loader
Foto

Мусулмон шахс ёлғон сўздан узоқ бўлади

Чунки ёлғон сўз ҳаромдир: “...ва ёлғон сўздан йироқ бўлингиз!..” (Ҳаж сураси, 30-оят).

Ёлғон гувоҳлик бериш ҳаромлигидан ташқари, у эркаклик шаънига ҳам путур етказади, омонатдорликни йўқотади, шарафга халал беради. Шунинг учун у мўминнинг сифати бўла олмайди. Шу сабабдан Аллоҳ таоло танланган бандаларини мана бу сифатдан ҳам катта гуноҳлар қаторида поклаган:

“Улар (яъни, Раҳмоннинг суюкли бандалари) ёлғон гувоҳлик бермайдиган ва лағв (беҳуда сўз, ё амал) олдидан ўтган вақтларида олийжаноблик билан (яъни, ундан юз ўгирган ҳолларида) ўтадиган кишилардир” (Фуркрн сураси, 72-оятп).

Бунинг катта маъсият эканлигига далил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гуноҳлар нарвонида икки катта гуноҳ - Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлишдан кейин ёлғончиликни келтирганларидир. Сўнгра у зот мусулмонларнинг қулоқларига огоҳлантирган ҳолда қаттиқ ҳаяжон билан қайта-қайта такрорладилар: “Сизларга энг катта гуноҳи кабиралар хабарини берайми?” - Саҳобалар: “Ҳа, ё Расулуллоҳ”, - дейишди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш (У зот суяниб олган эдилар, ўтириб олдилар ва:) огоҳ бўлинг, ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳлик бериш ҳам”, дедилар. У зот бу сўзларни такрорлайверганларидан кошки тўхтатсалар, деб қолдик” (Бухорий ва Муслим ривояти).

Муҳаммад Али Ҳошимийнинг

"Мусулмон ахлоқи" китобидан

Заҳириддин Мансур, ҳафизаҳуллоҳ таржимаси