loader
Foto

Қурбонлик

Қурбонликнинг фазилатлари ҳақида кўпгина ҳадислар ворид бўлган.

Қуйида уларни келтирамиз:

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамзод сўйиш куни қон чиқаришдан кўра Аллоҳга маҳбуброқ иш қилган эмас. Улар (ҳайвонлар) Қиёмат куни шохлари, жунлари ва туёқлари билан келадилар. Қон ерга тушишидан олдин Аллоҳнинг ҳузуридаги маконга етади. Уни чин кўнгилдан чиқарингиз», дедилар». Термизий ривоят қилган.

Зайд ибн Арҳам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари: Эй Аллоҳнинг Расули, бу қурбонликлар нима?» дедилар. У зот: «Отангиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннати», дедилар. Улар: «Бизга уларда нима бор, эй Аллоҳнинг Расули?» дедилар. У зот: «Ҳар бир тук баробарига бир ҳасана», дедилар. Улар: «Юнги-чи, эй Аллоҳнинг Расули?» дедилар. У зот: «Юнгининг ҳар бир туки баробарига бир ҳасана бор», деб жавоб бердилар». Ибн Можа ривоят қилган.

Қурбонлик қилувчи қурбонлик қилаётганда қуйидагича дуо қилиши суннат ҳисобланади:

Маъноси: «Мен юзимни осмонлару ерни яратган Зотга, тўғри йўлга мойил бўлган ҳолимда юзлантирдим ва мен мушриклардан эмасман. Менинг намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Робби Аллоҳ учундир. Унинг шериги йўқ. Ана шунга буюрилганман. Ва мен энг аввалги мусулмонман. Аллоҳим, Сендандир ва Сенгадир».

Сўнгра «Бисмиллаҳ, Аллоҳу акбар», деб сўяди.

Сўйиб бўлгач, қуйидаги дуони ўқийди:

Маъноси: «Аллоҳим, Ҳабибинг Муҳаммад ва халилинг Иброҳим алайҳиссолату вассаломлардан қабул қилганинг каби уни мендан қабул қилгин»(Агар бошқа одамнинг номидан сўяётган бўлса, «фалончидан қабул қилгин», деб, ўша кишининг ҳаққига дуо қилинади.).



Қурбонлик қилиш фитр садақаси вожиб бўлган кишига вожиб бўлади.



Агар киши бой бўлса, у отаси, онаси, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам номларидан қурбонлик қилиши мандуб ҳисобланади.



Қурбонлик қилиш мусофир кишига вожиб бўлмайди.



Қурбонликнинг вақти ҳайит кунлари: зулҳижжанинг 10-куни тонг отганидан 12-куни қуёш ботгунга қадар — уч кун давом этади. Афзали ҳайит куни сўйишдир. Сўнгра зулҳижжанинг 11-куни, сўнгра зулҳижжанинг 12-куни сўйишдир.



Шаҳар аҳли учун намоздан олдин сўйиш жоиз эмас. Саҳрода яшовчилар эса ҳайит куни субҳ чиққанидан кейин қурбонликни сўйишлари жоиздир.



Агар шаҳарлик киши қурбонлигини қишлоқ чеккасига юборган бўлса, ҳайит куни субҳ чиққанидан кейин қурбонлик сўйилиши жоиз бўлади.



Қурбонликни ҳайитнинг учинчи куни, яъни зулҳижжа ойининг 12-куни қуёш ботгунича сўйиш жоиз. Ҳайитнинг учинчи куни қуёш ботганидан кейин сўйиш жоиз бўлмайди.



Қурбонликни ҳайитнинг учинчи куни, яъни зулҳижжа ойининг 12-куни қуёш ботгунча сўйиш кифоя. Кундузи, тушда ёки кечки пайт сўйишнинг фарқи йўқ. Аммо ҳайвонни сўйганда узилиши зарур бўлган тўртта томир қолиб кетмаслиги учун (қоронғида эмас,) кундузи сўйиш афзал.



