loader
Foto

Авлиё ва уламо, шоирлар ва фақиҳлар, сўфийларнинг “яширин халифалиги” сиёсатчилари

Валид Зиёд билан суҳбат

Валид Зиёд Hidden Caliphate: Sufi Saints beyond the Oxus and Indus (“Яширин халифалик: сўфий авлиёлар Амударё ва Ҳинд дарёлари ортида”) китобида XVIII асрдан XIX асргача бўлган мусулмон сўфийлари тармоқларининг ривожланиш тарихини ўрганади. У ХХ асргача бўлган асосий ислоҳотчи ҳаракатларни илҳомлантирган Нақшбандия–Мужаддидия сўфийларининг кучи ва таъсири, сўфий валийлар, олимлар, муашҳур шоирлар ва фақиҳлар, мужаддидийлар киборлар, фуқаро ва жамоатлар ўртасида воситачилар бўлгани ҳақида ёзади. Улар савдо карвонларига етакчилик қилган, музокараларда воситачи бўлган ва дипломатия билан шуғулланган. Битиклари ва тасаввуфий шеърияти Деҳлидан Пешавор орқали Марказий Осиё даштларигача бўлган форсий ислом динининг чегараларини белгилаб берган.



Валид Зиёд ушбу интервюсида сўфий–мужаддидийлар бундай мавқега ва таъсир кучига қандай эришгани; айримлари эса, айниқса,  Марказий Осиёда таниқли арбоблар бўлгани; нега яхши подшоҳ яхши сўфий шогирд бўлгани; Бухоронинг сўфий тармоқлари учун аҳамияти  қандай экани; Марказий Осиё  тангалари диний боғлиқлик ҳақида нималардан далолат беришини муҳокама қилади.

Валид Зиёд – Чапел–Ҳиллдаги Шимолий Каролина университетининг диншунослик факултетига қарашли форс тадқиқотлари бўйича Алли Жарроҳий марказининг ассистент–профессори ва илмий ходими. Ўтмишда Йейл ҳуқуқ мактаби қошидаги Абдулла С. Комил номли ислом фиқҳи ва тамаддунни ўрганиш марказининг илмий ходими бўлган В. Зиёд Афғонистон, Ўзбекистон ва Покистоннинг 120 дан ошиқ шаҳарларига бориб, жойида тадқиқотлар ўтказган. Hidden Caliphate: Sufi Saints beyond the Oxus and Indus (“Яширин халифалик: сўфий валийлар Амударё ва Ҳинд дарёлари ортида”) китоби Яқин Шарқ тадқиқотлари уюшмасининг Алберт Хураний номидаги мукофоти билан тақдирланган, 2022 йили Покистонда Блумсбери номидаги китобларга бериладиган мукофотнинг, шунингдек, 2023 йилги Британиянинг Жанубий Осиё мамлакатлари уюшмаси китоблар бўйича мукофотининг шорт–листи – қисқа рўйхатига киритилган.



Сиз китобингизда “Нақшбандия–Мужаддидия (маъноси – “қайта туғилган”) тариқати сифатида машҳур тасаввуфий олимлар кенг қамровли ва мураккаб тармоғи”ни таҳлилга тортасиз. Ёзишингизча, Мужаддидия тариқати вакиллари юксак “эзотерик” ва “ладуний” (яширин) фанларга ўтганга қадар форс шеъриятидан тортиб, этика, мантиқ ва тиббиёту фиқҳга қадар амалий ишлар билан банд бўлган. Нақшбандия– Мужаддидия сўфийлигининг XVIII асрдан то XX асрга қадар мусулмон дунёсига таъсири хусусида сўзлаб берсангиз. Ушбу тариқатнинг таъсири қайсидир маънода мусулмон зиёлиларининг ислом тикланишига охирига жавоби бўлганми?



Нақшбандия–Мужаддидия сўфийлик тармоғини тушуниб олиш учун анъананинг илк сарчашмаси – шайх Аҳмад Сирҳиндийга (вафоти 1624 йил) мурожаат қилиш керак бўлади. У Лаҳор билан Деҳли (замонавий Ҳиндистон) ўртасидаги Сирҳинд қишлоғидан бўлган. Менинг фикрим шуки, унинг ишлари Истамбулдан Индонезиягача бўлган мусулмон жамиятларини ўзгартириб юборган. Аммо бугунга қадар унинг ҳиссаси етарли даражада баҳоланмаган.



