги хавфдан мурод душманни қўрқинчи», деганлар. Баъзи муфассирлар «жууъ»дан мақсад «очлик», «қаҳатчилик» дейишса, баъзилари «рамазон рўзасидаги очлик», дейишган. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ: «Оятдаги молларни камайтиришдан закот, садақалар ва ушр бериш (экинлардан чиққанини ўндан бирини бериш) назарда тутилади. Чунки улар билан ҳам мол камаяди», дейдилар.
Уламолар: «Нафс»дан мақсад «нафсга бериладиган касалликлар».
«Мевалар»дан мақсад «фарзандлар», дейишган. Яъни фарзандларини вафот эттириш билан синаш бўлади. Чунки улар ҳам қалбларнинг мевасидир.
«Сабр қилувчига хушхабар беринг», яъни барча синовларга сабр қиладилар. Шу сабрга савобни ният қилинглар. Ўша сабр учун ажр-савоб берилади. Мана шундай кишиларга хушхабар беринг.
Кейинги оятда: «Сабр қилувчиларга беҳисоб ажрлар берилади», деб марҳамат қилинди. Оятдаги «беҳисоб»дан мақсад сабр қилувчиларни савоб-ажрларини ҳеч бир нарса билан ўлчаб қиёслаб, бўлмайди, деганидир.
Бир ривоятда Қатода розияллоҳу анҳу Анас розияллоҳу анҳудан, у зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидагиларни айтадилар:
«Қиёмат куни бандаларнинг амаллари тортиладиган адолат тарозиси ўрнатилади. Шунда садақа қилувчилар келади. Уларнинг амаллари тортилиб, савоб берилади. Шунингдек, барча ибодат қилувчиларнинг амаллари тарозига тортилиб, ҳисоб қилинади. Сўнгра бало-мусибатларга сабр қилувчилар келтирилади. Уларнинг амаллари тортилмайди. Балки уларга беҳисоб ажр-савоблар берилади. Шунда Аллоҳ: «Сабр қилгувчиларга беҳисоб ажр берилади», деб айтади. Дунёда офиятда (синов, мусибат ва қийинчиликлар кўрмасдан) яшаганлар «Кошки бизларнинг баданларимиз қайчиларда кесилганида эди ва шунга сабр қилиб, бу ажр-савобларга эга бўлганимизда эди», деб орзу қиладилар».
Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ: «Сабр қилувчилардан мақсад дунёнинг мусибатларига, ранжу-аламларига сабр қилувчилардир», деганлар.
Баъзи муфассирлар: «Сабр қилувчилардан мақсад - маъсиятлардан ўзларини тийганлар», дейдилар.
Аллома Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам иккинчи маънони ихтиёр қилганлар.
Кейинги оятда: «Кимки сабр қилса ва кечирса, ана шу ниҳоятда қимматли ишлардандир», деб марҳамат қилинган (Шуро сураси, 43-оят).
Оятдан мақсад, ким золимнинг зулмига сабр қилса, ундан қасос ва ўч олмаса, балки уни авф қилса, у инсонларнинг энг афзали бўлади.
Уламолар интиқом олмаслик қачон афзал, сабр қилиш қачон афзаллигини баён қилганлар.
1. Қайси бир ўринда золимдан интиқом олмаслик унинг зулмини янада кучайтириб юборса, ундан интиқом олиш афзал ҳисобланади.
2. Агар зулм қилувчи ўзининг зулмидан пушаймон бўлса ва бошқа зулм қилиш эҳтимоли бўлмаса, бу ўринда уни авф қилиш афзал ҳисобланади.
Аллома Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ шу ўринда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг воқеаларини келтирадилар: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида Абу Бакр розияллоҳу анҳуни бир киши қаттиқ ҳақорат қила бошлади. Бошида Абу Бакр розияллоҳу анҳу анча вақт жим туриб эшитдилар. У одам сўкишда ҳаддидан ошгандан кейин унга маълум бир сўзлар билан жавоб қайтардилар. Шу вақт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мажлисдан туриб кетдилар! Кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳу у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Қаерга кетяпсиз?» деб сўра-дилар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен жим турганингда фаришталар сен томонингдан унга жавоб бераётган эди. Сен жавоб берганингда эса, фаришталар кетиб қолди. Эй Абу Бакр! Аллоҳ таоло кимгаки зулм қилинганда уни авф қилса, унинг иззатини янада оширади. Ўзи тарафдан бир ёрдамчи юборади», деб марҳамат қилдилар.
Кейинги оятда: «Сабр ва намоз билан ёрдам талаб қилинглар. Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир», деб марҳамат қилинган (Бақара сураси, 153-оят).
Бу оятда ҳар қандай мусибат ва қийинчиликларни кетказувчи нарса сабр ва намоз эканлиги баён қилинмоқца. Бир ривоятда келадики, қиёмат кунида «Сабр қилувчилар қаерда?» деб нидо қилинади. Шу вақтда уч хил сабр қилувчилар ҳам туради. Улар жаннатга беҳисоб киритилади.
Оятда барча ғам-ташвишларни кетказувчи иккинчи нарса намоз, дейилмоқда. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир мусибат бўладиган бўлса, дарҳол намоз ўқир эдилар. Бошқа пайғамбарлар ва саҳобаларнинг одатлари ҳам шундай эди.
Кейинги оятда: «Биз сизларни синаймиз, токи сизлардан мужоҳидларни ва сабр қилувчиларни билгунимизча», деб марҳамат қилинди (Муҳаммад сураси, 31-оят).
Ушбу оят борасида савол туғилиши мумкин: «Аллоҳнинг азалий илми барча нарсаларни билади. Бу ерда ким ростгўю, ким ёлғончилигини билиш учун имтиҳон қилишдан нима фойда?»
Бунга муфассирлар қуйидагича жавоб берадилар:
1- жавоб. Тўғри, барчаси Аллоҳга маълум. Лекин бандаларига билдириб қўйиш учун имтиҳон қилади. Яъни ким даъвосида рост-гўю, ким ёлғончи эканини билдириш учун бўлади.
2- жавоб. Бу ердаги «билиш» сўзи «зоҳир бўлиш» маъносида келган. Яъни Аллоҳнинг илмида бор, энди шуни ростлиги бандаларга намоён бўлиши учун имтиҳон қилади. Сабрга буюриш ва унинг фазлини баён қилиш борасидаги оятлар жуда ҳам кўп.
Абу Молик Ҳорис ибн Осим Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Поклик иймоннинг ярмидир. Алҳамдулиллаҳ (сўзи) тарозини (савобга) тўлдиради. Субҳаналлоҳ ва Алҳамдулиллаҳ (сўзлари) осмон ва ернинг ўртасини тўлдиради. (Ҳадисдаги «тўлдиради» сўзи бирлик шаклида ёки иккилик шаклида келган. Ровийдан шак бўлган.) Намоз нур, садақа далил, сабр қилиш зиё ва Қуръон сенинг фойдангга ёки зарарингга ҳужжатдир. Ҳар бир инсон тонг оттираркан ўз нафсини савдо қилади: ё уни (бу савдода жаҳаннам азобидан) озод қилади ёки (ёмон иш қилиб) уни ҳалок қилади», дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Шарҳ. Баъзи муҳадддислар «Бу ердаги «иймон»дан максад намоздир». Чунки Қуръони Каримда ҳам «иймон» сўзи айтилиб, на-моз назарда тутилган ўринлар бор, дейишади.
Масалан:
«Аллоҳ иймонларингизни зое қилмайди» (Бақара сураси, 143-оят) ояти бор. Ушбу оятдаги «иймон»дан мурод намоз. Шунда ҳадиснинг маъноси: «Поклик намознинг ярмидир», дегани бўлади.
«Иҳёу улумиддин» китобида: «Поклик»дан мақсад зоҳирий аъзоларга сув оқизиш билан бирга қалбни ҳам риё, кибр каби разил хислатлардан поклаш ирода қилинган», дейилган.
«Намоз нурдир» дейилишидан мақсад дунёда намоз уни ўқигувчига раҳнамолик қилади ва охиратда сирот кўпиригидан ўтишда нур бўлиб, йўл кўрсатади.
«Садақа далилдир». Бунинг маъноси, кишининг садақа бериши мўминлигининг аломатидандир.
«Сабр нурдир». Бунинг маъноси, сабр ҳам мўминнинг қуролидир. Сабр билан мўмин тўғри йўлда, динда оғишмасдан юради.
«Қуръон фойдангга ёки зарарингга ҳужжатдир». Яъни Қуръон ўз эгаси билан охиратда тортишади. Амал қилмагани учун унга қарши гувоҳлик беради. Бундан маълум бўладики, Қуръонни фақат ўқиб қўйиш нажот бўлмайди, балки амал қилиш ҳам зарур.
