loader
Foto

Қуръони каримнинг софлик-холислик сирлари

Қуръони каримнинг софлиги, яъни шахс, гуруҳ, тоифа, миллат манфаатларидан юқорида туриши - холислиги ҳам унинг Аллоҳ каломи эканлигини кўрсатади. Ҳар асар замон таъсирида даврининг илмий даражасидан келиб чиқиб, ўша аср эътиқодларини ҳамда жорий ижтимоий тузум талабларини ўзида акс эттирган бўлади. Қуръони каримда на ўз даврининг ва на олдинги даврларнинг мафкураси илгари сурилган. У маълум бир давр учун эмас, ҳамма замонлар учун бирдай хизмат қилишга қодир бўлган муборак бир каломдир. Унда қисман бўлса-да, чекланган бир давр учун хизмат қилувчи ҳукмлар йўқ.

Мисоллар сўнгсиздир. Фақат бир неча мавзуга алоқадор баъзи бир намуналарни келтираман.

а) Аёллар мавзуи

Қуръони каримдан олдин ҳам, Қуръони карим инзол бўлган йилларда ҳам ижтимоий муносабатларда ва сиёсатда хотинлар масаласига яқин келинмас, хотинлар қатъиян бор деб ҳисобланмасдилар. Қуръони карим биринчи марта хотин кишига барча сиёсий ва ижтимоий мавзуларда эркак билан баравар шартларда хитоб этди. Қуръони каримнинг бу тарзи ўз даврида кўп қаршиликларга учради.

Ҳолбуки, Қуръони карим эркак билан хотинга айри-айри хитоб этиб, ул вақт учун катта фикр инқилоби келтираётган эди.

б) Ҳуқуқ соҳасида

У жамиятга олиб кирган барча ҳукмлар на араб ҳуқуқига ва на теварагидаги улуслар ҳуқуқларига ўхшар эди.



В) Маълумотининг юксаклиги

Қуръони карим ўз даври ва ўзидан олдинги даврларнинг даражасидан фарқли эканлиги яққол кўзга ташланиб туради. Ҳатто Қуръони карим инзол бўлган йилларнинг энг кўзга кўринган олимлари ҳам, Қуръони каримнинг илмий даражаси беқиёс устунлигидан, билим ва эътиқодларини унга асло тенглаштира олмасдилар.

Қуръони карим барча асрларнинг физиклари, мунажжимларини ўз ичига қамраб олган эди. Турган гапки, парите (жуфтлик) назариялари ва квант (заррот) қонунларидан тортиб, то жисмларнинг тортишув кучига қадар бўлган барча муҳим қонун-қоидаларни изоҳлаб берган Қуръони каримнинг илмий оятлари асрлар бўйи ҳайратланиб кўздан кечирилди. Лекин қуёшнинг етти сайёраси ва бу тизимнинг Қуръони каримда йўқлиги, жамики олимларнинг фикрича, одамларни Қуръони каримдан бегоналаштирар эди.

Аслида бунинг боиси шуки, Қуръони карим инзол бўлган асрда қуёшнинг етти сайёраси, сайёра сифатида билинмаган бўлса ҳам, у замон мунажжимлари наздида катта илмий ҳақиқат ҳисобланарди. Қуръони карим бу етти сайёрадан баҳс очган бўлсайди, улар буни ҳаммага маълум илмий ҳақиқат деб қабул қилардилар: аммо замонлар ўтиб, бизнинг асримизга келганда бир илмий тазод (қарама-қаршилик) ўртага чиқиши мумкин эди. Холис Қуръони каримда бундай янглиш билимларга ўрин берилмаганлигини улуғ бир мўжиза унсуридир.

Қуръони каримнинг энг катта мўжизаларидан бири мана шундай ўз даврига оид фалакиёт билимларига рағбат этмаганлигидир.

Тиббиёт ва табииёт мавзуида ҳам Қуръони карим бирон янглиш маълумотга ўрин бермаган.

Шундай қилиб, Қуръони карим ўз даври таъсирига берилмаган ва илмий жиҳатдан поклигини сақлаб қола олган бирдан-бир китобдир, чунки у Аллоҳ каломидир.

Қуръони каримни тадқиқ этган ҳар бир чинакам олим Қуръони каримдаги бу софликка такрор-такрор ҳайрон қолаверади.



