loader
Foto

Иброҳим алайҳиссалом қайси бир фарзандини қурбон қилмоқчи бўлди?

Бу мавзу оддий эмас, аммо ўз вақтида жуда муҳимдир. Яъни, саволга жавоб излар эканмиз, Иброҳим алайҳиссалом ўғилларининг қайси бири Аллоҳ таолонинг олдида даражаси баланд ва Иброҳим алайҳиссаломнинг севикли ўғли ким эканини билиб олсак бўлади. Бу эса, ўз навбатида, Аллоҳ таолога қайси бир миллат яқинлигини ҳам кўрсатиб, охири замон пайғамбари қайси халқдан чиқишини ҳам кўрсатиб беради. Маълумки, Исмоил алайҳиссалом адноний араблар бобосидир, Исҳоқ алайҳиссалом эса Бану Исроил қабилаларининг бобоси ҳисобланади. Иброҳим алайҳиссалом тавҳидга даъват этган улуғ пайғамбарлардандир.



 Иброҳим алайҳиссалом ўзларидан кейинги барча пайғамбарларнинг отаси ҳисобланадилар. Барча самовий дин вакиллари у зот алайҳиссаломни ҳурмат билан тилга оладилар ва унинг меросхўри эканликларини эътироф этадилар. Аслида, Иброҳим алайҳиссаломга ким ҳақиқий меросхўр эканлигини Аллоҳ таоло бизларга Қуръони Каримда марҳамат қилиб билдирган.«Иброҳим яҳудий ҳам, насроний ҳам бўлмаган эди. Лекин у ҳақ йўлдан тоймаган мусулмон эди. Ва мушриклардан ҳам бўлмаган. Албатта, одамларнинг Иброҳимга ҳақлироғи унга эргашганлар, мана бу пайғамбар ва иймон келтирганлардир. Аллоҳ мўминларнинг валийсидир». (Оли Имрон сураси, 67-68-оятлар).



Яҳудийлар ва насронийларнинг муқаддас китобларида Иброҳим алайҳиссалом ҳақларида: «...Сени табаррук қилиб, номингни улуғлайман. Сен баракали бўлгайсан. Сени дуо қилганларни Мен дуо қиламан, сени лаънатлаганларни Мен лаънатлайман. Ер юзидаги барча қабилалар сендан барака топадилар» дейилган (Ибтидо 12-2,3).

Иброҳим алайҳиссалом қайси фарзандини қурбон қилмоқчи бўлди?

Бу масалада ислом уламоларининг фикрлари қандай?

Бу масалада уламоларимиз орасида ихтилофлар бор. Баъзи уламоларнинг фикрига кўра, Иброҳим алайҳиссалом Исмоил алайҳиссаломни эмас, Исҳоқ алайҳиссаломни қурбонлик қилмоқчи бўлган. Умар, Ибн Маъсуд, Ибн Аббос ва бошқа саҳобалар, ўндан ошиқ тобеъинлар, муфассирлардан Ибн Жарир Табарий ва бошқалар шундай фикрга эга бўлишган.

Исмоил алайҳиссаломни қурбон қилмоқчи бўлган, деган фикрга эга бўлганлар қуйидагилардир: Ибн Умар, Абу Ҳурайра, Абу Туфайл, Саил ибн Мусайиб, Шаби, Ҳасан Басрий, Мужоҳид, имоми Аҳмад, Ибн Касир, Байдавий, Саадий, Шинқитий ва бошқалар.

Исҳоқ алайҳиссалом қурбон қилинмоқчи бўлган, дейдиганларнинг далиллари:

1. Соффат сурасида Иброҳим алайҳиссалом воқеаси зикр қилинади, мушриклар уни гулханга отмоқчи бўлганида:

“У: «Албатта, мен Роббимга боргувчиман. У мени ҳидоят қилур. Роббим, менга солиҳлардан ато эт», деди. Бас, Биз унга бир ҳалим ўғилнинг хушхабарини бердик. Бас, қачонки (бола) унинг ўзи билан бирга юрадиган бўлганида: «Эй ўғилчам, мен тушимда сени сўяётганимни кўрмоқдаман, боқиб кўр, нима дейсан?» деди. У: «Эй отажон, сенга амр этилганни бажар, инша Аллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсан», деди”. (Соффат сураси, 99-102-оятлар).

Ушбу оятларнинг далил бўлишига сабаб, Қуръони каримда Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга Исмоил алайҳиссаломнинг туғилишлари ҳақидаги хушхабари зикр қилинмаганида бўлса керак. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга Исмоил алайҳиссаломни эмас, балки Исҳоқ алайҳиссаломнинг туғилишлари хушхабарини беради. Масалан, Соффат сурасининг 112-оятида: “Яна Биз унга солиҳлардан бир Пайғамбар бўлажак Исҳоқнинг хушхабарини бердик”, дейилган.