Бошқа бир маъноси шуки, агар банда Қуръонни ўқиб унга амал қилса, унга шафоатчи бўлади.
Ҳадиснинг ровийси Абу Молик Ашъарийдир. Бу зотнинг исмлари борасида ҳар хил гап бор. Баъзилар Амр деганлар ва ҳоказо. Бу зот машҳур саҳобийлардан бўлиб, ўзларининг қабилалари билан биргаликда Хайбар ғазотида мусулмон бўлиб кетганлар. Баъзи ғазотларда, ҳатто Видолашув ҳажида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлганлар. Шунинг учун хутбанинг баъзи қисмлари бу зотдан ҳам ривоят қилинган. Иккита ҳадислари «Саҳиҳи Муслим»да келтирилган, «Саҳиҳул Бухорий»да йўқ. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида вабо касалига чалиниб вафот этганлар.
Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ансорийлардан баъзилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (қўлларини ёзиб) сўрадилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга (сўраган нарсаларини) бердилар. Улар яна сўрадилар. Набий алайҳиссалом яна бердилар. Ҳатто ҳузурларидаги бор нарса тугади. Қўлларидаги ҳамма нарсани инфоқ қилганларида уларга: «Ҳузуримдаги бирор-бир яхши нарсани сизлардан беркитиб олиб қўймайман (яъни ҳаммасини сизларга бераман). Ким сўрашдан тийилса, Аллоҳ таоло уни иффатли қилиб қўяди. Ким беҳожатликни ихтиёр қилса, Аллоҳ таоло уни бой қилади. Ким сабр қилишга ҳаракат қилса, Аллоҳ уни сабрли қилиб қўяди. Бирор-бир кишига сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ совға берилмаган», дедилар» (Муттафакун алайҳ).
Шарҳ. Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саховатлари баён қилинмокда. Яъни ҳузурларидаги барча нарсани бериб юбордилар. Ана шундан сўнг насиҳат қиляптилар. Яъни кимки сўрашдан ўзини тиядиган бўлса, Аллоҳ таоло унинг заруратларини Ўзининг ҳузуридан тўлиқ бериб қўяди. Инсонларнинг ҳузурида қўл чўзмаслик бу фазилатли ахлокдир. Аллоҳ таоло ояти каримада:
«Билмаган киши иффатлари туфайли уларни бой деб ўйлайдилар», деб марҳамат қилган (Бақара сураси, 273-оят).
Кейинги жумлада «Кимки беҳожатликни ихтиёр қилса, Аллоҳ уни бой қилади», дедилар. Бунинг маъноси, қўлида ҳеч нарса бўлмаслиги мумкин. Лекин қалби Аллоҳга суянади. Бошқа бир ҳадисда: «Албатта, бойлик бу нафснинг бойлигидир»,(«Саҳиҳул Бухорий». Бойлик нафс бойлиги боби. 6446-ҳадис.) дейилади. Баъзи уламолар, бой киши Аллоҳга муҳтож бўлган кишидир, дейдилар. Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳеч кимга сабрдан яхшироқ ва кенгроқ нарса тортиқ қилинмаган»,(«Саҳиҳул Бухорий». Тиланчиликдан иффат қилиш боби. 1469-ҳадис.) дедилар.
Абу Яҳё Суҳайб ибн Синон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Мўминнинг иши қандай ҳам ажойиб! Унинг барча иши ўзи учун хайрлидир. Ана шу нарса фақатгина мўмин учун хосдир. Агар унга бир хурсандчилик етса, шукр қилади. Бу унинг учун яхшидир. Агар унга бир зарар етса, унга сабр қилади ва бу ҳам у учун яхшидир», дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Шарҳ. Инсоннинг имтиҳони икки ҳолатда бўлади: Унга хурсандчилик берилади. Шунда у Аллоҳни унутиб, хурсандчилик билан мағрур бўлиб қоладими ёки сабр қиладими?
Ҳадисда мўминнинг барча иши хайрли экани, унга хурсандчилик етганда шукр қилиши, зарар етганда эса унга сабр қилиши лозимлигини Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилдилар. Ҳатто Аллоҳ таоло пайғамбарларини ҳам шунга буюрган. Ояти каримада: «Улул азм пайгамбарлар сабр қилганидек сабр қилинг», деб марҳамат қилган.
Ҳадис ровийсининг исмлари Суҳайб, кунялари Абу Яҳё, оталаринг исми Синон, оналари эса Салмо бинту Қоит бўлган. Асл ватанлари Мавсил (Ироқ) тарафдаги Дажла дарёсининг ёнидаги бир қишлоқ бўлган. Оталари ва амакилари Кисро тарафидан волий қилиб тайинланган. Рум аскарлари ҳужум қилиб, Суҳайб розияллоҳу анҳуни асирга олиб кетиб, қул қилиб сотиб юборган. Дастлаб, Бану Калб қабиласи сотиб олган. Улардан эса Абдуллоҳ ибн Амжадхон деган одам сотиб олиб, озод қилган. Озод бўлганларидан кейин Маккада яшаганлар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даъватни бошлаганларида Аммор розияллоҳу анҳу билан келиб, биргаликда мусулмон бўлганлар. Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу Ислом сабабли жуда кўп азиятларни тотганлар. Маккадан ҳижратга рухсат берилганда бу зот ҳам йўлга чиқадилар. Мушриклар йўлларини тўсади. Шунда бор нарсаларини бериб қутулганлар. Бу ишлари бораси-да Қуръонда оят ҳам нозил бўлган. Бу зот моҳир мерган бўлганлар. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу ўз жанозаларини шу зот ўқишини васият қилганлар ва шундай бўлган. Умар розияллоҳу анҳу ушбу ровий борасида: «Агар мендан кейин халифани сайлаш маслаҳат қиладиганлар ихтиёрида бўлмаганида эди, Суҳайбни халифа қилардим», деганлар. Умар розияллоҳу анҳу касал бўлганларида у киши имом бўлганлар. Суҳайб Румийдан ҳадис китобларида ўттизта ривоят келтирилади. Учтаси «Саҳиҳи Муслим»да келтирилган. 72 ёшларида Мадинада вафот этганлар. «Жаннатул Бақиъ»га дафн қилинганлар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам (бемор бўлиб) оғирлашиб колганларида, қаттиқ машаққат у зотни ҳушларидан кетказди. Шунда Фотима розияллоҳу анҳо «Вой, отамнинг машаққати», дедилар . Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бугундан кейин отангга бирор машаққат (азият) бўлмайди», дедилар. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида Фотима розияллоҳу анҳо: «Эй отажон! Сиз Роббингизнинг чақириғини ижобат қилдингиз. Эй отажон! Фирдавс жаннати сизнинг маконингиз. Эй отажон! Биз Жаброил алайҳиссаломга ўлимингиз хабарини етказамиз», дедилар. У зот дафн қилинганларида Фотима розияллоҳу анҳо: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устиларига тупроқ тортиш кўнглингизга қандай сиғди?!» дедилар».
Шарҳ. Фотима разяллоҳу анҳо: «Вой, отамнинг машаққати», деб инсонийлик жиҳатидан айтдилар. Бундан маълум бўладики, ўлим вақтида инсонга тоқатсизлик машаққати бўлади. Ҳатто буни изҳор қилиш ҳам мумкин. Фақат шикоятга айланиб қолмаслиги керак. Ҳадисни охиридаги «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устиларига тупроқ тортишни нафсларингиз қандай сиғдирди?!» деган жумла бетакаллуф, меҳрибонлик сабабли Фотима розияллоҳу анҳо онамиздан чиқяпти. Яъни бу Фотима розияллоҳу анҳо онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни дафн қилинишларига норози дегани эмас. Чунки бу шариатнинг ҳукми, ҳеч ким мустасно эмас.
Ҳадисни шархдаган айрим олимлар шу ўринда Фотима онамизнинг қуйидаги шеърларини келтиради: «Мусибатлар ёмғири менга ёғдирилди. Агар бу кунларга ёғдирилганда эди, улар тунларга айланиб қоларди».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг озод қилган қуллари Зайд ибн Ҳорисанинг ўғли Абу Зайд Усома ибн Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. У (Усома ибн Зайд) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг севимли кишиси ва севимли бўлганнинг ўғли бўлган.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари у зотга: «Менинг ўғлим ўлим тўшагида, олдимизга келинг», деб хабар жўнатди. Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам салом йўллаб, айтдилар: «Албатта, олган нарсаси ҳам, бергани ҳам Аллоҳникидир. Унинг ҳузурида ҳар бир нарсанинг муайян вақти бор. Бас, сабр қилсин ва савоб умид қилсин». Шунда қизлари яна: «Қасам ичаманки, келинг», деб хабар юбордилар. Шундан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Убода, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит ва бошқа саҳобалар билан бирга турдилар. Сўнг болани Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қучоғига ўтказдилар. Ваҳоланки, бола жон талвасасида эди. Буни кўриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзларидан ёш окди. Шунда Саъд розияллоҳу анҳу «Ё Расулуллоҳ, бу нима?» дедилар. У зот «Бу Аллоҳ таолонинг ўз бандалари қалбига солиб қўйган раҳматидир», дедилар».