Г) Қуръони каримнинг тили

Бир қатор оятларда Қуръони карим - ҳикматлар манбаи эканлиги, у одамлар томонидан тушунилиши, тушунганда ҳам осонлик билан тушунилиши учун араб тилида юборилганлиги билдирилган:

"Алиф, Лом, Ро. Булар очиқ-равшан Китоб оятларидир. Дарҳақиқат, биз уни англайсиз дея Қуръони каримни араб тилида туширдик". (12-сура, 1-2-оятлар).

Оятдан очиқ-равшан билиниб турибдики, Қуръони карим коинотнинг бутун сирларини қамраб олган ишоралар китобидир. Яъни илмий маънода жамики маълумотларни бир ерга тўплаган билим хазинасидир. Бу билим хазинасидаги ҳикматларни шартли (рамзий) ҳарфларнинг ифодасидан ҳам англай олишимиз мумкин бўлган тарзда қамрашимиз осон иш эмас; фақат Ҳақ-Таоло бу ҳикматлар ва билимлар китобини англай олишимиз учун кенг имконли араб тилида юборган.

Рамзий ҳарфлар аниқ оятлар эканлиги билдирилган. Бу ҳарфий ишоралар коинотнинг бирор қонун-қоидаси васфига эгалиги ҳам аниқ ва равшандир. Иккинчидан, Қуръони каримнинг Лавҳи Маҳфуз (Муҳофазали Лавҳа, яъни Қуръони карим Қўлёзмаси) бўлгани ҳам бир неча оят орқали маълум қилинган. Лавҳи Маҳфуз - коинот ҳақиқатлари ёзилган компютер тизими (системаси)дир. Хуллас, Қуръони карим коинот ҳақиқатлари, қонун ва қоидаларининг математик тизим ичида арабчага туширилиши ҳодисасидир.

Бу айтганларимиз Қуръони каримнинг қатъий васфларидир ва ҳеч қандай бошқача изоҳга ўрин йўқ.

Бир талай коинот ҳақиқатларини ўзида ташиган Қуръони каримнинг нега арабча эканлиги сабабини, арабча - энг яхши тил эканлигидан изламоқ керак.

Бир компютер тасмасини бир тилга боғламоқ учун, албатта, сўз бойлиги катта, сарфу наҳви (морфология ва синтаксиси) кучли бир тил танланиши зарурлигини мутахассислар жуда яхши билишади.



Шундай бўлгач, Қуръони каримнинг бир талай илмий сирларни ўзида мужассам этгани табиийдир. Унинг ҳарфларида ва калималарида жуда эҳтиёткорлик билан ҳисобга олинган ҳикматлар бор. Бу ҳақиқатларни билиб, ҳатто кўриб яшаётганлар учун Қуръони каримни таржима қилиш бениҳоя қийинлиги аёндир, қилинган бир қатор ўгирмалар эса балки, қўпол хатолар билан бўлса-да, маънога яқинланиш учун қилинган ҳаракатдир... Яна шу нарса ҳам аёнки, Қуръони каримдаги араб тили — мустақил, ҳозирги арабчадан фарқ қилувчи араб тилидир. Биронта араб шевасида, ҳатто энг бой ва энг рангин арабча адабиётда Қуръони каримдаги араб тилига дуч келинмайди. Шунинг учун ҳам айрим кишилар Қуръони карим арабчасини халқ тили (умум-араб тили) сифатида тавсифлашга интиладилар.

Ҳолбуки, Қуръони карим тили жуда ўзига хос арабчадир. Ҳам лирик, майин оқувчи услуби бор, ҳам ўта илмийдир. Ҳам овоз чиқариб ўқилганда осон тушунилади, ҳам ўқиш жараёнида янги маънолари очилади.

Ундан ташқари, Қуръони карим арабчасининг жуда муҳим бир томони, Қуръони каримда учраган жуда кўп арабча калималарнинг илгари ҳеч ишлатилмаганлигидир. Арабчада учраган, лекин маълум мақсад учун бир мартагина ишлатилган калималар ҳам Қуръони каримда илмийлаштирилгандир.

Жаннат ва жаҳаннамга оид бир қатор ўзига хос калималар ва Лавҳи Маҳфуз таъбирлари ҳам илк бора Қуръони каримда учрайди. Замхари калимаси ҳам биринчи марта Қуръони каримда кузатилган. Бу мавзу билан алоқадор "Омма жузъи ёруми (тафсири)" номли китобимизда биз бу ўзига хос калималарни кўрсатиб ўтганмиз.

Хулоса қилиб шуни айтишим мумкин:

Қуръони карим Аллоҳ илмининг арабча тарзда берилишидир. Лекин унинг тили классик арабчадан оҳанг жиҳатдан фарқлидир.