Сирҳиндий Бухорода пайдо бўлган Нақшбандия тариқати аъзоси бўлган, устози эса Кобул ва Шимолий Ҳиндистонга ҳижрат қилган самарқандлик сўфий Боқи Биллаҳ эди. Сирҳиндий “Мужаддид” номи билан машҳур бўлган ва иккинчи минг йилликнинг янгиловчиси эди (яъни у ҳижрий иккинчи минг йиллик ислом динини қайта тиклаган) ва шунинг учун унинг издошлари “мужаддидийлар” деб аталган. Улар ХХ асргача энг кенг тарқалган мусулмон тармоғига айланган. Сирҳиндий – ўта қизиқ шахс. У  иш фаолиятини энди бошлаган пайт Буюк Мўғул ҳукмдорлари билан ишлаган. Сўфизмнинг сиёсийлаштирилиши ва сўфийлик амалиётларидан пала–партиш ибодат қилиб фойдаланишни атрофида кузатган ва бу унинг жаҳлини чиқарган. У, бир тарафдан, маънавий обрў қозониш пайида юрган сўфий фирибгарларни, иккинчи томондан эса, порахўр, тамагир ва маънавий мўлжали йўқ олимларни танқид қилган. Сирҳиндий ушбу 2 та оқимга жавобан ўзининг инқилобий фалсафий–амалий тизимини ишлаб чиққан. Мен Мужаддидия тартибини белгилаб берадиган ва кейинги асрларда унинг тармоқлари тез кенгайишини рағбатлантирган турли–туман меросдаги 3 та омилни ажратиб кўрсатмоқчиман. Улар буюк тикланиш, Мужаддидия “яширин халифалиги”нинг қурилиш блокининг асосий таркибий қисмлари бўлган.



Биринчидан, Сирҳиндий “синтезловчи” эди. У сўфизм билан шариат, тасаввуфчилар билан фақиҳлар дунёси ўртасидаги жарликни енгиб ўта олган. Мен ушбу қисқа фикрларим баёнида унинг фалсафий ишларига тўлиқ баҳо бера олмайман, аммо мухтасар айтганда, у сўфизм шариат чегараларидан четга чиқмаслиги баробарида шариат сўфизм орқали англашилиши шарт, деган фикрда қойим турган.



Иккинчидан, олим сўфизмнинг маънавий (руҳий) сафарга оид тизимли йўлини ишлаб чиққан ҳамда бу ҳадислар, фиқҳ ва мантиқ илмидан тортиб, нафас олиш машқлари ва медитацияга (муроқаба) қадар турли фанларни бирлаштирувчи тартибга солинган ўқув дастурига асос бўлиб хизмат қилган, шунингдек, бир қанча (асосан, Марказий Осиёдаги) сўфийлик тариқатлари ғояларини ўзаро қовуштирган. Сўнгра унинг таълимотлари бир вақтда ҳам мадраса, ҳам сўфийлик амалиёти марказлари бўлиб хизмат қилган интеграциялашган таълим муассасалари орқали тарқалган. Бошқача айтганда, олимлар ва сўфийлар дунёси бир тизимнинг ажралмас қисмлари сифатида бирлашди.



Учинчидан, унинг минг йиллик қайта туғилиш ва ўзининг коинотдаги минг йиллик ўзгаришлардаги ролига оид қизиқ ғоялари бор эди. Унга кўра, Расулуллоҳ Муҳаммаднинг ўлимидан сўнг орадан минг йил ўтиб, ислом дини руҳи янгиланишга муҳтож бўлиб қолди, Сирҳиндий билан шогирдлари – мужаддидийлар – эса унинг шу ишни амалга оширувчи кишилари бўлди. шунинг учун Сирҳиндий билан ворислари Сирҳиндда намунали сўфийлик марказини бино қилди ва у “раҳбарлик маскани” сифатида жуда машҳур бўлиб кетди. Бу XVII аср давомида юз берди.



Қандай қилиб ушбу фалсафий ва институционал ишланмалар ижтимоий соҳага ўтказилди? Сўфий – мужаддидийлар минтақалараро миқёсда ижтимоий–сиёсий етакчиларга айланди?



