loader
Foto

Ҳижоб ҳақида баҳслар

Бунда тортишувда иштирок этган Россиянинг юқори мансабдор амалдорлари фикрларига Кремл жавоб қайтаришга мажбур бўлди.

Россия мактабларида ҳижобга рухсат бериш масаласи бир неча йилдан бери муҳокама қилинмоқда. Муҳокама қилиняпти, лекин бу борада қандайдир ечимга келинмаяпти. Фан ва таълим вазирлиги ва унинг раҳбари Олга Васильева таълимнинг дунёвий характерга эгалигини таъкидлайди – яқинда у ҳижобга мактабда асло жой йўқ деб баёнот берди. Унга инстаграммда жавоб қайтарган Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров рўмол – мусулмон хотин-қизлар либосинниг муҳим қисми эканлигини эслатиб ўтди. Давлат думасининг Чеченистонлик депутати Шамсаил Саралиев бундан ҳам узоқ борди.

«Айрим арбоблар ва амалдорлар топиладики, улар фуқароларнинг ўз динига эътиқод қилишига ҳар томонлама тўсқинлик қилади. Уларнинг айтишича, Россия — дунёвий мамлакат, бунда улар Россиянинг кўплаб фуқаролари ҳуқуқларини камситадиган провокацион баёнотлар берадилар. Ҳа, дунёвийлик динни давлатдан ажратади, лекин Россия жамиятида одамларнинг аксарияти диндорлар ҳисобланади. Дунёвийлик биринчи навбатда уларнинг манфаатларини ҳисобга олиши керак. Ўйлайманки, бундай масалаларни кўтарадиган исталган даражадаги амалдорларни жамоатчилик ҳисобга олиши ҳамда нацизм, фашизм, экстремизм ва терроризмга потенциал мойил кишилар сифатида қабул қилиши керак», — деди у.

Ҳижоб ҳақида баҳслар давлат миқёсига ўтиб, бу масалани ҳал қилиш вақти аллақачон етиб келди. Кремлда бу муаммони кўришяпти, лекин аралишишга шошилмаяпти. «Биз айни пайтда ушбу баҳс-мунозара томонларидан бўлишни истамаган бўлардик», - Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков.

Россия муфтийлар Кенгаши раиси Равил Гайнутдин ҳам бу мавзуда шарҳ беришдан бош тортяпти. Россияда 20 миллионга яқин мусулмон яшайди, бу мамлакат аҳолисининг тахминан 10%и демакдир. Диний таълимотларга мувофиқ, қиз бола жинсий ва ақлий балоғатга етганидан сўнг ҳижобда юриши керак. Яъни мустақил, онгли равишда қарор қабул қилиши лозим.

— Мусулмон хотин-қизлар рўмол ўрашга мажбур қилинмайди. Уларнинг ўзлари шу йўлни танлайди. Агар улар Қуръон ўқиётган бўлсалар, агар улар исломни билсалар, рўмол ва ёпиқ либос нима учун кераклигини, уларни нима учун кийишлари ҳақида тушунчага эга бўладилар. Қизлар буни бошланғич мактабда ҳам, юқори синфларда ҳам ҳал қилиши мумкин, - дейди «Медина» қўшимча таълим ва тадқиқот маркази таъсисчиси Лилия Мухамедярова.

Бироқ мусулмонлар либосининг бу предмети муҳимлигини мусулмонларнинг ўзи тушуниши бир гап, уларнинг тенгдошлари тушуниши эса – умуман бошқа гап. Психологлар ўсмирларнинг ғайриодатий ташқи кўринишга реакцияси турлича бўлиши мумкинлигидан огоҳлантиради.

— Агар сен ташқаридан қараганда бошқалардан нима биландир ажралиб турсанг, масалан, ҳижобда юрсанг ёки қандайдир урф бўлган турмакда юрсанг, камида ўзингга эътибор жалб қиласан. Қоидага кўра, гуруҳ ҳар қандай янгиликларни катта ғайрат-ишитёқ билан, кулгу ва масхаралар билан кутиб олади. Бу аслида у ёки бу тажрибани ўзлаштириш усулидир. Агар бу мода билан боғлиқ бўлса, бу тушунарли ва кутилган реакция бўлади. Агар бу диний рамзларга тааллуқли бўлса, қўрқаманки, бу ғайрат-иштиёқ ва масхаралар оғриқ билан қабул қилиниши ва қизни янада маргинал позицияга тиқиб қўйиши мумкин, — тушунтиради психолог Олга Маховская.

Шунинг учун, баъзи ўқитувчилар, мактаб директорлари рўмолга қарши чиқади. Айрим синфларда ҳижобдаги қизнинг пайдо бўлиши болалар ўртасидаги зиддиятга олиб келиши мумкин, бу эса индивидуал ўқувчиларнинг илмий ишига таъсир қилиши мумкин. Бироқ, асосан, Россиянинг мусулмон ҳудудларида вазият тескари бўлиши мумкин.

