loader
Foto

Збигнев Бжезинский: «Мен Путиндан кейин Россия гуллаб-яшнашига ишонаман»

Збигнев Бжезинский: "Ўйлайманки, Путин қайсидир маънода ўзини империяни соғинишнинг асирига айлантириб қўйган. У Россиянинг буюклиги Москванинг собиқ Совет ёки Россия империясида ўз ҳукмронлигини қайта тиклаши, фаоллаштириши ва қайта тасдиқлашига боғлиқ деган фикрга содиқ бўлган одам сифатида таассурот қолдиради. Менимча, бу жиддий муаммо - дунёқараш ва тарихий йўналиш муаммосини ифодалайди. Менинг фикримча, бундай нуқтаи назар ва устуворликларга эга бўлган Россия учун бу мамлакатдаги ўткир ички муаммоларни ҳал қилиш жуда қийин бўлади".

"Совет Иттифоқи энди йўқ ва Қўшма Штатлар Россияни душман сифатида кўриб чиқмаяпти. Россия билан муносабатларимизда муаммолар мавжуд, аммо бу муаммолар стратегик нафратни ёки бизнинг тарихий душманлигимиздан далолат бермайди. Мен бошқа томон – хусусан, Путинда ҳам худди шундай муносабат эканлигига ишончим комил эмас.

Россия суверенитетини сақлаб қолиш муаммоси олдида турибди. Менинг узоқ тарихий даврга бўлган башоратим оптимистикдир, чунки мен Россия ўзгариб бораётганига аминман. Эҳтимол, ҳатто Путинга қарши ҳам эмас, балки Путин туфайлидир. Путин саҳнани тарк этгандан сўнг, ўзгариш жараёни сезиларли даражада тезлашади. Путиннинг сиёсий саҳнада қанча вақт туриши ҳақида тахмин қила олмайман, лекин Россия ичида бу умидсизлик даражасида, Путин ўзини сиёсатдан четлатмоқда, деган ғалати ва жуда субъектив туйғу юзага келади - у энди мени бундай ўзига ишонган, бақувват ва ёш етакчи сифатида ҳайратда қолдирмайди.

Бу Россия олдида бугунги кунда турган катта дилемманинг бир қисмидир - менимча, тобора кўпроқ руслар, бундай ҳокимият формуласи Россияни жаҳон майдонларида етакчи мавқега эга қила олмаслигига ишонади ва мамлакатдаги тобора кўпроқ одамлар келажак ноаниқлигидан ҳақида ташвишланаётганини англай бошлайдилар. Россия жамиятидаги вазият, менинг фикримча, иккита қарама-қарши жараён билан белгиланади. Биринчиси - экстремал миллатчиликнинг авж олишидир, унинг кўчаларда, намойишларда, балки сиёсатда намоён бўлишини кўришимиз мумкин, хусусан, Путин бундай эҳтимолни шахсан тан олади.

Ушбу ҳаракат Россия аҳолисининг катта қисмини, айниқса йирик шаҳарлар атрофида камраб олади. Рус миллатчилигининг сабаблари қайсидир маънода тушунарли - 60 йилдан ортиқ вақт давомида Россия ҳатто хариталарда ҳам кўрсатилмаган. Совет Иттифоқи социалистик республикаларнинг бирлашмаси эди, Россия ҳатто республика ҳам эмас эди. Ва энди биз рус миллатчилигининг кучайишини, қайсидир маънода ибтидоий миллатчиликни кўрмоқдамиз ва бу тўлқин ҳақиқатан ҳам хавфли бўлиши мумкин. Аммо, ҳар ҳолда, бу бошқарилиши мумкин, чунки у авторитаризм инстинктига бўйсунади.

Бошқа томондан, йирик шаҳарларда бутунлай бошқача ижтимоий қатлам - ўрта синф - ўсиб бормоқда. Бу одамларнинг аксарияти космополитдир. Улар оқилона, дунёга очиқ ва Интернет орқали дунё билан алоқада, кўпчилик чет элда таълим олишади, кўплари бошқа мамлакатларда яшаш учун рухсатномаларга эга ва кўплари ўз маблағларини чет элда сақлашади. Менимча, бу икки йўналиш бир-бирига қарама-қарши.

Қисқа муддатли истиқболда миллатчилик тенденцияси Евросиё Иттифоқи каби ғояларга туртки бериши мумкин, аммо агар сиз нарсаларга реал қарасангиз, Евроосиё Иттифоқига ким кирмоқчи? Менимча рўйхат катта бўлмайди. Назарбоев бошчилигидаги Қозоғистонми? Жуда шубҳали. У Россия ва Хитой ва дунёнинг бошқа мамлакатлари орасида жуда яхши ҳаракат қилади. Каримов ва Ўзбекистон? Эҳтимол, бу эҳтимол камроқ - Ўзбекистон давлат мустақиллиги масалаларида қатъий. Янукович ҳақида нима дейиш мумкин? Янукович ва унинг молиявий ҳомийлари ўз ҳудудларини деярли тўдага ўхшаб аниқлашга кўпроқ умид қилишди. Ва улар бошқа бир тўданинг ўз ҳудудларини эгаллашларини истамайдилар. Улар Россияга айтишади: биз сиз билан биргамиз, лекин бу бизнинг ҳудудимиз ва фақат биз ушбу зонада ўғирлаш ва алдаш ҳуқуқига эгамиз - бу бизникидир, сизники эмас. Ва бу Путин режими даврида Россиянинг гегемонлиги ҳақидаги мунозарага замин яратади. Лукашенко маълум даражада шунга ўхшаш ҳолатда, гарчи у жуда ҳимоясиз бўлсада. Грузия Россия билан иттифоқ тузиш учун мумкин бўлган номзодга айланмоқда ва бу Боку-Жейҳан нефт қувурининг аҳамияти туфайли унинг АҚШ билан дўстлигини йўқотиши мумкин. Бу Россияда мавжуд муаммоларнинг фақат бир қисми. Яна кўп нарсалар мавжуд.

Россия тушуниши керак бўлган асосий нарса – гуллаб-яшнаш, фаровонлик ва муваффақият учун Ғарб билан яқинлашиш талаб қилинади, акс ҳолда у ҳамма нарсани Хитойга ютқазади. Демократизация Россиянинг гуллаб-яшнашининг асосий шартларидан биридир. Менимча, бу Путиндан кейин бўлади. Сиз буни тарихий оптимизм сифатида кўриб чиқишингиз мумкин, аммо аминманки, Россия ва Ғарб ўртасидаги яқинлашув муқаррар ва бу яқинлашув натижасида Россия катта фойда олади"

08.12.2012

Манба

Абу Муслим таржимаси

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР