loader
Foto

АҚШ Хитойнинг Марказий Осиёга ёрдамидан хавотирда эмас

АҚШ бош дипломати жорий йилнинг феврал ойида  Қозоғистон ва Ўзбекистонга борганида коронавирус ҳали пандемияга айланмаган эди. Нурсултон ва Тошкентдаги мулоқотларда сиёсий ва бизнес ҳамкорлик, минтақавий бирдамлик, регионал хавфсизлик ва Афғонистондаги жараёнлар муҳокама қилинган эди.

Помпео сафардан қайтиши билан Вашингтон минтақага нисбатан стратегия янгиланганини эълон қилди. Лекин бу борада ишлар бир неча ойдан бери кетаётган эди.

Жанубий ва Марказий Осиё билан алоқаларга масъул Элис Уэллс сўзи билан айтганда, стратегиянинг туб мақсадлари ўзгармаган, яъни АҚШ минтақадаги ҳар бир давлат билан икки томонлама ва уларнинг ҳаммаси билан регионал ҳамкорлик йўлида давом этади. Хавфсизлик, иқтисодий тараққиёт, демократик ривожланиш бўйича ҳамда маданий-илмий алоқаларни мустаҳкамлайверади.

Помпеонинг матбуот котиби Морган Ортагус эса стратегиянинг яна бир жиҳатини эслатади: халқаро таҳдидларга қарши бирга курашиш. Коронавирус ана шундай хавфдир ва шу боис Вашингтон минтақа давлатларига бу борада ёрдам бермоқда, дейди расмий.

Лекин минтақа бу борада асосан Хитойга таянмоқда - унинг тажрибаси, илми ва техник ёрдамига.

Помпео дейдики, Трамп маъмурияти бундан безовта эмас. Ваҳоланки, Президент Трамп Хитойни коронавирус борасида ҳақиқатни яширганликда, Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотини эса Пекин билан тил бириктириб, инсоният ҳаётини хавф остига қўйганликда айбламоқда.

"Америка Овози" Помпеодан АҚШнинг роли нимаси билан ажралиб туради, деб сўраганида шундай жавоб олди:

"Биз - инсонпарварлик бобида етакчимиз. Дунёда ҳеч ким бизчалик катта миқдорда ташқи ёрдам кўрсатмайди ва биз сингари кенг кўламда ишламайди. Марказий Осиё билан ҳамкорлигимиздан кўнглимиз тўқ".

Ҳозиргача АҚШ 100 дан ортиқ давлатни коронавирусга қарши курашда қувватлаб, ярим миллиард доллардан ошиқ маблағ сарфляган, хусусан Марказий Осиё учун беш миллион доллардан зиёд.

Давлат департаментига кўра, ўтган 20 йилда Қозоғистонга 2 миллиард доллардан кўпроқ миқдорда ёрдам кўрсатилган, 86 миллион доллари айнан соғлиқни сақлаш соҳасида. Жорий йилда 1,6 миллион долларлик тиббий ёрдам етказилган.

Қирғизистонга эса бундай кўмак қарийб 900 минг долларни ташкил этган, хусусан ўтган бир ойда. Ўтган икки ўн йилликда эса 1,2 миллиард долларга тенг ёрдам берилган, 120 миллион доллари тиббиёт ва саломатлик йўналишида.

Тожикистонга коронавирус даврида Америкадан 866 минг долларлик тиббий воситалар етказилган. Охирги 20 йилда бу давлатга АҚШ 1 миллиард долларлик беғараз ёрдам, жумладан 125 миллион долларга тенг тиббий кўмак берган.

Туркманистонга пандемияга қарши тура олиши учун Америка 920 минг долларга яқин миқдорда тиббий технология тақдим этган. 2000-йилдан буён Вашингтон бу република равнақи учун 201 миллион доллар сарфляган, 21 миллион доллари айнан соғлиқни сақлаш тизимида.

Ўзбекистон АҚШдан март-апрел ойларида 848 минг долларлик техник-тиббий ёрдам олган. Ўтган 20 йилдаги кўмак 1 миллиард доллардан ошади, 122 миллион доллари аҳоли саломатлиги учун.

Помпео дейдики, минтақа давлатлари Америка билан ўз тажриба ва тарихига эга. Улар ким нимага қодирлигини билади, Вашингтон кўмагига очиқ ва уни қадрлайди. Америка ҳам уларни қадрлайди, дейди давлат котиби.

АҚШ Ўзбекистон ва қўшниларини ҳам бевосита, ҳам халқаро ташкилотлар доирасида қувватлайверади. Ёрдам нафақат ҳукуматдан балки ноҳукумат ташкилотлар орқали ҳам боради. Америка илмига, профессионал ва техник ёрдамига талаб ҳамиша бор ва ҳозирда АҚШда вазият қанчалик қийин бўлмасин, бу халқ беғараз кўмакни ҳеч кимдан аямайди, дейди Помпео.

У яна бир омилга урғу беради: Америка энг кучли демократик, ошкора тизим, фуқаро эркинлиги ва кучига таянади. Дунёнинг ҳар чеккасида бўлгани каби Марказий Осиё жамиятларида ҳам бунинг фарқига боришади, дейди АҚШ бош дипломати.

Ўзбекистон ва  Қозоғистон ҳукуматлари ташқи дунё билан алоқаларда сиёсий мувозанат заруратини тан олади. Бу давлатларнинг расмийларига кўра, Россия, Хитой, Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи сингари йирик тарафлар билан қандай ишлаш борасида ўз стратегияларига эга эканини қайд этади.

Навбаҳор Имамова

amerikaovozi.com