Юқорида келтирилган оятлар (Соффат сураси, 99-102-оятлари)да Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга Исҳоқ алайҳиссаломнинг туғилишлари хушхабарини берган, кейинчалик Иброҳим алайҳиссаломга қурбонлик қилиш буюрилган, яъни Исҳоқ алайҳиссаломни.

2. Шунингдек, Соффат сурасининг 99-102-оятларидаги “Бас, қачонки (бола) унинг (Иброҳимнинг) ўзи билан бирга юрадиган бўлганида” сўзлари ҳам ушбу фикрга далил бўлади.

Маълумки, Исмоил алайҳиссалом отаси билан бирга ўсмаган. Иброҳим алайҳиссалом уни эмизикли бола чоғида онаси билан бирга саҳрога олиб бориб, кимсасиз жой (ҳозирги Макка)да қолдириб келганди. Исҳоқ алайҳиссалом эса, аксинча, отаси Иброҳим алайҳиссаломнинг бағрида ўсган, шунинг учун ҳам “Бас, қачонки (бола) унинг (Иброҳимнинг) ўзи билан бирга юрадиган бўлганида” сўзлари ҳеч кимга эмас, айнан унга тўғри келади.



Исмоил алайҳиссаломни қурбонликка келтириш буюрилган, дейдиганларнинг далиллари:

1. Соффат сураси оятларида баён қилинган ривоятнинг аввалида (37:99-102): “У: «Албатта, мен Роббимга боргувчиман. У мени ҳидоят қилур. Роббим, менга солиҳлардан ато эт», деди. Бас, Биз унга бир ҳалим ўғилнинг хушхабарини бердик. Бас, қачонки (бола) унинг (Иброҳимнинг) ўзи билан бирга юрадиган бўлганида (Иброҳим): «Эй ўғилчам, мен тушимда (ҳадеб) сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман, боқиб кўр, нима дейсан?» деди...”, дейилади.

Шундан сўнг Иброҳим алайҳиссалом ўғлининг қандай қурбонлик қилмоқчи бўлгани ҳикоя қилинади ва фақат шундан кейин: “Албатта бу (яъни Иброҳимнинг ўз ўғлини қурбонлик қилишга буюрилиши) очиқ-равшан имтиҳондир, холос. Биз унинг (Исмоилнинг) ўрнига (Иброҳимга) катта бир (қўчқор) сўйишни – қурбонликни эваз қилиб бердик...” (37:106-107) ҳамда “Яна Биз унга солиҳлардан бир Пайғамбар бўлажак Исҳоқнинг хушхабарини бердик” (37:112), дейилади.

Яъни, бош фарзандни қурбонликка келтиришга уринишдан сўнг ўғил туғилиши хушхабари берилди.

Бир қарашда, Исҳоқнинг туғилиши ҳақидаги хабар икки марта такрорлангандек: «Бас, Биз унга бир ҳалим ўғилнинг хушхабарини бердик» (37:101), кейин эса яна бир марта: «Яна Биз унга солиҳлардан бир Пайғамбар бўлажак Исҳоқнинг хушхабарини бердик» (37:112).

Бироқ, бу араб тили грамматикасига мувофиқ келмайди, негаки араб тилида такрорланиш алмашинишга ишора қилади. Араб тилида, бир нарса хусусида сўз кета туриб, кейин гап кетаётган нарса “ва” (و) боғловчиси воситасида такроран тасдиқланиши кузатилмайди. Бу ерда айнан шу ҳодиса рўй бермоқда. Чунки, 37:112 да – «Яна Биз унга солиҳлардан бир Пайғамбар бўлажак Исҳоқнинг хушхабарини бердик» – ҳикоянинг яна ўз жойига қайтиши назарда тутилмоқда, ва бу оятда дарҳақиқат “ва” боғловчиси келган, яъни сўзма-сўз таржима қуйидагича: «Чунки у (Иброҳим) мўмин бандаларимиздандир. Яна (!) Биз унга (Иброҳимга) солиҳлардан бир Пайғамбар бўлажак Исҳоқнинг хушхабарини бердик» (37:111-112).

Яъни, ҳалим ўғлон хушхабари берилиб, сўнг Иброҳим алайҳиссалом ўз ўғлини қурбон қилмоқчи бўлган воқеа зикр қилинмоқда, ундан сўнг эса, яна бир марта: «Яна Биз унга солиҳлардан бир Пайғамбар бўлажак Исҳоқнинг хушхабарини бердик». Яъни, контекстда Исҳоқ алайҳиссалом ҳақидаги хушхабар икки марта келмоқда, ёки ҳалим ўғлон ҳақида гап кетганида Исҳоқ алайҳиссалом эмас, балки Исмоил алайҳиссалом назарда тутилмоқда. Бироқ, юқорида зикр қилганимиздек, биринчи вариантни араб тили қоидаси рад қилади.

