Рамазон – Қуръони Каримнинг юксак оламдан инсоният ufқига тушган муборак ойидир. Қуръон дунё осмонига айнан Рамазон ойида нозил бўлди. Зулматлар ичида йўлидан адашган, келажагидан умидсиз бўлган инсониятнинг йўлини ёритган, унга дунёда ва абадий ҳаётда нажот ва саодат хабарини келтирган энг улуғ мужда айнан шу Китобдир.
Қуръон муждасининг янгилигини сақлаш, инсонлар ундан оладиган фойдани ошириш учун, Кадр кечаси – Қуръон инсониятни шарафлаган кеча – Аллоҳ таоло томонидан минг ойдан афзал, баракали вақт қилинди. Бу кеча бирга минг ҳосил берувчи йиллик байрамга айлантирилди.
Ажали номаълум, вақтдаги исрофи ва ғафлати кўп бўлган инсон учун, Кадр кечаси – саксон йилдан ортиқ савоб ва манфаат билан тўлган бир умрни қўлга киритиш имконидир. Бу қандай улуғ неъмат, қандай буюк лутф! Бу беназир лутф фақат Экрамул-Акрамин (Энг каримларнинг Карими) Аллоҳ таолонинг туганмас саховатидан келиб чиқади. Бу иноят сабабсиз эмас, балки у инсонни Қуръоннинг улуғ аҳамиятига йўналтиришни назарда тутади.
Ҳақиқатдан ҳам, бу ташвиқ Қуръонни доирадан чиқармай, ҳамиша эътиборда ушлаб туриш ҳикматига асосланган. Лекин, нега Қуръон бу қадар муҳим?
Чунки Қуръон – Аллоҳ таолонинг "Роббул оламийн" сифати билан барча инсониятга Қиёматгача йўллайдиган абадий хитоби ва инсонларга юборилган фармонидир. У катта коинот китобининг инсон тафаккури учун қилинган абадий таржимасидир.
Қуръон коинотдаги мавжудотлар маънолари ва уларнинг мақсадларини тўғри англатувчи ҳидоятчидир. Ушбу шаҳодат олами (яъни, кўз билан кўриб турган моддий оламимиз) ичидан юксак ғайб оламининг тили ва баёни бўлиб, охират оламларининг муқаддас харитаси, макети сифатида хизмат қилади.
Қуръон – бутун инсониятнинг барча маънавий эҳтиёжларига мурожаат қилиши мумкин бўлган мўъжизавий китоб. У бир неча китобларни ўз ичига олувчи муқаддас кутубхона кабидир. Агар бу дунё катта бир машина сифатида тасаввур қилинса, Қуръон – унинг ишлатиш қўлланмаси ва каталогидир.
Қуръон йўл-йўриқчи ва ҳидоятчи бўлмасдан, инсоннинг беайб, мукаммал ҳаёт кечириши мумкин эмас.
Қандай қилиб шундай мукаммал машина ишлаб чиқарган корхона уни қўлланмасиз қолдирмайди?! Ҳатто, уни шу қўлланма асосида ишлатадиган мутахассисиз ҳам қолдирмайди. Худди шу каби, дунёни яратган Роббимиз, унинг ҳидояти учун осмон китоблари ва пайғамбарларни юбориб, инсониятни тарбиялаш ва комилликка етказишга йўналтирган.
Инсоният камолот йўлида битта ягона дарсни тушуниб олиш даражасига етган пайтда, чекланган нур таратувчи юлдузлардан кейин, абадий рисолат қуёши зоҳир бўлди. У қуёш – Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг рисолатидир. У ботгани йўқ, нурини ҳеч қачон йўқотмаган. Бу нурдан миллионлаб инсонлар баҳраманд бўлиб, ўзларининг намунали ҳаётлари, мукаммал ахлоқлари билан инсониятга фазилат ибрати бўлдилар.
Бу иршод ва ҳидоят ҳамон давом этмоқда.
Бироқ, унутувчан, суст ва ношукр инсонлар вақт ўтиши билан буюк неъмат – Қуръоннинг қадрини унутишлари мумкин. Шунинг учун уларни ташвиқ қилиб, хотираларида тирик сақлаш зарур. Қуръон инсон руҳининг озуқаси бўлиб, ҳамиша тоза, янги ва бардавом ҳикматга эга.
