loader
Foto

Яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш ҳақида

Аллоҳ таоло айтади: «Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳйи мункар ишларини олиб борадиган (бир) уммат бўлсин! Айнан улар (охиратда) нажот топувчилардир» (Оли Имрон сураси, 104-оят).

«Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг ях-шиси бўлдингиз, (Эй мусулмонлар!) зеро, сиз амри маъруф, наҳ-йи мункар қиласиз...» (Оли Имрон сураси, 110-оят).

«Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллар-дан эса юз ўгиринг!» (Аъроф сураси, 199-оят).

«Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар...» (Тавба сураси, 71-оят).

«Исроил авлодидан кофир бўлганлар Довуд ва Ийсо ибн Марям тили билан лаънатландилар. Бунга итоатсизликлари ва тажовузкор бўлишлари сабаб (бўлди). (Яна улар) қилиб юрган мункар (ношаръий) ишлардан бир-бирларини қайтармас эдилар. Қи-либ юрган ишлари нақадар ёмон!» (Моида сураси, 78-79-оятлар).

«Айтинг: «(Бу Қуръон) Роббингиз (томони)дан (келган) ҳақиқатдир. Бас, хоҳлаган киши иймон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин»...» (Каҳф сураси, 29-оят).

«Бас, сиз ўзингизга буюрилган ишни (яъни ҳақ динга даъватни) ошкора қилинг...» (Ҳижр сураси, 94-оят).

«...ёмонликдан қайтарувчиларга нажот бердик ва зулм қилганларни эса, фисқу фужурлари сабабли ёмон азобга тутдик» (Аъроф сураси, 165-оят).

Шарҳ. Яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш ҳақида бир нечта оят ва ҳадислар бор. Жумладан, Аллоҳ таоло айтади:

«Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳйи мункар ишларини олиб борадиган (бир) уммат бўлсин! Айнан улар (охиратда) нажот топувчилардир» (Оли Имрон сураси, 104-оят).

Инсон ўзининг ислоҳи билан бир қаторда ўзгаларнинг ҳам ислоҳига масъул. Бу масъулият ҳар бир мусулмон зиммасида бўлади. Амрумаъруф ва наҳйи мункар қилиш кераклиги ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида:

«Жоним «қўли»да бўлган Зотга қасамки, сизлар амрумаъруф, наҳйи мункар қиласизлар. Агар ундай қилмасангиз, Аллоҳ таоло сизларга Ўзи томондан азоб юборади. Сўнг сизлар дуо қиласизлар. Лекин сизларга ижобат қилинмайди», дедилар (Имом Термизий ривояти).

Ҳар бир мусулмон инсон ўзининг даражасига қараб амрумаъруф ва наҳйи мункар қилиши лозим бўлади. Оятда «яхшиликка» деб таржима қилинган сўз арабчаси «маъруф» деб келган. «Маъруф» сўзи шариат буюрган ҳамма яхшиликларни ифода қилади, фарз, вожиб ва суннат амалларнинг ҳаммасини ўз ичига олади. Луғат эътиборидан «маъруф» сўзи «танилган» деган маънони ифодалайди. Яъни бу ишнинг яхши экани ҳаммага маълум, ҳамма уни яхшилик деб билади. Аллоҳ таоло тарафидан юборилган ҳар бир пайғамбар мана шунга тарғиб қилиб келганлар.

Оятнинг давомида «наҳйи мункар» - «мункардан қайтариш» дейилди. Ҳазрат Муҳаммад Шафеъ раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:«Мункар» бу жоиз эмаслиги ҳам маълум иш. Оятда «мункар» дейилди, «маъсият»дан қайтарадилар, дейилмади. Бунинг ҳикмати, умматнинг ичидаги маълум, машҳур ёмонликлардан қайтариш назарда тутилган бўлса ажаб эмас. Ижтиҳод орқали ёмонлиги собит бўлган амалдан қайтариш, мункардан қайтариш каби бўлмайди».

Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилади:

«Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг ях-шиси бўлдингиз, (Эй мусулмонлар!) зеро, сиз амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз...» (Оли Имрон сураси, 110-оят).

Абдуллоҳ ибн Масъуд, Муоз ибн Жабал, Абу Ҳузайфа мавлоси Солим розияллоҳу анҳум Молик ибн Зайф ва Ваҳб ибн Яҳуд номли икки яҳудийни Исломга давъат қилишди. Бу икки яҳудий, «Бизнинг динимиз сизникидан яхшироқ», деганда ушбу оят нозил бўлди. Бу умматнинг энг шарафли уммат бўлишининг сабаби, амрумаъруф ва наҳйи мункар қилиши сабабидан бўлади. Набий алайҳиссалом пайғамбарларнинг сўнггиси бўлганлари учун у зотдан кейин пайғамбар келмайди. Вафотларидан кейин динни етказиш уммат зиммасига юкланди. Дин қиёматга қадар боқий қолар экан, нубувват иши ҳам давом этиши керак. Динни етказиш бу умматнинг ҳар бири зиммасига юклатилгани учун ҳам оятда айтилганидек яхши уммат бўлди.