2. Бунинг тасдиғи сифатида шуни айтиш керакки, Исҳоқ алайҳиссалом Қуръонда "билимдон, илмли бола" (арабча عليم "ъалим") деб эслатилган: “Улар: «Қўрқма, биз сенга ўта билимдон ўғилнинг хушхабарини берурмиз», дедилар”. (Ҳижр сураси, 53-оят).

“(Иброҳим) улардан хавфсиради. Улар: «қўрқма», дедилар ва унга илмли ўғил башоратини бердилар”. (Зарийат сураси, 28-оят).

Ушбу оятлар мазмунидан очиқ кўриниб турибдики, бу ерда гап айнан Исҳоқ ҳақида кетяпти, Исмоил ҳақида эмас. Чунки фаришталарнинг Иброҳим алайҳиссалом билан суҳбатида унинг чўриси Ҳожарга эмас, хотини Сорага хушхабар берилди.

Бу ерда эса арабча "ҳалим" (حليم) - "оғир-вазмин, сабрли, фаҳм-фаросатли, мулойим" сўзи ишлатилган: “Бас, Биз унга бир ҳалим ўғилнинг хушхабарини бердик". (Соффат сураси, 101-оят).

Яъни, бу икки башоратнинг сифати бир-биридан фарқ қиляпти. Исҳоқ алайҳиссалом ҳақидаги барча оятларда у киши "ақлли, илмли" деб сифатланган, бу оятда эса бошқа бир сифат - "оғир-вазмин"лик қўлланилган.

Агар бу ерда ҳам Исҳоқ алайҳиссалом ҳақида сўз юритилган бўлса, нега у кишига хос бўлган сифат ишлатилмади? Бу шунга аниқ ишораки, "оғир-вазмин" (ҳалим) сифати Исмоил алайҳиссаломни билдиради, Исҳоқ алайҳиссаломни эмас (у кишининг сифати "ақлли, илмли" эди). Демак, Қуръон Исҳоқни илмли, Исмоилни эса оғир-босиқ, деб тасвирлаяпти.

Иброҳим алайҳиссалом оғир-босиқ бўлган ўғлини қурбонлик қилмоқчи бўлгани ҳақидаги оятлар мазмуни шуни кўрсатяптики, у Исҳоқ эмас, Исмоил бўлган.

3. Бу фикрга қуйидаги оят ҳам далил бўлади: «Тик турган хотини кулди. Бас, Биз у(хотин)га Исҳоқнинг ва Исҳоқдан кейин Яъқубнинг хушхабарини бердик. (Ҳуд сураси, 71 оят).

Ҳа, айнан Исҳоқ алайҳиссаломнинг туғилиши ҳақидаги қувончли хабар ҳам Ёқуб алайҳиссаломнинг (Исҳоқ алайҳиссаломнинг ўғли) туғилиши ҳақидаги хабар билан бирга келди.

Бундан хулоса қилиш мумкинки, Қурбонлик қилинмоқчи бўлган ҳақида айтилаётган бўлса, яъни унинг учун қурбонлик қилиш синови ҳали олдинда бўлса, унинг ўғил кўриши ҳақидаги башорат сўзлари ўз маъносини йўқотади. Чунки бундай буйруқда қарама-қаршилик (зиддият) бор.

Қандай қилиб Худо Иброҳим алайҳиссаломни Исҳоқ алайҳиссалом номли ўғли ва Ёқуб алайҳиссалом исмли набираси бўлиши билан хурсанд қилиб, шу билан бирга, унга (Иброҳим алайҳиссаломга) набираси Ёқуб туғилмай туриб ўз ўғли Исҳоқни қурбонлик қилишга амр қилади?

Хулоса: ушбу оят Иброҳим алайҳиссаломга Исҳоқ алайҳиссаломни эмас, айнан Исмоил алайҳиссаломни қурбонлик қилишни буюрганлигини кўрсатади.

4. Исмоил ўз отаси билан катта бўлмаганлиги хусусига келсак, Замахшарий дейдилар: "араб грамматикасига биноан, яширин (кўзда тутилган) от "у" "у билан бирга" сўзларида ёки (1) маълум бир ёшга етганлигини, ёки (2) қаттиқ тиришмоқ (ғайрат қилмоқ) ёки (3) контекстга боғлиқ бўлмаган ҳолда. Яъни, ояти каримадаги: «Бас, қачонки (бола) унинг ўзи билан бирга юрадиган бўлганида: «Эй ўғилчам, мен тушимда сени сўяётганимни кўрмоқдаман, боқиб кўр, нима дейсан?» деди», дейилганини уч хил тушуниш мумкин:

Биринчи вариант: “Энди қачонки у (бола Иброҳим) билан бирга юрадиган бўлгач, Иброҳим айтди: Эй ўғилчам!... мен (ҳадеб) тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман”.

