loader
Foto

ЮНЕСКО 2021 йилни Ҳожи Бектош, Юнус Эмре ва Ахи Эвран йили деб эълон қилди

Ҳожи Бектош Вали вафотининг 750-йиллиги муносабати билан 2021 йил «Ҳожи Бектош Вали йили» деб аталадиган бўлди. Бу таклифни Озарбайжон, Эрон, Шимолий Македония ва Руминия қўллаб-қувватлади.

2021 йил вафотининг 700-йиллиги муносабати билан «Юнус Эмре йили» деб аталди. Бу таклифни Озарбайжон, Босния-Герцеговина, Шимолий Македония ва Ўзбекистон қўллаб-қувватлади.

Эрон ва Озарбайжоннинг таклифи бўйича ҳамда Шимолий Македония ва Руминиянинг қўллаб-қувватлаши билан 2021 йил туғилган кунининг 850-йиллиги муносабати билан «Ахи Эвран» йили деб аталди.



Ҳожи Бектош Вали (1209-1271) – мусулмонлар авлиёси, еттинчи шиа имоми Мусо Қозимнинг авлоди. Ҳожи Бектош ҳақидаги маълумотлар кўпроқ афсоналарга асосланган. Уларга кўра, Ҳожи Бектош Вали Нишопурда туғилган, Хожа Аҳмад Яссавийнинг халифаси бўлиб, у томонидан Кичик Осиёга юборилган, лекин аслида улар турли даврларда яшашган. Ушбу минтақани исломлаштиришга катта ҳисса қўшган арбоблардан бири ҳисобланади. Ҳожи Бектош Вали унинг номи билан аталадиган тариқатнинг асосчиси ҳамдир. Лекин шуни таъкидлаш лозимки, кейинги пайтларда Бектошнинг издошлари орасида пайдо бўлган исломга зид бўлган барча элементлар бу шахс таълимотига алоқадор эмаслиги айтилади.



Юнус Эмре (1240-1321) – турк адабиётига катта таъсир кўрсатган шоир ва сўфий. Эскишаҳар яқинидаги Сарика қишлоғида туғилган. Ундан олдин фақат араб ва форс тиллари шеърият тили деб тан олинган бўлса, Юнус Эмре Аҳмад Яссавий ва Султон Валад билан бирга оғзаки туркий тилда шеърлар ижод қила бошлаган илк машҳур шоирлардан биридир. Ривоятларга кўра, у кезиб юрувчи хонанда, дарвиш бўлган, Туркияда миллий шоир сифатида қадрланади.



Ахи Эвран (1169-1261), тўлиқ исми Шайх Насриддин Маҳмуд ибн Аҳмад ал-Хои, халқ орасида Пир Ахи Евран-и Вали номи билан машҳур. 1169 йилда Эроннинг Хой шаҳрида туғилган. У Озарбайжонда ўсган, кейин Кайсери (замонавий Туркия) ва Коняга кўчиб ўтган.

Мўғуллар истилосидан сўнг у Денизли ва Киршеҳрга кўчиб ўтиб, у ерда вафот этган. Ривоятларга кўра, Ахий Эвран чарм савдогари бўлиб, Ҳожи Бектош Вали тавсияси билан ахилик деган ҳунармандлар гильдиясини ташкил қила бошлаган. Фақат ҳунармандчилик эмас, балки диний уюшмалар бўлган бундай гильдиялар аъзолари ахи деб аталган. Бундай биродарликлар бир пайтлар Кичик Осиё сиёсатида ҳам, иқтисодиётида ҳам катта рол ўйнаган.

Бутун дунёда 2021 йилда Ислом оламининг бу атоқли намояндалари шарафига турли тадбирлар ва маданий дастурлар ўтказилади.