loader
Foto

“Ё, Расулаллоҳ”, дейиш тўғрими?

Иккинчи сурат шуки, ошиқлар ўз маҳбубларига хитоб қилганлари каби ўз муҳаббатларини изҳор қилиш учун “Ё, Расулаллоҳ” деб хитоб қиладилар. Воқеликда, бу билан Пайғамбаримизни чақиришлик мақсад бўлмайди. Ошиқларни бундай хитоблари эътиқодлари фосид бўлмаслик шарти билан жоиздир.



Учинчи сурати шуки, бир шахс “Ас-солату вас-саламу алайка я Расулаллоҳ” деб, дуруд ўқиб, фаришталар ушбу дуруди шарифни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказишади деган этиқодни қилади. Бундай феълни жоиз эмас деб айтиб бўлмайди. Чунки, Набий солаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари бу ҳақда шундай иршод қилганлар:



عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنهقَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: " مَا مِنْ عَبْدٍ يُسَلِّمُ عَلَيَّ عِنْدَ قَبْرِي إِلَّا وَكَّلَ اللهُ بِهَا مَلَكًا يُبَلِّغُنِي، وَكَفَى أَمْرَ آخِرَتِهِ وَدُنْيَاهُ وَكُنْتُ لَهُ شَهِيدًا وَشَفِيعًا يَوْمَ الْقِيَامَةِ "



Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:



“Бирор бир банда қабрим олдида салом берса, Аллоҳ таоло уни менга етказадиган бир фариштани вакил қилади ва охирати ҳамда дунёси ишига кифоя қилади ва мен у учун қиёмат куни гувоҳ ҳамда шафоатчи бўламан” дедилар” (Шаъбул иймон).



عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: " مَنْ صَلَّى عَلَيَّ عِنْدَ قَبْرِي سَمِعْتُهُ، وَمَنْ صَلَّى عَلَيَّ نَائِيًا أبْلغْتُهُ "



Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қабрим олдида менга солавот айтса, уни эшитаман. Кимки узоқдан менга солавот айтса, у менга етказилади” дедилар” (Шаъбул иймон).



عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَا مِنْ أَحَدٍ يُسَلِّمُ عَلَيَّ إِلاَّ رَدَّ اللهُ عَلَيَّ رُوحِي حَتَّى أَرُدَّ عَلَيْهِ السَّلاَمَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالبُيْهَقِيُّ.



Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:



“Ким менга салом берса, албатта, Аллоҳ менга руҳимни қайтаради ва мен унга алик оламан”, дедилар”. Абу Довуд ва Байҳақий ривоят қилишган.



وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لاَ تَجْعَلُوا بُيُوتَكُمْ قُبُورًا وَلاَ تَجْعَلُوا قَبْرِي عِيدًا وَصَلُّوا عَلَيَّ فَإِنَّ صَلاَتَكُمْ تَبْلُغُنِي حَيْثُ كُنْتُمْ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.



Яна ўша кишидан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уйларингизни қабрлар қилиб қўйманг. Менинг қабримни ийдгоҳ қилиб олманг. Менга саловот айтинг, албатта, қаерда бўлсангиз ҳам, сизнинг саловотингиз менга етади”, дедилар”. Абу Довуд ривоят қилган.



عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مَسْعُودٍ رضي الله عنه قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ ( « إِنَّ لِلَّهِ مَلاَئِكَةً سَيَّاحِينَ فِى الأَرْضِ يُبَلِّغُونَنِى عَنْ أُمَّتِى السَّلاَمَ » .



Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло учун ерда сайр қилиб, умматимнинг саломини менга етказадиган фаришталар бор” дедилар” (Абу Довуд ривояти).



Узоқдан туриб Пайғамбаримизга солавоту салом етказишда Расулуллоҳ томонидан иршод қилинган солавотларни ихтиёр қилинг. Гарчи, ақидангиз бузуқ бўлмасада ғоибона солавотда хитоб сиғасини ихтиёр қилманг. Шунингдек, ушбу феъл орқали бошқа одамлар ақидасида бузуқлик пайдо бўлмасада солавотда “Ё, Расулаллоҳ” деб хитоб қилмаслик авлодир. Агар бошқа кишилар эътиқодини бузилишига таъсир қилса, уни айтмаслик батариқа авло йўлга кўра бўлади.



Тўртинчи сурати шуки, Аллоҳ таоло барча махлуқотларнинг сўзларини ҳар жойда эшитиб тургани каби Расулуллоҳ ҳам ҳар жойда ҳозиру нозир ва ҳар шахс тарафидан айтилган сўзни эшитадилар деган ниятда “Ё, Расулаллоҳ” дейиш дуруст эмас. Бундай деб эътиқод қилиш хато бўлиб, на Қуръони каримда, на ҳадиси шарифда ва на ҳанафий фиқҳида унга рухсат берилган. Соҳабаи киромлар бу борада жуда эҳтиёт бўлганликлари кузатилади:



عَبْدُ اللَّهِ بْنُ سَخْبَرَةَ أَبُو مَعْمَرٍ قَالَ سَمِعْتُ ابْنَ مَسْعُودٍ رضي الله عنه يَقُولُ عَلَّمَنِي رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَكَفِّي بَيْنَ كَفَّيْهِ التَّشَهُّدَ كَمَا يُعَلِّمُنِي السُّورَةَ مِنْ الْقُرْآنِ التَّحِيَّاتُ لِلَّهِ وَالصَّلَوَاتُ وَالطَّيِّبَاتُ السَّلَامُ عَلَيْكَ أَيُّهَا النَّبِيُّ وَرَحْمَةُ اللَّهِ وَبَرَكَاتُهُ السَّلَامُ عَلَيْنَا وَعَلَى عِبَادِ اللَّهِ الصَّالِحِينَ أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَأَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ وَهُوَ بَيْنَ ظَهْرَانَيْنَا فَلَمَّا قُبِضَ قُلْنَا السَّلَامُ يَعْنِي عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ.



