loader
Foto

Бой бўлиб шукр қилмоқ афзалми, камбағал бўлиб сабр қилмоқми?

Бу саволга турлича жавоб бериш мумкин.

Менимча, шукр қилувчи бой яхши ва афзалдир. Бу баъзилар ўйлагандек осон иш эмас. Аллоҳ таоло айтади:

“..Бандаларим орасида шукр қилгувчи (зотлар жуда) оздир..” (Сабаъ сураси, 13-оят)

Аллоҳ таоло иблис алайҳилаънанинг тилидан айтади:

“Сўнгра уларга олдиларидан ва ортларидан, ўнггу сўлларидан келиб (Тўғри Йўлдан оздирурман) ва (оқибатда) уларнинг кўпларини (берган неъматларингга) шукр қилган ҳолларида топмайсан” (Аъроф сураси, 17-оят).

Изоҳ: Юқоридаги оятларда нима сабабдан иблис жаннатдан маҳрум бўлгани зикр қилинди. У мутакаббирлиги сабабли улуғ даргоҳдан қувилди. Лекин унга то Қиёматгача ўлмасдан яшаш имкони берилди ва у доимо Аллоҳнинг бандаларини тўрт тарафдан келиб адаштиришга қасам ичди. Демак, инсон бу ҳаёти дунёда Тўғри Йўлдан озмасдан яшаши учун тўрт томондан келган турли йўлларга - оқимларга эргашмасдан фақат Осмондан - Аллоҳ таоло ҳузуридан тушган Қуръон Йўлига юргандагина шайтоннинг васвасаларидан халос бўлади ва нажот топади.   

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Аллоҳ таолодан бойлик сўрар, камбағалликдан паноҳ тилар эдилар:

“Аллоҳим, мен Сендан ҳидоят, тақво, саломатлик, бойлик тилайман”.

“Аллоҳим, мен Сендан фақирликдан, йўқчиликдан, хорлиқдан ва зулм қилиш ва зулм қилинишдан паноҳ тилайман”.

“Аллоҳим, мен Сендан фақирликдан, куфрдан, фосиқликдан, жанжалкашликдан, мунофиқликдан паноҳ сўрайман”.

“ Аллоҳим, мен Сендан очликдан паноҳ сўрайман, чунки у жуда ҳам ёмон ҳамроҳдир”.

У зот Саъдга дедилар: “Аллоҳ таоло тақволи, бой, ўзини паст тутувчи бандасини севар”.

Амрга дедилар: “Эй Амр, солиҳ киши учун солиҳ мол бунча ҳам яхши”.

“Бойлар олий даражаларга етдилар..”. Яъни, бойлар агар Аллоҳнинг неъматига шукр қилиб, У Зотнинг ҳақларини бажарсалар, улар учун шу ҳам ибодатдирки, бу неъмат камбағалларда йўқдир. Шунинг учун ҳадисда айтилади: “Бу Аллоҳнинг фазлидир, Аллоҳ таоло уни хохлаган бандасига беради”.

Аллоҳ таоло бир неча улуғ элчиларини мақтаб, уларни шукр фазилати билан сифатлади:

Элчиларнинг шайхи Нуҳ алайҳиссаломни бундай деб мадҳ этди:

“..(сизлар ҳам Нуҳнинг йўлини тутинглар), зеро, у доимо шукр қилгувчи банда эди”. (Исро сураси, 3-оят)

Пайғамбарлар ва мусулмонлар отаси Иброҳим алайҳис-саломни бундай мақтади:

“У (Аллоҳнинг) неъматларига шукр қилгувчи эди. (Шу сабабдан Аллоҳ) уни (пайғамбарликка) танлаб, Тўғри Йўлга ҳидоят қилди”. (Наҳл сураси, 121-оят)

Довуд, Сулаймонни ҳам мақтади:

“(Эй) Довуд хонадони, (Аллоҳ сизларга ато этган бу неъматларнинг) шукронаси учун амал-ибодат қилинглар! Бандаларим орасида шукр қилгувчи (зотлар жуда) оздир”. (Сабаъ сураси, 13-оят)

Сулаймон чумолининг сўзларини эшитган пайтда айтган гапларини ҳикоя қилди:

“..Парвардигорим, мени Сен менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларнигина қилишга муваффақ этгин ва мени ҳам Ўз фазлу раҳматинг билан солиҳ бандаларинг қаторига киритгин”. (Намл сураси, 19-оят

Юсуф ҳақида деди:

“Парвардигорим, менга подшоҳликни ато этдинг, яна (барча) тушларнинг таъвил-таъбирларидан таълим бердинг..” (Юсуф сураси, 101-оят)

Элчиларининг сўнггиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга миннат қилиб деди:

“У Зот Сизни камбағал ҳолда топиб, бой қилиб қўйди-ку! Бас, энди Сиз ҳам етимга қаҳр қилманг! Сўрагувчи - тиланчини эса (бирон нарса бермасдан) ҳайдаманг! Ва Парвардигорингизнинг (Сизга ато этган пайғамбарлик ва бошқа барча) неъмати ҳақида (кишиларга доимо) сўзланг!” (Ваз-зуҳа сураси, 8-11-оятлар)

Изоҳ: Ушбу Илоҳий йўл-йўриқлар фақат Пайғамбар алайҳис-саломнинг ўзларига тааллуқли бўлмай, балки у зотнинг барча умматларига ҳам алоқадордир. Зеро ҳар бир иймон-эътиқодли кишининг бурчи ўзи фазлу марҳаматига муҳтож бўлган энг Олий Зот - Аллоҳ таолонинг унга ато этган беҳисоб ноз-неъматларини эслаб, ўзига муҳтож бўлган етим-бечораларга зулм қилмай, аксинча уларга қўлидан келганича ёрдам бериб юрмоқдир.

Ва у зотнинг асҳобларига ҳам миннат қилиб деди:

“Ва сизлар Ерда (яъни, Маккада) озчилик ва заиф-бечора бўлган ҳолларингизда, одамлар (яъни, Макка мушриклари) сизларни талаб кетишларидан қўрқиб турган пайтингизда (Аллоҳ) сизларга жой бериб (яъни, Мадинага кўчириб) Ўз ёрдами билан қўллаб-қувватлаганини ва шукр қилишингиз учун покиза ризқлар билан баҳраманд қилганини эслангиз!”. (Анфол сураси, 26-оят)

Юсуф Қаразовийнинг

"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан

Зиёуддин Мансур таржимаси