loader
Foto

Шаҳодат калимаси айтишни кечиктиряпсизми?

Бундан келиб чиқадики, ҳар бир инсонда ички иймон туйғуси, Уни билиш истаги, ҳақиқатни билиш ва у инсон олдида пайдо бўлганда уни таний олиш истаги мавжуд.

Аллоҳ инсонни яратмоқчи бўлганида, У фаришталарга ўз нияти ҳақида гапиради. Ҳар доим Аллоҳга бўйсунадиган ва шунинг учун ёмонликни билмаган фаришталар ҳамма нарсанинг эгаси бўлган Аллоҳ таолога итоат қилиш ёки итоат қилмасликни танлаши мумкин бўлган мавжудот яратилиши мумкинлигига ҳайрон қолишди. Улар учун бу ақл бовар қилмайдиган эди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтадики:

«Эсла, вақтики Роббинг фаришталарга: "Мен ер юзида халифа қилмоқчиман", деди. Улар: "Унда фасод қиладиган, қон тўкадиган кимсани қилмоқчимисан? Ва ҳолбуки, биз Сенга тасбиҳ, ҳамд айтиб ва Сени улуғлаб турибмиз", дедилар. У: "Мен сиз билмаганни биламан", деди» (Бақара сураси, 30).

Аллоҳ таоло нафақат инсонни яратди, балки Ер юзида тинчлик ва эзгулик учун жавобгарликни ҳам унга ишониб топшириб қўйди. Бу жавобгарликни ҳатто тоғлар ҳам ўз зиммасига олмаганди:

«Албатта, Биз бу омонатни осмонларга, ерга ва тоғларга таклиф қилдик. Бас, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Уни инсон кўтарди. Дарҳақиқат, у ўта золим ва ўта жоҳилдир.» (Аҳзоб сураси, 72)

Ва яна, улар Аллоҳга итоат қилиш ёки итоат қилмаслик орасида танлов борлигига ишонишмади. Лекин Аллоҳ фаришталарга деди: «Мен сиз билмаганни биламан ».

У Одам алайҳиссаломни яратди ва унга барча нарсаларнинг номини ўргатди, яъни унга билим берди – ер юзида муваффақиятли яшаш учун зарур бўлган бор билимларни берди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло Одам Атони фаришталарга кўрсатди:

«Ва У зот одамга исмларнинг барчасини ўргатди, сўнгра уларни фаришталарга рўбарў қилди. Кейин: "Агар ростгўйлардан бўлсангиз, анавиларнинг исмларини Менга айтиб беринг", деди. Улар: "Эй пок Парвардигор! Бизда Сен билдиргандан бошқа илм йўқ. Албатта, Сенинг Ўзинг билувчисан ва ҳикматли зотсан", дедилар. У зот: "Эй Одам, буларга у нарсаларнинг исмларини айтиб бер", деди. Уларга ўша нарсаларнинг исмларини айтиб берган чоғида, "Мен сизларга осмонлару ернинг ғайбини биламан ва сизлар беркитмагану беркитган нарсаларни ҳам биламан демабмидим", деди. » (Бақара сураси, 31-33).

Сўнгра Аллоҳ жинлар ва фаришталарга бутун борлиқ Худоси сифатида Аллоҳ таолога онгли равишда итоат қиладиган инсоннинг устунлигини тан олиш рамзи сифатида Одам Атога сажда қилишни буюрди.

«Эсла, фаришталарга: "Одамга сажда қилинглар!" деганимизни. Бас, сажда қилдилар, магар Иблис бош тортди, мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди.» (Бақара сураси, 34).

Шундай қилиб, бу тартибга Аллоҳга итоат этмасдан, кеккайиб кетган Иблисдан бошқа ҳамма бўйсунди. Иблис асло одамни ўзидан яхшироқ деб тан олишни истамасди, чунки агарда у, иблис, оловдан яратилган бўлса, лойдан яратилган одамдан устунлик қилади деб ҳисобларди. Шу сабабли иблис Аллоҳга итоат қилишдан бош тортди ва бу ўз оқибатларига олиб келди.

«У зот: «Сенга амр этганимда сажда қилишингдан нима тўсди?» деди. У: «Мен ундан яхшиман, мени ўтдан яратдинг ва уни лойдан яратдинг», деди. У зот: «Бас, ундан (жаннатдан) туш! Сен учун унда мутакаббирлик қилиб юриш йўқ. Бас, чиқ! Албатта, сен хору зор бўлгувчилардансан», деди» (Аъроф сураси, 12-13).

Гарчи иблис Аллоҳ мавжудлигини жуда яхши билса-да, барибир Унга бўйсунмайди ва одамларни Яратувчига қулоқ солмасликка ундайди. Иблис унинг учун Жаҳаннам ва абадий азоблар ҳозирлаб қўйилганини билади, лекин Аллоҳ таолонинг марҳамати ҳақида билган ҳолда, ундан муҳлат сўрайди. Иблис Аллоҳ таолодан Қиёмат кунигача ер юзида қолишга рухсат сўрайди. Аллоҳ унга рухсат беради.

