loader
Foto

Англашнинг ёдлашдан афзаллиги

Гап амалдан илмнинг афзаллиги ҳақида кетар экан, яна бир муҳим иш ҳақида айтмоқчимиз. Бу билим илми ривоят илмидан афзаллигидир. Бошқача айтганда, илм, билимнинг қуруқ ёдлашдан афзаллигидир. Зеро, ҳақиқий илм тушуниш ва ўзлаштиришдагина гавдаланади.

Ислом дини бизлардан динни ўрганишнигина эмас, балки динни тушунишимизни ҳам истайди. Аллоҳ таоло айтади:

“Барча мўминлар (жангга) чиқишлари лойиқ эмас. Ахир улардан ҳар бир гуруҳдан бир тоифа одамлар (жанг учун) чиқмайдиларми?! (Қолганлари эса Мадинада) Динни ўрганиб, (жангга кетган) қавмлари олдиларига қайтган вақтларида, уларни огоҳлантиргани (қолмайдиларми)?! Шояд у қавмлар Аллоҳнинг азобидан сақлансалар”. (Тавба сураси,122-оят)

Изоҳ: Бу оят Пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобалар «Табук» жангидан қайтганларидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ аскарларни душман томонига юбормоқчи бўлиб чорлаганларида, урушдан қолувчи кимсалар азобланиши ҳақидаги юқоридаги оятлардан қўрқиб қолган барча саҳобалар жангга чиқамиз, деб келганларида нозил бўлгандир. Бу оятда бундай кичик юришларга ҳамма мусулмонлар кетиб қолиши тўғри эмаслиги, балки улардан бир гуруҳининг бориши кифоя қилиши, қолганлари эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида қолишиб, у кишидан диний таълимотларни ўрганиб, жангга кетганлар қайтишгач, уларга ўзлари ўрганган нарсаларини таълим беришлари лозим эканлиги ифодаланади.

Саҳиҳ ҳадисда келади: “Кимга Аллоҳ яхшиликни истаса, уни динда фақиҳ қилади”.

Билим илмдан кўра хосроқ ва чуқурроқдир. У тушунишдир - англашдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло кофир, мунофиқларни англашдан йироқликларини айтган:

“..Бунга сабаб, уларнинг онгсиз қавм эканлигидир”. (Анфол сураси, 65-оят)

“..Бунга сабаб, улар (Аллоҳнинг қудратини) англамайдиган қавм эканликларидир”. (Ҳашр сураси, 13-оят)

Муслим Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисда айтилади: “Одамлар олтин-кумуш кони кабидирлар гўё. Уларнинг жоҳилиятдаги яхшилари Исломда ҳам яхшиларидир, агар илм ўргансалар”.

Икки саҳиҳ тўпламида Абу Мусо ривоят қилган ҳадис келади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ таоло ҳидоят ва илмдан иборат, мен орқали юборган нарсанинг мисоли худди ерга ёғган кўп ёмғирга ўхшайди. Ерлар ичида тоза ерлар борки, у тушган сувни ўзига қабул қилиб, кўп ўт-ўланларни ўстиради. У ерлар ичида қурғоқлари борки, сувни (ўзига сингдирмайди, лекин устида) ушлаб қолади. Одамлар у сувдан фойдаланадилар - ичадилар, уловларини суғорадилар, экин экадилар. У ёмғир яна бошқа бир ерга тушганки, у ер теп-текисдир. Сувни ушлаб қолмас, ўт-ўлан ҳам ўстирмас. Мана шулар динда фақиҳ бўлиб, Аллоҳ таоло мен билан юборган нарсадан - илмдан фойдаланиб, ўрганиб, ўзгаларга ҳам ўргатган ёки аксинча бу билимга бош бермай, мен билан юборилган ҳидоятни қабул қилмаганларнинг мисолидир”.

