Агар уларнинг гаплари ёқмай қолса, нега уларни таҳқирлаб сўнг таъна-дашном дарёсига чўктиришга ҳаракат қиламиз. Қани инсофимиз, қани мусулмончилигимиз? Астағфируллоҳ...
Уламоларимизга отилган сўзлар, динимизга бориб тегади... Душманлар уламолар, имом-домлаларни нишонга олмоқда деб ўйламанг... Улар динимизни яхши биладиганларни нишонга олмоқдалар... Содда бўлманглар...
Уламолар, имом-домлаларимиз қўрқоқ, ҳақни айта билмайди, деймизу имом кучини жамоатдан олишини ўйлаб кўрмаймиз. Жамоат кучли бўлса имом кучли бўлади (бироқ, кучли жамоатни кучли уламолар, имомлар тарбия қиладилар)... Имомини-домласини ҳимоя қилиш ўрнига унинг орқасидан ғийбат, тухмат қилиб юрадиган жамоатнинг имоми қандай ҳам кучли бўлсин? Шу ҳақида ҳам бир ўйлаб кўринглар...
Сен: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!» деб айт (Зумар сураси, 9)
Мусулмон жамоаларига пешволик қилиш имконияга эга бўлганлар, табиийки, бошқаларнинг уларга эргашиш ва итоат қилишларига умид қиладилар. Ўз навбатида, унинг ўз шахсий фикрга эга бўлиш ва эркин қарор қабул қилиши Яратган томонидан белгиланган ва Унинг динига мувофиқ, жамият (уммат) манфаатларига асосланади ва ҳеч қандай ҳолатда Аллоҳ таолонинг иродасига зид бўлмаслиги лозим.
Умуман олганда, буларнинг барчасига қарамасдан, яъни ўз халқига сидқидилдан самимий хизмат қилишга интиладиган, Қуръон ва Суннатни дастуруламал деб билган жуда ақлли раҳбар ва унинг маслаҳатчилари ҳам баъзан хато қилиши мумкин. Лекин, шу ҳолда ҳам Аллоҳ таоло мазкур қарор янглиш бўлиб қолиш эҳтимоли бўлсада, бошқаларга итоат қилиш мажбуриятини юклайди, - бу қарор қабул қилишни осонлаштириш ва инсонлар жамиятининг фаолиятини барқарор таъминлашдан бошқа нарса эмас.
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: “Агар ҳоким бир ҳукм чиқарса, ижтиҳод қилса сўнгра тўғри чиқса икки ажр бор. Агар ҳукм қилса, ижтиҳод қилса сўнгра хато қилса, унга бирта ажр бор” (Бухорий, Муслим).
Бу ерда ҳукм чиқараётган, фатво бераётган одилона қарор чиқаришга ҳаракат қилгани ва унинг инсоний имкониятлари доирасида нима мумкин бўлса, барчасини амалга оширгани назарда тутилмоқда. Лекин, у виждонсизларча ҳукм чиқазса, унинг қарори ҳаттоки тўғри бўлса ҳам, Аллоҳ таолонинг жазозига лойиқ бўлади.
Ҳар биримизнинг шахсий фикрга эга бўлиш ҳуқуқимиз бор. Ўз ҳаётини қатъий асосларга кўра қуришни истайдиган соғлом фикрловчи киши, қоидага кўра, ақл – идрок далилларига ва устувор мулоҳазаларга таянади, уларнинг ичидан энг тўғриларини танлайди ва ўзи учун асос қилиб олади. Айни дамда, у далил бўлмаган нарсаларни далил сифатида қабул қилиб янглишиши мумкин.
Жавоб қидирилаётган саволнинг муҳимлигини англаш лозим: савол қанчалик аҳамиятли бўлса, бизнинг керакли далилларга бўлган талабимиз ҳам жиддийлашиб бораверади; танлов оқибатлари қанчалик жиддий бўлса, қарор қабул қилишимиз ҳам шунчалик қийинлашаверади.
Динда ҳам, худди ҳаётдаги каби, иккинчи даражали масалалар бор. Табиийки, бундай масалаларга доир исботловчи фикрларга бўлган талаблар ҳам унчалик қаттиқ эмас, ахир иккинчи даражали масалалардаги хатолар узрли, албатта, улар билиб туриб содир этилмаган бўлса. Лекин шундай масалалар борки, хато қилиш умуман мумкин эмас – ҳаётдаги мақсад ва тўғри йўлни танлашга доир масалалар. Ҳаётга доир масалаларни бир четга суриб турайликда, дин ҳақидаги масалаларга диққатимизни қаратайлик.
Аслини олганда Исломда диний масалаларни икки тоифага бўлиш қабул қилинган: асосий ва иккинчи даражали. Биринчиси – бу қатъий ва шубҳасиз далилларга мувофиқ қурилган диннинг асослари, улар бўйича самимий ва фикри соғлом кишилар ўртасида ихтилофлар бўлиши мумкин эмас. Иккинчиси – деярли ягона фикрга келиш имконсиз бўлган масалалар, уларни айнан шу соҳадаги далилларнинг хусусиятлари келтириб чиқарганидай, умуман олганда, инсон фикрлашининг ўзига хос хислатлари ҳам юзага келтиради.