Бир ривоятда: «Бандаларидан хоҳлаганининг қалбига қўйган раҳматдир. Албатта, Аллоҳ бандаларидан раҳм қилувчиларга раҳм қилади», дедилар» (Муттафақун алайҳи).
(тақаъқаъу) сўзининг маъноси - «ҳаракатланади», «изтиробга тушади».
Шарҳ. Ҳадисдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Зайнаб розияллоҳу анҳо бўлган. Вафот этган ўғилларининг исми Алий ибн Абул Ос эди.
Ушбу ҳадисдан ўлим вақтида барча қариндошларнинг келиши зарур эмаслиги, балки унинг олдига Аллоҳга муқарраб инсонларнинг олиб келиниши яхши иш эканлиги маълум бўлади. Чунки яхши инсоннинг баракасидан жон чиқиши ҳам осон бўлади. Негаки, яхши инсонлар сабабли Аллоҳнинг раҳмати тушади ва улар гуноҳлар кечирилишига сабаб бўлади.
Бир киши ишониб қасам ичадиган бўлса, унинг илтимосига лаббай деб, қасамидан фориғ қилиш лозим экан.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари ёш тўкди. Демак, вафот этувчига йиғлаш инсоннинг табиатида бор нарса экан. Лекин дод-вой солиб, шариат доирасидан чиқишдан қайтарилади. Бундай ишлар Аллоҳнинг норизолигига ҳам сабаб бўлади.
Ровийнинг исмлари Усома, кунялари Абу Муҳаммад, лақаблари «ҳиббу Расулуллоҳ - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суюклиси», оталари Зайд, оналарининг исми Барака бўлган. Оталари Расулуллоҳнинг тутинган ўғиллари бўлган. Оналарини ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшлигида едириб-ичирганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Усома розияллоҳу анҳуни қаттиқ яхши кўрганлар. Ҳатто Макка фатҳ қилинган куни бу зотни Каъбанинг ичига олиб кирганлар. Усома розияллоҳу анҳуни бир қанча қўшинларга ҳам бошлиқ қилиб юборганлар. Умар розияллоҳу анҳу ҳам уларни қаттиқ яхши кўрганлар. Ҳатто бир ишни ўғиллари Абдуллоҳ билан Усомага топширганларида, ўғилларига икки минг беш юз, бу зотга уч минг маош тайин қилганлар ва: «Сен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Усомадан кўра маҳбуб эмас эдинг», деганлар.
Муовия розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида ҳижрий 54 йилда Мадинада олтмиш ёшларида вафот этганлар. Умумий 128 та ҳадис ривоят қилганлар. 15 таси муттафақун алайхдир. Иккитасини Бухорий ва 2 тасини Муслим алоҳида ривоят қилган.
Суҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан олдин ўтган (умматларда) бир подшоҳнинг сеҳргари бор эди. Сеҳргар қариб қолгач, подшоҳга «Мен кексайиб қолдим. Менинг ҳузуримга бирорта бола юборгин, унга сеҳрни ўргатаман», деди. Подшоҳ унга сеҳрни ўрганиш учун ёш болани юборди. (Сеҳргарнинг уйига борадиган) йўлда бир роҳиб бор эди. Бола унинг олдида ўтириб сўзларини эшитди, унинг сўзлари болани ўзига тортди. Қачонки, сеҳргарнинг олдига борса, у (роҳиб)нинг олдида ўтирадиган (унинг гапларини эшитадиган) бўлди. Шу сабабли сеҳргарнинг олдига (баъзан кечикса,) сеҳргар уни урарди. У буни роҳибга айтган эди, роҳиб «Агар сеҳргардан қўрқсанг, оилам ушлаб қолди дегин. Агар оилангдан қўрқсанг, сеҳргар ушлаб қолди, дегин», деди. Шундай кунларнинг бирида бола йўлда кетаётганида бир махлуқ одамларнинг йўлини тўсиб қўйган экан. Шунда у ўзига-ўзи: «Бугун сеҳргар билан роҳибнинг қайси бири афзаллигини билиб оламан», деди. У шундай деб, ердан бир тош олиб дуо қилди: «Аллоҳим! Агар Сенга роҳибнинг иши сеҳргарнинг ишидан афзал бўлса бу махлуқни ўлдиргин, токи одамлар ўтиб кетишсин!» Ва тошни отган эди махлуқ ўлди. Инсонлар ўтиб кетишди. Бола роҳибнинг олдига бориб воқеани айтиб берди. Роҳиб «Эй болам! Бугун сен мендан кўра афзалсан. Фикримча ишинг мана шу даражага етибди. Энди сен синовларга учрайсан. Агар бошингга бирор бало келса, мени ҳеч кимга айтма!» деди. Бола туғма кўрларни, песларни ва бошқа касалликларни даволай бошлади. Бу хабарни подшоҳнинг кўр бўлиб қолган надими эшитиб қолди. У боланинг олдига кўп ҳадялар билан келиб: «Агар мени тузатсанг, мана шу нарсаларнинг барчасини сенга бераман», деди. Бола «Мен тузатмайман. Аллоҳ тузатади. Агар сен Аллоҳга иймон келтирсанг, мен Аллоҳга дуо киламан. У сенга шифо беради», деди. адим Аллоҳга иймон келтирди. Бола дуо қилганди, Аллоҳ унга шифо берди. Сўнгра у худди аввалгидек подшоҳнинг олдига бориб, ўтирди. Подшоҳ сўради: «Кўзингни ким тузатди?». У: «Роббим (шифо берди)», деди. Подшоҳ «Мендан бошқа Роббинг борми?» деди У: «Менинг ҳам, сенинг ҳам Роббинг Аллоҳ!» деди. Подшоҳ уни тутиб азоблади. У азобга чидай олмасдан болани айтиб берганди, болани келтиришди. Подшоҳ унга «Эй болам! Сен сеҳрингнинг кучи билан туғма кўрларни, песларни тузатаётган эмишсан. Шундай-шундай ишлар қилаётган эмишсан?!» деди. Бола: «Мен ҳеч кимга шифо бермаяпман. Аллоҳ шифо бераяпти», деди. Подшоҳ уни азоблади. Охири у ҳам азобга чидай олмасдан роҳибни айтиб берганди, роҳибни келтиришди. Подшоҳ унга «Динингдан қайт!» деди. У бош тортди. Арра билан роҳибни бошини арралаб ташлашди, иккига бўлиниб кетди. Кейин подшоҳнинг яқинини келтиришди. Подшоҳ унга ҳам «Динингдан қайт!» деди. У ҳам қайтмаганди, уни ҳам арра билан бошидан иккига бўлиб ташлашди ва икки томонга юмалади. Сўнгра болани келтиришди. Унга ҳам «Динингдан қайт», дейилди. У бош тортди. Подшоҳ уни ўзининг хизматкорларига бериб: «Уни фалон тоғ чўққисига олиб боринглар. Агар динидан қайтмаса, тоғдан улоқтиринглар», деди. Улар болани тоққа олиб чиқишди. Шунда бола «Аллоҳим! Ўзинг истаган нарса билан улардан менга кифоя қил!» деди. Шунда тоғ ларзага келди ва подшоҳнинг одамлари (жарга) қулашди. Бола подшоҳнинг олдига (соғ-саломат) келди. Подшоҳ: «Ҳамроҳларинг қани?» деб сўради Бола: «Аллоҳ уларга кифоя қилди», деди. Подшоҳ болани бошқа ходимларига бериб: «Уни кемада денгизга олиб чиқинг. Денгизнинг ўртасига борганингизда динидан қайтмаса, денгизга улоқтиринг», деди. Улар кетишди. Бола: «Аллоҳим! Ўзинг истаган нарса билан улардан менга кифоя қил!» деди. Шунда кема қийшайди ва улар денгизга тушиб ғарқ бўлишди. Бола подшоҳнинг олдига (саломат ҳолда) келди. Подшоҳ «Ҳамроҳларинг қани?» деб сўради. Бола: «Аллоҳ уларга кифоя қилди. Сен мен айтган ишни қилмасанг, мени ўлдира олмайсан», деган эди, подшоҳ: «У нима экан?» деб сўради. У: «Кишиларни бир тепаликка жамлайсан. Мени осиш учун бир дарахтга боғлайсан. Ўқдонимдан ўқ олиб камон билан: «Бу боланинг Роббининг исми билан», деб отасан. Ана шундай қилсанггина мени ўлдира оласан», деб жавоб берди. Подшоҳ кишиларни бир тепаликка жамлади. Уни бир дарахтга боғлади. Сўнг унинг ўқдонидан битта ўқ олди. Ўқни камонга жойлаб «Бу боланинг Роббини исми билан», деб отди. Ўқ унинг чаккасига тегди. Бола чаккасини ушлаб жон берди. Атрофда турган кишилар: «Бу боланинг Роббига иймон келтирдик», дейишди. Подшоҳнинг олдига ходимларидан бири келиб: «Кўрдингизми, сиз қўрқадиган нарса содир бўлди. Кишилар боланинг Роббига иймон келтиришди», деди. У кўчаларнинг бошида чуқурлар қазишга амр қилди. Чуқурларга олов ёқишди. Подшоҳ: «Ким динидан қайтмаса, уни оловга ташланг (ёки, унга: «чуқурга ўзингни от», дейилди)», деди. Шундай қилишди. Охирида қўлида гўдаги бўлган бир аёлни олиб келишди. Аёл чуқурга тушмаслик учун ўзини орқага тортди. Шунда қўлидаги гўдак онасига: «Эй онажон, сабр қилинг сиз ҳақ йўлдасиз!» деди», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Шарҳ. Ушбу ҳадис Қуръони Каримнинг Буруж сурасидаги «Ас-ҳабул ухдуд - чуқур эгалари» воқеасининг тафсири сифатида келтирилади. Бундан Қуръони Каримда мужмал ҳолда келган оятни ҳадиси шариф баён қилиб бериши маълум бўлади. Бу каби оятларни тушунишда ҳадиси шарифлар ёрдам беради. Баъзи муфассирлар: «Бу воқеа Пайғамбар алайҳиссалом таваллудларидан 70 йил аввал содир бўлган. Инсонлар бу ҳодисани қандай рўй берганини унутишганда, Қуръони Каримда қисқа услубда эслатилиб, уни Набий алайҳисса-лом ўз ҳадисларида баён қилиб бердилар», деганлар.
