Ўтган мақолада фанатизм тушунчаси кўриб чиқилган, унинг чегаралари ва баҳолаш мезонлари белгиланганди. Бироқ бу ҳодиса муайян кишининг онгида қандай ривожланиши энг катта қизиқиш уйғотади. Бошқача қилиб айтганда, қандай қилиб одамнинг фанатикка айланиши. Нима сабаддан айрим одамлар бундай бўлади, бошқалар эса – йўқ. Бир нарса аниқ: бундай ҳолатнинг ривожланиши учун «қулай» руҳий асос, ўзига хос фанатизмга мойиллик бўлиши лозим. Асосий масала шундаки, фанатик шахсияти унинг нормал тенгдошларидан нималар билан фарқ қилишида, қандай характер хислатлари уларни фарқлаб туришидадир.
Энг аввало, қандай қилиб инсон у ёки бу ахборотни қабул қилиши ва идрок этишини, у қандай қилиб инсон онгида ўринга эга бўлиши, унинг дунёқараши ва хулқ-атворига таъсир этишини аниқлаштириб олиш зарур.
Донишмандларда бир ибора бор: «Ҳақиқат гапираётган кишининг тилида эмас, тинглаётган кишининг қулоғидадир». Бу иборанинг мазмуни шундаки, ҳар қандай айтилган фикр ва ахборот ҳар бир одам онгида турлича акс этади. Ушбу ҳолатни белгилаш учун психологияда «апперцепция» тушунчаси фойдаланилади. Бу атама идрок қилишнинг муайян шахс тажрибасига боғлиқлигини англатади. Хусусан, биз ташқи оламдан оладиган ҳар қандай ахборот ўзига хос фильтр орқали ўтади.
Янада тушунарли бўлиши учун бир мисол келтириб ўтамиз. Фараз қилайлик, ўрмон четига уч киши чиқди: рассом, ҳарбий ва агроном. Шубҳасизки, гарчи ўрмон ҳамма учун бир хил бўлсада, уларнинг ҳар бири ўз эҳтиёжлари ва хусусиятларига мувофиқ турли нарсаларни кўради. Худди шу нарса бизнинг ҳаётимизда ҳам рўй беради: ҳар бир киши ўзи учун унинг характерига мувофиқ ҳолда танлайди.
Менимча, бу фанатик қарашлар ривожланиши қандай рўй беришининг муҳим шартларидан бири. Фанатик одам ахборотнинг маълум бир қисмини ўзи учун алоҳида қабул қилади ва идрок этади, унинг эҳтиёжларига жавоб бермайдиган бошқа қисмини эса четга чиқариб қўяди. Бу ерда хавф шундаки, бундай киши у билан нималар рўй бераётгани, унинг хатоси нимада эканлиги ва нимада адашганлигини охиригача тушуниб етмайди. Масала фақат шундаки, нима учун ахборотнинг айнан шу қисми ўзлаштирилади, бошқаси эса инкор қилинади, нима одамни ахборотнинг айнан шу қисмини қабул қилишга мажбур этади.
Шубҳасизки, бунинг сабаби муайян одамнинг шахсий хусусиятларида. Характер жиҳатлари ва диний қарашлар ўртасида параллел ўтказиш энг мураккаб ва шу билан бирга диагностик аҳамиятга эга бўлади. Бу ерда инсоннинг эътиқоди ва унинг характери хусусиятлари ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик бор. Агар инсон характери, унинг базавий таркибий қисмлари ҳаётининг дастлабки уч йилида шаклланишини ҳисобга оладиган бўлсак, айнан характер дунёқарашни шакллантириши аниқ бўлади, аксинча эмас.
Бу савол жуда муҳим, унинг ечими фанатик шахсга таъсир нуқталарини топишга ва уни ушбу ҳолатдан чиқаришга ҳаракат қилишга имкон беради. Табиийки, характер ва эътиқод ўртасидаги муносабатлар диалектик, яъни икки томонлама. Агар уни умумий формулада ифода этсак, қуйидагилар ҳосил бўлади: ҳар қандай эътиқод характер хусусиятларидан келиб чиқиб шахсий аҳамиятга эга бўлади, бироқ шу билан бирга айрим характер хусусиятларининг намоён бўлиши ўзгариши мумкин, уларнинг чуқур асослари эмас. Шахсан мен характернинг асосий хислатлари ҳаёт жараёнида ўзгармайди, уларнинг намоён бўлиши ўзгаради, яъни инсон ўз характерини бошқариш ва унинг салбий томонларини яширишни ўрганишига ишонаман.
