Чунки чет тили бугунги кунда мусулмон маданиятига керак бўлган фанлардандир, яъни илмдандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўн беш аср муқаддам мусулмонлар турли уммат ва жинслар билан алоқа қилишга ва умматларни ҳаққа даъват килишга қодир бўлишлари учун чет тилини ўрганишга чақирганлар. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис сўзимиз тасдиғидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайдга дедилар: “Эй Зайд, мен учун яҳуд ёзувини ўрган, Аллоҳ номига қасам, котиблик учун яҳудга ишонмайман”. Зайд айтди: “Ўргандим, ярим ой ўтмай уни яхши ўзлаштирдим. Яҳудларга мактуб ёзиш керак бўлса мен ёзар эдим, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мактуб жўнатсалар ўқиб берар эдим”. Бошқа ривоятда Зайд айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан: “Сирёний тилини биласанми? Менга улардан ҳам мактублар келяпти”, - дедилар. Мен: “Йўқ”, - дедим. У зот: “Ўргангин”, - дедилар. Мен уни ўргандим” (Термизий ривояти).
Шу сабабдан Ибн Зубайр розияллоҳу анҳу бир неча тилларни ўзлаштирди ва бу нарса уни Дини ва Охиратидан машғул қилмади. Унинг юзта ғуломи бўлиб, ҳар бири бошқа-бошқа тилда сўзлашар, Ибн Зубайр уларнинг ҳар бири билан ўз тилларида гаплашар эди. Агар сиз унинг дунё ишларига қарасангиз, бу одам бир лаҳза ҳам Аллоҳни эсламайди деб, агар унинг Охират ишларига қарасангиз, бу одам бир лаҳза ҳам дунёни истамайди, деб ўйлар эдингиз.
Мусулмон одам Руҳи фақат ақл ва жисмдан ташкил топмаганлигини, балки унинг уриб турган қалби, хоҳловчи руҳи, ҳис этувчи нафси, уни етукликка, ибо-датни билишда етук бўлишга, Аллоҳнинг ҳузуридаги неъматларга интилиб, Унинг ҳузуридаги жаҳаннам ва азобдан қўрқишга ундовчи олий шавқ борлигини билмоғи даркор.
Муҳаммад Али Ҳошимийнинг
"Мусулмон ахлоқи" китобидан
Заҳириддин Мансур, ҳафизаҳуллоҳ таржимаси