Иккинчи вариант: “Энди қачонки у (Иброҳим) у (Исмоил) билан юрадиган бўлгач (Иброҳим) айтди: Эй ўғилчам!... мен (ҳадеб) тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман”.

Учинчи вариант: “Энди қачонки у ғайрат қилиб тиришадиган балоғат ёшига етгач, у (Иброҳим) айтди: Эй ўғилчам!... мен (ҳадеб) тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман.

Савол: ким билан ва қанақа қилиб юрадиган, ғайрат қилиб тиришадиган?

Жавоб: ўз отаси билан бирга, чунки айнан ота билан ғайрат қилиб тиришилади. Айнан ота ўзининг ғамхўрлиги, раҳимдиллиги ва бошқа фазилатлари билан шу масалада мос келади.

Кўриниб турганидек, аввалги иккита вариантда маъно йўқ. Чунки, биринчи вариантда худики Иброҳим ва Исмоил биргаликда, бир вақтнинг ўзида ғайрат қилиб тиришадиган ёшга етгандек гўё. Иккинчи вариантда эса, Иброҳим ва Исмоил, Исмоил муайян ёшга етгач, биргаликда ғайрат қилиб тиришадиган ёшга етгани келиб чиқади. Ва айнан учинчи вариантдагина маъно бор, хусусан, Исмоил муайян ёшга етгач, Аллоҳ Иброҳимга уни қурбонликка келтиришни буюрган. Бу қандай ёш экан-а? Бу ёш – ғайрат қилиб тиришадиган ёш. Оддий, стандарт ҳолатларда ўсмирлар одатда қандай қилиб ва ким билан биргаликда ғайрат қилиб тиришадиган бўлишади? Албатта, отаси билан” (ал-Кашшоф тафсири).

Мазкур фикрни араб тили грамматикаси ҳам тасдиқлайди: “са*а” (سعي) сўзи – ғайрат қилиб тиришиш (лаёқат), фаоллик, банд бўлиш, ишлаш ёши” (ал-Маани ал-Жомийнинг арабча-арабча изоҳли луғати).

 Оламлар Роббиси Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин!

****

Мақоланинг иккинчи қисмида бу воқеа ҳақида Библия нима деганига тўхталиб ўтамиз. Демак, аҳли китобларнинг айтишича, Худо Иброҳим алайҳиссаломга Исмоил алайҳиссаломни эмас Исҳоқ алайҳиссаломни қурбонликка келтириш ҳақида буюруқ берган. Улар ўз гапларига далил учун Библиядаги қуйидагижумлани келтирадилар: «Ёлғиз суюкли ўғлинг Исҳоқни олиб, Мориёх ерига бор, — деди Худо. — Мен сенга бир тоғни кўрсатаман, ўша тоғда ўғлингни қурбонлик қилиб куйдирасан» (Ибтидо, 22:2).



Бу жумлани ўрганишда қўлланадиган мезонлар:

1. Иброҳим алайҳиссаломнинг ёлғиз ўғли ким?

2. Ҳожар Иброҳим алайҳиссаломнинг рафиқаси бўлганми? Исмоил алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссалом ўғлими? Исмоил алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломнинг шаръий ўғлими?

3. Иброҳим алайҳиссаломнинг қайси бир ўғли оятда зикр қилинган суюкли фарзанди эди?

4. Эски Аҳд қурбонлик қилиш учун қандай талабларни қўяди?

5. Қурбонлик воқеасидан сўнг, Иброҳим алайҳиссалом ва унинг ўғли қайси жойга қайтиб кетади?

Шундай қилиб, биринчи мезон:

“Ҳожар Исмоилни туққанларида Иброҳим ёши саксон олти ёшда эди” (Ибтидо 16:16).

“Исҳоқ туғилганларида Иброҳим юз ёшга кирган эди” (Ибтидо 21:5).

Бу икки жумладан Исмоил алайҳиссалом Исҳоқ алайҳиссаломдан 14 ёш катта экани маълум бўлади. Демак, Исмоил алайҳиссаломни “ёлғиз ўғил” деб айтсак бўлади.

ИККИНЧИ МЕЗОН:

Биринчи нуқта; Ҳожар Иброҳим алайҳиссалом рафиқаси бўлганми?