Шу нуқтаи назардан, фанатик шахсда характерга урғу бериш (акцентуация) мавжудлиги каби муаммони ҳал қилиш маънога эга бўлади. Характерга урғу бериш - бу ҳар қандай характер белгиси яққол ажралиб турадиган ва муайян шахснинг ўзига хос хусусиятига айланган бир ҳодисадир. Умуман олганда, характерга урғу бериш норма ва патология ўртасида оралиқ ҳолат деб ҳисобланади. Патологияда урғу бериш психопатияга айланади - бу инсоннинг характерини чиркинлик касб этадиган ҳолат, лекин бунда интеллектуал вазифалар сақланиб қолади.
Акцентуация ва психопатиянинг бир неча хил турлари мавжуд, лекин бизни уларнинг фанатизм ривожланиши учун қулай асослар бўлиб хизмат қиладиган фақат айримлари қизиқтиради.
Биз кўриб чиқадиган биринчи тур бу – демонстратив тур. Уни бошқалардан ажратиб турадиган жиҳат шуки, бунда акцентуация соҳиби доимо диққат марказида бўлишга, нима қилиб бўлса ҳам ўзига эътибор қаратишга интилади, унинг фаолияти шу мақсадга бўйсунади. Ушбу характер аномалияси асосида ўз динини ҳаммага кўз-кўз қиладиган, у ҳақида ҳар томонлама баёнот берадиган, лекин ўзи унинг асосий талабларига риоя қилмайдиган фанатик тури ривожланади.
Иккинчи тур – дистимик (шизоид) тур. Улар ҳис-туйғулари суст ифодаланган ва асосан қовоғи осилган кайфиятдаги одамлардир. Ушбу характер асосида динга бутунлай берилиб кетган, лекин фақатгина ўзи ҳақида ғамхўрлик қиладиган, унинг ҳаракатлари атрофдаги одамларда қандай акс этишига эътибор ҳам бермайдиган шахс ривожланиши мумкин.
Учинчи тур – эпилептоид шахс тури. Бу одамлар бошқалардан дунёқарашлар шафқатсизлиги, кескин агрессив ҳаракатлар ва реакция тезлиги билан ажралиб туради. Ушбу характер асосида қандай фанатик тури ривожланишини сезиш қийин эмас.
Тўртинчи тур – тутилиб қоладиган шахс. Ушбу тур шуниси билан қизиқки, унда адолатга, ўч олиш режасини ишлаб чиқишга, гина сақлашга мойиллик кучли бўлади. Ушбу характер асосида фанатик одам ривожланиши энг хавфли ҳисобланади, чунки дундай одам атрофдагиларга таҳдид солиши мумкин.
Барча фанатикларда мавжуд бўлган умумий жиҳатларни бирлаштириб, уларнинг асосий эътиборни ўзига марказлаштириш хусусиятини ажратиб кўрсатиш мумкин – уларнинг дини ўз шахсияти атрофида ташкил қилинади.
Табиийки, бу мавзуда чексиз гапириш мумкин, лекин ушбу мақоланинг асосий мақсади – фанатик шахс қайси қонунлар бўйича ривожланиши ва атрофимиздаги одамларда бундай рўй беришининг олдини оли учун қандай қадамлар қўйиш лозимлигига эътибор қаратишдир.
Аслида, бизнинг динимиз шунчалик зўр ва доҳиёнаки, асосий қоидаларга бир маромда риоя қилиш одамнинг фанатик бўлишига йўл қўймайди. БИР МАРОМДА иборасига асосий эътибор қаратамиз. Бу агар киши атрофдагилар ҳақида ҳам ўзи ҳақида ўйлаган даражадан кам ўйламаса, ҳеч қачон фанатик бўлмаслигини англатади.
Интернетдан
Абу Муслим таржимаси