Бу аксарият ҳолларда XVIII асрда Жанубий ва Марказий Осиёдаги сиёсат билан боғлиқ эди. Эски империя тузилмалари кунпаякун бўлди, олдинги империялар қолдиқларидан кўплаб майдароқ давлатлар қарор топди, Европа давлатлари эса Хива ва Бенгалия сингари жойларнинг ички ишларига аралаша бошлади. Амударё ва Ҳинд дарёларининг иккала соҳилида жойлашган Бухоро ва Пешавор сингари шаҳарлардаги маҳаллий ҳукмрон киборлар таълим ва ижтимоий хизматларни сўфийлик тариқатлари, айниқса, мужаддидийларга топшириб қўйди, уларнинг халқ орасидаги обрў–эътибори ҳам шаҳар зиёлиларини, ҳам қабила ва қишлоқ аҳолиси эътиборини тортаётган эди. Шундай қилиб, сўфийлар атрофида давлатнинг молиявий–ҳарбий институтларидан бутунлай фарқли ҳамда барқарор ва яшовчанликка эга бўлган институционал тармоқлар ташкил топди. Сўфийлик марказлари, мадрасалар ва муқаддас қадамжолар минтақалараро билимлар иқтисодиётини яратиш ва сиёсий жиҳатдан турли бўлакларга бўлиниб кетган минтақа яхлитлигини таъминлаш имконини берган устқурма шакллантирди. Бу битиклар, амалиётлар ва инсон капиталининг доимий оқими шарофати билан амалга ошди. Қишлоқ институтлари ва ер улушлари қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини рағбатлантирди. Сўфийлик марказлари турли миллатлар ва синфлар вакиллари йиғиладиган жой бўлган. Ўтган асрларда бўлгани каби, ҳукмрон киборлар параллел “дунёвийлик” маконига қамалиб қолмаган, аксинча, улар ҳам сўфийлик марказларида вақт ўтказган; уларнинг ҳомий ва шогирдлар сифатидаги иштироки ҳокимият амалиёти билан чамбарчас боғлиқ эди. Яхши подшоҳ яхши сўфий шогирди ҳам бўлган



Шу тариқа менинг илмий ишимда “тола” (Жозеф Флетчер атамаси) табиати тадқиқ қилинади, у ХХ асрга қадар Евроосиё қисмларини бирлаштириб турган.



Бу тола қандай амал қилган? Сирҳиндийнинг илоҳиётшунослик борасида қилган янгиликларига таянган ҳолда – айниқса, бир–биридан узоқлашиб кетаётган сўфийлик педагогикалари ва шариатининг муросага келиши ва интеграцияси масаласида – Мужаддидия синтетик, шу билан бир вақтда, минтақалараро ва маҳаллий анъанага айланди. Улар айнан шу тарзда узоқ жойларга осон мослаша олди ва қадимийроқ бўлган муқаддас жамоатлар ва маконларни қамраб ола бошлади. Ихтиёрида ранг–баранглашган дастак ва сармояга эга бўлгани сабабли улар қандайдир ҳудуд билан чекланиб қолмаган ва маҳаллий даромад манбаларига қарам бўлмаган.



Улар асосий воситачилар, яъни “ҳалол воситачилар”га айланди. Мужаддидийлар сўфий валилар, олимлар, машҳур шоирлар ва фақиҳлар сифатида шаҳар ва қабила киборлари  ва фуқароси, антогонистик сиёсатчилар, мустамлакачи ва маҳаллий ҳокимиятлар,  қишлоқ хўжалиги ва тоғ жамоатлари ўртасида воситачи бўлиш вазифасини зиммасига олган эди. Улар Ҳайбар довони ва Амударё орқали ўтадиган карвонларга сарбонлик қилган, вазият тақозо қилган ҳолларда ҳатто қўшин ҳам йиққан. Улар ташкил этган муассасалар таълим, муроқаба ва оммабоп диний маросимлар доирасидан четга чиқиб кетадиган ижтимоий хизматлар кўрсатган ижтимоий маконларга: бепул чойхоналар, карвонсаройлар ва махфий уйларга айланган ҳамда у ерлар савдо–сотиқ юритиш, музокара олиб бориш ва дипломатия қилиш жойлари бўлган. У ерлар шеър ва бошқа – панд–насиҳат, мунозарали ва тарихий – битиклар ёзиш жойлари бўлган ҳамида ўша даврдаги форсий исломнинг ташқи чегараларини аниқлаб олишда ёрдам берган.



Бу кенг қамровли тармоқлар ривожланиши, олимлар ва стипендияларнинг мисли кўрилмаган алмашуви даври бўлган, ўша даврда толиби илмлар Сибирдан Бухорога сафар қилиши ҳамда Пешавор ва Кобулдан келган ҳамкасблари билан учрашиши мумкин эди.



Бу “Ислом ренессанси”нинг тугашига жавоб эдими, деган саволингизга келсак, мен Мужаддидия интервенциясини кенгроқ миқёсли мусулмон оламидаги ақлий ва маънавий ривожланишнинг навбатдаги босқичи деб тавсифлаш мумкин, деб жавоб берган бўлар эдим. Бу даврда Х асрдаёқ Бухоро сингари жойларда илми нужумдан тортиб, фиқҳ ва адабиётгача бўлган кўплаб фанлар тизимли ва институционал тарзда бирлаша бошлаган. Бу кенг қамровли тармоқлар ривожланиши, олимлар ва стипендияларнинг мисли кўрилмаган алмашуви даври бўлган, ўша даврда толиби илмлар Сибирдан Бухорога сафар қилиши ҳамда Пешавор ва Кобулдан келган ҳамкасблари билан учрашиши мумкин эди.



