loader
Foto

«Муззаммил» сураси ва мусулмон кишининг кун тартиби

Аллоҳ таоло ҳар кунги кун тартибини тузишда албатта ўз аксини топиши лозим бўлган ишларни муҳимлик даражаси бўйича кетма-кетликда тақсимлаган:

Кечани тик туриб ўтказиш. Аллоҳ таоло айтадики: «Кечани озгинасидан бошқасини (ибодатда) тик туриб ўтказ! Ярмини ёки ундан бир оз қисқароғини. Ёки у(ярим)га яна қўш…» (Муззаммил сураси, 2-4).

Қуръон тиловат қилиш. Бу ерда оддийгина ўқиш эмас, балки тунги вақт билан боғлиқ бўлиши учун айнан оятда кўзда тутилганидек: «…Қуръонни тартил билан тиловат қил» (Муззаммил сураси, ) ўқиш айтилган, чунки оятда айтилганидек: «Албатта, кечасиги ибодат кўпроқ мувофиқ келадир ва қироати тўғрироқ бўладир» (Муззаммил сураси, 6).

Кундалик ишларни бажариш. Чунки кундузги пайт бу – тирикчилик учун зарур шароитлар яратиш ва таъминлаш вақтидир: «Албатта, кундузи сенинг узоқ ишлашинг бор» (Муззаммил сураси, 7).

Аллоҳни тез-тез зикр этиш. «Ва Роббингнинг исмини зикр эт ва Унинг ибодатига бутунлай ажралиб чиқ» (Муззаммил сураси, 8).

Барча ишларда сабрли бўлиш. «Ва уларнинг гапларига сабр қил ва улардан чиройли четлашла, четлаб тур» (Муззаммил сураси, 10).

Ишларни уларнинг муҳимлик даражаси бўйича тақсимлаш қуйидаги сўзлар билан якунланади: «Албатта, булар эслатмадир, Ким хоҳласа, ўз Робиси томон йўл оладир» (Муззаммил сураси, 19).

Суранинг сўнгги оятида биз вақт ҳақида – дақиқа ва сониялар ҳақида ғамхўрликни батафсил кўришимиз мумкин: «Албатта, Роббинг сени кечанинг учдан биридан озроғини, ё ярмини, ё учдан бирини қоим бўлиб ўтказаётганингни ва сен билан бирга бўлганлардан ҳам бир тоифа (шундоқ қилаётганларини) биладир. Ва Аллоҳ кечаю кундузни Ўзи ўлчайдир. У сизлар ҳеч чидай олмаслигингизни билиб, сизларга (енгилликни) қайтарди. Бас (энди), Қуръондан муяссар бўлганича ўқинглар. Сизлардан келажакда касаллар бўлишини ҳам билди. Бошқалар ер юзида юриб, Аллоҳнинг фазлини ахтаришини, яна бошқалар эса, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишларини (ҳам билди). Бас, ундан муяссар бўлганича қироат қилинглар. Ва намозни қоим қилинглар, закот беринглар ва Аллоҳга яхши қарз беринглар. Ўзингиз учун нима яхшилик қилган бўлсангиз, Аллоҳнинг ҳузурида ундан яхшироғини ва улканроқ ажрни топарсизлар. Аллоҳга истиғфор айтинглар. Албатта, Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмдилдир» (Муззаммил сураси, 20).

Бу фикрлар менинг қалбимга эрталабки ибодат вақтида ташриф буюрди ва мен улар билан дарҳол ижтимоий тармоқлар ва твитерда ўртоқлашдим.

Кун тартибини муносиб амаллар билан тартибга солиш – кечани тик туриб ўтказиш, Қуръон тиловат қилиш, кундалик ишларни бажариш истагида бўлганлар учун «Муззаммил» сурасидан кучлироқ таъсир этадиган нарса борми? Ахир Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам даврларида шундай белгилаб қўйилган эди.

Аллоҳ Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам учун кун тартибини ислом субҳида (яъни, бошланиш даврида) тартибга солиб қўйганди. Сиз ҳам ўз кун тартибингизни эрта тонгда ёки оқшомда белгилаб олинг. Аллоҳ сизга мадад берсин ва ўз паноҳида асрасин!

«Албатта, кундузи сенинг узоқ ишлашинг бор» (Муззаммил сураси, 7). Сиз кундалик ишлар билан машғул бўласиз, Аллоҳ яратган ишлар билан шуғулланасиз. Кундузи – турли ишлар учун, тун – ухлаш ва ойдин фикрлаш, сажда қилиш учун вақт.

Мен ўз фикр-мулоҳазаларимни сиз билан ўртоқлашишни истадим, холос. Эҳтимол, улар сизнинг қалбингизни ёритишга хизмат қилар. Доимо Оламлар сарвари бўлмиш Парвардигорнинг сўзлари устида ўйланадиганлардан бўлинг.

Абу Муслим таржимаси

ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР (КАЛИТ СЎЗ БЎЙИЧА)

Салмон Рушди – бизнинг кун тартибимиз эмас