Агар киши мусофир бўлса ва ҳайитнинг учинчи куни қуёш ботишидан олдин муқим бўлиб қолса ёхуд фақир бўлса-ю, ҳайитнинг учинчи куни қуёш ботишидан олдин бой бўлиб колса, унга қурбонлик қилиш вожиб бўлиб қолади.



Қурбонлик қилувчининг ўзи сўйишни эплай олса, қурбонликни ўзи сўйиши афзалдир. Агар ўзи сўя олмаса, бошқа одамнинг ёрдамидан фойдаланса бўлади, лекин шу қурбонликка ўзи гувоҳ бўлиб туриши лозим бўлади.



Қурбонликни тили билан ният қилиши шарт қилинмайди. Қурбонлик қилаётганини қалбан билса ва қурбонликни сўяётганда тилида «Бисмиллаҳ, Аллоҳу акбар»ни айтса, кифоя. Авлоси 1904-масалада келтирилган дуони айтиб туришдир.



Эркак киши фарзандлари номидан, улар катта бўлса ҳам, кичик бўлса ҳам, қурбонлик қилиши вожиб эмас. Гарчи балоғатга етмаган фарзанди бор бўлиб, у бой бўлса ҳам, унинг номидан қурбонлик қилиш вожиб бўлмайди. Узининг молидан ҳам боласининг номидан қурбонлик қилмайди. Балоғатга етмаган боласи бой бўлса, унинг молидан ҳам қурбонлик қилмайди. Узининг молидан боласи номидан қурбонлик қилса, бу нафл қурбонлик бўлади. Аммо сағирнинг молидан қурбонлик қилмайди.



Қурбонлик ҳайвоннинг уч туридан килинади:

1. Қўй (эчки ҳам);

2. Қорамол;

3. Туя.

Мазкур ҳайвонларнинг эркагини ҳам, урғочисини ҳам қурбонлик қилса бўлади.



Қўйнинг қурбонлиги бир киши учун ўтади. Битта қўйни қурбонлик қилишда бир неча киши шерик бўлса, уларнинг биронтасидан ҳам қурбонлик ўтмайди.

Қорамол ёки туянинг қурбонлиги етти киши номидан жоиз бўлади. Етти киши ёки ундан камроқ (беш ёки олти) киши жамланиб, биргаликда туя ёки қорамолни қурбонлик қилишлари жоиз бўлади. Лекин етти кишидан кўпроқ одам жамланса, уларнинг биронтасидан қурбонлик ўтмайди.



Икки ёки ундан кўп киши қурбонлик учун шерик бўлиши, уларнинг барчалари қурбонликни ёки ақийқани ният қилишлари жоиз бўлади. Агар мана шу шериклардан биронтаси қурбонлик ёки ақийқани эмас, фақат гўштни ният қилса, уларнинг биронтасидан қурбонлик ҳам, ақийқа ҳам дуруст бўлмайди.



Агар қорамолда етти ёки ундан оз киши жамланса, улар ичида биронтасининг насибаси бошқа шерикларининг насибасидан зиёда бўлиб қолса, шерикларнинг ҳеч биридан қурбонлик дуруст бўлмайди.



Бир бой киши қурбонлик қилишга қорамол ёки туя сотиб олди. Сўнгра бошқа одам ҳам унга қўшилишни ирода қилди. Бой киши ҳайвонни сотиб олаётганда қурбонлик қилишни ва бунда шерик топишни ният қилган бўлса, бошқа одамнинг қурбонликка шерик бўлиб қўшилиши ҳеч қандай кароҳиятсиз дуруст бўлади. Лекин ҳайвонни сотиб олаётганда уни фақат якка ўзи қурбонлик қилишни ният қилган бўлса ва сўнгра унга шерик қўшилса, қурбонлик ўтади, аммо кароҳият билан бўлади.

Агар фақир киши ўзининг номидан қурбонлик қилишни ният қилиб қорамол ёки туя сотиб олса, бошқасини шерик қилмасин, ўзининг номидан сўйсин(Агар камбағал киши бошқаларни шерик қилса, барчаларидан қурбонлик жоиз бўлади, аммо камбағалга у қанча одамни шерик қилган бўлса шунча одамнинг ҳиссасича тўлаши вожиб бўлиб қолади. Яъни бошқа қорамол ёки туя сўйиб қурбонлик қиладиганга олти ҳиссанинг пулини тўлаб қурбонлик қилиши вожиб бўлиб қолади.).



