Имом Қудурий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Эшак ва хачирларнинг сарқити борасида шак қилинган». Бир қавлда: «Бу ўриндаги шак унинг поклиги борасидадир. Агар у пок бўлса, модомики сўлак сувга ғолиб келмас экан, покловчи хам бўла олади», дейилган.
Бошқа бир қавлга кўра, уларнинг сарқитидаги шак покловчи эканидадир. Чунки (бир киши эшак ёки хачирнинг сарқити билан бошига масҳ тортса ҳамда) мутлақ сув топиладиган бўлса, масҳ тортган киши бошини (ўша мутлақ сув билан) ювиши вожиб бўлмайди.
Шунингдек, эшакнинг сути ҳам покдир. Ундан оққан тер гарчи кўп миқдорда (кийимга ёки баданга теккан) бўлса ҳам, намознинг жоиз бўлишини ман қилмайди. Унинг сарқити ҳам шундай. Мана шу асаҳ (энг саҳиҳ) қавлдир.
Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳдан эшакнинг сарқити пок экани борасида ривоят келтирилган. Эшак сарқитидаги шакнинг сабаби шуки, унинг мубоҳ ва ҳаром экани ҳақидаги далиллар ўзаро қарама-қарши бўлгани ёки саҳобаи киромлар унинг нажосат ёки пок экани борасида ихтилоф қилганларидир.
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллохдан нақл қилинган ривоятда ҳаромлик ва нажосатлик жиҳатларини таржиҳ қилган ҳолда эшакнинг сарқити ҳаром экани айтилган. Хачир ҳам эшак наслидан бўлгани учун ҳукмда у каби бўлади.
Шарҳ: Матнда зикр килинган эшакдан хонаки эшак, хачирдан эса онаси эшак бўлган хачир ирода килинади. Агар хачирнинг онаси бия ёки сигир бўлса, унинг саркити пок саналади («Шарҳи нуқоя»), Чунки ҳайвонлар она тарафига нисбатланади.
Келтирилган матннинг хулосаси шуки, хонаки эшак ва хачирнинг саркити машкук, яъни шак килингандир. Аксар машойихлар наздида ҳукм шундай.
Шайх Абу Тохир Даббос рахимаҳуллоҳ айтади: «Илоҳий аҳкомлардаги бирор ҳукм борасида шак килинмайди. Яъни у кишининг наздида эшакнинг саркити пок саналади. Масалан, бир кишининг кийими эшакдан қолган сувга бутунлай солинса ва кейин бошқа мутлақ сувда ювилмаса, ўша кийим билан намоз ўқиш жоиз бўлади. Агар эшакнинг саркитидан бошка сув бўлмаса, ундан таҳорат килиб, сўнг таяммум қилиб намоз ўқилади».
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Эшакнинг сарқити пок ва покловчидир». Бунга далил шуки, қайси жониворнинг териси ошлаш билан пок бўлса, унинг сарқити ҳам пок бўлади.
Аксар машойихлар эшакнинг сарқитида шак қилинганини айтганлар.
Баъзи машойихлар: «Бу масаладаги шак эшакнинг сўлаги пок ёки нопоклигидадир», деганлар. Агар унинг сўлаги пок бўлса, ундан ортган сарқит пок ва покловчи бўлади. Фақат бунда сўлак сувдан кўпайиб кетмаслиги шарт қилинади. Негаки сувга пок нарса аралашиб, сувдан кўпайиб кетса, у сувни сувлик табиатидан чиқариб юборади ва сувда покловчилик хусусияти қолмайди.
Баъзи машойихларнинг қавлига кўра, ушбу масаладаги шак эшак сарқитининг покловчи эканидадир. Яъни аслида эшакнинг сўлаги пок, лекин у аралашган сувнинг покловчи ёки покловчи эмаслигида шак қилинади. Мисол учун, бир одам эшакнинг сарқит суви билан бошига масҳ тортди. Сўнгра бу одам мутлақ сув топса, бошини ювиши вожиб бўлмайди. Агар эшакнинг сарқити пок эканида шак қилинганда, бу одам мутлақ сув топганида бошини ювиши вожиб бўлар эди. Демак, маълум бўладики, эшакнинг сарқити аслида пок, лекин унинг покловчи эканида шак қилинган.
«Ҳидоя» соҳиби эшакнинг сутини ҳам пок дейди. Лекин бу ҳукм «Зоҳирур ривоя»га мувофиқ эмас. Чунки Имом Муҳаммад раҳимаҳуллохдан нақл қилинган ривоятга кўра, «Зоҳирур ривоя»да эшакнинг сути нопок экани айтилган.
Имом Аъзам раҳимаҳуллохдан эшакдан оққан тер борасида уч хил ривоят бор:
1. Ундан оққан тер пок ва намознинг жоиз бўлишини ман қилмайди.
2. Нажосати хафифа.
3. Нажосати ғализа.
Лекин Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан нақл қилинган машҳур ривоятга кўра, эшакдан оққан тер пок. Шунга кўра, унинг сарқити ҳам пок бўлади. Негаки тер ҳам, сўлак ҳам жониворнинг гўштидан пайдо бўлади. Шунинг учун бу иккиси, яъни тер ва сўлакнинг ҳукми бир хил саналади.
Мазкур қавлларга биноан, «Ҳидоя» соҳиби айтади: «Саҳиҳ қавл шуки, эшак сарқитининг покловчилигида шак собит бўлади, унинг пок эканида эмас».
Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ ҳам эшак саркитининг пок эканини очиқ-ойдин айтган. Шунингдек, Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг наздида бирор кийимга қуйидаги тўрт нарсадан бири тегиши билан у нажосат бўлмайди:
1. Эшакнинг сарқити;
2. Мустаъмал (таҳоратда ишлатилган) сув;
3. Эшакнинг сути;
4. Гўшти ейиладиган ҳайвонларнинг пешоби.
«Ҳидоя» соҳиби айтади: «Эшакнинг сарқитидаги шакнинг иккита сабаби бор. Биринчиси - унинг мубоҳ ва ҳаромлиги борасидаги далиллар ўртасида қарама-қаршилик мавжуд». Шунингдек, хабар-ларда қуйидагича келади:
Ғолиб ибн Абжар розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Менинг молимдан эшак болачаларидан бошқа ҳеч нарса қолмади (нима қилишим керак)», деб сўрайди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Молингнинг семизидан егин», деб жавоб берадилар.
Ваҳоланки, бу саҳобийда эшакдан бошка моли йўқ эди. Шунга кўра бу ривоят эшак гўштининг ҳалол эканига далолат қилади.
Яна бир ривоятда келади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар куни хонаки эшакларнинг гўштини ҳаром деб ҳукм қилдилар.
Шу ерда ушбу икки ривоят ўртасида ўзаро қарама-қаршилик юзага келмокда.
Шунингдек, саҳобаи киромлар ҳам эшакнинг сарқити пок ёки нопок экани ҳақида турли фикрларни билдирганлар. Масалан, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан нақл қилинган ривоятда у нопок, дейилган бўлса, Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан нақл қилинган ривоятда пок дейилган.
Мазкур ҳолатларда муҳаррим (ҳаром қилувчи) далиллар ва мубиҳ (ҳалол сановчи) далиллар ўртаси жамланган суратда муҳаррим устун қўйилади. Мисол учун, бир одил киши бир жониворнинг гўшти ҳақида: «Уни мажусий сўйган», деб айтса, яна бир бошқа одил киши: «Уни мусулмон одам сўйган» деса, биринчи одил кишининг гапи устун қўйилади, чунки бу ҳолатда ҳам икки кавл бир-бирига карама-қарши бўлиб қолди.
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан ҳам эшакнинг сарқити нопок экани борасида бир ривоят бор. Чунки бу ўринда унинг ҳам ҳаромлик ва нажосат жиҳати устун қўйилади.
Хачир ҳам эшак наслидан бўлгани боис, у борасидаги ҳукм ҳам эшак ҳақида айтилган ҳукмлар каби бўлади.
«Агар (таҳорат қилувчи) иккисидан (яъни эшак ёки хачирнинг сарқитидан) бошқа сув топа олмаса, у иккиси билан тахорат олиб, сўнг таяммум ҳам қилади. Таҳорат ва таяммумдан қайси бирини (истаса) биринчи қилиши жоиз бўлади». Имом Зуфар ра-ҳимаҳуллоҳ: «Фақат таҳоратни биринчи қилиши жоиз бўлади. Чунки сарқит сув ишлатилиши вожиб бўлган сувдир. Шунинг учун у мутлақ сув каби бўлади», деб айтган.
Бизнинг далилимиз - албатта, покловчи иккисндан бири бўлиб, у жамлашни ифода қилади, тартибни эмас.
«Отнинг сарқити икки имом наздида пок». Чунки у гўшти ейиладиган жонивордир.
Имом Абу Ҳанифа раҳимахуллоҳ наздида ҳам сахиҳ ривоятга кўра шундай. Чунки от гўштини ейишдаги кароҳият унинг шарафини изҳор қилиш учундир.
Шарҳ: Таҳорат олувчининг ҳузурида машкук (шак қилинган), яъни эшак ёки хачирнинг сарқитидан бошқа сув бўлмаса, ана шу сув билан таҳорат қилади ва таяммум ҳам қилади. Бунда таҳорат ва таяммумдан истаганини муқаддам қилади.
Имом Зуфар раҳимаҳуллоҳ эса таҳоратни биринчи қилишга ҳукм қилган. Чунки машкук сув истеъмол қилиш вожиб бўлган сув бўлиб, у мутлақ сув кабидир.
Бизнинг далилимиз шуки, таҳорат ва таяммум иккиси билан ҳам покланиш ҳосил бўлаверади. Яъни иккиси ҳам покловчи бўлгани боис, ҳолат у иккисининг ўртасини жамлашни тақозо қилади. Тартибни ифодаламайди.
Отнинг сарқити хоҳ у урғочи бўлсин, хоҳ нор бўлсин, икки имом наздида покдир. Чунки унинг гўшти ейилади. Зеро, гўшти ейиладиган жониворларнинг сарқити ҳам пок бўлади.
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллохдан бу масалада тўртта ривоят бор:
1. Агар отнинг сарқитидан бошқа сув топилса, ўша билан таҳорат қилиш керак.
2. Отнинг сарқити ҳам эшакнинг сарқити каби макруҳдир.
3. Отнинг сарқити ҳам эшакнинг сарқити каби машкукдир.
4. Отнинг сарқити пок. Мана шу саҳиҳ ривоятдир.
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ наздида отнинг гўшти макруҳ экани айтилди. Лекин бу макруҳлик от гўштининг ҳаром экани эътиборидан эмас, балки бу жониворнинг шарофати сабабидандир. Негаки от у вақтларда жиҳодлар учун асосий восита саналган. Шунга биноан унинг гўштидан пайдо бўлган сўлак ва у аралашган сув нопок бўлмайди.