loader
Foto

Китоб ва суннатни маҳкам тутиш

Савол: Бундан аввалги боб қабр азоби ҳақида эди. Боблар кетма-кетлигида ҳам ўзаро бир-бирига боғлиқлик бўлади. Шу сабабдан бу бобнинг аввалги бобга қандай алоқаси бор?

Жавоб: Юқорида ўтган бобларда қазо ва қадар, қабр азоби ва роҳати каби ақийдага тааллуқли масалалар баён қилинди. Уларнинг такозосига амал қилиш, уларга эътиқод қилиш ҳамда уларнинг боқий қолиши китоб ва суннатга боғлиқ бўлсагина эътиборга олинади. Бу ердаги боғлиқлик шундаки, тақдир ва қабр азоби учун ақлий далилларнинг ўзи кифоя қилмайди. Балки бунда нақлий далилларга ҳам катта эҳтиёж бор. Китоб ва суннат эса нақлий далиллар саналади.

Бобда келтирилган калимаси    феълидан иштиқоқ қилинган бўлиб, «ман қилмоқ» маъносини англатади. Ушбу ўринда дан «маҳкам тутиш» маъноси ирода қилинган. Яъни китоб ва суннатни маҳкам тутиш деганидир.

Суннатдан эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари, феъллари ва тақрирлари тушунилади.

Хуллас, ушбу ўринда эътисомнинг маъноси Аллоҳ таолонинг китоби ҳақ экани, у Аллоҳ таоло тарафидан нозил қилингани ҳамда у тақозо қилган нарса хоҳ буйруқ бўлсин, хоҳ қайтариқ бўлсин, унга амал қилиш лозимлигига эътиқод қилиб, уни маҳкам тутишдир.

Савол: Китобдан сўнг суннат зикр қилинди. Китобнинг ўзини зикр қилиш билан кифояланса бўлмасмиди? Чунки Каломуллоҳда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиш баёни келган-ку?! Нима сабабдан суннат ҳам алоҳида қайдланди?

Жавоб: Бу ерда суннатнинг аҳамиятини очиб бериш бор. Чунки китобга суннатсиз амал қилишнинг имкони йўқ. Масалан, намоз ва закот борасида Қуръони Каримда мутлақ амр келган. Лекин уларнинг баёни келтирилмаган. Уларнинг кайфияти ва шарт-шароитлари суннат орқали тафсир қилинади.

«Суннат»нинг луғавий маъноси «йўл»дир. Шаръий истилохда эса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига «суннат» дейилади. Шаръий суннатнинг муқобилидаги нарса «бидъат» дейилади.

Бидъатнинг луғавий маъноси «янги нарса»дир. У хоҳ яхши нарса бўлсин, хоҳ ёмон нарса бўлсин, бидъатдир. Шаръий истилоҳда эса, уни дин деб ҳамда савобли деб ихтиёр қилинган ҳар бир янги пайдо қилинган нарса бидъатдир. Унинг асли аввалги уч табақада ва умматнинг ижмосида учрамайди.

Бидъат бир эътибордан икки қисмга тақсимланади: луғавий бидъат ва шаръий бидъат.

Шаръий бидъат мутлақо мазаммат қилинган ва қайтарилган. Бунга бир нечта далиллар келтирилади:

Биринчи:

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Албатта Аллоҳ таоло ҳар бир бидъатчидан тавбани тўсиб қўйган» (Имом Табароний ва Байҳақий ривоят ҳилишган).

Бунга сабаб, бидъатчи ўзи қилаётган нарсани тўғри деб билади ва шу сабабли унга тавба қилмайди.

Иккинчи: Мужаддиди «Алфис-соний»: «Бирорта бидъат ҳасана бидъат бўлмайди», деганлар. У кишининг бу сўзидан истилоҳий бидъат ирода қилинган.

Учинчи: Бидъатда бир эътибордан нубувватни даъво қилиш бор. Чунки бидъатчи гарчи ўзи даъво қилмаса-да, лекин у гўё пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тўлдиролмаган нарсани тўлдиргандек бўлади.

Тўртинчи: Бидъатчи суннатга эргашишдан маҳрум бўлади.

Мана шу эътиборлардан бидъат мазаммат қилинган иш саналади

Луғавий бидъат беш қисмга тақсимланади: вожиб, ҳаром, мустаҳаб, макруҳ ва мубоҳ. Уларнинг тафсилоти қуйидагича:

1. Вожиб. Динни муҳофаза қилиш вожиб. Шу сабабли, унинг муҳофазаси учун васила бўладиган нарсаларни ўрганиш ҳам вожибдир. Ботил фирқаларга раддия бериш, наҳв илмини ўрганиш бунга мисол бўлади.

2. Ҳаром. Жабария ва мўътазила каби фирқаларнинг эътиқодлари бунга мисол бўлади.

3. Мустаҳаб. Бунга мадраса, мусофирхона ва хонақоҳлар қуриш мисол бўлади. Шунингдек, таровеҳ намозларини жамоат бўлиб ўқиш. Бу борада ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу «Бу қандай ҳам яхши бидъат», деганлар. Бундан луғавий бидъат ирода қилинган. Булар «суннати ҳасана» деб ҳам аталади.

4. Макруҳ. Бомдод ва аср намозларидан кейин одатга айланган қўл бериб кўришиш бунга мисол бўлади. Бу қавл ҳанафий мазҳабининг қавлидир. Шофеъийлар наздида эса мубохдир.

5. Мубоҳ. Бунга ейиш-ичиш, яшаш учун кенг макон қуриш ва масжидларга нақш қилиш мисол бўлади. Бу иш ҳанафийлар наздида мубоҳ бўлиб, шофеъийлар наздида эса макрухдир.

Валиюддин Хатиб ат-Табризийнинг

"Мишкот ал-Масобих шарҳи"китобидан