Тадқиқотингиз марказида Нақшбандия–Мужаддидия сўфийлари асосий ислоҳот ҳаракатларини қандай илҳомлантиргани ва Европа мустамлакачилиги даврида мусулмонларнинг сиёсий ҳокимияти бўлиниб кетишига самарали ижтимоий жавобларни тайёрлагани хусусидаги муҳим масала туради. Бу саволга жавобингизни аниқлаштира оласизми? Ҳечқурса, Марказий Осиёдаги бунинг зидди бўлган фикрга кўра, тасаввуфий ислом дини ХХ асрнинг жадидлар ва ёш турклар сингари ислоҳот ҳаракатларига асосий тўсиқ бўлган.



XIX аср давомида ва ХХ аср бошида Марказий Осиё ва қўшни мамлакатлардага ҳар бир йирик ижтимоий ҳаракат ва қаршилик қўрсатишнинг аксил–мустамлакачилик ҳаракати Мужаддидия билан боғлиқ эди.

Китобимда Пешавор ва Бухорода яшаган сўфий–мужаддидий Фазл Аҳмад (1816 йилда вафот этган) ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади. Ҳозирги кунда Покистоннинг шимоли–ғарбида жойлашган Пешавор шаҳри XVII аср охири ва XIX аср бошида Аҳмадшоҳ Дурраний асос солган Афғон империясининг 2 та пойтахтидан бири бўлган. Мен Фазл Аҳмад тарихини чуқур ўргана бошлаганимда, унинг Ҳинд дарёси ва Амударё орқали қилган саёҳатлари изидан юриб чиқдим ва шунга амин бўлдимки, у Афғон империяси, Марказий Осиё, Татаристон ва Ҳиндистондаги XVII  ва XIX асрларга оид барча йирик, тасаввуфий, интеллектуал ва сиёсий арбоблар ҳамда ижтимоий ҳаракатлар билан боғлиқ бўлган экан.

Бухоро шаҳридаги жомеъ масжиди, у ерда Фазл Аҳмаднинг набираси имом бўлган. Валид Зиёд олган сурат



Манғитлар сулоласидан Бухоро хонлиги ҳукмдорлари  Шоҳмурод билан Амир Ҳайдар нафақат унинг шогирдлари, қолаверса, ваколатли сўфий ўринбосарлари ҳам бўлган, у ҳукмдорларга ўз шогирдларига медитатив амалиётларни ўргатиш топшириғини берган. Улар Бухоронинг академик (ўқув ва илмий) саҳнасини тиклаган. Бир неча афғон шоҳи унинг шогирдлари бўлган; улар минтақалараро дипломатия масаласида Фазл Аҳмадга ва Британияга қарши курашда сафарбарлик эълон қилишда  унинг ворисларига таянган. Англиянинг “Катта ўйини” вақтидаги машҳур жосуслари Уилям Муркрофт ва Александр Бёрнс Марказий Осиёга илк сафари вақтида Фазл Аҳмаднинг ўғлига ишонган. Бу инглиз жосусларининг Марказий Осиёдаги илк уринишлари эди. Фазл Аҳмаднинг Пешавордаги ўринбосарлари 1820–йилларда мужоҳидлар ҳаракатига қарши курашга раҳбарлик қилган. Қизиғи шундаки, мужоҳидлар ҳаракати Шарқ мусулмон оламида илк марта ваҳҳобийлик кўринишидаги соф исломий давлат барпо этишга уринган. Фахл Аҳмаднинг ўринбосарлари ушбу радикал мафкураларни минтақадан сиқиб чиқариш ва уларнинг Марказий Осиёга кириб келиши олдини олишга муваффақ бўлган. Машҳур Аҳад мадрасасида Муқимийга бағишланган музей бор. Фазл Амад оиласининг яна бир вакили Қўқон хонлигининг Санкт–Петербургдаги элчиси бўлган ва у хонлик номидан Николай пошшо билан муҳим музокаралар ўтказган. Рус татарларининг интеллектуал уйғониши ибтидоси ҳисобланган Шаҳобиддин Маржоний Фазл Аҳмаднинг Бухорода яшаган бошқа ўғли муовини бўлган.



