Юқорида айтиб ўтилган маълумотларга биноан Аллоҳ таолонинг нарсалардан таркиб топмагани ўз исботини топгач, Уни маълум бир сурат, дейиш мумкин эмас. Чунки сурат нарсалардан таркиб топгандир. Шунингдек, суратлар турлича бўлиб, бири иккинчисига қарама-қарши бўлгани ва Аллоҳ таолода ҳудусга далолат қилувчи нарсалар йўқлиги учун Аллоҳ таолода уларнинг жамланиши муҳолдир. Бир қисм иккинчи қисмдан афзал эмас. Чунки ҳар иккиси мақтов ва мазамматни ифодалашда бир-бирига тенгдир.
Илм, қудрат, ҳаёт, ирода, эшитиш, кўриш каби сифатлар ўзларининг зидди бўлган сифатларга қарама-қаршидир. Чунки юқоридаги зотий сифатларга мақтов тааллуқли бўлгани боис улар мукаммал сифатлардир. Албатта, қадимийликнинг шарти мукаммал сифат ила сифатланишдир. Мукаммал сифатнинг аксига ҳудус аломати бўлмиш ноқислик тааллуқли бўлади. Яратилган нарсалар мукаммал сифатга эмас, ноқис сифатларга далолат қилади. У икки сифат орасида ҳеч қандай тенглик мавжуд эмас. Демак, комил сифатлар ноқис сифатларсиз мавжуддир. Лекин суратларнинг барчаси субутликда бир хилдир. Масалан, баъзи суратларни исботламоқчи бўлган бир киши бошқа суратларни исботламоқчи бўлган кишидан устун бўлмайди. Ўзаро қарама-қаршилиги бўлгани сабабли уларни барчасининг жам бўлишининг имкони йўқ. Улардан бирортасига собит бўлиш хос бўлса, у албатта, хословчининг хослаши билан бўлади. Бунга эса юқорида айтиб ўтилганидек, ҳеч қандай йўл йўқдир. Аллоҳ тўғри йўлга муваффақ қилсин!
Шу сабабли ҳам Аллоҳ таоло ранг, таъм, ҳид, иссиқлик, совуқлик, намлик, қуруқлик каби сифатлар билан сифатланмайди, деб даъво қилдик. Буни тушунинг! Аллоҳ тўғри йўлга муваффақ қилсин!
Абу Муин Насафийнинг
"Табсиратул адила фи усулид дин" китобидан
Убайдулла Уватов таржимаси