loader
Foto

Ғуслни вожиб қилувчи сабаблар

Имом Қудурий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ғуслни вожиб қилувчи сабаблар - эркак ва аёлдан ухлаган ёки уйғоқ ҳолатида манийнинг шаҳват билан отилиб чиқишидир». Шофеъий раҳимаҳуллоҳ наздида маний қандай ҳолатда чиқса ҳам, ғуслни вожиб қилади. Бунга далил Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сув сув сабабидандир», деган сўзларидир. Яъни ғусл қилиш маний сабабидан бўлади. Бизнинг далилимиз - покланишга бўлган буйруқ жунуб кимсани ҳам ўз ичига олади. Жунублик луғатда манийни шаҳват билан чиқишидир. Масалан, эркак киши аёли билан шаҳватини қондирган вақтда «жунуб бўлди», дейилади. (Шофеъий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган) ҳадис шаҳват сабабли чиққан манийга йўйилади. Сўнгра Имом Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммад раҳимаҳумуллоҳнинг наздида (ғусл вожиб бўлиши учун) маний ўз ўрнидан шаҳват билан ажралиши эътиборлидир. Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ наздида эса маний зоҳир бўлган вақтда ҳам (шаҳват топилиши шарт). У киши бу ҳолатни манийнинг белдан ажраб чиқишига қиёслайди. Чунки ғусл шу иккисига боғлиқ. Имом Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммад раҳимаҳумуллоҳнинг далили шуки, қачонки бир важҳдан (яъни маний ўз ўрнидан шаҳват билан ажралаётган вақтда) ғусл вожиб бўлгач, у зоҳир бўлаётган вақтда шаҳват билан отилиш ҳолати бўлмаса ҳам ғуслнинг вожиб бўлиши эҳтиёт йўлидир.

Шарҳ: Бу ўринда «Ҳидоя» соҳиби ғуслни вожиб қилувчи сабабларни зикр қилди. Ана шу сабаблардан бири эркак ва аёлдан уйқу ёки уйғоқлик ҳолатида манийнинг шаҳват билан отилиб чиқишидир. Яъни ҳар қандай ҳолатда маний чиқса, ғусл вожиб бўлади.

Имом Молик ва Имом Шофеъий раҳимаҳумуллоҳ наздида мутлақ манийнинг чиқиши ғуслни вожиб қилади. Бу ҳолатда унинг шаҳ-ват билан ёки шаҳватсиз чиқишининг аҳамияти йўқ. Масалан, бир киши оғир юк кўтарган ёки баланд жойдан сакраган вақтда ёки қаттиқ дарра урилиши натижасида ундан маний чиқадиган бўлса, ғусл вожиб бўлади. Бу борада уларнинг далили

«Сув сув сабабидандир» мазмунидаги ҳадиси шарифдир. Яъни ғуслнинг суви маний суви сабабидандир.

Ушбу ҳадисда манийнинг чиқиши шаҳват билан бўлсин ёки бўлмасин, деган бирор қайд мавжуд эмас.

«Мутлақ ўзининг мутлақлигига кўра жорий бўлади» қоидасига биноан, бу ҳолатда ғусл вожиб бўлади.

Бизнинг далилимиз Аллоҳ азза ва жалланинг

«Агар жунуб бўлсаларингиз, бас, покланинглар» (Моида сураси, 6-оят) ояти каримасидир. Ушбу оятдаги покланишга бўлган буйруқ жунуб кишини ўз ичига олади. Зеро, луғатда жанобат деб, манийнинг шаҳват билан отилиб чиқишига айтилади. Чунки арабларда ўз аёли билан шаҳватини қондирган кишига нисбатан «жунуб бўлди», дейилади. Бундан маълум бўладики, агар маний шаҳват билан чиқадиган бўлса, киши жунуб бўлади ва жунубликдан сўнг ғусл килиши вожиб бўлади.

Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ далил қилиб келтирган «Сув сув сабабидандир» ҳадиси эса шаҳват билан чиққан манийга йўйилади. Мазкур ҳадиснинг лафзлари умумий тарзда келган. Ҳолбуки, закардан келадиган сувларнинг тури кўп. Масалан, у бавл, мазий, вадий ва маний бўлиши мумкин. Лекин закардан чиқадиган ҳар қандай сув ғуслни вожиб қилмайди. Шаҳват билан чиққан маний ғуслни вожиб килишига барча иттифоқ қилган. Шунинг учун бу ҳадисни шу ҳолатга ҳамл қиламиз.

Шунингдек, бизнинг маслагимизни қувватловчи далиллардан яна бири Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳадислари бўлиб, у киши манийни қуйидагича тафсир килган:

«Маний закарнинг туриши у туфайли сўнадиган қуюқ, оқ нарсадир».

Закарнинг синиши шаҳватдан сўнг бўлади. Агар маний шаҳватсиз чиқса, ғуслни вожиб қилмайди.