Уламоларнинг сўзларига кўра ҳадисдаги подшоҳ Ҳимярий подшоҳлардан бўлиб, исми Юсуф Дунавоз ибн Шаржин бўлган. Бола-нинг исми ривоятларда келишича Абдуллоҳ ибн Тамир бўлган.
Ҳадисда келган роҳиб эса Ийсо алайҳиссалом келтирган динга амал қиладиган насроний роҳиб эди. Бу дин ўз даврида ҳақ бўлган ва унга амал қилиш нажот йўли ҳисобланган насронийлик дини эди. Шу даврда диндорлар учун бир синов муддати келиб, аввал яҳудийлар томонидан сўнгра бутпараст золим подшоҳлар томонидан зулмларга мубтало бўлишди. Бутпараст золим подшоҳлар уларни бут-парастликка қайтишини буюрар, акс ҳолда ўлдирар эди. Шу пайтда насроний олимлар ўз жони ва динини сақлаш мақсадида шаҳар ташқарисига чиқиб кетишди. Уларнинг ибодатлари ва Инжилдан таълим беришлари шу йўсинда давом этди. Ҳадисдаги роҳиб ҳам махфий ҳолда ўз динига хизмат қилаётган эди.
Ҳадисда роҳиб томонидан болага маслаҳат маъносида айтилган: «Агар сеҳргардан қўрқсанг, оилам ушлаб қолди дегин. Агар оилангдан қўрқсанг, сеҳргар ушлаб қолди, дегин» жумласи орқали, қандай қилиб солиҳ роҳиб болага ёлғон гапиришни маслаҳат беради, деган савол туғилиши мумкин. Уламолар: «Бу жумла ёлғонни ифода қилса ҳам баъзида қандайдир фойда (маслаҳат) эътиборидан ёлғон гапиришнинг зарари йўқ», деб жавоб берганлар. Бошқа бир ҳадисда: «Уруш алдовдир», яъни ёлғондан иборатдир, дейилган. Пайғамбар алайҳиссалом қачон ғазотга чиқсалар борадиган манзилни айтмасдилар. Шарқ томонга бориладиган бўлса, ғарбни айтардилар ёки аксинча бўларди. Бу ҳам бир мақсадда рухсат берилган алдов ва ҳийладир. Фақат Табук ғазотида уруш режасини тўлиқ ва ошкора айтгандилар.
Ҳадисда подшоҳнинг буйруғи билан болани икки марта ўлдиргани олиб боришди, лекин уларнинг ўзлари ўлиб кетишди. Охири бола подшоҳга ўзини ўлдирилиш йўлини маслаҳат бериб, шундай қилсанг мени ўлдира оласан, деди. Қандай қилиб бола ўзини ўлдиришга имкон қилиб берган, дейилса, уламолар жавоб бериб айтадики, болада «Подшоҳ мени ўлдириб, шаҳид қилади ва бу тадбирим орқали инсонлар подшоҳнинг худолик даъвосини ботил эканини, ҳақиқий Робб кимлигини англашади», деган ишонч бор эди. Шунинг учун бу йўлда ўз жонини аямади ва Аллоҳ таоло бу тадбирни тўлиқ амалга оширди.
Болага ўқ теккан чоғида қўлини чаккасига қўйиб вафот этди. Бу борада «Тафсири Мазҳарий» асари муаллифи Қози Саноуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагиларни айтган:
Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: «Ҳазрат Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврларида бир дарё ковланган пайтда чаккасига қўлини қўйиб ётган, гўё тирикдек бир бола чиққан. Чаккасидан қўлини олинса қон оққан, қўйиб юборилса қўли жойига қайтган. Унинг қўлида - «Аллоҳ Роббимдир» деб ёзилган узук ҳам бўлиб, Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу узукка тегманглар, деганлар ва болани қайта дафн қилишган», деганлар.
Ривоятларда айтилишича, қазилган чуқурлардаги оловларда тахминан 12 000 инсон бир вақтнинг ўзида ёндирилган. Аллоҳ таоло барчаларини раҳматига олсин!
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий алайҳиссалом бир аёлнинг олдидан ўтдилар. У қабр тепасида йиғлаётган эди. Шунда Набий алайҳиссалом «Алловдан қўрққин ва сабр қилгин», дедилар. Аёл эса: «Мендан нари кет. Менинг мусибатимдек мусибат кўрмагансан», дея жавоб қайтарди. Чунки аёл у зотни танимади. Шундан сўнг аёлга: «У зот Пайғамбар алайҳиссалом эди», дейилди. Аёл узр сўраш учун Набий алайҳиссалом эшикларига келганда қўриқчиларни кўрмади ва ҳузурларига кириб: «Сизни танимабман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сабр аввалги зарбададир», дедилар. Бир ривоятда: «Аёл (қабрдаги) боласига йиғлаётган эди», дейилган».
Шарҳ. Ҳадисда Пайғамбар алайҳиссаломнинг тавозелари, камтарликлари каби гўзал хулқлари намоён бўлдики, қабр тепасидаги аёл у зотга «Мендан нари кет. Менинг мусибатимдек мусибат кўрмагансан», дея қўполлик билан жавоб қайтарганда, индамасдан йўлларида давом этдилар. Бошқа инсон бўлганда эди, бу қўполликни кўтара олмасди. Аёл киши уйларига узр сўрагани борганида ҳам қаттиқ гапирмасдан, унга фойда берадиган гап айтдилар. Яъни ҳақиқий сабр мусибатнинг аввалги лаҳзасида қилинган сабрдир, деб қисқа ва лўнда насиҳат қилдилар. Зеро, инсон фитратида борки, жуда катта балолар, ғам-ташвишлар келса ҳам вақт ўтган сайин сабр пайдо бўлаверади ва ҳатто унутиб ҳам юборади. Лекин ҳақиқий савоб бериладиган ва Аллоҳ наздида эътибор қилинадиган сабр мусибатнинг аввалги чоғидаги сабрдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар алайҳиссалом: «Аллоҳ таоло: «Мўмин кишининг дунёдаги суюкли нарсасини олсам ва у сабр қилса, Менинг ҳузуримда унинг мукофоти жаннатдан ўзга нарса эмас», деди», дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Шарҳ. Ҳадисдаги «софийяҳу» сўзининг - мухлис, дўст, яхши кўрган нарсаси маънолари бўлиб, бу ерда ўта маҳбуб кўрган фарзанди, ота-онаси, дўсти ва бошқалар бўлиши мумкин. Агар инсоннинг бир яқини вафот этган вақтида, Роббимнинг ҳукми, деб билиб, сабр қилса, иймонининг мукаммаллигининг аломатидир. Шунинг учун Аллоҳ таоло бундай инсонларга мукофот сифатида буюк неъмат бўлмиш жаннатни ваъда қилди.