Айни дамда унинг учинчи ўғли 1800–йиллар бошида Афғонистонни забт этишга тайёр турган Лаҳор сикҳларига қарши ҳал қилувчи курашда минглаб кичик қабилаларни сафарбар қилган. Яна бир сватлик шогирди Охунд эди, у афғон тоғларининг ақл бовар қилмас зоҳиди бўлиб, ҳозирги Шимолий Покистон ҳудудидаги Сват водийси тоғларида машҳур сўфийлар давлатига асос солган ва 1860–йилларда мустамлакачилар қўшинларига қарши мудожалаларга бошчилик қилган. Имом Али дафн этилганига ишониладиган ва Марказий    Осиёдаги муқаддас шаҳар ҳисобланадиган Мозори Шариф сақловчилари ҳам Фазл Аҳмад шогирдлари бўлган. Улардан бири Фазл Аҳмад таржимаи ҳолини ёзиб қолдирган. Сибирдаги буюк сўфий олимларнинг шажараси ҳам Фазл Аҳмадга бориб тақалади. Шинжондаги энг йирик мадрасалардан бири бўлмиш Чонг мадрасаси ҳам  Қирғизистондаги Ўш шаҳри орқали унинг шажараси бир қисми бўлган.



Фазл Аҳмад ва унга замондош сўфийлар ушбу дунёни бирлаштириб турган куч – “бириктиргич”лар бўлган.



Аммо барибир Фазл Аҳмад исми унутилиб кетди. Унинг тарихидан – Фазл Аҳмад Мужаддидия тариқатининг ушбу минглаб минтақалараро арбобларидан бири  бўлган – маълум бўладики, Ички Осиёнинг ушбу кенг қамровли дунёси – Марказий  Осиёнинг молбоқар кўчманчилари, шаҳар марказлари, бўйсунмас баланд тоғлари ва қишлоқларидаги ғалла конлари – тўлиқ ўзаро боғлиқ бўлган. Шу тариқа, XVIII асрдаги Сафавийлар, Буюк Мўғуллар ва Ўзбекларнинг буюк империялари инқирозга юз тутиши ҳамда кичик давлатлар, хонликлар, Афғон империяси юзага келиши даврида Фазл Аҳмад ва унга замондош сўфийлар ушбу дунёни бирлаштириб турган куч – “бириктиргич”лар бўлган.



Ёш турклар ва жадидларга келсак, уларнинг аксарияти сўфийлик тариқатлари тараққиётга тўсиқ бўлганини танқид қилгани бор гап. Лекин Курсавий ҳам, Маржоний ҳам Мужаддидия тариқатининг сўфий шайхлари бўлганини эсда тутишимиз зарур бўлади. Бундан ташқари, олимлар зикрича, Усмонлилар империясининг сўнгги даврида Танзимат ислоҳотларига йўл очиб берган “Гулхона” фармони сингари йирик ислоҳотлар Мужаддидия руҳини бевосита акс эттирган. Шунингдек, ушбу замонавий ҳаракатлар Мужаддидия тариқатидан бузилган сўфизм масаласидаги кўплаб танқидий фикрларни олган эди.



Умуман олганда, сиз сўфийларни сиёсий тармоқ деб биласизми ёки интеллектуал (маънавий) тармоқ деб биласизми?



Китобимда битта муҳим хулоса бор – унда сўфизм ХХ асрга қадар бир вақтда ҳам маънавий, ҳам интеллектуал, ҳам сиёсий куч бўлган. Гарчи сўфийларнинг асосий машғулоти маънавий ривожланиш бўлса–да, саъй–ҳаракатлари унинг чегарасидан чиқиб кетган эди.



Биринчидан, албатта, биз сўфийлар ҳақидаги таркидунёчи деган тасаввурдан хавлос бўлишимиз керак. Китобимнинг барча бош қаҳрамонлари кўп вақтини муроқаба ва саёҳатлар билан ўтказгани шубҳасиз. Аксарияти илоҳиётнинг мушоҳада қилишга берилиб кетиб, маънавий мастлик босқичидан ҳам ўтган. Аммо мужаддидий сўфийлар – рости, сўфийлик мактабининг аксарияти – Худо номини зикр қилишни ва чилла ўтиришни узоқ истиқболдаги барқарор ҳолат деб билмаган. Ушбу тариқатнинг ҳақиқий вакиллари дунё билан ҳам, жамоатлари билан ҳам алоқани узмаслиги лозим. Улар бошқаларни маънавий сафари давомида ва дунё ишларида йўналтириб турадиган кишилар бўлиши даркор.



Яширин халифалар юракларни [тўғри йўлга] йўналтириб турган ва маънавий раҳнамолар бўлган.



