loader
Foto

Жума куни ғусл қилиб, хушбўй нарса суртиш

Жума куни учун ғусл қилишнинг фазилати кўплаб ҳадисларда таъкидланган. Бунда, ғусл қилишдан олдин жума учун, деб ният қилиш лозим. Шундан сўнг, хушбўй атрлари бўлса, суртиб олиш ҳам суннатдир. Бунда, суннатга эргашишни ният қилишга алоҳида эътибор бериш талаб этилади.

Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоятп ҳилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким жума куни ғусл қилиб, хушбўй нарсаси бўлса, суртиб, энг яхши кийимларини кийса, сўнгра уйдан чиқиб, масжидга келса, хоҳласа, икки ракат намоз ўқиб, ҳеч кимга азият етказмаса, сўнг имоми (хутбага) чиқиб, то намоз ўқиб бўлгунича жим турса - (ушбу амали) бу жума билан ўтган жума ўртасидаги нарса (гуноҳи сағира)ларга каффорат бўлади”, дедилар. (Имом Аҳмад ривояти)

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қили нади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жума кунида қилинган ғусл сочларнинг остидаги гуноҳларни ҳам ўчириб ташлайди”, дедилар. (Табароний ривояти)

Жума куни ғусл қилиб, хушбўй нарса суртгандан кейин, имкон борича тезроқ масжидга бориш лозим.

Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким жума куни жанобатнинг ғуслини қилиб, сўнгра биринчи соатда жумага борса, худди туя қурбонлик қилгандек бўлади. Ким иккинчи соатда борса, худди мол қурбонлик қилгандек бўлади. Ким учинчи соатда борса, худди шохли қўчқор қурбонлик қилгандек бўлади. Ким тўртинчи соатда борса, товуқ садақа қилгандек бўлади. Ким бешинчи соатда борса, тухум садақа қилгандек бўлади. Имом (хутбага) чиққанда, фаришталар зикр тинглашга ҳозир бўлурлар”, дедилар”. (Имом Молик ривояти)

Муҳаммад Тақий Усмонийнинг

"Енгил амаллар"китобидан