- тушуниш, гумон қилиш маъноларида бўлиб, бу ерда эса бирон ўта машаққатли амалга ажру савоб берилади деб тушуниб, сабр қилиш назарда тутилган. Бу ҳам Аллоҳ таоло учун сабр қилишнинг бир суратидир. Баъзилар «Аллоҳ таоло банданинг бир суюкли инсонини ўзига олса, у бунга сабр қилса, Аллоҳ ва банда ўртасида бир ришта, алоқа вужудга келади. Натижада Аллоҳ таоло азият чекувчини жаннат билан сийлайди», деганлар. Яъни Роббимиз у бандага жаннатдан бошқа бирор нарса беришга рози бўлмайди.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«У киши Пайғамбар алайҳиссаломдан вабо ҳақида сўраганларида, у зот: «У (Аллоҳ таолонинг илоҳий) азоби эди. Ўзи хоҳлаган кишиларга юборар эди. Аллоҳ таоло уни мўминлар учун раҳмат қилди. Бирор банда вабо (билан) касалланса, сабр қилиб, (сабрига) савоб умид қилиб ўз шаҳрида қолса, Аллоҳ таоло (такдирга) ёзганидан бошқаси келмайди (деган эътиқодни қатъий ишонч ва иймон билан) билса, унга шаҳиднинг савоби баробарича (савоб) бўлади», дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Шарҳ. Пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобалар замонасида 6 маротаба ушбу касаллик тарқалган.
• Биринчиси, Пайғамбар алайҳиссалом даврларида «Шировийя тоуни» бўлиб, ҳижрий 6 йилда форс юртларида тарқалган.
• Иккинчиси, Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу даврларида «Амвос тоуни» бўлиб, ҳижрий 17-18 йилларда Шом юртларида тарқалган ва 25000 инсон, хусусан, кўпгина саҳобалар ҳам ҳалок бўлган.
• Учинчиси, ҳижрий 50 йилда Куфа шаҳрида тарқалган ва бу сабабли Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳу вафот этган.
• Тўртинчиси, Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу даврларида «Тоуни Жориф» бўлиб, ҳижрий 67 йилда тарқалган ва 3 кунда 210 000 инсон ҳалок бўлган.
• Бешинчиси, Абдулмалик ибн Марвон даврларида «Тоуни Фатаёт» бўлиб, ҳижрий 67 йилда ёшлар ўртасида тарқалган.
• Олтинчиси, ҳижрий 100 йилда тарқалган.
Ҳадисда шаҳиднинг савоби баробарича ажр-савоб берилиши айтилди. Яъни вабо келган пайтда Аллоҳга суянса, тақдири илоҳийга рози бўлса, ношукрлик қилмаса, бу бандага шаҳидлик мақоми берилади.
«Амвос тоуни» тарқалган вақтда Умар розияллоҳу анҳу Амвос шаҳрига боришни ирода қиладилар, лекин кўпчилик у кишини бундан қайтаради. Шунда у зот: «Аллоҳнинг тақдиридан Аллоҳнинг тақдирига қочамиз», деб у ерга кирмаганлар.
Исломда касаллик юқиши йўқлигига бир қанча далиллар мавжуд. Ояти каримада Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
«Сен: «Бизга Аллоҳ ёзиб қўйган нарсадан ўзгаси зинҳор етмайди. У бизнинг Хожамиздир. Мўминлар Аллоҳгагина таваккал қилсинлар», деб айт» (Тавба сураси, 51-ояпг).
Ҳадиси шарифда эса Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар:
«Исломда касаллик юқиши йўқдир. Шумланиш йўқдир».
Агар юқиш бўлмаса, беморлик бир инсондан бошқасига ўтмаса, нима учун юқоридаги ҳадисда шаҳардан чиқиш ман қилинган? Бунга олимлар: «Заиф иймонли инсонларнинг иймони бузилмаслиги, фалон шаҳарга боргандим, вабо юқиб қолди демаслиги учундир», деганлар. Зеро, Набий алайҳиссалом шу қоидани тасдиқлаш, тақдирдан бошқа нарса бандага етмаслигини билдириш учун бир куни пес касаллиги билан касалланган бемор билан бир идишда таом еганлар ва У зот касал бўлмаганлар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аллоҳ азза ва жалла «Мен Ўз бандамнинг икки маҳбуб нарсаси билан синасам, у унга сабр қилса, иккисини эвазига унга жаннатни бераман» деди, деганларини эшитдим». Икки маҳбуб нарсаси — икки кўзи (Имом Бухорий ривояти).
Шарҳ. Бу ҳадиси қудсийда кўзининг ожизлигига сабр қилиб, шукр қилган шахснинг фазилати баён қилинмоқда. Бундай инсон ниҳоятда катта эҳтиромга ҳақли бўлар экан. Яъни бундай кўзи ожиз, сабрли ва шукр қилувчи инсонларга эътиборсизлик билан муомала қилмаслик керак. Чунки Аллоҳнинг Узи бу бандага алоҳида эътибор қаратяпти. Бу бирор-бир даврдаги кўзи ожизларга хосланган эмас. Қайси давр, қайси замонда бўлса ҳам, сабрли ва шукр қилувчи бўлса, мана шу эҳтиромга сазовор бўлаверади.
Кўз инсонга берилган неъматларнинг энг олийси бўлгани учун кўзи ожиз кишига жаннат ваъда қилинди. Чунки кўз бўлмаса инсон бу фоний дунёдан фойдалана олмайди. Шунинг эвазига Парвардигор жаннат билан сийлаяпти. Шарти, банда шу тақдирга рози бўлиши лозим.
Шу ўринда «Нима учун оёғи кесилиб қолган ёки шу кабиларга жаннат ваъда қилинмаяптию, кўзи ожизга жаннат ваъда қилиняпти?» деган савол пайдо бўлади. Бунга жавоб «Кўз инсон аъзолари ичидаги энг муҳим аъзо. Шу эътибордан унинг эвази жаннат бўляпти», дейилади. Кўздан маҳрум бўлиш гўё дунё неъматларининг кўпидан маҳрум бўлишдир. Банда бу мусибатга сабр қилиб рози бўлса, жаннатга сазовор бўлади.
Ато ибн Абу Рабоҳ раҳматуллоҳи алайхдан ривоят қилинади:
«Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо менга: «Сенга аҳли жаннатдан бўлган бир аёлни кўрсатайми?» дедилар. Мен: «Ҳа (майли)», дедим. «Бу кора аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб: «Мен ҳушдан кетиб йиқилиб қоламан (тутқанокдан) ва авратларим очилиб қолади, Аллоҳ таолога дуо қилинг, мени бундан фориғ қилсин», деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар хоҳласанг, сабр қил. Сенга жаннат бўлади, агар хоҳласанг, офият беришини сўраб дуо қиламан», дедилар. У аёл: «Сабр қиламан», деди. Сўнг: «Мен очилиб қоламан, авратларим очилмаслигига дуо қилинг», деди ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу аёл учун дуо қилдилар» (Муттафақун алайҳ).
Шарҳ. Бу аёл фоний дунёнинг бир неча кунлик азиятларига бардош қилиб, эвазига жаннатга эга бўлишни устун қўйди. Баъзи ривоятларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кўзи кўр кишига ҳам «Агар сабр қилсанг, эвазига жаннат, агар хоҳласанг дуо қиламан», деганлар.
Аёл бу касалликка сабр қилишни танлади, лекин охирида авратларим очилиб қолмаслигига дуо қилинг, деди. Чунки киши беҳуш бўлганда унинг ихтиёри ўзида бўлмайди. Аслида бундай ҳолда аврати очилиб қолса ҳам гуноҳ бўлмайди. Лекин бу аёл инсондаги фитрий, (яъни табиий) шарму ҳаё сабабли Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга дуо қилдирди.
Бу ҳадисдан маълум бўладики, инсонда ҳиммат бўлиши керак. Бу аёл Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга дуо қилдириб, тузалиб кетганда, энди жаннатга кирмайди, дегани эмас эди. Аллоҳнинг 36. Абу Абдурраҳмон Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Гўёки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар алайҳимуссаломдан бири ҳақида «Уни қавми уриб қонга белашди. У эса юзидан қонларни арта туриб, «Эй Аллоҳ, менинг қавмимни кечир. Чунки улар билмайдилар», дер эди, деб айтиб бераётганларига қараб тургандекман», дедилар» (Муттафакун алайҳ).
Шарҳ. Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳ ҳадисда зикр қилинган пайғамбар Нуҳ алайҳиссалом бўлган, деганлар. Аксар муҳаддислар эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари, деганлар.
Бу пайғамбар ким экани ҳақида икки хил изоҳ бўлди. Агар бу пайғамбар Нуҳ алайҳиссалом бўлсалар, Нуҳ алайҳиссаломни ҳам қавмлари кўп уриб азият беришган. Муҳаддисларнинг гапларига кўра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари бўлсалар, Уҳуд ғазотининг баёни бўлади. Уҳуд ғазотида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларига дубулға кириб кетган ва юзларидан қон оққан. Муборак тишлари ҳам шу кунда синган.