Ислом динининг дастлабки йиллариданоқ сўфийлар ва уламо мусулмон дунёси ва ундан ташқаридаги ҳудудлардаги етакчилар қаторида бўлган. Бу янги гап эмас. Мен китобимда муомалага киритган “Яширин халифалик” тушунчаси – жуда эски концепция. Сунний мусулмонлар учун ҳам, шиа мусулмонлари учун ҳам Карбалодаги фожиадан сўнг сиёсий ва чин маънодаги маънавий ҳокимият ҳеч қачон қайта бирлаша олмади. Ҳукмдорлардан маънавий устоз бўлиш кутилмайдиган бўлди. Аксарият мусулмонлар орасида ҳақиқий обрў–эътибор билимга эга бўлган имомлар, фақиҳлар, олимлар ва айниқса, сўфийларга тегишли бўлади, деган тушунча мавжуд эди. Ушбу гнозис (олий, эзотерик, тасаввуфий билим) эгалари яширин халифалар бўлган, улар Расулуллоҳнинг ҳақиқий меросхўрлари деб ҳам тахмин қилинади. Подшоҳлар ва хонлар фақат зоҳиран халифалар бўлган: улар мамлакатни кундалик бошқариб ва тартибни фақат ва фақат ерда – моддий дунёда қўллаб–қувватлаб турган. Яширин халифалар эса юракларни тўғри йўлга йўналтириб ва маънавий раҳнамоликни таъминлаб туриши керак бўлган.

Сиз китобингизда Бухорога сўфийлар тармоғи маркази сифатида катта эътибор қаратгансиз. Қандай қилиб Бухоро ушбу тармоқларнинг маркази бўлиб қолди, унинг бошқа жойлардла учрамайдиган нимаси бор эди ва ушбу шаҳардаги сўфийлик тариқатлари мероси қандай?



Китобимдаги бир неча боб тадқиқотимдаги асосий ҳалқа бўлган Бухорога бағишланади. XVIII аср охирида Мужаддидия тариқатига – Дурранийнинг Афғон империяси орқали – асос солиниши Бухорони нафақат илм–фан ва тасаввуф, қолаверса, Сибир, Қозон ва Шимолий Ҳиндистон билан боғлайдиган сўфийларнинг илмий–маданий марказига айлантирди.



1770–йилларда китобимнинг бош қаҳрамони Фазл Аҳмад Пешаворга келиб жойлашади. У ўша ердан Бухорога 5 марта саёҳат уюштиради, Бухоро хонлигининг Шомурод ва ўғли Амир Ҳайдар сингари ҳукмдорлари унинг содиқ шогирди бўлган. Замонавий манбалардан маълум бўлишича, Амударёнинг иккала тарафида ҳам Аҳмад Фазлнинг минглаб шогирдлари бор эди ҳамда у марказлар ва шогирдлар жамоатини бошқариш учун 600 дан ошиқ ўринбосар тайинлаган. Айни ўринбосарларининг аксарияти Марказий Осиёнинг кўҳна ва табаррук шажараларига – Даҳбедий хўжалари, Аҳрорий ва Жуйбарий – мансуб бўлган ва шу тариқа Мовароуннаҳр, Буюк Мўғуллар ва Афғон империялари ўртасида схоластик кўприклар қурган.



Фазл Аҳмад Бухорода Марказий Осиёдаги схоластиканинг сўнгги тикланишига шоҳид бўлган. XVIII аср бошида неча ўн йиллаб юз берган сиёсий ва экологик инқирозлардан сўнг Бухоронинг манғит уруғига мансуб хонлари унинг сиёсий ва илм–фан пойтахти сифатида мавқеини тиклашга интилди.  XVIII аср ўртасидан бошлаб Бухородаги илм баланд даражада ҳомийликка муносиб кўрилди.



Илми толиблар ҳаёт қайнаб турган савдо йўллари бўйлаб, Афғон империяси ҳудудидаги устозлардан сабоқ олиш учун Бухородан (яна Қўқон ва Хивадан) сафар қилган. Шундан сўнг орадан кўп ўтмай, Бухорога Афғон империяси ва Буюк Мўғуллар империяси ўқитувчилари етиб келган. Ўша мигрантлар орасида Фазл Аҳмад ҳам бор эди, унга Қорақўл дарвозаси ёнида мукофот тариқасида “Миракон” сўфийлик маркази совға қилинади. Ўша ерда уни 1787 йилда тож кийганидан сўнг орадан икки йил ўтиб, ёш хон Шоҳмурод кутиб олган эди.



