loader
Foto

Дин, ички низо ва когнитив диссонанс

Ички низо бу – Одам ато фарзандларига хос бўлган жиҳатлардан бири. Дин ва эътиқод бор экан, инсон эътиқод ва куфр ўртасида иккиланади. Мирзо Ғолиб шеъридан келтирилган мисралар инсон бир нарсага ишониб, бошқа нарсани қилгандаги туйғулар ёки қарама-қарши ҳолатлар тилка-пора қиладиган ички курашни жуда яхши тавсифлайди.

Бу азалдан қолган курашни қалб ва ақл ўртасида, маънавият ва моддият ўртасида, ички ҳис-туйғулар ва оқилона ақл-идрок ўртасида низо кўринишида кузатиш мумкин. Нима бўлганда ҳам, бу беқарорликда инсон учун тўлалигича табиий ҳисобланган низо акс этади. Айнан шу сабабли ушбу ички низо Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам томонидан «жиҳод ал-акбар», яъни инсон ўзининг маълум бир қисми ёки нафс билан олиб борадиган тўхтамас ички кураш деб атаганлар.

Гап шундаки, ҳар қандай одамнинг – диндор ёки даҳрийнинг – ҳаёти одатда бир-бирига мос келмайдиган қарашлар ва тасаввурлар ўртасидаги қаттиқ курашдир. Ушбу ички низо инсон руҳитянинг ҳал килувчи элементи, Аллоҳ томонидан инъом этилган ирода эркинлигининг асосий таркибий қисми ҳисобланади.

Шуниси қизиқки, психология ҳам инсон онгининг ажралмас элементи саналган ушбу чексиз ички низога мурожаат қилади. 1957 йил америкалик социопсихолог Леон Фестингер (Leon Festinger) когнитив диссонанс назариясини ишлаб чиққан. Когнитив диссонансни онгда бир-бирига тўқнаш келадиган фикрлар, эътиқодлар, қарашлар ва реакциялар тўқнашуви билан изоҳланадиган руҳий дискомфорт ҳолати деб таърифлаш мумкин.

Когнитив диссонанс – инсон табиатининг бир қисмими?

Когнитив диссонанснинг асосида шахс бир нарсага ишонадиган, лекин ўз хулқ-атвори билан бу эътиқодига зид ҳаракат қиладиган ҳолатда фикрлаш ва хулқ-атворнинг бир-бирига мос келмаслигидир. Масалан, одам спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш соғлиққа зарар етказишига ишончи комил, лекин барибир ичишда давом этаверади. Бу номувофиқлик, ёки эътиқод ва хулқ-атвор ўртасидаги диссонанс руҳий дискомфортга олиб келиши муқаррар.

Бу назариядан хулоса чиқариш мумкинки, диссонансни бошдан ўтказиш инсон руҳияти учун табиий, чунки бундан келиб чиқадиган ички дискомфорт уни фикрлар ва ишлар мувофиқ бўлишига эришишга мажбур қилади. Мувозанатга эришиш истаги бу – инсониятнинг азалий мақсади, чунки у Қуръонга кўра, мувозанат (меъзон) ҳолатида яратилган коинотнинг бир қисми саналади.

Л.Фестингер ёзадики: «Диссонанс мавжудлиги диссонансни камайтириш ёки йўқотиш эҳтиёжини юзага келтиради. Диссонансни камайтиришга эҳтиёж кучи диссонанс кучига тўғри пропорционалдир».

Бошқача қилиб айтганда, диссонанс мавжудлиги ва бу мавжудликни тушуниш инсонда консонансга (мувофиқликка) интилишга мажбур қиладиган дискомфорт ҳиссини уйғотади. Бошдан кечириладиган дискомфорт қанчалик юқори бўлса, ушбу номувофиқлик ёки низодан халос бўлишга мотивация шунчалик кучли бўлади.

Одам анатомияси шундайки, организмнинг оптимал фаолият юритиши асосан мувознат ҳолатида эришилади. Организмнинг барча тизимлари мувофиқликда фаолият кўрсатиши гомеостаз, ёки организмнинг ўзини-ўзи тартибга солишини таъминлайди, унинг ёрдамида барча функциялар мувозанати ва барқарорлиги таъминланади. Шундай қилиб, ушбу тизимдаги ҳар қандай дисбаланс табиий равишда организмда дискомфортга олиб келади. Психологик мувозанатсизликни физиологик мувозанатсизлик билан таққослаш мумкин: у билан боғлиқ стресс ва дискомфорт физиологик ўзини-ўзи тартибга солиш жараёнига ўхшаш жараённи ишга туширади.

Мувозанат ва ўзини-ўзи такомиллаштириш қобилияти

Организм биологик мувозанатга интилгани каби, онг ва қалб ҳам ички психологик ва руҳий уйғунликка интилади. Ички низо унинг учун табиий эканлигига қарамай, одам доимо мувозанат ва хотиржамликка, низолардан халос бўлишга, осойишталик ва қониққанликка интилади. Уйғунлик ҳолатига эришганларни Қуръон «нафс ал-мутмайн» - тўлиқ тинчлик ва мамнуният ҳолатидаги қалб деб атайди.

Гарчи Қуръондаги бу ифода аввалбошдан Жаннат ҳақида яхши хабар олганларга тегишли бўлган бўлса-да, у ички низони бартараф қилиб, ердаги ҳаётда тинчлик ва уйғунликка эришганларга нисбатан ҳам қўлланиши мумкин. Изтиробга тушган қалб нималиги деярли ёддан чиқарганларга. Ўз ихтиёрини Аллоҳга бўйсундирган, лекин фикрлар ва эҳтирослар бутун вужудини қамраб олган ҳолда тўғри йўлдан хотиржам кетаётганларга. Ўзини тамойиллари ва эътиқдларига тўлиқ мувофиқ ҳолда тутадиган ва ҳаракат қиладиганларга. Бошқача қилиб айтганда, калби мақсаддан чалғимайдиган ва қарама-қарши истаклар изтиробга солмайдиганларга.

Шундай қилиб, тан олиш керакки, когнитив диссонанс бу – эътиқоднинг бир қисми, ички низо эса ҳар бир художўй киши учун табиийдир. У етказадиган психологик дискомфорт айб ҳисси сифатида кўриб чиқилиши мумкин, чунки у қалб ўзининг якуний мақсадига эришиш – низодан халос бўлиш ва «нафс ал-мутмайн» ҳолатига эришиш учун мўминни сўз ва амал ўртасидаги номувофиқликдан халос бўлиш, ўз хулқ-атворини ўзгартириш, уни ўз эътиқодларига мос холга келтиришга мажбур қилади.

Фатима Алтаф (Fatima Altaf)

Абу Муслим таржимаси