Ҳадиси шарифда ҳам бу ҳақиқат таъкидланади:
"Қуръон ҳар доим "янги ва тирик"дир" (Имом Аҳмад, Муснад, I, 7; Ибн Можа, Сунан, Муқаддима, 11).
Қуръоннинг иккита нозил бўлиши бор:
1. Нузул – Қуръоннинг биринчи марта инсониятга нозил бўлиши, яъни Фурқоннинг дунё ufқига зоҳир бўлиши.
2. Теназзулот – Қуръонни ҳар сафар ихлос билан ўқиганда, у ёна янги маънолар ва ҳикматлар билан инсон қалби ва ақлига нозил бўлиши.
Демак, Қуръон фақат битта марта нозил бўлган Китоб эмас, ҳар ўқишда унинг маънолари илоҳий илҳом билан инсонга қайта ва қайта нозил бўлади. Шу боис, уни чуқур тушуниш учун, инсоннинг ўзини Қуръонга бағишлаши, Қуръоннинг Роббисига юзланиши шарт.
Акс ҳолда, мағрурлар ва ҳавойи нафс соҳиблари Қуръондан баҳраманд бўлолмайдилар. Улар ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди:
"Зулм билан такаббурланганларни оятларимдан узоқлаштираман. Улар оятларни тушунмайдилар." (Аъроф, 146-оят).
Қуръон – Аллоҳ таолонинг хитоби. Унга юз бурмаган, унга муҳаббат билан ёндашмаган, Аллоҳ таоло ҳузурига яқинлашишни истамаганлар унинг ҳидоятидан баҳраманд бўлолмайдилар. Чунки Қуръон фақат уни ҳидоят деб қабул қилганларга нур беради.
Ҳар бир фасл – Қуръон фаслидир. Коинотнинг қалби бўлган Қуръон ҳар лаҳза мўминларга ҳаёт қаноти бериб, уларни ҳаёт суви билан суғоради. Коинот китоби маъноларини шарҳловчи ва тафсир қилувчи сифатида доимо мўминларни тарбия қилади ва уларга ҳидоятчи бўлади.
Аммо Рамазонда Қуръоннинг мусулмонлар ҳаётини нур билан ёритиши ҳеч бир ойда бўлмаган даражага етади.
Эндиликда, жаҳонларни тўлдирувчи иноят ва раҳмати билан ҳаётимизни шарафлаган ушбу Султонини қарши олиш учун тайёргарлик керак эмасми?!
Ҳа, қалб меҳмонхонамизни – яъни, Аллоҳнинг уйи бўлган дилларимизни – кирлардан, ғуборлардан, нафс истакларидан ва очкўзликдан поклашимиз керак. Токи, Қуръон Султони ташриф буюриб, нури билан қалбимизни ёритсин, басиратимизни очсин, атир каби гул ҳиди билан бизни покласин.
Рамазон ва руҳий тозаланиш
Рамазон рўзаси – бу маънавий покланиш воситасидир. У Қуръонни ҳақиқий муҳаббат ва ҳурмат билан қарши олишга тайёргарлик вазифасини бажаради.
Қуръони Ҳаким Рамазон ойида нозил бўлгани сабабли, унинг нозил бўлиш вақтини қайтадан эҳсос қилиш ва осмондан тушган ушбу хитобни шон-шараф билан қарши олиш учун:
- Паст истаклардан ва бекорчиликдан халос бўлиш,
- Фаришталарнинг фазилатига интилиш, уларга ўхшашга ҳаракат қилиш,
- Қуръонни ҳозиргина нозил бўлгандай ўқиш ёки эшитиш,
- Росуулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан эшитгандек унга диққат қилиш,
- Жаброил (алайҳиссалом)дан қабул қилаётгандек ҳис қилиш,
- Қуръон билан хитоб этувчи Роббул Оламийндан қабул қилаётгандек бир муқаддас ҳолотга эришиш зарурдир.
Қуръонни эшитиш ва уқишга чақириш
Қуръон хитобини Роббул Оламийндан қабул қилгандай руҳий ҳолатга кириб, ўзинг ҳам унга таржимонлик қилиш ва бошқаларга эшиттириш керак. Бу йўл билан Қуръон нозил бўлишининг ҳикматини бир даражада кўрсатиш мумкин.
Имом Бадриддин Саъид Нурсий шундай ёзади:
"Ер юзи менга масжид қилинди." (Ҳадис)
Бу ҳадиснинг ҳақиқати Рамазон ойида янада улкан зоҳир бўлади. Ислом олами битта улкан масжид ҳукмига ўтади. Миллионлаб ҳофизлар, Қуръон тиловат қилувчилар, осмондан тушган бу осмоний хитобни ер юзи аҳлига эшиттирадилар.
Қуръони Карим ўқишнинг одоблари
Қуръони Каримни тиловат қилишда фақатгина ювуқлик ва покликни англатувчи вузу (таҳорат) олиш билан чекланиб қолмай, балки уни одоб ва ҳурмат билан ўқиш ҳам талаб этилади. Қуйидаги одобларга риоя қилиш лозим:
- Гуноҳлар ва кирлардан покланиш,
- Тоза ҳолда Қиблага юзланиш,
- Ҳурмат билан ўтириш, имкони бўлса тиз чўкиш,
- Ақл тараддуд ва хавотирдан холи бўлган ҳолда ўқиш,
- Тафаккур ва тадаббур билан тиловат қилиш,
- Тебаттул (дунёдан узилиб, фақат Роббиси билан бўлиш) ҳолатида ўқиш.
Қуръон тиловатининг қабул вақти
Қуръон ўқувчи инсон ушбу тайёргарликларни амалга оширгандан сўнг, энди Аллоҳ таолонинг ҳузурига қабул қилинган ҳисобланади.
Бу қабул вақтида:
- Инсон энг ҳушёр ва энг ҳассос бўлиши керак.
- Роббисига муножот қилиб, У билан гаплашаётганини бир лаҳза ҳам унутмаслиги керак.
- Қуръон "сен" деб хитоб қилган, "шундай қил", "огоҳлантир", "инфоқ қил", "эҳсон қил" каби иккинчи шахс буйруқлари орқали бевосита ўзига хитоб қилинаётганини ҳис қилиши лозим.
- Оятлар ичида ўз ҳаёти учун берилган белгиларни топиши ва ундан сабоқ олиши керак.
Қуръон фақат ўқиб чиқиладиган китоб эмас, у илоҳий хитоб ва инсон ҳаёти учун ҳидоятчи бир нурдир. Унга руҳан ва ақлан тайёр бўлиб ёндашмоқ зарур.
Қуръон – энг буюк хитоб
Қуръон ўқувчи мўмин унинг ҳар бир буйруғи, аввало, ўзига қаратилганини ҳис қилиши керак. У ўзини ер юзида бу хитобга ягона мухотабдек қабул қилиши, ҳар бир буйруқни ўз зиммасига юклатилган масъулият деб тушуниши лозим.
Қуръон бизни Аллоҳга комил юзланиш сари чорлайди:
"Ва Роббингнинг исмини зикр эт ва Унинг ибодатига бутунлай ажралиб чиқ" (Муззаммил, 8-оят)
Масалан, Қуръонни шу туйғу билан ўқиганда, Муддассир сурасининг биринчи оятлари шундай жонли ва шахсий бўлиб туюлади:
"Эй бурканиб ётган! Тур ва огоҳлантир!" (Муддассир, 1-2-оятлар)
Албатта, бу хитобнинг биринчи мухотаби Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) эканини билган ҳолда, ундан ўз улушини ҳам олиш керак:
- "Эй роҳат ва конформизм пардасига бурканган!"
- "Эй дунёдаги мол-дунё ташвишига берилиб, Аллоҳнинг йўлидан ажраган!"
- "Эй шуҳрат ва ҳавас афатига мубтало бўлган!"
Бир қаҳрамонни тасаввур қил! У, майда жонзотлар каби атрофида югураётган кичик манфаатлар, худбинлик ва орзулар томонидан ингичка иплар билан боғланган. Шу иплар уни ҳеч ҳаракат қилолмайдиган ҳолга келтирган.
Сен ҳам худди шундай эмасмисан?! Бир-бирига уланган юзлаб тули умидлар билан дунёда абадий қолишга интилаётганингни сезяпсанми?
Ҳолбуки, умр сув каби оқмоқда ва сен ҳеч қандай нарсага абадий эга бўлолмайсан.
Уйғониш вақти келди!
- Ўзингни боғлаб турган, кўзга кўринмас бўлса-да, қўл-қовуштириб қўйган бўғинлардан халос бўлиш йўлини изла!
