loader
Foto

Мирзиёев ва Эрдўған муҳим 19 та ҳужжат - битимларни имзолади

 

Шавкат Мирзиёев ва Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўған раислигида Ўзбекистон-Туркия олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди



Спутнику сайтининг Ўзбекистон  президент матбуот хизматига таяниб хабар қилишича, Ўзбекистон президенти Туркия етакчиси ва халқига кўрсатилаётган меҳмондўстлик ва илиқ қабул учун миннатдорлик билдириб, йиғилиш муборак Қурбон ҳайити арафасида ва икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 32 йиллиги нишонланаётган йилда ўтказилаётганини таъкидлади.



“Стратегик ҳамкорлик кенгашининг ташкил этилиши Ўзбекистон-Туркия муносабатлари тарихида янги саҳифа очди ва шерикликнинг барча соҳаларида янада ривожланишга кучли суръат бағишлади”, – деди Мирзиёев.



Сўнгги йилларда ўзаро савдо ҳажми 1,5 баробарга, қўшма корхоналар сони 2 баробарга, Ўзбекистон иқтисодиётига турк инвестициялари ҳажми 2,5 баробарга ошди. Икки давлатнинг йирик шаҳарлари ўртасида ҳафтасига 90 та парвоз амалга оширилмоқда, Туркиядан келаётган туристлар оқими 3 баробарга кўпайди.



Яқин келажакда икки томонлама савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.



Ўзбекистон ва Туркия  савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида саноат кооперациясини кучайтириш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва биргаликда учинчи давлатлар бозорларига чиқиш муҳимлиги таъкидланди. Шунингдек, имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида божхона тарифларини пасайтириш, Истанбул шаҳрида Ўзбекистон савдо ваколатхонасини очиш зарурлиги қайд этилди.



Хабарга кўра, Қишлоқ ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлашни рақамлаштириш ва тиббиёт кластерларини ташкил этиш соҳаларида Туркиянинг илғор тажрибаси ва давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этишга талаб борлигига эътибор қаратилди. Олий, профессионал ва техник таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, театр фестиваллари, маданият ҳафталикларини ўтказиш, биргаликда тарихий фильмлар суратга олиш ва маданий мерос объектларини реставрация қилиш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон ва Туркия етакичлари ҳамкорликнинг барча йўналишларини чуқурлаштиришга қаратилган декларацияни қабул қилинаётгани ва икки давлат раҳбарлари бошчилигида Ўзбекистон-Туркия Ишбилармонлар кенгаши ташкил этилганини олқишладилар.

Йиғилиш якунлари бўйича ҳукуматларга қабул қилинган қарорларни амалга ошириш бўйича қўшма "йўл харитаси"ни тасдиқлаш топширилди. Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев Режеп Таййип Эрдўғанни кенгашнинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш учун Ўзбекистонга ташриф буюришга таклиф қилди.

Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилиши якунида Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдўған Кенг қамровли стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисида қўшма декларацияни имзоладилар.

Икки мамлакат раҳбарлари ҳузурида кўп қиррали шерикликнинг кўплаб соҳаларини қамраб олган 19 та ҳужжат имзоланди. Жумладан:

Илмий алмашинув ва юқори технологиялар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;

Ҳудудий ривожланиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида битим;

Стандартлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишида техник кўмак кўрсатиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида баённома;

Космик фанлар, технологиялар ва тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида баённома;

Қишлоқ хўжалиги таълими соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

Энергетик ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

Маданият соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

Ахборот соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

Кадастр масалалари бўйича ҳамкорлик тўғрисида баённома;

Туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

Оила институти ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

Бошқарув кадрларини тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

Ҳуқуқий соҳада малака ошириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида баённома.