loader
Foto

Ражаб Тоййиб Эрдўған

Ражаб Тоййиб Эрдўған 1954 йилнинг 26 февралида Туркиянинг Истанбул шаҳрида, Қўриқлаш қўмитасининг ходими оиласида туғилган. 13 ёшигача шимолий-шарқий Туркиядаги Ризе шаҳрида яшаган. Унинг ота-боболари Грузиядан кўчиб келиб, Ризеда жойлашиб қолган эдилар. У мактаб давридаёқ динийлиги билан ажралиб турган ва шунинг учун Хўжа (Яқин Шарқ мамлакатларидаги диний шахсларга бериладиган унвон) лақабини олган.



Ражаб Тоййиб Эрдўған Имом Хатиб диний лицейини тамомлагандан сўнг, Истанбулдаги Эйюп лицейида ўқишини давом эттирган. Кейинчалик Истанбулдаги Мармара университетига ўқишга кириб, 1981 йилда "бизнесни бошқариш" ихтисослиги бўйича диплом олган. 1980-1982 йилларда хусусий компанияларда менежер бўлиб ишлаган ва 1982 йилда ҳарбий хизматни ўтаб қайтган.



Сиёсий фаолияти



Талабалик йилларидаёқ Эрдўған Исломий Миллий қутқариш партиясига қўшилган. 1976 йилда у Бейоғлу туманидаги ёшлар бўлими раҳбари, кейин эса Истанбулдаги партиянинг ёшлар бўлим раҳбари бўлган. 1980 йилдаги ҳарбий тўнтаришдан кейин (у вақтда Сулеймон Демирел бошчилигидаги фуқаровий ҳукумат ағдарилган) барча сиёсий партиялар тарқатиб юборилган. 1983 йилда Эрдўған янги ташкил этилган Исломий Рифоҳ партиясига аъзо бўлади. 1984 йилда у Истанбул бўлими раҳбари этиб тайинланади, 1985-1986 йилларда эса партиянинг марказий бошқарув кенгашига аъзо бўлган.



1989 йилда у Бейоғлу туман маъмурияти раҳбари этиб тайинланган.



1994 йил март ойида ўтказилган сайловларда Эрдўған Истанбул шаҳар мэри этиб сайланган (25,19% овоз билан, рақиби Ильҳон Кесижи (Ватан партияси)дан 3,05% кўпроқ овоз олган). У мэрлик лавозимида Истанбулнинг ичимлик сув таъминоти, чиқиндиларни олиб чиқиш ва қайта ишлаш каби қатор иқтисодий-ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда катта машҳурликка эришган. Шаҳарни кўкаламзорлаштириш ишлари билан фаол шуғулланган. Исломий қадриятларни тарғиб этиб, алкогол истеъмол қилишга айрим чекловлар жорий қилган.



1998 йилда Рифоҳ партияси Туркия Конституциявий суди томонидан секуляризм тамойилини бузганликда айбланиб тақиқланган, натижада Эрдўған мэр лавозимини тарк этишга мажбур бўлган.



1998 йилда Эрдўғанга "миллатлар ўртасида адоват ва душманлик қўзғатиш" айблови билан иш очилган. Бу айблов сабаби 1997 йил декабрь ойида, Шарқий Туркиянинг Сиирт вилоятидаги митингда Эрдўған томонидан диний мазмундаги шеър ўқиб эшиттирилгани эди. Шунингдек, шеър XX аср бошларидаги пантуркист фаол Зия Гөкалпга тегишли бўлиб, Туркия таълим вазирлиги томонидан тавсия этилган шеърлар рўйхатида мавжуд бўлган. Суд уни 10 ой қамоқ жазосига ҳукм қилган бўлса-да, Эрдўған фақат 4 ой қамоқда бўлган (1999 йил мартдан июлгача), кейинчалик муддатидан олдин озод қилинган.



1998 йилда Эрдўған Фазилат партиясига қўшилган. 2001 йилда Фазилат партияси диний ғояларни сиёсатда қўллашда ва Туркияни исломлаштиришга уринишда айбланиб тақиқланганидан кейин Эрдўған Адолат ва тараққиёт партиясини (АТП) ташкил этди ва унинг раҳбари бўлди. Бу партия исломий консерваторлар, марказ-ўнг фаоллар ва бизнес вакилларини бирлаштирди.

2002 йил ноябрь ойидаги парламент сайловларида АТП 34,3% овоз олиб, ҳукуматни шакллантириш ҳуқуқини қўлга киритди. Аммо Эрдўғаннинг аввалги судланиши сабабли у парламентга сайлана олмаган ва бош вазир лавозимини эгаллай олмаган (бош вазир парламент депутатлари орасидан сайланган). Натижада, ҳукуматни шакллантириш партия раиси ўринбосари Абдуллоҳ Гулга топширилган.

2003 йил март ойида собиқ судланган фуқароларнинг парламентга сайланишига қўйилган тақиқ бекор қилингач, Эрдўған парламент депутати бўлди.



Бош вазир лавозимида



2003 йил 14 март куни Эрдўған парламент томонидан бош вазир лавозимига тасдиқланган (аслида, парламент республикасида давлатнинг асосий раҳбари). У 2014 йил 28 августгача шу лавозимда ишлаган. Унинг ҳукумати Туркия жамиятини исломлаштириш сиёсати олиб борган: мактабларда исломни мажбурий ўрганиш жорий қилинди, айрим секуляр мактаблар имомлар тайёрловчи ўқув даргоҳларига айлантирилди, университет кампуслари ичида ўнлаб масжидлар қурилди. Армия устидан назорат кучайтирилди — бир неча юз ҳарбий тўнтаришга тайёргарлик кўришда айбланиб, ҳибсга олинди ва суд қилинди. Эрдўған ҳукумати кўп йиллик қуролли тўқнашувни — курд сепаратистлари (Туркияда террористик ташкилот деб эътироф этилган Курдистон ишчи партияси, КИП) билан қуролли можарони бартараф этишга уринишлар қилди. 2013 йил баҳорида тинчлик жараёни бошланди. 2007 йилда конституцияга президентни умумхалқ овоз бериш йўли билан сайлашни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди (аввал парламент томонидан сайланган). Эрдўған бош вазирлик даврида мамлакат ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 2,7 марта ошди — 2003 йилда 303 миллиард доллардан 2013 йилда 820 миллиард долларга етди. 2005 йилда миллий валюта — лиранинг деноминацияси ўтказилди, инфляция 2003 йилдаги 45%дан 2013 йилда 7,5%гача тушди.



Президентлик лавозимида



2014 йил 10 август куни Ражаб Тоййиб Эрдўған биринчи босқичда 51,8% овоз тўплаб, президентликка сайланди (бу мамлакатда президентни тўғридан-тўғри сайловлар бўйича биринчи сайлов эди). 2018 йил 24 июнда у биринчи босқичда 52,59% овоз билан иккинчи муддатга қайта сайланди. 1982 йилги конституцияга киритилган ўзгартиришлар унга учинчи марта президентликка номзодини қўйишга рухсат берди. 2023 йил 28 майда Эрдўған иккинчи босқичда 52,18% овоз олиб, давлат раҳбарлиги учун ғолиб бўлди.

Давлат раҳбари сифатида у мамлакатни исломлаштириш ва ҳарбийлар таъсирини сусайтиришга қаратилган сиёсатни давом эттирди. Бу 2016 йил 15 июлда ҳарбий тўнтаришга уринишга олиб келди. Аҳоли ва Эрдўғанга содиқ ҳарбий қисмлар ва полициянинг кўмагида бу исён бостирилди. Президент унинг ташкил этилиши учун АҚШда истиқомат қиладиган турк воизи Фатҳуллоҳ Гуленни айблади (Гулен Туркиядаги армия ва полиция амалдорлари орасида кўплаб тарафдорларга эга). Мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этилди (2018 йил 19 июлгача амал қилди). Тўнтаришда иштирок этганликда айбланиб 13 мингдан ортиқ киши қўлга олинди. Шундан кейин президент қуролли кучлар бошқарув тизимини ўзгартирди: улар Бош штабга бўйсунишдан чиқарилиб, Миллий мудофаа вазирлигига бўйсундирилди. 2017 йил 16 апрелдаги референдумда президентлик бошқарув тизимини жорий этишни кўзда тутувчи конституция ўзгартиришлари тасдиқланди (овоз беришда иштирок этганларнинг 51,41%и қўллаб-қувватлади, қатнашиш кўрсаткичи 87,2%). Бу ўзгартиришлар орқали Эрдўған Адолат ва тараққиёт партиясига (АТП) аъзолигини қайта тиклаб, унинг раҳбари этиб сайланди (аввал конституция давлат раҳбарига ҳар қандай партия аъзоси бўлишни тақиқлаган; Эрдўғаннинг АТП аъзолиги 2014 йил августда тўхтатилган эди).

Эрдўған курдлар масаласида қатъий позиция тутди. Туркия Ҳаво кучлари бир неча бор Ироқ шимолидаги КИП базаларига зарба берди (курдлар Ироқ, Эрон, Сурияда ҳам яшайди), бу 2015 йилда ушбу ташкилотнинг сулҳдан чиқишига сабаб бўлди. 2015 йил декабрь - 2016 йил февраль ойларида Туркия армияси Сурия ва Ироқ чегарасида КИПга қарши операция ўтказди, кейинчалик Сурияда курдларга қарши учта ҳарбий операция амалга оширди: “Фурот қалқони” (2016-2017), “Зайтун шохи” (2018) ва “Тинчлик манбаи” (2019). Натижада, Суриянинг Аазаз ва Жараблус шаҳарлари ўртасидаги чегара ҳудуди, Телль-Абьяд ва Рас-эл-Айн шаҳарлари, шунингдек, Африн шаҳрига яқин ҳудуд турк ҳарбийлари назоратига ўтди.

Эрдўған ташқи сиёсатнинг асосий мақсадларидан бири сифатида Туркияни Европа Иттифоқига интеграция қилишни белгилаган эди (ЕИга аъзоликка ариза 1987 йилда топширилган, 1999 йилда мамлакат номзод мақомини олган). Бироқ, Европа ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасида Анқарага нисбатан эътирозлар билдирган. 2017 йилда Эрдўған Туркиянинг ЕИга аъзоликка муҳтож эмаслигини айтган, бироқ аъзолик бўйича музокаралар (2005 йилда бошланган) тўхтатилмаган, гарчи ЕИ амалдорлари улар тугатилган деб ҳисоблаган бўлса-да.

Эрдўған президентлиги даврида Россия ва Туркия ўртасидаги кўп йиллик мустаҳкам алоқаларда танглик юзага келган. Бунга Сурия ҳудудида Туркия Ҳаво кучлари томонидан Россиянинг Су-24 самолётини уриб тушириш ҳодисаси сабаб бўлган. Ўшанда Россия бир қатор турк маҳсулотларига нисбатан санкциялар жорий қилган. 2016 йилда муносабатлар тиклангандан сўнг, давлатлар қўшма иқтисодий лойиҳаларни амалга ошира бошлади — "Туркия оқими" газ қувури ишга туширилди, Россия Туркияда биринчи атом электр станцияси “Аккую”ни қурмоқда. Шу билан бирга, Эрдўған даврида Туркия-АҚШ муносабатларида кескинлик юзага келди. 2019 йилда АҚШ Туркиянинг Россиянинг С-400 “Триумф” зенит-ракетаси тизимини сотиб олиши туфайли Туркиянинг Joint Strike Fighter истребители яратиш дастуридаги иштирокини тўхтатиб қўйди.

Эрдўғаннинг иккинчи президентлик муддати иқтисодий кўрсаткичларнинг ёмонлашиши билан ажралиб турди. Бунга COVID-19 пандемияси ва мамлакат раҳбарияти босими остида Туркия Марказий банки томонидан асосий ставкани пасайтириш сиёсати (2018 йилда 24%дан 2022 йилда 9%гача) ҳам сабаб бўлди. Давлатнинг расмий статистикасига кўра, 2018-2022 йилларда турк лираси долларга нисбатан қиймати 354%га (тақрибан 5,28 турк лираси/доллардан 18,69га), 2014 йилдан эса 850%га тушди. Йиллик инфляция 2018 йилдаги 20,3%дан 2022 йилда 64,27%га кўтарилди (2014 йилда — 8,17%). Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2018-2021 йилларда (кейинги маълумотлар келтирилмаган) ЯИМ ҳажми 778,5 миллиард доллардан 819 миллиард долларга ўсган (2014 йилда — 939 миллиард доллар), киши бошига ЯИМ эса 9 400 доллардан 9 661 долларгача ошган (2014 йилда — 12 020 доллар). Давлат қарзи даражаси 2021 йилда ЯИМнинг 42,7%ини ташкил қилган, 2018 йилда 29,4% (2014 йилда — 31,3%). Шунга қарамасдан, расмий маълумотларга кўра, 2022 йилда ишсизлик даражаси охирги 8 йилдаги энг паст даражага тушган — 10,4% (3,58 миллион киши; 2021 йилда 14%га етган).

Абу Муслим