- Охиратини тўсиб турган пардаларни йирт!
- Интиқлик билан кутилаётган Ҳақиқатга юзлан!
- Ҳақиқий эркинликка чиқ!
- Аллоҳга боғлан ва моддий дунёдан, конформизмдан, фонлий нарсаларга боғланишдан халос бўл!
Ҳақиқатни тан олиш ва уни қабул қилиш
Ҳақиқий зўрлик – ўлимдан кейин эмас, ҳаётда ҳушёр бўлишда. Бир авлиё шундай деган:
"Касдим будур: шаҳарга борай, фиғон-у нола қилай!"
Яъни, ҳақиқатни тушунган одам, энди буни бошқаларга етказиш учун ҳаракат қилади.
Бир солиҳ инсон вафотидан сўнг, бир дўсти уни тушида кўриб:
"Сен дунёга қайтишни истайсанми?" – деб сўраганида, у шундай жавоб берган:
"Ҳа, дунёга қайтиб, асоимни қўлимга олиб, уйма-уй юриб, эшикларни куч билан тақиллатиб, одамларга: "Сизлар қандай катта имкониятларни йўқотганингизни, нималарни бой берганингизни биласизми?!" – деб айтмоқчиман!"
Шунинг учун, ваҳий нури сени нурлантираётган бу вақтда, уйғон!
- Уйғон ва юксак ҳақиқатга қўл узат!
- Қуръон сенга хитоб қилмоқда – бу хитобни эшит!
- Унинг нурли кафиласига қўшил!
Қуръон билан руҳий сафар
Қуръонни шу ҳиссиёт билан ўқиган мўмин,
- Унда малаикалар билан муносабат қуради ва уларнинг дуолари унга ҳамроҳ бўлади.
- Солиҳ авлодлар, пайғамбарлар ва валийлар билан руҳий бирликда бўлади.
Масалан, Юсуф (алайҳиссалом) билан бирга:
- Энг яқинларидан хиёнат кўриб, сабр қилишни
- Юқори мартаба ва бойлик таклифларини рад қилиб, фақат Аллоҳдан ёрдам сўрашни
- Зиндонни ҳидоят мактабига айлантиришни
- Ишни энг яхши ва пухта бажаришни
- Шафқат ва меҳр билан инсонлар қалбини қозонишни
- Сабр ва тақво орқали ҳақнинг ғалаба қозонишини ўрганади.
Ҳулоса қилиб айтганда, мўминлар, пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар нурли кафиласига қўшилади.
Қуръон билан покланиш ва ҳидоятни қабул қилиш
Қуръоннинг асосий мухотаби инсон ўзи эканини англаган мўмин:
- Унинг ҳаёт берувчи нафасини ҳис қилади
- Унинг шифоли қўлларида ўзининг тузалиб кетаётганини англайди
- Қалбидаги ғуборлар артилиб, тоза ва нурли ҳолатга келаётганини ҳис қилади
- Ҳақиқатни англаб, кибр ва ҳавонинг ҳукмидан халос бўлади
- Ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўя бошлайди: вақт, макон, дунё, охират, оила, дўстлик, мол-мулк – ҳар бир нарсани ҳақиқий мақомига мувофиқ тушуниб етади.
Қуръон ҳидоятига инсониятнинг эҳтиёжи
Инсоният Қуръон ҳидоятига шиддат билан муҳтож. Биз – унга ишонган мусулмонлар ҳам ундан ажраб бўлолмаймиз.
У келсин, ҳақиқатни яна аниқ кўрсатсин!
- Ҳақ ва ботилни ажратсин!
- Қайси нарсани севиш, қайси нарсадан сақланиш кераклигини ўргатсин!
- Фалокатларимизга чек қўйсин!
Қуръон фаслига яна бир марта қадам қўйиш арафасидамиз.
Шу баҳор шамоллари қалбларимизга таъсир ўтказаётган вақтда,
Қуръонни қарши олишга тайёргарлик кўрайлик!
Шунинг учун Қуръон хатмида суннат бўлган дуо билан:
"Ё Раббим! Қуръонни қалбларимизнинг баҳори, кўзларимизнинг нури, ғам-ташвишларимизнинг дафъаси ва ҳаётимизга нур қилиб қўй!"
Омин!
Абу Муслим таржимаси