Абдуллоҳ ибн Сабхара Абу Маъмардан ривоят қилинади:  “Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кафтим У зотнинг икки кафтлари орасида турган ҳолатда Қуръондан бир сурани менга ўргатганлари каби ташаҳҳудни ўргатдилар: ат-Таҳийяту лиллаҳи вас солавоту ват тоййибаат ас-саламу алайка айюҳан Набию ва раҳматуллоҳи ва баракаатуҳ, ас-саламу алайна ва аъла ибадиллаҳис солиҳийн. Ашҳаду ан лаа илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ. У зот (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам) орамизда эдилар. Қабз қилингач: “Ас-саламу алан Набиййи соллаллоҳу алайҳи васаллам” дедик”, деяётганларини эшитганман” (Бухорий ривояти).



Саҳобалар хитоб сиғаси билан “ат-Таҳийят”да Пайғамбаримизга солавот айтишларида Расулуллоҳ ҳар жойда ҳозир ва ҳар шахснинг саломини эшитади деган эътиқодда бўлмаганлар. Балки, ушбу хитоб сиғаси меърож кечасида Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган саломини ҳикоя қилишдир, деб тушунганлар.



Бешинчи сурат, Расулуллоҳнинг равзаи мутаҳҳаралари олдига келиб “ас-Солату вас саламу алайка я Расулаллоҳ” дейишдир. Бу сурат жоиздир. Чунки, Пайғамбаримиз ҳар бир зиёратчининг солавоту саломини эшитадилар ва унга жавоб қайтарадилар.



Юқорида бир неча суратларнинг баёни ва ҳукми зикр қилинди. Энди, қайси бир инсон нима ниятда, қандай ҳолатда ва қайси мақсадда “Ё, Расулаллоҳ” деяётганини эшитиб, у борада ҳукм айта оласиз.



Шу ерда бу масала зимнидаги икки масалага эътибор бериш лозим. Улардан бири шуки, шиа вакиллари “Ё, Алий” деб хитоб қиладилар ва баъзи одамлар уларга тақлид қилиб, “Ё, Расулаллоҳ”, “Ё, Ғавс” дейдилар. Лекин, бундай ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар ва мазҳаб уламолари ҳаётларида кузатилмаган. Қуръони карим, ҳадиси шариф ва ҳанафий фиқҳ китобларида ҳам юқоридаги ҳолат учрамайди. Улардан такбир айтиш борасида нақллар мавжуд. Шунинг учун бу сўзларни айтувчиларни шиаларга тақлид қилувчилар деб тушунилади. Аҳли сунна вал жамоа бундан буткул покдир. Баъзилар “Ё, Алий” деювчиларни куфрга ҳукм қиладилар. Бунда ҳам шошилмаслик керак. Чунки, “Ё, Алий” деюувчи бу сўзидан Аллоҳ таолонинг “Алийюл азим” сифатини ирода қилган бўлиши ҳам мумкин. Лекин, “Ё. Алий”дан ҳазрати Алини ирода қиладиган бўлса, буни жоиз эмаслигида шак йўқ.



Иккинчи масала шуки, дуо, тақарруб мақсадида Аллоҳ таолога мурожаат қилинади ва Унинг номини вазифа қилиб олинади. Шунингдек, баъзилар Аллоҳ таолодан бошқа Унинг бандаларидан бюук шахсларнинг исмини айтиб, уни ўзларига вазифа қилиб оладилар. Бундай қилишни эса, ислом жоиз санамайди. Чунки, шахслар номини вазифа қилиб олиш ибодатга ўхшаб қолади. Ибодат эса, яккаю ягона Аллоҳ таолога қилинади ва яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар ва уммат уламоларидан бирорталари Аллоҳдан ўзга бирор улуғ шахснинг исмини вазифа қилиб олмаганлар.



Қози Саноуллоҳ ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Иршодут толибийн” деган китобларида бу ҳақда шундай деганлар:



ولا يصح الذكر باسماء الاولياء على سبيل الوظيفة او السيفي لقضاء الحاجة كما يقرءون الجهال



“Жоҳил кишилар ўқиганлари каби вазифа тарзда авлиёларнинг исмларини зикр қилиш ёки бирор мақсадга эришиш учун сайфийни ўқиш дуруст эмас”.



Озон, иқомат ва калимаи шаҳодатларда Аллоҳ таолонинг зикри билан Пайғамбаримизни исмларини қўшиб зикр қилиш ибодат ҳисобланади. Лекин, Пайғамбаримизнинг исмларини “Ё, Муҳаммад, Ё, Муҳаммад” тарзида  вазифа қилиб ўқиб юриш жоиз эмас (Иршодут толибийн).

Абдуманон Қосимий