loader
Foto

«Ва барча ҳалқларнинг Аҳмади келади»

Яҳудий ва масиҳийларга бу оятда таъкидлаб айтилаётган нарса–Аллоҳнинг охирги Пайғамбарининг соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақат араб мушрикларига, балки дунёдаги бошқа барча халқларга, шу жумладан, аҳли китобларга ҳам Аллоҳ томонидан келганликларидир. Муҳаммад алайҳиссаломнинг яҳудийларга ҳам Пайғамбар бўлиб келишлари хабари Тавротда бор бўлиб, улардан аҳд олинганда, у зотга иймон келтириш аҳди ҳам олинган эди. Шунингдек, у зоти бобаракотни соллаллоҳу алайҳи васаллам масиҳийларга ҳам Пайғамбар бўлиб келишлари хабари Инжилда зикр қилинган бўлиб, Аллоҳ таоло масиҳийлардан аҳд олган пайтида, у зот келган вақтларида иймон келтириш аҳди ҳам олинган эди. Бу оятда уларга ўша аҳдномада айтилган Пайғамбар дарҳақиқат келганлигининг хабарини бериб туриб, у зотнинг аҳли китобларга қиладиган баъзи ишлари ҳам айтилмоқда. Ва яна Аллоҳ томонидан уларга “Нур” яъни “Ислом” ва “Китоб” яъни “Қуръон” келганини ҳам такидланмоқда.

Яҳудий ва масиҳийларнинг муқаддас китобларида охирзамон пайғамбарининг исми Аҳмад бўлиши ва у Ислом дини билан келиши очиқ ойдин зикр қилинган эди. Улар ўша ваъда қилинган пайғамбарни ва у ўзи билан олиб келадиган динни кутиб яшашарди. Қачонки Аҳмад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом дини билан уларнинг ораларида зоҳир бўлганларида эса, аксарлари уни тан олишмади ва унинг динидан юз ўгиришди. Бу ҳам етмагандек муқаддас китобларидаги у ҳақидаги башоратларни беркитишди, йўқ қилишди ва бошқа маъноларга буриб таржима қилишди.

Келинг анашу башоратларнинг яна бири ҳақида тўхталиб ўтамиз.

АҲМАД

«Барча халқларни титратаман, уларнинг хазинаси шу ерга келтирилади.” Сарвари Олам айтмоқда: “Ўшанда Мен мана шу Маъбадни ҳашамат билан бой қиламан.” Сарвари Оламнинг каломи шудир: “Кумуш Меники, олтин ҳам Меникидир.” Сарвари Олам айтмоқда: “Бу Маъбаднинг кейинги шуҳрати олдингисидан ҳам улуғроқ бўлади.” Сарвари Оламнинг каломи шудир: “Мана шу ерда тинчлик ато қиламан.”» (Хаггей 2, 7-9.)

Бу оятларда қандай башорат бор экан деб ажабланаётган бўлсангиз керак. Гап шундаки, муқаддас китобларнинг ўзбек тили таржимонлари ҳам ота боболари (яҳудий ва масиҳийлар) каби ҳақиқатни беркитиш, бузиш, йўқ қилишдан четда қолишмаган. Улар ҳам ота боболари каби   ҳақиқатни яшириш мақсадида, жумлани ҳақиқий маъносидан буриб бошқа маънода таржима қилишган.

  «Китобни ўз қўллари билан ёзиб, сўнгра уни арзон баҳога сотиш учун: «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан», дейдиганларга ҳалокат бўлсин! Уларга қўллари билан ёзган нарсаларидан ҳалокат бўлсин! Уларга топган фойдаларидан ҳалокат бўлсин!» (Бақара, 79)



Тушунарли бўлиши учун ҳудди шу жумлаларни рус тилидаги таржимасини келтиримиз.



«и потрясу все народы, и придет Желаемый всеми народами, и наполню дом сей славою, говорит Господь Саваоф. Мое серебро и Мое золото, говорит Господь Саваоф. Слава сего последнего храма будет больше, нежели прежнего, говорит Господь Саваоф; и на месте сем Я дам мир, говорит Господь Саваоф.» (Хаггей 2, 7-9.)

 

Аввало бу башорат борасида яҳудий ва масиҳийларнинг фикрларини билиб олсак. Улар бу оятлар Иброҳим, Яъқуб, Мусо, Довуд ва бошқа пайғамбарларга ваъда қилинган ўша буюк пайғамбар ҳақидаги башорат эканлигини такидлаганлар. Яҳудийлар назари бўйича у пайғамбар ҳали келмаган, мудом уни кутишмоқда. Масиҳийлар эса бу башорат Ийсо алайҳиссаломга тегишли дея оламларга жар солиб ётишибди.

Энди оятларни ўзига назар ташлайлик. Агар эътибор берган бўлсангиз (и придет Желаемый всеми народами) ояти ўзбек тилида (уларнинг хазинаси шу ерга келтирилади) деб таржима қилинган. Яна эътибор берган бўлсангиз “Желаемый” сўзи катта харф билан ёзилган. “Желаемый” эса ўзбек тилида “Исталган, Орзу қилинган, Кутилган” маъноларни билдиради. Катта харфда ёзилишидан бу шахс эканлиги билинади. Бундан эса (Ва барча ҳалқларнинг Кутилгани келади) деган таржима келиб чиқади. Нима бўлганда ҳам, бу оятлар ибронийчадан бошқа тилларга қилинган барча таржималари хар хил маъно касб қилган. Аслида атоқли исмлар таржима қилинмаслиги керак эди. Атоқли исмлар қайси тилда бўлса ҳам ўз холида ёзилиши талаб қилинарди.