Қатода раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади. У киши бир куни Умар розияллоҳу анҳунинг олдиларига борганида ушбу оятни тиловат қилиб айтдилар: «Бу умматдан ҳисобланган ҳар бир кишига хурсандчилик бўлсин. Чунки бу уммат инсонларнинг ҳидояти учун пайдо қилинган. Шундай экан бу уммат сафига қўшилган ҳар бир мусулмонга амрумаъруф ва наҳйи мункар лозим бўлади».

Яна бир оятда Аллоҳ таоло айтади:

«Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллар-дан эса юз ўгиринг!» (Аъроф сураси, 199-оят).

Инсон қийинчиликсиз бажариладиган ишига «афв» дейилади. Шунда оятнинг маъноси қуйидагича бўлади: «Сиз инсонлардан осонлик билан қила оладиган ишларини қабул қилинг. Юқори даражадаги меъёрларни талаб қилманг». Бу тафсир Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан нақл қилинган.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Инсонлардан умумий итоатни қабул қилишга буюрилдим», деганлар. Яъни буюрилган ишнинг қайси қисмини бажарса ҳам, амаллардаги лозимини қўйиб рухсат берилган(Қайсидир амални бажариш керак. Ўша «азимат» (лозим) дегани бўлади. Қандайдир ҳолатда ўша амални бажармасликка ёки енгил тарзда бажаришга рухсат берилади. Мана шу «рухсат» дейилади. Масалан, сафарда рўза тутиш «азимат», рўза тутмаслик «рухсат».) қисмига амал қилган бўлса ҳам қабул қилавераман, деган маънода бўлади.

Бу оят нозил бўлганда Расулуллоҳ алайҳиссалом унинг маъносини Жаброил алайҳиссаломдан сўрадилар. Жаброил алайҳиссалом Аллоҳ таолодан нима ирода қилинганини сўраб, айтдилар: «Сизга зулм қилинса афв қилинг. Сизга бермаса ҳам унга беринг. Ким сиздан риштани узган бўлса сиз алоқа қилинг».

Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ «жоҳиллардан эса юз ўгиринг!» маъноси ҳақида айтади: «Улар тарафдан сизга қилинган ёмонликнинг эвазига ёмонлик қилманг, уларни ҳидоятга бошлашни тарк қилманг». Чунки бу ишлар нубувват шаънига тўғри келмайди. Жаъфар Содиқ раҳматуллоҳи алайҳи: «Қуръони Каримда гўзал ахлоқ борасида бу оятдан қамровлироқ оят йўқ», деганлар.

Яна бир оятда Аллоҳ таоло айтади:

«Мунофиқ эркаклар билан мунофиқ аёллар бир-бирларидандирлар. (Улар одамларни) ёмонликка буюрадилар, яхшиликдан қайтарадилар...» (Тавба сураси, 67-оят).

Тавба сурасида эса қуйидагича марҳамат қилади:

«Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар...» (Тавба сураси, 71-оят).

Аллоҳ таоло бу икки оятда қарама-қарши сифатга эга икки тоифани зикр қилди. Мунофиқлар ҳақида, «бир-бирларидандирлар» деган бўлса, мўминлар ҳақида, «бир-бирларига дўстдирлар» деб марҳамат қилди. Бунда мунофиқларнинг ўзаро боғлиқликлари дунёвий қандайдир манфаат учун бўлишига ишора бор. Яъни улар бир-бирига ҳақиқий, хайрихоҳ дўст бўлмайди. Мўминлар эса Аллоҳнинг розилиги учун ўзаро ҳамдард, дўст бўлади. Дунёнинг нариги бурчагидаги бир мусулмонга азият етса ҳам мўмин ачиниш ҳиссини туяди. Чунки орада ҳеч қандай дунёвий манфаат йўқ. Аллоҳ қалбларини улфат қилиб қўйган бўлади. Ҳадисда келганидек, мўминлар бир тана кабидир. Агар бир аъзога дард етса бошқа қисми оғриқни ҳис қилади.

Аллома Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Агар яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтармаса мўмин инсонда мунофиқнинг сифати бор бўлган саналади».

Яна бир бошқа оятда Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Исроил авлодидан кофир бўлганлар Довуд ва Ийсо ибн Марям тили билан лаънатландилар. Бунга итоатсизликлари ва тажовузкор бўлишлари сабаб (бўлди). (Яна улар) қилиб юрган мункар (ношаръий) ишлардан бир-бирларини қайтармас эдилар. Қилиб юрган ишлари нақадар ёмон!» (Моида сураси, 78—79-оятлар).

«Тафсир Мазҳарий»да келтирилишича, Яқуб алайҳиссаломнинг иккинчи номи Исроил эди. Исроил иброний тилида Аллоҳнинг бандаси деган маънони билдиради. Довуд алайҳиссаломнинг қавми Забурга итоат қилувчи эди. У зот Айла аҳлига пайғамбар эдилар. Қавм шанба куни балиқ овлашдан ман қилинган эди. Лекин улар ҳар хил йўллар билан бу ҳукмга хилоф қилишди. Шунда Довуд алайҳиссалом уларни дуойи бад қилгандилар, барчалари маймунга айланишди.