“Ибром — Сорай деган қизга, Нахўр — Милхо деган қизга уйландилар. Милхо Хароннинг қизи эди. Милхонинг Исках деган синглиси ҳам бор эди” (Ибтидо 11:29).

Яъни, Эски Аҳдда таъкидланшича, Иброҳим алайҳиссалом Сорага уйланган. Нахўр эса, Милхога уйланган. Бу иккаласи қонуний завжалардир. Ҳожар воқеаси янада аниқ, яъни Иброҳим нафақат Ҳожарни ўз никоҳига олган, балки уни Иброҳимга Соранинг ўзи берган.

“Ибромнинг хотини Сорай ҳамон бола кўрмас эди. Сорай Мисрлик Ҳожар деган бир аёлни чўри қилиб олган эди. Бир куни Сорай Ибромга айтди:

— Эгамиз мени фарзанддан қисди. Энди чўримнинг ёнига кираверинг. Балки у орқали фарзандли бўларман.

Ибром Сорайнинг таклифига рози бўлди. Шундай қилиб, Ибромнинг хотини Сорай Мисрлик чўриси Ҳожарни эрига хотин қилиб олиб берди. Бу воқеа юз берганда, Ибром Канъон юртига кирганига ўн йил бўлган эди” (Ибтидо 16:1-3).

Бу жумлада Иброҳим алайҳиссалом Ҳожарни никоҳига олгани очиқ айтилмоқда. Агар Ҳожар Иброҳим алайҳиссаломнинг шаърий (қонуний) никоҳида бўлган бўлса, нега Исмоил қонуний фарзанди ҳисобланмас экан?



Иккинчи нутқа; Исмоил Иброҳим алайҳиссаломнинг ўғилларими?

“Ўша куниёқ Иброҳим Худо амр этгандай қилди: ўғли Исмоилни, хонадонида туғилган хизматкорларини, бегоналардан сотиб олган хизматкорларини — хонадонидаги ҳамма эркакни суннат қилди” (Ибтидо 17:23).

“Ўғиллари Исҳоқ билан Исмоил уни Мамре шарқидаги Махпала даласининг четида жойлашган ғорга дафн қилдилар. Бу дала илгари Хет халқидан бўлган Зўхар ўғли Эфрўнники эди” (Ибтидо 25:9).

“Бу гапдан Иброҳим жуда хафа бўлди, ахир, Исмоил ҳам унинг ўғли эди–да” (Ибтидо 21:11).

“Иброҳимнинг ўғиллари Исҳоқ ва Исмоилдир” (1-Паралипоменон: 1:28).

Хулоса: Исмоил Иброҳим алайҳиссалом ўғлидир ва ҳеч ким бунга қарши чиқа олмайди, чунки бу ҳақида муқаддас китобда аниқ қилиб айтилган. Яна бир масала қолди, Исмоил алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломга қонуний ўғил ҳисобланадими?



Учинчи нуқта; Исмоил алайҳиссалом қонуний фарзандми?

Уларнинг муқаддас китобларида Ёқуб алайҳиссаломнинг 12 фарзанди ҳақида зикр қилинган. Ёқуб алайҳиссаломнинг тўрт фарзанди чўрилардан туғилгани уларни ноқонуний дейишга асос бўлмайди.

Шундай қилиб, агар бу мезон билан ўлачанадиган бўлса Ёқуб алайҳиссаломнинг чўриларидан туғилган тўрт фарзандини (Бани Исроилнинг тўрт уруғи) ҳам ноқонуний дейиш керак бўлиб қолади, лекин бу тўғри эмас. Чунки айнан Ёқуб алайҳиссаломдан Бани Исролнинг 12 уруғи келиб чиқишини ҳеч ким инкор қила олмайди. Шундай экан, бу мезон Исброҳим алайҳиссаломга ҳам қўлланиши керак, яъни чўрисидан бўлган фарзанд қонуний бўлади.

“Шунда Роҳила Ёқубга деди:

— Ана, чўрим Билхахнинг ёнига киринг. У менга бола туғиб берсин, токи чўрим орқали мен ҳам болали бўлай.

Шундай қилиб, Роҳила эрига Билхахни олиб берди. Ёқуб Билхахнинг ёнига кирди. Билхах ҳомиладор бўлиб, Ёқубга ўғил туғиб берди. Роҳила: “Худойим мени оқлади, У менинг илтижоимни эшитиб, менга ўғил ато этди”, деб ўғлининг исмини Дан қўйди. Билхах яна ҳомиладор бўлиб, Ёқубга иккинчи ўғлини туғиб берди. Роҳила: “Опам билан қаттиқ олишиб, мен ютиб чиқдим”, деб ўғлининг исмини Нафтали қўйди.