Бир одам қурбонликка ҳайвон сотиб олди. У ўғирланди ёки йўқолиб қолди. Кейин у одам яна бошқа қўй сотиб олди. Уни сўймоқчи бўлиб турганида йўқолган қўй топилиб қолди. Бу ҳолатда бу киши бой одам бўлса, шу икки қўйдан бирини сўяди(Агар аввалги қўйни сўйса, яхши. Агар иккинчи қўйни сўйса, аввалги олган қўйидан буниси ноқисроқ бўлса, нуқсон микдорини эҳсон қилиши керак бўлади.). Агар у фақир киши бўлса, иккала қўйни ҳам сўяди.

Изоҳ: Чунки камбагалга қурбонлик қилиш шарт эмасди, қурбонлик қиламан деб ҳайвонни сотиб олиши билан, сотиб олган ҳар икки ҳайвонни сўйиш камбагалга шарт бўлиб қолади.



Агар икки ёки ундан кўпроқ киши шерик бўлиб қурбонлик қилишса, қурбонлик гўштини баробар тақсимлашлари лозим бўлади. Гўштни тарозида тортиб, вазнига кўра шериклар ўртасида тенг қилиб тақсимлаш керак. Чамалаб бўлиш дуруст бўлмайди. Шериклар ичида бирортасига гўшт кўпроқ тегса, мана шу зиёдаси рибо бўлиб қолади. Лекин шерикларнинг насибасига гўштидан бошқа қисмлари, яъни териси, ичак-чавоқлари кабилар қўшилса, бунинг зарари йўқ.



Қурбонлик учун бир ёшга етган қўй ёки эчки сўйиш дуруст бўлади.

Бир ёшга етмаган қўй ёки эчки қурбонлик қилинса, бу қурбонлик дуруст бўлмайди.

Изоҳ: Аммо қўй бир ёшга тўлмаган бўлса ҳам, жуссаси катта бўлиб, кўриниши жиҳатидан бир ёшли қўйлар каби бўлса, уни қурбонлик қилиш жоиз бўлади.

Буқа ёки сигирнинг икки ёшга етганини қурбонлик қилиш жоиз бўлади. Икки ёшга етмаган сигир ёки буқани қурбонлик қилиш дуруст эмас.

Туянинг беш ёшга етганини қурбонлик қилиш жоиз.

Аммо қўй олти ойга етиб, жазаъа (бир ёшли қўйнинг номланиши) деб номланса ва у бир ёшли қўйлар орасига кирган-да жуссаси кичиклиги билан улардан ажралиб қолмайдиган бўлса, уни қурбонлик қилиш дуруст бўлади. Агар олти ойлик қўй бир ёшли қўйлар орасига кирганда жуссаси кичиклиги билан улардан ажралиб қоладиган бўлса, уни қурбонлик қилиш дуруст бўлмайди.



Агар қурбонлик қилинаётган ҳайвон кўр, ғилай ёки кўзининг 1/3 қисмидан кўпроқ қисми нуқсонли бўлса ёхуд икки қулоғи ёки икки қулоғининг учдан бир қисмидан кўпроғи кесилган бўлса, уни қурбонлик қилиш дуруст бўлмайди.



Юрганда чўлоқ оёғини ерга босмай, уч оёқлаб юрадиган чўлоқ ҳайвонни қурбонлик қилиш дуруст эмас. Юрганда чўлоқ оёғини ҳам ерга босиб, оқсоқланиб бўлса-да, тўрт оёкдаб юрадиган чўлоқ ҳайвонни қурбонлик қилиш жоиз.



Суягида умуман ёғ қолмаган ўта ориқ ҳайвонни қурбонлик қилиш дуруст эмас. Аммо озғин бўлса-да, суягида ёғи бўлган ҳайвонни қурбонлик қилиш жоиз.