Шу ўринда бир савол туғилади. Бу пайғамбардан Нуҳ алайҳис-салом назарда тутилган. «Эй Аллоҳ, менинг қавмимни кечир. Чунки улар билмайдилар», деган дуони ҳам у зот алайҳиссалом қилганлар, дейилса, Қуръони Каримдаги оятда бунинг акси бўлган бошқа дуо келган. Нуҳ алайҳиссалом тарафларидан «Эй Роббим! Ер юзида кофирлардан бирорта (тирик) юрувчини қолдирмагин!» деган дуойи бад бор. Бу иккиси бир-бирига зид эмасми?
Бунга жавоб шуки, Нуҳ алайҳиссалом Пайғамбарлик даврларининг аввалида «Эй Аллоҳ, менинг қавмимни кечир», деб дуо қилар эдилар. Кейинчалик у зотга иймон келтирганлардан бошқа бирор киши энди иймон келтирмаслиги ҳақида ваҳий келганидан кейин «Ер юзида кофирлардан бирорта (тирик) юрувчини қолдирмагин!» деб дуо қилганлар.
Бу воқеада дин ишларини қилувчиларга муҳим бир сабоқ бор. Динга чорлаш жараёнида азиятлар етса, бардош қилиб, азият етказган инсонлардан ўч олиш ўрнига кечириш керак. Кечирувчанлик сифатини ўзига ўзлаштириш керак. Бу билан бирга уларнинг ҳидоятига дуо ҳам қилиш керак.
Ровий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу. Исмлари Абдуллоҳ, кунялари Абу Абдурраҳмон, оталарининг исми Масъуд, оналарининг исми Умму Абд бўлган. Манбаларда Исломга киришлари воқеаси қуйидагича келтирилади:
Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан бирга кетаётган эдилар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўша пайт қўй боқиб юрган эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу у кишидан сут сўраганларида «Бу қўйларнинг ҳаммаси омонат. Шунинг учун сизларга сут беролмайман», деганлар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сенинг ҳузурингда сути йўқ қўй борми?» дедилар. «Ҳа, бор», деб жавоб бердилар. Кейин бир қўйни ушлаб олиб келадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қўйнинг елинини силаганларида сут чиқади. Учовлари сутдан қониб ичишади. Бу мўъжизани кўргандан кейин Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу мусулмон бўлиб, кейинчалик ҳамиша Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хизматларида юрганлар.
Мадинага ҳижрат қилиб келганларидан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кишига Масжидун-Набавийнинг ёнидан ер ажратиб берганлар. У киши барча ғазотларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга иштирок этганлар. Йигирманчи ҳижрийда Куфага қози қилиб тайинланганлар. Ўн йилгача ўша ерда қози бўлганлар. Куфанинг илми Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан тарқаган. У киши илмга жуда ҳам шавқли бўлганлар. Қуръони Каримнинг тафсири ва қироатида моҳир бўлганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишидан Қуръон эшитганлар. Қироатлари гўзал бўлган. Ҳадис ривоятида эҳтиёткор бўлганлар. Ўз замоналарида фиқҳга моҳирлардан бўлганлар. Яна бир хос сифатларидан бири ҳамиша орқаларида катта жамоалари бўлган. Шақиқ раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Биз масжидда ўтириб Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу уйла-ридан чиқишини кутар эдик». Яъни ҳамиша ортларида шогирдлари бўлган ва илмлари тарқаган. У киши ҳижрий 32 йил 63 ёшларида вафот этганлар. Жанозаларини Усмон розияллоҳу анҳу ўқиганлар ва Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳунинг ёнларига дафн қилин-ганлар. Умумий ривоятлари 848 та. Шулардан 64 таси Бухорий ва Муслимда муттафақун алайҳ ривоят бўлиб келтирилган. 21 таси Бу-хорийда алоҳида, 35 таси Муслимда алоҳида ривоят қилинган.
Абу Саид Худрий ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонга қийинчилик, касаллик, ташвиш, хафалик, азият, ғам етса, ҳатто тикан кирса, Аллоҳ таоло уларнинг эвазига унинг кичик гуноҳларини авф қилади», дедилар» (Муттафацун алайҳ).
«Васаб» - касаллик.
Шарҳ. Аллома Нававий раҳматуллоҳи алайҳ «васоб» лафзини касаллик деб тафсир қилганлар. Ҳадисда ҳатто тикан кирса, дейилди. Демак, бу мусулмонларнинг гуноҳини кечирилишига сабаб бўладиган нарсаларнинг энг оз даражасидир.
Бундан, инсонга бирор-бир роҳат ёки азият етса, зудлик билан булар Аллоҳ таоло тарафидан эканига эътибор қаратиш лозимлиги маълум бўлади. Бу нарсалар Аллоҳ таоло тарафидан бўлди, дейиш керак. Бирор азият етганда сабр қилса, гуноҳлари авф қилинади. Агар сабр қилмай жазавага тушса, дод-вой қилиб одамларга шикоят қилса, бу дунёда сиқилгани қолади ва охиратдаги савобдан маҳрум бўлиб қолади.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирдим, у зот иситмалаб ётган эканлар. Мен «Эй Расулуллоҳ, сиз қаттиқ иситмалаяпсиз», деган эдим, у зот: «Ҳа, менга сизлардан икки кишининг иситмаси баробаридаги иситма бўлади», дедилар. Мен «Шунинг учун сизга икки баробар ажр бериладими?» дедим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, шундай. Мусулмонга тикан кирса ёки ундан каттароқ бирор заҳмат етса, Аллоҳ таоло унинг эвазига гуноҳларини авф қилади. Унинг гуноҳлари дарахт баргларини туширганидек тушиб кетади», дедилар» (Муттафакун алайу).
«Ваък» деб ошқозондаги оғриқ ёки иситманинг ўзига айтилади.
Шарҳ. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга «Сиз қаттиқ иситма қиляпсиз», дейишларидан пайғамбарларда ҳам ҳамма инсонларда бўладиган ҳолатлар бўлиши маълум бўлади.
Шу ўринда «Беморлик оддий инсонларнинг гуноҳларини авф қилинишига сабаб бўлса, пайғамбарлар гуноҳлардан пок бўладилар-ку?!» деган савол туғилади. Бунга жавоб шуки, беморлик у зотларнинг даражаларини кўтариш учун сабаб бўлади. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга икки баробар кўп ажр берилишининг сабаби икки баробар машаққат чекканлари учундир.
Бошқа бир ривоятда иситманинг фазилати баён қилинган:
«Иситмалаган мўминнинг мисоли бир темирга ўхшайди, у ўтга киргизилганида, занглари кетиб, асл ҳоли қолади. (Иситма ҳам гуноҳларни шундай поклайди)» («Тарғиб ва тарҳиб» китоби).
Иситма ҳар бир мўминнинг ўт (дўзах)дан бўлган насибасидир. Бир кечалик иситма бир йиллик хатоларга комил ҳолда каффорат бўлади (Қузоъий ривояти).
«Иситма (у сабаб вафот этса,) шаҳидликдир» (Дайламий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло кимга яхшиликни ирода қилса, уни мусибатга гирифтор қилади», дедилар» (Бухорий ривояти).
«Юсиб» («юсоб») сўзи «сод»нинг касраси билан ҳам, фатҳаси билан ҳам ўқилган.
Шарҳ. «Хайр» - сўзининг маъноси «яхшилик»дир. Бир нарса ўзининг камолига етиши «хайр» дейилади. Кўплиги «хуюр» бўлиб келади.
Илмларнинг яхшиси сенга ҳозир бўлганидир. Яъни зарур вақтда зеҳнга келган илм энг яхши илмдир.
Ҳадисда мусибатларга гирифтор бўлади, дейилди. Демак, дунёдаги машаққатлар, мусибатлар, касалликлар, жону молга етган зарар ва бошқалар мўмин учун яхшиликдир. Чунки шулар сабабидан банда Аллоҳ таолога қайтади, Аллоҳга илтижо қилади, дуо қилади. Шулар сабабидан гуноҳлари кечирилади, охиратда даражаси кўтарилади. Баъзи ривоятларда айтилишича, Аллоҳ таоло мўмин банда учун жаннатда бир мақомни тайёрлаб қўйган бўлади. Банда ўша мақомга ибодатлари билан эриша олмаса, мусибатлар берилади. Шу мусибатларга сабр қилса, шулар билан ўша мақомга эга бўлади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз мусибат келгани учун ўлимни орзу қилмасин. Агар ундан ўзга чора бўлмаса, «Эй Аллоҳ, мен учун ҳаёт яхши бўлса, мени тирик қолдиргин, агар мен учун вафот (этиш) хайрли бўлса вафот эттиргин», десин», дедилар» (Муттафақун алайу).