Мисол учун масиҳийлик асосчиларидан саналган Авлиё Павлнинг исмини олайлик. “Павл” ўзбек тилидаги таржимаси “кичик” бўлади. Рус тилида “маленький” бўлади. Бошқа тилларда ҳам ўзига муносиб таржимада бўлади. Лекин атоқли исм бўлгани учун барча тилларда “Павл” дейилади, таржима қилинмайди.      

“Желаемый” ёки “Кутилгани” лафзини асл ибронийча ёки арамийчаси (חמדח) (ҲиМиДДаҳ) бўлиб яъни араб тилидаги (АҲМАД) сийғасини айнан ўзидир. Бу икки тил ҳам сомий (семит) тиллари туркумига кириб, сийға ва маъно жиҳатидан бир бирига жуда яқинлиги эътироф этилган. Шунинг учун ҳам бу лафз таржима қилинмай ўз ҳолича қолдириши керак эди. Яъни бу оятнинг ҳақиқий таржимаси қуйидагича бўлиши лозим:

«Ва барча ҳалқларнинг Аҳмади келади»

Барча ҳалқларнинг Аҳмади дейишдан мурод эса, бу келажак пайғамбар ҳамма ҳалқларга бирдай пайғамбар бўлиб юборишлигидан далолатдир. Чунки олдинги пайғамбарлар ўз қавми ёки қабиласининг ўзигагина юборилган эдилар. Иброҳим, Яъқуб, Мусо, Довуд алайҳиссаломлар ва ҳаттоки Ийсо алайҳиссалом ҳам ўз қавмларигагина пайғамбар бўлиб юборилган эдилар.

«Исо эса жавоб бериб: – Мен фақат Исроил халқининг адашган қўйлари ҳузуригагина юборилганман, – деди» (Матто 15, 24.)

Мана бу Ийсо алайҳиссаломнинг эътирофи. Ва яна Ийсо алайҳиссалом ўн икки ҳаворийсига ҳам шундай кўрсатма берган эди.

«Исо ўн икки ҳаворийсини жўнатаётиб, уларга қуйидагича кўрсатмалар берди:“Мажусийлар яшайдиган жойларга оёқ босманглар, самарияликларнинг шаҳарларига кирманглар.Аксинча, адашган қўйларга ўхшаган Исроил халқи олдига боринглар» (Матто 10, 5-6)       

Аҳмад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса барча ҳалқ ва элатларга пайғамбар қилиб юборилганлар.

«Сен: «Эй одамлар, албатта, мен сизларнинг барчангизга, осмонлару ернинг мулки Уники бўлган, Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган ва тирилтириб ўлдирадиган Аллоҳнинг Пайғамбаридирман. Бас, Аллоҳга ҳамда Унинг Аллоҳ ва Унинг калималарига иймон келтирадиган уммий элчисига–Пайғамбарига иймон келтиринг. Ва унга эргашинг, шоядки ҳидоят топсангиз», деб айт.» (Аъроф, 158)

Бурунги Пайғамбарлар ўз қавмлари ва ўз замонларига, ўзларидан сўнг янги Пайғамбар келгунча бўлган даврга Пайғамбар бўлганлар. Улар инсоният тарихининг маълум бир даври учун масъул бўлганлар. Аммо Ислом Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун олам халқларига ва қиёматга қадар кечадиган замонларга Пайғамбар бўлиб келдилар. У киши келтирган Ислом шариати вақт ўтиши билан эскириб қолмайди, балки барча вақт ва маконга салоҳияти бор шариатдир. Шунинг учун ҳам Муҳамад соллаллоҳу алайҳи васалламга бутун инсониятга қарата, мен барчангизга Пайғамбарман, деб айтиш ҳуқуқи берилган.

Юқоридаги муқаддас китоб башоратининг иккинчи қисмига қарасак, бу башорат Ислом пайғамбарига тегишли эканлиги янада ойдинлашади.

«Сарвари Оламнинг каломи шудир: “Мана шу ерда тинчлик ато қиламан.”» (Хаггей 2, 9.)

Бу ерда тинчлик дея таржима қилинган лафз ибронийча (Шалум) бўлиб, арабчада эса (Салом ёки Ислом) деган маънони билдиради.

Иброний ва араб тилларида бир хил маънони, яъни тинчлик ва таслим бўлишни билдиради.

Шунинг учун ҳам бу башорат фақат ва фақат Ислом дини билан келган Аҳмад (Муҳаммад) соллаллоҳу алайҳи васаллам тегишлидир.

Бу оятларнинг ҳақиқий таржимаси қуйидагича бўлади:

«Барча халқларни титратаман, ва барча ҳалқларнинг Аҳмади келади.....» (Хаггей 2, 7.)

 «Сарвари Оламнинг каломи шудир: “Мана шу ерда Исломни ато қиламан.”» (Хаггей 2, 9.)