Низонинг тарихи
1920-1930-йилларда курдлар бир неча марта турк ҳукуматига қарши муваффақиятсиз бош кўтарган.
1961 йил Ироқда бошланган курдлар қўзғолони танаффуслар билан бирга бир неча ўн йилликлар давом этди. Курдлар миллатчилигининг ўсиши 1978 йил Курдистон Ишчи партияси (КИП) – курашнинг дастлабки босқичида (1984-1993) Туркияда курдлар суверен давлати ташкил қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган, лекин 1993 йилдан бошлаб Туркия таркибида курдлар мухторияти ташкил қилиш томон йўналишни ўзгартирган ҳарбий-сиёсий ташкилот вужудга келишига сабабчи бўлди. Шу билан бир пайтда, туркиялик курдлар қувғинликка учради: курд тилидан фойдаланиш тақиқланди, курд миллати эса тан олинмади (расмий ҳукумат курдларни «тоғлик турклар» деб атай бошлади).
1984 йил 15 августда КИП Туркиянинг шарқий ва жанубий-шарқий вилоятларида партизанлар урушини бошлади. Партизанларга қарши курашга Туркия мунтазам армияси жалб қилинди, 1987 йил эса ушбу минтақада фавқулодда ҳолат жорий қилинди.
Курдларнинг асосий базалари Ироқнинг шимолида жойлашган. Икки мамлакат ҳукуматлари ўртасидаги келишувга биноан, Туркия хавфсизлик кучлари партизанлар отрядларини таъқиб қилиб, Ироқ ҳудудига кириш ҳуқуқига эга. 1990-йиллар мобайнида Туркия Ироқда бир қатор ҳарбий операциялар амалга оширди (энг йирик операциялар 1995 ва 1997 йилларда амалга оширилди).
Туркиянинг КИПга қарши курашдаги энг йирик муваффақияти АҚШ ва Исроил хавфсизлик хизматлари томонидан ушбу ташкилот етакчиси Абдулла Ўжаланнинг Кенияда қўлга олиниши ҳисобланади (1999 йил 15 февраль). Қўлга олинишидан сал олдин (1998 йил 1 сентябрда) Абдулла Ўжалан КИПни сулҳ эълон килишга чақирди, қўлга олинганидан кейин эса – барча жанговар кучларни Ироқнинг шимолига тортишга даъват қилди. Шу пайтдан бошлаб КИП партизанлар уруши пасая бошлади.
2000 йиллар бошларида Туркиянинг жанубий-шарқий қисмида жанговар ҳаракатлар амалда тўхтади, бироқ 2005-2006 йилларда партизанлар яна фаоллашди. Аввалгидек, улар асосан Ироқнинг шимолида жойлашган базалардан туриб ҳаракат қилдилар. Негадир бундай операциялар юқори самарадорлик намойиш этарди. Масалан 2007 йил 20 октябрда курд жангарилари иккита ҳужум давомида 14 нафар туркни ўлдирдилар ҳамда 19 кишини яраладилар.
2008 йилнинг февралида турк армияси ушбу базаларга нисбатан сўнгги ўн йилликдаги энг йирик операциясини амалга оширди.
2008 йил жанговар ҳаракатларда ҳалок бўлганлар сони тахминан 40 кишига тенг деб баҳоланди.
2001 йил августида турк армияси Ироқ Курдистони ҳудудига қарши ҳаво орқали бир қатор муваффақиятсиз зарбалар берди.
2011 йил 13 сентябрда Туркия ички ишлар вазири Наим Шахин Ироқ Курдистони ҳудудига турк қўшинларини киритиш режаси ҳақида маълум қилди.
2011 йил 10 октябрда Ироқ Курдистонидаги КИП базаларидан бирига берилган зарба натижасида 14 нафар курд партизани, жумладан, ЕИП раҳбарияти вакили ҳалок бўлди.
2011 йил 19 октябрда Хаккяри вилояти Чукуржа туманида курд партизанлари шу ҳудудда жойлашган 19 та ҳарбий объектга зарба берди, бунинг оқибатида, Туркия Бош штаби бошлиғининг расмий баёнотига кўра, турк армияси йўқотишлари 26 нафар аскарни ташкил қилди. КИПга яқин бўлган Firat ахборот агентлиги маълумотларига кўра, туркларда 87 киши ҳалок бўлди ва 60 га яқин аскар яраланди, курдларда 7 нафар партизан ҳалок бўлди.
