loader
Foto

Ким буюрилган нарсанинг ўндан бирини тарк қилса...

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар шундай замондасизки, сизлардан ким буюрилган нарсанинг ўндан бирини тарк қилса ҳам халок бўлади. Сўнгра бир замон келадики, улардан ким буюрилган нарсанинг ўндан бирига амал қилса ҳам нажот топади», дедилар» (Имом Термизий ривоят қилган).

Шарҳ: Ҳадиснинг хулосаси шуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга қараб шундай дедилар: «Эй асҳобларим, сизлар шундай бир замонда яшамокдасизки, агар сизлардан кимдир унга буюрилган нарсанинг ўндан бирини тарк қилса ҳам ҳалокатга лойиқ бўлади. Сўнгра яна бир замон келадики, у вақтдаги инсонлар ўзларига буюрилган нарсанинг ўндан бирига амал қилсалар ҳам, уларнинг бу амаллари нажотларига васила бўлади».

Савол: Бу ҳадиснинг зоҳиридан ҳозирги кунимиздаги бирор одам бир икки маҳал намоз ўқиб қўйса ёки бир неча ўн йилда бир марта рўза тутиб қўйса, унга шунинг ўзи кифоя қилади, деган хулоса чиқмайдими?

Жавоб: Бу ерда амалдаги ихлос назарда тутилган. Яъни амал учун қанча ихлос талаб қилинган бўлса, ана шунинг ўндан бири десак тўғри бўлади. Масалан, саҳобаи киромларда бир амални қилиш учун фаразан ўн даража ихлос талаб қилинган бўлса, кейинги одамларда ўша амалдаги ихлоснинг бир қисми топилса ҳам, бу унинг нажотига кифоя қилади. Бу ўринда амалнинг ўзини ўнтага камайтириш назарда тутилмаган.

Валиюддин Хатиб ат-Табризийнинг

"Мишкот ал-Масобих шарҳи"китобидан