Агар мусулмон Қуръон ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини батафсил ўрганган бўлса, агарда у араб тилини камида, мисол учун, Ибн Аббосдай билса, у ҳолда у бемалол Қуръондан ёки суннатдан жавобларни мустақил қидириши мумкин, албатта, бунда саҳобаларнинг фикрлари, нуфузли олимларнинг Аллоҳ таоло Китобининг тафсирлари ва ҳадисларнинг шарҳларида баён қилинган мулоҳазаларни эътибордан четда қолдирмаслиги керак. Ҳатто бу ҳолатда ҳам, ўтган авлодларнинг изини босиб ўтмасдан, юксакликка эришиш мумкин эмас. Асфалтланган яхши йўл турганда қаттиқ ердан туннель қазиб йўл очиш шартмикин? Бу йўлни Пайғамбаримизнинг саҳобалари ва уларнинг шогирдлари қуриб бўлганку. Ёки кимдир ўн тўрт аср давомида уламолар амалга оширган ишни, ўзининг биргина умри давомида бажара оламан деб ҳисоблайдими?
Жавоб ва ечим қидириш пайтида ҳаддан ошиш жуда хатарлидир: у ёки бу олимнинг фикрига, мазҳабига амал қилишдаги ғулув ёки мазҳаб мужтаҳид уламоларининг фикрини бутунлай инкор этиш. Иккита ҳаддан ошиш – икки янглишликдир.
Ёлғиз бир мазҳабга берилиб кетишдаги таассубона ёндашув, эҳтимол, ўтмишда қолгандир. Айниқса бу муаммо мусулмон тақвимига кўра V—VI асрдан бошлаб XII асрга қадар кескин бўлган, бунда жуда кўплаб диндорлар “ижтиход эшиклари”ни ёпиқ деб эълон қилишганди. Қувонарлиси шуки, ҳамма даврларда ҳам ислом фикрини ривожлантирадиган ва долзарб муаммоларни ўрганадиганлар бўлган, улар мусулмоннинг ҳаётидаги муҳим масалаларга ечим топиб беришган.
Ҳозирги кунда олимларнинг фикрларидан юз ўгириб ёки қайсидир муайян бир мазҳабга эргашишдан умуман бўйин товлаб, “фақатгина Қуръон ва суннатга” таянишга доир чақириқлар тез-тез учраб турибди. Бу ҳақда қанчадан – қанча китоблар ёзилди, қанчалаб нусхалар шунинг муҳокамасида синдирилди! Чунки, афсуслар бўлсинки, ихтилофларга барҳам беришда нодон ва ғаразгўй инсонлар ҳам аралашиб қолишди.
Ислом ҳуқуқига доир ҳар қандай дарсликда Қуръон ва Суннат билан ишлашда зарур бўладиган билим ва шартларга тушунтиришлар берилади. Лекин бу дарсликлар ҳаммага ҳам қизиқарли эмас ёки топиш мушкул, зеро бундай сўзларни эшитишга тўғри келаяпти: “Мен пайғамбар ибодат қилгандай ибодат қиламан, сизлар эса Абу Ҳанифа сингари ибодат қиласизлар”.
Бир нарсани таъкидлаш жоиз: Исломнинг тан олинган олимларидан ҳеч бири, шу қаторда мазҳаблари ҳам, Қуръон ва Суннатга амал қилишдан тўхтамаган ва бунга ҳеч ким чақирмаган. Наҳотки яна кимдир аксини исботлашни хоҳлайди?
Ушбу мақоланинг аввалида таъкидланганидек, фикрлардаги қарама-қаршиликлар фақатгина Қуръон ва Суннатда аниқ жавоб бўлмаган масалаларда келиб чиқиши мумкин. Ана шундай бахсларда фойдаланиладиган далилларнинг хусусиятлари, шунингдек Қуръон ва Суннат тили бойлиги кучини ҳисобга олган ҳолда, барча масалаларда умумий фикрга келиш имконсиз, бунга ундаш эса популизмдан бошқа нарса эмас.
Мазҳабларга эргашишдан бош тортиб, “фақат Қуръон ва Суннатга” таянишга чақирувчи ўнга яқин гуруҳлар маълум бўлса керак. Улар қарама-қаршиликлар учун бир дунё сабабларни топишади ва бир-бирларидан янаям кўпроқ узоқлашишади. Ҳеч кимни айблаб ва танқид қилмаган ҳолда, Аллоҳ таолонинг китобидаги сўзлар ҳақида мулоҳаза юритиб кўришингизни истардим: “...Агар ер юзидаги ҳамма нарсани сарф қилсанг ҳам, уларнинг қалбларини бирлаштира олмас эдинг. Лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди.” (Анфол сураси, 63).
