Бу давлатлар – алоҳида хавотирга молик тузумлардир, дейди Помпео. Улар эътиқод эркинлигини қўпол ва мунтазам равишда бузадиган, бу ҳаракатларда ҳукуматнинг ўзи бош-қош ёки бундай ҳуқуқбузарликларга атайлаб кўз юмади.
АҚШда 1998-йилда қабул қилинган қонунга кора, давлат диний ҳуқуқлар оёқости қилинадиган мамлакатлар билан ҳамкорликни чеклаши ва уларга нисбатан чора кўриши лозим.
Куба, Никарагуа, Россия ва яна бир неча давлат махсус кузатув остида. Ал-Шабаб, ал-Қоида, Боко Ҳарам, Толибон ва қатор гуруҳлар ва ҳаракатлар ҳам эътиқод эркинлигини поймол этиб келаётганликда қораланади.
АҚШ экстермист ва террорист гуруҳларга инсонларни дини учун азоблашга йўл қўймайди, дейди Помпео. Вашингтоннинг бу борадаги ёндашуви ўзгармас, дея қўшади у.
“Ижобий ўзгаришлар ҳам бор. Судан ва Ўзбекистон махсус кузатувдаги давлатлар рўйхатидан чиқарилди, чунки ҳукуматлар ўтган йил давомида салмоқли ва конкрет ўзгаришлар қилди”, - дея эълон қилди Давлат котиби.
Помпео дейдики, бу мамлакатларда ислоҳотлар давом этиб, қонунлар янгиланмоқда ва улар амалда сезилиб, бу жараёнлар бошқа давлатларга ҳам ўрнак бўла олади.
“Аммо олдинда ишлар кўп. Қўшма Штатлар дунё бўйлаб диний ҳуқуқлар бузилишига қарши курашни тўхтатмайди. Ҳар бир инсон қаерда яшашидан қатъи назар, ҳар доим ўз виждонига қулоқ солган ҳолда ҳаёт кечиришга ҳақли”.
Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобовга кўра, бугун республика Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Трамп маъмуриятининг Диний эркинлик бўйича махсус элчиси Самуэл Браунбек телефонда мулоқот қилган.
Томонлар назарида бу борадаги ҳамкорлик самара бермоқда. Ўзбекистон йиллар давомида алоҳида хавотирга молик давлат сифатида кўрилгани, кейинчалик бу рўйхатдан чиқарилиб, махсус кузатувга қўйилгани ва муайян шартлар асосида янги бир даврга қадам қўяётгани конструктив жараёнлар маҳсули, дейди Америка дипломатлари.
Хусусан, Ўзбекистон диний ташкилотларнинг рўйхатга олиниши борасида янгиликлар кузатилган, шунингдек, диний сабаблар билан қамалган шахсларнинг ишлари қайта кўриб чиқилган ва чиқилмоқда, катта қисми авф этилган.
Ҳуқуқ фаоллари таҳлилича эса вазият ҳамон талабга жавоб бермайди. Ўзбекистон ҳукумати халқаро маслаҳат ва тавсияларга биноан тизимни тубдан ислоҳ қилиши лозим, дея қайд этади улар.
Браунбек ҳам Помпео сингари эътиқод эркинлиги тарғиботи АҚШ учун энг юқорида турадиган йўналишлардан бири эканини эътироф этиб, Ўзбекистонни ижобий ўзгаришлар қилишга ундайди ва ислоҳотларларни тўхтатмасликка чақиради.
АҚШ Халқаро диний эркинлик комиссияси мамлакатдаги вазиятни таҳлил қилиб келади ва қатор тавсиялар берган. Унинг экспертлари ҳозирги аҳволни текшириш билан банд.