loader
Foto

Мирзиёев: Бир қатор соҳаларга солиқ таътили берилади

Тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилди. Сиҳатгоҳ ва оромгоҳлар карантин муассасалари сифатида мослаштирилган.

Президентнинг айтишича, хориждаги ўзбекистонликларни чартер авиарейслари орқали ватанга қайтариш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Чегараларда ҳаракат чекланган, аммо транспортда юк ташиш тўхтатилгани йўқ.

"Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва ишонамизки, бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади", - деди президент ўз нутқида.

Мирзиёев коронавируснинг мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатишига ҳам тўхталиб ўтди. "Сўнгги икки ҳафтада жаҳон бозорида нефтнинг нархи (бир баррел 60 доллардан қарийб 30 долларга) кескин пасайиб кетгани оқибатида газ экспортимиз тушумлари қисқариши мумкин. Хориждаги асосий савдо ҳамкорларимизнинг миллий валюталари қадрсизланиши республикамизга ҳам, албатта, валюта тушумини камайтиради", - деди президент.

Мирзиёевнинг айтишича, туризм, транспорт, фармацевтика ва енгил саноат каби соҳаларга солиқ таътиллари бериш, кредитларни қайтариш муддатини кечиктириш, кечиктирилган ташқи қарздорлик учун жарима қўлламаслик тартибини жорий қилиш чоралари кўрилмоқда.

Ҳукумат қийин аҳволга тушиши мумкин бўлган соҳа ва тармоқларни, йирик корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш устида ҳам ишлаётгани маълум қилинди.

"Кўпни кўрган халқимиз янада жипслашиб, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, бу мураккаб синовларни ҳам енгиб ўтади, деб ишонаман", - деди Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, бош вазир республика даражасидаги ва Тошкент шаҳридаги муассасаларни бирма-бир жойига чиқиб ўрганиш ва зарур чора-тадбирлар қабул қилиш ҳамда уларнинг ижроси учун масъул этиб тайинланган.



Манба:    Amerika Ovozi