Ўзида ҳақиқатлар мажмуини сақлаган Қуръони карим жуда ўзига хос бир араб тилидадир. Унинг калималари маълум бир оҳангга тушадиган бичимда танланган, айни чоғда, ҳар бир калиманинг таржимаси маънога кўп яширин сирлар юклангандир.

Чунончи, бир қараганда хуннас ва куннас сўзлари фақат оҳанг учун ёнма-ён қўлланилгандай кўринади. Ҳолбуки, бу калималар коинотнинг асос қонунларини тамсил этади.



Д) Қуръони каримнинг оҳанги (ритми)

Қуръони каримнинг оҳанги, ғарб таъбири билан айтганда, ритми мустақил, илоҳий бир мўжизадир.

Кўнгли ва руҳи оҳанг завқига ошно кишилар унинг оҳангидан сархуш (маст) бўладилар.

Маълумки, ҳар сура ўз мавзуига яраша айрича бир оҳанг ҳикматига эга. Бир томондан энг сўнгидаги қофиялар ритми, иккинчи томондан, оятлар оқимидаги тўла равонлик биргина парчани эшитиш насиб бўлган одамни маст қилади.

Қуръони каримнинг мазмунига ошно бўлмаганлар ҳам бу оҳанг гўзаллиги таъсирида маънога яқинлашиб қоладилар. "Раҳмон" сурасини бир ўқинг, маъносини ҳеч билмай туриб, Аллоҳнинг хилқатдаги санъатининг буюклигини дарҳол ҳис қиласиз. "Воқеа" сурасини ўқинг, ҳали ҳеч нимани англамай туриб ҳам қарийб маҳшарни бошдан кечирасиз. Қуръони каримдаги бу ритм мўжизаси оятлари қисқа бўлган сўнгги икки жузда яққол кўзга ташланади. Деярли инсонни ўз оҳангида эритади. Бир кез "Таквир" сурасини ўқиб кўринг, маҳшардаги манзараларни кўриб-яшагандай ҳис қиласиз, ўзингизни. "Муддассир" сурасида Валиднинг озорланишлари ҳайратланарли даражада Сизга "юқади". Қуръоининг мана шу ақл бовар қилмас оҳанги ва ритми унинг илоҳий китоб эканлигига ҳеч тараддудсиз ишонтирадиган мўжизавий сирларидандир.

Ўтган йили (1990) Қуръони каримдаги бу оҳангни қалби билан илғаган икки атоқли ғарб созандаси Ислом динини қабул қилишди! Инглиз роҳиби, мусиқа санъатчиси, асли румлик Кеш Стевенс Қуръони карим тинглаб кўргандан сўнг гитарасини улоқтирди. "Мен бундай нағма ва оҳангни умримда биринчи бор тинглашим. Ёъқ, Қуръони карим—илоҳий калом! Бошқача бўлиши мумкин эмас! - деб мусулмон бўлди, бор-йўқ бойлигини Исломни ёйиш йўлига тикди. Ўша кундан бошлаб, то шу кунларгача фақат илоҳий куйлар ижод қилди, ўзининг илгари ёзган мусиқий асарларидан воз кечди.

Яна дунёнинг энг машҳур хореофафи ва рақс муаллими, устод Морис Бежард Қуръони карим оҳангидаги мўжизага мафтун бўлиб мусулмонликни қабул қилди, ўз касбини тарк этиб бундан кейинги ҳаётини Қуръони каримни Оврупога ёйишга бағишлашга бел боғлади.

Азиз Ўқувчиларим! Қуръони каримнинг бу оҳанг мўжизасини сезишиз учун уни қоидаси билан ўқиш ва тинглаш фарз қилинган. У астойдил тингланганда оҳангидаги ақл бовар қилмас мўжизаси - ўлик қалбларга ҳам жон ато этиш сирига эгалиги кўринади. Унинг оҳангидан биз йўқотган, қўлдан бой берган маънолар ҳофизамизда жонланади.

Бошқача айтганда, инсоннинг маънавий шахсияти Қуръони карим оҳангларига кўра тўғриланади. Уни эшитганда бозордаги асрорангиз бир харидорга ўхшаб, у нағмалар инсон аталмиш мавжудотни коинотнинг сўнгсиз мезонлари билан нурлантиради.

Бу оддий бир ҳақиқатдир ва жуда кўп инсонлар шу оҳанглар орқали мангуликка қовушганлар.

 

Холуқ Нурбоқийнинг “Қуръони каримнинг илмий мўжизалари” китобидан

 

Туркчадан Миразиз Аъзам таржимаси