Шарҳ. Бу сўзларни айтган киши ўзининг келгусидаги ҳолатини, Аллоҳ таолонинг хоҳишига топширган бўлади ва ўлимни орзу қилган бўлмайди.
Ўлимни орзу қилиш ман қилинган. Чунки ҳеч ким ўз келажагининг қандай бўлишини билмайди. Келажакдаги ҳаёт у учун яхшими ёки ёмонми бу номаълум. Шунинг учун ўлимни сўрамаслик керак. Мусибат вақтида ўлимни орзу қилиш сабрсизлик белгиси бўлгани учун бу ҳадис сабр бобида келтирилди. Шариат мусибат чоғида сабр қилишни тарғиб қилиб, унга бериладиган савобларни баён қилган. Агар дуо қиладиган бўлса, ҳадисда айтилгандек «мен учун ҳаёт яхши бўлса, мени тирик қолдиргин, агар мен учун вафот (этиш) хайрли бўлса вафот эттиргин» деб дуо қилсин. Лекин муқаддас жойларда вафот этишни ёки шаҳидликни орзу қилиб, масалан, «Менинг жонимни Байтинг ҳузурида ол», деб дуо қилса бўлади.
Абу Абдуллоҳ Хаббоб ибн Арат розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кофирларнинг озорларидан шикоят қилдик. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбанинг соясида тўнларини ёстиқ қилиб ётган эдилар. Биз: «Биз учун нусрат сўрамайсизми? Бизларни дуо қилмайсизми?» дедик. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан аввал ўтган киши ушлаб олиб келинган, ерда чуқур кавлаб ўшанга кўмилган. Бошига аррани олиб келиб юрғизилган ва икки бўлак қилинган. Темир тароқ билан гўштлари суякларигача таралган. Шу (азоблар) уни динидан тўсмаган. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ бу динни мукаммал қилади. Ҳатто Санъодан Хазрамавтга сафар қилган киши Аллохдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайди. (Чўпон) қўйларига бўридан хавф қилмайди. Лекин сизлар шошяпсизлар», дедилар» (Бухорий ривояти).
Бир ривоятда: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тўнларини ёстиқ қилиб (бошлари тагига қўйиб) ётган эдилар. Бизга мушриклардан озорлар етаётган эди», дейилган.
Шарҳ. «Сизлардан аввал ўтган» деганда аввалги даврдаги умматлар назарда тутилган.
Ушбу ҳадисдан дин йўлида турли хил озор ва машаққатлар билан синалиш фақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларига хос эмаслиги, балки ўтган умматларда ҳам шундай синовлар бўлгани маълум бўлади. «Асҳоби ухдуд» қиссасида ҳам иймонлиларнинг бошига аррани қўйиб иккига бўлиб ташлашган. Дин вакилларига, иймон келтирганларга синовлар бўлган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «сизлардан олдингиларда ҳам бўлган» дейишлари билан мусулмонларга тасалли берганлар. Сизлар Макка мушрикларидан етаётган мусибатлардан қўркманглар, ўзингиздан олдингиларнинг ҳолатига бир назар солинглар. Улар қандай мусибатларга мубтало қилинганлар. Шунга қарамай динларидан қайтишмаган. Охирида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ бу динни мукаммал қилади. Ҳатто Санъодан Хазрамавтга сафар қилган киши Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайди...» деб тасалли бердилар. Бу жумла билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга улкан бир хушхабарни берганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг даврларидаги ва ундан кейинги икки аср авлодлари бу манзарани кўзлари билан кўришган.
Ровий Хаббоб ибн Арат розияллоҳу анҳу. Исмлари Хаббоб, кунялари Абу Абдуллоҳ, оталарининг исми Арат ибн Жандала.
У киши жоҳилият даврида Маккада қул қилиб сотилганлар. Исломнинг илк кунларида Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳунинг уйларида олтинчи бўлиб мусулмон бўлганлар. Мусулмон бўлган қулларга мушриклар томонидан кўп азиятлар етган. Бу зотни ёниб турган чўғнинг устида ётқизиб, устиларига тош ҳам қўйилган. Баданидаги жароҳатлар намлигига чўғлар ўчган. У киши Мадинага ҳижрат қилиб келганида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Хирош ибн Сомма розияллоҳу анҳу билан биродар қилганлар. Барча ғазотларда иштирок этган. Касблари қилич ясаб сотиш бўлган. Умар розияллоҳу анҳу бу кишини жуда эҳтиром қилганлар. Эшакларига ўтқазиб, одамларга «Бундан ташқари фақат бир кишигина мени уловимга ўтириши мумкин», дедилар. Одамлар «Ким?» дейишганда, «У Билол», деганларида Хаббоб розияллоҳу анҳу: «Билол қандай қилиб тенг бўлади, унга мушриклардан ёрдам берадиган бор эди, менда бирор ёрдамчи йўқ эди», деганлар. Ҳижрий 37 йилда Куфада 72 ёшда касал бўлиб вафот этганлар. Алий розияллоҳу анҳу Сиффин жангидан қайтганларида бу хабарни эшитиб, у зотнинг жанозаларини ўзлари ўқиганлар.
Бу кишидан жами 33 та ҳадис ривоят қилинган. Шулардан иккитасини Имом Бухорий ва биттасини Имом Муслим ривоят қилишган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ҳунайн жангида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (ўлжаларни) тақсимлашда баъзи инсонларни (қалбларини Исломга мойил қилиш учун бошқалардан) устун қўйдилар. Ақро ибн Ҳабис розияллоҳу анҳуга юзта туя, Уяйна ибн Ҳисн розияллоҳу анҳуга ҳам шунча туя бердилар. Уша куни арабларнинг бошқа улуғларига (яъни қабила бошлиқларига ўлжаларни) тақсим қилишда кўп мол бериб, уларни (бошқаларга нисбатан) устун қўйдилар. Бир киши: «Аллоҳга касамки, бу тақсим адолатли бўлмади ва унда Аллоҳнинг розилиги эътибор қилинмади», деди. Мен «Аллоҳга касам, буни Расулуллоҳга етказаман», деб у зотга бориб айтиб бердим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари ўзгариб, қизил ранг каби бўлиб кетди ва: «Аллоҳ ва Унинг Расули адолат қилмаса, ким адолат қилади», дедилар. «Сўнг: «Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга раҳм қилсин, унга бундан ҳам кўп озор етказилган ва у сабр қилган», дедилар. Кейин мен: «Бундан кейин у зотга бундай гапларни етказмайман», дедим» (Муттафакун алайҳ).
«Сирф» сўзида «сод» ҳарфи касрали бўлади. У «қизил бўёқ».
Шарҳ. Уша кундаги тақсимотни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларича қилмаганлар, балки Аллоҳнинг буйруғи билан қилганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша куни арабларнинг сардорларига кўп берганлар. Демак, имом, халифа ёки амир кишиларнинг ҳолатига қараб баъзиларига кўпроқ улуш бериши жоиз. Бу воқеа Ҳунайн ғазотида бўлган. Ҳунайн ғазотида ўлжани олдинги муҳожир ва ансорийларга қараганда янги мусулмон қабилалар ва уларнинг раисларига кўпроқ бердилар. Бунинг сабаби уларнинг қалбларини улфат қилиш бўлган. Бу борада Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
«Мен бир кишига бераман. Ҳолбуки бошқаси менга суюклироқ бўлади. (Мен унга) Аллоҳ уни дўзахга юзтубан ташлаши-дан қўрққаним учун (бераман)». Яъни берган кишимнинг қалбида дини мустаҳкам бўлиши ва диндан қайтиб дўзахга ташланмаслиги учун бераман.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ўша гапни айтган инсон Зул Хувайсиро эди. У мунофиқ бўлган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг гапига муносиб жавоб бердилар. Кейин ҳазрат Мусо алайҳиссалом ҳақларига дуо қилдилар. Чунки Мусо алай-ҳиссаломга ҳам қавмлари жуда кўп озор етказишган, лекин у зот сабр қилганлар.
«Эсланг, Мусо ўз қавмига: «Эй қавмим! Нега сизлар менга Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбари эканимни била туриб, озор берурсиз?» деган эди. Бас, қачонки, улар (тўғри йўлдан) оғишгач, Аллоҳ уларнинг дилларини (ҳидоятдан) оғдириб қўйди. (Зотан) Аллоҳ фосиқлар (кофирлар) қавмини ҳидоят этмас» (Соф сураси, 5-оят).
«Эй мўминлар! Сизлар Мусога озор берган кимсалар каби бўлмангиз!..» (Аҳзоб сураси, 69-оят).