«У:«Менга улар қайта тирилтириладиган кунгача муҳлат бер», деди. У зот: «Албатта, сен муҳлат берилганлардансан», деди. У:«Мени иғвога учирганинг сабабли, албатта, мен уларни Тўғри йўлингда тўсиб ўтираман». Сўнгра уларнинг олдиларидан, орқаларидан, ўнг томонларидан ва чап томонларидан келаман. Ва уларнинг кўпларини шукр қилувчи ҳолда топмассан», деди. У зот:«Ундан мазамматга учраган ва қувилган ҳолингда чиқ!!! Улардан ким сенга эргашса, албатта, жаҳаннамни сизларнинг ҳаммангиз билан тўлдираман», деди» (Аъроф сураси, 14-18)

Аллоҳ таоло ўзининг марҳамати ва раҳм-шафқати билан Унга чин дилдан итоат қиладиган кишиларга йўл-йўриқ беришни ва Аллоҳ таоло кучсиз деб атаган шайтоннинг ҳийла-найрангларидан ҳимоя қилишни ваъда қилди.

Ҳозир сиз Ислом билан танишяпсиз. Бу ҳеч қачон Аллоҳ таолонинг изнисиз содир бўлмаслигига ишонч ҳосил қилинг. Бу сизнинг ҳаётингизда қачонлардир ҳақиқатни билмоқчи бўлганингизни ва Аллоҳ таоло сизни йўналтирганини англатади.

У ёки бу одам билан учрашганингиз, маълум бир жойга бориб, у ёки бу маълумотларга дуч келганингиз - буларнинг барчаси Аллоҳ сизни буларнинг барчасини топишга йўналтирган деган маънони англатади.

Аллоҳ бизни нафақат ташқи вазиятларда, балки биз Исломнинг илоҳий табиатини, унинг қоидалари оддийлиги ва амалийлигини кўришимиз ва тушунишимиз учун қалбимизни ҳам бошқаради.

Буларнинг барчаси - Унинг инсонни ўргатиш борасидаги ваъдасига кўра, Аллоҳнинг инъомидир. Бу дунёнинг ҳақиқий эгасини тан олиш борасида сизнинг бурчингиз-чи?

Сиз ҳақиқатга гувоҳсиз ва тўғри йўлнинг остонасида турибсиз, сиз қилишингиз лозим бўлган нарса - биринчи қадамни қўйишдир. Сизнингча, бу қадамни қўйишингизни ким истайди? Ва ким буни истамайди?

Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ сизни севади ва сизга муваффақият тилайди, лекин У бизга эркин ирода, танлаш эркинлигини берди: унга итоат қилиш ёки итоат қилмаслик, муваффақиятга эришиш ёки мағлуб бўлиш.

Хўш, шайтон-чи? Сиз ҳақиқатда унинг қўлида ўйинчоқ бўлишни, унинг издошлари орасида бўлишни хоҳлайсизми? Табиийки, шайтон бирон киши Исломни қабул қилишини, ҳеч ким Аллоҳга бўйсунишини истамайди. Шу маънода, эски бир мақол жуда тўғридир: "Одамлар орасида ўлим ҳам қўрқинчли эмас".

Шайтон, агар ўзи билан Жаҳаннамга имкон қадар кўпроқ одамларни олиб кетса, ўз мақсадига эришган деб ҳисоблайди. Шунинг учун у шаҳодат калимаси сўзлари ҳақида ўйлайдиган ҳар бир кишига пичирлайди: "Қандай қилиб аввалги ҳаётингдан воз кечасан? Сен шу ва шунга ўхшаш нарсаларни қилишинг керак, лекин қалбан сен яхши одамсан, шундай эмасми? Сенинг оиланг-чи, уларни қандай хафа қила оласан? Сен учун улар нималар қилганларини ўйлаб кўр». Ва ҳоказо. Шайтоннинг пичирлаши ҳеч қачон тўхтамайди ва шунинг учун сиз нима қилиш кераклиги ҳақида ташвиш, хавотир ва шубҳаларни ҳис қиласиз.

Баъзан муаммонинг манбасини тушуниш уни бартараф этишнинг биринчи қадамидир. Ҳеч шубҳа қилманг: сизнинг шубҳаларингиз шайтондан, у сизнинг фикрингизни ўзгартиришга умид қилиб ўтиради ва режалар тузади.

Буни тушунишингиз керак. Сизнинг юрагингиз шубҳа қилмаяпти, унда нимани кутиб ўтирибсиз?

Шайтон сиз ҳеч нарса ҳақида қарор қилмаслигингизга умид қилади.

Фаришталар эса сизнинг қарорингизни амалга ошириш учун ҳар бир қадамингиздан хурсанд бўлади.

Манба: OnIslam

Абу Муслим таржимаси