Тиши йўқ қўйнинг қурбонлиги дуруст эмас. Лекин кўпроқ тиши бор-у, баъзи тишлари тушган қўйнинг қурбонлиги жоиз.



Шохсиз туғилган қўйни қурбонликка сўйиш дуруст. Шохи бор, лекин шохининг баъзи жойлари синган қўйни қурбонликка сўйиш дуруст. Аммо шохи бош суягидан тўлиқ кўчиб кетган қўйни қурбонликка сўйиш жоиз эмас.



Икки қулоғи ҳам кесилган ёки умуман қулоғи йўқ бўлган ҳайвон қурбонликка ярамайди.



Бичилган ҳайвонни қурбонликка сўйиш жоиз. Қўтир тошган ҳайвонни қурбонликка сўйиш жоиз. Аммо қўтир сабабли ўта озиб кетган ҳайвонни қурбонликка сўйиш жоиз эмас.



Қурбонликка ярайдиган ҳайвон сотиб олинди. Сўнгра унга қурбонлик учун яроқсиз қилиб қўядиган нуқсон етди. Бу ҳолатда ҳайвонни сотиб олган киши фақир бўлса, у ҳайвонни қурбонлик қилиши жоиз. Агар бой бўлса, уни қурбонлик қилиши жоиз эмас, балки бошқа ҳайвон сотиб олиб, уни қурбонлик қилади.



Қурбонлик қилувчи кишининг ўзи қурбонлигининг гўштидан ейиши жоиз. Унинг қариндошлари ҳам гарчи бой бўлсалар-да, ейишлари жоиз ва бу мустаҳабдир. Қурбонлик гўштидан фақирларга, мискинларга садақа қилиш мустаҳабдир. Қурбонлик гўштининг учдан бир қисмидан камайтирмай садақа қилиш афзалдир.



Қурбонлик қилувчи киши қурбонлигининг терисини ишлатиши жоиз. Қурбонликка сўйилган ҳайвоннинг терисидан идиш, меш, пўстин, бўйра сифатида фойдаланиш жоиз.



Қурбонликка сўйилган ҳайвоннинг териси сотилса, унинг пулини фақирларга садақа қилиб юборилади. Қурбонликка сўйилган ҳайвоннинг терисини сотмасдан, шундайлигича фақирга ҳам, бойга ҳам бериб юборса бўлади.



Қурбонликка сўйилган ҳайвоннинг териси сотилса, унинг пулини кўприк, масжид ёки мадрасалар қуришга сарфлаш жоиз эмас.



Қурбонлик қилувчи киши ҳайвонни сўйиб берган қассобнинг хизмат ҳаққини қурбонлик гўштидан бериши жоиз эмас.



Қурбонлик қилинаётган ҳайвон боғлаб қўйилган арқон ҳам садақа қилиб юборилади.



Фақир кишига қурбонлик қилиш вожиб эмас. Лекин у қурбонлик қилиш ниятида ҳайвон сотиб олса, шу ҳайвонни қур-бонлик учун сўйиш энди бу фақир кишига вожиб бўлиб қолади.



Бир кишига қурбонлик қилиш вожиб. Қурбонлик кунлари ўтиб кетди, лекин у қурбонлик қилмади. Энди у битта қўйнинг қийматини садақа қилиши лозим бўлади. Чунки қурбонлик қилиш вақти ўтиб кетди.



Бир киши қурбонлик қилишни назр қилди. Энди унга қурбонлик қилиш вожиб бўлади(Қурбонликни назр қилганда, мутлақ қурбонликни ният қилган бўлса, қурбонлик кунларидан бошқа кунларда сўяди. Агар қурбонлик кунлари қурбонлик қилишни назр қилган бўлса, қурбонлик кунида сўяди.).



Назр қилувчи қурбонликни назр қилса, унга қурбонлик қи-лиш вожиб бўлиб қолади. Энди у бой бўлса ҳам, фақир бўлса ҳам, фарқи йўқ, назр қилинган қурбонликнинг гўштидан ўзи емайди, уни фақир-мискинларга садақа қилади.