Бу ерда «Эй мусулмонлар, сизлар Мусога қавми зарар берганидек Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга зарар берманглар» деган танбеҳ бор.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳаётликларида озор берган киши кофир ва уни қатл қилиш вожиб бўлган. Шунингдек, у зотнинг вафотларидан кейин ҳам кимдир шундай қилса, қатъий далиллар мавжудлиги сабабли уламолар уни кофир бўлгани ва қатл қилиш вожиб эканига иттифоқ қилишган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло бандасига яхшиликни хоҳласа, дунёда унга зудлик билан жазо беради. Агар Аллоҳ бандасига ёмонликни хоҳласа, қиёмат куни унга жазони тўлиқ қилиб бериш учун гуноҳлари сабабли (бу дунёда) ундан жазони тўхтатиб туради», дедилар». Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мукофотнинг улканлиги машаққатнинг катталигига қараб бўлади. Аллоҳ таоло бирор қавмни яхши кўрса, мусибатлар билан синайди. Ким (шу мусибатларга) рози бўлса, унга (ҳам Аллоҳнинг) розилиги бўлади. Ким ғазабланса, унга (ҳам Аллоҳнинг) ғазаби бўлади», дедилар» (Имом Термизий ривояти. Уни ҳасан ҳадис, деганлар).
Шарҳ. Бу ҳадис ҳар бир мўминга муҳим сабоқдир. Бирор киши ғам ёки бирор касаллик билан имтиҳон қилинса, тезда ўша кунлик амалини бир ўйлаб кўрсин. Кимгадир зарар етказдими ёки Аллоҳнинг бирор ҳаққини поймол қилдими?! Гуноҳ қилган бўлса, тезда тавба қилиб истиғфор айтиши ёки бирор кишининг ҳаққига талафот етказган бўлса, ўрнини тўлдириши керак. Айтилган истиғфорлар билан гуноҳлар авф қилинса ҳам, келган мусибатга сабр қилинг. Шунда бу сизнинг даражангиз кўтарилишига сабаб бўлади. Чунки Аллоҳ таолонинг берган мусибат, машаққат, касаллик ва бошқа синовлар У Зотнинг меҳрибонлиги ва раҳмли эканини кўрсатади. Дунёдаги арзимас бир жазонинг эвазига охиратдаги азобдан бандани сақлаяпти. Сизга мусибат етди, кунлик амалларингизни сарҳисоб қилдингиз, назарингизда сиздан бирор-бир гуноҳ содир бўлмагандек бўлди. Шунда ҳам истиғфор айтишни тўхтатманг. Чунки баъзи гуноҳимизни билмаслигимиз мумкин, Аллоҳ эса билади. Сизга шунинг эвазига мусибат берган бўлиши мумкин.
Ҳадисдан маълум бўладики, савобнинг зиёда бўлиши озорларнинг кўплигига қараб бўлади. Киши бирор касаллик ёки дард билан имтиҳон қилинса, жазавага тушиб ўзгаларга шикоят қилмасин. Балки унинг ўрнига истиғфор айтиб сабр ва шукр қилишга ўтсин. Чунки берилган озгина мусибат, охиратдаги азобимиз енгиллашига сабаб бўлади. Имтиҳон вақтида инсон шикоят қилиб, жазавага тушса гўё Аллоҳнинг тақдирига норозилик изҳор қилгандек бўлади. Аллоҳнинг тақдирига норозилик изҳор қилиш эса, Аллоҳ таолонинг ҳам норози бўлишига сабаб бўлади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Абу Талҳанинг фарзанди бўлиб, у касал бўлган эди. Абу Талҳа розияллоҳу анҳу уйдан чиқиб кетганда боланинг жони узилди. Абу Талҳа розияллоҳу анҳу қайтганидан кейин: «Ўғлимнинг аҳволи қандай?» деб сўрадилар. Боланинг онаси Умму Сулайм розияллоҳу анҳо «Олдингига қараганда сокинроқ», деб жавоб бердилар ва кечки таомни қўйдилар. У киши таомни едилар, сўнгра аёлларига қовушдилар. Ундан фориғ бўлганда Умму Сулайм розияллоҳу анҳо: «Болани дафн қилинглар», дедилар. Тонг отганда Абу Талҳа розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб, (бўлиб ўтган ҳолатларни у зотга) айтиб бердилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тунда қовушдиларингми?» деб сўрадилар. Абу Талҳа розияллоҳу анҳу «Ҳа», деб жавоб бердилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳим, бу иккисига барака бергин», дедилар.
Умму Сулайм розияллоҳу анҳо ўғил туғдилар. Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: «Абу Талҳа менга: «Бу болани Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб боргин», деди. Унга хурмо бериб юборди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унда бирор нарса борми?» деганларида, «Ҳа, хурмолар (бор)», дедим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни чайнадилар кейин оғизларидан чиқариб боланинг оғзига солдилар. Сўнгра танглайини кўтариб исмини Абдуллоҳ қўйдилар (Муттафакун алайҳ).
Имом Бухорийнинг ривоятида Ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ: «Бир ансорий: «Мен тўққизта болани кўрдим, ҳаммаси Қуръон ўқийдиган қори эди. Яъни улар ўша Абдуллоҳнинг фарзандларидир», деганлар.
Имом Муслимнинг ривоятида: «Абу Талҳа розияллоҳу анҳунинг Умму Сулаймдан бўлган бир боласи вафот этди. Умму Сулайм розияллоҳу анҳо уй аҳлларига: «Абу Талҳага ўғлининг хабарини сизлар айтманглар, мен ўзим унга айтаман», дедилар. Абу Талҳа келган эдилар, кечки таомни такдим қилдилар, у киши таомни едилар, ичдилар. Умму Сулайм розияллоҳу анҳо унга олдингидан кўра яхшироқ зийнатландилар. Абу Талҳа розияллоҳу анҳу унга яқинлик қилдилар. Умму Сулайм розияллоҳу анҳо Абу Талҳани тўйгани ва ҳожатини раво қилганини кўрганларида: «Эй Абу Талҳа, айтингчи, бир қавм омонатларини бир ҳовлига қўйса, кейин берган нарсаларини қайтариб олишни талаб килса, олганлар бермасликка ҳаққи борми?» дедилар. Абу Талҳа розияллоҳу анҳу: «Йўқ», дедилар. Шунда Умму Сулайм розияллоҳу анҳо: «Бўлмаса ўғлингиз (ўлимига сабр қилиб) савоб умид қилинг», дедилар. Абу Талҳа розияллоҳу анҳу ғазабланиб «(Олдинроқ) айтмасдан булғаниб (нопок) бўлганимдан ке-йин ўғлим (ўлими) ҳақида айтасанми?!» дедилар. Кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб барча воқеаларни айтиб бердилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кечангизга барака берсин», дедилар. Кейин Умму Сулайм ҳомиладор бўлдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарда эдилар, у (Умму Сулайм розияллоҳу анҳо ҳам Абу Талҳа розияллоҳу анҳу билан сафарда) бирга эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан Мадинага қайтадиган бўлсалар, кечаси келмас эдилар. Мадинага яқинлашганда унинг (Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг) дардлари тутди. Абу Талҳа розияллоҳу анҳу унинг олдида қолишига тўғри келди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Мадина томон юрдилар. Абу Талҳа розияллоҳу анҳу «Аллоҳим, албатта, Ўзинг биласанки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинадан чиқсалар, мен ҳам у зот билан чиқишни, Мадинага кирадиган бўлсалар, мен ҳам бирга киришни яхши кўраман. Кўриб турганингдек, ҳозир мен тутилиб қолдим», деди. Умму Сулайм розияллоҳу анҳо: «Эй Абу Талҳа, ҳозир яхшиман. Иўлда давом этинг», дедилар. Мадинага келишганда дардлари тутиб, фарзанд туғилди. Анас розияллоҳу анҳу: «Онам менга: Эй Анас, бу болани эртага Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бормагунингча ҳеч ким эмизмасин», дедилар. Эрта тонгда мен болани кўтариб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб бордим», дедилар. Сўнг олдин-ги ҳадиснинг давомини охиригача айтиб бердилар».
Шарҳ. Бу ҳадисда Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг гўзал сабрлари ва эрга нисбатан вафоларининг олий бир намунаси бор. У кишининг фарзанди вафот этди, бундан олдин Умайр деган фарзанди ҳам вафот этган эди. Онанинг болага бўлган муҳаббати отаникидан кучлироқ бўлади. Онанинг фарзандига бўлган муҳаббати оталарда топилмайди. Боласига шунчалар меҳрибон бўлган она эрига ўшанча вафодорлик қилмовда. Эрим озорланмасин, дея боланинг вафотини ўша кечада хабар бермади. Чунки ҳозир хабар топса, бир неча кун емай, ичмай, ҳаловати йўқолиши мумкин, деб ўйладилар ва сабр қилиб эрининг барча эҳтиёжларини қондириб, кейин хабар бердилар.
Ҳикматуллоҳ Абиевнинг
"Риёзус солиҳин шарҳи"китобидан