Келтирилган оятда мўминларнинг фикр бирлигига кўра эмас, маънавий асосга кўра бирлашиши лозимлиги ҳақида зикр қилинмоқда. Қанчадан-қанча инсонлар эътиқодлари сабаб ҳатто яқинлари билан ўзаро нафрат муносабатида, аммо турли фикрга эга бўла туриб ҳам, бир-бири учун жонини беришга тайёрлари қанча!
Имом Суютий роҳимаҳуллоҳ бундай деб ёзади: “Бу умматда турли мазҳабларнинг борлиги – буюк неъмат ва ажойиб фазилат эканлигини бил. Ва бу синоатни илм кишилари билиб олишди, билмаганлар эса ожизликда қолишди”.
Имом Субкий, Манавий, Қасталоний, ибн Қадам, Умар ибн Абдулазиз, Малик, ибн Абдулбар, имом Заҳабий, ибн Таймия ва ибн Қаййумлар ҳам тахминан шундай ҳисоблашган – яна ўнлаб исмларни санаш ва кўп уламолар шундай фикрда бўлганлигини таъкидлаш мумкин.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга битта Қуръон ва Суннатни олиб келди, лекин Аллоҳ таоло бизга турли хил қалб, онг ва кўз берди. Адашган ва ғулувга кетган гуруҳ, оқим ва фирқалар эса имомларимиз Абу Ҳанифа, Молик ёки Шофеий мазҳабларига эмас, “фақат Қуръон ва Суннатга” эргашишга чақиришади, даъват қилишади.
Қуръон ва Суннатга эргашишга доир мазкур даъватнинг мазмуни, аввало, дастлабки манбаларга қайтиш, бизнинг фикрларимизни Қуръон ва Суннатдаги далилларга асосланган ечим билан таққослашни назарда тутади. Лекин бу чақириқ ҳаммага тааллуқли эмас, у Аллоҳ таоло белгилаб берган йўлда мусулмонлар учун йўлбошчи бўлиш ва ҳукм чиқариш масъулиятини олишга тайёр бўлган уламоларга бўлган мурожаатдир.
Мақоланинг мавзусига қайтар эканмиз, мана бундай қоидани шакллантириш мумкин: ҳаттоки энг билимли ва тиришқоқ бўлган исталган киши, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ташқари, хато қилиши мумкин ёки ўз фикрида ҳақ бўлиши мумкин.
Бизгача етиб келган илгариги имом ва олимларнинг (айнан уларни биз салафлар деб атаймиз) фикр ва ечимлари ўрганилиши ва мулоҳаза юритилиши лозим. Абу Ҳанифа шундай инсонлар ҳақида бундай деган:
“Улар якдил фикрга келганларида, биз унга эргашганмиз, улар ўртасида ихтилоф юзага келса, бизнинг наздимизда Қуръон ва Суннатга яқин деб билганимизни танлаганмиз”.
“Мен ўйлайманки, мен ҳақман, дейди имом Шофеъий, - лекин адашишим ҳам мумкин. Ва мен менинг мухолифим адашяпти деб ҳисоблайман, лекин у ҳам ҳақ бўлиши мумкин”.
Якунида тўққизинчи авлод олимларини танқид қилган ўша даврнинг диндорларидан бирига жавоб ёзган имом Захабийнинг (673 – 748 йиллар) сўзларини келтираман: “Эй шайх, мулойим бўл ва зиммангга хаддан зиёд нарса юклама. Одил ва беғараз бўл. Олим ва уламоларга танқид кўзи билан қарама ва уларни таҳқирловчи сўзларни гапирма. Ишон, бизнинг давримизнинг олимлари уларга тенг ва уларнинг даражасига етган”.
Худди ўша имом Захабий ўзининг китобида имом Термизий ҳақида гапирган хадис билимдонларидан бири ҳақидаги воқеани эсга олади:
“Мен уни билмайман, унақасини эшитмаганман” деган (уламони таҳқирлаш) сўзларига имоми Заҳабийнинг изоҳи мана бундай бўлган: “Термизийни билмаслигинг кимгадир зарар қилиши мумкин бўлса, бу ўзингсан. Бундан буюк Термизийга ҳеч қандай зиён йўқ”.
Агарда биз қайсидир фикрни янглиш деб ҳисобласак, унга эргашувчига таъна қилмаслигимиз даркор, уни баён қилган олим ҳаққига ҳақоратли сўзларни айтмаслигимиз керак, ана шунда Аллоҳ Таолонинг кўрсатмасига амал қилган бўламиз:
“Улар бир уммат эдилар, ўтиб кетдилар. Уларга ўзлари касб қилганлари бўлади. Сизларга ўзингиз касб қилганингиз бўлади. Уларнинг қилган амалларидан сизлар сўралмайсизлар” (Бақара сураси, 141).
Абу Муслим