loader
Foto

Экстремизмнинг башараси

Динни ниқоб қилиб ва Аллоҳ таолонинг номи билан одамларни ўлдираётганларни қандай тушуниш мумкин? Уларни ақлдан озган ёки уларнинг болалиги қийинчиликда ўтган ёки бўлмаса мусулмонларни ёмонотлиқ қилиш учун уларга катта пул тўланган ёки мусулмонлар яшайдиган ҳудудларни босқинчилар ишғол қилиши ёки мусулмонларни атайин обрўсизлантириш учун қилинмоқда деб қўйиш энг осон жавоб бўлар эди.

Аслида эса, муқаддас матнларни ўрганаётганлар, бу каби қабиҳ, ахлоқ-одобсиз одамлар орамизда бўлиши мумкин эканини яхши биладилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом уларнинг пайдо бўлиши ва уларнинг ҳатти-ҳаракатлари ҳақида хабар берганлар. Улар, уларга эргашганлар ҳамда уларнинг авлодлари билан асҳоби киромлар ҳам курашган.

Қуйидаги экстремистларга хос аломатлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом ҳадисларидан ҳамда у зотга эргашган асҳобларининг огоҳлантиришларидан йиғилган.



1. Обрўларни тан олмаётган ёшлар

Али розияллоҳу анҳу дедилар: “Охири замонда ёшлари кичик, ақллари паст қавм келади...” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий)

Бу қанчалик ачиқ кўринмасин, бироқ ўта муҳим эслатмадир. Замон охирлаб қолганда чиқадиганларининг кўпчилиги ёш йигитлар бўлишади. Сафларида билимли ва тажрибали катталар, ёши улуғ кишилар кам бўлади.  Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ Фатҳул Борий китобларида уларни ёш йигитлар, деб шарҳ қилганлар.

Илмни омонат билиб, кейинги авлодларга етказаётган катта уламолар бор. Агар сиз ишонч ва маъсулиятсиз ҳамда ҳаётий тажрибага эга бўлмаган ва жумҳур уламоларга зид ёки қандайдир баҳсли нарсаларни қўзғаётган ёшлар атрофида одамлар тўпланаётганини кўрсангиз, буларнинг одатда ақллари калта бўлишини билиб олаверинг. Уларга эргашиб бўлмайди. Улар ҳолис, самимий ва гаплари бурро бўлишлари мумкин, бироқ уларнинг фикрлари чала ёки асоссиз бўлади. Агар қандайдир бир нарсани барча мазҳаб уламоларни инкор қилаётган бўлса, демак ҳақ улар тарафида бўлади ва жумҳур уламолар маслаҳатига кўра, ёш “уламолар”дан юз ўгириб янглишмайсиз. Агар энг катта обрўга эга бўлган уламолар дунёнинг барча бурчакларидан жиноятчи ва муртадларни қоралаётган бўлса, бир тўда ёшларнинг фикрларини деворга отишингиз мумкин. Аҳли сунна вал жамоат айнан шундай қилади.



2. Адоват ва тентаклик

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларки, бу одамлар ўзларини кескин тутишади, қўпол ва қаттиққўл бўлишади, ўйламасдан гапиришади, илмсиз баҳслашишади, ҳамма нарсани ҳал қила оламиз, деб ҳисоблашади, ҳақ фақат ўзларида эканлигини даъво қилишади, одамларнинг ҳаммаси улар томонида бўлиши керак, деб фикрлашади.

Ғулувга кетувчиларни фарқловчи муҳим жиҳати – ўз ишини тўғри деб билиш ва ҳеч қандай ақлга сиғмайдиган катта адоватдир. Ўзининг ғазабини кўрсатиб қўйиш учун шаърий-қонуний йўлларни эмас, балки қотиллик, жиноятлардан фойдаланадилар. Уларнинг кўпчилиги енгилтак, шошқалоқ, қизиққон ва калтабинлик сифатлари ғолиб бўлган ёшлардан иборат бўлиб, яна улар тор фикрли ва узоқни кўра билмаслик сифатлари билан ҳам ажралиб туришади.

Демак, ақлан йироқ бўлган ҳаракатларга қўшилган адоват уларнинг ақлсизлигини акс этувчи муҳим аломатдир.