Бану Исроил Инжилда ҳам Ийсо алайҳиссалом тилидан лаънатланди. Қавм Ийсо алайҳиссаломга осмондан дастурхон туширса иймон келтиришини айтган эди. Лекин улар талаб қилган мўъжиза содир бўлса ҳам иймон келтиришмади. Шунда Ийсо алайҳиссалом дуойи бад қилдилар ва беш мингтаси ҳам чўчқага айланишди. Ушбу жазоланган қавм «қилиб юрган мункар (ношаръий) ишлардан бир-бирларини қайтармас эдилар».

Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаламнинг: «Албатта, инсонлар золимни кўрсалар ва қўлини ушлаб, (ёмонлик қилишдан тўсмасалар) Аллоҳ таоло уларнинг ҳаммасини умумий азобга гирифтор қилади», деганларини эшитганман», дедилар (Абу Довуд, Термизий ва Насаийнинг саҳиҳ санад билан ривояти).

Мазкур ривоятда гуноҳ қилаётган кишини қайтаришга кучи етадиган инсонлар ўша гуноҳидан қайтармаса ҳаммаларига азоб келиши айтилди.«Қилиб юрган ишлари нақадар ёмон!» Аввалда Бану Исроил бир-бирини ёмонликдан қайтарар эди. Лекин кейинчалик гунохдан қайтармай қўйди. Шунда Аллоҳ таоло барчасининг қалбини бир хил қилиб қўйди. Довуд ва Ийсо алайҳиссаломнинг тилидан лаънатланишларига сабаб ҳам бир-бирини ёмонликдан қайтармасликлари эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, амрумаъруф, наҳйи мункар қилинглар, золимни қўлидан тутинглар, уни ҳақ тарафга чорланглар ва ҳақ устида қаттиқ тутасизлар. Ёки (ундай қилмасангиз) Аллоҳ таоло барчангизни қалбингизни бир-бирига уриб (бир хил қилади). Шунда қалб гунохдан жирканмайдиган, нафратланмайдиган бўлиб қолади. Бу ҳолат лаънатланганнинг белгиси бўлиб қолади.

Бошқа бир ояти каримада Аллоҳ таоло айтади:

«Айтинг: «(Бу Қуръон) Роббингиз (томони)дан (келган) ҳақиқатдир. Бас, ҳоҳлаган киши иймон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин»...» (Каҳф сураси, 29-оят).

Оятда «ҳақиқат» деб таржима қилинган сўз араб тилида «ҳаққ» деб келган. Ундан мақсад Қуръон ёки Ислом.

Оятнинг нозил бўлиш сабаби қуйидагича, Уяйна ибн Ҳисн Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга «Мажлисингиздан камбағал, баданидан нохуш ҳид келиб турадиган инсонларни четлаштирсангиз биз бориб иймон келтирамиз» деган хабар юборди. Шунга жавоб тариқасида «Бас, ким хоҳласа иймон келтирсин, ким хоҳласа куфр келтирсин», ояти нозил бўлди.

Муфассирлар бу оятда кофирларга таҳдид бор, дейишади.

Яна бир оятда Аллоҳ таоло айтади:«Бас, сиз ўзингизга буюрилган ишни (яъни ҳақ динга даъватни) ошкора қилинг...» (Ҳижр сураси, 94-оят).Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ушбу оятнинг тафсирида сўзининг маъносини: «Даъватни жорий қилинг», деганлар.Аллома Заҳҳок: «Буюрилган нарсангизни эълон қилинг», деганлар.Ахфаш раҳматуллоҳи алайҳ: «Қуръон воситасида ҳақ ва ботилни ажратинг», деганлар.Абдуллоҳ ибн Убай: «Бу оят нозил бўлишидан олдин мусулмонлар яширинча ибодат қилишар, даъватни ҳам махфий ҳолатда қилар эди. Оят нозил бўлганидан кейин Аллоҳ мусулмонларни мушрикларнинг азиятидан сақлашини зиммасига олди», деганлар.

Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло айтади:

«...ёмонликдан қайтарувчиларга нажот бердик ва зулм қилганларни эса, фисқу фужурлари сабабли ёмон азобга тутдик»

(Аъроф сураси, 165-оят).

Шанба куни балиқ овлашдан ман қилинган Айла қавми уч тоифа эди:

1.Буйруққа итоатсизлик қилган.

2.Уларни қайтарган.

3.Жим турган.

Аллоҳ таоло ёмонликдан қайтарганларга нажот берди. Итоатсизларни азоблади. Ибн Зайд жим турганлар борасида: «Улар ҳам ҳалок бўлган» деган. Икрима раҳматуллоҳи алайҳ: «Агар жим турган тоифа золимларнинг ишини қалбидан бўлса ҳам ёмон кўриб, унга рози бўлмаган бўлса маймунга айланишдан омон қолган. Чунки Қуръонда улар ҳақида ҳеч нима дейилмади», деган.

"Риёзус солиҳин шарҳи"дан