loader
Foto

Араблар фожиаси

Либия, Яман, Сурия ва Ироқда ҳали ҳам давом этаётган араб баҳори асоратлари...

Арабларнинг иродасини охирги марта синаб кўриш Ғазо секторига бостириб кириш ва аҳолини аёвсиз бомбардимон қилиш бўлди. Ўзлари ҳам оммавий қирғин ва холокост қурбони бўлган одамларнинг бу қадар бешафқат бўлишини араблар бунгача эшитишмаган эдилар. Бундан ташқари турли хил АҚШ ОАВ, жамоатчилик масалалари бўйича Америка-Исроил қўмитаси аъзолари ва бир қатор қонуншунослар бу масаладан шунчаки кўзларини юмиб, бошқаларни ҳам ушбу фожианинг тўла кўламини кўришдан тўсишга ҳаракат қилишмоқда.

Бироқ, араб жамиятининг бугунги оғир ҳолатга тушиб қолишига унинг ўзи ҳам қисман айбдордир. Сўнгги 40 йил ичида араб мамлакатларида қандай ҳодисалар рўй берди? Иқтидор мустабид ҳукмдорлар қўлига ўтди. Улар мудофаа баҳонаси билан тинчлик ва ҳамжиҳатликда яшашни истаган аҳоли устидан ўз иқтидорини янада кўчайтириб олишди.

Араб миллати барқарорсизлик, азоб ва зулмларга ташқаридаги қандайдир сабаблар ва босқинлик туфайли дуч келганлари йўқ, тартибсизликларнинг аксари ичкаридаги сабаблар туфайли ҳам эди.

Араб жамиятида маънавий бир дастурнинг ўзи йўқ эди. Шафқат ва ҳамдардлик ўрнини бераҳмлик ва қаттиқлик эгаллади. Мустабид ҳукмдорлар ҳукмронлик қилар, халқи эса, уларнинг навбатдаги буйруқларини бажариб қонли жангларда иштирок этишар эди.

Араб давлатлари ҳар бир аҳолисининг нафас олишигача назорат қилиб турадиган  диктаторлар бошқарадиган ҳудудларга айланди. Бу мамлакатларнинг иқтисодий тизими бутунлай вайрон бўлди. Ҳалигача кўпчилик бу инқирознинг ҳалокатли эканини фаҳм қилганлари ҳам йўқ, шунинг учун ҳам улар эски тузумни бузишни ҳалигача истамаяптилар.

Шубҳасиз, мўътадиллик ва кўп маданиятли жамиятда ўз динларини сақлаган ҳолда тинч ва тотувликдаги ҳаёт ҳақида гапираётганлар ҳам бор, бироқ уларнинг соғлом фирклари борган сари эшитилмай қолмоқда.

Бир гуруҳ одамлар дин номи билан қотилликларга қўл уришди ва Исломга алоқаси бўлмаган қарашларни, зўрлик билан омма эътиқодига сингдириш ҳаракатида бўлдилар.

Араб жамияти кетма-кет фожиаларга гирифтор бўлиб бугунги кунда фалаж ҳолатига келган. Араб мамлакатлари ички урушлар ва мазҳаблараро курашларга ўралашиб қолди. (Натижада ташқи душманлар қолиб бир-бирлари билан душманчилик ҳолатига тушиб қолдилар.)

Ирқий ёки диний жиҳатдан таҳқир учун жиноий жавобгарлик масъулияти кўзда тутилган қонунлар, таассуфки қабул қилинмаган. Оқибатда, одамлар қалбидаги инсонийлик тобора сўниб бормоқда. Эътибор қаратган бўлсангиз, сиз-у биз, инсон қалби барҳам топаётган жараёнларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз. Бинобарин, меҳр-оқибат тушунчаси инсон онги учун ёт тушунчага айланиб, айнан шу сабаб, курраи заминда кўплаб мудҳиш муаммолар ҳукм сурмоқда. Яқинда бир журналист ўз мақоласида: «Араб дунёси ўз қалбини батамом йўқотиб қўйди», - деб ўтган эди. Араб жамиятида кечаётган қирпичоқ, хунрезлик ва шу каби, бошқа мудҳиш манзараларнинг ҳар куни намойиш этилаётгани, можаролар ҳаддан ортиқ чўзилиб кетганини кўриб, ўша журналистнинг фикрига қўшилишдан бошқа чора қолмаяпти.

Indianmuslimobserver мақоласи асосида

Абу Муслим тайёрлади