Леах бола туғишдан қолганини англаб етди. Шунда у ҳам ўзининг чўриси Зилпони Ёқубга олиб берди. Зилпо Ёқубга ўғил туғиб берди. Леах: “Менга омад кулиб боқди”, деб ўғлининг исмини Гад қўйди. Сўнгра Зилпо Ёқубга иккинчи ўғлини туғиб берди. Леах: “Нақадар бахтлиман–а! Энди аёллар мени жуда бахтли экан, деб айтишади”, дея ўғлининг исмини Ошер қўйди” (Ибтидо 30:3-13).

Ва ҳақиқатдан ҳам Ёқуб алайҳиссаломнинг барча 12 та фарзандлари қонуний ҳисобланиб, мерос ҳам олган.

“Ёқуб ўша ерда яшаётганда, Рубен отасининг чўриси Билхахнинг ёнига кирди. Ёқуб буни эшитиб қолди. Ёқубнинг ўн иккита ўғли бор эди: Леахдан туғилган ўғиллари — Рубен (Ёқубнинг тўнғич ўғли), Шимўн, Леви, Яҳудо, Иссахор ва Забулун. Роҳиладан туғилган ўғиллари — Юсуф билан Бенямин. Роҳиланинг чўриси Билхахдан туғилган ўғиллари — Дан билан Нафтали. Леахнинг чўриси Зилподан туғилган ўғиллари — Гад билан Ошер. Ёқубнинг Паддон–Орамда туғилган ўғиллари ана шулар эди” (Ибтидо 35:22-26).

Бу ерда битта хулоса бор: Исмоил алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломнинг қонуний ўғли бўлган.



УЧИНЧИ МЕЗОН: Иброҳим алайҳиссаломнинг қайси бир ўғли Библияда зикр қилинган “суюкли ўғли” бўлган?



Иброҳим алайҳиссаломга Ҳожарни бериш тарихидан Сора онамиз фарзанд кўрмаганлигини билиб оламиз:

“Бир куни Сорай Ибромга айтди:

— Эгамиз мени фарзанддан қисди. Энди чўримнинг ёнига кираверинг. Балки у орқали фарзандли бўларман.

Ибром Сорайнинг таклифига рози бўлди” (Ибтидо 16:2).

Бу жумлада ниҳоятда диққатга сазовор жойи Соранинг шундай деганидир: "Балки у орқали фарзандли бўларман", Қандай? Кимдан? - "УНДАН", яъни у ҳали туғилмаган болани, ҳатто у Ҳожардан бўлса ҳам ўз боласи деб ҳисоблади. Ҳали туғилмаган ва ҳатто Исмоилга у ҳомиладор бўлмагани ҳолда, фарзанд кўришга бўлган муҳаббати ва хоҳиши туфайли уни ўзининг боласи деб атайди. Бундан шу нарса аён бўладики, Сора бу чақалоқни яхши кўрган ва кутган.

Хулоса: Исмоил алайҳиссалом Сора учун суюкли бўлган.

Иброҳим алайҳиссаломга Исмоил алайҳиссалом ҳам суюкли эди, буни биз Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга Исҳоқ алайҳиссалом туғилиши ҳақида хабар бериши билан қувонтирган ажойиб воқеадан билиб оламиз. Бу ерда бир савол туғилади, Иброҳим алайҳиссалом келажакда Исҳоқ алайҳиссаломнинг туғилиши ҳақида хабар топганда ўзини қандай тутди? Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, шукроналик келтирдими? Йўқ! "Иброҳим Худога: - қанийди, Исмоил Сенинг марҳаматинг остида яшаса, - деди" (Ибтидо 17:18). Яъни у ўз ўғлига шунчалик қаттиқ муҳаббат қўйган эдики, бошқа яна бир ўғилнинг дунёга келиши ҳақидаги хабар ҳам бу муҳаббатини заррача сусайтира олгани йўқ.

Иброҳим алайҳиссаломнинг Исмоил алайҳиссаломга кучли муҳаббатига яна ўз фарзанди меросхўри бўлишини исташи ҳам кўрсатиб турибди.

“Эй, Эгам Раббий! Сен менга нима ҳам берар эдинг?! Мен ҳамон бефарзандман, бутун мол–мулким Дамашқлик хизматкорим Элиазарга қолади. Сен менга фарзанд бермадинг, шунинг учун хонадонимда туғилган қулим менинг меросхўрим бўлади–да. Лекин Ибромга яна Эгамиз шу сўзларни аён қилди: — Йўқ, қулинг сенинг меросхўринг бўлмайди, ўзингнинг пушти камарингдан бўладиган ўғлинг сенинг ҳамма мол–мулкингга меросхўр бўлади” (Ибтида 15:2-4).