Ҳанафий уламоларнинг иттифоқига кўра, ғусл вожиб бўлиши учун маний сулбдан ажралаётган вақтида шаҳват топилиши керак. Лекин жинсий аъзодан манийнинг чиқиш вақтида шаҳват топилиши шартми ёки шарт эмасми? Мана шу масалада ихтилоф мавжуд.

Тарафайн (Имом Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммад раҳимаҳумуллоҳ) наздида закардан чиқаётган вақтда шаҳват бўлиши шарт эмас. Чунки сулбдан маний ажраган вақтда шаҳватнинг топилиши ғусл вожиб бўлиши учун кифоя қилади.

Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг наздида эса маний закардан чиқаётган вақтда ҳам шаҳват топилиши шарт. Бу ўринда у киши закардан чиқадиган манийни белдан ажрайдиган манийга қиёс қилади.

Тарафайн айтадилар: «Маний белдан ажраган вақтда шаҳват топилгани учун ғусл вожиб бўлади. Лекин закардан чиқаётган вактда шаҳват бўлмагани учун аслида ғусл вожиб бўлмаслиги керак. Бу ҳолатда иккала суратга ҳам эътибор қаратилади. Биринчи суратда белдан шаҳват билан ажралганда, ғусл вожиб бўлишига ҳукм килинди. Закардан шаҳватсиз чиқаётганда эса, ғусл вожиб бўлмаяпти. Аммо аввалги суратда ғусл вожиб бўлгани эътиборидан эҳтиётан иккинчи суратда ҳам ғусл вожиб бўлади, деб ҳукм қилинади».

Бу масаладаги ихтилофнинг самараси қўли билан маний чиқарган кишининг ҳолатида намоён бўлади. Яъни бир киши қўли билан закарини ишқалаб шаҳватини қондирмоқчи бўлса ва маний белдан шаҳват билан ажраганидан сўнг закарининг бошини маҳкам ушлаб олиб, манийни шаҳватсиз чиқарса, бу ҳолатда тарафайн наздида ғусл вожиб бўлади. Лекин Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ наздида ғусл вожиб бўлмайди.

Фойда: Эркак кишидан келадиган маний суви уч қисмдан ташкил топади: маний, мазий ва вадий. Маний ғуслни вожиб қилади. Мазий ва вадий ғуслни эмас, балки таҳоратни вожиб қилади.

Бу уч хил сувнинг фарқи борасида «Мусаннафи Абдурраззоқ» китобида Қатода ва Икрима раҳимаҳумуллоҳ айтадилар: «Маний бу - шаҳват билан отилиб чиқадиган ва ундан бола пайдо бўладиган сувдир. Мазий бу - эркак ва аёл бир-бири билан ўйнашган вақтда чиқадиган сувдир. Вадий эса пешоб билан ёки ундан кейин чиқадиган сувдир».

Ибн Ҳумом раҳимаҳуллоҳ «Фатҳул Қодир» китобида айтади: «Бир аёл Оиша розияллоҳу анҳодан мазий борасида савол сўрайди. У киши: «Ҳар бир эркак мазий кўради», дедилар».

Мазий чиққан вақтда таҳорат синади. Шунинг учун мазий теккан ўринларни ювиш вожиб бўлади. Вадий пешобдан сўнг келади. Вадий теккан аъзолар ҳам ювилиши лозим.

Аллома Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мазий оқ рангли, ёпишқоқ, суюқ, мулоаба (эр-хотин ўйнашган) вақтда чиқадиган сувдир».

«Ҳидоя» соҳиби ҳам мазийга юкоридаги таърифлар каби унинг оқ, суюқ ва мулоаба вақтида чикишини айтиб, таъриф берган.

«Икки хатна қилинган аьзо маний чиқармасдан, бир-бирига йўлиқиши (ғуслни вожиб қилади)». Бунга далил Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Икки хатна қилинган аъзо бир-бирига йўлиқса ва ҳашафа (яъни эркак киши закарининг бош қисми аёлнинг жинсий аъзоси ичига) гойиб бўлиб, маний тўкилса ёки тўкилмаса ҳам, ғусл вожиб бўлади», деган сўзларидир. Чунки хашафанинг кўздан ғойиб бўлиши манийнинг тўкилишига сабаб бўлади. Гоҳида ҳашафанинг ўзи кўздан ғойиб бўлиб, маний кам бўлгани сабабидан унинг эгасига ҳам (манийнинг чиққани) махфий бўлиши мумкин. Шунинг учун хатна қилинган аъзоларнинг бир-бирига йўлиқиши маний чиқиши ўрнига қўйилади ва ғусл вожиб бўлади. Шунингдек, ҳашафани орқа аъзога киритиш хам сабаб (яъни лаззатланиш) тўлиқ бўлгани учун ғуслни вожиб қилади. (Орқа аъзосидан ватий қилинган суратда) ватий қилинган шахсга ҳам эҳтиётан ғусл қилиши вожиб бўлади. Чорва ҳайвонига ва фарждан бошқа жойга ватий қилишда (маний оқизмаган суратда) ғусл вожиб бўлмайди. Чунки бу ҳолатда лаззатланиш сабаби ноқис бўлади.