— Мен динлар сони кўп, болалар эса шафқатсиз бўладиган мамлакатда яшаётганлигимизни тушунаман. Шунда жамоа энди шаклланаётган ва қиз бола бошқача қабул қилинмайдиган бешинчи синфдан бошлаб рўмол ўраш оптимал ечим бўлган бўларди. Бунинг устига, уни тақиқлаш эмас, қандай ўрашни муҳокама килиш керак, - ҳисоблайди москвалик муслима Шамиле Аллямова.

Ўқувчи қизларларнинг ҳижоб кийиш ҳуқуқи учун фаол кураш 2012 йилнинг кузида, Ставропол ўлкаси ҳукумати мактаб кийимига асосий талаблар тўғрисида қарор чиқарганидан сўнг бошланди.

Бу талаблар диний мансубликни кўрсатиб турадиган либос кийишни тақиқлайди. ОАВда дарсга рўмолда келганлиги учун ҳайдаб юборилган ўқувчилар ҳақида кўплаб ҳикоялар пайдо бўлди. Бу ўз мактабларида неча йилдан бери ва фақат яхши ўқиётган қизлар эди. Лекин директорлар: ёки ҳижобни еч, ёки уйингда ўқи деб талаб қилишди. Ота-оналар эса нима учун уларнинг фарзанди камситилиши, нима учун Россия Конституцияси томонидан кафолатланган дин эркинлиги ҳуқуқи бузилишини тушунмасди.

Мусулмон қизларни ҳимоя қилувчи бир гуруҳ фаоллар пайдо бўлди. Улар ҳижоб кийиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун Ставропол вилоят судига мурожаат қилишди. Даъво рад этилди. Кейинчалик улар апелляция шикояти билан Олий судга мурожаат қилишди. Олий суд уни рад этди. Шундай қилиб, Қонунчилик даражасида кураш ютқазилди. Лекин, аслида, мағлубият янада кенгроқ кўламли эди:

— Бевосита суд жараёнида қатнашган ва Олий судга келган кишилар орамизда энди йўқ, уларни ўлдириб кетишган, - қўшимча қилади Лилия Мухамедярова. У қизлар ва уларнинг ҳимоячиларини қўллаб-қувватлади.

2016 йил сентябрида мактабда рўмол ўраш ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун фаол кураши билан машҳур бўлган Ставрополе ўлкаси Кара-тубе нўғой қишлоғи имоми ўринбосари Равил Кайбалиев ўлдириб кетилди. Аввалроқ, 2015 йил августда Ставрополеда биринчилардан бўлиб ҳижоб ҳимоясига компания юритишни бошлаган Иргакли қишлоғи имоми муофини Замирбек Махмудов ўлдириб кетилди. Бу рўйхатни Алмаз Абдулнасиров, Замир Таибов каби айрим фаол фуқаролар билан давом эттириш мумкин. Бу ишлар ҳамон очилмасдан қолиб кетган.

Молдавия Республикасида воқеа ҳам муваффақият билан тугамади. Ўқувчи қиз тасодифан ҳижоб маҳкамлайдиган тўғнағични ютиб юборганидан сўнг, 2014 йилнинг кузида мактабларда ҳижобларга тақиқ қўйилди. Мактаб форма талабларига кўра, соғлиққа зарар етказадиган нарсалар бўлмаслиги керак. Оммавий ахборот воситалари яна ҳижобдаги синфларга қизлар қандай қилиб келишларини тақиқлашни бошладилар. Яна судлар –ўлка суди, Олий суд. Яна шикоятларни рад этиш.

2016 йил сентябрда «Таълим тўғрисида»ги янги қонун кучга кирди. У бутун мамлакат ҳудудида қонунчилик даражасида мактаб формасини жорий қилди. Лекин унда либосга талаблар Фан ва таълим вазирлиги тавсияси билан таълим муассасасининг ўзи томонидан белгиланиши мумкин.

Тавсияларда мактаб формасининг дунёвий характери алоҳида таъкидланади. Бироқ кўпинча, гап «дунёвий» бир нарса ҳақида кетганда бу сўзни ҳар бир киши ўзича талқин қилади. Хусусан, айримлар агар давлат дунёвий бўлса, бу ерда барча дин ва мазҳаблар вакилларига бир хил муносабатда бўлиш, яъни ҳеч кимнинг ҳуқуқларни камситмаслик лозим деб айтишади. Бошқалар эса, дунёвий таълим ҳақида гап кетганда таълим жараёнида қандайдир ташқи диний элементлар йўқлигини назарда тутади.