3. Ғурур ва мутакаббирлик

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган ҳадисда шундай дейилади: "Сизларнинг орангизда ибодатажўй ва ғайратли бир қавм пайдо бўлади. Шу даражада ғайратли бўладиларки одамлар уларга маҳлиё бўлиб қоладилар. Улар бориб-бориб ўзларига бино қўядилар. Уларнинг диндан чиқишлари куч билан отилган камон ўқининг ўлжани бир томонидан кириб иккинчи томонидан чиқиб кетишидан тезроқ бўлади.  Имом Аҳмад саҳиҳ санад билан ривоят қилганлар.

Улардаги ғурур илмни даъво қилишга, уламоларни назар-писанд қилмасликка, катта ишларга ўйламасдан ва шошқалоқлик билан ақлли ва билимли кишиларнинг фикрини олмасдан киришишга олиб келади. Бошқалар динда ўз илмларини оширишга ҳаракат қилаётганларни кўриб, уларни танқид қилади ва ўзининг устунлигини ҳар тамонлама кўрсатиб қўймоқчи бўладилар.

Улар ўзларини қандайдир ўзгача, бошқаларга қараганда яхши деб биладилар. Бу нарса бошқалар билан бўлган гап-сўзлар, туриш-юришларда намаён бўлади. Улар орасида бошқаларни куфрда ва мунофиқликда айблаш кўп кузатилади.



4. “Ибодат”лардаги ғайратнинг кўплиги

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Албатта, мендан кейин менинг умматимдан -ёки келажакда мендан кейин менинг умматимдан- бир қавм бўлур. Улар Қуръонни қироат қилурлар. Аммо у ҳалқумларидан нари ўтмас. Улар диндан худди ўқ камондан чиққанидек чиқурлар. Сўнгра унга қайтмаслар. Ана ўшалар одамларнинг ва ҳайвонларнинг энг ёмонидир», дедилар». (Муслим ва Абу Довуд).

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизнинг ичингиздан бир қавм чиқади. Уларнинг намози олдида ўз намозингизни, рўзаси олдида ўз рўзангизни, амали олдида ўз амалингизни ҳақир санайсиз. Улар Қуръонни қироат қиладилар. Аммо бўғизларидан нари кўтарилмайди. Улар диндан камон ўқи овдан чиққанига ўхшаш тез чиқадилар..."

Агар уларнинг намозлари олдида саҳобийларнинг намозлари арзимас, ҳақир бўлиб қолса бошқаларнинг намози ҳақида нима дейиш мумкин?!

Бундай эсипаст ёшларнинг ўз адашувларида холис эканига шубҳа йўқ. Улар амал қилаётган ва даъват қилган нарсаларига чин дилдан ишонадилар. Уларнинг фожиаси шундан иборатки, уларнинг намозлари бизларникидан “яхши бўлса” ҳам улар бу нарсаларнинг асл маъноларини тўғри тушунишмайди. Уларнинг сўзлари тилларида қолади ва ҳеч қачон қалбларига етиб бормайди, “бўғизларидан нари чиқмайди”. Улар матнларнинг тўлалигича маъносини тушуна олмайдилар ва шунинг учун ҳам турли хил таъвиллар пайдо бўлади.



5. Қуръони каримни нотўғри таъвил қилиш

Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи вассалом деганлар: “Улар Қуръонни қироат қиладилар. Аммо кекирдакларидан ўтмайди...” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий.

Чиройлик тиловат ҳамда хиссиётларга берилган баъзи ҳаракатлар қалбга етиб бориши кифоя эмас. Улар Қуръонни кўп тиловат қилишади ва ундан кўп далил келтиришади. Бироқ, буни тушунмай, илмсизлик билан қилишади. Қуръон оятларини нотўғри ўринларга ишлатишади. Шунинг учун ҳам ҳадисларда уларнинг сифатларида қуйидаги сўзлар бор; "Қуръонни ўқиб, ўзларининг фойдасига деб ўйлашади, ваҳоланки Қуръон уларнинг зиддигадир." "Тиллари Аллоҳнинг китобидан тинмайди, бироқ бўғизларидан уёғга ўтмайди." "Қуръон ўқийдилар, бироқ ўмровларидан ўтмайди."

Қуръони карим муҳаббат, вафо, марҳамат ва тинчликни қамраб олган универсал таълимотни келтирган бўлиб,  диндорлигида фақат бир жиҳатгагина эътибор қаратганлар буни эсдан чиқариб қўядилар. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо улар ҳақида: “Кофирлар ҳақида нозил бўлган оятларни олиб мўминларга қарши қўлладилар!”  деганлар. Бу сўзни имом Бухорий таълиқотларида зикр қилганлар.