Хулосадан аён бўладики, Исмоил алайҳиссалом Иброҳим ва Сораларга бирдек суюкли эди. Ҳожарнинг Исмоилга бўлган меҳри ҳақида гапиришга хожат ҳам йўқ, чунки онанинг фарзандга бўлган муҳаббати - борлиқдаги энг кучли муҳаббат эканлигига ҳеч қандай исбот шарт эмас.



 ТЎРТИНЧИ МЕЗОН: Эски аҳд бўйича қурбонлик қилиш шартлари қандай эди?



Қурбонлик қилиш талабларига мос келиши керак бўлган Тавротдаги икки шартга диққат қилиш керак;

1) Қурбонлик қилиш жойини Худонинг ўзи айтиши шарт,

2) Қурбонлик қилинувчи жонзот она қорнидан биринчи туғилган (тўнғич) бўлиши керак. Бу ҳақда Эски аҳдда очиқ ойдин кўрсатмалар келган:

“Эгангиз Худо сизларга бераётган шаҳарларнинг биронтасида Фисиҳ қурбонлигини келтириш мумкин эмас. Фисиҳ қурбонлигини фақатгина Эгангиз Ўзи улуғланиши учун танлайдиган жойда келтиринглар. Буни қуёш ботадиган пайтда, сизлар Мисрдан чиққан соатларда қилинглар” (Иккинчи қонун 16:5,6).

“Эҳтиёт бўлинглар, куйдириладиган қурбонлигингизни дуч келган жойда қилаверманглар. Уларни фақат Эгамиз қабилаларингиз орасидан танлаган жойда қилинглар. Мен сизларга амр қилганнинг ҳаммасини ўша ерда адо этинглар” (Иккинчи қонун, 13,14)

“Ёлғиз суюкли ўғлинг Исҳоқни олиб, Мориёх ерига бор, — деди Худо. — Мен сенга бир тоғни кўрсатаман, ўша тоғда ўғлингни қурбонлик қилиб куйдирасан” (Ибтидо 22:2).

Иккинчи шартга тўхталадиган бўлсак:

“...Ҳобил ҳам сурувидаги биринчи туғилган қўзилардан биттасини танлаб олиб, сўйди ва қўзининг ёғли жойларини Эгамизга назр қилиб олиб келди. Эгамиз Ҳобилни ва унинг назрини манзур кўрди...” (Ибтидо 4:4).

“Чунки Исроил халқининг ҳамма тўнғичлари — одамнинг тўнғич ўғлидан тортиб молларнинг биринчи эркак боласигача Меникидир. Мисрда ҳамма тўнғичларни нобуд қилган куним Мен Исроил халқининг тўнғич ўғилларини Ўзим учун ажратиб олганман. Исроил халқи орасидаги ҳамма тўнғич ўғиллар ўрнига эса левиларни олганман” (Сонлар 8:17,18).

“Эгамиз Мусога яна гапирди: — Ҳамма тўнғичларни Менга бағишланглар. Исроил халқининг ҳамма тўнғич ўғиллари ва ҳайвонларининг биринчи эркак боласи Меникидир” (Чиқиш 13:1,2)

Ушбу жумлалардан келиб чиқади-ки, қурбонликка аталган ҳайвон биринчи бўлиб туғилган, яъни онаси илк бор кўз ёрганда дунёга келган тўнғич ҳайвон бўлиши лозим. Табиийки: «Иброҳим алайҳиссаломнинг ўғилларидан қайси бири ушбу талабга жавоб беради?» - деган савол туғилади. Шу ўринда таъкидлаб ўтмоқ жоизки, ушбу масала жумлада аниқ баён этилган: «Худо айтди: Ёлғиз суюкли ўғлингни олиб» (Ибтидо 22:2). Яъни тўнғич ўғлини. Ва айнан шу сабаб, Исҳоқ алайҳиссалом ҳам Соранинг қорнидан тушган тўнғич фарзанд бўлганини рўкач қилиш билан боғлиқ эътирозлар (ЁЛҒИЗ ўғлингни, дейилгани боис) ноўрин саналади. Негаки Исҳоқ алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломнинг тўнғич фарзанди бўлмаган. Унинг тўнғич ўғли Исмоил алайҳиссалом бўлган. Қурбонликни эса Иброҳим алайҳиссаломнинг хотинлари эмас, ўзи қилган. Бошқача айтганда, ўғил Иброҳимнинг хотинларидан бирининг тўнғич фарзанди эмас, ўзининг кўз очиб кўрган тўнғич фарзанди бўлиши керак эди.



БЕШИНЧИ МЕЗОН: Қурбонлик воқеасидан сўнг Иброҳим алайҳиссалом ва унинг ўғли қаерга йўл олишди?