2011 йилнинг 21-23 октябрида Чукуржа туманида курд партизанлари борлиги гумон қилинган жойларга қарата берилган узоқ давом этган авиазарбалар натижасида 36 нафар курд партизани ҳалок бўлди. Курдлар ва рўй берган ҳодисанинг омон қолган гувоҳлари курд партизанларига қарши кимёвий қурол қўллангани ҳақида айтди. Туркия ҳарбий қўмондонлиги бу айбловни рад этди. Мустақил немис экспертлари иштирокида тергов ишлари олиб борилмоқда.
2015 йил 25 июлда Курдистон Ишчи партияси Туркия билан сулҳни давом эттириш имкони йўқлигини маълум қилди. Бу Ислом давлати назорати остидаги ҳудудларга ҳам, курдлар позицияларига ҳам дахл қилган Ироқ ҳудудининг Туркия ҲҲК томонидан бомбардимон қилиниши оқибатида рўй берди. Сулҳ Ислом давлатига қарши биргаликдаги ҳаракатлар зарурати туфайли 2013 йилдан бошлаб амал қилган.
2015 йил 21 декабрда Жизра ва Силопи шаҳарларида КИП жангариларига қарши кенг миқёсли қуролли операция бошланди. Операция қарийб 10 минг нафар турк полициячилари ва ҳарбийлари томонидан танклар ёрдамида амалга оширилди. КИП исёнчилари Жизранинг бир қатор туманларига кириш йўлларини ёпиб қўйди, баррикадалар қурди ва ҳандақлар қазди. КИП аъзолари штурмга ҳаракатни қайтариш учун турар-жой уйларида ўқ отиш нуқталари тайёрладилар. Жизра атрофидаги тепаликларда жойлашган танклар шаҳар доирасида жойлашган КИП нишонларини ўққа тутди. Шу билан бир пайтда, 30 та зирҳланган машиналардан иборат бўлган ҳарбий карвон туманлардан бирига ҳужум уюштирди. 19 январда Силопи шаҳрида террорчиларга қарши операция якунлангани ҳақида маълум қилинди. 2016 йил 1 февралда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий бош комиссари Зейд Раад ал Хуссейн Жизра шаҳрида ҳалок бўлган кишилар таналарини оқ байроқлар билан олиб кетаётган бир гуруҳ тинч фуқаролар танклардан ўққа тутилганидан жиддий хавотир билдирди ва Туркия ҳукуматидан тергов ишларини муфассал ўтказишни талаб қилди. Жизра операцияси 2016 йил 11 февралда якун топди.
2018 йил 20 январда Туркия Қуролли кучлари Суриядаги Африн шаҳрида «Зайтун новдаси» номи остида янги ҳарбий операция амалга оширди. Бу операциядан мақсад, Шимолий Сурия ҳудудида жойлашган ва асосан курдлар истиқомат қиладиган Туркиянинг жануби-шарқий чегараларига яқин бўлган Демократик иттифоқ (PYD) ва Ўзини-ўзи ҳимоя қилиш халқ отрядлари (YPG) курд исёнчи гуруҳларини тугатиш ҳисобланади. Туркия ҳукуматининг расмий баёнотларига кўра, санаб ўтилган исёнкор гуруҳлари Курдистон ишчи партиясининг сўл қанотлари ҳисобланади ва Туркиянинг жанубий-шарқий чегараларида қўпорувчилик ҳаракатлари олиб бормоқда. Иккала томон ўртасида тўқнашувлар ҳамон давом этмоқда.
2018 йилнинг мартида Туркия «Йўлбарс қалқони» операцияси номи билан Ироқ ҳудудига навбатдаги марта бостириб кирди.
2019 йил 26 январда курд аҳолиси Ироқдаги Шаладзе шаҳрида жойлашган Туркиянинг ҳарбий базасини тор-мор қилди. Ҳужум қуролланмаган маҳаллий аҳоли томонидан амалга оширилган бўлиб, уларга қарата турк аскарлари ўт очдилар. Ҳужум давомида курдлар туркларнинг иккита танкини ёқиб юбордилар, яна битта танк ва БМП қўлга олинди.
2019 йил 31 августда Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳаттоки, бу минтақани назорат қилишда давом этаётган АҚШ билан келишиб олишга эриша олмаса ҳам, ўзини-ўзи ҳмоя қилиш курд отрядларини тугатиш бўйича Сурия Араб Республикаси ҳудудида Евфратдан шарққа қараб ҳарбий операция бўйича ўз режасини амалга оширишга кириши ниятини маълум қилди. Сурия ҳукуматининг фикрига кўра, турк-америка келишувлари Суриянинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига тажовуз қилади ва амалдаги халқаро ҳуқуқни бузади.
2019 йил 9 октябрда Туркия армияси Сурия билан чегарада жанговар ҳаракатларни бошлади ва бу босқични «Тинчлик манбаси» деб атади.
Абу Муслим таржимаси