Назр қилинган қурбонлик гўштидан ўзи еб қўйса, шу еган гўштининг қийматини садақа қилиб юборади.

Вафот этган одам қурбонлик сўйишни васият қилган бўлса ва у қолдирган маблағдан қурбонлик қилинса, бу қурбонлик гўштини садақа қилиб юбориш лозим бўлади. Ундан ейиш жоиз бўлмайди.

Агар марҳум қурбонлик қилишни васият қилмаган бўлса, унда марҳумнинг номидан қурбонлик қилиш ва унинг гўштидан ейиш ҳам жоиз бўлади.



Бир одам бошқа одамнинг буйруғисиз унинг номидан қурбонлик қилди. Бу қурбонлик унинг номидан дуруст бўлмайди. Агар қорамолни сотиб олган шериклардан бири бошқалари бехабар ҳолида уни сўйиб юборса, мазкур ҳолатда бу қурбонлик улардан бирорталари номидан дуруст бўлмайди. Ҳамма шерикларнинг бундан хабари бўлиши керак ва қурбонлик сўйилишига биргаликда гувоҳ бўлишлари керак.



Агар қурбонликда икки ёки ундан кўпроқ киши шерик бўлса, унинг гўштини тақсимлашдан олдин барча шерикларнинг розилиги билан қурбонлик гўштидан садақа қилишлари жоиз бўлади.



Қурбонлик гўштидан зиммийга ҳиба (ҳадя) қилиш жоиз.



Агар қурбонлик қилишга олинган ҳайвон бўғоз бўлса, уни қурбонлик қилиш жоиз. Бу ҳолатда унинг ҳомиласи тирик чиқса, у ҳам сўйилади.



Ақийқа



Фарзанд туғилиши билан унга исм қўйиш ва еттинчи куни унинг номидан ақиқа қилиш мустаҳабдир.



Ўғил бола чақалоқ учун иккита, қиз бола чақалоқ учун битта қўй сўйиш мустаҳаб амалдир. Ақийқа қилинганда чақалоқнинг сочи олиниб, тарозида тортилади. Агар бой бўлса, сочнинг вазни қанча бўлса, шунча вазндаги тилланинг, агар камбағал бўлса, шунча вазндаги кумушнинг қийматини садақа қилиш мустаҳаб амалдир.

Масалан, чақалоқнинг сочи тўрт грамм чиқса, бой одам тўрт грамм тилланинг қийматини, камбағал киши тўрт грамм кумушнинг қийматини садақа қилиши мустаҳабдир. Чақалоқнинг боши заъфарон билан бўяб қўйилса, яъни хушбўйлантириб қўйилса, авлодир.



Агар бола туғилганининг еттинчи куни ақийқа қила олмаса, кейинги ҳафтанинг бола туғилган кунидан бир кун олдин қилади. Масалан, жума куни туғилган бўлса, пайшанба куни, шанба куни туғилган бўлса, жума куни қилади.



Туғилган чақалоқнинг сочини олиб, сўнгра қўй сўйиш лозим ёки аввал қўй сўйиб, сўнгра сочини олиш керак. Шу икки амални кетма-кет қилса яхши бўлади(Ато раҳматуллоҳи алайҳ айтганлар: - Аввал сочни олдириб, кейин сўйсин. Бу Ибн Рушднинг китоблари муқаддимасида келтирилган.).



Қурбонликка яроқли бўлган қўй ақийқа учун ҳам яроқли ҳисобланади. Қурбонликка ярамайдиган қўй ақийқа учун ҳам ярамайди.

Ақийқанинг гўштидан чақалоқнинг отаси, онаси, бобоси, бувиси ва бошқа қариндошлари ейиши жоиз.



Ўғил бола чақалоқ учун битта қўй сўйса ҳам ёки умуман қўй сўймаса ҳам жоиз.

Ашраф Али Таҳонавийнинг

"Мухтасар Фикҳул Ҳанафий асари таржимаси" китобидан

Икром Муҳаммад Умар таржимаси