6. Ваҳшийликни оқлашдаги нотиқлик

Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: “...Улар Аллоҳнинг китобига даъват қилурлар. Ҳолбуки, ўзларида ундан ҳеч нарса йўқ...” деганлар.

Экстремизм билан бахс қилиш жуда қийин, улар ўзиникини зўр туриб ҳимоя қиладилар. Уларнинг сўзлари гўзал ва чиройли. Балоғату фасоҳатларида хилоф бўлиши мумкин эмас. Баҳсу мунозара ва нутқ майдонида ҳам етарли улушлари бор. Тўғри, бугун уммат бошидан кечираётган муаммоларни ҳеч ким инкор қила олмайди, шунинг учун ҳам гапини тасдиқлаш учун ўша муаммоларни кўп гапиради (ҳижоб, ибодатларнинг чекланиши, қама-қамалар ва хк). Одатда, уларда вахшийликларни оқлаш учун қандайдир шубҳали манбалардан олган жавоблари тайёр туришади. Агар сиз маълум билан жиноятни танқид қилсангиз, улар барчага бўлаётган жиноят ҳақида гапирадилар. Агар сиз бегуноҳларнинг ўлдирилиши ҳақида гапирсангиз, улар дронлар билан бўлаётган ҳужумлар ёки қайсидир давлатнинг мусулмонларга бўлаётган зуҳуму-зулмлари ҳақида гапиради. Шу гапларга кўпчилик маҳлиё бўлиб, зарарли мафкура асирига айланади. Буларнинг ҳаммаси бегуноҳларни ўлдиришни оқлаш учун гапирилади, ахир. Шуни яхши тушуниш керак.



7. Мусулмонларнинг қонини тўкишни мумкин қиладиган фатволар

Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Улар аҳли Исломни қатл қиладилар ва аҳли бутларни тарк қиладилар”, деганлар. (Бухорий, Муслим а Термизий)

Ажабланарлиси, Исломга бўлган муҳаббатлари ҳақида қасам ичаётанларнинг энг биринчи қурбонлари ўзга диндагилар эмас, балки мусулмонлар бўлади. Бозор, транспорт бекатларидаги портлатишлар, мактабларга уюштирилган ҳужумлар, услубларига рози бўлмаганларни ўлдиришлар. Улар шифохона, мактабларга ҳужум қиладилар, бошқа мазҳаб, фирқа ва оқимларнинг масжидларни портлатишади, ўзларига қўшилмаганларни куфрда айблашади. Ноҳақ кофирга чиқариш ва мухолифларнинг қонларини поймол қилиш - бу сифат экстремистларнинг бошқа фирқалардан ажратувчи энг асосий белгисидир.



8. Уламоларга туҳмат ва бўхтонлар

Агар сиз қайсидир обўрли уламога таяниб бирон нарса десангиз, улар дарҳол гапингизни инкор қилиб, бу “сарой” уламоларининг гапи, уларнинг фатволари олинмайди ёки бу фиқҳ олими, жиҳод олими эмас ва шунга ўхшаш гапларни гапиришади.

Бундай қонли мафкуранинг барчаси Исломга бўлган муҳаббат, Исломни пешқадам қилиш каби баландпарвоз шиорлар билан ниқобланади.

Бироқ, уларнинг фикрларини ҳеч қандай табиий хиссиётсиз тингласангиз, уларнинг Ислом ва унинг мақсадлари ҳақидаги тушунчалари ўта тор ва беўхшов эканига гувоҳ бўласиз. Улар гапираётан гаплари тўғрига ўхшайди, бироқ амаллари уларнинг ёлғонини билдириб қўйади.



Хуллас, улар ҳар замон ва ҳар маконда ўзларига хос белги билан ажралиб турадилар. Бу белги гоҳида байроқда, гоҳида кийимларининг рангида ёки шакл-шамойилда ва ёки бошқа нарсаларда бўлиши мумкин. Адашиб кетмаслик учун кўпчилик таниган, билган ва катта хурматга эга бўлган уламоларга эргашиш керак, тамом вассалом.

MuslimMatters материаллари асосида

Абу Муслим тайёрлади