«Дунёвий характер»нинг мазмуни ҳақида Россия Давлат думасида ҳам бош қотирилмоқда. 2017 йил 26 январда бу ерда депутатлар, насроний ва мусулмон руҳонийлари иштирокида давра столи ўтказилди. Мусулмонлар мамлакатда иккиёқлама стандартлар бўлмаслиги лозимлигини айтадилар. Агар ҳижоб кийиш мумкин бўлмаса, демак тақиқ бошқа дин вакилларига нисбатан ҳам амал қилиши керак. «Дунёвий» таълимни қандай талқин қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

— Таълимнинг дунёвий характери нима эканлиги қонунчиликда узил-кесил белгилаб берилмаган. Таълим тўғрисидаги қонун ёзилган пайтларда эса дунёвий характер деганда аввало, давлат муниципал мактабларида диний маросимлар йўқлиги тушуниларди. Мактаб формасининг «дунёвий характери»га келадиган бўлсак, бу ҳақида қонунда ҳеч нарса ёзиб қўйилмаган, — дейди депутат Олег Смолин.

Дарҳақиқат, бу ҳақида фақат Фан ва таълим вазирлиги тавсияларида гапирилади, лекин улар ҳеч қандай юридик кучга эга эмас. Шу сабабли бу масала қонунчилик билан тартибга солинмаган бўлиб қолавермоқда. Адвокатлар бу минтақавий ҳокимият қарорлари Конституцияга зид эканлигини кўрсатиб, Конституциявий судга мурожаат қилишни маслаҳат беришмоқда. Шундай қилиб, виждон ва дин эркинлигини кафолатлайдиган 28-модда ҳар бир киши ҳар қандай динни тан олиши, диний эътиқодларни эркин тарқатиши ва уларга мувофиқ ҳаракат қилиши мумкинлигини кўрсатади. Ва ҳижоб кийиш имконияти фақат Исломий эътиқодларга мувофиқ ҳаракат қилишни англатади. Аммо бу фақат бир назария, амалда судда ҳеч ким ҳижобда мактабда ўқиш ҳуқуқини ҳимоя қила олмади.

— Ушбу ҳолатда мен президент маъмурияти, эҳтимол, ўз позициясини ифодалашдан четланишга, жавобгарликни ўз зиммасидан Конституциявий судга ўтказиш истагида бўлганини тушунаман, — дейди юридик фанлар доктори, Россия президенти ҳузуридаги инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича Кенгаш аъзоси Иля Шаблинский. — Бу муаммони Россиядан олдин Франция ҳал этишга ҳаракат қилганди. Эсимдаки, бизнинг юристлар оғир баҳс-мунозараларда турли нуқтаи назарларни ҳимоя қилган француз ҳамкасблари устидан кулишганди. Франциядаги кўплаб маъмурлар христиан жамоасига тегишли бўлиб, бу рўмол ўраш хавфли ҳодиса бўлиб кўринарди, чунки мусулмонлардан мусулмон бўлмаганларни ажратиб турадиган эди. Кимдир бунга кўпроқ либерал муносабатда бўлган. Лекин бу жуда қийин тортишувлар эди. Ўшанда рус адвокатлари кулишганди, мана энди бу муаммо ўзимизда ҳам пайдо бўлди.

Аҳолининг тахминан 18%и мусулмонлар бўлган Франция нафақат мактаблар ва ОТМларда, балки жамоат жойларида ҳам рўмол ўрашни тақиқлади. Туркия, Тунис, Тожикистон ва Озарбайжонда ҳам таълим муассасаларида диний мансубликни кўрсатадиган либослар тақиқланган.

Ҳозирча Россияда юридик жиҳатдан ҳеч ким ҳақ эмас ва ҳеч ким айбдор эмас, одамлар бу масалада муросадан умид қилишмоқда. Кўплаб мусулмон қизлар мактабни тугатиши билан ҳижоб ўрашга қарор қилмоқда. Университетларда ва ишхоналарда бу муаммони бартараф қилиш осонроқ кечади. Н.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқотчилик тиббиёт университети талаба қизлари диний либос тақиқланишига норозилик билдирганидан кейин, масалан, ректор қоидаларни қайта кўриб чиқди ва ҳижобга рухсат берди. Қўриқчилар тайёрлов курсларига ҳижобли қизларни киритишни истамаган МГИМО абитуриенти билан боғлиқ воқеа ҳам мусулмонлар фойдасига ҳал бўлди.

— Мен тиббиёт муассасасида узоқ вақтдан буён ишлайман, рўмол ўрайман ва ёпиқ либосда юраман. Ҳали биронта  бемор менга қарши фикр билдирмади, ҳеч ким шикоят қилмади. Менинг ишимга ва мажбуриятларимга бу асло ҳалақит бермаяпти, — дейди Шамила Аллямова.

Вояга этган қизлар ўзларини ҳимоя қилишлари мумкин. Мактаб ўқувчиларини эса ота-оналар ҳимоя қилишлари керак. Гарчи буни Россияда ҳали мавжуд бўлмаган қонун тартибга солиши керак.