Шарҳ: «Хитон» деб эркакларнинг ҳам, аёлларнинг ҳам хатна қилинадиган аъзосига айтилади. Арабларда аёлларни ҳам эркаклар каби хатна қилиш одати мавжуд.

Ибн Ҳумом раҳимаҳуллоҳ айтади: «Хатна қилиш эркаклар учун суннат, аёллар учун эса икромдир. Чунки хатна қилинган аёл билан бўладиган жинсий яқинлик лаззатлироқ бўлади. Агар эркак киши хатна қилишни тарк қилса, бунга мажбурланади. Лекин хатна қилиш ҳалокатга сабаб бўлса, бунга мажбурланмайди. Аёллар хатнага мажбур қилинмайди.

Агар икки хатна қилинган аъзо бир-бирига йўлиқиб, эркакнинг закари аёлнинг фаржи ичига ғойиб бўлса, маний тўкилмаса ҳам ғусл вожиб бўлади. Бу масаладаги биринчи далил Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисларидир:

«Икки хатна қилинган аъзо бир-бирига йўлиқса ва ҳашафа, (яъни эркак киши закарининг бош қисми) ғойиб бўлиб, маний тўкилса ёки тўкилмаса ҳам, ғусл вожиб бўлади».

Яна бир ақлий далил шуки, агар ҳукм қилинаётган нарсанинг ўзи махфий, лекин сабаби зоҳир бўлса, ана шу зоҳир сабаб махфий ишнинг ўрнига қоим бўлади. Яъни ҳукм махфий ишга эмас, балки унинг зоҳирий сабабига қараб берилади. Юқоридаги масалада хатна қилинган аъзоларнинг йўлиқиши маний чиқишига сабаб бўлади. Ғуслнинг вожиб бўлиш ҳукми эса маний чиқишига боғлиқ бўлади. Лекин бу ҳолатда манийнинг чиқиши махфий ишдир. Баъзан у камлиги туфайли соҳибига сезилмаслиги ҳам мумкин. Шунинг учун хатна аъзолари бир-бирига йўлиқишининг ўзи маний чиқиши ўрнига қоим бўлади.

Имом Қудурий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ва ҳайз» (ҳам ғуслни вожиб қилади). Бунга далил Аллоҳ таолонинг ташдид билан ўқилган «Ҳатто пок бўлгунларига кадар» ояти каримасидир. Уламолар ижмосига кўра, «нифос» борасидаги ҳукм ҳам шундай».

Шарҳ: Ғуслни вожиб қилувчи сабаблардан бири ҳайз қони бўлиб, аёл-қизларга ҳайз қонини кўриши биланоқ ғусл вожиб бўлади. Баъзи уламолар наздида ҳайз конининг тўхташи ғуслни вожиб қилади. Бунга далил:

«Ҳатто пок бўлгунларига қадар» (Бақара сураси, 222-оят) ояти каримасидир.

Яъни ҳайз кўрган аёл қон тўлиқ тўхтаб, ғусл қилганидан сўнг пок бўлади. Чунки ушбу ояти каримадаги лафзи ташдид билан уқилган. Бу мутавотир қироатдир.

Ушбу ўринда бир эътироз юзага келади. Яъни юқоридаги оятда келган лафз кўринишида ҳам ўқилган. Бу ҳам мутавотир қироат. Ушбу қироатга кўра, ҳайз қони тўхташи билан ғусл қилмаса ҳам, аёл киши пок ҳисобланаверади. Яъни эри унга яқинлик қилиши мумкин бўлади.

Бу эътирозга жавоб шуки, иккала мутавотир қироат ҳам ўз ўрнида гўёки иккита оят кабидир. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ наздида иккала қироатга ҳам амал қилинади. қироатига кўра, ҳайзли аёл тўлиқ ўн кун қон кўрган бўлса, мана шу ўн кун ўтгач, гарчи ғусл қилмаса ҳам, эри унга яқинлик қилиши жоиз бўлади. Чунки аёлдан ҳайз қони тўхтади ва ўн кундан кейин ундан қон келмайди. Шунинг учун ҳам у пок бўлди, деб ҳукм қилинади.

Агар ҳайз қони ўн кундан кам муддатда тугаса, масалан, беш-олти кунда, у то ғусл қилмагунича пок деб ҳукм қилинмайди. Шунинг учун ҳам эри унга яқинлашмай туради. Бунда кироатига кўра аёл ҳайз қони тугаганидан сўнг ғусл қилади ва шундан сўнг пок бўлади, деб ҳукм берилади.

Нифосдаги ҳукмлар ҳам ҳайз ҳукмлари кабидир.

Ҳикматуллоҳ Абиевнинг

"Ҳидоя шарҳи" китобидан