Муқаддас китобда келган ривоятлардан шу нарса маълумки, Иброҳим Худонинг бўйруқларини сўзсиз бажарди. Ўз ўғилларини қурбонлик қилиш учун айтилган жойга олиб борди. Ҳаммасини айтилганидек қилди, керакли нарсаларни тайёрлади ва ҳоказо. Бироқ, савол туғилади, синовдан сўнг Иброҳим алайҳиссалом қаерга йўл олди? Иброҳим ва унинг ўғли учун бундай жиддий синовдан сўнг болани онасининг бағрига қайтариш мантиқан тўғри бўлмайдими, ахир. Бу ҳақда Эски Аҳд нима дейди?

“Сора 127 ёшида, Канъон юртидаги Хират–Арбада вафот этди. (Хират–Арба ҳозир Хеврон, деб юритилади.) Иброҳим Сорага аза тутиб, йиғлади” (Ибтидо 23:1,2)

Яъни, ғояга кўра агар Исҳоқ алайҳиссаломни қурбонликка келтирмоқчи бўлганида Иброҳим алайҳиссалом Исҳоқ алайҳиссалом оналари Сора олдиларига қайтиши керак эди, яъни Сора яшаётган Хевронга. Бироқ биз умуман бошқа нарсалар рўй берганига гувоҳ бўляпмиз.

“Шундай қилиб, Иброҳим ўғли билан бирга хизматкорлари ёнига қайтиб келди ва Бэршэвага — уйига йўл олди. Иброҳим Бэршэвада яшаб қолди” (Ибтидо 22:19)

Яъни, Иброҳим ўғли билан Бэршэвага қайтди. Бэршэвада нима бор экан ўзи-а?

“Иброҳим эртасига саҳарда турди. Бир оз егулик ва бир меш сув олиб, Ҳожарнинг елкасига юклади–да, ўғли билан бирга жўнатиб юборди. Ҳожар Бэршэва атрофларида чўлда бемақсад изғиб юрди” (Ибтидо 21:14).

Бэршэвада Ҳожар яшар эди ва Иброҳим алайҳиссалом унинг ёнига қараб йўлга тушди, чунки ўғлини онасининг қўлига топширмоқчи бўлди. Бу билан Иброҳим алайҳиссалом айнан Исҳоқ алайҳиссаломни эмас, ббалки Ҳожар ўғли Исмоил алайҳиссаломни қурбонликка келтирмоқчи бўлгани англашилади.

Хулоса ўрнида Эски аҳдда келтирилган Иброҳим алайҳиссаломнинг қурбонлик келтириши воқеасига иккита мулоҳаза бор.

“Иброҳим бошини кўтариб, шохлари чакалакларга ўралиб қолган қўчқорни кўриб қолди. У қўчқорни ушлаб, қурбонгоҳда ўғлининг ўрнига куйдириб қурбонлик қилди. Шунинг учун бу жойга Иброҳим: “Эгамиз беради”, деб ном қўйди. Бу ном бугунги кунда: “Эгамизнинг тоғида берилади”, деган ҳикматга айланиб кетган” (Ибтидо 22:13,14).

Ушбу икки жумлада иккита бир-бирига зид нарса бор:

1. “Ёлғиз суюкли ўғлинг Исҳоқни олиб, Мориёх ерига бор, — деди Худо. — Мен сенга бир тоғни кўрсатаман, ўша тоғда ўғлингни қурбонлик қилиб куйдирасан” (Ибтидо 22:2).

2. — Иброҳимга, Исҳоққа ва Ёқубга Мен Қодир Худо бўлиб Ўзимни зоҳир қилдим. Аммо уларга Мен, уларнинг Эгаси, деб танилмаган эдим (Чиқиш 6:3).

1) Савол, бу не саҳроки, унда тоғлар, уларда эса ўрмонлар бўлса? Ахир, Иброҳим қўйни айнан қурбонлик қилиши керак бўлган тоғда кўрдику. Эски Аҳднинг барча вариантларида келадиган сўз ҳам – ўрмон, бутазор, дарахтзор ва ҳоказо, қўй ҳам боғланмаган эди, айнан қалин дарахтзорда шохлари билан ўралишиб қолган эди.

2) Ва бу жойни Иброҳим қандай қилиб “Эгамиз беради”, деб айтган экан, у пайтда Парвардигор ўзининг бу исмини фош этмаган эдику? Парвардигор бу исмни фақат Мусога маълум қилган. Маълумки, Мусо Иброҳимдан сўнг кўп асрлардан кейин яшаган.

Оламлар роббиси Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!

Манбалар асосида Абу Муслим тайёрлади