Бухоро манбалари шоҳидлик беришича, Шоҳмурод сўфизм ва ҳадисларни ўрганишга қаттиқ ихлос қўйган, ўзи дарвеш каби яшаб, ямоқли чопон кийиб юрган, қўл меҳнати билан шуғулланган ва ҳатто жамоат босим ўтказишидан бурун хонлик ҳокимиятидан ҳам воз кечган. Айни чоқда Пешавор манбаларида Фазл Аҳмаднинг сўфийлик марказидаги кундалик амалиётлар ҳақида батафсил ҳисоботлар келтирилади. Ўша манбалардан “Миракон” сўфийлик марказида Шоҳмурод устози Фазл Аҳмад билан кунига 4 соат вақт ўтказганини маълум бўлади.



Манбаларда яна сўфийлик марказида фиқҳ ва муқаддас битиклардан тортиб шеърият, муроқаба усуллари ва латоиф (танадаги нуқталарга мос келувчи метафизик энергетика марказлари) орқали маънавий сафарларгача ўқитилган. Ниҳоят, хабар берилишича, Шоҳмурод маънавий амалиётда шу даражага эришганки, кейинчалик Амир Ҳайдар Фазл Аҳмадга ўринбосар бўлган ва ўз шогирдларига эга бўлишга рухсат олган.



Зикр этилган манбаларда яна кўрсатилишича, Бухорода Фазл Аҳмад янглиғ сўфий–мужаддидийлар таъсирида хон ҳокимиятининг янги этоси (ҳаёт тарзи) пайдо бўлади. Хонлар ўзини илоҳиётшунос ва сўфийларга айлантиради. Қўлимизда Амир Ҳайдар билан Фазл Аҳмад ўртасидаги батафсил ёзишмалар бор, уларда хон устози билан ўз ўқувчиларини қандай ўқитиш, муқораба амалиёти ва адаб масалалари бўйича маслаҳатлашади.



Пешавордаги кутубхонада Амир Ҳайдар билан Фазл Аҳмаднинг Пешавордаги ўринбосари, Афғон империясининг энг буюк олимларидан бири Ҳофиз Дароз ўртасида ёзишмаларнинг қизиқарли туркуми сақланади. Амир Ҳайдарнинг бу олимга ёзган хатида 17 та тор мутахассисликка оид – мантиқ илмидан тортиб метафизика ва тиб илмига қадар – савол бор ва Ҳофиз Дароз уларга жавоб беради.



Шоҳмурод ҳам, Амир Ҳайдар ҳам таълим соҳасига ҳомийлик қилган. Амир Ҳайдар даврига келиб, Бухорода 80 та мадраса бор эди, манбаларда баён этилишича, давлат 30 мингдан ошиқ толиби илмга моддий кўмак бериб турган. Амир Ҳайдар Афғон империяси ва буюк Мўғуллар империясининг Биби Соҳиба Калон сингари етакчи олимларига шахсий таклифномалар юборган. Биби Соҳиба Калон Афғонистоннинг Қандаҳор шаҳридаги Нақшбандия Мужаддидия тариқати пешвоси бўлган буюк олимадир, кейинги китобимни шу олимага бағишламоқчиман.



Афғон пошшолари ўз тарафидан Бухорода ўқиш учун илми толибларга стипендия таклиф қила бошлаган. 1800 йилга келиб, Пешавор билан Бухоро ўртасида ўқиш борасида кенг қамровли алмашув йўлга қўйилган. Ҳар бир шаҳарда 100 та ўқув муассасаси бўлган, уларда ҳатто Хитой ва Доғистондан ҳам илми толиблар келиб ўқиган.



Фазл Аҳмад Панжоб ва Пешавордаги мўғул интеллектуал марказларидаги ўринбосарларини  Балх, Самарқанд, Бухоро ва Хивага тайинлай бошлаган, уларни маҳаллий киборлар қўллаб–қувватлаб турган. Улар орасида панжоблик олим ҳам бор эди, орадан бир неча йил ўтгандан сўнг у Лаъл Бек Самарқандий сифатида довруқ қозонди. Лаъл Бек ва ўғлининг қабри ХХ аср бошига қадар Самарқандда эъзозланиб келган.



Сиз “яширин халифалик”дан ташқари In the Treasure Room of the Sakra King: Votive Coinage from Gandhāran Shrines (“Сакра подшоҳининг хазинасида: Гандҳара ибодатхонасининг қасамёд тангалари”) деган китоб ҳам ёзгансиз. Унда Покистон шимоли–ғарбидаги Сакра минтақасидан топилган ҳамда милодий 550 – 1100 йилларга мансуб незаклар, туркий подшоҳлар, ҳинди подшоҳлар ва ғазнавийлар даврига тааллуқли жез тангалар тадқиқ қилинади. Ушбу танга зарб этишни тадқиқ қилишингизга нима сабаб бўлди? Марказий         Осиё тангаларига ҳам қизиқишингиз борми?