Юқоридаги ҳадис ҳидоят ва илмдан иборат пайғамбарлик келтирган нарсани гавдалантиради. Дин илмлари ўлик қалбларни тирилтирганидек, ёмғирлар ҳам ўлик ерни тирилтиради. Яна бу ҳадис мана шу илмни олишликда одамларнинг навларини турли ерларнинг навларига мисол қилади. Демак, буларнинг ичида энг олий нави илмдан фойдаланиб, ўзгаларга ҳам ўргатганидир. У худди сувни ўзига тортиб, ундан фойдаланиб, кўп ўт-ўланларни ўс-тирадиган тоза, покиза ер кабидир. Иккинчи нави эса ёд олувчи қалби борларки, уларнинг узоқни кўрувчи фаҳмлари, маъно, ҳукмларни қидирадиган мустаҳкам ақли йўқдир. Улар илмни ёдлайдилар холос. Уларнинг олдига илмга чанқоқ талабалар келиб, улардан илм ўрганиб, фойдаланадилар. Улар худди сувни ўзида ушлаб қолган қурғоқ ер кабики, йўловчи у сувдан ичиб, отларини ҳам суғоради, экин ҳам экади. Бундайларга ҳадиси шарифда ишора қилинган: “Менинг сўзларимни эшитиб, тушунган, уни эшитганидек қилиб бошқаларга етказган кишини Аллоҳ таоло юзини яшнатсин. Кўп илм олганлар борки ўзлари илмли эмаслар. Аммо яна шундай-лари борки, илмни олиб, ўзидан кўра ўша илмни яхшироқ тушунадиганроқларига у илмни ўргатадилар”.

Учинчи нав эса фаҳми ҳам, хотираси ҳам, илми ҳам, амали ҳам бўлмаган кимсадирки, улар худди сувни қабул қилмайдиган, ўзгалар учун ҳам ушлаб қолмайдиган шўр ер кабидир.

Ҳадис шунга далолат қиладики, Аллоҳнинг олдида ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдида ҳам энг олий мартабали одамлар фаҳмга, билимга эга бўлганлари бўлса, кейинги нави ёдлаш қобилиятига эга бўлганлари экан. Демак, билим сўздан, фақихдар ҳофизлардан афзаллиги маълум бўлади.

Энг яхши асрлардан бўлмиш учинчи асрда фақиҳларга аҳамият берилган бўлса, емирилиш, ортга қайтиш асрида эса барча эътибор ҳофизларга қаратилди.

Мен бу билан ёдлашнинг қиймати йўқ, хотиранинг инсонга фойдаси йўқ демоқчимасман. Бундай дейиш нотўғри албатта. Лекин мен айтмоқчи бўлган гап шуки, ёдлаш фойдаланадиган ҳақиқат ва маъноларни сақлашда ёрдам беради. Лекин ёдлашнинг ўзи мақсад қилинмай, балки у бошқа нарсага восита бўлиши керак. Ҳозирги пайтда мусулмонлар тушиб қолган хато уларнинг тушунишдан кўра ёдлашга кўпроқ аҳамият ва эътибор бераётганларидир.

Шунинг учун бизлар Қуръони Каримни ёд олганларга катта ҳурмат кўрсатаётганларини кўрамиз, ҳатто кўплаб мамлакатларда ўтказиладиган Қуръон мусобақаларида бир ғолибнинг ўзига ўн минглаган қимматли пул ютукдари берилмоқда. Бу албатта, биз мусулмонлар Аллоҳга шукр айтишимиз керак бўлган иш. Лекин мана шу мукофотлар, унинг ярми, ҳатто тўртдан бири ҳам турли хил шаръий илмларда масалан, тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул, ақида, даъват илмларида етук бўлган олимларга берилмайди. Ваҳоланки, жамият кўпроқ ана шундайларга муҳтож. Ун-дайларнинг жамиятга етказадиган фойдалари ҳам буюкроқдир.

Бизнинг ватанларимиздаги ўқув даргоҳларида берилаётган таълимларнинг ноқислиги шундаки, бу даргохдарда қуруқ ёдлашга эътибор берадилар, тушуниш, билимга эмас. Шунинг учун киши кўпинча имтиҳон топшириб бўлгандан кейин билганларини унутади. Агар унинг таълими тушуниш, билиш, ўзлаштириш устига бино бўлганда эди, зеҳни мустаҳкам бўлар ва билганларининг тезда завол бўлишига йўл қўймаган бўлар эди.

Юсуф Қарзовийнинг

"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан

Заҳириддин Мансур таржимаси