Аллоҳ таоло айтади: «Китоб (Таврот ва Инжил)ни ўқиб туриб, одамларни яхшиликка буюрасизу, ўзингизни унутасизми?! Ақлни ишлатмайсизми?!» (Бақара сураси, 44-оят).
«Эй иймон келтирганлар! Сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қилдик ёки қиламиз деб) айтурсиз?! Сизларнингўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишингиз Аллоҳ наздида катта нафрат (боиси)дир» (Соф сураси, 2-3-оятлар).
Шуайб алайҳиссаломдан хабар бериб, Аллоҳ таоло айтади: «Мен сизларга мухолифлик қилиб, сизларни қайтараётган нарсани ўзим қилишни истамайман» (Ҳуд сураси, 88-оят).
Шарҳ. Муҳаммад Шафеъ Усмоний «Китоб (Таврот ва Инжил) ни ўқиб туриб, одамларни яхшиликка буюрасизу, ўзингизни унутасизми?! Ақлни ишлатмайсизми?!» (Бақара сураси, 44-оят) оятининг тафсири борасида айтадилар: «Бу оятнинг маъноси беамал ва фосиқ насиҳат қилолмайди, дегани эмас. Чунки яхши амаллар кўп. Масалан намоз, рўза, амрумаъруф ҳаммаси яхши амал. Ҳар бир амалга алоҳида савоб берилади. Бирини тарк қилишдан бошқасини ҳам тарк қилиш керак экан, деган тушунча келиб чиқмайди».
Аллома Қуртубий айтадилар: «Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ Жубайр розияллоҳу анҳудан нақл қиладилар: «Ҳамма инсон, ўзим гуноҳкор бўлсам, бошқаларни гунохдан қандай қайтараман, деса, унда ҳеч ким амрумаъруф ва наҳйи мункарга ҳақли бўлмай қоладику?!» Шундан кейин Ҳасан Басрийнинг қуйидаги сўзларини келтирадилар: «Шайтон шуни хоҳлайдида! Шу орқали бандани йўлдан уради».
Муҳаммад Шафеъ Усмоний ҳакимул умма Ашраф Алий Таҳонавийдан: «Ўзимда бир ёмон одатни сезиб қолсам, айнан одатга тегишли бўлган насиҳатларни инсонларга айтар эдим. Ана шу насиҳатим баракасидан ўша ёмон одат мендан кетар эди», деган сўзларини келтирадилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Саҳобалар қайси амал Аллоҳнинг наздида яхшироқ. Ўшани қилар эдик», деганларида
«Эй иймон келтирганлар! Сизларни аламли азобдан қутқарадиган бир «тижорат»га далолат қилайинми?» (Соф сураси, 10-оят) ояти нозил бўлди. Кейин баъзи мусулмонларга кофирлар билан урушиш машаққатли бўлди. Шунда мана бу оят (Соф сурасининг 2-3-оятлари) нозил бўлди».
Мақсад, бир ишни қилишга инсонда қасд бўлмаса уни қилаяпман, деб даъво қилмасин. Чунки бу жуда ҳам ёмон риёкорлик ҳисобланади. Аслида саҳобаларда бундай ҳолат бўлмаган. Уларнинг қалбида азму қарор бўлган. Оятда бир ишни қилмоқчи бўлсангиз ўшани амалга оширмаган бўлсангизу ҳақида гапирманг, дейилмокда.Шу ҳақидаги оятлардан бирида Аллоҳ таоло Шуайб алайҳиссаломдан хабар бериб айтади: «Мен сизларга мухолифлик қилиб, сизларни қайтараётган нарсани ўзим қилишни истамайман» (Ҳуд сураси, 88-оят).
Ушбу оятдан маълум бўладики, воизнинг ўзида амал бўлса, кейин гапи таъсирли бўлади.
Абу Зайд Усома ибн Зайд Ҳориса розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қиёмат куни бир инсон келтирилиб дўзахга ташланади. Унинг ичак-чавоқлари чиқиб кетади. Эшак тегирмон тошида айланганидек, у ҳам (ичак-чавоқлари билан) айланади. Шунда жаҳаннам аҳли унинг атрофида жамланиб: «Эй фалончи! Сенга нима бўлди? Сен яхшиликка буюриб, уларни қайтармасмидинг?» дейишади. У: «Ҳа, мен яхшиликка буюрардим. Лекин ўзим қилмасдим. Ёмон ишдан қайтарардим. Лекин ўзим уни қилардим», дейди», деганларини эшитдим» (Муттафақун алайҳ).
Шарҳ. Бошқа ривоятларда: «Жаннат аҳли баъзи дўзахдагиларга: «Бизлар сизларни айтганларингизни қилиб, жаннатда кирдик. Сизлар нимага дўзахдасизлар? Бизларга сизлар сабабчи бўлгансиз» дейди. Дўзах аҳли эса: «Биз сизларга тил билан айтар эдик. Лекин амал қилмас эдик», дейдилар», деган ҳадис келган.
"Риёзус Солиҳин шарҳи"китобидан