Аслида бу китоб – Марказий Осиё тангалари  ҳақида! Марказий Осиё ва Марказий Осиё империялари ҳақидаги фикрнинг қайсидир тарзда Амударё шимолида Россия босиб олган ҳудуд билан чеклангани Кушонлар, Эфталитлар, Ғарб турклари ва ҳатто Темурийларники сингари давлатларнинг миқёси ва ўзаро алоқаларини эътироф қилишга халақит бериб келди.



Китобда асосий эътибор IV асрда Марказий Осиёдаги Кидарийлар сулоласи вақтида асос солинган ва Ғазнавийлардан сўнг ҳам сақланиб қолган ғордаги ибодатхона ва у билан боғлиқ Гандҳара шимолидаги (Покистоннинг шимоли–ғарбий) тоғлик жойларда муқаддас қадамжоларга асосий эътибор қаратилади. Бундай муқаддас қадамжоларнинг бир жойга йиғилиб қолгани натижасида зиёратчилар ибодатхоналарга ҳадя этишига мўлжалланган юзлаб ажойиб жез тангалар зарб қилинди; бу ерда эллин, шива, вайшна, зардуштийлик, Ўрта Эрон ва ҳатто Византия (Бобил) иконографияси бирлашиб кетган.

Мен китобимда қаламга олган давр бир неча буюк пошоҳликларни қамраб олади, уларнинг аксарияти туркий илдизларга эга бўлган: кидарийлар, эфталитлар, незаклар, туркий подшоҳлар, ҳинд подшоҳлари ва ғазнавийлар. Номи келтирилган тангаларда учрайдиган сиёсий ва диний тимсоллар Марказий Осиёдаги тангаларни зарб қилиш бўйича ҳар қандай мутахассисга таниш: тамғалар, Анахита каби илоҳлар, илоҳий марҳаматга эга муқададс жониворлар, оловли меҳроб ва одатда Суғдиёнада топиш мумкин бўлганига ўхшаш Сосонийлар услубидаги портретлар. Айрим тангаларда ҳатто Суғдиёна тамғаси акс этган. Аслида мен ўша ердан топиб олган илк тангалардан бирида эфталитларнинг тамғаси ҳамда тумшуғида марварид тишлаб олган ва марварид жияк билан ўралган ўрдак акс этган. Бу Афросиёб фрескаларида тасвирланган ушбу муқаддас қушнинг энг кўҳна суратидир, энди у рамзга айланган, уни  бутун Самарқанд бўйлаб турли жойлардаги деворлардан топишингиз мумкин. “Яширин халифалик” сингари бу китоб ҳам туркий, форсий ва ҳинд дунёлари ўртасидаги маданий ва диний алмашувга бағишланган.



Сизнингча, Марказий Осиё қай даражада Жанубий Осиё, айниқса, Афғонистон ва Покистон билан боғланган? Умумий тарихимизда, айниқса, нималарни қизиқарли деб биласиз? Интеллектуал алоқаларимизни қандай мустаҳкалашимиз мумкин?



Мен илмий ишимда ушбу минтақаларни ўзаро боғланган битта макон сифатида кўриб чиққанман. Ҳатто айтмоқчиманки, уларни бугунги сиёсатга мос тарзда 3 та алоҳида жуғрофий минтақа сифатида кўриб чиқиш ушбу тарихан ўзаро боғлиқ бўлган ва бой ҳудудни зарур тарзда тушуниш имконини бермайди. Бутун бошли минтақада форс тили унинг адабиётидан илҳомланган бошқа тиллар қаторида боғловчи занжир бўлган. Олий ҳокимият, эътиқод ва адабга оид ҳиссиётлар умумий эди. Яна таъкидлаб айтаман, сўфийлик тармоқлари ушбу соҳани то ХХ асрга қадар боғлаб турган “бириктирувчи” куч бўлган. Шунинг учун Дурраний империяси пойтахтлари Пешавор ва Кобулни тушуниш учун Бухорога, Қўқонга ва Ёркентга мурожаат қилиш керак бўлади. Олимлар, руҳонийлар, адабиёт арбоблари ва армиялар эркин бир жойдан бошқа жойга кўчиб юрган минтақанинг Буюк Мўғуллар даври, Кушонлар ва Аҳмонийлар даври сингари теран ва умумий ўтмиши бор.